язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Савдо. Умумий овқатланиш. Маиший хизмат кўрсатиш/ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган чакана бозорлар, савдо марказлари ва савдо комплексларида жисмоний шахслар томонидан чакана савдо қилиш ва хизматлар кўрсатиш Тартиби (ЎзР ВМ 02.08.1999 й. 373-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

1999 йил 2 августдаги

373-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган

чакана бозорлар, савдо марказлари ва савдо

комплексларида жисмоний шахслар томонидан

чакана савдо қилиш ва хизматлар кўрсатиш

ТАРТИБИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Тартиб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган чакана бозорлар, савдо марказлари ва савдо комплексларида (кейинги ўринларда бозорлар деб аталади) ўз фаолиятини юридик шахс бўлмасдан амалга ошираётган жисмоний шахслар томонидан чакана савдо қилиш қоидаларини белгилайди.


2. Бозорда чакана савдо қилиш ва хизматлар кўрсатиш учун жисмоний шахс:

ўз фаолиятини юридик шахс бўлмасдан амалга оширувчи хусусий тадбиркор сифатида ўзининг доимий яшаш жойидаги ҳокимликда рўйхатдан ўтиши ва хусусий тадбиркорнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги тегишли гувоҳномани олиши;

бозор жойлашган жойдаги солиқ органидан муайян бозорда чакана савдо қилиш ва хизматлар кўрсатиш ҳуқуқини берувчи тегишли ҳокимлик томонидан берилган 1-иловага мувофиқ шаклдаги гувоҳномани олиши зарур.


3. Чакана савдо қилиш ва хизматлар кўрсатиш ҳуқуқини берувчи битта гувоҳнома бозорда битта савдо қилиш (хизмат кўрсатиш) жойи учун ҳуқуқ беради.


4. Бозорда савдо ва хизматлар кўрсатиш жойлари сони бозор дирекцияси томонидан белгиланади ва бозорлар жойлашган жойдаги туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан тасдиқланади.

Туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари бозордаги савдо қилиш жойлари ва хизматлар кўрсатиш учун мавжуд бўш жойларнинг ҳисобини, бозорда савдо қилаётган ва хизматлар кўрсатаётган шахслар реестрини, шунингдек, бозорда савдо қилишни ёки хизмат кўрсатишни хоҳловчи навбатда турганлар рўйхатининг доимий тезкор ҳисобини юритадилар.


5. Савдо жойлари дастлаб тақсимланаётганда, мазкур Тартибга мувофиқ, бозордаги бўш ва бўшаб қолган жойларда савдо қилиш устувор ҳуқуқига бозорда илгари савдо қилган ёки хизматлар кўрсатган ва савдо қилиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш қоидаларини бузмаган шахслар эга бўладилар.


6. Мазкур Тартиб:

деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотувчи жисмоний шахсларга;

тадбиркор бўлмаган, бироқ шахсий буюмини бозорда бир марта сотаётган жисмоний шахсларга татбиқ этилмайди. Бозор маъмурияти савдо жойи ижарага олинганлиги учун тўлов ундирган ҳолда уларга махсус ажратилган жойдан жой беради.



II. ҲУЖЖАТЛАРНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


7. Ўз фаолиятини юридик шахс бўлмасдан амалга оширувчи жисмоний шахслар хусусий тадбиркорлар сифатида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда доимий яшаш жойидаги ҳокимликларда давлат рўйхатидан ўтказилади.


8. Белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган жисмоний шахсга хусусий тадбиркор давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида белгиланган намунадаги гувоҳнома берилади.


9. Тадбиркорлар сифатида рўйхатдан ўтказилган жисмоний шахслар бозорда чакана савдо қилиш ёки хизматлар кўрсатиш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани расмийлаштириш учун бозор жойлашган жойдаги ҳокимликка қуйидагиларни тақдим этишлари зарур:

ариза;

паспорт (шахсан кўрсатилади);

хусусий тадбиркор давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳноманинг асл нусхаси (шахсан кўрсатилади);

2 та фотосурат (3,5х4,5см).


10. Туман (шаҳар) ҳокимлиги барча зарур ҳужжатлар илова қилинган аризани қабул қилиб олган:

махсус дафтарда (тикиб боғланган, тартиб рақами қўйилган ва туман (шаҳар) ҳокими имзоси ҳамда ҳокимлик муҳри билан тасдиқланган) рўйхатдан ўтказиш ёзувини қайд этади ва сотувчининг фамилиясини, исмини, отасининг исмини, паспортга оид маълумотларни, ҳисобга олинганлик, яшаш жойи тўғрисидаги маълумотларни қайд этади, унинг рўйхатдан ўтказиш рақамини аниқлайди;

аризачига ундан ҳужжатлар қабул қилиб олинганлиги тўғрисида квитанция беради;

икки иш куни мобайнида, бўш ўринлар мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда, аризачига бозорда чакана савдо қилиш ва хизматлар кўрсатиш ҳуқуқини бериш тўғрисида қарор қабул қилади, аризачининг қўлига қарор нусхасини беради, шунингдек бозорда чакана савдо қилиш ва хизматлар кўрсатиш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани расмийлаштиради, уни бозор жойлашган жойдаги солиқ органига жўнатади.

