язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Тураржой ва нотурар жойлар. Коммунал хўжалик/ Коммунал хўжалик/ Дафн этиш ва дафн иши/ Дафн этишга нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 14.06.2011 й. 174-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2011 йил 14 июндаги

174-сон қарорига

1-ИЛОВА



Дафн этишга нафақа тайинлаш

ва тўлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ дафн этишга нафақа (кейинги ўринларда нафақа деб аталади) тайинлаш ва тўлаш тартибини белгилайди.


2. Нафақа марҳумнинг эрига (хотинига), ота-онасига, фарзандларига ва бошқа қариндошларига ёки марҳумнинг қонуний вакилига, бундай шахс бўлмаган тақдирда эса - дафнни амалга ошириш мажбуриятини зиммасига олган бошқа шахсга тайинланади ва тўланади.

Нафақа Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, шунингдек Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган хорижий фуқароларга ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга берилади.


3. Ушбу Низом мақсадлари учун қуйидаги атамалар ва таърифлардан фойдаланилади:


дафн этиш мажбуриятини зиммасига олган шахс - марҳумнинг эри (хотини), ота-онаси, фарзандлари ва бошқа қариндошлари ёки қонуний вакили, бундай шахслар бўлмаган тақдирда эса - дафн этиш мажбуриятини зиммасига олган бошқа жисмоний шахс;


ходим - иш берувчи билан меҳнат шартномаси тузган меҳнат муносабатлари субъекти, шу жумладан, ишлайдиган пенсионер ёки давлат ижтимоий нафақаси олувчи ишловчи;


иш билан банд шахс - ўзини мустақил равишда иш билан таъминлаган жисмоний шахс, тадбиркор, шу жумладан, юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган, ёрдамчи ва деҳқон хўжалигида иш билан банд бўлган, бевосита мол ўстириш, чорвачилик ҳамда бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва сотишни амалга оширадиган тадбиркор, кўрсатиб ўтилган тоифадаги фуқароларнинг ишлаб чиқаришда қатнашувчи оила аъзоси, шунингдек оилавий тадбиркорлик субъекти ва ҳунарманд;


иш билан банд бўлмаган шахс - қонун ҳужжатларига мувофиқ ишсиз сифатида расман рўйхатдан ўтказилган, меҳнатга лаёқатли ёшдаги жисмоний шахс, шунингдек ҳақ тўланадиган ишга ёки машғулотга эга бўлмаган вақтинча иш билан банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли шахс;


таълим олувчи - қонун ҳужжатларига мувофиқ умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар, олий ёки олий таълимдан кейинги маълумотга эга бўлиш мақсадида таълим муассасасида ўқиётган, ишловчи ҳисобланмайдиган жисмоний шахс;


бола - меҳнатга лаёқатли ёшда бўлмаган, таълим олувчи ҳисобланмайдиган жисмоний шахс;


фуқароларнинг айрим тоифалари - қонун ҳужжатларига мувофиқ тўлиқ ёки қисман давлат таъминотидаги ("Меҳрибонлик", "Саховат", "Мурувват" уйларидаги, жазони ўташ жойларидаги ва ҳоказолардаги) жисмоний шахслар;


ходимнинг қарамоғидаги оила аъзоси - "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасида тилга олинган ходимнинг қарамоғида бўлган меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоси.


4. Ушбу Низом марҳум ҳарбий хизматчиларга, ҳарбий йиғинларга чақирилган фуқароларга, ички ишлар органларининг ҳарбий хизматни ўташда (ҳарбий йиғинлар), ички ишлар органларидаги хизматни ўташда вафот этган ходимларига ёки тинч даврда жароҳат (яраланиш, жароҳат, контузия) натижасида вафот этган ходимларига, шунингдек хизматда бўлишнинг чекланган ёшига тўлгандан кейин, саломатлигининг ҳолатига кўра ёхуд ташкилий-штат тадбирлари муносабати билан ҳарбий хизматдан ёки ички ишлар органларидаги хизматдан бўшатилган марҳум фуқароларга нисбатан қўлланилмайди. Уларни дафн этиш марҳум ҳарбий хизматни (ҳарбий йиғинларни) ўтаган, ички ишлар органларида хизмат қилган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар маблағлари ҳисобига амалга оширилади.



