язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Кредитлаш/ Микрокредитлаш. Фермер хўжаликлари ва кичик корхоналарга кредит бериш/ Мева-сабзавот ва чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича мини-технологиялар ва ихчам асбоб-ускуналар сотиб олиш учун фермер хўжаликларига ва кичик бизнеснинг бошқа субъектларига имтиёзли кредитлар бериш ва лизинг хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 20.08.2007 й. 178-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2007 йил 20 августдаги

178-сон қарорига

ИЛОВА



Мева-сабзавот ва чорвачилик маҳсулотларини

қайта ишлаш бўйича мини-технологиялар ва ихчам

асбоб-ускуналар сотиб олиш учун фермер хўжаликларига ва

кичик бизнеснинг бошқа субъектларига имтиёзли кредитлар

бериш ва лизинг хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом мева-сабзавот ва чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича мини-технологиялар ва ихчам асбоб-ускуналар сотиб олиш учун фермер хўжаликларига ва кичик бизнеснинг бошқа субъектлари-юридик шахсларга (кейинги ўринларда фермер хўжаликларига ва кичик бизнеснинг бошқа субъектларига деб аталади) тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар бериш ва лизинг хизматлари кўрсатиш тартибини белгилайди.

Мазкур Низомнинг амал қилиши (III бўлимдан ташқари) мева-сабзавот ва чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича мини-технологиялар ва ихчам асбоб-ускуналар сотиб олиш учун фермер хўжаликларига ва кичик бизнеснинг бошқа субъектларига микрокредит бериш ва микролизинг хизматлари кўрсатишга татбиқ этилмайди.


2. Мева-сабзавот ва чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича мини-технологиялар ва ихчам асбоб-ускуналар сотиб олиш учун фермер хўжаликларига ва кичик бизнеснинг бошқа субъектларига имтиёзли кредитлар ва лизинг хизматлари (кейинги ўринларда имтиёзли кредитлар ва лизинг хизматлари деб аталади) фермер хўжаликлари ва кичик бизнес бошқа субъектларининг талаб қилиб олинадиган асосий депозит ҳисоб рақамлари очилган тижорат банклари томонидан берилади ва кўрсатилади.


3. Имтиёзли кредитлар ва лизинг хизматлари қайтариш, пуллилик, таъминланганлик, мақсадли фойдаланиш ва муддатлилик шартларида берилади ва кўрсатилади, мазкур Низомнинг 17-бандида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


4. Мева-сабзавот ва чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича мини-технологиялар ва ихчам асбоб-ускуналар сотиб олиш учун фермер хўжаликларига ва кичик бизнеснинг бошқа субъектларига имтиёзли кредитлар (кейинги ўринларда имтиёзли кредитлар деб аталади) 5 йилдан кам бўлмаган муддатга берилади, камида 18 ойни ташкил этадиган имтиёзли давр ҳам шу жумлага киради.


5. Фермер хўжаликларига ва кичик бизнеснинг бошқа субъектларига мева-сабзавот ва чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича мини-технологиялар ва ихчам асбоб-ускуналар сотиб олиш учун лизинг хизматлари кўрсатиш муддати 7 йилдан иборат бўлади.


6. Имтиёзли кредитлар бўйича фоиз ставкалари қуйидаги миқдорларда белгиланади:

Вазирлар Маҳкамасининг "Тижорат банкларининг кичик тадбиркорликни ривожлантиришда қатнашишини рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2000 йил 19 майдаги 195-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган банкларнинг имтиёзли кредит бериш махсус жамғармалари маблағлари ҳисобига бериладиган имтиёзли кредитлар бўйича - Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг кредит бериш кунидаги қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда;

банкнинг бошқа ўз маблағлари ва жалб этилган маблағлари ҳисобига бериладиган имтиёзли кредитлар бўйича - банк билан фермер хўжалиги ёки кичик бизнеснинг бошқа субъекти ўртасидаги ўзаро келишувга кўра, бироқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг амалдаги қайта молиялаштириш ставкасидан ортиқ бўлмаган миқдорда.


7. Лизинг бўйича фоиз ставкаси банк билан фермер хўжалиги ёки кичик бизнеснинг бошқа субъекти ўртасидаги ўзаро келишувга кўра, бироқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг амалдаги қайта молиялаштириш ставкасидан ортиқ бўлмаган миқдорда белгиланади.


8. Имтиёзли кредитлар бўйича асосий қарзни қайтариш имтиёзли давр тамом бўлгандан кейинги ойдан бошланади.


9. Зарар кўриб ишлаётган ва ноликвид балансга эга бўлган фермер хўжаликларига ёки кичик бизнеснинг бошқа субъектларига имтиёзли кредитлар берилмайди ва лизинг хизматлари кўрсатилмайди, илгари берилган имтиёзли кредитлар ва кўрсатилган лизинг хизматлари эса шартномада белгиланган тартибда муддатидан олдин ундириб олиниши керак. Ушбу шарт кредит шартномасида мажбурий тартибда қайд этилиши зарур.


10. Халқаро молия институтлари кредит линиялари ҳисобига имтиёзли кредитлар бериш Ўзбекистон Республикаси тижорат банклари билан халқаро молия институтлари ўртасида тузилган кредит битимлари шартларига мувофиқ амалга оширилади.



II. ИМТИЁЗЛИ КРЕДИТЛАР БЕРИШ

ВА ЛИЗИНГ ХИЗМАТЛАРИ КЎРСАТИШ


11. Фермер хўжалиги ёки кичик бизнеснинг бошқа субъекти имтиёзли кредитлар олиш учун кредит буюртманомаси билан биргаликда тижорат банкига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

имтиёзли кредитнинг бутун муддати учун пул оқимлари прогнози мажбурий тартибда кўрсатилган бизнес-режа;

потенциал қарз олувчи рўйхатга олинган жойдаги давлат солиқ инспекциясининг баланс қабул қилинганлиги тўғрисидаги ёзув мавжуд бўлган охирги ҳисобот даври учун бухгалтерия баланси, дебиторлик ва кредиторлик қарзлар тўғрисидаги маълумотнома, шунингдек 90 кундан ортиқ муддатдаги қарздорлик бўйича таққослаш далолатномалари;

кредит қайтарилишининг бир ёки бир неча турдаги таъминланишини тақдим этиш тўғрисидаги ҳужжат.


12. Фермер хўжалиги ёки кичик бизнеснинг бошқа субъекти мева-сабзавот ва чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш учун имтиёзли асосда лизингга мини-технологиялар ҳамда ихчам асбоб-ускуналар олиш учун тижорат банкига буюртманома билан бирга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

лизинг объектининг техник-иқтисодий кўрсаткичлари ва унинг сотувчиси тўғрисидаги маълумотлар;

имтиёзли лизингнинг бутун муддати учун пул оқими прогнози кўрсатилган ҳолдаги бизнес-режа;

потенциал қарз олувчи рўйхатдан ўтказилган жойдаги давлат солиқ инспекциясининг баланс қабул қилинганлиги тўғрисидаги ёзув мавжуд бўлган охирги ҳисобот даври учун бухгалтерия баланси, дебиторлик ва кредиторлик қарзлар тўғрисидаги маълумотнома, шунингдек 90 кундан ортиқ муддатдаги қарздорлик бўйича таққослаш далолатномалари.


13. Тижорат банкларининг имтиёзли кредит бериш махсус жамғармалари маблағлари ҳисобидан бериладиган имтиёзли кредитлар бўйича уларни олиш учун буюртманомаларни кўриб чиқиш, расмийлаштириш, ҳисобга олиш, уларни қайтариш ва улардан мақсадли фойдаланиш мониторингини олиб бориш, тўлаш Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 19 майдаги 195-сон қарори билан тасдиқланган Тижорат банклари томонидан кичик тадбиркорлик субъектларига, деҳқон ва фермер хўжаликларига Имтиёзли кредит бериш махсус жамғармаси ҳисобидан кредит бериш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, ушбу Низом нормаларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.

Банкнинг бошқа ўз маблағлари ва жалб этилган маблағлари ҳисобидан бериладиган имтиёзли кредитлар бўйича уларни олиш учун буюртманомаларни кўриб чиқиш, расмийлаштириш, ҳисобга олиш, уларни қайтариш ва улардан мақсадли фойдаланиш мониторингини олиб бориш, тўлаш Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг норматив ҳужжатларига мувофиқ, ушбу Низом нормаларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.


14. Кредит буюртманомасини кўриб чиқиш ва банк хулосасини бериш муддати ҳужжатлар банкка тушган кундан бошлаб уч иш кунидан ошиши мумкин эмас.


III. ИМТИЁЗЛИ КРЕДИТЛАР

ҚАЙТАРИЛИШИНИ ТАЪМИНЛАШ ВА

ЛИЗИНГ ХИЗМАТЛАРИ ХУСУСИЯТЛАРИ


15. Тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар қайтарилишини таъминлаш сифатида кредит шартномаси бўйича сотиб олинадиган мини-технологиялар ва ихчам асбоб-ускуналар улар қийматининг 80 фоизи миқдорида гаров учун қабул қилинади. Имтиёзли кредитнинг мини-технологиялар ва ихчам асбоб-ускуналар гарови билан қопланмаган қисми учун қарз олувчи таъминлашнинг қуйидаги турларидан бир ёки бир нечтасини тақдим этади:

бошқа мол-мулкни ва мулкий ҳуқуқларни, шу жумладан ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини гаровга қўйиш;

банк кафолатномаси;

учинчи шахсларнинг кафиллиги;

тадбиркорлик таваккалчиликларининг суғурта полиси.


16. Лизинг объекти лизинг олувчи томонидан лизинг берувчи банк фойдасига йўқолиш ва яроқсизланиш ҳолатларидан суғурта қилиниши керак. Суғурта полиси банкка лизинг шартномасида белгиланган муддатда тақдим этилади.

Лизинг фоизларини тўлаш ва лизинг операцияларини ўтказиш натижасида сарфланган маблағларни қайтариш кафолати сифатида лизинг берувчи банк лизинг олувчидан ушбу Низомнинг 15-бандида назарда тутилган бошқа таъминлаш турларини талаб қилиши мумкин.


17. Тижорат банклари ўзлари билан доимий алоқада бўлган, банк ҳисоб рақамида мунтазам пул оқимига, ижобий нуфузга ва яхши кредит тарихига эга бўлган фермер хўжаликларига ва бошқа кичик бизнес субъектларига, ушбу Низомнинг 15-бандида кўрсатилган қайтариш таъминловисиз, ишончга асосланган кредитлар беришга ҳақлидир.


18. Ҳар қандай мол-мулк, шу жумладан "Гаров тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ гаров предмети бўлиши мумкин бўлган буюмлар ва мулкий ҳуқуқлар (талаблар) гаров предмети бўлиши мумкин (муомаладан чиқарилган буюмлардан ташқари).

Қарз олувчи ўз ҳисобига гаров предметининг йўқолиши ва яроқсизланиши ҳолатлари юзасидан суғурта шартномаси тузади. Суғурта полиси банкка кредит шартномасида белгиланган муддатда тақдим этилади.


19. Кафолатнома қонун ҳужжатларига мувофиқ гарантнинг ёзма мажбурияти шаклида расмийлаштирилади.


20. Кафиллик кафил бўлувчи билан қарз олувчи ўртасида ёзма шаклда уч нусхада банк фойдасига тузиладиган кафиллик шартномаси билан расмийлаштирилади. Ушбу шартноманинг охирги бетида, кафил бўлувчи ва қарз олувчи имзоларидан кейин мазкур кафилликнинг банк томонидан қабул қилингани қайд этилади, у банк филиали бошқарувчисининг имзоси ва банк филиалининг думалоқ муҳри билан тасдиқланади.


21. Суғурта компаниялари фермер хўжаликлари ва бошқа суғурта бозори қатнашчилари мурожаатларига кўра уларнинг тадбиркорлик таваккалчиликларини, шунингдек лизинг объекти йўқолиши ва яроқсизланишидан суғурталашни белгиланган тартибда амалга оширади. Бунда кўрсатиб ўтилган суғурта шартномалари бўйича ҳар йилги суғурта мукофоти суммаси, белгиланган суғурта тарифлари миқдорларидан қатъи назар, суғурта тўлови суммасининг бир фоизидан ошиши мумкин эмас.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 33-34-сон, 346-модда.