Ҳокимликнинг хусусий тадбиркорга бозорда чакана савдо қилиш ва хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи берилганлиги тўғрисидаги қарорида ёзиб берилган гувоҳноманинг тартиб рақами кўрсатилади.


11. Бозорда бўш савдо қилиш жойлари бўлмаган тақдирда туман (шаҳар) ҳокимлиги тадбиркорга унинг навбатининг тартиб рақами кўрсатилган (2-иловага мувофиқ шаклда) маълумотнома беради ёки тадбиркорнинг хоҳишига кўра бошқа бозордаги бўш жойни (мавжуд бўлганда) таклиф этади.

Бозорлар дирекцияси бўш жойлар мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни матбуотда ҳар ойда эълон қилиб боради, шунингдек, кўрсатиб ўтилган маълумотларни бозорлар ҳудудидаги ва туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларидаги ахборотлар стендларига илиб қўядилар.

Навбатда турганлар рўйхати туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларининг ахборотлар стендларига илиб қўйилиши керак.


12. Ушбу Тартибнинг 9,10,11-бандларида кўрсатилган ҳужжатларни қабул қилиб олиш ва расмийлаштириш тартиботларини тезлаштириш учун туман (шаҳар)лар ҳокимликлари бозорлар ҳудудида тегишли марказлар ташкил этишлари мумкин.


13. Солиқ органи:

тадбиркор томонидан туман (шаҳар) ҳокимлигининг унга бозорда чакана савдо қилиш ва хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи берилгани тўғрисидаги қарорининг нусхаси тақдим этилгач, бир иш куни мобайнида тадбиркорга, белгиланган тартибда тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланган солиқ ставкаларидан келиб чиққан ҳолда жисмоний шахсларнинг тадбиркорлик фаолиятидан даромадларидан солиқ тўлаш учун белгиланган намунадаги (3-илова) тўлов хабарномасини ёзиб беради;

тадбиркор келгуси ой учун. даромаддан олинадиган солиқ тўланганлиги тўғрисидаги квитанцияни ва паспортни тақдим этгач туман (шаҳар) ҳокимлигидан олинган бозорда чакана савдо қилиш ва хизматлар кўрсатиш ҳуқуқини берувчи гувоҳноманинг орқа томонига тегишли белги қўйган ҳолда уни солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўяди ва журналга имзо қўйдириб тадбиркорга гувоҳномани беради.

Бозор жойлашган жойдаги солиқ органи икки кун муддатда бошқа туман (шаҳар)да доимий яшаш жойига эга бўлган, бозорда чакана савдо қилиш ва хизматлар кўрсатиш ҳуқуқини берувчи гувоҳномага эга бўлган тадбиркорни ҳисобга қўйгани ва унинг томонидан даромад солиғи тўлангани тўғрисидаги маълумотларни тадбиркорнинг яшаш жойидаги солиқ органига жўнатишга мажбур.


14. Бозор маъмурияти тадбиркор томонидан чакана савдо қилиш ва хизматлар кўрсатиш ҳуқуқини берувчи ҳамда солиқ органларининг даромаддан олинадиган солиқ тўлаганлигини тасдиқловчи белгиси қўйилган гувоҳнома тақдим этилган кунда савдо жойи ижарага олинганлиги учун белгиланган йиғим ундирилишини таъминлайди ва ижаранинг бутун муддатида савдо қилиш учун жой кўрсатиладиган тегишли талон беради.


15. Ҳар бир муайян бозор учун туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан алоҳида рўйхатдан ўтказиш журнали юритилади.


16. Чакана савдо қилиш ва хизматлар кўрсатиш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома тадбиркорнинг аризасига мувофиқ 1 ойдан 12 ойгача бўлган муддатга берилади. Амал қилиш муддати тугагач гувоҳнома бозор жойлашган жойдаги ҳокимликка қайтарилади ёки тадбиркорнинг хоҳишига кўра муддати узайтирилиши мумкин.


17. Чакана савдо қилиш ва хизматлар кўрсатиш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани туман (шаҳар) ҳокимлигига ўз вақтида топширмаслик даромаддан олинадиган солиқни муддати ўтиб кетган барча давр учун ҳисоблашга ва ҳисобланган суммани белгиланган тартибда бюджетга олиб қўйишга сабаб бўлади.


18. Бозорларда чакана савдо қилиш ва хизматлар кўрсатиш ҳуқуқини берувчи гувоҳномалар тайёрлаш бўйича ҳокимликлар хизматлари пулли ҳисобланади ҳамда бунинг учун тадбиркорлар томонидан тегишли калькуляцияга мувофиқ ҳақ тўланади.


19. Бозорларда чакана савдо қилиш ва хизматлар кўрсатиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни расмийлаштиришнинг умумий схемаси 4-иловада келтирилган.



III. БОЗОРДА САВДО ҚИЛИШ ВА ХИЗМАТЛАР

КЎРСАТИШНИНГ БЕЛГИЛАНГАН ТАРТИБИ

БУЗИЛГАНЛИГИ УЧУН ЖИСМОНИЙ

ШАХСЛАРНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


20. Бозор жойлашган жойдаги туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан берилган чакана савдо қилиш ва хизматлар кўрсатиш ҳуқуқини берувчи гувоҳномага эга бўлмаган шахслар товарлар сотиш ва хизматлар кўрсатиш учун бозор ҳудудига киритилмайди.


21. Савдо фаолиятини амалга оширишда хусусий тадбиркор давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳнома, чакана савдо қилиш ва хизматлар кўрсатиш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома ва савдо жойи ижарага олинганлиги ҳақидаги талон доимо тадбиркорнинг ёнида бўлиши керак.


22. Ҳар бир гувоҳнома фақат унинг эгасига чакана савдо қилиш ёки хизматлар кўрсатиш ҳуқуқини беради.


23. Бозор ҳудудида белгиланган тартибни бузган ҳолда чакана савдо қилувчи ёки хизматлар кўрсатувчи шахслар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.

Чунончи:

23.1. Бозор ҳудудида чакана савдо қилиш ёки хизматлар кўрсатиш ҳуқуқини берувчи гувоҳномасиз ёки бошқа шахсга тегишли гувоҳнома билан савдо фаолиятини амалга оширишга савдо фаолиятини рўйхатдан ўтказишдан бўйин товлаб амалга ошириш сифатида қаралади ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 176-моддаси 2-қисмига мувофиқ энг кам ойлик иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солиб, қонунни бузиш предметларини мусодара қилиш тарзида жавобгарликка тортилади. Бундай қонунни бузишлар тўғрисидаги материаллар давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан протокол билан расмийлаштирилади ва судга оширилади. Бу ҳолда жисмоний шахс бозорда савдо қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади, чакана савдо қилиш ва хизматлар кўрсатиш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома эса унинг ҳақиқий эгасига нисбатан чора кўриш учун ҳокимликка қайтарилади;

23.2. Маъмурий жазо кўрилгандан кейин бир йил мобайнида такроран содир қилинган айнан шу хатти-ҳаракатларга айнан шундай хатти-ҳаракатлар учун Маъмурий жазо қўллангандан кейин содир этилган назорат қилинмайдиган фойда (даромад) олиш мақсадида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтишдан бўйин товлаб савдо фаолиятини амалга ошириш сифатида қаралади ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 188-моддаси 1-қисмига мувофиқ уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд мол-мулк мусодара қилиниб олти ойгача қамоқ билан жазоланади.

Назорат қилинмайдиган фойда (даромад) олиш мақсадида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтишдан бўйин товлаб савдо ёки воситачилик фаолиятини амалга ошириш;

а) хавфли рецидивист томонидан;

б) анча миқдорда;

в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса,-

уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг етмиш беш бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки мол-мулк мусодара қилиниб, уч йилгача озодликдан билан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Назорат қилинмайдиган фойда (даромад) олиш мақсадида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтишдан бўйин товлаб, савдо ёки воситачилик фаолиятини амалга ошириш:

а) кўп миқдордаги фойда (даромад) олган ҳолда;

б) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса,-

мол-мулк мусодара қилиниб, уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бундай қонунбузишлар тўғрисидаги материаллар давлат солиқ хизмати органлари томонидан протокол билан расмийлаштирилади ва. судга оширилади.

Бу ҳолда жисмоний шахс бозорда савдо қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади, чакана савдо қилиш ва хизматлар кўрсатиш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома эса унинг ҳақиқий эгасига нисбатан чора кўриш учун ҳокимликка қайтарилади;

23.3. Гувоҳномани савдо фаолиятини амалга ошириш учун бошқа шахсга бериш қатъий тақиқланади ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишнинг белгиланган тартибини бузиш деб ҳисобланади. Туман солиқ инспекцияси ушбу бузилишни аниқлашган ички ишлар органлари тақдимномаси асосида, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 176-моддасининг 1-қисмига мувофиқ энг кам ойлик иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солади. Бу ҳолда жисмоний шахс савдо қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади, чакана савдо қилиш ва хизматлар кўрсатиш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома эса олиб қўйилади.



IV. ГУВОҲНОМАЛАРНИ ЧИҚАРИШ ВА САҚЛАШ


24. Бозорда чакана савдо қилиш ва хизматлар кўрсатиш ҳуқуқини берувчи гувоҳнома қатъий ҳисобда турадиган ҳужжат ҳисобланади. Гувоҳномалар шаҳар ва туманлар ҳокимликлари томонидан тайёрланади, ҳокимликлар уларнинг ҳисобга олиниши ва сақланиши учун жавоб берадилар.



V. МАЗКУР ТАРТИБГА РИОЯ ЭТИЛИШИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ


25. Мазкур Тартибга риоя этилишини назорат қилиш тегишли ҳокимликлар ва давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга. оширилади.