ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Мудофаа. Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат / Ҳарбий хизматни ўташ. Шартнома бўйича ҳарбий хизмат /

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги муддатли ҳарбий хизматчилари пул таъминотининг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банкида очилган омонат ҳисобварақларига ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 11.03.2016 й. 2767-сон билан рўйхатга олинган 16.02.2016 й. Мудофаа вазирлигининг 1-сон, Марказий банк Бошқарувининг 338-В-сон қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2016 йил 11 мартда 2767-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Мудофаа вазирлиги ва

Марказий банки Бошқарувининг

2016 йил 16 февралдаги

1, 338-В-сонли қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги

муддатли ҳарбий хизматчилари пул таъминотининг

бир  қисмини  Ўзбекистон  Республикаси  акциядорлик

тижорат Халқ банкида очилган омонат ҳисобварақларига

ўтказиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги муддатли ҳарбий хизматчилари пул таъминотининг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банкининг омонат ҳисобварақларига ўтказиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:


чақирилувчи - ҳарбий хизматга чақирилиши лозим бўлган ва туман (шаҳар) чақирув участкаларида қайд қилинган шахс;


ҳарбий хизматчи - оддий аскарлар таркиби лавозимларида чақирув бўйича ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаётган шахс;


ҳарбий қисм - муддатли ҳарбий хизматчи чақирув бўйича ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаётган Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги бўлинма (шу жумладан, хўжалик ҳисобида бўлган муассаса ва бўлинмалар ҳам);


ҳарбий хизматчининг пул таъминоти - ҳарбий хизматни ўташ (хизмат мажбуриятларини бажариш) муносабати билан қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар ва тартиб бўйича молиялаштириш манбаларидан қатъи назар (республика бюджети, Молия вазирлигининг "Сафарбарлик чақируви резерви маблағлари" махсус ҳисоб рақамидаги маблағлар ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар), давлат томонидан тўланадиган пул тўловларининг (мукофотларининг) барча турлари;


омонат ҳисобварағи - чақирилувчилар учун 12 ой муддатга очиладиган жамғарма омонат ҳисобварағи;


АТ Халқ банки - Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банки.



2-БОБ. ОМОНАТ ҲИСОБВАРАҒИНИ ОЧИШ ВА ЁПИШ


2. Туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимлари чақирилувчига омонат ҳисобварағини очишни ташкил этиш мақсадида АТ Халқ банки филиалининг масъул ходимларига алоҳида хона ажратиб беради.

Туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимлари чақирилувчи ҳарбий қисмга жўнаб кетишидан икки кун олдин унга омонат ҳисобварағини очиш учун чақирув пунктига етиб келишини таъминлайди.

Чақирилувчи билан АТ Халқ банки ўртасида тузиладиган банк омонати шартномаларини расмийлаштириш ва имзолаш ишлари АТ Халқ банки филиаллари томонидан бевосита чақирилувчининг чақирув жойидаги тегишли мудофаа ишлари бўлимида ташкиллаштирилади.

Чақирилувчи омонат ҳисобварағини очиш учун ариза ва паспортини тақдим этади. Омонат ҳисобварағини очишда чақирилувчидан дастлабки маблағ кирим қилинмайди ва АТ Халқ банки томонидан воситачилик ҳақи ундирилмайди.


3. Омонат дафтарчаси АТ Халқ банки томонидан омонат бўйича бажарилган операцияларни омонатчига ёзма равишда тасдиқловчи ва омонат бўйича олинган мажбуриятларни кафолатловчи ҳужжат ҳисобланади.


4. Омонат дафтарчаси муқовасига АТ Халқ банкининг тўлиқ номи ва логотипи (фирма белгиси), муқованинг ички томонига омонат дафтарчасининг серияси ва рақами, дафтарчанинг ички томони биринчи бетида омонат дафтарчасининг серияси ва рақами, АТ Халқ банки филиалининг номи, унинг манзили (почта манзили), омонатчининг фамилияси, исми ва отасининг исми, 20 та белгили шахсий ҳисобварақ рақами, валюта тури, омонат тури (номи, йиллик фоизи, муддати ва бошқа шартлари), назоратчи, бош бухгалтер ва филиал раҳбарининг фамилияси, исми, отасининг исми, уларнинг имзоси ҳамда филиал муҳри ўрни учун жой кўрсатилиши лозим.


5. Омонат ҳисобварағи бўйича фоиз ставкасининг миқдори АТ Халқ банки томонидан Ўзбекистон Республикасининг "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ ўрнатилади.

Ҳар йилнинг 10 январига қадар, шунингдек омонат фоиз ставкасининг ҳар бир ўзгаришида АТ Халқ банки бу ҳақда ёзма равишда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигини хабардор қилади.


6. Чақирилувчи муддатли ҳарбий хизмат давомида АТ Халқ банки билан тузилган банк омонати шартномаси ва омонат дафтарчасини, шунингдек уларнинг нусхаларини ўзида сақлаши керак.


7. Туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимлари бошлиқлари чақирилувчиларни хизмат жойларига жўнатишдан олдин ҳар бир чақирилувчига омонат ҳисобварағи очилганлиги, АТ Халқ банки билан банк омонати шартномаси тузилганлигини, уларнинг нусхалари мавжудлигини шахсан текширади, шунингдек чақирилувчилар ўртасида пул таъминотини тўлаш тартиби тўғрисида тушунтириш ишларини ўтказади.


8. Ҳарбий хизматчи резервга (захирага) бўшатилгунга қадар омонат ҳисобварағини ёпиши мумкин эмас.

Ҳарбий хизматчи резервга (захирага) бўшатилгандан сўнг унинг аризаси асосида омонат ҳисобварағидаги пул маблағи ва тўланиши лозим бўлган фоизлар белгиланган тартибда омонат эгаси номига АТ Халқ банкида очилган пластик карточкага ўтказилади. Бунда пластик карточкаларни очиш учун ҳақ ундирилмайди.

Омонат суммасини бошқа шахсларнинг пластик карточкаларига, шунингдек омонат эгаси томонидан бошқа банкларда очилган пластик карточкаларга ўтказиш қатъий тақиқланади.


9. Ҳарбий хизматчига унинг яқин қариндошининг соғлиги оғир аҳволда эканлиги ёки вафот этганлиги муносабати билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда таътил берилган ҳолларда омонат ҳисобварағидаги маблағ ёки унинг бир қисми муддатидан олдин ҳарбий хизматчи томонидан пластик карточкага тушириб олиниши мумкин.



3-БОБ. ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИ ПУЛ ТАЪМИНОТИНИНГ

БИР ҚИСМИНИ ОМОНАТ ҲИСОБВАРАҒИГА ЎТКАЗИШ


10. Ҳарбий хизматчи пул таъминотининг омонат ҳисобварағига ўтказиладиган фоиздаги миқдори Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг буйруғи билан белгиланади.


11. Ҳарбий хизматчи ҳарбий қисмга етиб келгач, белгиланган тартибда ҳарбий қисм қўмондонлиги номига пул таъминотининг бир қисмини унинг омонат ҳисобварағига ўтказиш ва қолган миқдорини нақд пулда тўланиши тўғрисидаги билдирги тақдим этади.


12. Ҳарбий хизматчи ўз билдиргисига банк омонати шартномасининг ва омонат дафтарчасининг нусхаларини илова қилади.


13. Ҳарбий хизматчиларнинг билдиргиларини кўриб чиқиш натижалари бўйича ҳарбий хизматчининг лавозими, фамилияси, исми ва отасининг исми (қисқартиришларсиз), омонат ҳисобварағига ўтказилиши лозим бўлган пул суммаси, омонат ҳисобварағи очилган банк филиалининг номи ва омонат ҳисобварағи рақамлари кўрсатилган ҳолда ҳарбий қисм командирининг буйруғи чиқарилади.


14. Ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан ҳарбий хизматчиларнинг пул маблағларини АТ Халқ банкидан ташқари бошқа банкларда очилган омонат ҳисобварақларига ўтказиш тақиқланади.


15. Маълумотнинг сақланиши ва махфийликни таъминлаш мақсадида ҳарбий хизматчилар ҳарбий хизматни ўтаётган барча ҳарбий қисмлар фуқаро ходимларининг пластик карточкаларига хизмат кўрсатиш учун АТ Халқ банкининг филиалларида ҳисоб рақамларини очадилар.

АТ Халқ банки филиаллари томонидан ҳарбий қисмлар фуқаро ходимларига пластик карточкалар очиш учун ҳақ ундирилмайди.


16. Ҳарбий қисм командирининг буйруғига асосан ҳарбий қисмнинг молия органи ҳар ойнинг ўнинчи санасига қадар ҳарбий қисм жойлашган ердаги АТ Халқ банки филиалига фуқаро ходимлар иш ҳақининг ва ҳарбий хизматчилар пул таъминотининг бир қисмини тўлов топшириғи билан ўтказиб беради. Тўлов топшириғига реестр (АТ Халқ банки филиали МФОси, фамилия, исм ва отасининг исми (қисқартиришларсиз), 20 та хонали шахсий ҳисобварақ рақами, ўтказилиши лозим бўлган пул суммаси, сана кўрсатилган ҳолда) илова қилинади.

Ҳарбий қисм томонидан АТ Халқ банки филиалига жўнатиладиган реестрда фуқаро ходимларининг ҳам ҳарбий хизматчиларнинг ҳам, лавозимлари кўрсатилмайди. Фуқаро ходимлар ва ҳарбий хизматчиларга алоҳида-алоҳида реестр тузиш ва тақдим этиш қатъий тақиқланади. Реестрнинг ҳар бир саҳифасида жами пул суммаси кўрсатилади, реестрнинг ҳар бир саҳифаси ҳарбий қисм командири ва ҳарбий қисм молия органи бошлиғи томонидан имзоланади ҳамда ҳарбий қисмнинг муҳри билан тасдиқланади.


17. Ҳарбий қисм тақдим этган реестрлар асосида АТ Халқ банки филиаллари уч банк иш куни мобайнида тегишли пул суммаларини реестрда кўрсатилган ҳисобварақларга ўтказилишини таъминлайди.

Ҳарбий қисмнинг молия органи ҳар ойда реестр ва АТ Халқ банки филиалининг ҳарбий хизматчининг омонат ҳисобварағидан кўчирмаси асосида омонат ҳисобварақларига ўтказилган пул маблағлари ҳақидаги қайдларни ҳарбий хизматчиларнинг омонат дафтарчалари нусхаларига ёзиб боради.


18. Ҳарбий қисм тақдим этган реестр билан АТ Халқ банки филиалларининг ҳисобга олиш маълумотлари ўртасида тафовутлар аниқланган ҳолатларда ўтказилган пул маблағлари АТ Халқ банки филиаллари томонидан икки банк иш кунидан кечиктирмасдан маблағлар ўтказилишини амалга оширган ҳарбий қисмга қайтариб берилади (фамилия, исм ва отасининг исми (қисқартиришларсиз), ўтказилиши лозим бўлган пул суммаси ва қайтариб бериш сабабларини кўрсатган ҳолда).

Ҳарбий қисмнинг молия органи АТ Халқ банки филиаллари томонидан қайтариб берилган пул маблағларининг тўлиқлиги, пул суммасининг тақдим этилган реестрга мос келишини текширади, аниқланган камчиликлар ой тугагунга қадар бўлган муддат ичида бартараф этилгандан сўнг пул суммасини ҳарбий қисм жойлашган жойдаги АТ Халқ банкининг филиалига ўтказиб беради.


19. Омонат дафтарчаси ёки пластик карточка йўқотилганлиги учун уларнинг эгасидан АТ Халқ банки тарифларига мувофиқ жарима ундирилади.


20. Ҳарбий хизматчиларнинг пул таъминотини ўтказиш учун АТ Халқ банкида очилган омонат ҳисобварақларини юритиш Ўзбекистон Республикаси банкларида депозит операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (рўйхат рақами 2711, 2015 йил 26 август) мувофиқ амалга оширилади.



4-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


21. Банк омонати шартномаларининг ўз вақтида тузилишини ташкиллаштириш, банк омонати шартномалари ва омонат дафтарчалари нусхаларининг мавжудлиги учун жавобгарлик туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимларининг бошлиқлари зиммасига, АТ Халқ банки филиалларининг ҳисоб-рақамларига маблағларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ўтказилиши, маблағларнинг бошқа банкларга ўтказилишига йўл қўймаслик учун жавобгарлик ҳарбий қисм қўмондонлигига юклатилади.


22. Омонат ҳисобварақларининг тўғри юритилиши, фоизларнинг тўлиқ ҳисобланиши ва улар бўйича операцияларнинг ўз вақтида амалга оширилиши учун жавобгарлик АТ Халқ банки филиаллари бошлиқлари зиммасига юклатилади.


23. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг АТ Халқ банкига юбориладиган сўровномасига мувофиқ ва АТ Халқ банки Бошқарувининг рухсатида белгиланган муддат давомида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги назорат-тафтиш бошқармаси томонидан АТ Халқ банки филиалларида омонат ҳисобварақлари бўйича ўтказилган операциялар юзасидан текшириш ўтказилиши мумкин.


24. Ҳар чоракда бир марта, келгуси ҳисобот ойининг ўн бешинчи санасига қадар АТ Халқ банки филиали ва ҳарбий қисм молия органи томонидан омонат ҳисобварақларга кирим қилиш учун ўтказилган маблағлар бўйича солиштириш амалга оширилади ва тегишли далолатнома тузилади.


25. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва АТ Халқ банки билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 14 март, 10-сон, 100-модда















































Время: 0.2152
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск