ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Саноат / Металлургия. Қора ва рангли металл чиқиндилари ва парчаларини йиғиш /

"Навоий кон-металлургия комбинати" Давлат корхонасининг Кузатувчи кенгаши тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 04.04.2008 й. 62-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2008 йил 4 апрелдаги

62-сон қарорига

2-ИЛОВА



"Навоий кон-металлургия комбинати" Давлат

корхонасининг Кузатувчи кенгаши тўғрисида

НИЗОМ


1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1.1. Ушбу Низом "Навоий кон-металлургия комбинати" Давлат корхонасининг Кузатувчи кенгашини (кейинги ўринларда "Кузатувчи кенгаш" деб аталади) ташкил этиш ва унинг фаолияти тартибини, шунингдек Кузатувчи кенгаш аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди.


1.2. Кузатувчи кенгаш "Навоий кон-металлургия комбинати" Давлат корхонаси (кейинги ўринларда "Комбинат" деб аталади) фаолиятини бошқариш самарадорлигини ошириш мақсадида ташкил этилади. Кузатувчи кенгашнинг таркиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланади.


1.3. Кузатувчи кенгаш аъзолари бошқа ишга ўтганда унинг таркибига асосий иш жойида ушбу лавозимга янгидан тайинланган шахслар киритилади.


1.4. Кузатувчи кенгаш ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, Комбинат Уставига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.


1.5. Вазирлар Маҳкамасининг Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари ахборот-таҳлил департаментининг металлургия ва қимматбаҳо металлар шўъбаси Кузатувчи кенгашнинг ишчи органи ҳисобланади.

1.6. Кузатувчи кенгаш аъзоларининг ваколатлари, шунингдек Кузатувчи кенгашнинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан тўхтатилиши мумкин.



2. КУЗАТУВЧИ КЕНГАШНИНГ ВАКОЛАТЛАРИ


2.1. Кузатувчи кенгашнинг ваколатларига қуйидагилар тегишлидир:

қимматбаҳо ва нодир металлар, уран ва фосфор хом ашёсини қазиб олиш учун минерал-хом ашё базадан тўлиқроқ ва самарали фойдаланиш мақсадида Комбинатнинг стратегик вазифаларини ва уни истиқболли ривожлантириш йўналишларини белгилаш;

қимматбаҳо ва нодир металларнинг янги очилган конларида ва ишлаб турган конларида кавлаб олишни ўзлаштириш ва кенгайтириш мақсадида Комбинатни ривожлантиришнинг ўрта муддатли ва узоқ муддатли дастурлари ишлаб чиқилишини ташкил этиш;

замонавий илмий-техник ютуқларга мувофиқ модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш, ишлаб чиқаришнинг янги технологияларини жорий этиш дастурлари ва лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва улар амалга оширилишини назорат қилиш;

кейинчалик Вазирлар Маҳкамасига киритиш учун қимматбаҳо металлар ишлаб чиқариш бўйича ҳар йиллик давлат буюртмасини кўриб чиқиш ва маъқуллаш;

қимматбаҳо металлар ишлаб чиқариш бўйича белгиланган тартибда тасдиқланган давлат буюртмаси бажарилишини таъминлаш учун зарур бўлган Комбинат фаолиятининг ҳар йиллик ишлаб чиқариш бизнес-режаларини, инвестиция дастурларини ва бошқа ташкилий-техник чора-тадбирларни тасдиқлаш, шунингдек уларнинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқиш;

Комбинат молия-хўжалик фаолиятининг, зарурият бўлганда, мустақил экспертлар ва аудиторларни жалб этган ҳолда, шу жумладан тузиладиган контрактлар, молиялаштириш схемалари ва шартларини экспертизадан ўтказган ҳолда, ички аудит хизмати томонидан йилнинг ҳар чорагида ўрганилишини ташкил этиш;

қўшма корхоналар ташкил этиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш;

Комбинатнинг ишлаб чиқариш ва молия-хўжалик фаолияти тўғрисида ижро этувчи органнинг ҳисоботини йилнинг ҳар чорагида эшитиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари асосида Комбинат бош директорини ёллаш тўғрисида Муассиснинг номидан меҳнат шартномаси тузиш ва уни бекор қилиш;

ташкилий тузилмани ва Комбинатни бошқариш аппарати тузилмасини маъқуллаш;

ички аудит хизматини ташкил этиш ва унинг ходимларини тайинлаш;

ижро этувчи орган фаолияти тартибини белгилайдиган ҳужжатларни тасдиқлаш;

Миқдори Комбинат активларининг 10 фоизидан ортиқни ташкил этадиган мол-мулкни сотиб олиш ва ўзгага бериш билан боғлиқ битимлар тузилишини маъқуллаш.

