Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Адлия органлари /

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 27.08.2003 й. 370-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2003 йил 27 августдаги

370-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлиги тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (кейинги ўринларда матнда Вазирлик деб юритилади) давлат бошқаруви органи ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири ўз мақомига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси таркибига киради.


2. Вазирлик тизимига Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти, бошқа адлия органлари ва муассасалари киради (кейинги ўринларда матнда адлия органлари ва муассасалари деб юритилади).

Адлия органлари ва муассасалари маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан мустақилдир ва бевосита Вазирликка бўйсунади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаментининг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган Низом билан тартибга солинади.


3. Вазирлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.


4. Адлия органлари ва муассасаларини моддий-техник таъминлаш, шунингдек адлия тизимининг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш Вазирликка ажратиладиган маблағ доирасида давлат бюджети Судлар, адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

5. Вазирлик, унинг органлари ва муассасалари юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвирланган ва ўз номи ёзилган муҳрга эгадир.



II. ВАЗИРЛИКНИНГ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


6. Қуйидагилар Вазирликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

1) қонунчилик ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш;

2) Конституция ва қонунлар билан мустаҳкамланган инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлаш, фуқаролик жамияти институтларини ҳар томонлама ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш;

3) жамиятда ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданиятни оширишга ва қонунийликни мустаҳкамлашга йўналтирилган ҳуқуқий тарғибот бўйича давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;

4) судларни моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш бўйича ишларнинг самарадорлигини ошириш, уларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, суд ҳужжатлари ва давлат органлари бошқа ҳужжатлари ижросини таъминлашнинг самарали механизмини яратиш;

5) нотариат, адвокатура, ФҲДЁ органлари ҳамда фуқаролар ва юридик шахсларга ҳуқуқий хизмат кўрсатувчи бошқа тузилмалар фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш ва уларнинг самарадорлигини ошириш;

6) тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш, тадбиркорлик субъектлари ва хусусий мулк эгалари, хорижий инвесторлар ва чет эл инвестициялари жалб қилинган корхоналарнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш;

7) хўжалик юритувчи субъектларга хўжалик шартномаларини тузишда ва уларни бажаришда ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳамда шартнома интизомини мустаҳкамлаш;

8) юридик шахслар, шу жумладан нодавлат нотижорат ташкилотларни рўйхатдан ўтказишда қонунчиликка риоя қилинишини таъминлаш;

9) тегишли давлат органлари билан биргаликда халқаро-ҳуқуқий муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси манфаатлари самарали ҳуқуқий ҳимоя қилинишини таъминлаш;

10) замонавий талаблар ва стандартларни ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш.

11) адлия органлари ва муассасалари тизимига раҳбарликни амалга ошириш.


7. Вазирлик ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

1) қонунчилик ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш соҳасида:

а) қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларни тайёрлаш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш соҳасида:

давлат бошқаруви органларининг қонунчилик ижодкорлиги масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради ва уларга методик раҳбарликни амалга оширади;

қонунчилик ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштиришнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқади, уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;

давлат бошқаруви органлари томонидан қонун лойиҳаларини тайёрлашнинг зарурлиги масалалари бўйича олдиндан келишишни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг топшириқлари бўйича ва ўз ташаббусига кўра қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги лойиҳаларни ишлаб чиқади ва уларни кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда киритади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг топшириқлари бўйича давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қонун лойиҳаларини тайёрлаш масалалари бўйича таклифларини кўриб чиқади ва умумлаштиради;

қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини юридик экспертизадан ўтказади ва уларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонун ҳужжатларига, шунингдек қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлиги юзасидан хулосалар беради;

қонун ҳужжатларини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига мувофиқлаштириш, ҳуқуқий тартибга солишнинг тизимга солинишини ва яхлитлигини таъминлаш тўғрисида таклифлар ишлаб чиқади, қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир таклифларни таҳлил қилади ва умумлаштиради ҳамда уларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига тақдим қилади, қонун ҳужжатларини кодекслаштириш бўйича ишларни олиб боради;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, уларнинг Кенгашлари, қўмиталари ва комиссиялари билан доимий амалий алоқада бўлади;

б) идоравий норма ижодкорлиги соҳасида:

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг умумий мажбурий тусдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказади;

идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестрини юритади;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, давлат рўйхатидан ўтказиш, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни эълон қилиш ва манфаатдор шахслар эътиборига етказиш, шунингдек уларни қўллаш бўйича ишларини назорат қилади;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг ҳолати тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиб туради;

в) қонунчиликни тизимлаштириш соҳасида:

Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини давлат ҳисобига олиш ва қонун ҳужжатларини туркумлаш ишларини олиб боради;

Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари ва бошқа ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг назорат нусхаларини юритади;

Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари банкини (фондини) шакллантиради;

Ўзбекистон Республикаси тармоқ қонунчилигининг умумҳуқуқий классификаторини ривожлантирилишни амалга оширади, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга классификатор асосида кодлар беради;

давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида қонун ҳужжатларининг туркумлаштирилган ҳисобини юритиш қоидаларини белгилайди ва уларга риоя қилиш устидан назоратни амалга оширади;

г) ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида:

ҳуқуқни қўллаш амалиёти масалалари бўйича давлат бошқаруви органлари фаолиятини мувофиқлаштиради;

давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари бир хилда қўлланилишини таъминлаш ишларини ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари бажарилиши мониторингини олиб боради ва унинг натижалари бўйича таклифлар киритади;

қонун ҳужжатларини қўллаш бўйича ўз ваколатлари доирасида хулосалар беради;

2) Конституцияда ва қонунларда мустаҳкамланган инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинишини таъминлаш соҳасида:

инсон ҳуқуқлари соҳасида қонун ҳужжатларини доимий равишда таҳлил қилади ва уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади;

халқаро тажрибани ўрганади ва халқаро-ҳуқуқий нормаларнинг Ўзбекистон Республикаси амалдаги қонун ҳужжатларидаги ижроси бўйича таклифлар тайёрлайди;

инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида аҳолининг ҳуқуқий билимларини ошириш, жамиятда инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ғоясини тарғиб қилиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқади;

инсон ҳуқуқлари соҳасида қонун ҳужжатларига риоя қилишнинг ҳолатини ўрганади ва умумлаштиради ҳамда уни яхшилаш юзасидан тегишли давлат органларига таклифлар киритади;

инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда адвокатлик тузилмаларининг ролини кучайтиришга, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга ҳамда уларнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланишига кўмаклашади;

инсон ҳуқуқлари бўйича, шу жумладан инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиниши мониторинги соҳасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

фуқароларнинг ўз конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари бузилиши тўғрисидаги мурожаатлари холисона ва ҳар томонлама кўриб чиқишини таъминлайди, улар бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқ чора-тадбирлар кўради;

3) давлат органларининг ҳуқуқий тарғибот ишларини мувофиқлаштириш соҳасида:

ҳуқуқий тарғибот ва ҳуқуқий таълимнинг аҳволини таҳлил қилади, уларни яхшилаш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

жамиятда ҳуқуқий онгни, ҳуқуқий маданиятни оширишга, қонунийликни мустаҳкамлашга қаратилган ҳуқуқий билимлар аҳоли ўртасида тарғиб қилинишини ташкил этади;

ҳуқуқ соҳасида таълим ишлари методик жиҳатдан таъминланишини ташкил этади, ҳуқуқий тарбия ва таълимнинг замонавий шаклларини жорий этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади;

олий ва ўрта махсус ҳамда касб-ҳунар ўқув юртларининг талабалари ва ўқувчилари учун юридик дарсликлар, ўқув қўлланмалари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўпламлари, шунингдек, илмий-оммабоп ва бошқа юридик адабиётлар нашр этиш режаларини ишлаб чиқади ва нашр этилишини ташкил этади;

жамиятни ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш дастурлари ва тадбирларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

адлия органлари ва муассасалари учун ҳуқуқий ахборотни йиғиш, қайта ишлаш ва таҳлил қилишнинг дастурий-техник воситалари ва технологиялари жорий этилишини ташкил қилади;

адлия органлари ва муассасаларини зарур қонунчилик материаллари билан таъминлаш чораларини кўради;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасини яратиш ва сақлашни ташкил қилади, юридик ва жисмоний шахсларнинг улардан белгиланган тартибда фойдаланишини таъминлайди;

ҳуқуқий ахборотлар давлатлараро алмашинишини амалга оширади;

кодекслар ва қонун ҳужжатлари тўпламларини, шу жумладан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни эълон қилишнинг расмий манбаи ҳисобланган "Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами" расмий нашр этилишини ташкил этади;

давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни нашр этиш, қонун ҳужжатлари маълумотларининг электрон базасини яратиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш ишларини амалга оширади;

тегишли давлат бошқаруви органлари билан биргаликда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни эълон қилиш ва тарқатиш, қонун ҳужжатлари маълумотларининг электрон базасини яратиш қоидаларини белгилайди, уларнинг ижро этилишини таъминлаш чора-тадбирларини кўради;

4) судлар фаолиятини моддий-техник ва молиявий таъминлаш, шунингдек суд ҳужжатлари ва бошқа давлат органлари ҳужжатлари ижросини таъминлаш соҳасида:

судларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда уларни молиялаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

судларнинг биноларини қуриш ва таъмирлашга, судларнинг фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратишга ажратилган маблағлар самарали ўзлаштирилишини таъминлайди;

судлар ва суд жараёнларининг хавфсизлигини таъминлаш ишларини ташкил этади;

судларнинг фаолиятини таъминлаш, уларнинг амалдаги мустақиллигини мустаҳкамлаш масалалари бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва бошқа органлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

суд ҳужжатлари ва бошқа давлат органлари ҳужжатлари ижросини таъминлашнинг самарали механизмларини яратади;

5) ҳуқуқий хизмат кўрсатишнинг давлат томонидан тартибга солинишини амалга ошириш соҳасида;

а) нотариат ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини рўйхатга олиш фаолиятини ташкил этиш бўйича:

давлат нотариал идораларини ташкил этади ва тугатади, нотариус лавозимини таъсис этади ва тугатади;

давлат нотариал идоралари давлат реестрини юритади;

стажёр нотариус фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди, Олий малака комиссияси ва малака комиссиялари тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;

чет элда фойдаланиш учун мўлжалланган ҳужжатлардаги нотариуслар имзосининг ва улар муҳри кўчирмасининг ҳақиқийлигини тасдиқлайди, нотариат фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа функцияларни бажаради;

нотариуслар томонидан хизмат мажбуриятларининг, шу жумладан нотариал иш юритув қоидаларининг бажарилиши юзасидан белгиланган тартибда назорат олиб боради, уларнинг ишини таҳлил қилади ва умумлаштиради;

нотариал иш юритиш қоидаларини, нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномаларни, нотариал ҳаракатлар, тасдиқловчи ёзувлар ва гувоҳномаларни рўйхатга олиш реестрлари шаклини тасдиқлайди, Ўзбекистон Республикасининг "Нотариат тўғрисида"ги Қонунида назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади;

фуқаролик ҳолати далолатномаларини рўйхатга олишни ташкил қилади, ФҲДЁ органлари фаолиятига раҳбарликни амалга оширади ва уларни назорат қилади;

ФҲДЁ органларини ташкил қилади, қайта ташкил қилади ва тугатади, уларнинг ишини текширади, таҳлил қилади ва умумлаштиради;

ФҲДЁ ва нотариат идоралари ходимлари томонидан фуқароларга ҳуқуқий хизмат кўрсатиш даражасини ошириш чора-тадбирларини кўради;

фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бланкалари намуналарини тасдиқлайди;

ФҲДЁ органларини ва Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги консуллик муассасаларини қатъий ҳисобдаги гербли гувоҳномалар бланкалари билан таъминлайди;

нотариат ва ФҲДЁ органлари фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, ушбу органлар учун кўрсатмалар ва услубий тушунтиришлар беради, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда давлат нотариал идораларининг нотариуслари томонидан амалга ошириладиган ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар, ФҲДЁ органлари томонидан жисмоний шахсларга кўрсатиладиган пулли хизматлар рўйхатларини, ушбу ҳаракатлар амалга оширилганлиги ва хизматлар кўрсатилганлиги учун, шунингдек нотариал архивлар томонидан юридик ва жисмоний шахсларга нотариал тасдиқланган ҳужжатлар дубликатлари, рўйхатлардан кўчирмалар, маълумотномалар ва архив ҳужжатларининг нусхалари берилганлиги учун тўловлар миқдорларини тасдиқлайди;

б) адвокатура ва юридик хизматларни ривожлантириш бўйича:

адвокатларнинг республика жамоат бирлашмаси билан биргаликда малака комиссиялари ваколатларини ва улар фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди;

адвокатларнинг республика жамоат бирлашмаси билан биргаликда адвокатларнинг Олий малака комиссияси таркибини тасдиқлайди;

адвокатларга лицензиялар беришни ва адвокатлик бюролари, ҳайъатлари ва фирмаларини давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширади;

адвокатлар, шунингдек адвокатлик бюролари, ҳайъатлари ва фирмаларининг реестрини юритади;

адвокатлик бюролари, ҳайъатлари, фирмалари ва адвокатларнинг Олий малака комиссиясининг фаолиятига методик ёрдам кўрсатади ва кўмаклашади;

адвокатларнинг ижобий иш тажрибасини ўрганади ва оммалаштиради;

адвокатлар малакасини ошириш бўйича тадбирларни амалга оширишга кўмаклашади;

адвокатларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ таъқиблар, асоссиз чеклашлар ва тажовузлардан адвокатларни ҳимоя қилиш чора-тадбирларини кўради;

адвокатлик фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларига, адвокатлик этикаси қоидаларига риоя қилиниши, шунингдек адвокатларнинг касбий тайёргарлиги устидан назоратни амалга оширади;

адвокатлик бюролари, ҳайъатлари ва фирмаларининг адлия органларига статистика ҳисоботи тақдим қилиш шаклларини тасдиқлайди ва муддатларини белгилайди;

юридик хизматлар кўрсатишни ташкил этиш ва ривожлантириш чора-тадбирларини амалга оширади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ҳуқуқий ишларни мувофиқлаштиради, уларни яхшилашга доир тавсиялар ишлаб чиқади;

ҳуқуқий ишларни йўлга қўйиш амалиётини текширади ва таҳлил қилади, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар юридик хизматларининг ишида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва ижобий иш тажрибасини ёйиш, юридик маслаҳатчиларнинг малакасини ошириш чора-тадбирларини кўради, уларни аттестациядан ўтказади;

6) тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш, тадбиркорлик субъектлари ва хусусий мулк эгаларининг, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш соҳасида:

ҳуқуқий таъминот самарадорлигини оширишга ва тадбиркорликни ривожлантиришга, тадбиркорлик субъектлари ва хусусий мулк эгаларининг, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган комплекс ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;

янгидан ташкил этилаётган ва фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар фаолиятини тартибга солиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш бўйича барча қонун ҳужжатларига ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қатъий риоя қилиниши устидан назоратни таъминлайди;

тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, кичик корхоналарни, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш ва уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун қулай ҳуқуқий ва ташкилий шарт-шароитлар яратиш бўйича қонунчиликни қўллаш амалиётини ўрганади, уни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади;

назорат қилувчи органлар ўтказаётган текширишларнинг қонунийлиги устидан назоратни таъминлайди;

тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича чоралар кўради;

жиноий, фуқаролик, хўжалик ва маъмурий ишлар материалларини белгиланган тартибда ўрганади;

давлат тузилмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек уларнинг мансабдор шахслари томонидан тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар фаолиятига ноқонуний ҳолатларини тегишли маълумотлар базасини шакллантирган ҳолда аниқлайди, ўрганади ва мониторингни амалга оширади;

тадбиркорлик субъектларининг, шу жумладан хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши ҳолатлари бўйича мурожаатларини кўриб чиқади, кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида уларни хабардор қилади;

7) шартномавий-ҳуқуқий муносабатлар соҳасида:

хўжалик юритувчи субъектларга хўжалик шартномаларини тузишда ва бажаришда ҳуқуқий ёрдам кўрсатади;

шартнома интизомини такомиллаштириш юзасидан белгиланган тартибда таклифлар ишлаб чиқади ва киритади;

хўжалик юритувчи субъектларни ва энг аввало, уларнинг мансабдор шахсларини шартнома интизомини бузганлик учун жавобгарликка тортиш бўйича белгиланган чоралар қўлланилишини назорат қилади;

хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарларининг шартнома интизомига риоя этиш юзасидан жавобгарлигини ошириш ишларини олиб боради;

8) юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасида:

нодавлат нотижорат ташкилотларини, шу жумладан жамоат бирлашмалари (диний ташкилотлар, сиёсий партиялар)ни, халқаро ва хорижий нодавлат (ҳукуматга қарашли бўлмаган) нотижорат ташкилотларнинг ваколатхоналари ва филиалларини давлат рўйхатидан ўтказади, кўрсатиб ўтилган ваколатхоналар ва филиалларнинг хорижий давлатлар фуқаролари бўлган ходимларини, шунингдек уларнинг қарамоғида бўлган оила аъзоларини аккредитациядан ўтказади;

аудиторлик ва суғурта ташкилотларини, чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналарни, биржалар, бозорлар, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказади;

юридик шахсларни рўйхатдан ўтказишда қонунийликка риоя қилинишини таъминлайди;

ўзи томонидан рўйхатдан ўтказилган юридик шахсларнинг давлат реестрини юритади;

адлия органларида рўйхатдан ўтказилган юридик шахслар томонидан таъсис ҳужжатларига, устав фаолиятига, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартибига риоя этилиши юзасидан назорат олиб боради;

молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва ўз устав фондларини қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда шакллантирмаган корхоналарни тугатиш бўйича белгиланган тартибда чора-тадбирлар кўради;

сиёсий партияларнинг уставларида назарда тутилган фаолиятни молиялаштириш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ажратиладиган давлат маблағларини улар ўртасида тақсимлайди;

9) халқаро-ҳуқуқий муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини самарали ҳуқуқий ҳимоя қилиш соҳасида:

белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини тузиш бўйича таклифларни келишади, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини тайёрлаш ва бажаришда иштирок этади;

Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги халқаро шартномаларини тайёрлаш, тузиш ва бажариш ҳақида белгиланган тартибда таклифлар тақдим этади;

Ўзбекистон Республикаси томонлардан бири ҳисобланадиган халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати кафолати остида тузилган қарз ва кредит шартномалари бўйича юридик хулосалар беради;

халқаро шартномалар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказади;

ўз ваколатлари доирасида бошқа давлатларнинг тегишли органлари, шунингдек халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик тўғрисида шартномалар тузади;

халқаро-ҳуқуқий ахборот масалалари бўйича маълумотлар банкини ташкил этади;

ўз ваколатлари доирасида хорижий давлатларда Ўзбекистон Республикаси ва унинг фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлайди;

хорижий давлатлар судларида томонлардан бири Ўзбекистон Республикаси бўлган низолар кўриб чиқилаётганда вакиллик қилади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва экс-Президентининг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини ҳуқуқий, шу жумладан судда ҳимоя қилишни амалга оширади;

10) ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасида:

давлат органларининг юридик кадрларга бўлган эҳтиёжини аниқлайди, уларни Тошкент давлат юридик институтида, Тошкент юридик коллежида, Тошкент давлат юридик институти ҳузуридаги академик лицейда ва Вазирлик тизимининг бошқа ўқув юртларида тайёрлаш ишларини ташкил этади ва раҳбарлик қилади;

замонавий талаблар ва стандартларни ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқшунос кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этади, ҳуқуқшунослар ўртасида кадрлар сиёсатини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади;

адлия органлари ва муассасаларининг кадрлар заҳирасини яратади, кадрларни тайёрлашни ташкил этади, танлашни амалга оширади ва белгиланган тартибда жой-жойига қўйишда қатнашади, уларни қайта тайёрлашни ташкил этади;

11) фуқаролар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш соҳасида:

адлия органлари ва муассасалари ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари устидан фуқароларнинг шикоят ва аризаларини кўриб чиқади, ушбу масалалар бўйича шикоятлар ҳар томонлама холисона кўриб чиқилишини таъминлайди;

қонунчиликнинг бузилиши ҳолатлари юзасидан тушган шикоятларни зарур ҳолларда жойларда мутасадди ташкилотлар ва мутахассислар билан биргаликда текшириб, адолатли қарорлар қабул қилинишини таъминлайди;

адлия органлари ва муассасаларининг шикоят ва аризаларни кўриб чиқиш билан боғлиқ фаолиятини ўрганади ва бу борадаги ишларни умумлаштиради, шу йўналишдаги ишларни янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқади;

12) ҳуқуқий статистика соҳасида:

давлат органлари ва бошқа органлардан олинган ҳуқуқий статистика маълумотларини умумлаштиради ва таҳлил қилади, ушбу масалалар бўйича статистика ҳисоботи юритиш ва таҳлил қилишга методик раҳбарликни таъминлайди;

адлия органлари ва муассасаларида статистика ҳисоботи ва бирламчи ҳисобга олиш ҳужжатлари шаклларини ишлаб чиқади;

адвокатура фаолияти тўғрисидаги статистика маълумотларини тўплайди ва ўрганади;

фуқаролик ҳолати далолатномаларини ва нотариал ҳаракатларни рўйхатга олишни, шунингдек адлия органлари ва муассасалари фаолиятининг бошқа йўналишлари бўйича статистикани юритади;

доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судлари ҳисобини рўйхатдан ўтказиш ва муваққат ҳакамлик судларини ҳисобга олишни амалга оширади;

13) адлия органлари ва муассасаларини моддий-техник таъминлаш ва молиялаштириш соҳасида:

адлия тизими ходимларининг моддий ва ижтимоий таъминоти тўғрисидаги таклифларни ишлаб чиқади;

адлия органлари ва муассасаларини моддий-техник таъминлашни ташкил этади, адлия органлари, давлат нотариал идоралари, ФҲДЁ бўлимлари, суд ижрочилари бўлимлари ва бошқа адлия муассасалари биноларини капитал қуриш ва таъмирлаш чораларини кўради, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тегишли таклифлар киритади;

адлия органлари ва муассасаларини белгиланган тартибда молиявий таъминлашни амалга оширади, адлия тизимида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини ташкил этади ва назорат қилади;

адлия органлари ва муассасаларининг молиявий-хўжалик фаолияти юзасидан назоратни амалга оширади;

14) суд-эксперт, илмий ва таълим муассасаларини ривожлантириш соҳасида:

ҳуқуқий фанларни ривожлантириш чораларини кўради, суд экспертизаси соҳасида илмий-тадқиқот, экспертлик ишларини ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси давлат суд-эксперт муассасалари фаолиятини мувофиқлаштиради ва унга илмий-методик раҳбарлик қилади, шунингдек Суд экспертизаси муаммолари бўйича кенгашни бошқаради;

Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази фаолиятини ташкилий таъминлаш чора-тадбирларини кўради;

Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази, Республика юристлар малакасини ошириш маркази, Тошкент Давлат юридик институти, Тошкент юридик коллежи ва бошқа адлия муассасалари фаолиятига раҳбарликни амалга оширади.

8. Вазирлик ўзига юклатилган вазифа ва функцияларни бевосита, шунингдек ўзига буйсунувчи республика органлари ва ҳудудий органлар орқали амалга оширади.



III. ВАЗИРЛИКНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


9. Вазирлик ўз зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

1) давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслардан белгиланган тартибда зарур маълумотлар, ҳужжатлар ва материалларни, шж инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиш соҳасида таҳлилий, статистика материаллари ва бошқа материалларни сўраш ва олиш;

2) Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа давлат органлари кўриб чиқиши учун қонун ҳужжатларини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш масалалари бўйича таклифлар киритиш;

3) давлат бошқарув органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари учун норматив-ҳукуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш масалалари бўйича методик кўрсатмаларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

4) вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, илмий муассасалар, ўқув юртлари ва бошқа ташкилотлардан қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари бўйича хулосалар олиш ҳамда кўрсатиб ўтилган органлар ва ташкилотлар раҳбарлари билан келишган ҳолда ушбу лойиҳаларни тайёрлаш бўйича комиссиялар (ишчи гуруҳлари) ташкил этиш;

5) вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, давлат рўйхатидан ўтказиш, эълон қилиш ва манфаатдор шахслар эътиборига етказиш бўйича белгиланган тартибга улар томонидан риоя қилиниши, шунингдек уларнинг қўлланилиши юзасидан текширишлар ўтказиш;

6) вазирликлар, давлат қўмиталари, идораларга давлат рўйхатидан ўтмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бекор қилиш ва ижродан чақириб олиш тўғрисида, бузилган ҳуқуқларни тиклаш, етказилган зарарларни қоплаш тўғрисида белгиланган муддатларда бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш, шунингдек тегишли органлар олдига бунда айбдор мансабдор шахсларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани қўйиш;

7) вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини белгиланган тартибда давлат реестридан чиқариш ёхуд уларнинг (тўлиқ ёки қисман) амал қилишини тўхтатиш;

8) вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларга:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш муддатини кўрсатган ҳолда уларни қабул қилиш зарурлиги тўғрисида;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бекор қилиш, ёхуд уларни қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш тўғрисида тақдимномалар киритиш;

9) вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий ҳокимият органлари, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари нормалари тўғри ва бир хилда қўлланилиши бўйича ишларнинг ҳолатини ўрганиш. Ўрганиш натижалари бўйича тегишли органлар раҳбарларига Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари нормалари зарур даражада қўлланилиши тўғрисида тақдимномалар киритиш;

10) Вазирлик ваколатига тааллуқли масалалар бўйича қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларини, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларини бажармаганлик (лозим даражада бажармаганлик) ҳолатлари юзасидан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларини жавобгарликка тортиш тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг кўриб чиқиш учун киритиш;

11) давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига риоя қилинишини текшириш.

Кўрсатиб ўтилган органларнинг раҳбарларига аниқланган қонун ҳужжатлари бузилишини ва унинг сабаблари ҳамда унга кўмаклашувчи шарт-шароитларни бартараф этиш, шунингдек инсоннинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш чора-тадбирларини кўриш тўғрисида белгиланган муддатларда бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;

12) хорижий давлатларнинг судларида Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ҳуқуқий низолар бўйича даъвогар ва жавобгарнинг вакили сифатида иштирок этиш;

13) ҳуқуқий, шу жумладан, суд масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ва экс-Президентининг вакили сифатида иштирок этиш;

14) тегишли органларга судьялар ва суд аппарати меҳнат шароитларини яхшилаш, моддий ва ижтимоий таъминлаш юзасидан таклифлар киритиш;

15) адвокатларга берилган лицензияларнинг амал қилишини белгиланган тартибда тўхтатиб туриш ва тўхтатиш;

16) адвокатлар малака комиссияларига адвокатларни интизомий жавобгарликка тортиш масаласини киритиш;

17) адвокатлик бюролари, ҳайъатлари ва фирмаларига аниқланган қонун ҳужжатлари бузилишини бартараф қилиш тўғрисида кўрсатмалар юбориш;

18) вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотларда ҳуқуқий ишлар ҳолатини, шунингдек, уларнинг юридик хизматлари фаолиятини текшириш, улардан амалга оширган ишлари тўғрисида маълумотлар тақдим этишларини талаб қилиш, кўрсатилган органларнинг, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг раҳбарларига аниқланган камчиликларни бартараф этиш тўғрисида белгиланган муддатларда бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш, қонун ҳужжатларини бузганлик учун мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш ёки уларнинг айби билан давлатга ёки корхона, муассаса ва ташкилотга етказилган моддий зарарни ундириш тўғрисидаги масала билан юқори турувчи органларга ёки судга мурожаат қилиш;

19) хизмат мажбуриятларини қўпол равишда бузилишига йўл қўяётган юридик хизмат ходимларига берилган аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномаларни бекор қилиш;

20) тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни жавобгарликка тортишнинг асослилигини зарур ҳужжатлар, шу жумладан жиноий, фуқаролик, хўжалик ва маъмурий ишлар материаллари билан танишиш йўли билан ўрганиб чиқиш;

21) тадбиркорларнинг "ишонч телефони" орқали тушаётган мурожаатларини кўриб чиқиш барча вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар томонидан тадбиркорлар, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ҳуқуқларига риоя этиш бўйича қонун ҳужжатлари оғишмай бажарилишини текшириш. Кўрсатиб ўтилган органлар ва ташкилотлар раҳбарларига белгиланган муддатларда бажарилиши мажбурий бўлган:

- аниқланган қонун ҳужжатлари бузишларини, қонун бузилишининг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида;

- тадбиркорлар, шу жумладан хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича чоралар кўриш тўғрисида;

22) Конституцияда ва қонунларда мустаҳкамланган инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари мансабдор шахслар томонидан бузилиши ҳолатлари аниқланганда, шунингдек адлия органларининг қонуний талаблари мансабдор шахслар томонидан бажарилмаганда айбдор мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани тегишли органлар олдига қўйиш;

23) давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шу жумладан назорат органлари ва лицензияловчи органлар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ҳуқуқларини бузувчи қарорларини, шунингдек улар мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) тўхтатиб қўйиш;

24) жиноий, фуқаролик, хўжалик ва маъмурий ишлар бўйича тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузувчи суд ҳужжатларини давлат божи тўламасдан қайта кўриб чиқиш тўғрисида суд инстанцияларига тақдимномалар киритиш;

25) тадбиркорлар ва хусусий мулк эгалари ҳуқуқларига риоя қилиш юўйича қонун ҳужжатларининг бузилиши мумкин эмаслиги тўғрисида мансабдор шахсларни ёзма равишда огоҳлантириш;

26) фуқароларнинг, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида мурожаатларни текшириш учун тегишли мутахассисларни жалб қилиш;

27) хўжалик шартномалари бажарилиши жараёнини назорат қилиш, шартнома интизоми бузилган тақдирда хўжалик юритувчи субъектларга мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлиги ва судларда даъво қўзғашлари, шунингдек шартнома мажбуриятларини бажарилмаганлиги (лозим даражада бажарилмаганлиги) натижасида етказилган зарарни қоплашлари юзасидан белгиланган муддатларда бажарилиши мажбурий бўлган тегишли тақдимномалар киритиш; тақдимномада баён қилинган талаблар белгиланган муддатда бажарилмаган тақдирда ваколатли органлар ёки судлар олдига шартнома интизомини бузганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги масалани қўйиш;

28) адлия органларида рўйхатдан ўтган юридик шахсларнинг таъсис ҳужжатларига амал қилишини текшириш, улардан керакли ҳужжатлар ва маълумотлар тақдим этишларини талаб қилиш, кўрсатиб ўтилган юридик шахсларнинг раҳбарларига аниқланган камчиликларни бартараф этиш тўғрисида белгиланган муддатларда бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш, таъсис ҳужжатларини ва амалдаги қонун ҳужжатларини бузганлиги учун мансабдор шахсларни белгиланган жавобгарликка тортиш, шунингдек, уларнинг айби билан давлатга ёки корхонага етказилган моддий зарарни ундириш учун юқори турувчи органларга ёки судга мурожаат қилиш;

сиёсий партияларнинг уставларида назарда тутилган фаолиятни давлат томонидан молиялаштиришни тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

28-1) Халқаро ва хорижий нодавлат (ҳукуматга қарашли бўлмаган) нотижорат ташкилотлар ваколатхоналари ва филиалларининг ходимларини, улар томонидан Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари бузилган ҳолларда аккредитациядан маҳрум қилиш;

29) ўз ваколатлари доирасида хорижий давлатлар органлари ва халқаро ташкилотлар билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш;

30) барча давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан ҳуқуқий статистикани ташкил этиш ва юритиш учун зарур бўлган маълумотларни олиш;

31) давлат, юридик ва жисмоний шахслар манфаатларини кўзлаб судларга давлат божи тўламасдан аризалар ва даъволар билан мурожаат қилиш;

32) адлия органлари ва муассасалари фаолиятини таъминлаш учун зарур бўлган тегишли бўлинмалар ташкил этиш, уларни қайта ташкил этиш ва тугатиш, шунингдек, уларнинг уставлари (низомлари)ни тасдиқлаш.

Вазирлик Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


10. Вазирликнинг Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси, Хорижий инвестициялар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси ва уларнинг жойлардаги бўлимларининг ходимлари ўз ваколати доирасида назоратни амалга оширишда:

текширишни ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва материаллар билан танишиш учун хизмат гувоҳномасини кўрсатиб тегишлича вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг, уларнинг ҳудудий ва таркибий бўлинмаларининг, корхона ва ташкилотларнинг тобелигидан, мансублигидан қатъи назар ҳудудларига ва биноларига киришга;

ўрганиш учун зарур бўладиган қарорлар, фармойишлар, йўриқномалар, буйруқлар ва бошқа ҳужжатларни талаб қилиб олишга, тадбиркорлар, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ҳуқуқига риоя қилиш бўйича қонунийликнинг аҳволи, шунингдек уни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги маълумотларни олишга;

мазкур банднинг иккинчи хатбошида кўрсатиб ўтилган органлар ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари ва бошқа ходимларини чақиришга, улардан тадбиркорларнинг, хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқлари риоя қилиниши бўйича қонун ҳужжатларининг бузилиши юзасидан оғзаки ва ёзма тушунтиришлар талаб қилишга ҳақлидир.


11. Вазирлик ўз ваколати доирасида вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нотариуслар, адвокатлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишга ҳақлидир.

Вазирлик, зарур ҳолларда бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан биргаликда қўшма қарорлар ва бошқа ҳужжатларни чиқаришга ҳақлидир.


12. Вазирлик қонунчилик ижодкорлиги соҳасида давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлаш ва ўзига юкланган бошқа вазифаларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.



IV. ВАЗИРЛИК ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Вазирликка Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тасдиқланадиган ва лавозимдан озод этиладиган Адлия вазири бошчилик қилади.

Вазирнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган беш нафар ўринбосарлари, шу жумладан, бир нафар биринчи ўринбосари бўлади.

14. Вазир:

1) яккабошчилик асосида Вазирлик фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади ва Вазирликка юкланган вазифалар ва функциялар бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

2) ўз ўринбосарлари ваколатларини белгилайди, улар ўртасида вазифаларни тақсимлайди, Вазирлик тизимидаги бошқа мансабдор шахсларнинг ваколатларини, Вазирлик фаолиятининг алоҳида қисмлари ҳамда унга бўйсунувчи органлар ва муассасаларнинг иши учун ўз ўринбосарларининг ва бошқа мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги даражасини белгилайди;

3) Вазирлик ваколатига кирувчи масалалар бўйича белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини имзолайди;

4) Вазирлик таркибий ва ҳудудий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни, шунингдек, Вазирлик тизимига кирувчи бошқа ўзига қарашли органлар ва муассасаларнинг низом (устав)ларини тасдиқлайди;

5) ходимлар белгиланган умумий сони доирасида Вазирлик марказий аппарати тузилмасига ўзгартиришлар киритади, штат жадвалини тасдиқлайди;

6) Вазирлик марказий аппаратининг, шунингдек адлия органлари ва муассасаларининг харажатлар сметасини тасдиқлайди;

7) республика нотариат ва ФҲДЁ муассасалари тизимини тасдиқлайди;

8) тегишли давлат органларига адлия органлари ва муассасаларини ташкил этиш ҳамда уларнинг ходимлари сонини белгилаш тўғрисида таклифлар киритади;

9) Вазирлик марказий аппарати, адлия органлари ва муассасалари ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

10) Вазирлик марказий аппарати ходимларини, унинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларини, шунингдек Вазирлик тизимига кирувчи бошқа ўзига қарашли органлар ва муассасалар раҳбарларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

11) адлия органлари ва муассасалари ходимларига белгиланган тартибда мартаба даражалари беради, адлия органлари ва муассасалари ходимларига олий мартаба даражалари бериш учун уларни Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдим этади;

12) адлия органлари ва муассасаларининг ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини ҳал этади, Вазирлик тизимининг алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларини фахрий унвонлар беришга ва Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотлари билан тақдирлашга тақдим этади;

13) қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

15. Адлия органлари ва муассасаларининг, шу жумладан Вазирлик тизимидаги илмий муассасалар ва ўқув юртлари ходимларига эгаллаб турган лавозимига ва иш стажига мувофиқ махсус даражали унвонлар ҳамда мартаба даражалари берилади ва белгиланган хизмат муддати учун устама ҳақи тўлаб борилади.

Мартаба даражалари бериш ва ундан маҳрум этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган Низом билан тартибга солинади.


16. Вазирликда Вазир (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари (лавозимига кўра), шунингдек Вазирлик фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи таркибий бўлинмалари раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат ташкил этилади.

Ҳайъатнинг аъзолари сони ва шахсий таркиби Вазирнинг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ҳайъат қуйидагилар билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади:

Вазирлик фаолиятининг қонунчилик ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқишни давом эттириш, уларнинг амалга оширилишини таъминлаш, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлаш, фуқаролик жамияти институтларини ҳар томонлама ривожлантириш, ҳуқуқий тарғибот бўйича давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, тадбиркорликни ҳуқуқий таъминлаш ва ривожлантириш самарадорлигини оширишга йўналтирилган комплекс ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шартнома интизомини мустаҳкамлаш, ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ушбу Низомда белгиланган асосий йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ижро интизомини мустаҳкамлаш, уларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш учун Адлия вазирлиги раҳбарлари ва ходимларининг шахсий жавобгарлигини ошириш.

Ҳайъат Вазирлик ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.

Ҳайъат мажлисига Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилиши мумкин.

Ҳайъат унинг мажлисида таркибининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли бўлади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Ҳайъат қарорлари Вазирнинг буйруқлари билан амалга оширилади. Вазир ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда раис пайдо бўлган келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига хабар қилишлари мумкин.

Ҳайъат фаолияти тартиби унинг ҳайъат тасдиқлайдиган регламентида белгиланади.
































































Время: 0.1879
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск