Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий хўжалик суди Пленумининг қарорлари / Кучини йўқотган ҳужжатлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 13.11.2015 й. 16/287-сон "Ишларнинг тааллуқлилиги билан боғлиқ процессуал қонун ҳужжатлари нормаларини судлар томонидан қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИ ВА ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ХЎЖАЛИК

СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

13.11.2015 й.

N 16/287



ИШЛАРНИНГ ТААЛЛУҚЛИЛИГИ

БИЛАН БОҒЛИҚ ПРОЦЕССУАЛ ҚОНУН

ҲУЖЖАТЛАРИ НОРМАЛАРИНИ СУДЛАР

ТОМОНИДАН ҚЎЛЛАШНИНГ АЙРИМ

МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасига мувофиқ, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган.

Ҳар қандай манфаатдор шахс бузилган ёки низолашаётган ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун қонунда белгиланган тартибда судга мурожаат қилишга ҳақли.

Ишлар тааллуқлилигига кўра, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексида (бундан буён матнда ФПК деб юритилади) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексида (бундан буён матнда ХПК деб юритилади) белгиланган нормалар асосида фуқаролик ишлари бўйича судлар ёки хўжалик судлари томонидан кўрилади.

2015 йил 20 августда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонуни асосида амалдаги қонунлар, ФПК ва ХПКга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганлиги, хусусан ХПК корпоратив низолар бўйича иш юритиш тўғрисида алоҳида 20-4-боб билан тўлдирилганлиги муносабати билан ишларнинг судга тааллуқлилиги борасида келиб чиқаётган масалалар юзасидан тушунтириш берилишини, мурожаатларнинг тўғри ҳал қилинишини, хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида, "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17 ва 47-моддаларига асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми


ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларнинг эътибори, жисмоний ва юридик шахсларнинг хусусий мулкини, тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан тақдим этган аризаларини (даъво аризаларини, шикоятларни) суд иш юритувига қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳамда ишни судда кўришга тайёрлашда ишларнинг тааллуқлилиги билан боғлиқ процессуал қонун талабларига қатъий риоя этишга қаратилсин.


2. Ариза, шикоят ва даъво аризаларини иш юритишга қабул қилиш пайтида ФПКнинг 31-моддаси, ХПКнинг 23-моддаси талабларига ҳамда мазкур Пленум қарори тушунтиришларига риоя этган ҳолда ишларнинг қайси судга тааллуқлилиги масаласини қонуний ва узил-кесил ҳал этиш лозимлиги судларга уқтирилсин.


3. Умумий юрисдикция судларида фуқаролик иши, ўзининг ҳуқуқи ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилишни сўраб мурожаат қилган шахснинг аризаси бўйича, прокурорнинг аризаси бўйича, агар давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва айрим фуқаролар қонунга мувофиқ бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат этишга ҳақли бўлсалар, уларнинг берган аризалари бўйича; хўжалик судларида хўжалик иши, манфаатдор шахсларнинг, прокурорнинг, қонун бўйича давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида хўжалик судига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган ҳолларда давлат органлари ва бошқа органларнинг аризалари бўйича қўзғатилади.


4. Тарафлардан ҳеч бўлмаганда биттаси фуқаро бўлган низоларга доир ишлар, қонунда бундай низоларни ҳал қилиш хўжалик суди ёки бошқа органларга топширилган ҳоллар бундан мустасно, ФПК 279-моддасида санаб ўтилган алоҳида тартибда кўриладиган ишлар, қонун билан судларнинг ваколатига берилган бошқа ишлар умумий юрисдикция судларига тааллуқли;

иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади), юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тарзда олган фуқаролар ўртасидаги (бундан буён матнда фуқаролар деб юритилади) фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга доир, иқтисодиёт соҳасида ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари вужудга келиши, ўзгариши ёки бекор бўлиши учун юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги, ташкилотлар ва фуқароларнинг банкротлиги тўғрисидаги, корпоратив низолар бўйича ишлар, бундан меҳнатга оид низолар мустасно, якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган фуқаролар иштирокидаги низоларга доир ишлар, агар тегишли талаблар уларнинг аввалги тадбиркорлик фаолиятидан келиб чиқса, хўжалик судлари судловига тааллуқли эканлигига судларнинг эътибори қаратилсин.

Ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари хўжалик судига, бошқалари эса умумий юрисдикция судларига тааллуқли бўлган бир неча талаб бирлаштирилган тақдирда, ҳамма талаблар умумий юрисдикция судлари томонидан;

корпоратив низолар бўйича ишлар, низо вужудга келган ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиси ташкилотлар ёки жисмоний шахслар бўлишидан қатъий назар, хўжалик судлари томонидан кўриб чиқилади.

Мерос мол-мулкни ёки эр-хотиннинг умумий мол-мулкни бўлиш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган низолар тарафи юридик ёки жисмоний шахс бўлишидан қатъий назар умумий юрисдикция судлари судловига тааллуқли.


5. ХПКнинг 155-19-моддасида кўрсатилган корпоратив низолар рўйхати тугал эмаслиги сабабли, қонун ҳужжатларида хўжалик судлари ваколатларига киритилган бошқа корпоратив низолар ҳам хўжалик судларига тааллуқли бўлади.


6. Ўзбекистон Республикаси "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонунининг 42-моддасида ва ХПК 155-13-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган фаолиятни тугатиш;

атроф табиий муҳитга зарарли таъсир кўрсатаётган объектлар фаолиятини тугатиш ва (ёки) қайта ихтисослаштириш, фаолиятни чеклаш, тўхтатиб туриш ва тақиқлаш, бундан фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиги учун бошқа ҳақиқий хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда фаолиятни ўн иш кунидан қўп бўлмаган муддатга чеклаш, тўхтатиб туриш ҳоллари мустасно;

банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно;

молиявий санкцияларни қўллаш, бундан солиқ ва йиғимларни тўлаш муддатини ўтказиб юборганлик учун пеня ҳисоблаб чиқариш, ташкилотнинг ёки фуқаронинг содир этилган ҳуқуқбузарликдаги айбига иқрор бўлганлиги ва молиявий санкция суммаларини ихтиёрий равишда тўлаганлиги ҳоллари мустасно;

тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари билан шуғулланиш учун берилган лицензияларнинг (рухсатномаларнинг) амал қилишини ўн иш кунидан кўп бўлган муддатга тўхтатиб туриш ёки уларнинг амал қилишини тугатиш ва лицензияларни (рухсатномаларни) бекор қилиш, бундан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан бериладиган лицензиялар (рухсатномалар) мустасно, ишлар ҳам хўжалик судларига тааллуқли.


7. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг, мансабдор шахсларнинг, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади. ФК 12-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳамда фуқаронинг ёки юридик шахснинг фуқаролик ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжати суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

ХПК 24-моддасининг 9-бандига мувофиқ давлат органлари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжатларини (бутунлай ёки қисман) ҳақиқий эмас деб топиш, мансабдор шахсларнинг шундай ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) қонунга хилоф деб топиш тўғрисидаги низолар хўжалик судларига, ФПКнинг 3-кичик бўлимига мувофиқ давлат органлари ва бошқа органлар, шунингдек мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан берилган шикоятларга доир ишлар, нотариуснинг, фуқаролик ҳолати актларини қайд қилиш органининг муайян ҳаракатларни бажаришни рад этганлиги ёки нотўғри бажарганлиги устидан берилган шикоятлар, шунингдек прокурорнинг ҳуқуқий ҳужжатни ғайриқонуний деб топиш ҳақидаги аризаси умумий юрисдикция судларига тааллуқлидир.

Шунга кўра давлат органлари ва бошқа органлар, шунингдек мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларини (қарорларини) бекор қилиш тўғрисидаги ариза (шикоят) судлар томонидан кўриб чиқилмайди, қонунда назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно ва бундай аризаларни ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига, ФПК 152-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан қабул қилиш рад этилади. Агар кўрсатилган ҳолатлар ариза (шикоят) иш юритишга қабул қилингандан кейин аниқланса, иш юритиш ХПК 86-моддасининг 1-бандига, ФПК 100-моддасининг 1-бандига асосан тугатилади.

Судларга тушунтирилсинки, фермер хўжалиги ташкил этиш учун фуқарога ер участкаси ажратиш ҳақидаги ҳамда фермер хўжалигига қўшимча ер участкаси ажратиш ҳақидаги ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ариза (аризалар) фермер хўжалиги томонидан берилган бўлса, у (улар) хўжалик судида, фуқаро томонидан берилган бўлса - умумий юрисдикция судида кўриб чиқилади.

8. Судларнинг эътибори, ҳакамлик судлари фуқаролик ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқувчи низоларни, шунингдек юридик шахслар, тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги хўжалик низоларини ҳал этишидан келиб чиқиб, ҳакамлик судлари ҳал қилув қарори билан боғлиқ ишларнинг тааллуқлилик масаласи ҳакамлик судида кўрилган низонинг тоифасига боғлиқ ҳал этилиши лозимлигига қаратилсин.


9. Меҳнат муносабатларига оид низолар умумий юрисдикция судларига тааллуқли.

Бунда, МКнинг 276-моддасига асосан айрим тоифадаги давлат хизматчиларининг меҳнат шартномасини бекор қилиш, бошқа ишга ўтказиш, асоссиз равишда бошқа ишга ўтказиш ёки меҳнатга оид муносабатларни бекор қилиш билан боғлиқ ҳолда етказилган зарарни ундириш ва интизомий жазо бериш масалаларига тааллуқли меҳнат низолари қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилишига эътибор қаратиш лозим.

Айрим тоифадаги давлат хизматчилари билан боғлиқ меҳнат низолари деганда, иш берувчи ва ходим ўртасидаги меҳнат муносабатлари махсус Низом ёхуд Қонун билан ўрнатилган алоҳида қоидалар билан белгиланган муносабатлар тушунилиши лозим (масалан, мудофаа вазирлиги, миллий хавфсизлик хизмати, ички ишлар вазирлиги, унинг таркибида бўлган жазони ижро этиш муассасалари, фавқулодда вазиятлар вазирлиги, божхона қўмитаси, прокуратура ва бошқа давлат муассасалари).

Ўзбекистон Республикаси "Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида"ги Қонунининг 1-моддасига асосан ҳар бир фуқаро давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари (қарорлари) билан ўз ҳуқуқлари ёки эркинликлари бузилган деб ҳисобласа, шикоят билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлигини инобатга олиб, айрим тоифадаги давлат хизматчиси билан меҳнат шартномаси тугатилганидан сўнг белгиланган тартибда юқори бўйсунув муассасаси мансабдор шахсининг мурожаатга нисбатан берган рад жавоби юзасидан манфаатдор шахснинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш тўғрисидаги шикоятлар ФПК 269-моддаси талаблари асосида умумий юрисдикция судлари томонидан кўрилади.


10. Ҳарбий қисмлар, қўшилмалар ва бирлашмалар, ҳарбий бошқарув органларининг қўмондонлигига нисбатан ҳарбий хизматчиларнинг даъволари бўйича фуқаролик ишларини ва ҳарбий бошқарув органлари ҳамда ҳарбий мансабдор шахсларнинг, ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузувчи хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан шикоятлар ҳарбий судларга тааллуқли эканлигига судларнинг эътибори қаратилсин.

Меҳнат муносабатлари тугаган ҳарбий хизматчилар ва мудофаа вазирлиги тизимидаги муассасалари ўртасидаги ишга тиклаш билан боғлиқ ва бошқа даъво тартибида кўриладиган низолар умумий юрисдикция судларига тааллуқли эканлиги судларга уқтирилсин.


11. Судларнинг эътибори ижро иш юритувига боғлиқ муносабатлардан келиб чиқадиган низоларнинг тааллуқлилиги масаласини ҳал этишда ижро ҳужжати қайси суд томонидан берилганлиги аниқланиши лозимлигига қаратилсин.

"Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 38-моддасига кўра хўжалик суди томонидан берилган ижро ҳужжати асосида қўзғатилган ижро иши юритишни тўхтатиб туриш ва тугатиш масаласи ишни кўрган хўжалик суди ёки суд ижрочиси турган жойдаги хўжалик суди томонидан амалга оширилади.

Ижро иши юритишни тўхтатиб туриш ва тугатиш масаласи қуйидаги ҳолларда ҳам хўжалик суди томонидан амалга оширилади:

ижро хатлари ижро этилганда, агар ундирувчи ва қарздор юридик шахс ёки юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар бўлса;

суд ижрочисининг ижро йиғимини ва ижро харажатларини ундириш тўғрисидаги қарорлари ижро этилганда, агар қарздор юридик шахс ёки юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган фуқаро бўлса.

Қонуннинг ушбу моддаси биринчи қисмида назарда тутилмаган ижро ҳужжатлари бўйича ижро иши юритишни тўхтатиб туриш ва тугатиш суд ижрочиси турган жойдаги умумий юрисдикция суди томонидан амалга оширилади.

Суд ижрочисининг хатти-ҳаракатлари устидан бериладиган шикоятларнинг судга тааллуқлилиги масаласи ҳам юқорида қайд этилган Қонун нормалари талаблари ҳамда ФПКнинг 31-моддаси ва ХПКнинг 23-моддаларига риоя этилган ҳолда ҳал этилади.

Агар, хўжалик суди ва умумий юрисдикция суди томонидан берилган ижро варақалар ягона ижро иши юритувига бирлаштирилган бўлса, суд ижрочисининг ушбу ижро варақаларининг ижроси билан боғлиқ хатти- ҳаракатлари устидан ижро жойидаги умумий юрисдикция судига шикоят қилиниши мумкин.


12. Ўзбекистон Республикаси Бош суд ижрочиси ва унинг ўринбосарлари, шунингдек суд ижрочилари томонидан Қонуннинг 83-1 ва 84-моддаларида назарда тутилган ваколатларини амалга ошириш жараёнида қабул қилган қарорлари ва хатти-ҳаракатлари устидан берилган ариза ва шикоятларни кўриб чиқишнинг судларга тааллуқлилиги масаласи судлар томонидан ушбу қарорнинг 7, 10-бандлари талабларидан келиб чиқиб ҳал этилиши лозим.


13. Суд раисларига, судга тааллуқлилик борасида йўл қуйилган ҳар қандай қонун бузилишига тегишли муносабат билдириб бориш орқали мурожаатларнинг тааллуқлилиги борасида процессуал қонунларни қўллаш бўйича ягона суд амалиётини шакллантириш лозимлиги уқтирилсин.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси

Ш. Газиев

Пленум котиби,

Олий суд судьяси

Д. Камилов

Ўзбекистон Республикаси

Олий хўжалик суди раиси

К. Камилов

Пленум котиби,

Олий хўжалик суди судьяси

К. Давлетова

        





































Время: 0.0169
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск