ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд хокимияти. Одил судлов / Суд тизими / Конституциявий суд / Конституциявий суд фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатлар /

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби тўғрисида Низом (Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди томонидан 09.01.2015 й. тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДИ ТОМОНИДАН

ТАСДИҚЛАНГАН

09.01.2015 й.


Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида

жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини

кўриб чиқиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида (бундан буён матнда Конституциявий суд деб юритилади) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини (бундан буён матнда мурожаатлар деб юритилади) кўриб чиқиш тартибини белгилайди. Ушбу Низом қоидалари:

а) "Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасида кўрсатилган субъектларнинг Конституциявий судда кўриб чиқиш учун масала киритиш тўғрисидаги мурожаатларига;

б) Конституциявий суд ваколати доирасида қарор қабул қилинишини талаб этмайдиган масалалар юзасидан давлат органлари, уларнинг таркибий бўлинмалари ва мансабдор шахслари билан ёзишмаларга татбиқ этилмайди.


2. Конституциявий судда мурожаатлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда ушбу Низомга риоя этилган ҳолда кўриб чиқилади.


3. Конституциявий судга келиб тушган мурожаатлар (электрон шаклда келиб тушган мурожаатлар қоғозга чоп этилган ҳолда) Конституциявий суд девонида иш юритиш ва ижро назоратини ташкил этиш бўйича йўриқнома қоидаларига мувофиқ расмийлаштирилади. Ўрганиб чиқувчи ижрочиларни белгилаш мақсадида мурожаатлар Конституциявий суд раиси, унинг йўқлигида Конституциявий суд раисининг ўринбосарига тақдим этилади.


4. Мурожаатларни ўрганиб чиқиш иш юкламаси ва ихтисосликка мутаносиб равишда Конституциявий суднинг судьялари, катта экспертлари ва экспертларига топширилади. Мурожаатни ўрганиб чиқиш бир неча ижрочига ҳам топширилиши мумкин.


5. Конституциявий суднинг раиси ёки унинг ўринбосари топшириғига асосан мурожаатлар ижрочиларга тарқатилади. Ижрочилар томонидан мурожаат қабул қилиниб, иш юритиш қоидаларига мувофиқ тегишли ҳисобга олиш карточкалари тўлдирилади.


6. "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 20-моддасида назарда тутилган:

а) аноним мурожаатлар;

б) жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар, уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда;

в) қонунда белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаган мурожаатлар кўрмай қолдирилади.


7. Қоида тариқасида мурожаатларга жавоблар мурожаат этилган тилда баён қилинади. Улар иш юритиш қоидаларига мувофиқ расмийлаштирилади.


8. Мурожаатлар билан ишлашни ташкил этиш Конституциявий суд котибиятининг мудири томонидан амалга оширилади.



II. КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУД ВАКОЛАТИ ДОИРАСИДАГИ

МАСАЛАЛАР АКС ЭТТИРИЛГАН МУРОЖААТЛАРНИ

КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


9. Мурожаат қуйидаги талаблардан бирига жавоб берса, у Конституциявий суд ваколати доирасидаги масалалар акс эттирилган мурожаат ҳисобланади:

а) мурожаатда Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, ҳукумат ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини текшириш сўралган бўлса;

б) мурожаатда Қорақалпоғистон Республикасининг Конституцияси Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикасининг қонунлари Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлигини текшириш сўралган бўлса;

в) мурожаатда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг нормаларига шарҳ бериш сўралган бўлса;

г) мурожаатда Конституциявий суд томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида қонун нормаларини такомиллаштириш таклифи берилган бўлса;

д) мурожаатда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруқлари ва бошқа ҳужжатларининг (индивидуал хусусиятга эга бўлган ҳужжатлар бундан мустасно) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига мувофиқлигини текшириш сўралган бўлса.


10. Конституциявий суд ваколати доирасидаги масалалар акс эттирилган мурожаатлар Конституциявий суднинг раиси ёки унинг ўринбосари топшириғига мувофиқ Конституциявий суднинг судьяси томонидан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.


11. Мурожаатни ўрганиб чиқаётган Конституциявий суднинг судьяси мурожаатни тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқиш мақсадида:

- кўрилаётган масалага аниқлик киритиш ва қўшимча материаллар тўплаш учун мурожаат йўллаган жисмоний шахсни ёки юридик шахснинг вакилини Конституциявий судга таклиф қилиш;

- Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги шубҳа остига олинаётган қонун ҳужжатининг ижро этиш амалиётини таҳлил қилиши;

- Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг шарҳ бериш сўралган нормасини қўллаш амалиётини ўрганиши;

- тегишли қонун ҳужжатининг ижросини таъминлаётган ёки нормасини қўллаётган мутасадди ташкилот вакилларини таклиф этиши;

- тегишли идора ва мансабдор шахслардан кўрилаётган мурожаатга оид қўшимча маълумотлар талаб қилиши мумкин.


12. Мурожаатни ўрганиб чиқувчи судья мурожаатда кўрсатилган масалани Конституциявий судда кўриб чиқиш учун асос йўқлиги тўғрисида хулосага келса, Конституциявий суднинг раиси ёки унинг ўринбосари билан келишган ҳолда бу ҳақда мурожаат этувчига хабар беради.


13. Мурожаатни ўрганиб чиқувчи судья мурожаатда кўрсатилган масалани Конституциявий судда кўриб чиқиш учун асос борлиги тўғрисида хулосага келса, бу ҳақда тегишли маълумотномани тузиб Конституциявий суднинг раиси ёки унинг ўринбосарига тақдим этади.

Конституциявий суд раиси ёки унинг ўринбосарининг топшириғига мувофиқ ушбу мурожаат, маълумотнома ва унга тааллуқли бошқа материаллар Конституциявий суднинг бошқа судьялари томонидан ўрганиб чиқилади.

"Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасига мувофиқ Конституциявий суднинг камида уч судьясининг ташаббуси билан мурожаатда кўрсатилган масала Конституциявий судда кўриб чиқиш учун киритилиши мумкин. Акс ҳолда мурожаатни дастлаб ўрганиб чиққан судья томонидан Конституциявий суднинг раиси ёки унинг ўринбосари билан келишган ҳолда мурожаат этувчига масалани Конституциявий судда кўриб чиқиш учун асос топилмаганлиги тўғрисида хабар берилади.



III. КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУД ВАКОЛАТИ ДОИРАСИГА

КИРМАЙДИГАН МАСАЛАЛАР АКС ЭТТИРИЛГАН

МУРОЖААТЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


14. Ушбу Низомнинг 9-бандида кўрсатилган талабларга жавоб бермайдиган мурожаатлар Конституциявий суднинг раиси ёки унинг ўринбосари томонидан ўрганиш учун Конституциявий суднинг катта экспертлари ва экспертларига топширилади.


15. Катта экспертлар ва экспертларга ўрганиш учун топширилган ҳар бир мурожаат юзасидан тегишли маълумотнома тузилади ва бу маълумотномага катта эксперт ёки эксперт бириктирилган судья томонидан виза қўйилади.


16. Ҳал этилиши бошқа органларнинг ваколатига кирувчи масалалар акс эттирилган мурожаатлар Конституциявий суд раиси ёки унинг ўринбосари билан келишган ҳолда беш кунлик муддатдан кечиктирмай тегишли органларга юборилади ва бу ҳақда мурожаат этувчига хабар берилади.


17. Мурожаатда акс эттирилган масалаларни ҳал этиш ваколати доирасига киритилган тегишли органни аниқлаш имконияти бўлмаса, Конституциявий суд раиси ёки унинг ўринбосари билан келишган ҳолда беш кунлик муддатдан кечиктирмай мурожаат этувчига мурожаатда акс эттирилган масалаларни ҳал этиш Конституциявий суд ваколати доирасига кирмаслиги тўғрисида асослантирилган хабар берилади.



IV. МУРОЖААТЛАРНИ ТАҲЛИЛ ЭТИШ

ВА ҲИСОБГА ОЛИШ


18. Конституциявий суд девонида мурожаатларнинг ҳисоби олиб борилади. Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари, шунингдек жамият ва давлат манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабабларни аниқлаш мақсадида мурожаатлар умумлаштирилиб, таҳлил этилади. Мурожаатларни ўрганиш натижалари бўйича Конституциявий суднинг ярим йиллик ва йиллик хизматга оид кенгашларига ёзма ҳисобот тақдим этилади.


19. Мурожаатлар билан ишлаш бўйича ҳисоботда мурожаатларнинг мавзуси ва улар келиб тушган ҳудуд бўйича таҳлили, мурожаатларнинг олдинги йилга нисбатан ўсиш динамикаси ва бошқалар кўрсатилади.



V. КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДДА ФУҚАРОЛАРНИ

ВА ЮРИДИК ШАХСЛАРНИНГ ВАКИЛЛАРИНИ

ҚАБУЛ ҚИЛИШ


20. Конституциявий судда фуқароларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-моддасига мувофиқ заруратга қараб ташкил этилади.


21. Қабул давомида оғзаки шаклда берилган мурожаатлар умумий тартибда кўриб чиқилади.






















Время: 0.0028
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск