язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Тураржой ва нотурар жойлар. Коммунал хўжалик/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Тураржойларни нотурар жойларга ва нотурар жойларни тураржойларга ўтказиш/ Турар жойларни яшаш учун мўлжалланмаган жойларга ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 20.01.2000 й. 18-сон қарорига 4-илова)

Вазирлар Маҳкамасининг

2000 йил 20 январдаги

18-сон қарорига

4-ИЛОВА



Турар жойларни яшаш учун мўлжалланмаган

жойларга ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I.УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг Уй-жой кодексига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда уйларни ва турар жойларни, уй-жой фондининг фойдаланиш туридан қатъи назар, яшаш учун мўлжалланмаган жойларга ўтказиш тартиби ва шартларини белгилайди.


2. Яшаш учун яроқли турар жойни яшаш учун мўлжалланмаган жойларга ўтказишга истисно ҳолларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари (бундан кейин жойлардаги давлат ҳокимияти органлари деб аталади) қарорига кўра йўл қўйилади.


3. Турар жойларни яшаш учун мўлжалланмаган жойларга ўтказиш, уйнинг идоравий мансублигидан қатъи назар, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ҳузуридаги идоралараро комиссия томонидан кўриб чиқилади.


4. Жисмоний ва юридик шахсларнинг хусусий мулки бўлган хусусий турар жойларни ёки уларнинг бир қисмини яшаш учун мўлжалланмаган жойларга айлантириш мулкдорнинг аризасига кўра амалга оширилади, ушбу Низом талабларига мувофиқ тартибда ва шартларда ҳал этилади.


5. Яшаш учун мўлжалланмаган жойга ўтказилган уйларда фаолиятнинг белгиланган тартибда рухсат этилган турларини амалга оширишга йўл қўйилади.

Кўп квартирали уйда жойлашган яшаш учун мўлжалланмаган жойлар эгалари, уйнинг умумий мулк ҳисобланган жойини сақлаш ва таъмирлаш ишларида мажбурий иштирок этадилар.


II. ТУРАР ЖОЙЛАРНИ ЯШАШ УЧУН

МЎЛЖАЛЛАНМАГАН ЖОЙЛАРГА

ЎТКАЗИШНИНГ АСОСИЙ ШАРТЛАРИ


6. Турар жой уй-жой биносининг пастки қаватида жойлашган тақдирда яшаш учун мўлжалланмаган жойга ўтказилиши мумкин.


7. Турар жойларни яшаш учун мўлжалланмаган жойга ўтказишга:

а) турар жой белгиланган мақсадда фойдаланиладиган коммунал уй-жой фондида бўлса;

б) бундай ўтказиш бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларини бузса (бузилишига олиб келса);

в) уйга алоҳида кириш жойи йўқ бўлса ёки алоҳида кириш жойи барпо қилиш имконияти бўлмаса;

г) турар жой авария ҳолатида бўлса ёки яшаш учун мўлжалланмаган жойга ўтказишга яроқсиз бўлса;

д) турар жой судда кўриб чиқиш мавзуси бўлса - низо суд тартибида ҳал этилгунгача йўл қўйилмайди.


8. Архитектура, тарих ва маданият ёдгорликлари ҳисобланадиган уйлардаги турар жойни яшаш учун мўлжалланмаган жойга ўтказиш архитектура, тарих ва маданият ёдгорликларини муҳофаза қилиш органларининг розилиги билан амалга оширилади.



III. ТУРАР ЖОЙЛАРНИ ЯШАШ УЧУН

МЎЛЖАЛЛАНМАГАН ЖОЙЛАРГА ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


9. Турар жойни яшаш учун мўлжалланмаган жойга ўтказиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун мулкдор (ариза берувчи), ўтказиш мақсадини, шунингдек келгусида уйдан фойдаланишнинг мўлжалланаётган шакл ва усулларини кўрсатган ҳолда, жойлардаги давлат ҳокимияти органларига ариза беради.


10. Турар жой мулкдори ёки нотариус тасдиқлаган ишончнома асосида мулкдорнинг розилиги билан фаолият кўрсатувчи, тўлиқ хўжалик юритиш ҳуқуқига эга бўлган шахс ариза берувчи бўлиши мумкин.


11. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

- ҳаммулкдорларнинг ва балоғат ёшига етган оила аъзоларининг нотариус тасдиқлаган розилик ҳужжати;

- турар жойга мулк эгаси ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар;

- тегишли архитектура органларининг техник хулосаси;

- уйнинг техник инвентаризация кадастр бюроси тайёрлаган режаси;

- шаҳар (туман)нинг санитария-эпидемиология хизмати, архитектура хизматлари ва ёнғин назорати органлари билан келишганлик тўғрисидаги ҳужжат;

- фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг розилик ҳужжати.


12. Ариза берувчи тақдим этган ҳужжатларни кўриб чиқиш ва жойлардаги давлат ҳокимияти органи қарори лойиҳасини тайёрлаш қуйидаги таркибда тузиладиган идоралараро комиссия томонидан амалга оширилади:

- ҳоким ўринбосари  комиссия раиси;

- шаҳар (туман) коммунал - фойдаланиш ташкилоти вакили;

- қурилиш ва архитектура органлари вакили;

- ёнғин назорати органлари вакили;

- давлат санитария назорати вакили;

- маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари вакили;

-техник инвентаризация кадастр бюроси ёки кўчмас мулк кадастри хизмати вакили.

Кўп квартирали уйдаги турар жойни яшаш учун мўлжалланмаган жойга ўтказиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишда комиссия таркибига уйга хизмат кўрсатувчи бошқарувчи ташкилот вакилларини киритиш мажбурийдир.

Зарурат бўлганда комиссия таркибига бошқа вакиллар (фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уй-жой эгалари кенгаши, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати вакиллари) киритилиши мумкин.

13. Идоралараро комиссия ўз ишини қуйидаги тартибда амалга оширади:

- ариза берувчилар тақдим этган ҳужжатлар кўриб чиқилади ва зарур ҳолларда қўшимча маълумотлар сўралади;

- ариза берувчилар ёки уларнинг вакиллари комиссия мажлисига чақирилади;

- жой яшаш учун мўлжалланмаган жойга ўтказилиши ва мазкур уйдан яшаш учун мўлжалланмаган жой сифатида фойдаланилиши муносабати билан ҳуқуқи ва қонуний манфаатларига  дахл қилиниши мумкин бўлган шахслар комиссия мажлисига чақирилади;

- зарур ҳолларда комиссия (ёки унинг айрим аъзолари) уйни кўриш ва турар жойни яшаш учун мўлжалланмаган жойга ўтказиш тўғрисидаги масалани ҳал этишда муҳим бўлган ҳақиқий аҳвол билан танишиш учун жойларга боришади.


14. Комиссиянинг иш натижалари баённома билан расмийлаштирилади, у комиссиянинг барча аъзолари томонидан имзоланиши керак.

Баённомада қуйидагилар кўрсатилади:

- баённома тузилган вақт ва жой;

- комиссия таркиби;

- яшаш учун мўлжалланмаган жойга ўтказилаётган турар жойнинг тавсифи;

- сабаблар ва хулосалар кўрсатилган ҳолда ишнинг комиссия томонидан аниқланган аҳволи;

- комиссия хулосаси.

Баённомага ариза берувчи тақдим этган барча ҳужжатлар, қарор қабул қилиш учун аҳамиятли бўлган бошқа материаллар илова қилинади.

Комиссия кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар ва қилинган ишлар асосида уйни яшаш учун мўлжалланмаган жойга ўтказиш имконияти тўғрисидаги хулосани ва ҳокимнинг қарори лойиҳасини тайёрлайди.

Турар жойни яшаш учун мўлжалланмаган жойга ўтказиш чоғида кўп квартирали уйдаги хонадан фойдаланиш мақсади амалдаги Уй-жой фондидан фойдаланишнинг техник қоидалари ва нормалари ҳамда "Уй-жой бинолари" 2.08.01-94 рақамли қурилиш меъёрлари ва қоидалари талабларини ҳисобга олган ҳолда белгиланиши керак.


15. Комиссия хулосаси оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Комиссиянинг бир ёки бир нечта аъзоси қабул қилинган қарорга рози бўлмаган тақдирда, бу баённомада кўрсатилади.


16. Комиссия:

- турар жойни яшаш учун мўлжалланмаган жойга ўтказиш тўғрисида;

- турар жойни яшаш учун мўлжалланмаган жойга ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

Қарор ариза берувчи томонидан барча зарур ҳужжатлар тақдим этилган кундан бошлаб  30 кундан кечикмай қабул қилинади.

Комиссия хулосаси асосида ҳоким турар жойни яшаш учун мўлжалланмаган жойга ўтказиш ёки уни рад этиш тўғрисида қарор чиқаради.


17. Турар жойни яшаш учун мўлжалланмаган жойга ўтказишни рад этиш ушбу Низомнинг 7-бандида санаб ўтилган сабаблар кўрсатилган  ҳолда асосланган бўлиши керак.

Комиссиянинг асосли рад этишида кўрсатилган сабаблар бартараф қилинган тақдирда ариза берувчи такрорий аризанинг навбатдан ташқари кўриб чиқилишига ҳақлидир.


18. Мазкур қарор чиққунга қадар яшаш учун мўлжалланмаган жойлар мақомига ўтказилган турар жойларни қайта рўйхатдан ўтказиш ушбу Низомнинг барча талабларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилади. Қайта расмийлаштириш тартиботидан ўтган яшаш учун мўлжалланмаган жойлар мулкдорларига комиссиянинг турар жойни яшаш учун мўлжалланмаган жойга ўтказиш тўғрисидаги қарори асосида белгиланган намунадаги далолатнома берилади.


19. Далолатнома ҳокимнинг қарорига биноан берилади.


20. Турар жойларни ёки уларнинг бир қисмини яшаш учун мўлжалланмаган жойга ўтказиш тўғрисидаги ҳужжатларни расмийлаштириш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг айни бир вақтда идоралараро комиссиялар котиблари ҳисобланадиган ваколатли ходимлари томонидан амалга оширилади.


21. Тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилганлиги ва турар жой ёки унинг бир қисми яшаш учун мўлжалланмаган жойга ўтказилганлиги тўғрисидаги далолатнома берилганлиги учун ваколатли орган ариза берувчидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари қарори билан тасдиқланадиган харажатлар калькуляциясига биноан тегишли  тўлов ундиради.


22. Ариза берувчи турар жойдан яшаш учун мўлжалланмаган жой сифатида фойдаланиш ҳуқуқини олганлик учун маҳаллий бюджетга йиғим тўлайди. Йиғимнинг чекланган миқдори юридик шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг 25 фоизи, жисмоний шахслардан эса 5 фоизи миқдорида белгиланади.


23. Уйни яшаш учун мўлжалланмаган жойдан турар жойга қайтадан ўтказиш мулкдорнинг аризаси бўйича, тегишли давлат хизматлари билан узил-кесил ҳисоб-китоб қилингач, идоралараро комиссиянинг қарори билан амалга оширилади.