ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суғурта / Умумий қоидалар /

Қайта суғурта қилиш хизматлари кўрсатишнинг ягона талаблари ва стандартлари тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 29.01.2011 й. 2190-сон билан рўйхатга олинган молия вазирининг 27.12.2010 й. 111-сонли буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2011 йил 29 январда 2190-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

молия вазирининг

2010 йил 27 декабрдаги

111-сонли буйруғига

ИЛОВА


Қайта суғурта қилиш хизматлари кўрсатишнинг

ягона талаблари ва стандартлари тўғрисидаги

НИЗОМ

,


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 10 апрелдаги ПҚ-618-сонли "Суғурта хизматлари бозорини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 15-сон, 158-модда) мувофиқ қайта суғурта қилиш хизматлари кўрсатишнинг ягона талаблари ва стандартларини белгилайди.



I бўлим. Умумий қоидалар


1. Мазкур Низом билан ўрнатилаётган ягона талаблар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қайта суғурта қилиш хизматини кўрсатувчи суғурталовчилар - Ўзбекистон Республикаси резидентлари учун мажбурийдир.


2. Қайта суғурта қилиш хизматлари кўрсатишнинг стандартлари қайта суғурта қилиш бўйича стандарт тушунчалардан ва қайта суғурта қилиш хизматларини кўрсатишнинг стандарт шартларидан иборатдир. Қайта суғурта қилиш хизматларини кўрсатишнинг стандартлари, агар қайта суғурта қилиш шартномасида ёки қонунчилик ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, қайта суғурта қилиш хизматларини кўрсатиш жараёнида қўлланилади.



II бўлим. Қайта суғурта қилиш хизматлари

кўрсатишнинг ягона талаблари


3. Қайта суғурта қилиш хизматлари қайта суғурта қилиш шартномаси асосида кўрсатилади. Қайта суғурта қилиш шартномаси ёзма шаклда тузилиши лозим. Бу талабга риоя этмаслик қайта суғурта қилиш шартномасининг ҳақиқий саналмаслигига сабаб бўлади.


4. Қайта суғурта қилиш шартномаси қайта суғурта қилдирувчининг (қайта суғурта брокерининг) оферта (шартнома тузиш ҳақида таклиф) йўллаши ва қайта суғурталовчи уни акцептлаши (таклифни қабул қилиши) йўли билан тузилади.


5. Қайта суғурта қилиш шартномаси қуйидаги йўллар билан тузилиши мумкин:

а) мазкур Низомнинг 8-бандида кўрсатилган барча шартларни ўз ичига олган битта ҳужжатни тузиш;

б) қайта суғурта қилиш тўғрисидаги бош шартнома (битим) ва унинг асосида тузилган қайта суғурта қилиш слипларини тузиш.


6. Қайта суғурта қилдирувчи (қайта суғурта брокери) томонидан қайта суғурталовчига улар ўртасида аввал тузилган қайта суғурта қилиш тўғрисидаги бош шартнома (битим) асосидаги қайта суғурта қилиш слипини юбориш йўли билан таваккалчиликлар қайта суғуртага берилганда, қайта суғурта қилиш тўғрисидаги бош шартнома (битим) шартлари қайта суғурта қилиш слипининг ажралмас қисми ҳисобланади. Бунда ҳар бир қайта суғурта қилиш слипи алоҳида қайта суғурта қилиш шартномаси ҳисобланади.


7. Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлмиш суғурталовчилар ўртасида қайта суғурта қилиш шартномаси тузилганда томонларнинг ҳар бири бошқа томондан суғурта фаолиятини амалга ошириш учун лицензия нусхасини тақдим этишини талаб қилиши шарт. Томонларнинг бири суғурта фаолиятини амалга ошириш учун лицензияда кўрсатилмаган суғурта класслари бўйича таваккалчиликларни қайта суғурта қилишга (суғурталашга) берганлиги ёки қабул қилганлиги аниқланса, ушбу ҳолатни аниқлаган томон офертани тўхтатиши (қайтариб олиши/рад қилиши) ёки, агар таваккалчилик қайта суғурта қилишга қабул қилинган (берилган) бўлса, қайта суғурта қилиш шартномасини бекор қилиши шарт.


8. Қайта суғурта қилиш шартномасида қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

томонларнинг тўлиқ номи;

қайта суғурта қилиш шартномасининг рақами, тузилган жойи ва санаси;

қайта суғурта қилиш шартномасининг амал қилиш муддати;

қайта суғурта қилиш объекти;

суғурта ҳодисаси ва истиснолар;

қайта суғурта қилишга берилаётган таваккалчиликлар;

суғурта қопламаси амал қилиш ҳудуди (суғурта ҳимояси амал қилувчи ҳудуд);

таваккалчиликларни қайта суғурта қилишга бериш ва қабул қилиш тартиби;

қайта суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта пули ва қайта суғурта қилиш мукофоти;

қайта суғурта қилиш комиссияси;

томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

қайта суғурта қилиш мукофоти бўйича тўловларни, суғурта товонларини ва қайта суғурта қилиш шартномаси бўйича бошқа тўловларни амалга ошириш тартиби, муддатлари ва валютаси;

суғурта ҳодисаси содир бўлганда томонларнинг хатти-ҳаракатлари;

қайта суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта товони миқдорини аниқлаш тартиби;

таваккалчиликларни қайта суғурта қилишга бериш ва қабул қилишда томонларнинг хато ва камчиликларга йўл қўйиши оқибатлари;

қайта суғурта қилиш шартномасини бекор қилиш тартиби;

шартнома мажбуриятлари бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда томонларнинг жавобгарлиги;

низоларни ҳал қилиш тартиби;

томонларнинг реквизитлари;

томонлар вакилларининг мансаби, фамилияси, исми, отасининг исми;

томонлар вакилларининг имзолари.