Кузатувчи кенгашнинг ваколатига тегишли бўлган масалалар ҳал этиш учун Комбинатнинг ижро этувчи органига берилиши мумкин эмас.


2.2. Комбинат Кузатувчи кенгашининг ваколатига ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари узил-кесил ҳамда Кузатувчи кенгаш аъзолари ва Комбинатнинг ижро этувчи органи бажариши учун мажбурий ҳисобланади.



3. КУЗАТУВЧИ КЕНГАШ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


3.1. Кузатувчи кенгашнинг ваколатига тегишли деб топилган масалалар бўйича қарорлар унинг мажлисларида қабул қилинади.


3.2. Кузатувчи кенгаш мажлиси заруриятга кўра, бироқ бир чоракда камида бир марта ўтказилади.


3.3. Кузатувчи кенгаш аъзолари масалани Кузатувчи кенгаш мажлиси кун тартибига киритиш тўғрисида ёзма таклиф юборишга ҳақлидир. Масалани кун тартибига киритиш тўғрисидаги таклифда масаланинг аниқ таърифи, маърузачининг фамилияси, исми ва отасининг исми, таклиф этилаётган қарор лойиҳаси ва Кузатувчи кенгаш мажлиси кун тартиби масаласи бўйича материаллар кўрсатилиши керак.


3.4. Узил-кесил кун тартиби Кузатувчи кенгаш мажлисида тасдиқланади.


3.5. Кузатувчи кенгаш мажлисида Кузатувчи кенгаш кун тартибида кўрсатилмаган масалалар кўриб чиқилмайди.


3.6. Кузатувчи кенгаш фаолиятини ташкилий-техник таъминлашни Кузатувчи кенгашнинг ишчи органи амалга оширади.


3.7. Кузатувчи кенгаш мажлисини ўтказиш учун кворум Кузатувчи кенгашнинг тайинланган аъзолари сонининг камида етмиш беш фоизидан иборат бўлиши керак.


3.8. Комбинатнинг Кузатувчи кенгаши мажлисида қарорлар ҳозир бўлганларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Кузатувчи кенгаш мажлиси кун тартиби масалалари бўйича қарорлар қабул қилишда Кузатувчи кенгашнинг ҳар бир аъзоси бир овозга эга бўлади. Кузатувчи кенгаш аъзолари овозлари тенг бўлган тақдирда, раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.


3.9. Овознинг Кузатувчи кенгаш бир аъзоси томонидан Кузатувчи кенгашнинг бошқа аъзосига берилишига йўл қўйилмайди.


3.10. Кузатувчи кенгаш раисига Кузатувчи кенгаш мажлиси ўтказиладиган санагача камида 7 календарь кундан кечикмай ишчи орган томонидан:

Кузатувчи кенгаш мажлиси кун тартиби лойиҳаси;

Кузатувчи кенгаш мажлиси кун тартиби масалалари бўйича Кузатувчи кенгаш қарорлари лойиҳалари;

Кузатувчи кенгаш мажлиси кун тартиби масалалари бўйича ҳужжатлар ва ахборот материаллари тақдим этилади.


3.11. Кузатувчи кенгаш раиси томонидан маъқулланган кун тартиби лойиҳаси ва тегишли материаллар Кузатувчи кенгаш мажлиси ўтказиладиган санагача беш кундан кечикмай Комбинатнинг Кузатувчи кенгаши аъзоларига юборилади.

Айни бир вақтда Кузатувчи кенгашнинг ҳар бир аъзосига Кузатувчи кенгаш мажлиси ўтказилиши тўғрисидаги билдиришнома юборилади. Билдиришнома электрон, факсимил алоқа, телефонограмма орқали ёки Кузатувчи кенгаш аъзосига шахсан топшириш йўли билан юборилиши мумкин ва Кузатувчи кенгаш мажлиси ўтказиладиган сана, вақт ва жой тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак.


3.12. Кузатувчи кенгаш мажлисига ахборотлар (материаллар) Кузатувчи кенгашнинг ишчи органи томонидан Комбинатнинг ижро этувчи органи билан биргаликда тайёрланади.


3.13. Зарурият бўлганда Кузатувчи кенгаш мажлиси ўтказиладиган сана, вақт ва жой Кузатувчи кенгаш аъзолари кўпчилигининг розилиги билан ўзгартирилиши мумкин.


3.14. Зарурият бўлганда Кузатувчи кенгаш мажлиси Кузатувчи кенгашнинг ҳозир бўлган барча аъзоларининг розилиги билан кечиктирилиши мумкин.


3.15. Кузатувчи кенгаш мажлисида баённома юритилади. Кузатувчи кенгаш мажлиси баённомаси мажлис ўтказилган санадан бошлаб ўн кундан кечикмай расмийлаштирилади.


3.16. Кузатувчи кенгаш мажлиси баённомасида:

мажлис ўтказиладиган жой ва вақт;

Кузатувчи кенгаш мажлисида ҳозир бўлган шахслар;

Кузатувчи кенгаш мажлисининг кун тартиби;

овоз беришга қўйилган масалалар, улар бўйича овоз бериш якунлари;

қабул қилинган қарорлар кўрсатилади.


3.17. Кузатувчи кенгаш мажлиси баённомаси раислик қилувчи ва Кузатувчи кенгаш мажлисида ҳозир бўлган аъзолар томонидан имзоланади.


3.18. Кузатувчи кенгашнинг сиртдан овоз берган аъзоларининг ёзма шаклда ифодаланган ва уларнинг ўз қўллари билан имзоланган фикри Кузатувчи кенгаш мажлиси баённомасига тиркаб қўйилади.


3.19. Кузатувчи кенгаш баённомалари асл нусхалари сақланишини Кузатувчи кенгаш котиби таъминлайди. Баённомаларга хронологик тартибда тартиб рақамлари қўйилади, муфассал тартиб рақамига, алоҳида ҳужжатлар йиғма жилдига эга бўлади ва фойдаланиш чекланган ахборотларга эга бўлган ҳужжатлар учун белгиланган тартибда сақланади.


3.20. Кузатувчи кенгаш мажлиси баённомалари Кузатувчи кенгаш котиби томонидан Комбинатнинг бош директорига, Кузатувчи кенгаш раиси ва аъзоларига юборилади.



4. КУЗАТУВЧИ КЕНГАШ РАИСИ


4.1. Кузатувчи кенгаш раиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тайинланади.


4.2. Кузатувчи кенгаш раиси унинг ишини ташкил этади, Кузатувчи кенгаш мажлисини чақиради ва унда раислик қилади.



5. КУЗАТУВЧИ КЕНГАШ АЪЗОЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


5.1. Кузатувчи кенгаш аъзоси:

Кузатувчи кенгаш мажлисида шахсан қатнашиш, ажратилган вақт регламенти доирасида мажлисда муҳокама қилинаётган масала бўйича сўзга чиқиш;

Кузатувчи кенгашнинг қарорига рози бўлмаган тақдирда, мажлис баённомасига тиркаб қўйиладиган ўзининг алоҳида фикрини баён қилиш;

Кузатувчи кенгашнинг қарори бўйича Комбинат фаолиятига тегишли ҳужжатлардан фойдаланиш ва уларни Кузатувчи кенгашга юкланган мажбуриятларни бажариш учун ижро этувчи органдан талаб қилиш ҳуқуқига эга. Олинган ҳужжатлардан Кузатувчи кенгаш ва унинг аъзолари фақат хизмат мақсадларида фойдаланадилар.


5.2. Кузатувчи кенгаш аъзолари ўртасида функцияларни тақсимлаш Кузатувчи кенгаш раиси томонидан амалга оширилади.


5.3. Кузатувчи кенгаш аъзолари Кузатувчи кенгаш ишида қатнашганлиги учун мукофот пули олиш ҳуқуқига эгадир.


5.4. Кузатувчи кенгаш аъзолари ўз вазифаларини ҳалол ва давлат манфаатларини кўзлаб амалга оширишга мажбурдир.



6. КУЗАТУВЧИ КЕНГАШ АЪЗОЛАРИНИНГ

ЖАВОБГАРЛИГИ


6.1. Кузатувчи кенгаш аъзолари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ Муассис олдида жавоб берадилар.



7. КУЗАТУВЧИ КЕНГАШ ТЎҒРИСИДАГИ

НИЗОМГА ЎЗГАРТИРИШ ВА

ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ


7.1. Кузатувчи кенгаш тўғрисидаги Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан белгиланган тартибда амалга оширилади.


7.2. Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига ушбу Низомнинг айрим бандларига зид бўлган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган тақдирда, Кузатувчи кенгаш Ўзбекистон Республикасининг кейинроқ қабул қилинган қонунчилик нормаларига амал қилиши шарт.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 14-15-сон, 103-модда.










































Время: 0.0068
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск