язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Саноат/ Озиқ-овқат саноати/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 25.05.2006 й. 95-сон "Дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари ҳисобини юритиш тизимини такомиллаштиришга, уларнинг сақланиши устидан назоратни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида'ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

25.05.2006 й.

N 95



ДОН ВА ДОННИ ҚАЙТА ИШЛАШ

МАҲСУЛОТЛАРИ ҲИСОБИНИ ЮРИТИШ

ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА,

УЛАРНИНГ САҚЛАНИШИ УСТИДАН

НАЗОРАТНИ КУЧАЙТИРИШГА ДОИР

ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР

ТЎҒРИСИДА


"Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси корхоналарида дон ва дон маҳсулотларини қабул қилиш, сақлаш ва қайта ишлаш ҳисоби ва ҳисоботи ташкил этилишининг амалдаги тизимини ўрганиб чиқиш натижасида донни қабул қилиш жараёнида ҳисоботлар бузиб кўрсатилишининг олдини олишга ҳамда дон тайёрлаш, уни сақлаш ва қайта ишлашда нормативларга риоя қилиниши устидан амалда натижа берадиган назоратни олиб боришга тўсқинлик қилаётган бир қанча муаммолар ва камчиликлар аниқланди.

Дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари сақланиши устидан таъсирчан назоратни таъминлаш, талон-торож қилиш ҳолатларига, ҳисоботнинг бузиб кўрсатилишига йўл қўймаслик, шунингдек ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Дон ва дон маҳсулотларини қабул қилиш, юклаб жўнатиш, сақлаш ва қайта ишлаш жараёнлари ҳисоби ва ҳисоботининг амалдаги тизими ҳисоботлар бузиб кўрсатилиши, талон-торож қилиш ҳолатларига йўл қўйилмаслиги устидан назорат қилишни, дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари сақланиши таъминланиши устидан, шунингдек нормативларга, шу жумладан табиий камайиш нормаларига риоя қилиш устидан назоратни тўлиқ даражада таъминламаётганлиги қайд этилсин.


2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ҳокимлари, "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекцияси раҳбарлари давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган доннинг сақланишини таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмаганлиги, тайёрланаётган дон ҳажми билан боғлиқ ҳисобот бузилишига йўл қўйилганлиги ва камомад ҳолатлари учун қатъий огоҳлантирилсин.


3. Дон ва дон маҳсулотларини қабул қилиш, сақлаш, ички ташиш, қайта ишлаш ва сотишнинг дастлабки ҳисобини юритиш ва ҳужжатлар билан расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.


4. Белгилаб қўйилсинки:

дон камомади, дон ва дон маҳсулотлари бузилиши натижасида етказилган зарарни корхоналарнинг суд органлари томонидан айбдор деб топилган моддий жавобгар шахслари ва раҳбарларидан ундириш дон ва дон маҳсулотларининг бозор нархи бўйича пул маблағлари корхонанинг ҳисоб рақамларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказилган, истисно ҳолларда - сифат кўрсаткичлари бўйича стандарт талабларига мувофиқ бўлган тенг миқдордаги дон билан қопланган ҳолда амалга оширилади;

донни қайта ишлайдиган корхоналар томонидан истеъмолчиларга, шу жумладан қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкат хўжаликлари) ва фермер хўжаликларига омухта ем ва дон чиқиндилари сотилаётган маҳсулотнинг қиймати олдиндан юз фоиз тўланиши шарти билан сотилади;

темир йўл шохобча йўлларига эга бўлган тайёрлов пунктларига донни автомобиль транспортида ортиб жўнатиш, шунингдек "Ўзстандарт" агентлигининг минтақавий органлари томонидан бериладиган мувофиқлик сертификати мавжуд бўлмаганда донни давлат ресурсларига қабул қилиш тақиқланади;

мавсумий ҳамда доимий ишлайдиган дон қабул қилиш пунктларида донни қабул қиладиган моддий жавобгар шахслар фақат "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси билан келишган ҳолда тайинланади.

Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси тизими таркибига кирадиган, дон, давлат ресурсидаги донни дастлабки қайта ишловдан кейинги қўшимча маҳсулотлар ва чиқиндиларни саноат йўли билан қайта ишлаш учун сотишни амалга оширувчи корхоналар учун қўшилган қиймат солиғи бўйича солиққа тортиладиган маҳсулот айланмаси миқдори устама нарх суммасидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Бунда бошқа ташкилотларга, шу жумладан, спирт ишлаб чиқариш учун, дон сотиш айланмаси умумий белгиланган тартибда қўшилган қиймат солиғи бўйича солиққа тортилади.

5. "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси ва "Ўздавдонинспекция" дон тайёрлаш даврида давлат ресурслари учун тайёрланаётган доннинг сифати ва миқдорини назорат қилиш учун ўз вакиллари иштирок этишини таъминласинлар.


6. Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларидан қабул қилинадиган донга мувофиқлик сертификати шартнома асосида ўз вақтида берилишини таъминласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси раиси ва ҳудудий статистика органлари раҳбарларига давлат эҳтиёжлари учун дон тайёрлаш ҳажми тўғрисида ишончли маълумотлар ўз вақтида тўпланиши ва тақдим этилиши учун шахсий жавобгарлик юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси Бош прокуратура билан биргаликда дон тайёрлаш даврида статистика ҳисоботлари маълумотларининг ишончлилиги корхонанинг ўзига бориб дастлабки ҳисоб маълумотлари бўйича мунтазам равишда текширилишини ташкил этсин.


8. Маҳаллий ҳокимият органлари ва мансабдор шахсларнинг дон тайёрлаш даврида унинг сифатини аниқлаш ва кундалик маълумотларни юритиш масалаларига, шунингдек "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси тизими корхоналарида масъул мансабдор шахсларни тайинлашга аралашиши қатъиян тақиқлансин.


9. "Ўздонмаҳсулот" акциядорлик компанияси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекцияси билан биргаликда икки ой муддатда:

дон ва дон маҳсулотларини қабул қилиш, сақлаш ва сотиш бўйича операцияларнинг бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини ташкил этиш тўғрисидаги йўриқномани;

сақлаш, қуритиш, тозалаш, ташиш ва қайта ишлаш жараёнида доннинг нобуд бўлиши ва камайишини қоплаш учун молиявий захирани шакллантириш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги низомни;

дон маҳсулотлари корхоналарининг технология жараёнини ташкил этиш ва юритиш қоидаларини белгиланган тартибда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.


10. Қуйидагилар:

Вазирлар Маҳкамасининг "Дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотлари билан операциялар ҳисобини юритиш ва расмийлаштириш бўйича йўриқномани тасдиқлаш тўғрисида" 2001 йил 20 мартдаги 137-сон қарори;

Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида" 2003 йил 28 февралдаги 112-сон қарорига илованинг 43-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ., 2003 й., 2-сон, 19-модда);

Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат дон инспекцияси фаолиятини ташкил этиш масалалари тўғрисида" 2004 йил 8 июндаги 269-сон қарорига 4-илованинг 2-банди (Ўзбекистон Республикаси ҚТ., 2004 й., 6-сон, 54-модда) ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


11. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бир ой муддатда идоравий норматив ҳужжатлар мазкур қарорга мувофиқлаштирилишини таъминласин.


12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                      Ш. Мирзиёев



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 22-сон, 191-модда.


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 2006 й., N 5, 35-модда.