II. НАФАҚА ТАЙИНЛАШ ВА ТЎЛАШНИНГ

УМУМИЙ ҚОИДАЛАРИ


5. Нафақа:

а) давлат пенсияси олувчи пенсионер;

б) давлат ижтимоий нафақаси олувчи фуқаро;

в) ходим ёки унинг қарамоғидаги оила аъзоси;

г) бола ҳаётининг биринчи ҳафтаси мобайнида вафот этганда ёки ўлик бола туғилганда (перинатал ўлим);

д) иш билан банд бўлган ёки банд бўлмаган шахс, фуқароларнинг айрим тоифаларига тегишли бўлган шахс ёки бола;

е) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида дафн этилган Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлмаган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс вафот этган тақдирда тайинланади.

6. Ушбу Низом 5-бандининг "а", "б", "г", "д" ва "е" кичик бандларида кўрсатилган шахслар вафот этган тақдирда нафақа Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари (кейинги ўринларда Пенсия жамғармаси бўлими деб аталади) томонидан тайинланади.

Ушбу Низом 5-бандининг "в" кичик бандида кўрсатилган шахс вафот этганда нафақа корхона, муассаса ёки ташкилот (кейинги ўринларда ташкилот деб аталади) томонидан мазкур Низомда назарда тутилган тартибда тайинланади.


7. Ушбу Низомда назарда тутилган тартибда дафн этиш мажбуриятини зиммасига олган шахс нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлади. Дафнни ўтказганлик ҳолати ўзини ўзи бошқариш органларидан олинган маълумотлар асосида белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари хорижий давлат ҳудудида дафн этилган тақдирда, дафн этиш ҳолати тегишли ҳужжатлар, шунингдек, дафн этиш мажбуриятини ўз зиммасига олган фуқаронинг паспортидаги Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини кесиб ўтганлигини тасдиқловчи ёзувлар (муҳр, штамплар ёки белгилар) орқали аниқланади.

8. Дафн этиш мажбуриятини зиммасига олган юридик шахсларга нафақа тўланмайди.


9. Нафақа учун унга бўлган ҳуқуқ юзага келгандан кейин олтмиш кун мобайнида мурожаат қилиш мумкин.

10. Ушбу Низомнинг 5-банди "а" - "е" кичик бандларида кўрсатилган шахслар вафот этган тақдирда дафн этиш мажбуриятини зиммасига олган шахсга энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баравари миқдорида нафақа тўланади.

12. Нафақа миқдори ўлим содир бўлган кундаги, асосли сабабларга кўра (марҳумни қидириш, жасадни хорижий давлат ҳудудидан олиб келиш ва бошқалар) марҳум ўлим аниқланган кундан кеч дафн этилган ҳолларда - ушбу ҳолатни тасдиқлайдиган ҳужжатлар асосида дафн этиш кунида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб белгиланади.

13. Иш ҳақига туман коэффициенти белгиланган туманларда ва жойларда нафақа миқдори туман коэффициентлари ҳисобга олинмасдан белгиланади.


14. Ходим ёки унинг қарамоғидаги оила аъзоси вафот этган тақдирда нафақа уни тайинлаган ташкилот томонидан тўланади, кейинчалик кўрсатиб ўтилган сарф-харажатлар қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобига қопланади.


15. Нафақа қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишончнома бўйича тўланиши мумкин.



III. ПЕНСИЯ ЖАМҒАРМАСИ БЎЛИМИ ТОМОНИДАН

НАФАҚА ТАЙИНЛАШ ВА ТЎЛАШ ТАРТИБИ


16. Ушбу Низом 5-бандининг "а", "б" ва "д" кичик бандларида кўрсатилган шахслар вафот этган тақдирда нафақа тайинлаш тўғрисидаги ариза марҳумнинг яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига берилади.

Ўлик бола туғилганда ёки бола ҳаётининг биринчи ҳафтаси мобайнида вафот этган тақдирда (перинатал ўлим) ёхуд ушбу Низомнинг 5-банди "е" кичик бандида кўрсатилган шахс вафот этган тақдирда нафақа тайинлаш тўғрисидаги ариза дафн этиш мажбуриятини зиммасига олган шахснинг яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига берилади.

17. Дафн этиш мажбуриятини зиммасига олган шахснинг қуйидаги ҳужжатлар илова қилинган ҳолда берилган аризаси нафақа тўлаш учун асос ҳисобланади:

ФҲДЁ органи томонидан берилган ўлим тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси ва ўлим тўғрисидаги маълумотноманинг асл нусхаси. Ўлик бола туғилганда ёки бола ҳаётининг биринчи ҳафтаси мобайнида вафот этган тақдирда (перинатал ўлим) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда берилган перинатал ўлим тўғрисидаги маълумотноманинг асл нусхаси;

ариза берувчининг паспорти нусхаси.

Ўлик бола туғилганда ёки бола ҳаётининг биринчи ҳафтаси мобайнида вафот этган тақдирда перинатал ўлим тўғрисидаги маълумотнома белгиланган тартибда икки нусхада расмийлаштирилади.


18. Нафақа барча зарур ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда мурожаат қилинган кунда тайинланади.


19. Нафақа тайинлаш тўғрисидаги аризани қабул қилиш қуйидаги ҳолларда рад этилади:

ушбу Низом 5-бандининг "а", "б", "г", "д" ва "е" кичик бандларида кўрсатилган шахслар вафот этган кундан бошлаб олтмиш кун ўтгандан кейин нафақа учун мурожаат қилинганда;

ушбу Низомнинг 17-бандида кўрсатилган барча зарур ҳужжатлар тақдим этилмаганда.


20. Нафақа тайинлаш ёки нафақа тайинлашни рад этиш Пенсия жамғармаси бўлимининг қарори билан расмийлаштирилади.


21. Нафақа тайинлаш рад этилган тақдирда Пенсия жамғармаси бўлими мурожаат қилинган кунда, рад этиш сабаблари ва қабул қилинган қарор юзасидан шикоят қилиш тартиби кўрсатилган, ариза берувчи тақдим этган барча ҳужжатларнинг асл нусхалари илова қилинган ҳолдаги билдиришномани ариза берувчининг қўлига беради ёки унга почта орқали жўнатади.


22. Ариза берувчи нафақа тайинлаш ёки нафақа тайинлашни рад этиш тўғрисидаги қарор юзасидан бевосита судга ёки Пенсия жамғармаси бўлимининг юқори органига шикоят қилиши мумкин.


23. Нафақа тайинлаш тўғрисидаги ариза ва нафақа тайинлаш тўғрисидаги қарор тақдим этилган барча ҳужжатлар билан биргаликда, нафақа олувчининг алоҳида ҳужжатлар йиғмажилдида сақланади.


24. Нафақани тўлаш пенсия тайинлаш тўғрисида мурожаат қилган ариза берувчи яшайдиган жойдаги нафақани етказиб бериш (топшириш) юкланган ташкилот орқали Пенсия жамғармаси бўлими томонидан амалга оширилади.

25. Пенсия жамғармаси бўлими қуйидагиларга мажбур:

ҳар бир тўлов ойи бошида ўтган ой учун нафақа тури бўйича тўланган маблағлар умумий суммасидан кам бўлмаган миқдордаги нафақа тўлаш учун зарур маблағларни нафақани етказиб бериш (топшириш) юкланган ташкилотга депозит ҳисоб рақамларига молиялаштириш;

ариза берувчи мурожаат қилган кунда нафақа тўлашга ведомостни расмийлаштириш ҳамда ариза берувчига нафақа тўлашни амалга ошириш учун нафақани етказиб бериш (топшириш) юкланган ташкилотга ахборот тизими орқали тақдим этиш.

Тўлов ойидан кейинги ойнинг 7-кунидан кечикмай нафақани етказиб бериш (топшириш) юкланган ташкилот ва Пенсия жамғармаси бўлими амалда тўланган маблағлар суммаси ва нафақа олувчилар сони тўғрисида таққослаш далолатномасини тузадилар.

26. Нафақани етказиб бериш (топшириш) юкланган ташкилот ведомостга ва ариза берувчининг паспортига, паспорт бўлмаган тақдирда эса ариза берувчининг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатга қатъий асосланиб нақд пул маблағларини тўлайди.


IV. ТАШКИЛОТ ТОМОНИДАН НАФАҚА

ТАЙИНЛАШ ВА ТЎЛАШ ТАРТИБИ


28. Ходим ёки унинг қарамоғидаги оила аъзоси вафот этган тақдирда нафақа тайинлаш тўғрисидаги ариза ташкилот маъмуриятига берилади.


29. Нафақа ходимнинг асосий иш жойи бўйича ташкилотнинг ижтимоий суғурта комиссияси (кейинги ўринларда комиссия деб аталади) томонидан тайинланади. Комиссиянинг таркиби ва раиси ташкилот раҳбарининг буйруғи билан тасдиқланади.


30. Комиссиялар бўлмаган ташкилотларда нафақа ташкилот раҳбарининг буйруғи билан бундай ваколат берилган шахс томонидан тайинланади.


31. Марҳумни дафн этиш мажбуриятини зиммасига олган шахс томонидан қуйидаги ҳужжатлар илова қилинган ҳолда берилган ариза нафақа тайинлаш учун асос ҳисобланади:

а) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ФҲДЁ органи томонидан берилган ўлим тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси ва ўлим тўғрисидаги маълумотноманинг асл нусхаси;

б) ходимнинг қарамоғидаги оила аъзоси вафот этган тақдирда - марҳумнинг ходим билан қариндошлиги даражасини тасдиқлайдиган ҳужжат (туғилиш ҳақидаги гувоҳнома, никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома ва бошқалар);

в) ариза берувчи паспортининг нусхаси.


32. Нафақа барча зарур ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда мурожаат қилинган кунда тайинланади.


33. Нафақа тайинлаш тўғрисидаги аризани қабул қилиш қуйидаги ҳолларда рад этилади:

ходимнинг ёки унинг қарамоғидаги оила аъзосининг вафотидан олтмиш кун ўтгандан кейин мурожаат қилинганда;

ушбу Низомнинг 31-бандида кўрсатилган барча зарур ҳужжатлар тақдим этилмаганда.

Нафақа тайинлаш ёки нафақа тайинлашни рад этиш комиссиянинг протокол қарори ёки ташкилот раҳбарининг буйруғи билан бундай ваколат берилган шахснинг қарори билан расмийлаштирилади.


34. Нафақа тайинлаш рад этилган тақдирда корхона рад этиш сабабларини ва қабул қилинган қарор юзасидан шикоят қилиш тартибини кўрсатган, ариза берувчи томонидан тақдим этилган барча ҳужжатларнинг асл нусхаларини илова қилган ҳолда билдиришномани ариза берувчининг қўлига беради ёки унга почта орқали юборади.


35. Нафақа тайинлаш ёки нафақа тайинлашни рад этиш тўғрисидаги қарор юзасидан ариза берувчи бевосита судга ёки Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлимига ёхуд, мавжуд бўлса, юқори органига шикоят қилиши мумкин.


36. Ташкилот қайта ташкил этилганда (қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш, ўзгартириш) нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсга ушбу Низомга мувофиқ нафақа тайинлаш ва тўлаш ташкилотнинг ҳуқуқий вориси томонидан амалга оширилади.


37. Ташкилотда, унинг раҳбарияти тасдиқлаганидек, маблағлар йўқлиги ёки етарли эмаслиги туфайли нафақа тўлаш мумкин бўлмаган, шунингдек нафақа тайинлаш учун мурожаат қилинган муддат мобайнида ташкилот тугатилган тақдирда нафақа Пенсия жамғармаси бўлими томонидан тайинланади.


38. Ташкилот томонидан нафақа ведомость ва ариза берувчининг паспорти асосида нақд пул маблағлари билан тўланади.


39. Ташкилотнинг бош (катта) бухгалтери комиссия билан бир қаторда нафақа тўлашга маблағларнинг тўғри сарфланиши юзасидан жавоб беради.


40. Нафақа тайинлаш тўғрисидаги ариза ва нафақа тайинлаш ҳақидаги қарор тақдим этилган барча ҳужжатлар билан биргаликда ташкилот бухгалтериясида сақланади.



V. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


41. Нафақага солиқ солинмайди ва ундан ушлаб қолинмайди.


42. Нафақанинг асоссиз ва ноқонуний тўланиши ҳолатлари аниқланган тақдирда ариза берувчига тўланган нафақа суммаси суд тартибида ундирилади.

44. Нафақаларни тўлаш ва етказиб бериш бўйича харажатларни (банк хизматлари учун ташкилот харажатлари ҳисобга олинмаган ҳолда) молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


45. Нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс вафот этган тақдирда олинмай қолган нафақа суммаси мерос таркибига киритилмайди ва ота-онага, эрига (хотинига), шунингдек нафақа олувчи вафот этган кунда у билан биргаликда яшаган оила аъзоларига тўланади.

Нафақа тайинлаш ва тўлаш, ушбу Низомнинг III бўлимига мувофиқ, нафақа олувчи марҳумнинг яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлими томонидан амалга оширилади.

Бир неча шахс мурожаат қилган тақдирда уларга тегишли бўлган нафақа суммаси улар ўртасида тенг тақсимланади.

Кўрсатиб ўтилган сумма нафақа юзасидан нафақа олувчи марҳумнинг вафотидан кейин олтмиш кундан кечикмай мурожаат қилинган тақдирда тўланади.


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами", 2011 йил, 6-сон, 51-модда