язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Тураржой ва нотурар жойлар. Коммунал хўжалик/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Уй-жой қонунчилиги/ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг 13.08.1992 й. 378-сон "Тошкент шаҳрида давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида"ги Қарори

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИ ҲУЗУРИДАГИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

13.08.1992 й.

N 378



ТОШКЕНТ ШАҲРИДА ДАВЛАТ УЙ-ЖОЙ

ФОНДИНИ* ХУСУСИЙЛАШТИРИШ

ТЎFРИСИДА


Бозор муносабатларига ўтиш шароитида фуқароларнинг мулкий ҳуқуқини таъминлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялашни кучайтириш ҳамда уй-жой бозорини барпо этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасининг Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида давлат уй-жой фондини хусусийлаштиришни ўтказиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши билан келишилган таклифи қабул қилинсин.


2. Тошкент шаҳрида давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида илова қилинаётган Низом тасдиқлансин.


3. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси билан биргаликда икки ҳафта муддат ичида Тошкент шаҳрида уй-жой фондини хусусийлаштириш, сақлаш ва ундан фойдаланиш қоидасини, хусусийлаштирилиши лозим бўлган уй-жойлар қийматини белгилаш методикасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда тасдиқласин.


4. Тошкент шаҳар ҳокимлиги 1993 йил маҳаллий бюджетини шакллантираётганда уй-жой фондини сақлаш учун таркиб топган нархларга мос бўлган миқдорларда дотация харажатларини назарда тутсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки хусусийлаштирилган уй-жойларни сотиб олиш учун фуқароларга ва юридик шахсларга кредит бериш тартиби ҳақидаги йўриқномани ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.


6. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси 1993 йилнинг 1 январига қадар Тошкент шаҳрида давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш бўйича ўтказилган тажриба таҳлили асосида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашига киритиш учун "Ўзбекистон Республикасида давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш ҳақида" Қонун лойиҳасини ишлаб чиқсин.


7. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси давлат уй-жой фондини хусусийлаштиришни ўтказишнинг аниқ тадбирларини ишлаб чиқсинлар, камчиликларни бартараф этиш юзасидан зудлик билан чора-тадбирлар кўрсинлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан биргаликда ўзининг хизмат мавқеини суиистеъмол қилган шахсларни ҳамда давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тартибини бузишда айбдор бўлганларни қаттиқ жавобгарликка тортсинлар.


8. Оммавий ахборот воситалари Тошкент шаҳрида давлат уй-жойларини хусусийлаштиришни ўтказишнинг қандай бораётганини мунтазам ёритиб борсинлар.


9. Ўзбекистон Республикаси вилоятлари ва шаҳарлари ҳокимликларига давлат уй-жойларини хусусийлаштираётганда Тошкент шаҳрида давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисидаги Низомни асос қилиб олиш тавсия этилсин.


10. Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддат ичида Тошкент шаҳрида хусусийлаштириш жараёнини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ишларни ташкил этиш юзасидан шаҳар ҳокимлиги тегишли бўлинмаларининг ва идоралари раҳбарлари учун семинар-кенгаш ўтказсин.


11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари ўртоқ К.Н. Тўлаганов зиммасига юклатилсин. Қарорнинг қандай бажарилаётгани 1992 йилнинг октябрь ойида Вазирлар Маҳкамаси мажлисида кўриб чиқилсин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                 А. Муталов



-------------------------

* Маҳаллий Кенгашлар, идоралар ва жамоат ташкилотлари тасарруфида бўлган.