язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Экспорт-импорт шартномаларини рўйхатга олиш ва ҳисобини юритиш, мониторинг қилиш/ Давлат эҳтиёжлари учун озиқ-овқат товарларини импорт қилиш юзасидан контрактларни Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказиш тартиби (ЎзР ВМ 26.09.1997 й. 454-сон қарорига 3-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

1997 йил 26 сентябрдаги

454-сон қарорига

3-ИЛОВА



Давлат эҳтиёжлари учун озиқ-овқат товарларини

импорт қилиш юзасидан контрактларни

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий

алоқалар агентлиги томонидан

экспертизадан ўтказиш

ТАРТИБИ


Мазкур Тартиб республиканинг хўжалик юритувчи субъектлари томонидан танловдан ўтган хорижий компаниялар билан давлат эҳтиёжлари учун озиқ-овқат товарларини импорт қилиш юзасидан тузиладиган контрактлар, шартномалар (кейинги ўринларда контрактлар деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар агентлигида экспертизадан ўтказиш механизмини белгилайди.

I. Контрактлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар агентлигига тақдим этиладиган қуйидаги ҳужжатлар асосида экспертизадан ўтказилади:

- илова қилинаётган ҳужжатлар кўрсатилган ҳолда контрактни экспертизадан ўтказиш тўғрисида ариза;

- Давлат эктиёжлари учун асосий озик-овқат маҳсулотларини харид қилиш бўйича тендерлар ўтказишни мувофиклаштирувчи республика комиссиясининг ижобий хулосаси;

- контрактнинг асл нусхаси ва унинг 1 нусхаси;

- жўнатишга тайёрланган товарнинг келиб чиқиш сертификати ёки товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги кафолат хати - 1 нусхада;

- тақдим этилган контракт бўйича контракт умумий қийматини коплайдиган маблағ билан таъминлаш манбаининг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат;

II. Қуйидагилар контрактни экспертизадан ўтказишда асосий шартлар ҳисобланади:

- контрактнинг халқаро савдо ҳуқуқининг умумий қабул қилинган меъёрларига ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқлиги;

- контрактнинг Ўзбекистон Республикаси томонидан бошка давлатлар ва халқаро ташкилотлар олдида қабул қилинган мажбуриятларга мувофиқлиги.



III. Контрактга қўйиладиган асосий талаблар:

Контракт батартиб тахт қилинган, контракт матни ва томонларнинг муҳрлари ўқиладиган, саҳифаларда тартиб рақами қўйилган бўлиши керак.

Намунавий контрактда қуйидаги асосий бўлимлар бўлиши лозим:

1. Контрактнинг кириш қисми (муқаддимаси), у контракт матнидан олдин берилади ва контракт раками, контракт тузиш жойи ва санаси, битишувни амалга оширувчи томонларнинг аталишидан иборат бўлади.

2. Контрактнинг мавзуси, унда товарнинг номи, унинг тавсифи хамда миқдори ва сифати бўйича ассортименти кўрсатилади.

Товарнинг миқдори миқдорни белгилаш тартиби, Ўзбекистон Республикасида ёки халқаро савдода қабул гҳилинган ўлчов ва оғирлик тизимларига мувофиқ ўлчов бирликларида белгиланади.

Товарнинг сифат жиҳатдан тавсифи товарнинг ундан муайян мақсадда фойдаланиш учун яроқлилигини акс эттирувчи хусусиятлари жамини белгилайди.

3. Етказиб беришнинг базис шартлари, Ушбу шартлар билан контракт тузувчиларнинг товарларни беришга оид ҳукук ва мажбуриятлари, шу жумладан товарни топшириш жойи ва пайтига, таваккалчиликнинг ўтишига (ИНКОТЕРМС-1990 халқаро қоидаларига мувофик) ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланади.

4. Контрактга олдиндан розилик билдириш. Контрактнинг ҳар бир саҳифаси, шунингдек матндаги ҳар бир тузатиш ёки қўшимча контракт тузаётган мансабдор шахслар ёки уларнинг бунга вакил қилинган шахслари томонидан имзоланиши керак.

5. Контрактнинг умумий суммаси эркин муомаладаги валютада кўрсатилади.

6. Нарҳ Контрактда товар нархини белгилашда ўлчов бирлиги, нарх валютаси (эркин муомаладаги валютада кўрсатилади) нарх базиси ва нарх даражаси кўрсатилади.

7. Тўловлар. Тўлов шартларини белгилашда контрактда тўлов валютаси, тўлов муддати, тўлов шакли кўрсатилади.

8. Ўраш-жойлаш. Товарни ўраш-жойлаш зарур бўлган ҳолларда контрактда ўраш-жойлашнинг тури ва хусусияти, унинг сифати, ўлчамлари кўрсатилади.

9. Жўнатиш тартиби. Сотувчига товар жўнатишга тайёр эканлиги ва жўнатишнинг амалга оширилганлиги тўғрисида харидорни хабардор қилиш вазифаси юкланади, шунингдек бу вазифани бажариш тартиби белгиланади.

10. Топшириш-қабул қилиш тартиби. Томонларнинг мазкур мажбуриятни амалга ошириш жойи ва тартиби, шунингдек товар сотувчи томонидан топширилди ва харидор томонидан қабул қилиб олинди деб ҳисобланадиган пайт белгиланади.

11. Рекламация. Етказиб берилган товарнинг сифат ва миқдор жиҳатдан контракт шартларига мувофиқ эмаслиги муносабати билан харидор томонидан сотувчига билдириладиган эътирозлар. Контракт тузувчи томонлар рекламация билдирмлиши мумкин бўлган муддатларни, уларни бартараф этиш бўйича томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайдилар.

12. Кафолатлар. Сотувчи етказиб бериладиган товарнинг сифати учун жавобгарликни ўз зиммасига олади. Етказиб берилаётган товар умумий яроқлилик муддатининг камида 80 фоизига эга бўлиши керак бу контрактда назарда тутилади. Товар сифатининг контракт шартларига мувофиқ эмаслиги аникланган холда сотувчининг мажбуриятлари (алмаштириш муддати ҳамда ушбу мажбурият ким ҳисобига амалга оширилиши) белгилаб қўйилади.

13. Жазо жарималари. Контрактда шартнома бажарилишини таъминловчи шарт-шароитлар ҳамда бирига нисбатан шартнома шартларидаги ўз мажбуриятларини бажармаган томон тўлайдиган пенялар, неустойкалар, жарималар кўринишидаги турли хил жазолар белгилашни ўз ичига олувчи жазо жарималари кўрсатилади.

14. "Форс-мажор" ҳолатлар. Контрактда контрактни тўлик; ёки қисман бажариш имкони бўлмаган ҳолатлар юзага келганда томонларнинг мажбуриятлари, бундай ҳолат юзага келганлигидан ва унинг оқибатларидан хабардор қилиш тартиби кўрсатилади.

15. Ҳакамлик. Томонлар ўртасида пайдо бўлиши мумкин бўлган ва икки томонлама асосда ҳал этиш мумкин бўлмаган низоларни ҳал этиш тартиби белгиланади. Бунда контракт бўйича низоларни кўриб чиқиш жойи ҳамда кўриб чиқувчи орган аниқлаштирилади.

16. Контрактнинг кучга кириш шартлари. Контракт тендерлар ўтказишни мувофиқлаштирувчи республика комиссиясининг ижобий хулосаси асосида томонлар имзолагандан, шунингдек Ташқи иқтисодий алоқалар агентлигида ва ваколатли банкларда рўйхатдан ўтказилгандан кейин кучга киради.

IV. Контрактни экспертизадан ўтказиш муддатлари:

Контракт Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар агентлигига мурожаат қилувчидан ҳужжатлар келиб тушган вақтдан бошлаб 3 иш куни мобайнида экспертизадан ўтказилади.

Ижобий қарор қабул қилинганда контракт белгиланган шаклдаги дафтарда рўйхатдан ўтказилади. Контрактнинг ҳар бир саҳифасига бунга вакил қилинган шахснинг имзоси чекилган тегишли штамп қўйилади ҳамда муҳр ва идентификация штампи қўйилган контрактнинг экспертизадан ўтказилганлиги тўғрисида Ташқи иқтисодий алоқалар агентлигининг тегишли хулосаси билан мурожаат этувчига қайтариб берилади.

Контракт қўйилган талабларга мувофиқ келмаганда бир кун муддатда мурожаат этувчига ёзма шаклдаги нуқсонларни бартараф этиш ҳақидаги тавсиялар билан пухта ишлаш учун қайтариб берилади.