язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Фуқаролик ва оила қонунчилиги/ Тижорат ташкилотлари/ Давлат ва бошқа унитар корхоналар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 06.04.2009 й. 99-сон "Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг "Туркистон" давлат унитар корхонасини тугатиш ва қишлоқ хўжалиги ерларидан янада самарали фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

06.04.2009 й.

N 99



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МУДОФАА

ВАЗИРЛИГИНИНГ "ТУРКИСТОН" ДАВЛАТ УНИТАР

КОРХОНАСИНИ ТУГАТИШ ВА ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ

ЕРЛАРИДАН ЯНАДА САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШНИ

ТАЪМИНЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Тошкент вилоятининг ер ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси ва Тошкент вилояти ҳокимлигининг Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган "Туркистон" давлат унитар корхонасини (кейинги ўринларда "Туркистон" ДУК деб аталади) тугатиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. "Туркистон" ДУКни тугатиш комиссиясининг таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Тугатиш комиссияси (Мусаев Д.О.):

"Туркистон" ДУКни тугатиш бўйича комплекс чора-тадбирларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширсин;

кредиторларни аниқласин ва тугатиш пайтида ҳосил бўлган кредиторлик қарзлар қайтарилишини таъминласин;

дебиторлик қарзлар ундирилишини таъминласин;

қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига сотиладиган ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига бериладиган мол-мулк рўйхатини аниқласин;

мол-мулк устун даражада тугатилаётган унитар корхона ҳудудида ташкил этилаётган фермер хўжаликларига сотилишини назарда тутсин;

ихтисослаштирилган чорвачилик фермаларини мулкий комплекс сифатида сотишни назарда тутсин;

тугатиш даврида "Туркистон" ДУК мол-мулки сақланишини таъминласин;

оралиқ тугатиш баланси ва тугатиш балансини тасдиқласин.


4. Белгилансинки, тугатилаётган "Туркистон" ДУК мол-мулки тугатиш комиссиясининг қарори бўйича тендер асосида сотилади.


5. Белгилаб қўйилсинки, тугатилаётган "Туркистон" ДУК мол-мулкини сотишдан тушадиган маблағлар:

тугатиш ишлари бўйича харажатларни қоплашга ва қонун ҳужжатларида белгиланган изчиллик билан корхонанинг кредиторлик қарзини қайтаришга;

барча мажбуриятлар қоплангандан кейин - республика бюджетига йўналтирилади.


6. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси бир ой муддатда:

тугатилаётган "Туркистон" ДУКнинг ер майдонларини;

тугатиш комиссиясининг қарори асосида - ижтимоий инфратузилма ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектларини (болалар боғчаси, мактаб, автомобиль йўли, электр узатиш линиялари ва трансформатор қурилмалари ва бошқаларни) белгиланган тартибда Тошкент вилояти ҳокимлигига берсин.


7. Тошкент вилояти ҳокимлиги тугатилаётган "Туркистон" ДУК ҳудудида фермер хўжаликлари ташкил этиш учун талабгорлар орасида очиқ ва ошкора танловлар ўтказсин, ғолибларни аниқлашда ижтимоий адолат, холислик ва очиқ-ошкоралик тамойилларига қатъий риоя қилинишини таъминласин.

Қарорнинг ушбу банди бажарилиши тўғрисида 2009 йил 1 июлда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.


8. Тошкент вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Фермер хўжаликлари уюшмаси, "Ўзнефтмаҳсулот" акциядорлик компанияси, "Ўзкимёсаноат" давлат-акциядорлик компанияси ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар тугатиш комиссияси билан биргаликда тугатилаётган "Туркистон" ДУК мол-мулкидан самарали фойдаланишни ҳамда унинг бинолари ва иншоотлари базасида қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига хизмат кўрсатадиган ишлаб чиқариш ва бозор инфратузилмаси объектлари ташкил этилишини таъминласинлар.


9. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Тошкент вилояти ҳокимлиги билан биргаликда "Туркистон" ДУКнинг бўшаб қолаётган ходимларини ишга жойлаштиришда амалий ёрдам кўрсатсин.


10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                        Ш.Мирзиёев






Вазирлар Маҳкамасининг

2009 йил 6 апрелдаги

99-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Мудофаа вазирлигининг "Туркистон" давлат

унитар корхонасини тугатиш комиссияси

ТАРКИБИ

Мусаев Д.О.

-

Давлат мулки қўмитаси раиси, комиссия раиси


Саломов Ф.И.

-

Мудофаа вазирининг ўринбосари - молия-иқтисодиёт бошқармаси бошлиғи, комиссия раисининг ўринбосари


Абдуллаев С.С.

-

Тошкент вилояти ҳокимининг ўринбосари, комиссия раисининг ўринбосари


Комиссия аъзолари:

Набиханов С.Х.

-

Давлат мулки қўмитасининг Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи


Назаров А.А.

-

Тошкент вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи


Мусашайхов Л.Т.

-

Тошкент вилояти адлия бошқармаси бошлиғи


Умарханов Б.Х.

-

Тошкент вилояти молия бошқармаси бошлиғи


Бўрибеков Ш.

-

Тошкент вилояти ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи


Махамаджанов Ш.Я.

-

Тошкент вилояти Давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг ўринбосари


Газизов Р.Н.

-

Мудофаа вазирлиги бошқармаси бошлиғининг ўринбосари


Муратов Д.Ш.

-

Мудофаа вазирлиги хизмати бошлиғи


Каримбердиева В.У.

-

"Савдогарбанк"нинг Қибрай филиали бошқарувчиси


Камалов М.Р.

-

"Туркистон" ДУК директори вазифасини бажарувчи


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 15-сон, 184-модда.