ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Ўрта таълим. Мактабдан ташқари таълим /

Мактабдан ташқари таълимга қўйиладиган Давлат талаблари (АВ томонидан 09.04.2015 й. 2663-сон билан рўйхатга олинган халқ таълими вазирининг 31.03.2015 й. 7-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2015 йил 9 апрелда 2663-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

халқ таълими вазирининг

2015 йил 31 мартдаги

7-мҳ-сон буйруғига

ИЛОВА



Мактабдан ташқари таълимга қўйиладиган

ДАВЛАТ ТАЛАБЛАРИ


Мазкур мактабдан ташқари таълимга қўйиладиган давлат талаблари (бундан буён матнда Давлат талаблари деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 8 июлдаги ПҚ-910-сон "Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009 - 2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида"ги қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 18 февралдаги 59-сон "Таълим муассасалари ҳақидаги низомларни тасдиқлаш тўғрисида"ги, 2004 йил 5 августдаги 372-сон "Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида"ги, 2011 йил 28 февралдаги 50-сон "Мактабдан ташқари таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги, 2011 йил 11 майдаги 130-сон "Баркамол авлод" болалар марказлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарорларига мувофиқ, мактабдан ташқари таълимга қўйиладиган давлат талабларини белгилайди.



I БЎЛИМ. УМУМИЙ БЎЛИМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Давлат талаблари мактабдан ташқари таълим тизимида 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган барча ўқувчиларга таълим беришда қўлланилиши мажбурийдир.


2. Давлат талаблари асосида:

ўқувчиларнинг билим, кўникма ва малакалари, уларнинг ҳар томонлама ривожланиш даражалари ҳамда касб-ҳунар тўғрисидаги бошланғич кўникмалари аниқланади;

ўқувчиларнинг касб-ҳунар бўйича шаклланган бошланғич кўникмалари амалиётда қўллашга йўналтирилади.


3. Давлат талаблари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган қуйидаги таълим муассасалари томонидан қўлланилиши шарт:

давлат ва нодавлат мактабдан ташқари таълим муассасалари;

йўналишлар бўйича тўгараклари мавжуд бўлган меҳрибонлик уйлари, болалар шаҳарчалари ва таълим муассасалари;

мактабдан ташқари таълим йўналишлари бўйича кадрлар тайёрловчи касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасалари;

мактабдан ташқари таълим муассасалари кадрларининг малакасини ошириш фаолияти билан шуғулланувчи муассасалар.


4. Давлат талабларидан барча мактабдан ташқари таълим муассасаларининг ўқув-тарбиявий ишини режалаштиришда, дастур ва услубий материаллар, методик қўлланмалар ҳамда ўқув адабиётларини тайёрлашда фойдаланилади.



2-БОБ. ДАВЛАТ ТАЛАБЛАРИНИНГ

МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ


5. Давлат талабларининг мақсади:

мактабдан ташқари таълим тизими фаолиятини мамлакатнинг ижтимоий ва иқтисодий тараққиёти истиқболлари, жамият эҳтиёжлари, фан-техника ютуқларига асосан йўлга қўйиш;

таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасида шахс, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш;

сифатли кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш;

ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш орқали уларнинг касб-ҳунар сирларини ўрганишга бўлган қизиқишларини ривожлантириш;

ўқувчиларнинг интеллектуал ва жисмоний ривожланиши, миллий маданият ва умуминсоний қадриятлар билан таништирилишини таъминлаш.


6. Давлат талабларининг вазифалари:

ўқувчиларга таълим ва тарбия бериш учун ҳар томонлама ёндашувни таъминлаш;

ўқувчиларга ўзларининг мактабдан ташқари таълим бўйича назарий ва амалий билимларини шакллантиришда ёрдам бериш;

ҳар бир ўқувчининг билим даражаси ва ижодий имкониятларини аниқлаш ва ривожлантириш;

ўқувчиларни ўқитиш ва тарбиялаш сифатини яхшилаш мақсадида ўқув-тарбия ва услубий ишларни такомиллаштириш;

ўқувчилар ўз қизиқишлари бўйича касб-ҳунарнинг бошланғич сирларини эгаллашларида ота-оналарга кўмаклашиш;

ўқувчиларнинг мустақил билим олишлари ва ижодий меҳнат қилишларига шарт-шароитлар яратиш;

мактабдан ташқари таълим сифатини янада ошириш;

мактабдан ташқари таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа вазифаларнинг амалга оширилишини таъминлаш.



3-БОБ. ҚЎЛЛАНИШ СОҲАСИ


7. Давлат талаблари узлуксиз таълимнинг тегишли турлари бўйича мактабдан ташқари таълим соҳасидаги муассасаларнинг таълим фаолиятини ташкилий ва илмий-методик таъминлаш учун қўлланилади.


8. Давлат талаблари қуйидагиларни белгилайди:

мактабдан ташқари таълим тизими тузилмаси;

мактабдан ташқари таълимга қўйиладиган асосий талаблар;

мактабдан ташқари таълим бўйича машғулотларнинг ўқув юкламаси ҳажми;

мактабдан ташқари таълим сифатини назорат қилиш.



II БЎЛИМ. МАКТАБДАН ТАШҚАРИ

ТАЪЛИМ ТИЗИМИ ТУЗИЛМАСИ


9. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

ўз тизимидаги мактабдан ташқари таълим муассасаларида йўналиш ва тўгараклар рўйхатини белгилайди, улар фаолиятини мувофиқлаштиради, шунингдек ўқув режалари ва дастурларини тасдиқлайди;

мактабдан ташқари таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга оширади, педагог кадрларнинг малакасини оширади;

мактабдан ташқари таълимга қўйиладиган талабларни такомиллаштиради;

мактабдан ташқари таълим жараёнига ўқитишнинг замонавий илғор шаклларини, ахборот технологияларини, маънавий-маърифий ишларнинг самарали шакл ва усулларини жорий этади;

мактабдан ташқари таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштиради ва уларга методик раҳбарлик қилади;

мактабдан ташқари таълим учун ўқув ва ўқув-методик адабиётларнинг янги авлодлари яратилиши ва нашр этилишини ташкил этади;

ўз тизимидаги мактабдан ташқари таълим муассасалари педагог ходимларининг малака оширишларини таъминлайди.


10. Халқ таълими тизимидаги ҳудудий бошқарув органлари:

халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим муассасалари фаолиятига раҳбарлик қилади ҳамда ўқувчиларни тўгаракларга жалб қилиш орқали касбга йўналтириш ишларини олиб боради;

мактабдан ташқари таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштиради, улар томонидан давлат талабларига риоя этилиши мониторингини амалга оширади;

мактабдан ташқари таълим муассасаларида ўқув-тарбия ишларини методик таъминлашни ташкил этади;

мактабдан ташқари таълим тизимини такомиллаштириш ва Давлат талабларининг татбиқ этилиши учун зарур шарт-шароитлар яратади;

мактабдан ташқари таълим муассасалари дастурлари, ўқув-кўргазмали материаллар, техник воситалар, методик қўлланма ва адабиётлар билан таъминлаш ишларини амалга оширади;

мактабдан ташқари таълимнинг муҳим масалалари бўйича йиғилишлар ва семинарлар ўтказади;

мактабдан ташқари таълим муассасаларини малакали мутахассислар билан таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқади, мактабдан ташқари таълим муассасалари педагог кадрларининг малака оширишини ташкил этади;

ўқув режалари ва таълим дастурларини такомиллаштириш бўйича тавсиялар тайёрлайди.


11. Мактабдан ташқари таълим муассасалари:

6 ёшдан 18 ёшгача бўлган барча ўқувчиларга уларнинг ҳар томонлама камол топишлари ва бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун имконият яратади;

ўқувчилар шахсининг ривожланишига, уларнинг мустақил билим олишлари ва ижодий меҳнат қилишларига шарт-шароит яратади;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда мактабдан ташқари таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга оид чора-тадбирларни амалга оширади;

болаларнинг қизиқишларига кўра уларнинг ижодий имкониятларини ривожлантиришга қаратилган тўгараклар очади;

фан асослари бўйича қўшимча таълим беради;

болаларга санъат ва ҳунармандчиликнинг турларини ўргатади;

ўқувчилар ўртасида қобилиятли, иқтидорлиларини аниқлаш, шахсни ривожлантиришга қаратилган фестивал, танлов, сайёҳлик слётлари ва бошқа тадбирларни ўтказади.



III БЎЛИМ. МАКТАБДАН ТАШҚАРИ ТАЪЛИМНИНГ

АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


12. Мактабдан ташқари таълим ўқувчиларнинг қизиқиш ва хоҳишларига мувофиқ уларнинг дарсдан бўш вақтларида амалга оширилади ҳамда ўқув-тарбия жараёнини тўлдиради.


13. Мактабдан ташқари таълимга қуйидаги йўналишларда Давлат талаблари қўйилади:

маданий-эстетик йўналиш;

илмий йўналиш;

техник йўналиш;

спорт йўналиши;

тажриба - натуралистик йўналиши;

сайёҳлик - ўлкашунослик йўналиши.

Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ мактабдан ташқари таълимга бошқа йўналишларда ҳам Давлат талаблари қўйилиши мумкин.



1-БОБ. МАДАНИЙ-ЭСТЕТИК ЙЎНАЛИШ


14. Маданий-эстетик йўналиш қуйидаги туркумларни ўз ичига олади:

маънавий-маърифий туркум;

тасвирий санъат туркуми;

халқ амалий санъати туркуми;

дизайн туркуми;

мусиқа таълими туркуми;

хореография (рақс санъати) туркуми;

театр санъати туркуми;

пазандачилик ва қандолатчилик туркуми.

Мазкур йўналиш шу каби бошқа туркумларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.



1-§. Маънавий-маърифий туркум


15. Маънавий-маърифий туркумда "Ёш китобхон", "Китобсеварлар", "Мунозара", "Ораста қизлар" ва шу каби бошқа тўгарак, клублар ташкил этилади.


16. Маънавий-маърифий туркумда таълим олувчилар қуйидагилар ҳақида билим, кўникма ва малакаларга эга бўлишлари лозим:

мустақил фикрлаш ва ахборот олиш маданияти;

миллий анъаналар, урф-одатлар, умуминсоний қадриятлар ва уларни эъзозлаш;

соғлом турмуш тарзи;

юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳияти;

моддий ва номоддий маданий меросимиз ва уларни асраб-авайлаш;

тарихий обидалар ва мустақиллик даврида бунёд этилган иншоотлар;

миллий истиқлол ғоясининг мазмун-моҳияти;

китобнинг тарбиядаги ўрни ва китобхонликнинг аҳамияти.



2-§. Тасвирий санъат туркуми


17. Тасвирий санъат туркуми бўйича "Тасвирий санъат", "Шарқ миниатюраси", "Майда пластика" ва шу каби бошқа тўгараклар ташкил этилади.


18. Тасвирий санъат туркумида таълим олувчилар ўз тўгаракларига мос равишда қуйидагилар ҳақида билим, кўникма ва малакаларга эга бўлишлари лозим:

тасвирий санъат турлари (рангтасвир, графика, ҳайкалтарошлик, меъморчилик);

тасвирий санъат жанрлари (натюрморт, манзара, портрет, анимал, тарихий, ботал) ва уларнинг фарқи;

тасвирий санъат соҳасида ижод қилувчи машҳур ўзбек ва чет эл рассомлари ҳаёти ва ижоди;

бўёқлар, қора қаламда штрихлаш усуллари ва конструктив тузилишига кўра содда кўринишдаги предметларни чизиш;

ўзбек халқ эртаклари асосида композиция чизиш ва бўяш;

кўп кишидан иборат миниатюра композициясини тузиш ва унга ранг бериш;

Хусрав Деҳлавий асарларига ишланган расмлар асосида рангли тасвирлар яратиш;

Европа ва Шарқ миниатюрасидаги ранг ва чизиқларнинг фарқи;

Камолиддин Беҳзоднинг шарқ миниатюра услуби;

турли кўринишдаги табиий материалларга миниатюра усулида тасвирлар тушириш ва уларга бадиий ишлов бериш;

лой ва пластилиндан турли кўринишдаги ўйинчоқ, ҳайкалча ва буюмлар ясаш.



3-§. Халқ амалий санъати туркуми


19. Халқ амалий санъати туркуми бўйича "Кулолчилик", "Кандакорлик", "Наққошлик", "Ёғоч ўймакорлиги", "Ганч ўймакорлиги", "Дурадгорлик", "Заргарлик", "Косибчилик", "Махсидўзлик", "Бичиш-тикиш", "Тўқиш", "Мунчоқли безак", "Каштачилик", "Дўппидўзлик", "Зардўзлик", "Гиламдўзлик", "Саватчилик", "Чопондўзлик" ва шу каби бошқа тўгараклар ташкил этилади.


20. Халқ амалий санъати туркумида таълим олувчилар ўз тўгаракларига мос равишда қуйидагилар ҳақида билим, кўникма ва малакаларга эга бўлишлари лозим:

халқ амалий санъати намояндалари ва уларнинг иш услублари;

халқ амалий санъатида ишлатиладиган нақшнинг бошланғич элементлари ва безак турлари;

бадиий безалган буюмларга ишлов бериш;

амалий безакни чизиш ва унга ишлов бериш;

ганч ва ёғоч ўймакорлигида ишлатиладиган хом ашё, асбоб-ускуналар ва улардан фойдаланиш;

ёғочнинг турлари ва хусусиятлари;

ёғоч ўймакорлиги ускуналари ва улардан фойдаланиш;

композициялар чизиш, ўйиш ва турли услубда пардозлаш;

ёғочга ишлов бериш, силлиқлаш, лаклаш, бўёқ бериш ва елимлаш;

қутича ясаш ва унинг сиртига безак нақшларини ўйиш;

миллий буюмлар ясаш ва унга ўйма нақшлар тушириш;

дурадгорлик асбоб-ускуналаридан фойдаланиш ва уй-рўзғор буюмлари ясаш;

кулолчилик дастгоҳидан фойдаланиш, хом ашё, кулолчилик буюмлари ва уларни ясаш;

косибчиликда чарм тайёрлаш технологияси, чарм материалларидан фойдаланиш ва оёқ кийимларни таъмирлаш;

кандакорлик нақшларини чизиш ва улардан фойдаланган ҳолда турли буюмларга ишлов бериш;

заргарлик хом ашёлари, асбоб-ускуналарини ишлатиш ҳамда турли заргарлик буюмлари ясаш;

тикув машинаси турлари, уларда тикиш ва андоза олиш усуллари;

турли хил либосларга тикув машинасида чоклар тикиш;

тўқиш техникаси, ҳалқа турлари ва турли буюмлар тўқиш;

мунчоқли безак хом ашёлари ва безаш турлари;

турли буюмларни мунчоқ билан безаш;

каштачиликда фойдаланиладиган иш қуроллари;

каштачиликнинг асосий чоклари (кўклаш, яширин, тўғри, йўрма, ироқи, босма) ва уларни тикиш;

каштачиликнинг нақш намуналари (қирма, пах, лўла, чока пардоз)ни чизиш;

зардўзлик дастгоҳидан фойдаланиш;

зардўзлик нақшлари турлари ва уларни турли усулда тикиш;

тофта тайёрлаш ҳамда уни ип ва зар билан безаш;

гилам тўқиш дастгоҳини ишлатиш, тўқиш техникаси, ишлатиладиган хом ашёлар;

дўппи турлари, чоклар ва дўппи тикиш техникаси;

қизлар ва ўғил болалар дўппиларини тикиш ва уларни пардозлаш;

сават тўқиш ва унинг усуллари;

маҳси қолипларини тайёрлаш, маҳсини бичиш ва тикиш;

чопонни турли чоклар ёрдамида қавиш, қавилган қисмларни бирлаштириш ва уларга безак бериш.



4-§. Дизайн туркуми


21. Дизайн туркуми бўйича "Либослар дизайни", "Фотодизайн", "Ландшафт дизайни", "Карвинг", "Экодизайн", "Ёш архитектор", "Интерьер" ва шу каби бошқа тўгараклар ташкил этилади.


22. Дизайн туркумида таълим олувчилар ўз тўгаракларига мос равишда қуйидагилар ҳақида билим, кўникма ва малакаларга эга бўлишлари лозим:

мато ва либослар, уларнинг турлари;

либослар дизайни ва унинг турлари;

либосларнинг миллий ва замонавий дизайнлари лойиҳасини яратиш;

дизайн яратишда мавсумий либосларни фарқлай олиш;

ландшафт дизайнини яратиш усуллари;

манзарали ўсимликлардан ландшафт дизайнини яратиш;

жойнинг тупроқ иқлим шароитларига мослашган ўсимлик турларини танлаш;

турли сабзавот ва полиз маҳсулотларига безак бериш;

компьютер ёрдамида оқ-қора рангли фотосуратларнинг рангли шаклини яратиш;

архитектура ва қурилишда ишлатиладиган хом ашёлар ва техник воситалар;

турли ўлчамдаги бино ва иншоотлар лойиҳаларини чизиш.



5-§. Мусиқа таълими туркуми


23. Мусиқа таълими туркуми бўйича "Халқ чолғулари", "Торли чолғулар", "Фортепиано", "Дамли ва зарбли чолғулар", "Эстрада чолғулари", "Анъанавий чолғулар", "Вокал", "Фольклор" ва шу каби бошқа тўгарак, синф ва клублар ташкил этилади.


24. Мусиқа таълими туркумида таълим олувчилар ўз тўгаракларига мос равишда қуйидагилар ҳақида билим, кўникма ва малакаларга эга бўлишлари лозим:

мусиқанинг асосий жанрлари;

таниқли ўзбек ва чет эл бастакорлари ижоди;

мусиқий фаолият турлари (жўрнавозлик, чолғу ансамбли, чолғу турлари);

ўзбек халқ чолғу асбобларининг тузилиши ва уларни чалиш;

доирани ушлаш ва уни турли усулларда чалиш;

Уста Олим дарслиги усуллари ва жўр бўлувчилик қоидалари;

оркестр турлари, кўп тарқалган чолғу номлари;

буюк мусиқачи-ижрочиларнинг ижодий фаолияти;

мумтоз мусиқа асарлари ва халқ ижодиёти намуналари;

чолғуда халқ куй-қўшиқлари, классик ва замонавий бастакорлар асарларини ижро этиш;

ноталар ёрдамида фортепианода ижро этиш;

хор таркибида асарларни ижро этиш;

ансамбль ва оркестр таркибида ижро этиш;

фольклор қўшиқлар турлари ва уларга хос либослар;

фольклорга оид мавсумий ва маросим қўшиқларини ижро этиш;

фольклорга хос бўлган турли мавсумий ва маросим қўшиқларига хос рақслар.



6-§. Хореография (рақс санъати) туркуми


25. Хореография (рақс санъати) туркуми бўйича "Ўзбек халқ рақслари", "Жаҳон халқ рақслари" ва шу каби бошқа тўгараклар, синф ва клублар ташкил этилади.


26. Хореография (рақс санъати) туркумида таълим олувчилар ўз тўгаракларига мос равишда қуйидагилар ҳақида билим, кўникма ва малакаларга эга бўлишлари лозим:

таниқли ўзбек ва чет эл раққос ва раққосаларининг ижоди;

рақснинг асосий ҳаракатлари;

халқ ва мумтоз рақс санъатининг асосий жанрлари ва ижро услублари;

машҳур рақс ижрочилари ва саҳналаштирувчи балетмейстерлар;

рақс ҳаракатларини тез, чаққон ва маъноли ижро этиш;

рақс турлари ва услублари, уларни ижро этиш;

нисбатан оддий рақсларни якка ижро этиш;

турли миллат ва элатларнинг рақс ҳаракатлари, уларни ижро этиш;

классик ва замонавий рақсларни ижро этиш.



7-§. Театр санъати туркуми


27. Театр санъати туркуми бўйича "Драма", "Қўғирчоқ театри" ва шу каби бошқа тўгараклар ташкил этилади.


28. Театр санъати туркумида таълим олувчилар ўз тўгаракларига мос равишда қуйидагилар ҳақида билим, кўникма ва малакаларга эга бўлишлари лозим:

театр санъати тарихи, таниқли ўзбек ва чет эл актёрлари ижоди;

театр санъатининг асосий жанрлари;

турли образларни яратиш услублари;

классик театр спектакллари;

ўзбек драматурглари яратган миллий асарлар;

турли образлардан саҳна кўринишларини ижро этиш;

саҳна маданияти ва нутқи;

саҳнада куйлаш ва роль ижро этиш;

турли ҳайвонлар образига овоз бериш;

қўғирчоқлар ва уларни ўйнатиш усуллари;

қўғирчоқларни танланган сценарий бўйича турли усулларда ўйнатиш;

ўзбек ва жаҳон халқ эртаклари намуналари ва уларни саҳналаштириш.



8-§. Пазандачилик ва қандолатчилик туркуми


29. Пазандачилик ва қандолатчилик туркуми бўйича "Ёш пазанда", "Ёш қандолатчи" ва шу каби бошқа тўгараклар ташкил этилади.


30. Пазандачилик ва қандолатчилик туркумида таълим олувчилар ўз тўгаракларига мос равишда қуйидагилар ҳақида билим, кўникма ва малакаларга эга бўлишлари лозим:

пазандачилик ва қандолатчиликда фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, жиҳозлар ва улардан фойдаланиш;

салатлар турлари ва уларда ишлатиладиган масаллиқлар;

салатларни турли кўринишларда тайёрлаш ва уларга безак бериш;

таомларни турли кўриниш ва шаклларда тайёрлаш;

қандолатчилик маҳсулотлари турлари ва уларда ишлатиладиган маҳсулотлар;

қандолатчилик маҳсулотларини пишириш тартиби ва уларни тайёрлаш;

қандолатчилик маҳсулотларини турли усулларда безаш.



2-БОБ. ИЛМИЙ ЙЎНАЛИШ


31. Илмий йўналишда фан асослари бўйича қўшимча таълим берилади ҳамда фанлар ва тилларни ўргатиш учун тўгарак ва курслар ташкил этилади.


32. Илмий йўналишда таълим олувчилар ўз тўгаракларига мос равишда қуйидагилар ҳақида билим, кўникма ва малакаларга эга бўлишлари лозим:

фан назариялари ва уларнинг илмий асослари;

фанларнинг ривожланишига ҳисса қўшган буюк ватандошларимиз ва жаҳон мутафаккирлари;

моҳир касб-ҳунар эгаси ва мутахассис бўлиб етишишида фанларнинг ўрни ва уларнинг ўзаро боғлиқлиги;

фан асослари бўйича олган қўшимча билимларидан амалиётда фойдалана олиш;

чет тилларидаги сўз ва ибораларни тўғри ўқиш, талаффуз қилиш, ёзиш ва тушуниш;

айрим мавзулар бўйича эркин мулоқот қилиш;

грамматика ва пунктуация қоидаларига амал қилган ҳолда гаплар тузиш.



3-БОБ. ТЕХНИК ЙЎНАЛИШ


33. Техник йўналиш қуйидаги туркумларни ўз ичига олади:

бошланғич техник моделлаштириш ва конструкциялаш туркуми;

автоматика ва электроника туркуми;

техник воситалар ва компьютер технологиялари туркуми.

Мазкур йўналиш шу каби бошқа туркумларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.



1-§. Бошланғич техник моделлаштириш

ва конструкциялаш туркуми


34. Бошланғич техник моделлаштириш ва конструкциялаш туркуми бўйича "Автомодель", "Ракетамодель", "Авиамодель", "Кемасозлик", "Ёш конструктор ва ихтирочи" ва шу каби бошқа тўгараклар ташкил этилади.


35. Бошланғич техник моделлаштириш ва конструкциялаш туркумида таълим олувчилар ўз тўгаракларига мос равишда қуйидагилар ҳақида билим, кўникма ва малакаларга эга бўлишлари лозим:

техниканинг яратилиш тарихи, техника соҳасидаги кашфиётлар ва олимлар;

ишлатиладиган хом ашёлар ва асбоб-ускуналар;

фойдаланиладиган дастгоҳларнинг турлари ва улардан фойдаланиш усуллари;

чизмачиликнинг бошланғич асослари ва элементлари;

техник моделлар ва макетларнинг бошланғич элементларини чизиш;

қоғоз, картон ва фанерадан турли хил моделлар ясаш ва уларга безак бериш;

техник модел ва макетларнинг шаблонини тайёрлаш ва моделлар ярата олиш;

турли хил техник воситалардан андоза олиш, уларни ясаш ва амалиётга мустақил татбиқ этиш.



2-§. Автоматика ва электроника туркуми


36. Автоматика ва электроника туркуми бўйича "Радиотехника", "Электроника ва алоқа", "Робототехника", "Электрон ўйинчоқлар" ва шу каби бошқа тўгараклар ташкил этилади.


37. Автоматика ва электроника туркумида таълим олувчилар ўз тўгаракларига мос равишда қуйидагилар ҳақида билим, кўникма ва малакаларга эга бўлишлари лозим:

физика қонунлари, техника хавфсизлиги қоидалари;

радиотехника, электроника, электротехника воситалари, алоқанинг тарихи ва бу борадаги кашфиётлар;

автоматика ва электрон ҳисоблаш техникалари, электрон ва радиомонтаж ускуналаридан фойдаланиш;

электр қаршилиги, ток кучи ва кучланиши, ток ўлчайдиган асбоблар, резисторларнинг турлари ва тавсифи;

ярим ўтказувчанлик хоссасига эга бўлган элементлар, юмшоқ ва қаттиқ магнит материаллари билан ишлаш, ток кучи ва кучланишини ўлчаш;

электрон ўйинчоқларнинг ривожланиш тарихи;

электрон ўйинчоқларни тайёрлашда ишлатиладиган асбоб-ускуналар, дастгоҳлар ва кимёвий ашёлардан фойдаланиш;

механик, техник ва энг содда электрон ўйинчоқларни ҳамда турли хил ўйинчоқ роботларни ясаш;

қисқа ва ультрақисқа тўлқинларда эфирга чиқиш;

робототехникани моделлаштириш ва унда фойдаланиладиган хом ашёлар;

робототехника турларини моделлаштиришда техник асбоб-ускуналар ва дастгоҳлардан тўғри фойдаланиш.



3-§. Техник воситалар ва компьютер технологиялари туркуми


38. Техник воситалар ва компьютер технологиялари туркуми бўйича "Компьютер сабоқлари", "Компьютер дизайни ва графикаси", "Ёш дастурчи", "Ёш фотоҳаваскор", "Кино-видеоҳаваскор", "Компьютер сервис хизмати" ва шу каби бошқа тўгараклар ташкил этилади.


39. Техник воситалар ва компьютер технологиялари туркумида таълим олувчилар ўз тўгаракларига мос равишда қуйидагилар ҳақида билим, кўникма ва малакаларга эга бўлишлари лозим:

физика қонунлари, техника хавфсизлиги қоидалари;

компьютерда дастурлаш тиллари;

компьютер техникасига дастурий таъминотларни ўрнатиш ва компьютерни тармоққа улаш;

компьютернинг техник қисмларини алмаштириш;

компьютерда дизайн яратиш ҳамда графика усулида ишлаш;

кино ва фото тасвирга олиш ва унинг тарихи;

видеоаппаратураларнинг турлари ва улардан фойдаланиш;

компьютер техникаларидан фойдаланиш ва дастурлар тузиш;

электрон ахборот ташувчи воситалар (оптик диск, флеш-карта)дан фойдаланиш.



4-БОБ. СПОРТ ЙЎНАЛИШИ


40. Спорт йўналишида спортнинг олимпия, миллий ва бошқа турлари бўйича тўгараклар, секциялар ва гуруҳлар ташкил қилинади.


41. Спорт йўналишида таълим олувчилар қуйидагилар ҳақида билим, кўникма ва малакаларга эга бўлишлари лозим:

жисмоний меҳнат, жисмоний машғулот ва спортнинг инсон организмига таъсири;

ўзини ўзи жисмоний ва тиббий жиҳатдан назорат қилиш;

жисмоний тарбия ва спорт ҳақидаги тушунчалар;

юртимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, аҳоли ўртасида оммавийликни ошириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар;

спорт турлари ва уларнинг фарқи;

спорт турлари бўйича Олимпиада ўйинлари, жаҳон ва халқаро турнирларнинг совриндорлари бўлган миллий спортчилар ва уларнинг эришган ютуқлари;

ўзи шуғулланаётган спорт турининг келиб чиқиш тарихи ва унинг аҳамияти;

ўзи шуғулланаётган спорт турининг қоидалари, жисмоний машқлар ва усуллар;

спорт турлари бўйича халқаро федерация ва ассоциациялар томонидан жорий қилинган янги қоидалар, халқаро спорт мусобақалари;

ўзи шуғулланаётган спорт тури бўйича турли усулларни амалда қўллаш;

ўзи шуғулланаётган спорт тури бўйича кўргазма намойишини кўрсата олиш.



5-БОБ. ТАЖРИБА-НАТУРАЛИСТИК ЙЎНАЛИШ


42. Тажриба-натуралистик йўналиш қуйидаги туркумларни ўз ичига олади:

экология ва саломатлик туркуми;

ўсимликшунослик (флора) туркуми;

ҳайвонотшунослик (фауна) туркуми.

Мазкур йўналиш шу каби бошқа туркумларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.



1-§. Экология ва саломатлик туркуми


43. Экология ва саломатлик туркуми бўйича "Ёш эколог", "Ёш табиатшунос", "Оила ва саломатлик" ва шу каби бошқа тўгараклар ташкил этилади.


44. Экология ва саломатлик туркумида таълим олувчилар ўз тўгаракларига мос равишда қуйидагилар ҳақида билим, кўникма ва малакаларга эга бўлишлари лозим:

йил фаслларининг характерли белгилари, мавсумий ўзгаришларнинг организмга таъсири;

иқлим ва об-ҳавонинг ўзгариши тўғрисидаги дастлабки тушунчалар;

ер, сув, тупроқ, ҳарорат, ўсимлик ва ҳайвонлар;

жонли ва жонсиз табиат, уларнинг бир-бири билан ўзаро боғлиқлиги;

экологик омилларнинг бир-биридан фарқлари ва организмга таъсири;

табиатда учрайдиган заҳарли ўсимлик ва ҳайвонот турлари;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;

маданий ўсимликлардан экибана ва гербарийлар тайёрлаш;

соғлом турмуш тарзи ва гигиена қоидалари;

жисмоний меҳнат, жисмоний машғулот ва спортнинг инсон организмига таъсири;

алкоголь ва тамаки маҳсулотини истеъмол қилишнинг инсон организмига таъсири;

организмга зарар келтирувчи микроблар ва паразитлар;

меҳнат ва дам олишни тўғри ташкил этиш ва уларга амал қилиш;

тўгарак хоналари, хонадонлар ва жамоат жойлари учун белгиланган санитария-гигиена қоидалари;

биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш;

инсон организмининг тузилиши ва қон гуруҳлари;

барқарорлик омиллари ва умуминсоний қадриятлар;

табиий ресурслар ва улардан оқилона фойдаланиш;

одам ва унинг саломатлиги атроф-муҳитга боғлиқлиги.



2-§. Ўсимликшунослик (флора) туркуми


45. Ўсимликшунослик (флора) туркуми бўйича "Боғдорчилик", "Гулчилик", "Сабзавотчилик" ва шу каби бошқа тўгараклар ташкил этилади.


46. Ўсимликшунослик (флора) туркумида таълим олувчилар ўз тўгаракларига мос равишда қуйидагилар ҳақида билим, кўникма ва малакаларга эга бўлишлари лозим:

ўсимликлар ва уларнинг турлари;

субтропик ўсимликларни турли усулларда пайвандлаш бўйича тажриба ўтказиш;

сабзавот-полиз экинларининг турлари ва уларни парваришлаш;

иссиқхонада ўстириладиган сабзавот-полиз экинлари ва уларни парваришлаш;

сабзавот-полиз ўсимликларини уруғлар ва кўчатлар орқали кўпайтириш;

Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган ўсимликлар;

мевали ва манзарали дарахтлар, уларни парвариш қилиш ва кўпайтириш;

турли усулларда боғ экинларининг касаллик ва зараркунандаларига қарши курашиш бўйича тажриба ўтказиш;

гулларнинг оилалари, турлари ва номлари;

гулларни турли усулларда кўпайтириш бўйича тажриба ўтказиш.



3-§. Ҳайвонотшунослик (фауна) туркуми


47. Ҳайвонотшунослик (фауна) туркуми бўйича "Қушчилик", "Паррандачилик", "Чорвачилик", "Асаларичилик", "Аквариум балиқчилиги" ва шу каби бошқа тўгараклар ташкил этилади.


48. Ҳайвонотшунослик (фауна) туркумида таълим олувчилар ўз тўгаракларига мос равишда қуйидагилар ҳақида билим, кўникма ва малакаларга эга бўлишлари лозим:

қушлар, паррандалар, чорва моллари, асалари ва аквариум балиқларининг озиқ-овқатлари;

қушларнинг турлари ва уларни парваришлаш;

маданий парранда турлари, зотлари ва уларни парваришлаш;

чорва моллари ва уларни парваришлаш;

уй ҳайвонларининг зотларига кўра овқатланиш рационларини тузиш;

ноёб ва йўқолиб бораётган ҳайвон турларини муҳофаза қилиш;

асалари ва уларни парваришлаш;

аквариум балиқлари турлари, уларнинг биологик хусусиятлари, озиқлантириш тартиби ва парваришлаш усуллари;

аквариум балиқларининг касалликлари ва уларни турли усулларда даволаш бўйича тажриба ўтказиш.



6-БОБ. САЙЁҲЛИК-ЎЛКАШУНОСЛИК ЙЎНАЛИШИ


49. Сайёҳлик-ўлкашунослик йўналиши қуйидаги туркумларни ўз ичига олади:

сайёҳлик туркуми;

ўлкашунослик туркуми.

Мазкур йўналиш шу каби бошқа туркумларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.



1-§. Сайёҳлик туркуми


50. Сайёҳлик туркуми бўйича "Ёш сайёҳ", "Велосайёҳ", "Пиёда сайёҳлик", "Ёш экскурсовод" ва шу каби бошқа тўгараклар ташкил этилади.


51. Сайёҳлик туркумида таълим олувчилар ўз тўгаракларига мос равишда қуйидагилар ҳақида билим, кўникма ва малакаларга эга бўлишлари лозим:

мамлакатимиздаги тарихий обидалар, улар ҳақидаги афсона ва ривоятлар;

сайёҳлик ва туризм тушунчаси;

саёҳатларни ташкил этиш;

сайёҳлик анжомлари, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда улардан самарали фойдаланиш;

туризм спортининг техника ва тактикаси;

республика, вилоят, туман (шаҳар)лардаги энг оммабоп саёҳат маршрутлари;

ўлка табиий географияси;

пиёда ва велосайёҳлик маршрутлари;

саёҳат маршрутини ишлаб чиқиш;

саёҳат даврида тунаш, тўхташ жойларини танлаш, чодирни ўрната олиш ва сайёҳлик арқонини турли хил боғлаш;

саёҳат даврида гулхан ёқиш ва овқат тайёрлаш;

биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш;

фенологик кузатув ишларини олиб бориш;

номаълум жойда карта ва компас, шунингдек табиат белгиларига қараб мўлжал олиш;

хариталардан фойдаланиш, шунингдек хариталардан географик, геологик ва археологик объектларнинг географик координатларини ва масофаларни аниқлаш;

юк кўтариш ва пиёда юриш меъёрлари;

ўз ўлкасидаги мавжуд туристик объектларга тавсиф бериш;

ўлкада кузатиладиган табиий офатлар ва уларнинг оқибатлари.



2-§. Ўлкашунослик туркуми


52. Ўлкашунослик туркуми бўйича "Ёш ўлкашунос", "Тарихий ўлкашунослик", "Адабий ўлкашунослик", "Ёш музейшунос" ва шу каби бошқа тўгараклар ташкил этилади.


53. Ўлкашунослик туркумида таълим олувчилар ўз тўгаракларига мос равишда қуйидагилар ҳақида билим, кўникма ва малакаларга эга бўлишлари лозим:

ўлканинг ижтимоий-иқтисодий географияси;

ўлканинг йирик география, тарих, биология, археология, музейшунослик ва адабиёт фанларининг етук намояндалари;

ўлканинг жой номлари, қадимги ва айни пайтдаги табиий географик шароити (геологик тузилиши, рельефи, иқлими, сув ресурслари, ўсимлик ва ҳайвонот олами, тупроқлари);

ўлкага оид тарихий ва географик хариталар;

ўз ўлкасидаги тоғ тизмалари ва чўққилари;

ўз ўлкасидаги табиий ресурслар ҳамда улардан оқилона фойдаланиш;

ўлкадаги шоир ва ёзувчиларнинг ҳаёти ва ижоди;

мавжуд шева ва лаҳжалар;

музейларнинг шакллари ва турлари;

музей ашёлари ва коллекциялари таснифи;

музей коллекцияларини сақлаш;

ўлкадаги музейлар ва аҳолига хизмат кўрсатиш тартиби;

мактаб музейларини ташкил этиш;

миллий музей фонди ва давлат каталоги;

музейлар ва музейшунослик ишларини ташкил этиш;

адабий, тарихий ўлкашунослик музейларини ташкил этиш учун қўлёзмалар, тошбосмалар, босмахоналарда чоп этилган журнал, газета, китоб, альбом ва бошқа материалларни тўплаш.



IV БЎЛИМ. ЎҚУВ ЮКЛАМАСИ ҲАЖМИ

ВА ТАЪЛИМ СИФАТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


1-БОБ. ЎҚУВ ЮКЛАМАСИ ҲАЖМИ


54. 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар учун тўгарак машғулотлари ҳафталик ва йиллик ўқув юкламасининг энг кам ҳажми қуйидагича:

барча йўналишлар бўйича ҳафталик ўқув юкламасининг энг кам ҳажми биринчи ўқув йилида 4 академик соатни, кейинги ўқув йилларида 6 академик соатни ташкил этади;

барча йўналишлар бўйича йиллик ўқув юкламасининг энг кам ҳажми биринчи ўқув йилида 144 академик соатни, кейинги ўқув йилларида 216 академик соатни ташкил этади;

сайёҳлик-ўлкашунослик йўналиши бўйича ҳафталик ўқув юкламасининг энг кам ҳажми биринчи ва кейинги ўқув йилларида 6 академик соатни, йиллик ўқув юкламасининг энг кам ҳажми биринчи ва кейинги ўқув йилларида 216 академик соатни ташкил этади.


55. 6 ёшдаги болалар учун тўгарак машғулотлари 35 дақиқа давомида ўтказилади ва у ҳафтада 2 академик соатдан, бир ўқув йилида 72 академик соатдан ошмаслиги лозим.



2-БОБ. МАКТАБДАН ТАШҚАРИ ТАЪЛИМ

СИФАТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


56. Мактабдан ташқари таълим сифатининг назорати ички назорат ва жамоат назорати усулларида олиб борилади.


57. Ички назорат - мактабдан ташқари таълим муассасасининг ўзи томонидан амалга оширилади. Ўқувчиларнинг билим, кўникма ва малакалари Давлат талабларига мослигини аниқлаш оғзаки ва ёзма синовлар, тестлар, сўровномалар, кўрик-танловлар, семинарлар, мусобақалар, амалий иш натижалари ҳамда бошқа шаклларда амалга оширилади.


58. Ички назорат мактабдан ташқари таълим муассасаларида ўқув йилининг биринчи ярми ва ўқув йили якунида ўтказилади.


59. Ички назорат қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

жорий назорат - ўқитувчи томонидан кунлик машғулот жараёнида таълим олувчиларни баҳолаш мақсадида оғзаки сўров, ёзма ишлар, тестлар, концерт, диктант, амалий иш, уй вазифаси ва мактабдан ташқари таълим йўналишларининг хусусиятларидан келиб чиқиб бошқа шаклларда ташкил этилади;

оралиқ назорат - йўналишнинг маълум бир қисми, бўлими якунлангандан сўнг оғзаки, ёзма, тестлар, сўровномалар, кўрик-танловлар, мусобақалар, амалий иш натижалари ва мактабдан ташқари таълим йўналишларининг хусусиятларидан келиб чиқиб бошқа шаклларда ташкил этилади;

якуний назорат - ўқув йили якунида ва ўқув дастурининг тегишли бўлими тугаллангандан кейин оғзаки, ёзма, тестлар, сўровномалар, семинарлар, кўрик-танловлар, мусобақалар, амалий иш натижалари ва мактабдан ташқари таълим йўналишларининг хусусиятларидан келиб чиқиб бошқа шаклларда ташкил этилади.


60. Жорий ва оралиқ назорат мактабдан ташқари таълим йўналишларининг хусусиятига кўра айрим йўналишлардагина ўтказилади.


61. Жамоат назорати ота-оналар ва жамоат бирлашмалари томонидан амалга оширилади.



V БЎЛИМ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


62. Мазкур Давлат талаблари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 13 апрель, 14-сон, 175-модда












































Время: 0.0065
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск