Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Фуқаролик ва оила қонунчилиги / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Интеллектуал мулк /

Ўзбекистон Республикасининг 07.05.1993 й. 860-XII-сон "Маҳсулот белгилари ва хизмат кўрсатиш белгилари тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

07.05.1993 й.

N 860-XII



МАҲСУЛОТ БЕЛГИЛАРИ ВА ХИЗМАТ

КЎРСАТИШ БЕЛГИЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикасида маҳсулот белгилари ва хизмат кўрсатиш белгилари билан ишлашнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий асослари ҳамда тартибини белгилаб беради.



I боб. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Қонун билан тартибга солинадиган муносабатлар

Ўзбекистон Республикасида маҳсулот белгилари ва хизмат кўрсатиш белгиларини рўйхатдан ўтказиш, ҳуқукий жиҳатдан муҳофаза этиш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатлар ушбу Қонун ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун хужжатлари билан тартибга солиб борилади.

Қорақалпоғистон Республикасида маҳсулот белгилари ва хизмат кўрсатиш белгиларини ҳуқуқий жиҳатдак муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатлар Қорақалпоғистон Республикаси Қонунлари билан ҳам тартибга солиб борилади.



2-модда. Ўзбекистон Республикаси Давлат патент идораси

1. Ўзбекистон Республикаси Давлат патент идораси (матнда бундан кейин “Патент идораси” деб юритилади) ушбу Қонунга мувофиқ маҳсулот белгилари ва хизмат кўрсатиш белгиларини муҳофаза этиш соҳасида давлатнинг ягона сиёсатини амалга оширади.

Патент идораси маҳсулот белгилари ва хизмат кўрсатиш белгиларини рўйхатга олиш тўғрисидаги талабномаларни кўриб чиқиш учун қабул қилади, улар бўйича экспертиза ўтказади, уларни давлат рўйхатидан ўтказади, гувоҳномалар беради, давлат реестрларини юритади, расмий маълумотларни эълон қилади, ушбу қонуннинг қўлланишига оид тушунтиришларни чоп этади, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган Низомга мувофиқ бошқа вазифаларни амалга оширади.


2. Маҳсулот белгилари ва хизмат кўрсатиш белгилари билан боғлиқ юридик аҳамиятга молик амаллар учун патент идораси томонидан олинадиган патент божи, давлат бюджети маблағи, шунингдек патент идораси томонидан кўрсатиладиган хизматлар ва бериладиган материаллар учун олинадиган ҳақ патент идорасининг фаолиятини маблағлар билан таъминлашнинг манбаи ҳисобланади.



3-модда. Маҳсулот белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси

ва жамоа белгисини ҳуқуқий жиҳатдан

муҳофаза қилиш

1. Ўзбекистон Республикасида маҳсулот белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси ва жамоа белгисини (матнда бундан кейин “Маҳсулот белгиси” деб юритилади) ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш улар давлат рўйхатидан ўтганлиги ва ушбу Қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтганлик тўғрисида гувоҳнома берилганлигига асосан таъминланади.


2. Маҳсулот белгисига оид ҳуқуқ қонун муҳофазасидадир.


3.Хўжалик-тижорат фаолияти билан шуғулланаётган ҳамда маҳсулот

муомаласида қатнашаётган ҳар қандай юридик ёки жисмоний шахсга маҳсулот белгисини ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш топширилиши мумкин.



II боб. МАҲСУЛОТ БЕЛГИСИ, ХИЗМАТ КЎРСАТИШ

БЕЛГИСИ ВА ЖАМОА БЕЛГИСИНИНГ

МУҲОФАЗАГА ЛАЁҚАТЛИЛИК

ШАРТЛАРИ

4-модда. Маҳсулот белгиси, хизмат кўрсатиш

белгиси ва жамоа белгиси

1. Маҳсулот белгиси ва хизмат кўрсатиш белгиси - бу бир жисмоний ёки юридик шахснинг маҳсулотлари ва хизматларини ўзга юридик ёки жисмоний шахсларнинг бир турдаги маҳсулотлари ва хизматларидан (матнда бундан кейин “маҳсулотлар” деб юритилади) фарқлаш учун хизмат қиладиган белгидир.


2. Хўжалик ассоциацияси ёки корхоналарнинг бошқа шаклдаги ихтиёрий бирлашмаси (матнда бундан кейин “бирлашма” деб юритилади) томонидан ишлаб чиқарилаётган ва сотилаётган ягона сифат кўрсатгичи ёки ўзгача умумий хусусиятларга эга бўлган маҳсулотларни белгилаб қўйишга мўлжалланган маҳсулот белгиси жамоа белгиси ҳисобланади.


3. Маҳсулот белгиси сифатида сўзлар, тасвирлар, қабариқ ва бошқа белгилар, ёки уларни жамлама ифодаси рўйхатдан ўтказилиши мумкин.


4. Маҳсулот белгиси исталган бир рангда ёки турли рангларда рўйхатдан ўтказилиши мумкин.



5-модда. Маҳсулот белгиларини рўйхатдан

ўтказишни рад этиш учун мутлақ асослар

1. Маҳсулот белгиларини рўйхатдан ўтказишга йўл қўйилмайди, агар улар:

фарқланиш хусусиятига эга бўлмаса;

давлат герби, байроғи ва рамзларини; давлатларнинг расмий номларини, халқаро ёки ҳукуматлараро ташкилотларнинг қиска ёки тўлиқ номларини, расмий назорат, кафолат тамғалари ва намуна йўсинидаги тамғалар, муҳрлар, мукофотлар ва бошқа нишонлар ҳамда алмаштириб юбориш даражасида уларга айнан ўхшаш бўлган белгиларни, шунингдек маҳсулот тайёрловчисининг жойлашган ерини кўрсатувчи белги сифатида фаҳмланиши мумкин бўлган, қисман ёки бутунлай жуғрофий белгилардан иборат бўлган белгиларни ифодаласа. Бундай белгилар, башарти тегишли ваколатли идоранинг ёки белги эгасининг розилиги олинган бўлса маҳсулот белгисига муҳофаза қилинмайдиган қисм сифатида киритилиши мумкин;

муайян турдаги маҳсулотларни англатувчи белги сифатида умум исътемолга кириб кетган бўлса;

умум эътироф этган рамзлар ва атамалар бўлса;

маҳсулотнинг тури, сифати, хусусияти, қандай мақсадга мўлжалланганлиги, қиймати, шунингдек маҳсулотнинг ишлаб чиқарилаётган ёки сотилаётган жойи ва вақтини ифода этса.

Мазкур қисмнинг бешинчи ва олтинчи хатбошиларида баён этилган белгилар, башарти, улар белгида етакчи ўринни эгалламасалар, маҳсулот белгисига муҳофаза қилинмайдиган қисм сифатида киритилиши мумкин.


2. Қуйидаги белгилар, чунончи:

қалбаки ёки исътемолчини маҳсулот ёхуд унинг ишлаб чиқарувчиси ҳақида чалғитадиган;

жамоат манфаатларига, одамийлик ва ахлоқ қоидаларига зид бўлган белгилар маҳсулот белгиси ёки маҳсулот белгисининг қисми сифатида рўйхатдан ўтказилишига йўл қўйилмайди.



6-модда. Маҳсулот белгиларини рўйхатдан

ўтказишни рад этиш учун бошқа асослар

1. Қуйидаги белгилар, чунончи:

илгари Ўзбекистон Республикасида ўзга шахс номига хатланган ёки рўйхатдан ўтказилишини сўраб талабнома берилган худди шу турдаги маҳсулотнинг белгилари билан;

ўзга шахсларнинг Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига асосан рўйхатдан ўтказилмай ҳам муҳофаза қилинадиган маҳсулот белгилари билан;

белгиланган тартибда рўйхатга олинган сертификат белгилари билан бир хил ёки алмаштириб юбориш даражасида уларга айнан ўхшаш бўлган белгилар маҳсулот белгиси сифатида рўйхатдан ўтказилиши мумкин эмас.


2. Қуйидаги белгилар, чунончи;

ўзга шахсларга тегишли ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида таниқли бўлган фирма номларини (ёки уларнинг бир қисмини), агар бу номга эгалик ҳуқуқи бир турдаги маҳсулотларни белгилаш учун маҳсулот белгисига доир талабнома келиб тушишидан аввалроқ олинган бўлса;

эгалик ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасида ўзга шахсларга тегишли бўлган саноат намуналарини;

муаллифлик ҳуқуқига эга бўлган шахс ёки унинг ҳукуқий ворислари (меросхўрлари) розилигини олмаган тарзда Ўзбекистон Республикасида машҳур бўлган илмий асарлар, адабиёт ва санъат асарларининг номларини, улариинг қаҳрамонларини ёки ибораларини, санъат асарларини ёки улардан кўринишларни;

атоқли шахслар, уларнинг меросхўрлари ёхуд, башарти, Ўзбекистон Республикасининг тарихий ва маданий бойлиги сифатида эътироф қилинган бўлса, тегишли ваколатли идоралар розилигини олмаган тарзда ана шу атоқли шахсларнинг фамилиялари, исмлари, тахаллуслари ва улардан ясалган сўзларни, мазкур атоқли шахсларнинг портретларини ҳамда дастхатларини ўзида акс эттирган белгилар маҳсулот белгиси сифатида рўйхатдан ўтказилмайди.



III боб. МАҲСУЛОТ БЕЛГИСИНИ ВА ЖАМОА

БЕЛГИСИНИ РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ

7-модда. Маҳсулот белгисини рўйхатдан

ўтказиш учун талабнома бериш

Маҳсулот белгисини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги талабнома (матнда бундан кейин “талабнома” деб юритилади) юридик ёки жисмоний шахслар томонидан (матнда бундан буён “талабнома берувчи” деб юритилади) шахсан ёки Патент идорасида рўйхатга олинган патент вакили орқали берилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида истиқомат қилувчи жисмоний шахслар ёки бошқа давлатларнинг юридик шахслари ёхуд уларнинг патент вакиллари маҳсулот белгиларини рўйхатдан ўтказиш ва шу билан боғлиқ юридик аҳамиятга молик амалларни Патент идорасида рўйхатга олинган патент вакиллари орқали юритадилар. Патент вакилининг ваколати талабнома берувчи патент вакилига берган ишонч қоғози билан тасдиқланади.



8-модда. Маҳсулот белгисини рўйхатдан ўтказиш

сўралган талабномага доир талаблар

1. Талабнома бир маҳсулот белгисига тааллуқли бўлиши лозим.


2. Талабнома:

талабнома берувчининг кимлиги, шунингдек қаерга жойлашганлиги ёки қаерда яшаши кўрсатилган белгини маҳсулот белгиси сифатида рўйхатдан ўтказиш сўралган аризадан;

талабномада кўрсатилган белги ва унинг тавсифидан;

белгиларни рўйхатдан ўтказиш учун маҳсулотлар ва хизматларнинг Халқаро таснифи бўйича гуруҳланган маҳсулот белгисини рўйхатдан ўтказиш сўралган маҳсулотларнинг рўйхатидан иборат бўлиши керак.


3. Талабномага белгиланган миқдорда бож тўланганлигини тасдиқловчи, башарти талабнома патент вакили орқали берилган бўлса, унинг ваколати тасдиқланган ҳужжат илова қилинмоғи лозим.


4. Талабномага тааллуқли ҳужжатларга доир талабларни Патент идораси белгилайди.



9-модда. Жамоа белгисини рўйхатдан ўтказиш

сўралган талабномага доир талаблар

1. Жамоа белгисини рўйхатдан ўтказиш сўралган талабномага ушбу Қонунннинг 8-моддасида назарда тутилган ҳужжатлардан ташқари жамоа белгисининг устави илова қилинади.


2. Жамоа белгисининг устави қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

жамоа белгисини ўз номига расмийлаштириш ваколатига эга бўлган бирлашманинг номи;

ушбу белгини рўйхатдан ўтказишдан кўзланган мақсад;

ушбу белгидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўладиган субъектлар рўйхати;

жамоа белгиси билан белгиланадиган маҳсулотларнинг рўйхати ва уларнинг ягона сифат кўрсатгичлари ёки ўзга умумий хусусиятлари;

белгидан фойдаланиш шартлари;

белгидан фойдаланишни назорат этиб туриш тартиби;

жамоа белгиси уставининг қоидаларига риоя қилмаганлик учун жавобгарлик.


3. Жамоа белгисига тааллуқли талабномага доир талаблар Патент идораси томонидан белгиланади.



10-модда. Маҳсулот белгисининг устиворлиги

1. Маҳсулот белгисининг устиворлиги (преоритети) талабнома ушбу Қонуннинг 8 ва 9-моддаларига мувофиқ тарзда расмийлаштирилиб, Патент идорасига келиб тушган кунга қараб белгиланади.


2. Маҳсулот белгисининг устиворлиги биринчи талабнома саноат мулкини муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг қатнашчиси бўлмиш давлатга берилган вақтга қараб, башарти Патент идорасига талабнома ана шу вақтдан кейин олти ой мобайнида тушган бўлса (конвенсия устиворлиги), белгиланиши мумкин.


3. Саноат мулкини муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг қатнашчиси бўлмиш давлатлардан бирининг ҳудудида ташкил этилган расмий ёки расмий деб тан олинган халқаро кўргазмаларнинг экспонатларига қўйилган маҳсулот белгисининг устиворлиги экспонат кўргазмада очиқ намойиш этила бошланган (кўргазма устиворлиги) вақтга қараб, башарти патент идорасига маҳсулот белгисига доир талабнома ана шу вақтдан кейин олти ой мобайнида тушган бўлса, белгиланиши мумкин.


4 Конвенсия ёки кўргазма устиворлиги ҳукуқидан фойдаланиш истагида бўлган талабнома берувчи бу ҳакда маҳсулот белгисига доир талабнома бераётганида ёки Патент идорасига талабнома тушгандан кейинги икки ой мобайнида албатта маълум қилиш ҳамда қўйилган талаблар ҳаққоний эканлигини тасдиқловчи зарур ҳужжатларни илова қилиши, ёхуд бундай ҳужжатларни Патент идорасига талабнома тушган вақтдан эътиборан уч ойдан кечиктирмай такдим этиши лозим.


5. Маҳсулот белгисининг устиворлиги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ маҳсулот белгиси халқаро рўйхатга олинган вақтга қараб белгиланиши мумкин.



11-модда. Маҳсулот белгисига доир талабномани

экспертизадан ўтказиш

1. Талабномани экспертизадан ўтказиш Патент идораси томонидан амалга оширилади ва у дастлабки экспертиза ҳамда рўйхатдан ўтказиш сўралаётган белгининг экспертизасидан иборат бўлади.


2. Талабномани экспертизадан ўтказиш даврида бу талабнома юзасидан қарор қабул қилингунга қадар талабнома берувчи ўз ташаббуси билан талабномага оид материалларни тўлдириш, аниқлаштириш ёки тузатишга ҳақлидир.

Башарти, қўшимча материаллар талабнома моҳиятини ўзгартиргудек бўлса, бундай материаллар қараб чиқиш учун қабул қилинмайди ва талабнома берувчи томонидан мустақил талабнома сифатида расмийлаштирилиши мумкин.


3. Экспертиза ўтказиш даврида қўшимча материалларсиз экспертиза ўтказиш мумкин бўлмаса Патент идораси талабнома берувчидан бундай материалларни сўраш ҳуқуқига эгадир.

Экспертизанинг қўшимча материалларга доир сўрови олинган кундан кейинги икки ой мобайнида улар тақдим этилмоғи лозим. Талабнома берувчининг илтимосига биноан мазкур муддат, башарти уни узайтириш хусусидаги илтимос бу муддат тугашига қадар тушган бўлса, узайтирилиши мумкин. Агар талабнома берувчи ушбу муддатни бузса ёки экспертиза сўровини жавобсиз қолдирса, талабнома қайтариб олинган ҳисобланади.


4. Талабнома уни қараб чиқишнинг исталган босқичида, аммо маҳсулот белгисини рўйхатга олиш вақтигача талабнома берувчининг илтимосига биноан қайтариб олиниши мумкин.


5. Патент идораси томонидан қараб чиқиш учун қабул қилинган талабномалар талабнома берувчиларга қайтарилмайди.



12-модда. Дастлабки экспертиза

1. Талабноманинг дастлабки экспертизаси у Патент идорасига тушган кундан эътиборан бир ой ичида ўтказилади.


2. Дастлабки экспертиза давомида талабнома мазмуни, зарур ҳужжатларнинг мавжудлиги, шунингдек уларнинг белгиланган талабларга мос келиши текширилади. Дастлабки экспертиза натижаларига биноан талабнома қараб чиқиш учун қабул қилингани ёки рад этилгани ҳақида талабнома берувчига маълум килинади.


3. Талабнома қараб чиқиш учун қабул қилинган тақдирда талабнома берувчига маҳсулот белгиси устиворлиги белгиланганлиги маълум қилинади. Талабнома берувчи конвенсия ёки кўргазма устиворлигини сўраган, лекин талабномани қараб чиқиш учун қабул қилиш чоғида қўйилаётган талаб тўғри эканлигини тасдиқловчи зарур ҳужжатларни тақдим этмаган ҳоллар бундан мустаснодир.



13-модда. Талабномада ифодаланган

белгини экспертизадан ўтказиш

1. Талабномада ифодаланган белгининг экспертизаси дастлабки экспертиза тугагач, талабнома Патент идорасига тушган пайтдан эътиборан ўн икки ой ичида ўтказилади.

Экспертиза давомида аризада ифодаланган белгининг ушбу Қонун 5, 6, 8, 9-моддалари талабларига мослиги текширилади ва башарти, дастлабки экспертиза ўтказилаётганида белгиланмаган бўлса, маҳсулот белгисининг устиворлиги белгиланади.


2. Экспертиза натижаларига биноан маҳсулот белгисини рўйхатдан ўтказиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.


3. Бир мунча олдинги устиворликка эга бўлган талабнома тушган тақдирда маҳсулот белгисини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги экспертизанинг қарори ушбу Қонуннинг 10-моддасига мувофиқ қайта кўриб чиқилиши мумкин.



14-модда. Талабномага доир қарор устидан шикоят

қилиш ҳамда ўтказиб юборилган муддатларни

қайта тиклаш

1. Талабнома берувчи экспертиза қарорида кўрсатилган материаллар билан танишишга ва талабнома юзасидан чиқарилган қарорни олганидан сўнг бир ой мобайнида ана шу материалларнинг нусхасини талаб қилиб олишга ҳақлидир.


2. Агар талабнома берувчи дастлабки экспертиза ёки талабномада ифодаланган белги юзасидан ўтказилган экспертиза қароридан норози бўлса, қарор олинган пайтдан эътиборан уч ой мобайнида Патент идорасининг Апелляция Кенгашига (матнда бундан кейин Апелляция кенгаши деб юритилади) эътирознома беришга ҳақлидир. Эътирознома тўрт ой ичида Аппелляция кенгаши томонидан қараб чиқилиши керак.


3. Талабнома берувчи Апелляция кенгаши қароридан норози бўлган тақдирда қарор олинган кундан эътиборан олти ой ичида Олий судга шикоят билан мурожаат этиши мумкин.


4. Ушбу Қонун 11-моддасининг 3-бандида ва мазкур модданинг биринчи бандида назарда тутилган, талабнома берувчи томонидан ўтказиб юборилган муддатлар ана шу муддатлар тугашига қадар икки ой ичида талабнома берувчининг илтимосига биноан Патент идораси томонидан, башарти, узрли сабаблар мавжудлиги тасдиқланса ва бож тўланса,тикланиши мумкин.



15-модда. Маҳсулот белгисини рўйхатдан ўтказиш

1. Маҳсулот белгисини рўйхатга олиш ҳақидаги қарорга асосан Патент идораси маҳсулот белгисини Ўзбекистон Республикасининг Маҳсулот белгилари давлат реестрида (матнда бундан кейин “Давлат реестри” деб юритилади) рўйхатдан ўтказади. Давлат реестрига ва маҳсулот белгиси рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномага маҳсулот белгисининг тасвири, унинг эгаси ҳақидаги маълумотлар, маҳсулот белгиси устиворлиги белгиланган ва белги рўйхатдан ўтказилган вақт ушбу белгини қўйиш мўлжалланган маҳсулотлар рўйхати, маҳсулот белгисини рўйхатдан ўтказишга тегишли бошқа маълумотлар, шунингдек бу маълумотларга тааллуқли кейинги барча ўзгартиришлар киритилади.


2. Давлат реестрига ва жамоа белгиси рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномага ушбу модданинг 1-бандида назарда тутилган маълумотларга қўшимча равишда мазкур белгидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган корхоналар рўйхати киритилади.

Жамоа белгисининг эгаси жамоа белгиси уставига киритилган ўзгартишлар ҳақида Патент идорасини хабардор қилади.



16-модда. Маҳсулот белгиси рўйхатдан ўтказилганлиги

тўғрисидаги маълумотларни эълон қилиш

Ушбу Қонуннинг 15-моддасига мувофиқ маҳсулот белгиси рўйхатдан ўтказилганлиги ва Давлат реестрига киритилганлигига оид маълумотлар Патент идорасининг расмий ахборотномасида эълон қилинади.

Шунингдек, рўйхатдан ўтказишга тааллуқли маълумотлардаги кейинги барча ўзгаришлар ҳам эълон қилиниб борилади.

Эълон қилинадиган маълумотларнинг тўлиқ таркибини Патент идораси белгилайди.



17-модда. Муҳофаза хужжати

1. Ушбу Қонунга мувофиқ рўйхатдан ўтказилган маҳсулот белгиларига маҳсулот белгиси рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида белгиланган нусхадаги гувоҳнома берилади.


2. Маҳсулот белгиси Давлат реестрида рўйхатдан ўтказилганидан ва белгиланган бож тўланганлиги ҳақидаги ҳужжат олинганидан кейин уч ой ичида Патент идораси маҳсулот белгиси рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида гувоҳнома беради.


3. Маҳсулот белгиси рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома талабномада ифодаланган белгининг маҳсулот белгиси сифатида рўйхатдан ўтказилганлигини, маҳсулот белгисининг устиворлигини, маҳсулот белгиси эгасининг гувоҳномада кўрсатилган маҳсулотлар ва хизматларга нисбатан мутлақ ҳуқуқини тасдиқлайди.


4. Маҳсулот белгиси рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг шаклини ва унда келтирилиши керак бўлган маълумотлар рўйхатини Патент идораси белгилайди.



IV боб. МАҲСУЛОТ БЕЛГИСИГА

БЎЛГАН МУТЛАҚ ҲУҚУҚ

18-модда. Маҳсулот белгисига бўлган мутлақ ҳуқуқ

1. Маҳсулот белгисининг эгаси ушбу белгидан фойдаланишда ва уни тасарруф этишда, шу жумладан ундан ўзга шахслар фойдаланишига рухсат бериш ёки тақиқлаб қўйишда мутлақ ҳуқуқга эгадир.

Ўзбекистон Республикасида муҳофаза қилинаётган маҳсулот белгисидан унинг эгаси рухсатисиз ҳеч ким фойдалана олмайди.


2. Маҳсулот белгисини ёки алмаштириб юбориш даражасида унга ўхшаш бўлган белгининг рухсат олмаган ҳолда хўжалик муомаласига киритилиши маҳсулот белгиси эгасининг ҳуқуқларини бузиш деб топилади.



19-модда. Маҳсулот белгисидан фойдаланишнинг

шарт эканлиги

1. Маҳсулот белгисининг эгаси ундан фойдаланиши шарт.


2. Маҳсулот белгисининг эгаси томонидан ёки ушбу Қонуннинг 21-моддасига биноан лицензия шартномаси асосида шундай ҳуқуқ берилган шахс томонидан маҳсулот белгиси қайси маҳсулотларга қўйиш учун рўйхатдан ўтказилган бўлса, шу маҳсулотларда ва уларнинг ўрови устида ишлатилиши маҳсулот белгисидан фойдаланиш деб ҳисобланади.

Маҳсулот белгисини рекламаларда, матбаа нашрларида, расмий иш қоғозларида, осиб қўйиладиган лавҳаларда, кўргазмалар ва ярмаркаларда экспонатларни намойиш қилишда ишлатиш ҳам ундан фойдаланиш деб топилиши мумкин.


3. Воситачилик фаолияти билан шуғулланадиган юридик ва жисмоний шахслар маҳсулот тайёрловчисининг маҳсулот белгиси билан бир қаторда шартнома асосида ўз маҳсулот белгиларидан ҳам фойдаланишлари мумкин.


4. Маҳсулот белгиси рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши маҳсулот белгиси рўйхатдан ўтказилгандан кейинги беш йил давомида узлуксиз ишлатилмаган ёки ушбу ариза берилгунга қадар ўтган беш йил мобайнида умуман фойдаланилмаган бўлса, исталган шахснинг аризасига мувофиқ Олий суд чиқарган қарор асосида тўлиқ ёки қисман муддатидан аввал бекор қилиниши мумкин.

Маҳсулот белгиси рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини муддатидан илгари тўхтатиш хусусидаги масалани ҳал этиш чоғида маҳсулот белгиси эгаси тақдим этган маҳсулот белгисидан ўзига боғлик бўлмаган сабабларга кўра фойдаланилмаганлигини исботловчи далиллар эътиборга олиниши мумкин.



20-модда. Огоҳлантирувчи тамға

1. Маҳсулот белгисининг эгаси маҳсулотдаги ўз белгиси ёнига - маҳсулотга ёки унинг ўровига қўйилган белги, Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган маҳсулот белгиси эканлигини кўрсатувчи огоҳлантирувчи тамға қўйиши мумкин.


2. Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилмаган маҳсулот белгисига нисбатан огоҳлантирувчи тамға қўйган шахс Ўзбекистон Республикасининг қонунларида назарда тутилган тартибда жавобгарликка тортилади.



21-модда. Маҳсулот белгисига бўлган

ҳуқуқни бошқа шахсга бериш

1. Гувоҳномада кўрсатилган барча маҳсулотларга ёки уларнинг айрим қисмига маҳсулот белгиси қўйишдан иборат мутлақ ҳуқуқни белги эгаси шартнома асосида ўзга манфаатдор юридик ёки жисмоний шахсга бериши мумкин.


2. Маҳсулот белгисига бўлган ҳукуқни бошқа шахсга беришга, башарти бу иш маҳсулотга ёки унинг тайёрловчисига нисбатан истеъмолчини чалғитишга сабабчи бўлиб қолиши мумкин бўлса, йўл қўйилмайди.


3. Маҳсулот белгисидан фойдаланиш ҳуқуқи маҳсулот белгисининг эгаси (матнда бундан кейин “лицензиар” деб юритилади) томонидан лицензия шартномаси асосида ўзга шахсга (матнда бундан кейин “лицензиат” деб юритилади) берилиши мумкин.

Лицензия шартномасида лицензиат маҳсулотининг сифати лицензиар маҳсулотининг сифатидан паст бўлмаслиги ва лицензиар ана шу шартга амал қилинаётганлигини назорат этиб туриши тўғрисидаги шарт бўлиши лозим.


4. Маҳсулот белгисини ўзга шахсга топшириш тўғрисидаги шартнома ва лицензия шартномаси тегишли бож тўланганидан кейин Патент идорасида рўйхатга олинади. Рўйхатдан ўтказилмаган шартномалар ҳақиқий эмас.


5. Жамоа белгиси ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи унинг барча эгалари розилигисиз бошқа юридик ва жисмоний шахсларга берилиши мумкин эмас.



22-модда. Маҳсулот белгисининг эгаси бўлмиш юридик

шахс қайта ташкил этилганда маҳсулот белгисига

эгалик ҳуқуқи

1. Юридик шахслар қўшилиб кетган тақдирда маҳсулот белгилари қайта рўйхатдан ўтган юридик шахс ихтиёрига ўтади.


2. Маҳсулот белгиси эгаси бўлмиш юридик шахс - бўлиб юборилган тақдирда маҳсулот белгиси қайта рўйхатдан ўтган, маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш ихтиёрига ўтган юридик шахсга ўтади.

Башарти, маҳсулот белгиси эгаси маҳсулот белгиси рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномада кўрсатилган маҳсулотлар ва хизматларнинг бир қисмини ишлаб-чиқариш ҳуқуқини ўзида сақлаб колса, ҳар иккала юридик шахс ўзаро келишувга (шартномага) мувофиқ маҳсулот белгисининг ҳамкор эгаси деб тан олиниши мумкин.

Шартнома бож тўлаб Патент идорасида рўйхатдан ўтказилади. Рўйхатга олинмаган шартнома хақиқий ҳисобланмайди.


3. Маҳсулот белгисининг эгаси бўлмиш юридик шахс иккинчи юридик шахсга қўшилган тақдирда, маҳсулот белгисига бўлган хуқуқ иккинчи юридик шахсга ўтади.



V боб. МУҲОФАЗА ҲУЖЖАТЛАРИНИНГ

АМАЛ ҚИЛИШИ

23-модда. Маҳсулот белгиси рўйхатдан ўтганлиги

тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати

1. Маҳсулот белгиси рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома устиворлик белгиланган вақтдан эътиборан ўн йил давомида амал қилади.


2. Маҳсулот белгиси рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати маҳсулот белгиси эгасининг гувоҳнома амал қилиб турган сўнгги йилда берган аризасига мувофиқ бож тўлаб борилган тақдирда ҳар гал яна ўн йилга узайтирилиши мумкин.

Рўйхатдан ўтганликнинг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг маҳсулот белгиси эгасининг илтимосига кўра қўшимча бож тўлаш шарти билан маҳсулот белгиси рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати яна олти ойга узайтирилиши мумкин.



24-модда. Маҳсулот белгиси рўйхатдан ўтганлиги

тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш

муддатини узайтириш

1. Маҳсулот белгиси рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза Патент идорасига берилади. Аризага:

маҳсулот белгиси рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома (асл нусхаси);

белгиланган миқдорда бож тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

маҳсулот белгиси рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддатини узайтириш хусусидаги ариза патент вакили орқали берилган бўлса, бу вакилнинг ваколати тасдиқланган ҳужжат илова қилиниши керак.


2. Маҳсулот белгиси рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати узайтирилганлигига оид қайд маҳсулот белгиларининг Давлат реестрига ва маҳсулот белгиси рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномага киритилади.



25-модда. Маҳсулот белгиси рўйхатдан ўтганлиги

тўғрисидаги гувоҳномага ўзгартишлар киритиш

1. Маҳсулот белгисининг, шу жумладан жамоа белгисининг эгаси ўз номи, фамилияси, исми ва отасининг исмидаги ўзгаришларни, рўйхатдан ўтказилган маҳсулот белгиси қўйиладиган маҳсулотларнинг рўйхати қисқарганлигини, маҳсулот белгисининг моҳиятига таъсир этмайдиган унинг айрим қисм ва жойларидаги ўзгаришларни, маҳсулот белгисини рўйхатдан ўтказишга доир бошқа ўзгаришлар бўлганлигини Патент идорасига маълум қилади.


2. Патент идораси ўзгаришлар тўғрисидаги қайдларни бож тўлангани тақдирда маҳсулот белгилари Давлат реестрига ва маҳсулот белгиси рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномага киритади.



26-модда. Маҳсулот белгисини қайта

рўйхатдан ўтказиш шартлари

1. Амал қилиш муддати тугаган маҳсулот белгиси бу белги рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати тўхтатилган вақтдан эътиборан уч йил давомида аввалги эгасидан бўлак шахс номига қайта рўйхатдан ўтказилиши мумкин эмас.


2. Рўйхатдан ўтганликнинг амал қилиш муддати тугамасдан турибоқ маҳсулот белгисининг эгаси ундан воз кечган ҳолларда ҳам ушбу модданинг 1-бандида назарда тутилган қоида қўлланилади.



VI боб. МАҲСУЛОТ БЕЛГИСИНИ ҲУҚУҚИЙ

ЖИҲАТДАН МУҲОФАЗА ҚИЛИШНИ

ТЎХТАТИШ

27-модда. Маҳсулот белгиси рўйхатдан ўтганлиги

тўғрисидаги гувоҳноманинг ҳақиқий

эмас деб топилиши

1. Башарти маҳсулот белгиси рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ушбу қонунда ёки Ўзбекистон Республикаси қатнашадиган халқаро шартномада белгилаб қўйилган талабларга хилоф равишда берилган бўлса, бундай гувоҳнома бутун амал қилиш муддати давомида тамомила ёки қисман ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.


2. Ушбу модданинг биринчи бандида назарда тутилган амалларга рози бўлмаган ҳар қандай шахс Апелляция кенгашига мурожаат этиши мумкин. Бундай эътирознома қабул килинган кундан эътиборан тўрт ой ичида кўриб чиқилиши лозим. Эътирознома берган шахс, шунингдек, талабнома берувчи ёки маҳсулот белгисининг эгаси Апелляция кенгашида уларнинг масаласи қараб чиқилиши чоғида қатнашиш ҳуқуқига эгадирлар.


3. Апелляция кенгаши қарори устидан қарор қабул қилинган кундан бошлаб олти ой ичида Олий судга шикоят қилиш мумкин.



28-модда. Маҳсулот белгиси рўйхатдан ўтганлиги

тўғрисидаги гувоҳноманинг амал

қилишини тўхтатиш

1. Маҳсулот белгиси рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши ушбу Қонуннинг 23-моддасида назарда тутилган ҳолларда тўхтатилади.


2. Маҳсулот белгиси рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши:

ушбу Қонун 9-моддасининг иккинчи бандига мувофиқ ягона сифатли ёки бошқа умумий хусусиятларга эга бўлмаган маҳсулотларда жамоа белгисидан фойдаланилганлиги сабабли Олий суд гувоҳноманинг амал қилишини муддатидан илгари тўхтатиш тўғрисида чиқарган қарорига биноан;

ушбу Қонун 19-моддасининг 4-бандига мувофиқ маҳсулот белгисидан фойдаланилмаганлиги сабабли Олий суд гувоҳноманинг амал қилишини муддатидан илгари тўхтатиш тўғрисида чиқарган қарорига биноан;

ушбу Қонуннинг 27-моддасига мувофиқ гувоҳнома ҳақиқий эмас деб топилган ҳолларда;

юридик шахс бўлмиш маҳсулот белгисининг эгаси тугатилган тақдирда;

маҳсулот белгиси маълум турдаги маҳсулотларни ифода қилувчи белги сифатида умумий истеъмолга кириб кетган белгига айланиб қолган ҳолларда Олий суднинг қарорига биноан;

маҳсулот белгисининг эгаси ундан воз кечган ҳолларда муддатидан илгари тўхтатилади.



VII боб. МАҲСУЛОТ БЕЛГИСИГА БЎЛГАН

ҲУҚУҚНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ

29-модда. Ушбу Қонуннинг қўлланилиши

билан боғлиқ низоларни қараб чиқиш

Ушбу Қонуннинг қўлланилиши билан боғлиқ низолар тегишли судлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгиланган тартибда қараб чиқилади.



30-модда. Маҳсулот белгисидан қонунга зид

равишда фойдаланганлик учун жавобгарлик

1. Бир хил маҳсулотларни белгилаш учун маҳсулот белгисидан ёки алмаштириб юбориш даражасидан унга ўхшаш бўлган белгидан ушбу Қонун 18-моддасида назарда тутилган қоидаларга зид равишда фойдаланганликда айбдор бўлган юридик ва жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ жавобгар бўладилар.


2. Маҳсулот белгиси эгасининг ҳуқуқларини бузувчи ҳатти-ҳаракатлар содир этган юридик ва жисмоний шахслар белги эгасининг талабига мувофиқ:

белги эгасининг ишбилармонлик обрўсини қайта тиклаш мақсадида суд қарорини ўз ҳисобларидан эълон қилишга;

маҳсулот белгисидан ёки алмаштириб юбориш даражасида унга ўхшаш бўлган белгидан фойдаланишни тўхтатишга, шунингдек белги эгасига етказилган зарарнинг ўрнини тўла қоплашга ёки белгидан қонунга зид равишда фойдаланиш даврида олинган бор фойдани белги эгасига беришга;

маҳсулот белгиси ёки алмаштириб юбориш даражада унга ўхшаш бўлган белгини маҳсулотдан ёки унинг ўровидан олиб ташлашга; маҳсулот белгисининг ёки алмаштириб юбориш даражасида унга ўхшаш бўлган белгининг тайёрлаб қўйилган тасвирини йўқ қилиб ташлашга мажбурдирлар.



VIII боб. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

31-модда. Патент божи

Маҳсулот белгисини рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ юридик аҳамиятга молик амалларни бажарганлик учун патент божи олинади. Патент божи Патент идорасига тўланади. Патент божи олинадиган амаллар рўйхати, бож миқдори ва тўлов муддати, шунингдек Патент божини қайтариб бериш асослари Патент идораси томонидан белгилаб қўйилади.



32-модда. Маҳсулот белгисини бошқа

давлатларда рўйхатдан ўтказиш

1. Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари маҳсулот белгиларини бошқа давлатларда рўйхатдан ўтказишга ёки халқаро миқёсда рўйхатдан ўтказишга ҳақлидирлар.


2. Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари маҳсулот белгисини бошқа давлатларда рўйхатдан ўтказишни Ўзбекистон Республикаси Патент идорасига талабнома берганларидан кейингина амалга оширадилар.


3. Маҳсулот белгиларини бошқа давлатларда ёки халқаро миқёсда рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ бўлган сарф-харажатлар талабнома берувчи ёки у билан келишилган ҳолда бошқа манфаатдор юридик ёки жисмоний шахс томонидан қопланади.



33-модда. Чет эл юридик ва жисмоний

шахсларининг ҳуқуқлари

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ ёки ўзаро ҳамкорлик асосида ушбу Қонунда назарда тутилган ҳуқуқлардан бошқа давлатларнинг юридик ва жисмоний шахслари ҳам Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари билан баб-баравар фойдаланадилар



34-модда. Халқаро шартномалар

Башарти, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ушбу Қонундагидан фарқ қилувчи ўзгача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                            И. Каримов
































Время: 0.0067
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск