язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Саноат/ Қимматбаҳо ва нодир металлар, қимматбаҳо тошлар қазиб олиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 09.03.2004 й. 112-сон Қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2004 йил 9 мартдаги

112-сон қарорига

1-ИЛОВА



Қимматбаҳо ва нодир металлар,

қимматбаҳо тошлар қазиб олиш

фаолиятини лицензиялаш тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом қимматбаҳо ва нодир металлар, қимматбаҳо тошлар қазиб олиш фаолиятини лицензиялаш тартибини белгилайди.


2. Лицензия бериш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, шунингдек уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш тўғрисидаги қарорлар Вазирлар Маҳкамасининг Қимматбаҳо ва нодир металлар, қимматбаҳо тошлар қазиб олиш фаолиятини лицензиялаш комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) томонидан қабул қилинади.

Комиссия фаолияти Комиссия томонидан тасдиқланадиган низомга мувофиқ ташкил этилади.


3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси ("Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси) (кейинги ўринларда "ишчи орган" деб юритилади) Комиссиянинг ишчи органи функциясини бажаради.

Лицензиялар бериш ёки уларнинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги материалларни кўриб чиқиш, тайёрлаш ва Комиссия мажлисига киритиш учун ишчи органда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Давлат геология қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси, Марказий банк ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлиги ва бошқа ташкилотлар мутахассисларидан эксперт гуруҳи ташкил этилади. Эксперт гуруҳининг шахсий таркиби ва гуруҳ тўғрисидаги низом Комиссия томонидан тасдиқланади.

4. Фақат юридик шахслар лицензия талабгори бўлишлари мумкин.


5. Қимматбаҳо ва нодир металлар, қимматбаҳо тошлар қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига намунавий (оддий) лицензия берилади.

Лицензия талабгорининг аризасига кўра лицензия умуман фаолият турига ёхуд унинг бир қисмига берилади.


6. Қимматбаҳо ва нодир металлар, қимматбаҳо тошлар қазиб олиш фаолиятини амалга оширишга лицензия 5 йил муддатга берилади.


II. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИ


7. Қуйидагилар қимматбаҳо ва нодир металлар, қимматбаҳо тошлар қазиб олиш фаолиятини амалга оширишда лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

лицензиат томонидан Ўзбекистон Республикасининг ер ости бойликлари ва табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, шунингдек техника хавфсизлиги, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига, санитария нормалари ва талабларига мажбурий тарзда риоя қилиниши;

лицензияланадиган фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган моддий-техника базаси, асбоб-ускуналар ва бошқа техника воситаларининг мавжуд бўлиши;

қимматбаҳо ва нодир металлар, қимматбаҳо тошлар қазиб олинишини белгилаб берадиган зарур норматив-техник ҳужжатлар мавжуд бўлиши;

фойдали қазилмаларни бойитишнинг лойиҳа технологияларига риоя этилиши;

қимматбаҳо ва нодир металлар, қимматбаҳо тошларнинг бутлиги, уларнинг сақланиши ва уларни транспортда ташиш, топшириш ва реализация қилишга нисбатанқўйиладиган талабларга риоя этилиши;

Лицензия расмийлаштирилгандан кейин олинадиган Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлиги Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасининг (қимматбаҳо металлар ва тошлар қазиб олиш амалга оширилган тақдирда) рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасининг мавжуд бўлиши;

қимматбаҳо ва нодир металлар, қимматбаҳо тошлар белгиланган тартибда ҳисобга олиниши ва хатловдан ўтказилиши таъминланиши;

қимматбаҳо ва нодир металлар, қимматбаҳо тошлар қазиб олиш соҳасида олий ёки ўрта махсус маълумотга эга бўлган зарур миқдордаги мутахассисларнинг бўлиши;

сурункали руҳий касалликлар, гиёҳвандлик юзасидан дипансер ҳисобида турадиган, шунингдек қимматбаҳо ва нодир металлар, қимматбаҳо тошлар билан муомала қилиш соҳасида қасддан жиноят этганлиги учун муддати ўталмаган ёки олиб ташланмаган судланганлиги бўлган шахсларнинг ходимлар ўртасида йўқлиги;

Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси ва Қимматбаҳо металлар агентлиги ҳамда бошқа ваколатли органлар вакилларининг минерал хом ашё қазиб олиш устидан давлат назоратини амалга ошириш учун корхонага киритилиши таъминланиши.

Лицензия битимида ушбу бандда санаб ўтилганлардан келиб чиқадиган аниқ лицензия талаблари ва шартлари назарда тутилиши мумкин.


8. Қимматбаҳо ва нодир металлар, қимматбаҳо тошлар қазиб олишни амалга оширишда фойдаланиладиган моддий-техника базага, асбоб-ускуналар ва бошқа техник воситаларга қўйиладиган талаблар "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси, Қимматбаҳо металлар агентлиги, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Давлат геология қўмитасининг таклифлари асосида Комиссия томонидан тасдиқланади.


III. ЛИЦЕНЗИЯ ОЛИШ УЧУН

ЗАРУР БЎЛГАН ҲУЖЖАТЛАР


9. Лицензия олиш учун лицензия талабгори қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

лицензия бериш тўғрисидаги ариза, унда қуйидагилар кўрсатилади: юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банк муассасасидаги ҳисоб рақами, юридик шахс амалга оширишни мўлжаллаётган фаолиятнинг лицензияланадиган тури (унинг бир қисми);

юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

сурункали руҳий касалликлар, гиёҳвандлик юзасидан дипансер ҳисобида турадиган, шунингдек қимматбаҳо ва нодир металлар, қимматбаҳо тошлар билан муомала қилиш соҳасида қасддан жиноят этганлиги учун муддати ўталмаган ёки олиб ташланмаган судланганлиги бўлган шахсларнинг ходимлар ўртасида йўқлиги;

қимматбаҳо ва нодир металлар, қимматбаҳо тошлар қазиб олиш билан бевосита шуғулланадиган ходимларнинг рўйхати, рўйхатда уларнинг маълумоти бўйича мутахассислиги, эгаллаб турган лавозими, лицензияланадиган фаолият тури бўйича иш стажи кўрсатилади;

ишчи орган томонидан ариза кўриб чиқилганлиги учун лицензия талабгори томонидан йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси.

Лицензияловчи орган лицензия бериш учун бошқа ваколатли органларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатлар ва ахборотларни белгиланган тартибда ўзаро ахборот ҳамкорлиги йўли билан, шу жумладан электрон тарзда мустақил равишда олади, ушбу бандда назарда тутилган ҳужжатлар ва ахборотлар бундан мустасно.

10. Лицензия талабгоридан мазкур Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларнинг тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.


11. Ҳужжатлар лицензия талабгори томонидан ишчи органга бевосита ёхуд олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқаси воситаси орқали етказиб берилади.

Ҳужжатлар эксперт гуруҳининг масъул ходими томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхатнинг нусхаси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда ариза берувчига юборилади (топширилади).


12. Нотўғри ёки бузилган маълумотлар тақдим этилганлиги учун лицензия талабгори қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.



IV. АРИЗАНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА ЛИЦЕНЗИЯ

БЕРИШ ЁКИ ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШНИ РАД ЭТИШ

ТЎҒРИСИДА ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ


13 Лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Лицензиатнинг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун йиғим суммаси ишчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади. Лицензия талабгори берилган аризадан воз кечган тақдирда тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.


14. Қимматбаҳо ва нодир металлар, қимматбаҳо тошлар қазиб олиш фаолиятини лицензиялаш ушбу Низомга илова қилинаётган схемага мувофиқ амалга оширилади.

Лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор лицензия талабгорининг аризаси олинган кундан бошлаб ўттиз кундан ортиқ бўлмаган муддатда қабул қилинади.

Ҳужжатлар қабул қилиб олинган кунда кўриб чиқиш учун эксперт гуруҳига киритилади.

Эксперт гуруҳи ариза олинган кундан бошлаб йигирма кундан ортиқ бўлмаган муддатда ҳужжатларни кўриб чиқади, улар бўйича эксперт хулосаси тайёрлайди ва лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги таклифни тегишли қарор протоколи лойиҳаси билан тасдиқлаш учун Комиссияга киритади.

Лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларига мувофиқлигини аниқлаш учун ишчи орган, шу жумладан эксперт гуруҳи юқорида кўрсатилган муддат ичида:

фаолиятнинг лицензияланадиган турини амалга ошириш учун лицензия талабгорининг мавжуд шарт-шароитларни жойнинг ўзига бориб баҳолаш;

тегишли хулосалар тайёрлаш учун экспертларни шартнома асосида жалб этиш ҳуқуқига эгадир.

Комиссия эксперт гуруҳи таклифи олингандан кейин ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда уни кўриб чиқади ҳамда қабул қилинган қарор тўғрисидаги протоколни тасдиқлайди. Комиссия томонидан қабул қилинган қарор протоколи Комиссия раиси (унинг ўринбосари) томонидан имзоланади.


15. Ишчи орган тегишли қарор қабул қилингандан кейин уч кун муддатда лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида хабардор қилади.

Лицензия беришга қарор қилинганлиги тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига банк ҳисоб рақами реквизитлари, давлат божи тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади).

Лицензия битими ишчи орган ва лицензиат ўртасида тузилади ва унда қуйидагилар бўлиши керак:

битимни имзолаган шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими;

томонларнинг реквизитлари;

амалга оширилишига лицензия берилаётган фаолият турининг номи;

лицензиянинг амал қилиш муддати;

лицензиатга қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари;

лицензия битими талаблари ва шартлари бузилганлиги учун томонларнинг жавобгарлиги;

лицензиат томонидан лицензия битими талаблари ва шартлари бажарилишининг ишчи орган томонидан назорат қилиниши тартиби.

Лицензия битими икки нусхада - лицензиат ва ишчи орган учун бир нусхадан тузилади.


16. Лицензиялар бланкалари қатъий ҳисобда турадиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлади. Лицензиялар бланкалари намуналари ишчи орган томонидан ишлаб чиқилади, Комиссия томонидан тасдиқланади ҳамда ишчи орган буюртманомасига кўра "Давлат белгиси" давлат-ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан босмахона усулида тайёрланади. Лицензиялар бланкалари ҳисобга олиниши, сақланиши ва мақсадли фойдаланилиши учун "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси раҳбари шахсан жавоб беради.

Лицензиялар ишчи орган томонидан расмийлаштирилади ва Комиссия раиси томонидан имзоланади.


17. Лицензия лицензия талабгори томонидан давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан ва лицензия битими имзолангандан кейин уч кун муддатда берилади.


18. Агар лицензиат лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган (топширилган) вақтдан бошлаб уч ой мобайнида ишчи органга лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаса ёхуд лицензия битимини имзоламаса, Комиссия лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.


19. Лицензия бериш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасида назарда тутилган асослар бўйича рад этилиши мумкин.

Лицензия талабгори лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор, шунингдек ишчи орган мансабдор шахсининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эгадир.


20. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда рад этиш тўғрисидаги билдиришнома лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб ҳужжатларни қайта кўриб чиқишга тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (топширилади). Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.

21. Лицензия талабгори томонидан лицензия бериш рад этилишига асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда, ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш лицензия талабгорининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда олинган кундан бошлаб ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади.

Бунда эксперт гуруҳи ҳужжатлар қайта тақдим этилгандан кейин беш кун мобайнида улар бўйича эксперт хулосаси тайёрлайди, лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги таклифни тегишли қарор протоколи лойиҳаси билан тасдиқлаш учун Комиссияга киритади.

Комиссия эксперт гуруҳи таклифи олингандан кейин беш кун муддатда уни кўриб чиқади ва қабул қилинган қарор тўғрисидаги протоколни тасдиқлайди. Комиссия томонидан қабул қилинган қарор протоколи Комиссия раиси (унинг ўринбосари) томонидан имзоланади.

Лицензия талабгорларининг аризалари такроран кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

Лицензия талабгорининг аризасини қайта кўриб чиқишда илгари лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

Лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.



V. ЛИЦЕНЗИЯЛАРНИ ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ,

УЛАРНИНГ АМАЛ ҚИЛИШ МУДДАТИНИ

УЗАЙТИРИШ, ДУБЛИКАТ БЕРИШ


22. Лицензиат қайта ташкил этилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин бир ой муддатда ишчи органга кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.

23. Лицензиат лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар унда кўрсатилган фаолиятни илгари берилган лицензия асосида амалга оширади.


24. Лицензияни қайта расмийлаштиришда ишчи орган лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади. Лицензияни қайта расмийлаштириш ишчи орган томонидан тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияларни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза олинган кундан бошлаб беш кун мобайнида амалга оширилади.

Лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси ишчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади.


25. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш лицензиатнинг аризасига кўра амалга оширилади.

Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза ишчи органга лицензиянинг амал қилиш муддати ўтгунга қадар икки ойдан кечикмай берилиши керак.

Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш ёки узайтиришни рад этиш лицензия бериш учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади.


26. Йўқолган ёки амал қилиш муддати ўтмаган яроқсиз ҳолга келган лицензия ўрнига лицензиатнинг аризасига кўра унинг дубликати берилиши мумкин.

Лицензияларнинг дубликатларини беришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси ишчи орган ҳисоб рақамига ўтказилади.



VI. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИГА

РИОЯ ЭТИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


27. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назорат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишчи орган томонидан амалга оширилади.


28. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишда ишчи орган ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда режали текшириш;

лицензия талаблари ва шартлари лицензиат томонидан бузилганлигидан далолат берувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини қонунда белгиланган тартибда режадан ташқари текшириш;

лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида пайдо бўладиган масалалар юзасидан лицензиатдан зарур ахборотни сўраш ва олиш;

текширишлар натижалари асосида лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларининг аниқ бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;

лицензиатга аниқланган бузилишларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай бузилишларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;

лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш ёки уни бекор қилиш тўғрисида Комиссияга кўриб чиқиш учун таклифлар киритиш.


29. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текширишда ишчи органнинг текширувчи ходимлари томонидан икки нусхада далолатнома тузилади, уларнинг биттаси лицензиатга берилади, иккинчи нусхаси ишчи органда қолади.



VII. ЛИЦЕНЗИЯНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ, ТЎХТАТИШ,

ЛИЦЕНЗИЯНИ БЕКОР ҚИЛИШ


30. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ишчи орган томонидан амалга оширилади.

Ишчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиниши мумкин. Лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилиши асоссиз эканлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда, ишчи орган лицензиат олдида лицензиат кўрган зарар миқдорида жавоб беради.


31. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддасида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда Комиссия қарорига кўра амалга оширилади.

Комиссиянинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиниши мумкин. Лицензиянинг амал қилиши тўхтатилиши асоссиз эканлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда, Комиссия лицензиат олдида лицензиат кўрган зарар миқдорида жавоб беради.


32. Лицензияни бекор қилиш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддасида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда Комиссия қарорига кўра амалга оширилади.

Комиссиянинг лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиниши мумкин. Лицензиянинг бекор қилиниши асоссиз эканлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда, Комиссия лицензиат олдида лицензиат кўрган зарар миқдорида жавоб беради.



VIII. ЛИЦЕНЗИЯЛАР РЕЕСТРИ


33. Ишчи орган лицензиялар реестрини юритади. Лицензиялар реестрида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

юридик шахснинг номи, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, телефон рақами;

лицензиянинг берилган санаси ва тартиб рақами;

лицензияланадиган фаолият тури номи;

лицензиянинг амал қилиш муддати;

лицензияни қайта расмийлаштириш, унинг амал қилиш муддатини узайтириш, тўхтатиб туриш ва тиклашнинг асослари ва санаси;

лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш асослари ва санаси;

лицензияни бекор қилишнинг асослари ва санаси;

дубликат бериш асослари ва санаси.


34. Лицензияларнинг реестрларида мавжуд бўлган маълумотлар лицензияловчи органнинг веб-сайтида жойлаштирилади ва танишиш учун очиқ бўлади.


IХ. ДАВЛАТ БОЖИНИ ТЎЛАШ ТАРТИБИ


35. Лицензия берилганлиги ва унинг амал қилиш муддати узайтирилганлиги учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида давлат божи ундирилади.


36. Лицензия берилганлиги учун давлат божи республика бюджетига ўтказилади.





Низомга

ИЛОВА



Қимматбаҳо ва нодир металлар,

қимматбаҳо тошлар қазиб олиш

фаолиятини лицензиялаш

СХЕМАСИ

Босқичлар




Субъектлар



Тадбирлар


Бажариш муддатлари





1-босқич

Лицензия талабгори -

юридик шахс



    

1. Қимматбаҳо ва нодир металлар, қимматбаҳо тошлар қазиб олиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги Низомда назарда тутилган рўйхатга мувофиқ лицензия олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлайди.

2. "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекциясига ҳужжатларни бевосита ёхуд уларнинг олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқа воситаси орқали тақдим этади.

       


Лицензия талабгори хоҳишига кўра





















2-босқич

"Саноатгео-

контехназорат"

давлат

инспекцияси

эксперт гуруҳи



        

1. Лицензия олиш учун тақдим этилган ҳужжатлар "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси эксперт гуруҳи масъул котиби томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, нусхаси ҳужжатларни қабул қилиш санаси кўрсатилган ҳолда ариза берувчига юборилади (топширилади).

2. Эксперт хулосаси тайёрлайди ва лицензия талабгорига лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги таклифни тегишли қарор протоколи лойиҳаси билан Комиссияга тасдиқлаш учун киритади.

3. Лицензия талабгори томонидан лицензия бериш рад этилишига асос бўлган сабаблар бартараф этилгандан кейин ҳужжатлар такроран тақдим этилган  тақдирда ҳужжатларни кўриб чиқади ва хулоса тайёрлайди.

       


1) ҳужжатларни қабул қилиш кунида

2) ариза олинган кундан бошлаб 20 кундан ортиқ бўлмаган муддатда

3) ҳужжатлар қайта тақдим этилгандан кейин 5 кун мобайнида






















3-босқич

  



Комиссия



      

1. Эксперт гуруҳининг таклифини кўриб чиқади ва Комиссия қарори протоколини тасдиқлайди.

2. Комиссия томонидан қабул қилинган қарор протоколи Комиссия раиси (унинг ўринбосари) томонидан имзоланади.

         


- эксперт хулосаси тақдим этилган  кундан бошлаб 10 кундан ортиқ бўлмаган муддатда; (ҳужжатлар қайта кўриб чиқилган тақдирда 5 кундан ортиқ бўлмаган муддатда)





















4-босқич

Ишчи орган

"Саноатгео-

контехназорат"

давлат

инспекцияси



      

1. Лицензия талабгорини қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади. Лицензия бериш тўғрисида қабул қилинган қарор тўғрисидаги билдиришнома билан бир вақтда лицензия талабгорига имзолаш учун лицензия битими юборилади.

2. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, лицензия талабгорига рад этишнинг аниқ сабаблари ва лицензия талабгори кўрсатилган камчиликларни бартараф этиб ҳужжатларни қайта тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ёзма билдиришнома юборилади (топширилади).

3. Реестрга тегишли ёзувни ёзиб қўяди.

      


-тегишли қарор қабул қилингандан кейин 3 кун мобайнида
































Лицензиат



       

"Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекциясига лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади ҳамда лицензия битимини имзолайди. Ушбу шартлар бажарилмаган тақдирда Комиссия лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақлидир.

          


- лицензия талабгорига лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги ҳақидаги билдиришнома юборилган вақтдан бошлаб уч ойдан кечикмай


































5-босқич




Лицензия талабгори



       

1. Лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда ҳужжатларни кўриб чиқиш учун қайта тақдим этиш ҳуқуқига эга.

2. Лицензия талабгорларининг аризалари қайта кўриб чиқил-ганлиги учун йиғим ундирилмайди.

3. Лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдириш-номада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.

        


- лицензия бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддатда





















  

  

  

6-босқич

"Саноатгео-

контехназорат"

давлат

инспекцияси



      

1. Лицензиат томонидан лицензия берилганлиги учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилган ҳамда у лицензия битимини имзолаган тақдирда тегишли лицензия бланкаларини расмийлаштиради.

2. Расмийлаштирилган лицензияларни  лицензиатга беради.

        


1) лицензия битими имзолангандан ва давлат божи тўлангандан кейин бир кун муддатда

2) лицензия имзолангандан кейин бир кун муддатда















7-босқич




Комиссия раиси



      

"Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси томонидан расмийлаштирилган лицензияларни имзолайди.

      


- лицензиялар расмийлаштирилгандан кейин бир кун муддатда













                   


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами" 2004 йил, 10-сон, 117-модда.