язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Банклар ва бошқа кредит ташкилотлари/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 19.02.2001 й. 82-сон "Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида молиявий секторни институционал ривожлантириш лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Республикаси банкларини хусусийлаштириш тадбирларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

19.02.2001 й.

N 82



ХАЛҚАРО ТИКЛАНИШ

ВА ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ ИШТИРОКИДА

МОЛИЯВИЙ СЕКТОРНИ ИНСТИТУЦИОНАЛ

РИВОЖЛАНТИРИШ ЛОЙИҲАСИ ДОИРАСИДА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БАНКЛАРИНИ

ХУСУСИЙЛАШТИРИШ   ТАДБИРЛАРИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Республика молия ва банк тизимини ислоҳ қилишни давом эттириш, тижорат банкларини хусусийлаштириш, рақобатни ривожлантириш ва банк секторига хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун қулай муҳит яратиш мақсадида, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг "Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида Молиявий секторни институционал ривожлантириш лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 1999 йил 19 июлдаги 348-сон қарорига қўшимча равишда Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси билан Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида имзоланган қарз битими (Молиявий секторни институционал ривожлантириш лойиҳаси) шартларига мувофиқ бир қанча тижорат банкларини хусусийлаштириш ва қайта таркибини ўзгартириш компонентини амалга ошириш назарда тутилганлиги;

банкларни хусусийлаштириш ва таркибини ўзгартириш компонентини амалга оширишда "Асака" банки, "Ўзсаноатқурилишбанк", "Пахта-банк" ва Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳамда ўз устав сармояларида давлат улуши бўлган бошқа тижорат банклари қатнашаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Марказий банкининг Молия вазирлиги ҳузурида юридик шахс ҳуқуқига эга бўлган Ўзбекистон Республикаси банкларини хусусийлаштириш бюросини (кейинчалик "Бюро" деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


3. Белгилансинки, Банкларни хусусийлаштириш бюроси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ҳисобот беради, унга жорий раҳбарлик қилиш Молия вазирлиги томонидан тайинланадиган директор томонидан амалга оширилади;

Бюронинг устав фонди 35 млн сўмни ташкил этади, у давлат бюджети маблағлари ҳисобига, шунингдек компьютер ва ташкилий техника сифатидаги мулкий улуш қўшиш йўли билан Молия вазирлиги томонидан шакллантирилади;

Бюро ходимларининг чекланган сони (ёрдамчи ва хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари) 6 нафарни ташкил этади ва у 1-иловага мувофиқ тузилмага эга бўлади;

Бюронинг жорий фаолиятини маблағ билан таъминлаш устав фонди ва қарз маблағлари ҳисобига амалга оширилади, ходимлар меҳнатига кўрсатиб ўтилган манбалардан миллий валютада ҳақ тўланади.


4. Қуйидагилар Бюронинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

иқтисодиётдаги таркибий ислоҳотлар устуворликларини ҳисобга олган ҳолда тижорат банкларини хусусийлаштириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

банкларни якка тартибда хусусийлаштириш тадбирларини ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишини назорат қилиш;

стратегик инвесторларни жалб қилган ҳолда банкларни хусусийлаштириш масалалари бўйича Ҳукумат қарорлари амалга оширилишини назорат қилиш ва унинг мониторингини олиб бориш;

лойиҳани амалга ошириш учун халқаро маслаҳатчиларни, хорижий ташкилотлар ва молиявий институтларни жалб этиш;

халқаро маслаҳатчилар, хорижий ташкилотлар ва молиявий институтлар, шунингдек қарз бериш шартларига мувофиқ хорижий инвесторлар жалб этилиши учун техник топшириқларни тайёрлаш ва тендерлар ташкил этиш;

хусусийлаштирилаётган банкларнинг молиявий аҳволи текширилишини ташкил этиш ва уни амалга ошириш;

йирик банкларнинг акцияларини кейинчалик чет элда жойлаштириш учун инвестиция эҳтиёжларини ўрганиб чиқиш ва хусусийлаштирилаётган банкларни янада ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш;

хусусийлаштирилаётган банклар самарали равишда тақдимотдан ўтказилишини ташкил этиш ва уни амалга ошириш;

молиявий секторни ислоҳ қилишга жалб этилган мамлакатимизнинг ва хорижий ташкилотлар ва молиявий институтлар ўртасида ишларни мувофиқлаштиришни ва ҳамкорликни таъминлаш.


5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Бюрони жойлаштириш учун жой ажратсин.


6. Банкларнинг давлатга тегишли акциялари пакетларини потенциал инвесторларга сотиш бўйича 2-иловага мувофиқ таркибда давлат тендер комиссияси тузилсин.

Белгилансинки, Давлат тендер комиссияси аъзолари бошқа ишга ўтганлари тақдирда уларнинг лавозимига янгидан тайинланган шахслар комиссия таркибига киритилади.


7. Қуйидагилар Давлат тендер комиссиясининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

давлатга тегишли акциялар пакетларини сотиш олдидан тайёрлаш ва уларни потенциал инвесторларга сотиш масалалари бўйича ваколатли давлат органлари ва хусусийлаштирилаётган банкларнинг, шунингдек, жалб қилинган эксперт компаниялар ҳамда воситачиларнинг биргаликдаги фаолиятини ташкил этиш;

давлатга тегишли акциялар пакетларини сотиш олдидан тайёрлаш ва уларни сотиш учун техник, молиявий ва бошқа маслаҳатчилар ва экспертларни жалб қилиш шартларини белгилаш;

давлатга тегишли акциялар пакетларини сотиб олиш учун даъвогарларнинг фойдалироқ таклифларини экспертиза қилиш ва танлаш;

баҳолашнинг ошкоралиги, ҳалоллиги ва талабларнинг ягоналиги асосида тендер қатнашчилари учун тенг рақобат шароитларини яратиш.


8. Комиссия Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат мулки қўмитаси ва Марказий банки билан биргаликда бир ой муддатда Банкларнинг давлатга тегишли акциялари пакетларини потенциал инвесторларга сотиш бўйича давлат тендер комисссияси тўғрисидаги Низомни Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Молия вазирлиги ва Бюронинг буюртманомаларига кўра лойиҳани амалга оширишда қатнашувчи хорижий маслаҳатчиларга, уларни давлат пошлиналари тўлашдан озод қилган ҳолда кўп марталик визаларни белгиланган тартибда бериш ва уларнинг муддатларини узайтиришни, шунингдек, вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш ва вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш муддатларини узайтиришни таъминласин.


10. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Молия вазирлиги ва Бюронинг буюртманомаларига кўра лойиҳани амалга оширишда иштирок этадиган хорижий мутахассисларга келиш визаларини белгиланган тартибда расмийлаштиришни таъминласин.


11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Р.С. Азимов ва Марказий банк раиси Ф.М. Муллажонов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                         И. Каримов






Вазирлар Маҳкамасининг

2001 йил 19 февралдаги

82-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси банкларини

хусусийлаштириш Бюросининг

штатдаги ходимлари сони*

Директор


-

1

Директор ўринбосари


-

1

Баҳолаш ва банкларни таҳлил қилиш бўйича эксперт


-

1

Хусусийлаштириш бўйича мутахассис


-

2

Юрист


-

1

Жами


-

6

*) Ёрдамчи ва хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари





Вазирлар Маҳкамасининг

2001 йил 19 февралдаги

82-сон қарорига

2-ИЛОВА



Банкларнинг давлатга тегишли акциялари

пакетларини потенциал инвесторларга сотиш

бўйича давлат тендер комиссияси

ТАРКИБИ

Асқаров М.А.

-

Давлат мулки қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, комиссия раиси


Гуськова Т.Н.

-

Молия вазирининг биринчи ўринбосари, комиссия раисининг ўринбосари


Рофиев Қ.Т.

-

Марказий банк раисининг ўринбосари, комиссия раисининг ўринбосари


комиссия аъзолари:


Ғуломов Р.А.

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг бош консультанти (келишув бўйича)


Мақсудов Ф.Н.

-

Вазирлар Маҳкамасининг Инвестиция дастурлари департаменти бошлиғининг ўринбосари


Хўжаев Б.Э.

-

Макроиқтисодиёт ва статистика вазирининг ўринбосари


Раҳимов Ғ.А.

-

Адлия вазирининг биринчи ўринбосари


Юнусматов М.С.

-

Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш марказининг бош директори


Жўраев О.Х.

-

Банкларни хусусийлаштириш лойиҳасининг мувофиқлаштирувчиси, комиссиянинг масъул котиби