язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Банк операциялари/ Тижорат банклари томонидан кичик тадбиркорлик субъектларига, деҳқон ва фермер хўжаликларига Имтиёзли кредит бериш махсус жамғармаси ҳисобидан кредит бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.05.2000 й. 195-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2000 йил 19 майдаги

195-сон қарорига

2-ИЛОВА



Тижорат банклари томонидан кичик тадбиркорлик

субъектларига, деҳқон ва фермер хўжаликларига

Имтиёзли кредит бериш махсус жамғармаси

ҳисобидан кредит бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, "Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида", "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 21 мартдаги ПФ-2564-сон Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда кичик тадбиркорлик субьектларининг, деҳқон ва фермер хўжаликларининг иқтисодиётининг аниқ сектори пировард маҳсулотидаги улушини кўпайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган.

2. Ушбу Низом банклар томонидан кичик тадбиркорлик субъектларига, микрофирмаларга, кичик корхоналарга, деҳқон ва фермер хўжаликларига Имтиёзли кредит бериш махсус жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағлари ҳисобидан кредит бериш тартибини тартибга солади.

3. Якка тартибдаги тадбиркорларга, деҳқон ва фермер хўжаликларига, шунингдек кичик тадбиркорликнинг бошқа субъектларига тижорат банклари томонидан Жамғарма маблағлари ҳисобидан микрокредит бериш "Микромолиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига, шунингдек тижорат банклари томонидан белгиланадиган микромолиявий хизматлар кўрсатиш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

4. Жамғарма маблағлари ҳисобидан микрокредитлар ушбу Низомнинг 13-бандига мувофиқ белгиланадиган фоиз ставкаси бўйича берилади, "Микрокредитбанк" акциядорлик-тижорат банки томонидан бериладиган микрокредитлар бундан мустасно.

5. Тижорат банклари томонидан Имтиёзли кредит бериш махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан кредитлар бериш қайтариш, тулаш, муддатли ва мақсадли фойдаланиш шартлари билан амалга оширилади.

Жамғарма маблағлари, асосан узоқ ва бориш қийин бўлган туманларда, шунингдек меҳнат ресурслари ортиқча бўлган туманлар ва шаҳарларда жойлашган кичик тадбиркорлик субъектларининг юқори технологияли ва инновацион лойиҳаларини, ишлаб чиқариш микрофирмаларини, кичик корхоналарни, деҳқон ва фермер хўжаликларини молиялаштириш учун ажратилади, ушбу банднинг бешинчи хатбошида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно .

Кўрсатиб ўтилган субъектларни тижорат банкларининг Имтиёзли кредит бериш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириш учун меҳнат ресурслари ортиқча бўлган туманлар ва шаҳарлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги томонидан Марказий банк билан биргаликда аниқланади.

Жамғарма ҳисобидан кредитлар энг кам ойлик иш ҳақининг икки минг бараваридан ортиқ бўлмаган суммада ажратилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тадбиркорлик субъектлари ва кенг аҳоли қатламига микрокредитлар ажратиш тизимини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 17 мартдаги ПҚ-2844-сон қарорининг 2-иловасида кўрсатилган узоқ ва бориш қийин бўлган, шунингдек меҳнат ресурслари ортиқча бўлган туманларда янги рўйхатга олинган юридик шахс ташкил этмасдан фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда оилавий тадбиркорлик субъектларига Имтиёзли кредит бериш махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баробаригача миқдорда кредитлар ажратилади.

II. ТИЖОРАТ БАНКЛАРИ ТОМОНИДАН ЖАМҒАРМА

ҲИСОБИДАН КРЕДИТЛАР БЕРИШ ТАРТИБИ

7. Тижорат банклари Имтиёзли кредит бериш жамғармаси маблағлари ҳисобидан кредитлар беришни шартнома асосида амалга оширадилар.


8. Имтиёзли кредит бериш жамғармаси маблағлари ҳисобидан кредитлар бериш муддатлари кредит берилаётган тадбирнинг ўзини қоплашига боғлиқ бўлади, чунончи:

хом ашё ва материаллар, ярим тайёр маҳсулотлар ҳамда бошқа ишлаб чиқариш захиралари харид қилиш учун зарур бўлган айланма маблағларни тўлдиришга кредитлар кичик тадбиркорлик субъектларига, қоидага кўра, 18 ойгача бўлган муддатга берилади;

қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ташкил этиш учун айланма маблағларни тўлдиришга кредитлар фермер хўжаликларига, шунингдек юридик шахс бўлган деҳқон хўжаликларига, қоидага кўра, камида 2 йил муддатга берилади;

инвестиция лойиҳаларини маблағ билан таъминлаш учун кредитлар кичик тадбиркорлик барча субъектларига, шу жумладан юридик шахс бўлган фермер ва деҳқон хўжаликларига тўлов муддатини кечиктириш ҳуқуқисиз 5 йилгача муддатга берилиши мумкин.

9. Айланма маблағларни тўлдириш учун кичик тадбиркорлик субъектларига берилган кредитларни қайтаришнинг энг узоқ муддати, қайтариш муддатини узайтиришни ҳисобга олган ҳолда 18 ойдан ошиши мумкин эмас, форс-мажор ҳолатлари бундан мустасно.

10. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ташкил этишга мўлжалланган айланма маблағларни тўлдириш учун деҳқон ва фермер хўжаликларига берилган кредитларни қайтаришнинг энг узоқ муддати, қайтариш муддатини узайтиришни ҳисобга олган ҳолда, 30 ойдан ошиши мумкин эмас, форс-мажор ҳолатлари бундан мустасно. Фермер ва деҳқон хўжаликларининг қишлоқ хўжалиги фаолияти билан боғлиқ бўлмаган айланма маблағлари учун берилган бошқа кредитлар бўйича улардан фойдаланиш муддати, қайтариш муддатини узайтиришни ҳисобга олган ҳолда, 18 ой этиб белгиланади.

11. Банклар инвестиция мақсадлари учун берилган кредитлар бўйича кредит бериш бўйича имтиёзли даврни белгилащи мумкин.


12. Жамғарма маблағлари ҳисобидан қарз олувчиларга кредитлар маҳсулот етиштириш (тамакичилик ва алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқаришдан ташқари), ишларни бажариш, хизматлар (савдо соҳаси ва умумий овқатланишдан ташқари) кўрсатиш билан боғлиқ бўлган, амалдаги қонунчилик билан тақиқланмаган ва қуйидагиларни назарда тутувчи тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш, ривожлантириш ва кенгайтириш учун берилади:

ишлаб чиқариш биноларини қуриш, техника билан жиҳозлаш ва реконструкция қилиш;

машиналар, асбоб-ускуналар, жиҳозлар, инвентарлар, уруғлик, мол ва паррандалар сотиб олиш;

хом ашё ва материаллар, шу жумладан моллар учун ем, омихта озуқа, ветеринария препаратлари, ўсимликларни ҳимоя қилишнинг кимёвий воситалари, минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш материаллари ва экин майдонларига ишлов бериш бўйича механизациялаштирилган хизматлар сотиб олиш.

Жамғарма маблағлари ҳисобидан кредитларнинг илгари олинган кредитларни ёки бошқа ҳар қандай қарзларни узишга, ишлаб чиқариш мақсадида фойдаланилмайдиган шахсий мол-мулк сотиб олишга берилиши мумкин эмас.


13. Жамғарма маблағлари ҳисобидан берилган кредитлардан фойдаланганлик учун фоиз ставкаси миқдори Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш бўйича кредит берилган кундаги белгиланган ставкасининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда белгиланади.


14. Кредитлар мижознинг талаб қилиб олинадиган депозит ҳисоб раками жойлашган жой бўйича берилади.


15. Зарар кўриб ишлаётган, ликвидсиз балансга эга бўлган қарз олувчиларга Жамғарма маблағлари ҳисобидан кредит берилмайди, илгари берилган ссудалар эса белгиланган тартибда муддатидан олдин ундириб олинади. Ушбу қоида кредит шартномасида албатта назарда тутилиши керак.



III. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИ ҲИСОБИДАН

БЕРИЛАДИГАН КРЕДИТЛАРНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ

16. Қарз олувчилар кредит олиш учун банкка қуйидаги ҳужжатларни (кредит пакетини) тақдим этади:

кредит буюртманомаси;

қарз олувчининг банкдаги ҳисоб рақамига пул тушумлари (пул оқими) прогнози албатта кўрсатилган ҳолдаги бизнес-режа;

90 кундан ортиқ вақдаги қарзлар бўйича солиштириш далолатномаси, молиявий натижалар тўғрисида ҳисобот (2-шакл), деҳқон хўжаликлари бундан мустасно;

ушбу Низомнинг 17-бандида кўрсатилган кредитни қайтаришни таъминлаш шаклларидан биттаси.


17. Тўламаслик хавфини бартараф этиш учун қарз олувчи таъминотга эга бўлиши керак, таъминотга бўлган асосий талаб унинг амалга оширилувчанлиги ҳисобланади.

Қарз олувчи банкка таъминлашнинг қуйидаги турларидан биттасини тақдим этишга ҳақлидир:

мол-мулкни ёки қимматли қоғозни гаров сифатида қўйиш;

банк ёки суғурта ташкилоти кафолатномаси;

учинчи шахсларнинг кафиллиги;

суғурта компаниясининг қарз олувчининг кредитни қайтармаслиги хавфини суғурта қилиш тўғрисидаги суғурта полиси.


18. Банклар ўзлари билан доимий алоқага, банк ҳисоб рақамида доимий пул окимига, яхши нуфузга ва яхши кредит тарихига эга бўлган қарз олувчиларга, ушбу Низомнинг 17-бандида кўрсатиб ўтилган қайтариш таъминотини тақдим этмасдан, бланкли (ишончли) кредитлар беришга хақлидирлар.


19. Мол-мулкни гаровга қўйиш кредитнинг қайтарилишини таъминлаш шаклларидан биридир. "Гаров тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ҳар қандай мол-мулк, шу жумладан буюмлар ва мулкий ҳуқуқлар (талаблар), қимматбаҳо бойликлар, заргарлик буюмлари, эркин алмаштириладиган валюта ва шу кабилар гаров предмети бўлиши мумкин (муомаладан чиқарилган буюмлар, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ гаров предмети бўла олмайдиган бошқа мол-мулк ва/ёки мулкий ҳуқуқлар (талаблар) бундан мустасно).

Кредит ҳисобига сотиб олинадиган қийматнинг 80 фоизи миқдоридаги мол-мулк хам ушбу кредит бўйича гаров предмети бўлиб хизмат қилиши мумкин.


20. Кафолатнома Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 299-моддасига мувофиқ гарантнинг ёзма мажбурияти шаклида расмийлаштирилади.


21. Кафиллик Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 292-моддасига мувофиқ қарздор ва кафил ўртасида банк-бенефициар фойдасига ёзма шаклдаги кафиллик шартномаси билан расмийлаштирилади.


22. Кредит пакетини таҳлил қилиш чоғида банк кредит битишувининг ҳар хил жиҳатларини, қарз олувчининг кредит тарихини, унинг раҳбари нуфузини (олдинги иш жойлари, лаёқатлилиги, илгари олинган кредитларнинг ўз вақтида қайтарилишини таъминлай олиши ва шу кабиларни) баҳолайди.


23. Айланма маблағларни тўлдиришга кредит олиш учун ушбу Низомнинг 16-бандида кўрсатиб ўтилган зарур ҳужжатлар илова қилинган ҳолдаги буюртманома банкка келиб тушган кундан бошлаб ушбу кредит бўйича банк хулосасини беришгача бўлган муддат уч иш кунидан ошмаслиги керак.

Инвестиция лойиҳасини маблағ билан таъминлаш учун кредит олишга кредит буюртманомаларини банклар томонидан кўриб чиқиш муддати тегишли равишда узайтирилиши, бироқ купи билан икки баравар узайтирилиши мумкин.


24. Кредит шартномаси тузилгандан кейин банк бўлими раҳбари ёки у вақтинча бўлмаган тақдирда унинг ўринбосари ўз ваколати доирасида муддати па фоиз ставкаси кўрсатилган ҳолдаги ссуда ҳисоб раками очиш тўғрисида бухгалтерияга буйруқ беради.


25. Кредит бериш тўғрисида қарор қабул қилиниши билан қарз олувчига кредит карточкаси очилади, кредит шу карточка бўйича назорат қилиб борилади.


26. Қурилиш, техника билан жиҳозлаш ва реконструкция қилишга берилган кредитлар ҳисобига молиялаш фақат барча зарур лойиҳа-смета ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар амалдаги қонунчиликка мувофиқ банкка тақдим этилгандан кейингина очилади.



IV. КРЕДИТЛАРНИ БЕРИШ ВА ҚАЙТАРИШНИ

ҲИСОБГА ОЛИШ ТАРТИБИ


27. Кредитлар алоҳида ссуда ҳисоб раками очиш ва қарз олувчининг товар-моддий бойликлар учун тўлов топшириқномасини ушбу ҳисоб рақамидан нақд пулсиз тулаш йўли билан берилади.


28. Кредит ходимининг фармойишига биноан алоҳида ссуда ҳисоб рақамлари бўйича берилган кредитлар муддатли мажбуриятлар билан расмийлаштирилади, улар, кредит бериш муддатларига кўра, кредит тўлиқ қайтарилгунгача кўзда тутилмаган ҳолатлар ҳисоб рақамларида ҳисобга олиб борилади.

Кредитни қайтариш муддатлари жадвал ҳолида тақдим этилиши мумкин, у кредитнинг пул оқимлари тушиши истиқболларига кўра бир неча босқичда қайтарилишини назарда тутади.

Қайтариш муддати етиб келганда ва қарз олувчида пул бўлмаганда кредит муддати ўтган ссудалар ҳисоб раками оркали ундирилади, унинг бўйича муддатли мажбуриятлар эса 2-картотекага жойлаштирилади ва қонун ҳужжатларида белгиланган навбатли тартибда тўланади. Бунда фоизлар кредит қарзидан олдин тўланади.

29. Қарз олувчиларга берилган кредитлар, кредит бериш муддатига кўра, тижорат банкининг тегишли баланс ҳисоб рақамларида Ўзбекистон Республикаси Марказий банка томонидан тасдиқланган Тижорат банклари ҳисоб ҳисоб рақамлари режасига мувофиқ ҳисобга олинади.

30. Тижорат банклари кредитдан фойдаланишнинг бутун муддати давомида доимий мониторинг олиб боради. Мониторинг қарз олувчининг буюртманомасини ва кредит шартномаси шартларини амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашишга йўналтирилиши керак.


31. Мониторинг жараёнида мижознинг хўжалик-молиявий фаолияти, унинг тузилган шартномаларга (буюртманомаларга) мувофиқ маҳсулот етказиб бериш мажбуриятларини бажариши, ишлаб чиқариш, ноишлаб чиқариш харажатлари ва йўқотишлар, муомала чиқишлари, фойда ҳажмлари, ўз айланма маблағлари мавжуд бўлиши динамикаси, товар-моддий бойликлар захиралари аҳволи, айланма маблағларнинг муомалада бўлиши таҳлил қилинади. Банк, қарз олувчининг кредит ишидаги кўрсаткичларни туркумлаган ҳолда, кредитга қодирлик бўйича доимий мониторингни амалга оширади.

Банкка берилган гаровнинг ҳолати, кредитдан кредит шартномасида қайд этилган шартларда самарали ва мақсадли фойдаланилиши жойида ўрганилади.

Банк қурилишни маблағ билан таъминлашга берилган кредитлар бўйича, мониторинг жараёнида кредитланган объектда кредит шартномасида қайд этилган муддат ва шартларда бажарилган ишлар ҳажмини назорат тартибида ўлчаб чиқади.


32. Берилган кредитлардан мақсадли фойдаланмаганлик аниқланган тақдирда банк кредитнинг белгиланган мақсадда фойдаланилмаган қисмини кредит шартномасида белгиланган тартибда Қарз олувчининг талаб қилиб олинадиган депозит ҳисоб рақамидан муддатидан олдин ундириш ҳуқуқига эгадир.


33. Қарз олувчи асосий қарзни ва унинг бўйича фоизларни кредит шартномасида қайд этилган муддатда тўланмаган тақдирда банк, судга мурожаат қилмасдан, ўз талабларини қўйилган мол-мулк ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 280-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ қондиришга ҳақлидир.


34. Таваккалчиликларнинг йўл қўйиладиган даражаларини аниқлаш, шунингдек кредитлар бўйича йўқотиш эҳтимоли учун захираларни шакллантириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланадиган талабларга мувофиқ амалга оширилади.

35. Жамғарма маблағлари ҳисобидан бериладиган кредитлар бўйича мумкин бўлган йўқотишларга заҳираларни шакллантириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан тасдиқланган Активлар сифатини таснифлаш, улар бўйича мумкин бўлган йўқотишларни қоплаш учун тижорат банклари томонидан яратиладиган заҳираларни шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибига мувофиқ амалга оширилади.


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 2000 й., N 5, 25-модда.