язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Тураржой ва нотурар жойлар. Коммунал хўжалик/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Уй-жой қонунчилиги/ Уй-жой мулкдорлари ширкатининг Намунавий устави (ЎзР ВМ 04.10.1999 й. 454-сон қарорига 1-илова)

Вазирлар Маҳкамасининг

1999 йил 4 октябрдаги

454-сон карорига

1-ИЛОВА



Уй-жой мулкдорлари ширкатининг

НАМУНАВИЙ УСТАВИ


Ушбу Устав уй-жой мулкдорлари ширкатлари уставларининг намунавий қоидаларидан иборатдир.

Уй-жой мулкдорлари ширкатининг (бундан кейин матнда "Ширкат" деб юритилади) Устави уй-жой мулкдорларининг ташаббускор гуруҳи томонидан чиқирилган Ширкатнинг таъсис мажлисида қабул қилинади. Уставни тасдиқлаш Ширкатнинг таъсис мажлиси протоколида қайд этилади, протоколни мажлис раиси имзолайди.

Уй-жой мулкдорларининг ширкати битта уйда ёки яқин, зич жойлашган, умумий ер участкаси ва инфратузилма элементлари бир бўлган бир неча уйда ёхуд уйнинг бошқа қисмларидан алоҳида кириш жойи бўлган, камида битта блок-секция ҳажмидаги мустақил қисмида турар жой мулкдорларидан камида ярмининг хоҳишида кўра тузилади.



1. ШИРКАТНИНГ НОМИ ВА ЖОЙЛАШГАН ЎРНИ


1.1. Ширкат ўз номига эга бўлиши керак, унинг номида, шунингдек, Ширкатнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли ва фаолият тури ("Уй-жой мулкдорларининг ширкати") кўрсатилган бўлади.

1.2. Ширкатнинг жойлашган ўрни уни давлат рўйхатидан ўтказган жой томонидан белгиланади. Ширкат почта манзилига эга бўлиши керак, Ширкатнинг ҳудудидаги ободонлаштирилган турар жой бўлмаган уйлар билан алоқаси шу манзил бўйича амалга оширилади.



2. ШИРКАТ ФАОЛИЯТИНИНГ МАҚСАДИ ВА ПРЕДМЕТИ


2.1. Биргаликдаги бошқарув билан уйдан фойдаланиши, сақлашни таъминлаш, уйдан умумий фойдаланиш объектларига эгалик қилиш ва улардан фойдаланиш шартларини, тартибини белгилаш, умумий бўлган мол-мулкни зарур санитария, ёнғиндан сақлаш ва техник ҳолвтда сақлашни таъминлаш Ширкатни тузишнинг мақсади ҳисобланади.

2.2. Қуйидагилар Ширкат фаолиятининг предмети ҳисобланади:

уй-жой фондига хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлашни таъминлаш;

уй-жой мулкдорларини, шунингдек, уй-жойларни ёлловчиларни ва ижарачиларни коммунал хизматлар билан таъминлаш;

уй-жой мулкдорлари ва уларнинг оила аъзолари, шунингдек, ёлловчилар ва ижарачилар томонидан уй-жойлардан, умумий фойдаланиладиган жойлар ва уйлар атрофидаги ҳудуддан фойдаланиш қоидаларига риоя қилинишини таъминлаш;

уйлар, бинолар ва иншоотлардан фойдаланиш, уларни таъмирлаш, ёнига қўшимча қуриш ва реконструкция қилиш бўйича ишлар юзасидан буюртмачи ролини бажариш;

уйлар ёнидаги ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича тадбирларни амалга ошириш;

жойлардаги давлат ҳокимияти органларида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида, судларда, шунингдек, бошқа юридик шахслар ва фуқаролар билан ўзаро муносабатларда уй-жой мулкдорларининг умумий манфаатларини ифодалаш;

уй-жой мулкдорларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш;

қонун ҳужжатларига ва уставга мувофиқ бошка фаолиятини амалга ошириш.



3. ШИРКАТНИНГ ҲУҚУҚИЙ МАҚОМИ


3.1. Ширкат Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига, шунингдек ушбу Уставга мувофиқ тузилган ва фаолият кўрсатадиган нотижорат ташкилот ҳисобланади.

3.2. Ширкат юридик шахс ҳисобланади, ўз номи ёзилган штампга, муҳрга ва бланкларга, шунингдек, банк ҳисоб рақамларига эга бўлади.

3.3.Ширкат алоҳида мол-мулкка эга бўлади ва ўз мажбуриятлари бўйича ушбу мол-мулк билан жавоб беради, ўз номидан мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни амалга оширади, мажбуриятлар олади ҳамда судда, хўжалик судида ва холис ҳакамлар судида даъвогар ва жавобгар бўлади.

Ширкат ўз аъзолари мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.

3.4. Ширкат қуйидаги ҳуқуқларга эга:

3.4.1. Умумий мол-мулкни, шунингдек, Ширкат мулки бўлган уйларни бошқариш ва/ёки уларга хизмат кўрсатиш ва улардан фойдаланиш юзасидан исталган жисмоний шахс билан ёки исталган мулкчилик шаклидаги ташкилот билан фаолиятнинг тегишли тури бўйича шартнома тузиш.

3.4.2. Ширкат эҳтиёжлари учун таъмирлаш-фойдаланиш ишларини мустақил равишда амалга ошириш.

3.4.3. Ширкатнинг йиллик даромадлари ва харажатлари, шу жумладан, умумий мол-мулкдан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш бўйича зарур харажатлар, шунингдек, қонун ҳужжатларида ҳамда Ширкат Уставида белгиланган бошқа мақсадларга харажатлар сметасини белгилаш.

3.4.4. Қабул қилинган йиллик даромадлар ва харажатлар сметаси асосида ҳар бир мулкдор учун уйнинг умумий майдонида унга тегишли бўлган майдонга мувофиқ, фойдаланиш харажатлари бўйича тўловлар миқдорларини белгилаш.

Йиллик даромадлар ва харажатлар сметаси умумий мажлис томонидан қабул қилингандан ва тасдиқлангандан кейин Ширкатнинг ҳар бир аъзоси томонидан фойдаланиш харажатларини тўлаш мажбурийдир.

3.4.5. Ширкат аъзолари учун ишларни бажариш ва уларга хизмат кўрсатиш.

3.4.6. Амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва шартларда банклар кредитларидан фойдаланиш.

3.4.7. Мулкдорларнинг қонун билан ҳимояланадиган ҳуқуқ ва манфаатларига хилоф бўлмаган ҳолларда умумий мол-мулк объектларини фойдаланишга ёки чекланган фойдаланишга (сервитутга) бериш.

3.4.8. Ширкатдаги уйга эгалик қилиш.

3.4.9. Ширкат Уставида назарда тутилган мақсадларга сарфланадиган махсус жамғармалар ташкил этиш.

3.4.10. Қонун ҳужжатларига ва Ширкат Уставига мувофиқ хўжалик фаолияти билан шуғулланиш.

3.4.11. Ширкатнинг умумий мол-мулк объектларини шаҳарсозлик  норма ва қоидаларига мувофиқ белгиланган тартибда реконструкция қилиш.

3.4.12. Ажратилган ер участкаларида шаҳарсозлик норма ва қоидаларига мувофиқ қурилишни амалга ошириш.

3.4.13. Асбоб-ускуналарни, жиҳозларни ва бошқа моддий бойликларни сотиб олиш, сотиш ва бериш, алмаштириш, ижарага бериш, шунингдек, агар улар ишдан чиққан ёки маънавий эскирган бўлса уларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисобдан чиқариш.

3.4.14. Ўз фаолияти мақсадларига мувофиқ жисмоний ва юридик (шу жумладан, хорижий жисмоний ва юридик) шахслар билан шартномалар, контрактлар, битимлар тузиш; шартномалар бўйича қабул қилинган мажбуриятларни бажариш.

3.4.15. Ширкатнинг мақсади ва вазифаларига жавоб берадиган бошқа ҳаракатларни амалга ошириш ҳамда битишувлар тузиш.

3.5. Ширкат қуйидагиларга мажбур:

3.5.1. Қонун ва меъёрий хужжатлар, шунингдек, ушбу Устав талабларининг бажарилишини таъминлаш.

3.5.2. Шартнома мажбуриятларини амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда бажариш.

3.5.3. Уй-жойларнинг ва уйлар ёнидаги ҳудудларнинг зарур санитария-техникавий ҳолвтда сақланишини таъминлаш.

3.5.4. Уй-жой фондидан техникавий фойдаланишнинг ягона қоида ва нормаларига риоя этган ҳолда уй-жойларга хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлашни ташкил қилиш.

3.5.5. Ширкатнинг барча аъзолари томонидан уй-жойлардан фойдаланиш, уларни ва уйлар ёнидаги ҳудудларни сақлаш қоидалари бажарилишини таъминлаш.

3.5.6. Агар Ширкат аъзолари коммунал хизматлар ҳақини Ширкат ҳисоб рақамлари орқали тўлашса, кўрсатиладиган коммунал хизматлар ҳамда умумий мол-мулкни сақлаш ва таъмирлаш бўйича фойдаланиш харажатлари учун мажбурий тўловларнинг ўзининг банк ҳисобрақамига ўз вақтида тушишини таъминлаш.

3.5.7. Ширкатнинг йиллик даромадлар ва харажатлар сметасини белгилаш.

3.5.8. Умумий мол-мулкка эгалик қилиш ва улардан фойдаланиш шартлари ва тартибини белгилашда Ширкатнинг барча аъзолари манфаатларига риоя қилинишни таъминлаш.

3.5.9. Ширкат аъзоларининг уй-жой муносабатларидаги, шунингдек, Ширкат аъзоларининг учинчи шахслар билан бошқа муносабатларидаги манфаатларини қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ифодалаш.

3.5.10. Ширкат қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятларни бажариши мумкин.



4. ШИРКАТГА АЪЗОЛИК. ШИРКАТ АЪЗОЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


4.1. Жисмрний ва юридик шахслар  уй-жойлар мулкдорлари Ширкат аъзолари ҳисобланадилар.

4.2. Уй-жой умумий мулк ҳуқуқи билан бир нечта мулкдорга тегишли бўлса, у ҳолда улар Ширкат бир аъзосининг ҳуқуқ ва мажбуриятларига эга бўладилар.

4.3. Уй-жой мулкдорларида Ширкатга аъзолик Ширкат жойлардаги давлат ҳокимияти органларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб пайдо бўлади.

4.4. Ширкатнинг брлоғатга етмаган аъзолари манфаатларини уларнинг ота-оналари, васийлари ёки ҳомийлари ифодалайдилар. Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда Ширкатнинг балоғатга етмаган аъзолари номидан хатти-ҳаракатлар васий ёки ҳомий органлар розилиги билан амалга оширилади.

4.5. Ширкатнинг мажбуриятини мунтазам равишда бржармаётган ёхуд ўз хатти-ҳаракатлари билан Ширкат мақсадларига эришишга тўсқинлик қилаётган аъзоси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши ёки Ширкат аъзолари умумий мажлисининг овозларнинг учдан икки қисми билан қабул қилинган қарорига биноан Ширкатдан чиқарилиши мумкин.

4.6. Фуқаронинг вафоти, юридик шахснинг тугатилиши, мол-мулкнинг бегоналаштириши муносабати билан ёки бошқа асосларга кўра 4.1.-бандда кўрсатилган мол-мулкка Ширкат аъзосининг эгалик қилиш ҳуқуқ тўхтатилган вақтдан бошлаб Ширкатга аъзолик тўхтатилади.

4.7. Юридик шахс  Ширкат аъзоси қайта ташкил этилганда ёхуд фуқаро  Ширкат аъзоси вафот этганда ҳуқуқий ворислар (меросхўрлар) уй-жойга эгалик қилиш ҳуқуқи пайдо бўлган вақтдан бошлаб Ширкатга кирадилар.

4.8. Ширкат аъзосидан уй-жойни янги сотиб олган харидор уй-жойга эгалик қилиш ҳуқуқи пайдо бўлган вақтдан бошлаб Ширкат аъзоси бўлади ва ставда белгиланган, Ширкат аъзосидан ўзига ўтган ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади.

4.9. Ширкат аъзоси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз мулкини Ширкатнинг бошқа аъзолари билан келишмасдан мустақил равишда тасарруф этиш;

Ширкат фаолиятида ҳам шахсан, ҳам ўз вакили орқали қатнашиш, шунингдек, Ширкатнинг бошқарув органларига сайлаш ва сайланиш;

Ширкат фаолиятини такомиллаштириш, унинг органлари ишидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар киритиш;

Уй-жойни ёлловчига ёки ижарачига овоз ҳуқуқини, шунингдек, уй-жойга эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи билан боғлик ҳуқуқ ва мажбуриятларни бериш, бундан Ширкатга Уставига ўзгартириш ва кўшимчалар киритиш масалалари бўйича овоз бериш ҳуқуқи мустасно. Уй-жойни ёлловчи ёки ижарага олувчи томонидан Ширкат аъзоси мажбуриятлари бажарилмаган ёки зарур даражада бажарилмаган тақдирда Ширкат олдида уй-жойнинг мулкдори жавоб беради;

Умумий мулкка етказиладиган зарарнинг олдини олиш муносабати билан қилинган харажатлари Ширкат маблағлари ҳисобидан ундириш;

Ширкат фаолияти, унинг мол-мулки ва қилинган харажатлари тўғрисида маълумотлар олиш;

Коммунал хизматлар ҳақини ҳамда кўчмас мулк учун қонунда белгиланган солиқларни Ширкатнинг ҳисоб рақами орқали тўлаш, агар бундай қарор Ширкат аъзоларининг умумий мажлисида қабул қилинган бўлса.

4.10. Ширкат аъзоси амалдаги қонун ҳужжатларида ва ушбу Уставда назарда  тутилган бошқа  ҳуқуқларга ҳам эгадир.

4.11. Ширкат аъзоси қуйидагиларга мажбур:

4.11.1. Ушбу Усиав, Ширкат аъзолари Умумий мажлисининг ва Ширкат Бошқарувининг талабларини бажариш.

4.11.2 Уй-жойдан белгиланган мақсадда фойдаланиш.

4.11.3. Уй-жойларни ва уйлар ёнидаги ҳудудни сақлашнинг техник, ёнғиндан сақлаш ҳамда санитария қоидалари ва нормаларига риоя қилиш.

4.11.4. Уйнинг умумий майдонидаги ўзига тегишли квартира майдони улушига мутаносиб равишда умумий мол-мулкни сақлаш ва таъмирлаш бўйича сарф-харажатларда қатнашиш ҳамда харажатларни қоплаш учун зарар бўлган бадалларни, шунингдек, коммунал хизматлар ҳақини ўз вақтида тўлаш.

4.11.5. Ўзининг мулки бўлган уй-жойни зарур ҳолатда сақлаш ва уни жорий таъмирлашни ўз ҳисобидан амалга ошириш.

4.11.6. Умумий мулк объектларидан фақат белгиланган мақсадда, ушбу объектлардан фойдаланиш бўйича бошқа мулкдорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини бузмасдан фойдаланиш.

4.11.7. Умумий мулк объектларини тиклаш зарур бўлганда ёки Ширкат аъзоларининг кўчмас мулкига етказилиши мумкин бўлган зарарнинг олдини олиш учун уй-жойнинг қисмларига бемалол киришни таъминлаш.



5. ШИРКАТНИНГ УМУМИЙ МОЛ-МУЛКИ


5.1. Мулкдорлар умумий мол-муллка эгалик қиладилар, ундан фойланадилар ва уни қонун ҳужжатларида белгиланган доирада тасарруф этадилар.

5.2. Уй-жойнинг биттадан ортиқ мулкдорларга хизмат кўрсатувчи умумий уйлари, квартираларо зинапоя тўсиқлари, зинапоялар, лифтлар, лифт шахталари ва бошқа шахталар, йўлаклар, томлар, техник қаватлар, тўсувчи асосий конструкциялар, шунингдек, бинонинг механик, электр, сантехника ва квартиралар ташқарисида ёки ичида жойлашган ҳамда биттадан ортиқ квартирага хизмат кўрсатувчи бошқа муҳандислик асбоб-ускуналари, уйлар ёнидаги кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш элементларига эга бўлган ер участкалари, шунингдек, Ширкатнинг кўчмас мулки ягона мажмуига хизмат кўрсатишга ва уни сақлашга мўлжалланган бошқа мол-мулклар Ширкатнинг умумий мол-мулклар Ширкатнинг умумий мол-мулклари ҳисобланади.

5.3. Ширкатнинг умумий мол-мулки кўп квартирали уйдаги квартиралар мулкдорларининг улушли мулкида бўлади, умумий фойдаланишдаги ер участкалари бундан мустасно.

5.4. Ширкатнинг умумий мол-мулки Ширкат аъзосининг квартирага мулкий ҳуқуқидан алоҳида ҳолда бегоналаштирилмайди.

5.5. Умумий мол-мулкнинг айрим объектлари Ширкат аъзолари умумий мажлисининг унинг аъзолари овозлари умумий сонининг тўртдан уч  қисми билан қабул қилинган қарори асосида бошқа шахсларга фойдаланиш учун берилиши мумкин, бунда улар томонидан ушбу мол-мулкдан фойдаланиш уй-жойлар мулкдорларининг ҳуқуқларини ва қонун билан ҳимояланадиган манфаатларини бузиш билан боғлик бўлмаслиги керак.

Квартираларо зинапоя тўсиқлари, зинапоялар, лифтлар, лифт шахталари ва бошқа шахталар, йўлаклар, техник қаватлар, асосий ва ёрдамчи тўсиқ конструкциялари, механик, электр, сантехника ҳамда квартиралар ташқарасида ёки ичида бўлган ва биттадан ортиқ мулкдорга хизмат кўрсатувчи муҳандислик асбоб-ускуналари, шунингдек, кириб келиш йўлларининг, пиёдалар йўлкаларининг барча участкалари, умумий фойдаланиладиган бошқа жойлар (бўлинмайдиган, бегоналаштирилмайдаган мол-мулклар) бегоналаштирилмайди ва фойдаланишга берилмайди.

5.6. Ҳар бир мулкдор учун Ширкатнинг умумий мулкини ҳуқуқидаги бўлинмайдиган (бегоналаштирилмайдиган) умумий кўчмас мулк улуши Ширкатдаги унга тегишли уйлар улушига мутаносибдир, у томонларнинг битишувига кўра умумий майдоннинг квадрат метрлари ҳисобида ёхуд бошқача шаклда белгиланиши мумкин.

Мулкдорларнинг умумий кўчмас мулкнинг бўлинадиган (бегоналаштириладиган) қисмидаги улушини белгилаш ва ўзгартириш тартиби томонларнинг битишувига кўра, томонлардан ҳар бирининг ушбу мулкнинг пайдо бўлишидаги ва кўпайишидаги ҳиссасига қараб ёхуд фуқаролик қонун ҳужжатлари нормалари билан белгиланган бошқача тартибда белгиланади.

5.7. Қонунда назарда тутилган асослар бўйича Ширкат томонидан сотиб олинган барча мулклар Ширкат аъзоларининг умумий мулкида турувчи мулклар ҳисобланади.

5.8. Ширкатнинг ҳар бир аъзоси ёки унинг мулкида бўлган квартирани сотувчи вакили квартирани сотиб олувчини сотувчи Ширкат аъзоси эканлиги ҳамда Уставда белгиланган, тегишли равишда сотиб олувчига ўтадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларга тегишли равишда эга бўлиши ҳақида хабардор  қилишга мажбурдир.

5.9. Ширкатдаги уй-жойлар мулкдорлари умумий мол-мулкни сақлаш ва таъмирлаш харажатларини уйнинг умумий майдонидаги ўзига тегишли квартира майдони улушига мутаносиб равишда тўлайдилар.

5.10. Мулкдорнинг ўзига тегишли уй-жойдан фойдаланмаслиги ёхуд умумий мол-мулкдан фойдаланиши рад этиши уй-жой мулкдорини умумий мол-мулкни сақлаш ва таъмирлаш умумий харажатларида қатнашишдан тўлиқ ёки қисман озод қилиш учун асос ҳисобланмайди.



6. ШИРКАТ МАБЛАҒЛАРИНИ ВА ЖАМҒАРМАЛАРИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ  ҲАМДА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ,

ШИРКАТ АЪЗОЛАРИНИНГ УМУМИЙ МОЛ-МУЛКНИ

САҚЛАШ ВА ТАЪМИРЛАШ ХАРАЖАТЛАРИНИ

МАБЛАҒ БИЛАН ТАЪМИНЛАШДА ҚАТНАШИШИ


6.1. Ширкат маблағлари:

Ширкат аъзоларининг ихтиёрий бадалларидан;

Хўжалик фаолияти даромадларидан;

Қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа тушумлардан иборат бўлади.

6.2. Ширкат умумий мажлис қарорига кўра Ширкат Уставида назарда тутилган вазифаларга мувофиқ мақсадларга сарфланадиган махсус жамғармалар ташкил этиши мумкин. Махсус жамғармалар ташкил этиш тартибини умумий мажлис белгилайди.

6.3. Уй-жойнинг мулкдорлари (ёлловчилари) ва ижарачилари сув, иссиқлик, газ, электр, иссиқ сув таъминоти, канализация ҳамда ўзларига кўрсатилган бошқа коммунал хизматлар бўйича харажатларни тўлайдилар. Тўлов якка тартибдаги ҳисоблагичлар бўйича ҳам, Ширкат аъзоларининг ўзаро келишувига кўра жамоа бўлиб фойдаланиладиган ҳисоблагичлар бўйича амалга оширилиши мумкин.

6.4. Коммунал хизматлар учун тўлов ҳам Ширкатнинг ҳисоб рақами орқали, ҳам бевосита хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ҳисоб рақами орқали, уй-жой мулкдорининг қарорига кўра амалга оширилади.

6.5. Ширкат аъзолари ҳисобланадиган уй-жойнинг мулкдорлари ва ёлловчилари уй-жойни (квартирани) сақлаш ҳамда таъмирлашга доир фойдаланиш харажатлари тўлови бўйича имтиёзлардан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда фойдаланадилар.

6.6. Умумий мажлис ҳар йили Ширкат даромадлари ва харажатларини тасдиқлаётганда Ширкат ҳар бир аъзосининг харажатларга ва махсус йиғимларга нисбатан мажбуриятини аниқлайди ҳамда уларни ундириш вақтини ва тартиботини белгилайди.

6.7. Умумий мол-мулкни сақлаш ва таъмирлаш харажатлари Ширкат аъзолари томонидан ҳар ойда, ўтган ойдан кейинги ойнинг 10-кунидан кечикмай тўланади ҳамда уй-жойни, уй ёнидаги ҳудудни ва Ширкат аъзоларининг умумий мулки бўлган объектларни бошқариш, сақлаш, таъмирлаш ва улардан фойдаланишга сарфланади.

Ширкатнинг умумий мол-мулкини сақлаш ва таъмирлаш бўйича фойдаланиш харажатларига қуйидагилар киради:

Уй хўжалигини сақлаш харажатлари;

Хизмат кўрсатувчи ходимларни таъминлаш харажатлари;

Умумий фойдаланиладиган жойларни жорий таъмирлаш;

Машиналар, асбоб-ускуналар, жиҳозлар ва бошқа мол-мулкларни тўлиқ тиклашга амортизация ажратмалари;

Тўлиқ таъмирлаш;

Бошқарув аппаратини сақлаш харажатлари.

Ширкатнинг жорий харажатлари билан боғлик тўловлар Ширкат аъзоларининг умумий мажлиси  тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ амалга  оширилади. Жорий харажатларнинг режалаштирилган миқдори Ширкат Бошқарувининг розилиги билан ёхуд Ширкат аъзолари умумий мажлисининг тегишли қарори мавжуд бўлганда кўпайтирилиши мумкин.

6.8. Ширкат аъзоси уй-жойдан узоқ вақт фойдаланмаганлиги сабабли мажбурий тўловларни тўлашни рад этиши, шунингдек, умумий мулкнинг айрим объектларидан фойдаланишни (умумий фойдаланиладиган жойларни сақлаш бўйича фойдаланиш харажатларини) ҳамда кўрсатилган коммунал хизматлар (иссиқлик таъминоти)ни рад этиши мумкин эмас.

6.9. Ширкат аъзоси мулкни бошқа шахсга берган тақдирда уй-жойга эгалик қилиш ҳуқуқини бошқа шахсга бергунгача барча мажбурий тўловларни тўлашга мажбурдир.

6.10. Уй-жой эгаси қонун ҳужжатларида белгиланган мажбурий тўловларни тўлаш бўйича ўз мажбуриятларини бажармаган ёки зарур даражада бажармаган тақдирда Ширкат мулкдорга нисбатан Ширкатга етказилган зарарларни ундириш талаблари билан даъво қўзғатишга ҳақлидир.

6.11. Ширкат аъзолари Ширкат аъзоларининг умумий мулки бўлган объектоарни ўз ҳисобидан яхшилашга ҳақлидирлар.

6.12. Уй-жой мулкдорларининг ширкати, зарурат бўлганда, Ширкатнинг қурилаётган объектларини маблағ билан таъминлаш учун махсус жамғарма ташкил этиши мумкин. Бу ҳолда Ширкат аъзолари уйнинг умумий майдонидаги ўзига тегишли квартира майдони улушига мутаносиб миқдорда маблағ қўшадилар.

Мазкур жамғармага ажратмалар Ширкат аъзоларининг умумий мажлиси белгиланган тартибда ажратилади. Махсус жамғарага йўналтирилган маблағлар Ширкат аъзоси мулк ҳуқуқи билан ўзига тегишли уйни сотганда унга қайтарилмайди, балки махсус жамғарма маблағларидан улуши сотганда унга қайтарилмайди, балки махсус жамғарма маблағларидаги улуши сифатида янги мулкдорга ўтади.

6.13. Янги объектлар қуриш тўғрисидаги қарор Ширкат аъзоларининг умумий мажлиси томонидан, Ширкат аъзолари умумий сонининг камида тўртдан уч қисми овози билан қабул қилинади.

6.14. Суғурта тур ва хилларини белгиловчи ихтиёрий суғурта бўйича дастурларни Ширкат аъзоларининг умумий мажлиси тасдиқлайди.

Ширкат Бошқаруви Ширкат аъзоларининг умумий мулки бўлган объектларни, Ширкатнинг бевосита ўз мулки бўлган асбоб-ускуналар, мол-мулкларни суғурта қилиш дастурини ижро учун қабул қилади ва самарали амалга оширади.

Суғурта бўйича дастурлар Ширкат аъзолари мулкини ҳамда Ширкатнинг ўз мулкини ҳимоя қилишни таъминлаши керак.

6.15. Ширкатнинг хўжалик фаолиятидан олинган даромадлар биринчи навбатда Ширкат аъзолари томонидан мажбурий тўловлар тўланмаган ҳолларда, ёхуд тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ Ширкат қарзларини қоплашга йўналтирилади.

Ширкатнинг хўжалик фаолиятидан олинган фойда Ширкат аъзолри ўртасида тақсимланмайди.

6.16. Ширкатнинг маблағлари бошқа тушумлардан, шу жумладан, Ширкатга исталган жисмоний ва юридик шахс томонидан торшириладиган маблағлардан шакллантирилиши мумкин.

6.17. Ҳар йили, умумий мулк бўлган объектлари фойдаланишга топшириш, сақлаш ва тузатиш учун даромадлар миқдорлари аниқлангандан, молия йили натижалари якунлангандан сўнг, Ширкат Бошқаруви келгуси молия йили учун даромадлар ва харажатлар сметасини тузади ва Ширкатнинг ҳар бир аъзосининг тўловларини белгилайди.

Келгуси йил учун даромадлар ва харажатлар сметаси жорий йилнинг 15 декабригача тузилади.

Ширкатнинг даромадлари ва харажатлари сметаси ва улар юзасидан Ширкат аъзолари томонидан тўловларнинг миқдорлари келгуси молия йили учун Бошқарув томонидан умумий мажлис тасдиғига киритилади. Ширкатнинг йиллик даромадлари ва харажатлари сметасини тасдиқлаш учун чақириладиган Ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши келгуси молия йили учун Ширкатнинг йиллик харажатлари ва даромадлари сметасининг лойиҳаси Ширкат аъзоларига юборилгандан сўнг 10 кун ўтгандан кейингина ўтказилиши мумкин.

6.18. Ширкат қуйидаги маълумотларни ўз ичига олган молия ҳужжатларини юритиши шарт:

а) барча пул тушумлари ва харажатлари ҳисоб-китоби;

б) ҳар бир турар жой учун шахсий варақа, унда мулкдор ҳақидаги қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

жисмоний шахслар учун  фамилияси, исми, отисининг исми, яшаш жойи ва туғилган санаси;

юридик шахслар учун  тўлиқ номи, юридик манзили ва ҳисоб-китоб варақаси, шунингдек, умумий харажатлардаги ҳамда мажбурий тўловлардаги улуши, шу жумладан, кўшимча бадаллари;

в) умумий мулк бўлган объектларни сақлаш, улардан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш ҳақиқий қийматининг ҳисоби;

г) жорий ва келгуси йилда назарда тутилган капитал харажатларнинг ҳисоби.

6.19. Ширкат белгиланган тартибда умумий мулк бўлган объектларни сақлашни, улардан фойдаланиши, уларни таъмирлашни ва реконструкция қилишни амалга оширади.

6.20. Ширкатнинг ҳар бир аъзоси Ширкатга ёки/ва Ширкат аъзоларига улар ёки унинг оила аъзолари, ёхуд мазкур бинода бўлган бошқа шахс томонидан Ширкат аъзоларининг умумий мулки бўлган объектларга ёки алоҳида турар жойларга эҳтиётсизлик ёки атайин қилинган хатти-харакатлар натижасида етказилган зарарни, шу жумладан, турар жойдан фойдаланиш, уни таъмирлаш натижасида келтирилган зиённи тўлаши керак.

Мазкур талабалар Ширкат аъзосига боғлик бўлмаган ҳолда пайдо бўлган сабабларга кўра бино ёнган, аварияга учраган ёхуд кўчмас мулк бошқача жисмонан йўқ қилингандан сўнг уни тиклаш зарурияти пайдо бўлган ҳолларга жорий этилмайди.

6.21. Уйлар атрофидаги объектларни реконструкция қилиш, бузиш ва турар жойнинг ташқи кўринишини ўзгартириш қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда бошқарув органларининг тегишли рухсатисиз амалга оширилиши мумкин эмас.



7. ШИРКАТНИНГ ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ


7.1. Ширкат нотижорат ташкилоти сифатида хўжалик фаолиятини фақат мазкур Уставга мувофиқ Ширкат мақсадларига хизмат қилишига ва мувофиқлигига кўра амалга ошириши мумкин.

7.2. Уставда назарда тутилган мақсадга эришиш учун Ширкат хўжалик фаолиятининг қуйидаги турларини амалга ошириши мумкин:

Ширкатдаги кўчмас мулкка хизмат кўрсатишни, ундан фойдаланшни ва таъмирлашни бошқариш;

Хўжалик иморатлари ва бошқа иморатларни қуриш;

Ширкат мулкида бўлган асбоб-ускуналар, анжомлар ва бошқа моддий бойликларни ижарага бериш.

7.3. Ширкат мазкур уставда ва қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган хўжалик фаолияти билан шуғулланишга ҳақли эмас.



8. ШИРКАТНИНГ БОШҚАРУВ ОРГАНЛАРИ


8.1. Қуйидагилар:

Ширкат аъзоларининг умумий мажлиси;

Ширкат Бошқаруви;

Тафтиш комиссияси (тафтишчи) Ширкатнинг бошқарув органлари ҳисобланади.

8.2. Йилда камида бир марта чақириладиган Ширкат аъзоларининг умумий мажлиси Ширкатни бошқаришнинг юқори органи ҳисобланади.

Ширкатнинг жорий фаолиятига раҳбарлик қилиш Ширкат Бошқаруви томонидан амалга оширилади.

8.3. Тафтиш комиссияси (тафтишчи) Ширкатни назорат қилиш органи ҳисобланади.



9. ШИРКАТ АЪЗОЛАРИНИНГ УМУМИЙ МАЖЛИСИ


9.1. Йиллик умумий мажлис Ширкатнинг молия йили тугагандан сўнг 60 кундан кечиктирмай чақирилади.

Ширкат аъзоларининг навбатдан ташқари умумий мажлиси Бошқарувнинг, Ширкатда овозлар умумий сонининг 10 ва ундан ортиқ фоизига эга бўлган Ширкат аъзоларининг ташаббуси билан, шунингдек, тафтиш комиссияси (тафтишчи) ёки жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг талабларига биноан чақирилиши мумкин.

9.2. Ширкат аъзоларининг умумий мажлисини ўтказиш тўғрисидаги хабар ёзма ҳолда юборилади ва ҳар бир Ширкат аъзосига тилхат билан ёхуд почта жўнатмалари орқали (буюртма хат билан) Ширкат аъзоси томонидан ёзма ҳолда кўрсатилган манзил бўйича топширилади. Хабарнома Ширкат аъзоларининг умумий мажлисини ўтказиш санасигача кечи билан 10 кун олдин юборилади.

Умумий мажлис ўтказилиши тўғрисидаги хабарномада:

Умумий мажлис кимнинг ташаббусига кўра чақирилаётганлиги;

Мажлис ўтказиладиган жой ва унинг вақти;

Мажлиснинг кун тартиби;

Даромадлар ва харажатлар сметаларини тасдиқлашда турар жой мулкдорларига кўрсатиб ўтилган сметаларни кўриб чиқиш учун хабарнома билан бирга жўнатиш кўрсатилади.

Умамий мажлис кун тартибида кўрсатилмаган масалаларни муҳокама қилиш учун киритишга ҳақли эмас.

9.3. Ширкатнинг ҳар бир аъзоси умумий йиғилишда битта овозга эга бўлади.

9.4. Умумий мажлис, агар унда Ширкат аъзоларининг овозлари умумий сонининг ярмидан кўпига эга бўлган Ширкат аъзолари қатнашаётган бўлса, ваколатли бўлади. Умумий мажлис қарори Ширкат аъзолари умумий мажлисида қатнашаётганлар овозларининг умумий сонига эга бўлган оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади, мазкур уставнинг 4.5, 5.5, 6.13-бандларида назарда тутилган ҳоллар бундан  мустасно.

Кворум бўлмаган ҳолларда Бошқарув ўтказиладиган умумий мажлиснинг янги санаси ва вақтини белгилайди.

9.5. Умумий мажлисни Бошқарув раиси ёки унинг ўринбосари олиб боради.

Улар бўлмаган ҳолларда мажлисни Бошқарув аъзоларидан бири олиб боради.

Кўрсатиб ўтилган шухслар бўлмаган ҳолларда раислик қилувчи мажлисда қатнашаётган Ширкат аъзоларининг сафидан сайланади.

9.6. Уставга  мувофиқ олинган овоз бериш натижалари барча ҳолларда квартираларнинг барча мулкдорлари учун, шу жумладан, овоз беришда қатнашмаган (сабабидан қатъи назар)лар учун ҳам мажбурий ҳисобланади.

Квартира мулкдорлари ҳисобланадиган юридик шахснинг овози аниқ шасни тайинлаш тўғрисида хабарнома бўлмаганда вакил қилинган шихс томонидан берилиши мумкин. Мажлис раиси юридик шахс номидан овоз берувчи шахснинг бунга ҳақи борлигини исботловчи далил талаб қилиши мумкин.

Квартиралар мулкдорларининг бирон бир гуруҳ (тоифа)лари манфаатларига дахл қилувчи масалалар ушбу гуруҳ (тоифа)ларни ифодаловчи квартиралар мулкдорларининг овоз бериш объекти бўлиши керак ва ушбу гуруҳ (тоифа)га кирмайдиган квартиралар мулкдорларининг розилигини олмасликлари керак.

9.7. Умумий мажлиснинг мутлақ ваколатига қуйидаги масалаларни ҳал этиш киради:



10. ШИРКАТ БОШҚАРУВИ


10.1. Ширкатнинг жорий фаоляитига раҳбарликни Бошқарув амалга оширади.

10.2. Ширкат Бошқаруви Ширкат аъзолари орасидан сайланади. Агар юридик шахс турар жойнинг мулкдори ҳисобланса, унда унинг ҳар қандай ваколатли вакили Бошқарув аъзолигига сайланиши мумкин.

10.3. Бошқарув аъзолари белгиланган тартибда Бошқарув аъзоларини сайлаш мақсадида чақириладиган умумий мажлисда турар жой мулкдорлари томонидан сайланадилар.

Бошқарув аъзолари Ширкат уставида белгиланган муддатга умумий мажлис томонидан сайланадилар.

Бошқарувга сайлаш учун номзодлар Бошқарув аъзоларини сайлаш мақсадида чақирилган мажлисда исталган турар жой мулкдори томонидан ҳам ёзма, ҳам оғзаки шаклда таклиф этилишлари мумкин. Бошқарувга барча номзодларнинг рўйхати Ширкат аъзоларига  мулкдорларга Бошқарув аъзолари сайланадиган мажлисгача камида 15 кун олдин тақдим этилади.

Бошқарув аъзолари сайланиши керак бўлган умумий мажлисда мулкдорлар бундай сайловларни олиб боришнинг махсус тартиботларини, агар улар Уставга зид бўлмаса, тасдиқлаб олишлари мумкин.

Бошқарув ўз таркибидан раис ва унинг ўринбосарини сайлайди.

Бошқарув Ширкатнинг ижрочи органи ҳисобланади. Ширкат аъзоларининг умумий мажлисига ҳисоб беради.

10.4. Молия-хўжалик фаолиятини, бухгалтерлик ҳисоби ва ҳисоботини юритиш учун Ширкат бошқаруви томонидан ижрочи директор ва бухгалтер, кейинчалик уларни умумий мажлис томонидан тасдиқлаш шарти билан, ишга ёлланади.

Ширкатнинг тўлов ва бошқа молия ҳужжатлари бухгалтер, шунингдек, ижрочи директор ва бошқарув раиси томонидан тасдиқланади.

10.5. Бошқарув ваколатига қуйидаги масалаларни ҳал этиш киради:

10.5.1. Умумий мажлис чақириш ва унинг ўтказилишини ташкил этиш.

10.5.2. Йиллик даромадлар ва харажатлар сметаси лойиҳасини ва унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тузиш.

10.5.3. Уйга хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш, шунингдек, умумий фойдаланишдаги бошқа объектларни сақлаш учун шартномалар тузиш.

10.5.4. Уйни асраш, сақлаш, таъмирлаш ҳамда унга хизмат кўрсатиш бўйича тузилган шартнома мажбуриятларига риоя этилишини назорат қилиш.

10.5.5. Ширкат маблағларини умумий мажлис тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ тасарруф этиш.

10.5.6. Ширкат аъзоларининг белгиланган мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлашларини назорат қилиш.

10.5.7. Иш юритиш, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини олиб бориш.

10.5.8. Хўжалик фаолиятини юритиш учун ижро директорни, унинг номзодини кейинчалик умумий мажлисда тасдиқлаш учун киритиш шарти билан, ишга ёллаш.

10.5.9. Ширкат мол-мулкига хизмат кўрсатиш ва хўжалик фаолиятини юритиш учун, шу жумладан, иш юритиш, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини олиб бориш учун ходимларини ишга ёллаш.

10.5.10. Қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатлар.

10.6. Ҳар қандай бошқа сабабларга кўра Бошқарувда пайдо бўладиган бўш ўринлар, бундай бўш ўринлар пайдо бўлгандан сўнг уларни тўлдириш учун истилган вақтда чақирилган умумий мажлис қарорига кўра, тўлдиришини мумкин.Шу тариқа сайланган ёки тайинланаган Бошқарув аъзоси ўзи ўрнига келган Бошқарув аъзосининг ваколатлари муддати тугагунга қадар лавозимда қолади.

10.7. Бошқарув йиғилиши унинг раиси томонидан чақирилади.

10.8. Йил якуни бўйича умумий мажлис ўтказилгандан сўнг 10 кундан кечиктирмай Бошқарув йиғилиши ўтказилади.

10.9. Бошқарувнинг мунтазам йиғилишлари жадвал бўйича ўтказиб борилади ёки Бошқарувнинг кўпчилик аъзоси томонидан даврий равишда белгилаб бориладиган ўша вақтда ва ўша жойда Бошқарув раиси томонидан чақирилади, бунда йиғилишлар ойда камида 1 марта чақирилади. Агар йиғилишлар жадвал бўйича ўтказилмаса, уларни ўткази ҳақидаги хабарнома Бошқарувнинг ҳар бир аъзосига мажлис ўтказиш санасигача кечи билан уч  иш кунидан олдин почта орқали юборилиши ёки шахсан топширилиши керак. Бошқарувнинг барча йиғилишлари мулкдорларнинг кириши учун очиқдир.

10.10. Бошқаоув йиғилиши мазкур Уставда белгиланган маддатларда чақирилади. Агар Бошқарув йиғилишида қатнашаётганлар сони кворуми ташкил этмаса, у ҳолда қатнашаётгаларининг кўпчилик овози билан мазкур йиғилиш бошқа кунга кўчирилишини мумкин.

Қайта мажлисда кворум бўлса, олдинги чақирилган йиғилишда ҳал этилиши лозим бўлган масала қўшимча хабарномасиз кўриб чиқилиши мумкин.

10.11. Бошқарув аъзоларининг камида 2/3 қисми қатнашганда Бошқарув қарорлари ваколатли бўлади.



11. БОШҚАРУВ РАИСИ


11.1. Бошқарув раиси Ширкат аъзолари орасидадан уставда белгиланган муддатга сайланади. Раис Ширкат манфаатларини ифодалайди, Бошқарув қарорларининг бажарилишини таъминлайди, ўз ваколати доирасида Ширкатнинг барча мансабдор шахсларига уларнинг бажаришлари мажбурий бўлган кўрсатмалар ва фармойишлар бериш ҳуқуқига эга бўлади.

11.2. Раис Ширкат штатидаги ходимларнинг ички меҳнат тартиби қоидаларини, улар меҳнатига ҳақ тўлаш ва мукофотлаш тўғрисидаги низомни, ижрочи директорликка номзодни умумий мажлис тасдиғига киритади.



12. ТАФТИШ КОМИССИЯСИ (ТАФТИШЧИ)


12.1. Ширкатнинг молия-хўжалик фаолиятини назорат қилиш учун унинг аъзоларининг  умумий мажлиси Ширкат аъзолари  таркибидан таркиби камида 3 кишидан иборат бўлган тафтиш комиссиясини сайлайди ёки тафтишчини тайинлайди.

12.2. Тафтиш комиссияси (тафтишчи) умумий мажлис томонидан кўпи билан икки йилга сайланади. Тафтиш комиссияси таркибига Ширкат Бошқаруви аъзолари киритилиши мумкин эмас.

12.3. Ширкат ва унинг бошқаруви молия-хўжалик фаолиятини текшириш учун умумий мажлис белгиланган тартибда аудиторни ёки аудиторлик ташкилотини жалб этишга ҳақлидир.

12.4. Тафтиш комиссияси ўз таркибидан раис сайлайди.

12.5. Тафтиш комиссияси (тафтишчи):

12.5.1. Йилда камида бир марта Ширкатнинг молия-хўжалик фаолиятини режали тафтиш қилади.

12.5.2. Умумий мажлисга йиллик ҳисобот ва мажбурий тўловлар  ҳамда бадаллар миқдорлари бўйича хулоса тиқдим этади.

12.5.3. Ўз фаолияти тўғрисида умумий мажлисга ҳисоб беради.

12.5.4. Қонун ҳужжатлари, Ширкат Уставининг Бошқарув (раис)нинг молия-хўжалик фаолияти қисмига доир талабларига риоя этилишини назорат қилади.



13. ШИРКАТНИ ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ТУГАТИШ


13.1. Ширкатни қайта ташкил этиш ва тугатиш умумий мажлис қарорига ёхуд суд қарорига кўра қонун ҳужжатларида назарда тутилган асосда ва тартибда амалга оширилади.

13.2. Ширкат тугатилган тақдирда, кредиторларнинг талаблари қондирилгандан кейин қолган мол-мулк Ширкат аъзолари ўртасида уларнинг умумий мол-мулкдаги улушларига  мутаносиб тарзда тақсимланади.