8-1. Қайта суғурталовчи (қайта суғурта брокери) суғурта мажбуриятларини қайта суғурталаш учун хорижий суғурта ташкилотларига беришдан аввал бериладиган суғурта мажбуриятларининг камида 50 фоизи миқдорида қайта суғурталаш бўйича офертани (қайта суғурталаш шартномаларини тузиш таклифларини) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қайта суғурталаш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган суғурта ташкилотларига юбориши шарт. Бунда:

оферта шартлари суғурта мажбуриятларини хорижий суғурта ташкилотларига қайта суғурталашга бериш шартларига мувофиқ бўлиши керак;

оферта акцепти ёки акцептни рад этиш қайта суғурталовчилар - маҳаллий суғурта ташкилотлари томонидан, агар офертада акцепт учун кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, икки иш кунидан кечикмаган ҳолда амалга оширилади;

суғурта мажбуриятлари қайта суғурталовчи - маҳаллий суғурта ташкилоти томонидан ўзининг ушлаб қолиш ҳажми доирасида қабул қилинади;

қайта суғурталовчи - маҳаллий суғурта ташкилоти суғурта ходисаси содир бўлган тақдирда ва асосий суғурта шартномаси бўйича суғурта тўловини амалга оширишда қайта суғурталаш шартномаси шартлари доирасида қайта суғурта қилдирувчининг қарорларига амал қилади.

Ушбу банд талаблари облигатор қайта суғурталашга татбиқ этилмайди ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва инвестиция битимларида ўзгача тартиб назарда тутилган бўлса, қўлланилмайди.

9. Қайта суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта пули ва қайта суғурта қилиш мукофоти абсолют миқдор кўринишида ёки томонлар келишувига кўра белгиланган суғурта пули ва қайта суғурта қилиш мукофотини ҳисоблаш механизми кўринишида аниқланади.


10. Қайта суғурта қилиш шартномасининг амал қилиш муддатини (қайта суғурта қилиш даврини) аниқлашда томонлар шартнома амал қилишининг бошланиш ва тугаш пайтини дақиқагача аниқликда белгилайдилар.


11. Қайта суғурта қилиш шартномасининг томонлари қайта суғурта қилиш шартномасига ёки томонларнинг молиявий аҳволига тааллуқли маълумотларни эълон қилиш ва бошқа усул орқали учинчи шахсларга ошкора этишга ҳақли эмас.

Мазкур банднинг биринчи хатбошида кўрсатилган маълумотлар, қайта суғурта қилиш шартномаси томонидан бошқа томоннинг ёзма розилиги асосида, шунингдек қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда учинчи шахсларга ошкора қилиниши мумкин.



III бўлим. Қайта суғурта қилиш хизматларини

кўрсатишнинг стандартлари


1-БОБ. ҚАЙТА СУҒУРТА ҚИЛИШ

БЎЙИЧА СТАНДАРТ ТУШУНЧАЛАР


12. Қайта суғурта қилиш хизматларини кўрсатишда фойдаланиладиган асосий атамалар ва таърифларнинг турлича талқин этилишининг олдини олиш мақсадида қуйидаги стандарт тушунчалар қўлланилади:


қайта суғурта қилиш шартномасининг агрегат лимити - қайта суғурта қилиш шартномаси бўйича қайта суғурталовчи қайта суғурта қилдирувчига тўлаб бериш мажбуриятини олган суғурта товонининг максимал тўловлар суммаси;


агрегатлаш - зиён баҳоланаётган ва қайта суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта товони суммаси белгиланаётган бир ҳодиса бўйича барча зарарларнинг йиғиндисини чиқариш;


аддендум - аввал келишилган шартларнинг томонлар ўртасида келишилган ўзгаришларини ўз ичига олган аввал тузилган қайта суғурта қилиш шартномасига ёзма қўшимча;


бордеро - суғурта қилишга олинган ва қайта суғурта қилиш учун мўлжалланган таваккалчиликлар рўйхатини, шунингдек уларнинг батафсил тавсифини ўз ичига олган ва қайта суғурта қилиш шартномасида белгиланган муддатда қайта суғурталовчига бериладиган ҳужжат;


брокерлик слипи - қайта суғурта брокерининг қайта суғурталовчига қайта суғурта қилиш шартномасини тузиш тўғрисидаги офертаси;


мукофот депоси - қайта суғурта қилиш шартномасига мувофиқ қайта суғурталовчига тўланиши лозим бўлган ва қайта суғурта қилдирувчи ҳисоб рақамида вақтинчалик турган суғурта мукофоти;


қайта суғурта қилиш шартномаси - ушбу шартномага мувофиқ қайта суғурталовчи қайта суғурта қилиш шартномасида келишилган тўлов (қайта суғурта мукофоти) эвазига қайта суғурта қилиш шартномаси шартлари асосида қайта суғурта қилдирувчининг суғурта шартномаси бўйича аниқланган суғурта товонини (суғурта суммасини) тўлаш мажбурияти билан боғлиқ харажатларини тўлиқ ёки қисман қайта суғурта қилдирувчига (ёки у томонидан кўрсатилган бошқа шахсга) қоплаб бериш мажбуриятини олади;


ретроцессия шартномаси - қайта суғурта қилиш шартномаси бўлиб, унга кўра қайта суғурталовчи ўзи тузган қайта суғурта қилиш шартномалари бўйича суғурта мажбуриятларининг бир қисмини ёки тўлиқ қисмини бошқа қайта суғурталовчига беради;


қайта суғуртага олинган суғурта шартномаси - таваккалчиликлари қайта суғуртага олинган суғурта (биргаликда суғурта қилиш, қайта суғурта қилиш) шартномаси;


касса зарари - асосий суғурта шартномалари бўйича қайта суғурта қилиш шартномаси томонлари келишган зарар ҳажми бўлиб, унга етганда ёки ошганда қайта суғурталовчи қайта суғурта қилиш шартномасида белгиланган муддатларда суғурта товонини қайта суғурта қилдирувчига тўлаб беришга мажбур;


ковернота - қайта суғурталовчилар рўйхати ва уларнинг улушлари кўрсатилган ҳолда қайта суғурталовчи ёки қайта суғурта брокери томонидан қайта суғурта қилдирувчига бериладиган таваккалчилик қайта суғуртага олинганлигини ёки қайта суғурта қилиш шартномаси тузилганлигини тасдиқловчи қайта суғурта қилиш тўғрисидаги гувоҳнома;


компромисс тўлов - суғурта шартномасига мувофиқ суғурта ҳодисаси деб тан олинмаслиги ёхуд қонунчилик ҳужжатларида кўрсатиб ўтилган ёки суғурта шартномаси асосида қайта суғурта қилдирувчи суғурта товонини (суғурта пулини) тўлашни рад қилиши ёки унинг ҳажмини камайтириши мумкин бўлган ҳодиса содир бўлганлиги натижасида қайта суғурта қилдирувчи суғурта шартномаси бўйича суғурта товонини (суғурта пулини) тўлаши;


квота улушли қайта суғурта қилиш - пропорционал қайта суғурта қилиш тури бўлиб, унинг шартларига мувофиқ қайта суғурта қилдирувчи маълум суғурта тури, суғурта турларининг гуруҳи ёхуд бутун суғурта портфели бўйича қабул қилинган олдиндан келишилган ёки истисноларсиз барча суғурта таваккалчиликларининг қайта суғурталовчи билан келишилган улушини қайта суғурта қилишга бериши;


қайта суғурта қилиш шартномаси лимити - қайта суғурта қилиш шартномасига мувофиқ қайта суғурталовчининг суғурта товони тўловини амалга ошириш мажбурияти юзага келиши мумкин бўлган максимал сумма;


нопропорционал қайта суғурта қилиш - шундай қайта суғурта турики, у бўйича барча ҳисоб-китоблар асосий суғурта ёки қайта суғурта қилиш шартномалари бўйича зарарлар миқдорига асосланади, қайта суғурталовчининг суғурта товонини тўлаш мажбурияти қайта суғурта қилдирувчининг қайта суғурта қилиш шартномасида ўрнатилган тартибда ҳисобланган якуний зарари миқдори қайта суғурта қилиш шартномасида келишилган миқдордан ортганда юзага келади;


облигатор қайта суғурта қилиш - қайта суғурта қилишнинг шундай шаклики, унда қайта суғурта қилдирувчи қайта суғурталовчи билан тузган қайта суғурта қилиш шартномаси шартларига кўра ушбу шартнома таъсир доирасига кирувчи асосий суғурта шартномалари бўйича таваккалчиликларни қайта суғурталовчига қайта суғурта қилишга беришга, қайта суғурталовчи эса ушбу таваккалчиликларни қайта суғурта қилишга қабул қилишга мажбурдирлар;


облигатор-факультатив қайта суғурта қилиш - қайта суғурта қилишнинг шундай шаклики, унда қайта суғурта қилдирувчи қайта суғурталовчи билан тузган қайта суғурта қилиш шартномаси шартларига кўра таваккалчиликларни қайта суғурта қилишга беришга мажбур, қайта суғурталовчи эса қайта суғурта қилдирувчининг таваккалчиликларини ўз хоҳишига кўра қайта суғуртага қабул қилиш ҳуқуқига эга;


қайта суғурта қилиш объекти - қайта суғурта қилдирувчи томонидан суғурталовчи сифатида тузилган суғурта (биргаликда суғурта қилиш, қайта суғурта қилиш) шартномаси бўйича суғурта товонини (суғурта пулини) тўлаш хавфи;


даъво устидан назорат тўғрисида шартлашиш - ушбу шартлашишга асосан қайта суғурта қилиш бўйича томон (қайта суғурталовчи, қайта суғурта брокери) суғурта даъвосини мустақил кўриб чиқиш (ҳал қилиш) бўйича буткул ҳуқуққа эга. Қайта суғурта қилдирувчи қайта суғурта қилиш бўйича томоннинг суғурта жавобгарлигини тан олиш ёки рад этиш тўғрисидаги ҳар қандай қарорини тан олади;


тақдирга эргашиш тўғрисида шартлашиш - ушбу шартлашишга асосан суғурта даъвосини кўриб чиқиш (ҳал қилиш) бўйича барча ҳуқуқларга қайта суғурта қилдирувчи буткул эгалик қилади. Қайта суғурталовчи (қайта суғурта брокери) қайта суғурта қилдирувчининг суғурта жавобгарлигини тан олиш ёки рад этиш тўғрисидаги ҳар қандай қарорини тан олади;


даъволарни ҳал қилиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида шартлашиш - ушбу шартлашишга асосан қайта суғурта қилиш бўйича томонлар (қайта суғурта қилдирувчи, қайта суғурталовчи, қайта суғурта брокери) суғурта даъвосини кўриб чиқиш (ҳал қилиш) бўйича ўзларининг барча ҳаракатларини ўзаро келишадилар;


оригинал суғурта мукофоти - асосий суғурта шартномаси бўйича қайта суғурта қилиш шартномасига кўра қайта суғурта қилдирувчи бўлган суғурталовчи томонидан суғурта қилдирувчидан олинаётган суғурта мукофоти;


оригинал шартлар - асосий суғурта шартномаси таркибида бўлган шартлар;


оригинал суғурта қилдирувчи - асосий суғурта шартномаси бўйича суғурта қилдирувчи;


оригинал суғурталовчи - асосий суғурта шартномаси бўйича суғурталовчи;


асосий суғурта шартномаси - қайта суғурта қилдирувчи томонидан суғурталовчи сифатида тузилган суғурта (биргаликда суғурта қилиш, қайта суғурта қилиш) шартномаси бўлиб, у бўйича суғурта товонини (суғурта пулини) тўлаш таваккалчилиги қайта суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта қилинади;


қайта суғурта қилиш - суғурталовчи суғурта шартномаси бўйича ўз зиммасига олган суғурта товонини (суғурта пулини) тўлаш хавфи унинг томонидан тўлиқ ёки қисман бошқа суғурталовчида (суғурталовчиларда) у билан тузилган қайта суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурталаниши;


суммалар экцеденти асосида қайта суғурта қилиш - пропорционал қайта суғурта қилишнинг шундай турики, унинг шартларига кўра қайта суғурта қилдирувчи қайта суғурта қилишга фақат суғурта пули қайта суғурта қилиш шартномасида кўрсатилган миқдордан (ўзида қолдирилган улуш миқдоридан) катта бўлган суғурта қилиш шартномаларини қайта суғурта қилишга беради, қайта суғурталовчи эса уларни қабул қилади. Бунда қайта суғурта қилдирувчи шартлашилган ўз улуш миқдорини ўз масъулиятида олиб қолади, қайта суғурталовчи эса суғурта пулининг қолган қисмидаги, лекин қайта суғурта қилиш шартномасида ўрнатилган лимит доирасида суғурта мажбуриятларини қабул қилади;


зарар эксцеденти асосидаги қайта суғурта қилиш - нопропорционал қайта суғурта қилишнинг шундай турики, унинг шартларига кўра қайта суғурталовчининг суғурта товонини тўлаш мажбурияти фақат суғурта қилинган таваккалчилик бўйича суғурта ҳодисаси ёки бир воқеа туфайли юзага келган бир қанча суғурта ҳодисалари натижасида етказилган зарар миқдори қайта суғурта шартномасида кўрсатилган миқдордан ортгандагина юзага келади;


зарарлилик эксцеденти асосида қайта суғурта қилиш - нопропорционал қайта суғурта қилишнинг шундай турики, унинг шартларига кўра қайта суғурталовчининг суғурта товонини тўлаш мажбурияти фақат асосий суғурта шартномалари бўйича маълум бир вақт даврида суғурта товонларининг суғурта мукофотларига нисбати сифатида аниқланадиган суғурта мукофотлари зарарлилиги қайта суғурта қилиш шартномасида белгиланган фоиздан ёки маълум миқдордан ортгандагина юзага келади;


қайта суғурта қилдирувчи - ўзига қабул қилган таваккалчиликларни қайта суғуртага берувчи суғурталовчи (қайта суғурталовчи);


қайта суғурта қилиш сиғими - қайта суғурталовчининг таваккалчиликни қайта суғурта қилишга қабул қилишининг молиявий имконияти баҳоси;


қайта суғурта қилиш комиссияси - қайта суғурта қилиш шартномаси шартларига мувофиқ қайта суғурталовчи томонидан қайта суғурта қилдирувчига тўланадиган ёки қайта суғурта қилдирувчи қайта суғурта қилиш шартномаси бўйича қайта суғурта мукофотидан ушлаб қоладиган мукофот;


қайта суғурта мукофоти (брутто-мукофот) - қайта суғурта қилиш шартномасида белгиланган қайта суғурта қилиш комиссияси, шунингдек қайта суғурта қилиш шартномасида кўзда тутилган бошқа тўловларни ўз ичига олган қайта суғурта қилиш учун тўлов;


қайта суғурта нетто-мукофоти - қайта суғурта мукофотидан (брутто-мукофотдан) қайта суғурта қилиш шартномасида кўзда тутилган қайта суғурта қилиш комиссияси ва қайта суғурта брокерининг комиссион мукофотининг айирмасига тенг миқдор;


қайта суғурта хизмати - қайта суғурталовчи томонидан қайта суғурта қилдирувчига улар ўртасида тузилган қайта суғурта қилиш шартномаси асосида кўрсатилаётган хизмат;


қайта суғурта қопламаси - асосий суғурта шартномаси бўйича қайта суғурта қилдирувчи томонидан тўланган суғурта товонини (суғурта пулини) ёки унинг бир қисмини қайта суғурта қилдирувчига қоплаб бериш бўйича қайта суғурталовчининг мажбурияти;


қайта суғурта қилиш слипи - қайта суғурта қилишга берилаётган таваккалчиликни суғурта қилишнинг асосий шартларини ўз ичига олган ва уни юбориш йўли билан қайта суғурта қилиш тўғрисидаги бош шартнома (битим) асосида қайта суғурталовчига қабул қилиш учун таваккалчиликлар таклиф қилинувчи ҳужжат;


қайта суғурталовчи - фақат қайта суғурта қилиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга ёхуд суғурта фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга тижорат ташкилоти бўлган юридик шахс, ўзи жойлашган давлат қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, қайта суғурта фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга чет эл суғурта ташкилоти;


пропорционал қайта суғурта қилиш - қайта суғурта қилишнинг шундай турики, унга мувофиқ қайта суғурталовчининг суғурта товонини тўлаш борасидаги мажбурияти қайта суғурта қилиш шартномасида келишилган пропорцияда (фоизларда) аниқланади;


профессионал қайта суғурталовчи - фақат қайта суғурта қилиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга тижорат ташкилоти бўлган юридик шахс;


қайта суғурта қилиш даври - қайта суғурта қилиш шартномасига мувофиқ қайта суғурталовчининг суғурта товонини тўлаш мажбуриятини олиб бориш вақт оралиғи;


қайта суғурта қилишга қабул қилинган таваккалчиликлар - асосий суғурта шартномасида кўрсатилган ва улар бўйича суғурта ҳодисаси рўй берганда қайта суғурталовчи қайта суғурта қилдирувчига тўланган суғурта товонини (суғурта пулини) ёки унинг бир қисмини қайта суғурта қилиш шартномасига асосан қоплаб бериш мажбуриятини олган таваккалчиликлар;


ўзида қолдирилган улуш - қайта суғурта қилдирувчининг асосий суғурта шартномаси бўйича ўз жавобгарлигида олиб қолаётган суғурта мажбуриятлари миқдори;


қайта суғурта қилиш шартномаси амал қилиш муддати - қайта суғурта қилиш шартномаси кучга киришдан унинг амал қилиши тўхтагунгача бўлган вақт оралиғи;


суғурта воқеаси - суғурта (биргаликда суғурта қилиш, қайта суғурта қилиш) шартномаси бўйича суғурта ҳодисаси деб тан олиниши мумкин бўлган рўй берган воқеа;


асосий шартнома бўйича суғурта ҳодисаси - суғурта (биргаликда суғурта қилиш, қайта суғурта қилиш) шартномасида кўзда тутилган, у юзага келганда суғурталовчининг (қайта суғурталовчининг) суғурта қилдирувчи (қайта суғурта қилдирувчи) ёки наф олувчига суғурта товонини (суғурта пулини) тўлаш мажбурияти пайдо бўладиган воқеа;


суғурта мажбуриятлари - суғурталовчининг суғурта (биргаликда суғурта қилиш, қайта суғурта қилиш) шартномалари бўйича суғурта товонини (суғурта пулини) тўлаш бўйича мажбуриятлари;


қайта суғурта қилишга берилган суғурта мажбуриятлари - қайта суғурта қилиш шартномасига мувофиқ қайта суғурталовчи томонидан қоплаб бериладиган қайта суғурта қилдирувчининг суғурта товонини (суғурта пулини) тўлаш бўйича мажбуриятлари;


қайта суғурта қилишга қабул қилинган суғурта мажбуриятлари - қайта суғурта қилиш шартномаси бўйича қайта суғурталовчининг суғурта товонини тўлаш бўйича мажбуриятлари;


тантьема - қайта суғурталовчи томонидан қайта суғурта қилдирувчига тўланадиган қайта суғурта қилиш шартномаси ёки қайта суғурта қилиш шартномалари гуруҳининг амал қилиши якуний натижалари бўйича қайта суғурталовчи олган даромадидан комиссион ҳақ;


факультатив қайта суғурта қилиш - қайта суғурта қилишнинг шундай шаклики, унга кўра қайта суғурта қилдирувчи ўз ихтиёрига кўра таваккалчиликларни қайта суғурта қилишга беради, қайта суғурталовчи эса ўз ихтиёрига кўра ушбу таваккалчиликларни қайта суғурта қилишга олади;


факультатив-облигатор қайта суғурта қилиш - қайта суғурта қилишнинг шундай шаклики, унинг шартларига кўра қайта суғурта қилдирувчи қайта суғурталовчи билан тузилган қайта суғурта қилиш шартномаси шартларида таваккалчиликларни қайта суғурталовчига ўз ихтиёрига кўра қайта суғурта қилишга бериш ҳуқуқига эга, қайта суғурталовчи эса таклиф қилинаётган таваккалчиликларни қабул қилишга мажбур.



2-БОБ. ҚАЙТА СУҒУРТА ҚИЛИШ ХИЗМАТЛАРИ

КЎРСАТИШНИНГ СТАНДАРТ ШАРТЛАРИ


1-§. Қайта суғурта қилиш шартномасининг тузилиши

ва кучга киришининг стандарт шартлари


13. Қайта суғурта қилдирувчи ва қайта суғурталовчи ўртасида тузилаётган қайта суғурта қилиш шартномаси томонларнинг қайта суғурта қилиш соҳасидаги муносабатларини тартибга солувчи асосий ҳужжатдир.


14. Қайта суғурта қилиш шартномасининг тузилиши ва кучга кириши санаси бўлиб, қайта суғурта қилдирувчи томонидан қайта суғурта қилиш мукофоти ёки унинг биринчи бадали тўланганлигидан қатъи назар, қайта суғурталовчи томонидан қайта суғурта қилдирувчининг (қайта суғурта брокерининг) офертасини акцептлаш санаси ҳисобланади.


15. Агар факультатив қайта суғурта қилишда оферта қайта суғурта қилдирувчи (қайта суғурта брокери) томонидан қайта суғурталовчига асосий суғурта шартномаси кучга киргандан кейин юборилган бўлса, қайта суғурталовчи томонидан қайта суғурта қилдирувчининг (қайта суғурта брокерининг) офертаси қабул қилинганда, қайта суғурталовчи офертани акцептидан аввал асосий суғурта шартномаси бўйича рўй берган суғурта ҳодисалари бўйича жавобгарлик олиб бормайди.


16. Қайта суғурта қилдирувчи (қайта суғурта брокери) қайта суғурталовчига қайта суғурта қилиш слипини юбориш йўли билан таваккалчиликларни қайта суғурта қилишга бераётганда қайта суғурталовчи қайта суғурта қилдирувчига (қайта суғурта брокерига) қайта суғурта қилиш слипида кўрсатилган таваккалчиликларни қабул қилиши бўйича қарори тўғрисида беш иш куни ичида ёзма хабар бериши шарт.


17. Қайта суғурта қилиш шартномасида назарда тутилган томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қайта суғурта қилиш шартномаси кучга кирган пайтдан бошлаб юзага келади.


18. Таваккалчиликлар қайта суғурта қилишга берилаётганда қайта суғурта қилдирувчи қайта суғурталовчи талаби бўйича қайта суғурта қилишга берилаётган таваккалчилик ҳақида барча зарур ахборотни, шунингдек тегишли ҳужжатлар ва суғурта қоидаларини қайта суғурталовчига тақдим этиши шарт.


19. Облигатор қайта суғурта қилиш шартномаси тузилаётганда қайта суғурта қилиш даври облигатор қайта суғурта қилиш шартномаси кучга кириш пайтидан аввал асосий суғурта шартномаси бўйича содир бўлган суғурта ҳодисаларини қамраб олиши мумкин.


20. Облигатор қайта суғурта қилиш шартномаси уни томонлар имзолаган пайтдан айни пайтда у қамраб оладиган қайта суғурта қилдирувчи томонидан тузилган асосий суғурта шартномаларининг мавжудлигидан ва кучга кирганлигидан қатъи назар, тузилган ҳисобланади ва кучга киради.


21. Факультатив қайта суғурта қилиш шартномалари бўйича қайта суғурта қилдирувчи асосий суғурта шартномаси бўйича суғурта объектидаги барча ўзгаришлар ва суғурта таваккалчилигининг ошишига таъсир этиши мумкин бўлган бошқа ҳолатлар ҳақида унга маълум бўлган кундан бошлаб уч иш кунидан кечиктирмасдан қайта суғурталовчига хабар бериши шарт.


22. Агар асосий суғурта шартномаси бўйича икки ва ундан ортиқ суғурта объектлари суғурталанган бўлса, пропорционал қайта суғурта қилинганда қайта суғурта қилдирувчи ҳар бир суғурта объекти бўйича суғурта мажбуриятларининг пропорционал қисмини ўзида қолдиради.



2-§. Қайта суғурта қилиш шартномаси бўйича тўловларни

амалга оширишнинг стандарт шартлари


23. Қайта суғурта қилиш шартномаси бўйича қайта суғурта мукофоти ва суғурта товони миқдорларини аниқлаш учун тўлов валютасидан фарқ қилувчи бошқа валюта эквивалентидан фойдаланилса, ҳисоб-китоблар учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тўловни амалга ошириш кунидаги расмий курси қабул қилинади.


24. Тўлов куни бўлиб, тегишли сумма маблағ олувчи томоннинг ҳисоб рақамига келиб тушган кун ҳисобланади.


25. Қайта суғурта қилдирувчи қайта суғурталовчига қайта суғурта мукофотини (унинг биринчи бадалини) қайта суғурта қилиш шартномасида назарда тутилган миқдорда қайта суғурта қилиш комиссияси ва бошқа тўловларни чегириб қолган ҳолда қайта суғурта қилдирувчининг ҳисоб рақамига асосий суғурта шартномаси бўйича суғурта мукофоти (унинг биринчи бадали) келиб тушган кундан бошлаб ёки қайта суғурталовчи қайта суғурта қилиш шартномасини (агар таваккалчилик қайта суғурта қилишга қайта суғурта қилиш слипини юбориш йўли билан амалга оширилаётган бўлса, қайта суғурта қилиш слипини) имзолаган кундан бошлаб, ушбу икки сананинг қай бири кечроқ эканлигидан келиб чиқиб, ўн иш куни ичида тўлайди.


26. Қайта суғурта қилиш шартномаси муддатидан илгари бекор қилинса, қайта суғурталовчи қайта суғурта қилдирувчига қайта суғурта қилиш шартномаси бўйича қайта суғурта мукофотининг қайта суғурта қилиш шартномаси амал қилиши муддатининг тугамаган даврига пропорционал қисмини қайта суғурта қилиш шартномаси муддатидан илгари бекор қилинган кундан бошлаб беш иш куни ичида қайтариши шарт.


27. Агар қайта суғурта қилиш шартномасида қайта суғурта мукофотини қисмларга бўлиб (ҳар ойда, ҳар чоракда, ҳар ярим йилда ва ш.к.) тўлаш назарда тутилган бўлса, навбатдаги бадаллар қайта суғурта қилдирувчи томонидан қайта суғурта шартномаси тузилган кундан ёки аввалги бадал тўланган кундан тегишли муддат ўтгунгача бўлган санадан кечиктирмасдан, ушбу саналардан қай бири кечроқ эканлигидан келиб чиқиб, тўланиши шарт.


28. Қайта суғурта мукофоти ёки унинг навбатдаги бадали тўлови қайта суғурта қилдирувчига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра кечиккан тақдирда қайта суғурта қилдирувчи бу ҳақда имкон бўлиши биланоқ қайта суғурталовчини ёзма хабардор қилиши шарт.


29. Қайта суғурта қилиш шартномаси бўйича қайта суғурта мукофотининг навбатдаги бадал тўловининг кечиктирилиши қайта суғурта қилиш шартномасининг муддатидан илгари бекор бўлишига олиб келмайди.


30. Суғурта воқеаси содир бўлган пайтда қайта суғурта қилдирувчи қайта суғурта қилиш шартномасига мувофиқ қайта суғурта мукофотини тўлаш мажбуриятини бажармаган ёки тегишли равишда бажармаган ҳолатларда, қайта суғурталовчи қайта суғурта қилдирувчига тўлаши лозим бўлган суғурта товонини тўлаётганда суғурта ҳодисаси содир бўлган пайтда келиб тушмаган қайта суғурта мукофоти суммасини ушлаб қолишга ҳақли.



3-§. Қайта суғурта қилиш шартномаси бўйича

мажбуриятларнинг юзага келиши ва суғурта

товони тўланишининг стандарт шартлари


31. Қайта суғурталовчининг қайта суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта товонини тўлаш мажбуриятлари асосий суғурта шартномаси бўйича қайта суғурта қилдирувчининг шундай мажбуриятлари келиб чиққунга қадар юзага келиши мумкин эмас.


32. Асосий суғурта шартномаси бўйича суғурта ҳодисаси деб тан олиниши мумкин бўлган воқеа содир бўлганда, қайта суғурта қилдирувчи тегишли хабарни олгандан кейин беш иш кунидан кечиктирмасдан қайта суғурталовчини бу ҳақда хабардор қилиши шарт.


33. Асосий суғурта шартномаси бўйича суғурта даъволарини ҳал этиш қайта суғурта қилиш шартномасида назарда тутилган суғурта даъволарини ҳал этиш бўйича шартлашиш асосида амалга оширилади.

Агар қайта суғурта қилиш шартномасида суғурта даъволарини ҳал этиш бўйича шартлашиш назарда тутилмаган бўлса, қайта суғурта қилдирувчи суғурта даъвосини асосий суғурта шартномасига мувофиқ мустақил ҳал этади, бунда у маслаҳатлар олиш учун қайта суғурталовчига мурожаат этиши мумкин. Қайта суғурталовчи асосий суғурта шартномаси бўйича суғурта пулининг 50% дан кўпини қайта суғурта қилишга олган тақдирда қайта суғурта қилдирувчи суғурта воқеасини суғурта ҳодисаси деб тан олиш, суғурта товони (суғурта пули) миқдорини аниқлаш ва уни тўлаш ҳақидаги қарорини қайта суғурталовчи билан келишиши шарт.


34. Қайта суғурталовчи қайта суғурта қилдирувчидан суғурта товонини тўлаш ҳақидаги талаби бўйича аризани барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда олган кундан бошлаб 10 иш куни ичида бундай ариза бўйича қарор қабул қилиши ва қайта суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта товонини тўлаш ҳақида қарор қабул қилган тақдирда, суғурта товонини тўлаш ҳақида қарор қабул қилган кундан бошлаб 5 иш куни ичида суғурта товонини қайта суғурта қилдирувчига ўтказиши шарт.


35. Қайта суғурта қилдирувчи қайта суғурта қилиш шартномаси амалда бўлган даврда асосий суғурта шартномасига мувофиқ суғурта товони (суғурта пули) тўловлари билан боғлиқ қайта суғурталовчининг қайта суғурта қилдирувчига суғурта товонини тўлаш мажбуриятлари қайта суғурта қилиш шартномаси муддати тугаши билан тўхтамайди.


36. Қайта суғурталовчи қайта суғурта қилдирувчи билан келишган ҳолда ўз мутахассисларини ёки мустақил экспертларни суғурта воқеаси келиб чиқиш ҳолатларини текширишда қатнашиш учун юборишга ҳақли.

Бунда қайта суғурталовчи жалб этган мутахассислар ёки мустақил экспертларнинг текширишда қатнашиши билан боғлиқ харажатлар қайта суғурталовчи томонидан тўланади.

Суғурта ҳодисасини текширишда қатнашиш учун мустақил экспертлар қайта суғурталовчи томонидан қайта суғурта қилдирувчининг сўровига мувофиқ жалб қилинган ҳолда бундай экспертларнинг хизматлари учун тўловлар бўйича харажатлар қайта суғурта қилдирувчи томонидан тўланиб, кейинчалик қайта суғурталовчи томонидан суғурта товонида ўзининг улушига пропорционал равишда қопланади.


37. Қайта суғурталовчи қайта суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта товонини тўлашни рад этиш ёки унинг миқдорини камайтириш ҳуқуқига эга, агарда:

қайта суғурта қилдирувчи суғурта товонини (суғурта пулини) тўлаш ҳақидаги қарорини асосий суғурта шартномаси ёки қайта суғурта қилиш шартномаси шартларини бузган ҳолда қабул қилган бўлса;

қайта суғурта қилдирувчи қайта суғурталовчидан асосий суғурта шартномаси шартларини ёки таваккалчилик даражасига, муддатлар ва қайта суғурталовчи мажбуриятлари ҳажмига жиддий таъсир этувчи ҳолатларни яширган бўлса;

суғурта ҳодисаси ҳақидаги хабар келишилган муддатларга риоя этмаган ҳолда билдирилиб, бундай риоя этмаслик суғурта ҳодисаси содир бўлиши ҳолатлари ҳақида тўғри ахборот олиб бўлмаслигига сабаб бўлса;

қайта суғурта қилдирувчи суғурта товонини (суғурта пулини) қайта суғурта қилиш шартномасига мувофиқ қайта суғурта қилинмаган таваккалчиликлар ёки объектлар бўйича тўлаган бўлса;

қайта суғурта қилдирувчи суғурта товонининг (суғурта пулининг) компромисс тўловини амалга оширган бўлса.


38. Қайта суғурталовчи қайта суғурта қилдирувчининг суғурта ҳодисаларини ҳал этиш харажатларини қайта суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта пулининг асосий суғурта шартномаси бўйича суғурта пулига бўлган нисбатга (пропорционал қайта суғурта қилиш шартномалари учун) ёки қайта суғурта қилиш шартномаси бўйича тўланиши лозим бўлган суғурта товонининг қайта суғурта қилдирувчи тан олган зарарнинг умумий миқдорига бўлган нисбатга (нопропорционал қайта суғурта қилиш шартномалари учун) пропорционал қоплайди.


39. Қайта суғурта қилдирувчи қайта суғурталовчига регресс талаблари ва даъволаридан ёки асосий суғурта шартномаси бўйича суғурталанган ва қайтарилган мол-мулкни сотишдан олинган пул маблағларининг тузилган қайта суғурта қилиш шартномалари бўйича унинг мажбуриятларига пропорционал бўлган улушини қайта суғурта қилдирувчининг ҳисоб рақамида тегишли маблағ ҳисобга олинган кундан бошлаб ўн иш куни ичида тўлаши шарт.


40. Агар қайта суғурта қилдирувчи унга суғурта қилдирувчидан ўтган зарарлар учун жавобгар шахсдан талаб қилиш ҳуқуқидан олдиндан воз кечган бўлса ва бу қайта суғурта қилиш шартномасини тузиш пайтида қайта суғурталовчига маълум бўлган бўлса, бу ҳолат қайта суғурталовчининг суғурта товонини тўлашдан озод қилиниши учун асос бўлмайди.



4-§. Қайта суғурта қилиш шартномаси бўйича қайта

суғурталовчининг мажбуриятларини тўхтатиб туриш

ва суғуртанинг амал қилиш муддатини узайтириш

бўйича стандарт шартлар


41. Қайта суғурталовчининг суғурта товонини тўлаш мажбуриятлари тўхтатиб турилган тақдирда қайта суғурталовчи суғурта товонини тўлаш мажбуриятлари тўхтатиб турилган даврда содир бўлган суғурта ҳодисалари натижасида юзага келган зарарлар учун суғурта товонини тўламайди.


42. Асосий суғурта шартномасининг амал қилиш муддатининг узайтирилиши қайта суғурта қилиш шартномасининг амал қилиш муддатининг узайишига олиб келмайди.



5-§. Қайта суғурта қилиш шартномасига ўзгартиришлар

ва/ёки қўшимчалар киритишнинг, шунингдек уни

муддатидан илгари бекор қилишнинг

стандарт шартлари


43. Қайта суғурта қилиш шартномасига ўзгартиришлар ва/ёки қўшимчалар киритиш фақат томонларнинг ёзма келишуви бўйича йўл қўйилиши мумкин.


44. Қайта суғурта қилиш шартномаси томонларнинг ўзаро розилиги билан, бир томон иккинчи томонга қайта суғурта қилиш шартномаси муддатидан илгари бекор қилиниши тахмин қилинган санадан камида 30 кун олдин ёзма хабар бериши орқали муддатидан илгари бекор қилиниши мумкин.


45. Қайта суғурта қилиш тўғрисидаги бош шартнома (битим) муддатидан илгари бекор қилинса, қайта суғурта қилиш тўғрисидаги бош шартнома (битим) асосида ва у амалда бўлган даврда имзоланган қайта суғурта қилиш слиплари бўйича томонларнинг мажбуриятлари ўз кучида қолади.



IV бўлим. Якуний қоидалар


46. Қайта суғурта қилиш шартномасини тузиш ва ижро этиш жараёнида юзага келадиган барча баҳс ва келишмовчиликлар томонлар ўртасида музокаралар йўли билан ҳал этилиши, келишувга эришилмаган тақдирда эса, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилиши лозим.


47. Суғурталовчи томонидан мазкур Низом талаблари бузилган тақдирда суғурталовчига нисбатан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ чоралар қўлланилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 4-5-сон, 46-модда.




























































Время: 0.0215
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск