язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Савдо. Умумий овқатланиш. Маиший хизмат кўрсатиш/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.01.2013 й. ПҚ-1910-сон "Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳисоб-китоблар механизмини янада тартибга солиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

24.01.2013 й.

N ПҚ-1910



ЧАКАНА САВДО ВА ХИЗМАТ КЎРСАТИШ

СОҲАСИДА ҲИСОБ-КИТОБЛАР МЕХАНИЗМИНИ

ЯНАДА ТАРТИБГА СОЛИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикасининг валютани тартибга солиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш ҳамда чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳисоб-китоблар механизмини янада тартибга солиш мақсадида:


1. Маълумот учун қабул қилинсинки, амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида Ўзбекистон Республикасининг резидентлари ва норезидентлари - юридик ҳамда жисмоний шахслар томонидан нақд хорижий валютада ҳисоб-китобларни амалга ошириш тақиқланган.

2. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси таркибида, белгиланган ходимлар сони доирасида, Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида нақд хорижий валюта муомаласига йўл қўймаслик устидан назорат қилиш, қисқа муддатли текширишларни ташкил этиш бўйича 9 нафар ходимдан иборат махсус бошқарма ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий бўлимлари тузилсин ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахслар томонидан чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳисоб-китобларни олиб бориш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларининг ижро этилиши мониторингини амалга ошириш ва назорат қилиш;

тадбиркорлик субъектларини нақд пул маблағлари ёки пластик карточкалар бўйича тўлов шаклига қараб нархларни сунъий равишда ошириш ёки пасайтириш, назорат-касса машиналаридан, ҳисоб-китоб терминалларидан фойдаланиш, шунингдек, белгиланган тартибда чек ва талонларни бериш, нақд тушумни ўз вақтида ва тўла ҳажмда инкассация қилиш масалалари юзасидан текширувларни белгиланган тартибга мувофиқ ўтказиш;

чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳисоб-китобларни амалга оширишда валюта жиноятлари ва ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, олдини олиш ва чек қўйиш, шу жумладан, назорат хариди механизми воситаси орқали аниқлаш, аниқланган қоидабузарлик фактлари бўйича материалларни жиноят турига қараб қонунни муҳофаза қилиш органларига топшириш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарлар ва хизматлар учун нақд хорижий валютада ҳисоб-китоб қилиш бўйича аниқланган жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотларнинг ягона компьютер базасини яратиш ва юритиш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий валюта муомаласига йўл қўймаслик масалалари бўйича аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида кенг тушунтириш, профилактика ишларини олиб бориш.


3. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси марказий аппаратининг янгиланган тузилмаси 1-иловага* мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Давлат солиқ бошқармаларининг, туманлар (шаҳарлар) давлат солиқ инспекцияларининг намунавий тузилмалари 2, 3 ва 4-иловаларга* мувофиқ тасдиқлансин.


4. Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида нақд хорижий валюта муомаласига йўл қўймаслик устидан назорат қилиш, қисқа муддатли текширишларни ташкил этиш бўйича махсус бошқарма ходимларига Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Бош назорат-тафтиш бошқармасининг ходимлари учун назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш тартиби ва шарт-шароитлари татбиқ этилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси:

икки ҳафта муддат ичида Давлат солиқ қўмитасининг Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида хорижий валюта муомаласига йўл қўймаслик устидан назорат қилиш, қисқа муддатли текширишларни ташкил этиш бўйича махсус бошқармаси низомини тасдиқласин;

бир ой муддатда Махсус бошқарма ва унинг ҳудудий бўлимларини юқори малакали кадрлар ва зарур моддий-техника базаси билан бутлашни ташкил қилсин;

бир ой муддатда, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси бўлинмаларининг харажатлар сметаси ва штатлар жадвалига тегишли қўшимча ва ўзгартишлар киритсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти, Ички ишлар вазирлиги, тегишли вазирликлар ва идоралар чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида нақд хорижий валюта муомаласига йўл қўймаслик устидан назорат қилиш бўйича қонун ҳужжатлари талабларининг ижросини таъминлаш чора-тадбирларини ўтказишда давлат солиқ хизмати органларига кўмаклашсинлар.


7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорлари 5-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


8. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси, Бош прокуратура, Олий суд ва бошқа манфаатдор вазирликлар ҳамда идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда қуйидагилар бўйича таклифлар киритсин:

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳисоб-китобларни хорижий валютада амалга оширганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтиришни назарда тутадиган ўзгартишлар киритиш ҳақида;

қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида.

9. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                      И. Каримов



*) 1 - 4-иловалар рус тилидаги матнда берилган.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2013 йил 24 январдаги

ПҚ-1910-сонли қарорига

5-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ўз кучини йўқотган қарорлари

РЎЙХАТИ


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Республика солиқ органлари тизимини янада модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2010 йил 8 январдаги ПҚ-1257-сонли қарорининг 4 ва 4а-иловалари.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ хизмати идоралари ахборот-коммуникация тизими фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2012 йил 30 октябрдаги ПҚ-1843-сонли қарорининг 1-иловаси.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 28 январь, 4-сон, 44-модда