ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш / Банклар ва бошқа кредит ташкилотлари / Банкларнинг иқтисодий меъёрлари, жамғармалари ва захиралари /

Тижорат банкларида активлар сифатини таснифлаш ва активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун захиралар шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 14.07.2015 й. 2696-сон билан рўйхатга олинган Марказий банк Бошқарувининг 13.06.2015 й. 14/5-сон қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2015 йил 14 июлда 2696-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки Бошқарувининг

2015 йил 13 июндаги

14/5-сон қарорига

ИЛОВА



Тижорат банкларида активлар сифатини таснифлаш

ва активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларни

қоплаш учун захиралар шакллантириш ҳамда

улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги, "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги ва "Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ тижорат банкларида активлар сифатини таснифлаш ва активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплаш учун захиралар (бундан буён матнда захиралар деб юритилади) шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


активлар - кредит, микроқарз, овердрафт, лизинг, факторинг, қимматли қоғозлар, инвестициялар, бошқа банклардаги маблағлар, олиниши лозим бўлган ҳисобланган ва (ёки) ундирилмаган фоизли ва фоизсиз даромадлар, банкнинг бошқа хусусий мулклари, бўлиб-бўлиб тўлаш шаклида сотилган мулклар, балансдан ташқари моддалар (чақириб олинмайдиган кредит мажбуриятлари, фойдаланилмаган кредит линиялари, аккредитивлар, кафолатлар) ҳамда кредит таваккалчилиги мавжуд бўлган бошқа активлар ва балансдан ташқари моддалар;

муаммоли активлар - сифати "қониқарсиз", "шубҳали" ва "умидсиз" деб таснифланган активлар;


махсус захиралар - сифати "субстандарт", "қониқарсиз", "шубҳали" ва "умидсиз" деб таснифланган активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплашга мўлжалланган мажбурий захиралар;


стандарт активларга яратиладиган захиралар - тижорат банки фаолияти давомида умуман ёки бирор-бир фаолият тури натижасида эҳтимолий йўқотишларни қоплаш мақсадида ташкил қилинадиган захиралар;


шартлари қайта кўриб чиқилган активлар - шартнома ва (ёки) унга қўшимча келишувга мувофиқ асосий шартлари ўзгартирилган активлар;

таъминланмаган активлар - таъминоти белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган активлар;

ишончли (эътимодли) активлар - банк ҳисобварағида мунтазам пул оқими мавжуд бўлган, яхши обрў ва кредит тарихига эга қарз олувчиларга таъминотсиз ажратилган активлар;

кредит таваккалчилиги - қарздор томонидан банк олдидаги мажбуриятларини шартнома ёки қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган муддат ва шартларда бажарилмаслиги (лозим даражада бажарилмаслиги) оқибатида юзага келиши мумкин бўлган йўқотиш (зарар) ва/ёки режалаштирилган даромадни олмаслик таваккалчилиги;

муддати ўтган қарздорлик - қарздор томонидан шартнома ёки қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган муддат ва шартларда бажарилмаган (лозим даражада бажарилмаган) банк олдидаги мажбуриятлар;

активнинг жами қиймати - активнинг банк балансида ва балансдан ташқари моддаларда акс эттирилган асосий қарзи ва унга ҳисобланган фоизлари, пеня, комиссион ва бошқа фоизсиз тўловлари қолдиғининг улар бўйича яратилган захира айрилмаган миқдори.

1-1. Активлар сифатини таснифлаш ва уларни банк балансида акс эттириш банк ва қарздор ўртасида тузилган шартнома шартларини ўзгартирмайди, шу жумладан шартнома шартларига мувофиқ банк томонидан асосий қарз ва унга ҳисобланган фоизларни, шунингдек шартнома шартларини бажармаганлиги учун жарима ва пеняларни тўлиқ миқдорда қарздордан ундириш ҳуқуқини бекор қилмайди.

1-2. Мазкур Низом талабларига мувофиқ қуйидаги активлар сифати бўйича таснифланади:

банклараро депозитлар ва кредитлар, вакиллик ҳисобварақларидаги пул маблағлари;

банклараро ҳисоб-китобларда фойдаланиладиган маблағлар ва банкларга жойлаштирилган бошқа маблағлар;

банкнинг кредит бўйича талаблари, шу жумладан қарз, кредит, микроқарз, овердрафт (мижозларнинг депозит ҳисобварақларидаги дебет қолдиғи), лизинг, факторинг;

юридик шахснинг устав фондига (устав капиталига) ва қимматли қоғозларига қилинган инвестициялар, шунингдек репо келишувлари доирасида сотилган қимматли қоғозлар;

олиниши лозим бўлган ҳисобланган ва (ёки) ундирилмаган фоизли ва фоизсиз даромадлар, жарима ва пенялар;

бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилган активлар бўйича талаблар;

активлар бўйича гаров ҳисобидан ундирилган мол-мулклар;

тўлаб берилган бўнаклар ва дебиторлик қарздорликлари;

балансдан ташқари моддалардаги мажбуриятларнинг, шу жумладан банк кафолати ва аккредитивнинг банк томонидан бажарилиши натижасида вужудга келган активлар;

кредит таваккалчилиги мавжуд бўлган балансдан ташқари моддалар, шу жумладан фойдаланилмаган кредит линиялари, кафолатлар, чақириб олинмайдиган мажбуриятлар, савдога оид молиялаштиришлар (аккредитив ва бошқалар);

кредит таваккалчилиги мавжуд бўлган бошқа активлар ва балансдан ташқари моддалар.

Балансдан ташқари моддаларнинг қийматини ҳисоблашда капитал монандлиги ҳисоб-китобларидаги кредитнинг қайта ҳисоблаш омили қўлланилгандан сўнг чиққан натижалар олинади.

1-3. Мазкур Низом талаблари банкларнинг Ўзбекистон Республикасининг Марказий банкига (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига нисбатан тўғридан-тўғри талабларига, шу жумладан сотиб олинган давлат қимматли қоғозларига нисбатан қўлланилмайди.

1-4. Активлар бўйича қарздорнинг муддати ўтган қарздорликлари ёки 2-сон картотекасидаги тўлов ҳужжатлари миқдори кичик миқдорга тенг ёки ундан кам бўлганда, ушбу актив сифатининг таснифи пасайтирилиши талаб этилмайди.

Кичик миқдор деганда жисмоний шахсга ажратилган актив бўйича 100 000 сўмдан, юридик шахс ва якка тартибдаги тадбиркорга ажратилган актив бўйича 1 000 000 сўмдан кўп бўлмаган ҳамда активнинг жами қийматининг бир фоизидан ошмаган миқдор тушунилади.

2. Тижорат банкларининг ҳисоботлари уларнинг активлари сифатининг ҳақиқий ҳолатини акс эттириши лозим.


3. Ҳисоботларнинг ҳаққоний бўлмаслиги тижорат банки омонатчилари, кредиторлари ва акциядорлари, шунингдек Марказий банк ва бошқа манфаатдор томонларни чалғитишга ва янглиштиришга уриниш деб баҳоланади ҳамда хавфсиз бўлмаган, носоғлом банк амалиёти деб ҳисобланади.


4. Тижорат банки балансида ва балансдан ташқари моддаларда юритилаётган муаммоли активларнинг улуши жами активларнинг ўн фоизидан ортиқ бўлса, Марказий банк томонидан тижорат банки ижро раҳбариятининг малакаси Марказий банк талабларига мувофиқ эмас деб топилишига ҳамда тижорат банки Кенгаши томонидан банк фаолияти устидан ўрнатилган назорат етарли эмас деб ҳисобланишига асос бўлади.


5. Даромад келтирмайдиган активларнинг улуши жами активларнинг етмиш фоизидан ортиқ бўлиши банк кредит сиёсати, кредитлар ажратиш ва уларни бошқариш жараёнининг бўшлигини билдирувчи кўрсаткич ҳисобланади.



2-БОБ. АКТИВЛАР СИФАТИНИ ТАСНИФЛАШ ТИЗИМИ


6. Қарздорлар қуйидаги асосий мезонлар бўйича баҳоланади:

тармоққтисодиёт сектори) тенденцияси ва истиқболи;

муайян лойиҳанинг техник амалга оширилуви ва иқтисодий рақобатбардошлиги;

молиявий ҳолати ва кредит олишга қодирлиги;

кредит тарихи, кредит таъминотининг ёмонлашуви ёки ликвидлилигининг пасайиши;

муайян лойиҳанинг иқтисодий жиҳатдан асосланиши;

раҳбарининг бошқариш қобилияти (агар қарздор юридик шахс бўлса).


7. Активлар сифатининг таҳлили ва таснифи натижалари мазкур Низомнинг 6-бандида келтирилган мезонларга асосланади ва ушбу мезонлар тижорат банкларининг кредит портфели ва бошқа активларидаги таваккалчиликни аниқлаш ва баҳолашда қўлланилади.


8. Тижорат банкларининг активлари сифатига кўра "стандарт", "субстандарт", "қониқарсиз", "шубҳали" ва "умидсиз" тоифаларга таснифланади.


9. Қарзларнинг ўз муддатида тўланишига шубҳа туғдирмайдиган активлар сифати "стандарт" деб таснифланади. Бунда:

қарз олувчи юридик ёки тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахс молиявий жиҳатдан барқарор ҳисобланган, етарли миқдорда капиталга, юқори даромадлилик даражасига ҳамда барча мавжуд мажбуриятларни, жумладан мазкур қарзни қондириш учун етарли пул маблағлари оқимига, шунингдек амалга оширилиши мумкин бўлган стратегик режага, бозорда рақобатдошлик қобилиятига, яхши маҳсулотни ишлаб чиқаришга ва ўз маҳсулоти бўйича маркетинг режасига эга бўлиши;

қарз олувчи (биргаликда қарз олувчи) жисмоний шахс барқарор даромад манбаига эга ҳамда даромадлари банкдан олинган кредит ва фоизларни тўлашга етарли, яхши кредит тарихига эга, яъни олдин олган барча кредитлари бўйича тўловларни ва бошқа мажбуриятларни ўз вақтида бажарган бўлиши керак.

Таъминот "яхши таъминланган" кредит мезонларига мос келиши лозим. Жумладан, таъминот турлари нотариал жиҳатдан тасдиқланган бўлиши (агар қонун ҳужжатларида нотариал тасдиқланиши назарда тутилган бўлса), зарур ҳолларда, тегишли мулк битимини рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган тартибда рўйхатга олиниши, шу жумладан тижорат банкининг гаров мол-мулкига доир ҳуқуқлари тўғрисидаги ёзув гаров реестрида акс эттирилиши зарур.

Тижорат банки кредит қайтарилмаган ҳолда чекловларсиз ва эркин равишда уни таъминот ҳисобидан ундириб олишга ҳақли. Таъминотга доир тақдим этилаётган барча ҳужжатлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилиши лозим. Бундан ишончли (эътимодли) активлар мустасно бўлиб, уларнинг асосий қарзи ва (ёки) фоизлари бўйича муддати ўтган қарздорликлари мавжуд бўлмаса, бундай активлар сифати "стандарт" деб таснифланади.

10. Сифати "стандарт" деб таснифланган активлар қайтарилишида муаммолар кузатилмайди.

Қарздор томонидан охирги 180 кунда активларнинг асосий қарзи ва (ёки) фоизлари бўйича муддати 30 кунгача кечиктирилган ягона ҳолат мавжуд бўлса, ушбу активлар сифати "стандарт" деб таснифланади, ишончли (эътимодли) активлар бундан мустасно.

Бунда шартлари қайта кўрилган активлар сифати "стандарт" деб таснифланиши мумкин эмас.

12. Қарздорнинг молиявий ҳолати барқарор ҳисобланган, лекин айрим салбий ҳолатлар ёки тенденциялар мавжуд бўлиб, агар улар бартараф этилмаса, молиялаштирилган лойиҳанинг амалга ошишига ёки қарздорнинг активни ўз вақтида тўлаш қобилиятига нисбатан шубҳа пайдо бўлиши мумкин бўлган активлар сифати "субстандарт" деб таснифланади.

Қуйида келтирилган омиллардан ҳеч бўлмаганда биттаси мавжуд бўлса, активларнинг сифати "субстандарт" деб таснифланади:

молиявий ҳолати ёки таъминотни назорат қилиш борасида шубҳалар бўлса;

кредит ҳужжатларида етарлича ахборот ёки таъминот бўйича ҳужжатлари бўлмаса;

қарздорнинг 2-сон картотекаси мавжуд бўлиб, ундаги тўлов ҳужжатларининг муддати 90 кундан ошмаган бўлса (2-сон картотекасида ушбу активни сўндириш бўйича тўлов талабномаси мавжуд бўлган ёки фаолияти мавсумий хусусиятга эга қарздорлар бундан мустасно);

охирги 180 кун ичида активларнинг асосий қарзи ва (ёки) фоизлари бўйича муддати 30 кунгача кечиктирилган бир нечта ҳолатлар мавжуд бўлса;

ишончли (эътимодли) активларнинг асосий қарзи ва (ёки) фоизлари бўйича 90 кундан ошмаган муддати ўтган қарздорлик мавжуд бўлса;

таъминланган активлар бўйича асосий қарз ва (ёки) фоизлар бўйича 31 кун ва ундан ортиқ, лекин 90 кундан ошмаган муддати ўтган қарздорлик мавжуд бўлса.

14. Қуйида келтирилган омиллардан ҳеч бўлмаганда биттаси мавжуд бўлса, активларнинг сифати "қониқарсиз" деб таснифланади:

асосий тўлов манбалари қарз тўлаш учун етарли бўлмаса, таъминотга қўйилган мулкни ва қарз олувчининг бошқа асосий воситаларини сотиш, тўланиши лозим бўлган қарзларни узайтиришларни ҳисобга олган ҳолда қўшимча тўлов манбаларини топиш талаб этиладиган бўлса;

қарз олувчининг жорий молиявий ҳолати ёки унинг пул маблағларининг мўлжалланаётган оқими мажбуриятларни қоплаш учун етарли бўлмаса;

қарз олувчининг капитали етарли даражада бўлмаса;

қарздорнинг 2-сон картотекасида 91 кун ва ундан ортиқ, лекин 180 кундан ошмаган муддатга кечиктирилган тўлов ҳужжатлари мавжуд бўлса (2-сон картотекасида ушбу активни сўндириш бўйича тўлов талабномаси мавжуд бўлган ёки фаолияти мавсумий хусусиятга эга қарздорлар бундан мустасно);

ушбу соҳага нисбатан тенденция ва истиқболлар барқарор бўлмаса;

банк активининг таъминот қийматига нисбати банкнинг ички ҳужжатларида кўрсатилган чегарадан кўп бўлса (ишончли (эътимодли) активлар бундан мустасно);

асосий қарз ва (ёки) фоизлар бўйича 91 кун ва ундан ортиқ, лекин 180 кундан ошмаган муддати ўтган қарздорлик мавжуд бўлса.

16. Сифати "қониқарсиз" деб таснифланган активларга хос барча хусусиятларга эга бўлиб, мавжуд шароитда активларнинг тўлиқ қайтарилишини шубҳа остига ва кам ишончли қилиб қўядиган активлар сифати "шубҳали" деб таснифланади. Бунда йўқотишлар кўриш эҳтимоли юқори бўлган, лекин айрим ижобий омиллари мавжуд бўлган активлар сифати шароит ойдинлашгунча "умидсиз" деб таснифланмайди.


17. Қуйида келтирилган омиллардан ҳеч бўлмаганда биттаси мавжуд бўлса, активларнинг сифати "шубҳали" деб таснифланади:

"қониқарсиз" активларнинг ҳеч бўлмаганда бирорта кўрсаткичи, шунингдек айрим бошқа салбий тавсифлари мавжуд бўлса (бозорда осон сотиладиган таъминотнинг мавжуд эмаслиги ёки таъминланмаган активларнинг мавжудлиги ёхуд қарз олувчининг банкрот деб эълон қилиниши);

яқин келажакда активнинг қисман тўланиш эҳтимоли мавжуд бўлса;

қарздорнинг 2-сон картотекасида 181 кун ва ундан ортиқ, лекин 365 кундан ошмаган муддатга кечиктирилган тўлов ҳужжатлари мавжуд бўлса (2-сон картотекасида ушбу активни сўндириш бўйича тўлов талабномаси мавжуд бўлган ёки фаолияти мавсумий хусусиятга эга қарздорлар бундан мустасно);

асосий қарз ва (ёки) фоизлар бўйича 181 кун ва ундан ортиқ, лекин 365 кундан ошмаган муддати ўтган қарздорлик мавжуд бўлса.

19. Шартномада белгиланган муддатда қайтарилмаган ёки қайтмаслигидан далолат берувчи омиллар ёки аломатлар мавжуд бўлган ҳамда қайтмайдиган ёки қиймати жуда пастлиги туфайли ҳисоби балансда актив сифатида юритилиши мақсадга мувофиқ эмас деб баҳоланадиган активлар сифати "умидсиз" деб таснифланади. Бундай таснифлаш активларда умуман ҳеч қандай тугатиладиган қиймат мавжуд эмаслигини билдирмайди. Бироқ, тижорат банклари ўз балансларида бундай активларнинг ҳисобини юритишни давом эттиришлари мақсадга мувофиқ эмас. Тижорат банки томонидан таъминотга олинган мулкни сотиш орқали бундай қарздорликни бартараф этиш ёки уни қайтариш чоралари қўлланиши лозим.


20. Қуйида келтирилган омиллардан ҳеч бўлмаганда биттаси мавжуд бўлса, активларнинг сифати "умидсиз" деб таснифланади:

қарздор ва лизинг олувчидан ундирилган, гаровга қўйилган мол-мулкка бўлган ҳуқуқлардан фойдаланиш йўли билан тижорат банки томонидан балансга қабул қилинган кундан бошлаб уч ой муддатда сотилмаган ва банк фаолиятини кенгайтириш учун сотиб олинган бинодан икки йил мобайнида фойдаланилмаган ҳамда банк фаолияти учун ортиқ фойдаланилмай қўйилган пайтдан бошлаб бир йил мобайнида сотилмаган бўлса;

қарздорнинг 2-сон картотекасида муддати 366 кун ва ундан ортиқ кунга кечиктирилган тўлов ҳужжатлари мавжуд бўлса;

асосий қарз ва (ёки) фоизлар бўйича 366 кун ва ундан ортиқ кунга муддати ўтган қарздорлик мавжуд бўлса.

21-1. Агар икки йилдан ортиқ муддатга ажратилган активлар бўйича асосий қарз ва унга ҳисобланган фоизларни қайтариш графикка асосан охирги олти ойга белгиланган бўлса ёки шартномада активларни қайтариш графиги бўлмаса, бундай активлар сифатининг таснифи бир тоифага пасайтирилиши лозим.

21-2. Республика ҳудудидаги банкларга жойлаштирилган активлар (вакиллик ҳисобварақлари, банклараро депозитлар ва кредитлар) сифати қуйидагича таснифланади:

асосий қарз ва (ёки) фоизларни қайтариш муддати 10 кунгача кечиктирилганда - "қониқарсиз";

асосий қарз ва (ёки) фоизларни қайтариш муддати 11 кундан 30 кунгача кечиктирилганда - "шубҳали";

асосий қарз ва (ёки) фоизларни қайтариш муддати 31 кундан кечиктирилганда, шунингдек актив жойлаштирилган банкнинг лицензияси чақириб олинган ёки бошқа тартибда уни тугатиш ишлари бошланганда - "умидсиз".

Бунда актив жойлаштирилган банкларнинг молиявий кўрсаткичлари ҳамда Марказий банк томонидан ўрнатилган нормативларнинг бажарилиши мунтазам ўрганиб борилади.

21-3. Республика ҳудудидан ташқаридаги банкларга жойлаштирилган активлар (вакиллик ҳисобварақлари, банклараро депозитлар ва кредитлар) сифати қуйидагича таснифланади:

активлар жойлаштирилган банк "Standard & Poor`s", "Fitch Ratings" ва "Moody`s Investors Service" рейтинг компанияларининг инвестицион рейтинг баҳоларига ёки Марказий банк томонидан тан олинадиган бошқа рейтинг компанияларининг ушбу баҳоларга тенг бўлган рейтинг баҳоларига эга бўлганда - "стандарт";

активлар жойлаштирилган банк "Standard & Poor`s", "Fitch Ratings" ва "Moody`s Investors Service" рейтинг компанияларининг инвестицион рейтинг баҳоларидан ёки Марказий банк томонидан тан олинадиган бошқа рейтинг компанияларининг ушбу баҳолардан паст рейтинг баҳосига эга бўлганда, шунингдек ушбу банкларнинг рейтинг баҳолари инвестицион рейтинг баҳоларидан пасайтирилганда - "субстандарт";

активларнинг асосий қарз ва (ёки) фоизлари бўйича муддати ўтган қарздорликлар мавжуд бўлганда - "умидсиз".

Бунда актив жойлаштирилган банкларнинг молиявий кўрсаткичлари ҳамда рейтинг баҳолари мунтазам ўрганиб борилади.

Активлар жойлаштирилган банк икки ёки ундан кўп рейтинг компанияларининг баҳоларига эга бўлганда, ҳисоб-китобларда энг паст рейтинг баҳоси ҳисобга олинади.

22. Битта қарздорга берилган бир нечта активлар мавжуд бўлса, банк ўзи тақдим этган активни қарздорга берилган барча активлар ичида энг паст тоифада таснифланган актив сифатидек таснифлаши лозим.


3-БОБ. ТАЪМИНОТГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


24. Таъминот кредит тўлашнинг иккиламчи манбаи ҳисобланади. Тижорат банклари томонидан таъминотга кредитни қоплашнинг асосий манбаи сифатида қаралмаслиги лозим.


25. Таъминотни таҳлил қилишда тижорат банклари томонидан унинг ликвидлилиги эътиборга олиниши лозим. Бунда тижорат банки таъминотни сотишдан асосий қарз ва фоиз суммаларининг қайтарилишини баҳолаши шарт.


26. Активларнинг юқори ликвидли таъминотига:

давлат қимматли қоғозлари гарови;

банк капитали монандлиги ҳисоб-китобларида таваккалчилик даражаси 0 фоиз бўлган хорижий давлатларнинг ҳукуматлари ва Марказий банкларининг кафолати ёки улар томонидан эмиссия қилинган қимматли қоғозлар гарови;

Жаҳон банки гуруҳи (Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси, Халқаро инвестицияларни кафолатлаш агентлиги, Халқаро тараққиёт ассоциацияси) ҳамда Осиё тараққиёт банки, Осиё инфраструктура инвестиция банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Европа инвестиция банки, Европа инвестиция жамғармаси, Ислом тараққиёт банки ва Европа Кенгашининг тараққиёт банклари кафолати;

кредитор банкдаги депозитлар ёки депозит сертификатлари гарови киради.

26-1. Активлар юқори ликвидли таъминот билан таъминланганда улар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплашга мўлжалланган захира миқдори қуйидаги формулага мувофиқ аниқланади:


Z = (AJM - TQ * (1-Ch)) * m


бунда:

Z - шакллантирилиши лозим бўлган захира миқдори;

AJM - активнинг жами қиймати суммаси;

TQ - юқори ликвидли таъминот қиймати;

Ch - валютадаги тафовутни ҳисобга олиш омили. Мазкур омил актив ифодаланган валюта у бўйича қабул қилинган таъминот валютасидан фарқ қилмаса 0 га, фарқ қилса 0,1 га тенг бўлади;

m - актив таснифи бўйича шакллантирилиши лозим бўлган захира яратиш меъёри.

Бунда, активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплашга мўлжалланган захира миқдори 0 ёки ундан кичик (манфий) бўлса, актив бўйича эҳтимолий йўқотишларни қоплашга мўлжалланган захира шакллантирилмайди.

27. Банк томонидан қабул қилинувчи мазкур Низомнинг 26-бандида назарда тутилган гаров турлари қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

қимматли қоғозлар, банкдаги депозитлар, депозит сертификатлар гаров сифатида қабул қилинган бўлса, уларнинг муддати тегишли активни сўндириш муддатидан кам бўлмаслиги;

кредитор банкдаги депозит гаров предмети бўлса, гаров шартномаси шартларига биноан қарз олувчи ўз мажбуриятларини бажармаган ҳолатда банкнинг ушбу маблағларни сўзсиз назорат қилиш ва уларни тасарруф эта олиш ҳуқуқи бўлиши;

банк активи банкдаги депозитлар билан таъминланган бўлса, депозит активни таъминлаш учун тегишли ҳисобварақда юритилиши ҳамда кредит шартномаси ёки бошқа шартномада қарз олувчи томонидан актив қайтарилмаган ёки мажбуриятлари бажарилмаган ҳолда банк акцептсиз тартибда депозитни тасарруф этиши, шунингдек қарз олувчи ихтиёрий равишда ушбу депозитни у билан таъминланган активни сўндириш учун йўналтириши мумкин эканлиги шарт қилиб қўйилиши лозим.

Бунда, банк активни қайтариш муддати етиб келгунга қадар депозитдан маблағларни олишга йўл қўймаслик мақсадида зарур чораларни кўриши ва назорат ўрнатиши керак.

27-1. Кафолат юқори ликвидли таъминот ҳисобланиши учун бир вақтнинг ўзида қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

кафолат муддати ва асосий мажбурият муддатлари мос бўлиши;

қарз олувчи ўз мажбуриятларини бажармаган ҳолларда, шартнома ва (ёки) ўзаро келишувда кафолат шартларини бажариш муддатларига доир ҳеч қандай чекловлар бўлмаслиги;

кафил томонидан тақдим этилган кафолат ҳужжатлаштирилган мажбурият ҳисобланиши;

банкнинг мажбуриятни кафилдан тўғридан-тўғри талаб қилиш ҳуқуқи бўлиши;

қарз олувчининг банк олдидаги мажбурияти бўйича тақдим этилган кафолат миқдори аниқ белгиланган бўлиши;

кафолат чақириб олинмайдиган ва сўзсиз бўлиши, яъни бир томонлама тартибда кафил кафолатни бекор қилиши, кафолат қийматини ошириши, кафолат муддатини қисқартириши, шунингдек кафолат бўйича маблағларни тўлиқ ёки қисман тўламаслигига имкон яратувчи шартларнинг мавжуд эмаслиги;

қарз олувчи кафолат билан таъминланган мажбуриятларини бажармаган ҳолларда, банк кафилдан кафолат бўйича тўловни амалга оширишини талаб қилиш ҳуқуқи бўлиши.


4-БОБ. ШАРТЛАРИ ҚАЙТА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН

АКТИВЛАР СИФАТИНИ ТАСНИФЛАШ


28. Активларнинг қуйида келтирилган асосий шартларидан ҳеч бўлмаганда биттаси ўзгартирилган бўлса, улар шартлари қайта кўриб чиқилган активлар деб ҳисобланади:

фоиз ставкасининг пасайтирилиши, шартномада белгиланган ўзгарувчан фоиз ставкаси пасайиши муносабати билан фоиз ставкасининг пасайтирилиши ҳолатлари бундан мустасно;

асосий қарзнинг камайтирилиши ёки ундан қисман воз кечилиши, активнинг фойдаланилмаган қисми камайтирилиши бундан мустасно;

фоизлар ва (ёки) асосий қарзга доир тўловларнинг бир қисми ёки барчасидан воз кечилиши;

активнинг асосий қисми ва (ёки) фоизларининг тўлаш муддати кечиктирилиши ёки узайтирилиши, мижозни молиялаштиришни бошлаш муддати ўзгариши ҳисобига тўлов графигининг ёки тўловлар тўланадиган ой ичида тўлов санасининг ўзгартирилиши бундан мустасно;

таъминот турининг ўзгартирилиши, кредитнинг бир қисми қайтарилганлиги муносабати билан таъминотдан чиқарилган ҳамда актив суммасини гаров суммасига нисбати банкнинг ички ҳужжатларида кўрсатилган чегарадан кўп бўлмаган ҳолатлар бундан мустасно;

фоизларнинг капитализация қилиниши;

мазкур банднинг иккинчи-еттинчи хатбошиларида кўрсатилган шартлардан бирини ёки бир нечтасини қўллаган ҳолда қарз олувчининг ўзгартирилиши.

28-1. Кредит шартномаси шартлари қуйидагича ўзгартирилганда кредит таснифи ўзгартирилмайди ва шартлари қайта кўриб чиқилган активлар деб таснифланмайди:

фоиз ставкаси пасайтирилганда, бунда ўзгартиришдан сўнг миллий валютадаги кредитлар бўйича фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкаси + 2 фоиз банддан кам бўлмаслиги лозим;

кредит валютаси ўзгартирилганда, бунда кредит хорижий валютадан миллий валютага ўзгартирилганда кредитлар бўйича фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкаси + 2 фоиз банддан кам бўлмаслиги лозим;

кредитнинг имтиёзли даври 6 ойгача узайтирилганда, бунда дастлабки график бўйича фоизлар тўлиқ тўланган ва янги графикда фоиз тўловлари назарда тутилган ҳамда кредитнинг имтиёзли даври тугамаган ва биринчи марта узайтирилаётган бўлиши, шунингдек шартноманинг охирги муддатини узайтириш узайтирилаётган имтиёзли муддатдан кўп бўлмаслиги шарт.

Бунда, кредит шартномаси шартлари қайта кўриб чиқилаётган вақтда қарздорнинг барча банклардан олинган кредитлари бўйича муддати ўтган қарздорлиги мавжуд бўлмаслиги ва унинг кредити сифати "стандарт" ёки "субстандарт" тоифасида бўлиши ҳамда қайта кўриб чиқилаётган шартнома бўйича тўловларни тўлашда сўнги 6 ой ичида муддати кечиктирилган кунларнинг жами миқдори 60 кундан ошмаган бўлиши лозим.

29. Шартлари қайта кўриб чиқилган активлар сифатини таснифлашда қуйидаги омиллар ҳисобга олиниши керак:

шартлар қайта кўриб чиқилишининг асослари ёки сабаблари;

бир қарз олувчига қарзни қайтариш муддатининг неча марта узайтирилганлиги;

дастлабки битим шартларига нисбатан янги битимда келтирилган шартлардаги ўзига хос ўзгартиришлари. Бунда фоиз ставкасининг бозор ставкаси даражасидан пасайиши, қўшимча равишда актив бўйича қабул қилинган таъминотнинг ўзгариши ёки кредитни қайтариш муддатининг узайтирилиши шартлари қайта кўриб чиқилган актив сифатини таснифлаш ва таҳлил қилиш жараёнида инобатга олиниши лозим.


30. Шартлари қайта кўриб чиқилган активлар сифати "субстандарт", "қониқарсиз", "шубҳали" ва "умидсиз" тоифаларнинг мезонларидан фойдаланган ҳолда таснифланади.

30-1. Шартномада белгиланган охирги муддати ўзгартирилмаган ҳолда, асосий қарз ва (ёки) фоизлар бўйича оралиқ тўловларнинг муддатлари бир марта қайта кўриб чиқилган активларнинг сифати "қониқарсиз" деб таснифланади.

Мазкур активларнинг муддати қайта кўриб чиқилгандан кейин қайтариш графигига асосан камида кетма-кет 3 та тўлов тўлиқ ва ўз вақтида тўланган тақдирда, уларнинг сифати "субстандарт" деб таснифланиши мумкин.

Бунда активларни қайтариш графиги бўйича тўлов бошланган ойдан шартноманинг охирги муддатига қадар ҳар ойда тенг (пропорционал) тўловлар асосида қайтарилиши белгиланган тақдирда кетма-кет 3 та тўлов, акс ҳолда шу миқдорга тенг 3 тадан кўпроқ тўловлар ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши лозим.

30-2. Қуйида келтирилган омиллардан ҳеч бўлмаганда биттаси мавжуд бўлса, шартлари қайта кўриб чиқилган активларнинг сифати "шубҳали" деб таснифланади:

мазкур низомнинг 28-банди иккинчи, учинчи, тўртинчи ва олтинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолларда;

шартноманинг охирги муддати бир марта узайтирилганда.

30-3. Шартлари қайта кўриб чиқилгандан кейин асосий қарз ва (ёки) фоиз тўловлари ўз вақтида ва тўлиқ тўланмаган активлар сифати "умидсиз" деб таснифланади.

32. Агар алмашувчи ёки қўшимча қарздорнинг дастлабки қарздор билан ҳеч қандай алоқаси бўлмаса, активлар сифатини таснифлаш мезонлари алмашувчи ёки қўшимча қарздорга нисбатан қўлланилади. Мазкур жараён алмашувчи ёки қўшимча қарздорнинг бизнесни нормал юритиш шароитида активларни тўлай олиш лаёқатига мувофиқ тарзда амалга оширилиши лозим.


33. Активлар сифати уларнинг шартлари қайта кўриб чиқилишидан олдинги таснифланган тоифадан юқори ёки яхшироқ тоифада таснифланиши мумкин эмас (мазкур низомнинг 30-1-банди иккинчи ва учинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно).

Ҳеч қандай ҳолатда активга унинг шартлари қайта кўриб чиқилгандан сўнг дарҳол "стандарт" тоифани бериш мумкин эмас.

Актив икки ва ундан ортиқ марта шартлари қайта кўриб чиқилганда, актив сифатини таснифлаш тоифаси шартлари қайта кўриб чиқилишидан олдинги тоифасидан бир поғонага паст бўлиши керак.


4-1-БОБ. БЕРИЛГАН БАНК КАФОЛАТЛАРИНИНГ

СИФАТИНИ ТАСНИФЛАШ

33-1. Тижорат банклари томонидан берилган кафолатлар бўйича эҳтимолий йўқотишларга қарши захира миқдори принципиалнинг молиявий аҳволи, кредит тарихи ва принципиал фаолият кўрсатаётган иқтисодиёт тармоғи ҳолатини ҳисобга олган ҳолда унинг кредитга лаёқатлилигидан келиб чиқиб белгиланади.


33-2. Қуйидаги ҳолатлар мавжуд бўлганда, банк кафолатининг сифати "стандарт" деб таснифланади:

принципиал молиявий жиҳатдан барқарор;

принципиал юқори даромадлилик даражасига эга;

барча молиявий мажбуриятларини ўз муддатида бажаришига шубҳа туғдирмайдиган, шу жумладан кафолат бўйича қарзини қондириш учун етарли пул маблағлари оқимига эга;

тижорат ишларини ривожлантириш ҳамда молия ресурсларини эркин жалб қилиш имкониятлари мавжуд;

фаолияти чекланган таъминотчи ҳамда истеъмолчиларга боғлиқ бўлмаган;

тақдим этилаётган таъминотга доир барча ҳужжатлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилган;

кредит ёки бошқа қарзлари бўйича тўловлар ўз вақтида амалга оширилган.


33-3. Қуйидаги ҳолатлардан бири мавжуд бўлганда, банк кафолатининг сифати "субстандарт" деб таснифланади:

умумий молиявий аҳволи барқарор ҳисобланган, лекин фаолиятида айрим иқтисодий салбий ҳолатлар мавжуд бўлган, уларнинг бартараф этилмаслиги принципиалнинг мажбуриятларини ўз вақтида бажармаслик ҳолатини вужудга келтириш хавфининг мавжудлиги;

даромадлари ёки пул маблағлари оқимининг пасайиш тенденцияси мавжудлиги.


33-4. Қуйидаги ҳолатлардан бири мавжуд бўлганда, банк кафолатининг сифати "қониқарсиз" деб таснифланади:

молиявий аҳволининг жиддий ёмонлашувига сабаб бўлувчи ҳолатларнинг мавжудлиги;

даромадлари ёки пул маблағлари оқимининг охирги чоракка нисбатан 50 фоизга камайганлиги (фаолияти мавсумий хусусиятга эга қарздорлар бундан мустасно);

охирги ҳисобот ойидаги мавжуд барча муддати келган мажбуриятларни, шунингдек кафолат суммасини ушбу ой давомида келиб тушган пул маблағлари ҳисобидан қоплаш имкониятига эга эмаслиги.


33-5. Қуйидаги ҳолатлардан бири мавжуд бўлганда, банк кафолатининг сифати "шубҳали" деб таснифланади:

мазкур Низомнинг 33-4-бандида назарда тутилган ҳолатлардан бирининг оғирлашганлиги;

охирги беш йилда салбий кредит тарихига эга эканлиги, яъни тўловларни ўз вақтида амалга оширмаганлиги.


33-6. Қуйидаги ҳолатлардан бири мавжуд бўлганда, банк кафолатининг сифати "умидсиз" деб таснифланади:

берилган кафолат бўйича мажбуриятни банк томонидан бажариш ҳолатларининг юзага келиши;

кредит ёки бошқа қарзлари бўйича тўловларнинг ўз вақтида амалга оширилмаганлиги;

талаб қилиб олингунча ҳисобварағига охирги чоракда тушум бўлмаганлиги (фаолияти мавсумий хусусиятга эга қарздорлар бундан мустасно);

молиявий фаолияти бўйича суд жараёнларининг олиб борилаётганлиги;

тўловга қобилиятсизлик аломатларининг мавжудлиги.

33-7. Банк кафолатлари бўйича эҳтимолий йўқотишларга доир захирани шакллантириш ва ундан фойдаланиш тартиби Тижорат банклари томонидан банк кафолатларини бериш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 2364, 2012 йил 15 май) мувофиқ амалга оширилади.



5-БОБ. ИНВЕСТИЦИЯ ПОРТФЕЛИНИНГ

СИФАТИНИ ТАСНИФЛАШ


34. Тижорат банкининг инвестиция портфели (сотишга мўлжалланган қимматли қоғозларга ёки қарам хўжалик жамиятларига ва шўъба хўжалик жамиятларига қилинган инвестициялар, сўндириш муддатигача сақланадиган қарз қимматли қоғозларига қилинган инвестициялар) қуйидаги омиллар асосида таснифланиши ва белгиланган миқдорда эҳтимолий йўқотишларни қоплаш захираси яратилиши лозим:

охирги бир йил давомида тижорат банкига даромад келтирмаган инвестиция - "қониқарсиз" сифатида;

охирги икки йил давомида тижорат банкига даромад келтирмаган инвестиция - "шубҳали" сифатида;

охирги уч йил давомида даромад олинмаган инвестиция сифати - "умидсиз" сифатида.

Қуйидаги ҳолатлардан бири мавжуд бўлганда, инвестициялар даромад келтирган ҳисобланади:

банкка дивиденд кўринишида даромад келтирганда;

банк томонидан қилинган инвестицияни қайта баҳолаш натижасида ижобий фарқ юзага келганда;

фонд биржасида котировкаси ошганда;

банк инвестиция киритган корхонанинг ташқи аудиторлик текширувидан ўтган молиявий ҳисоботига кўра ҳисобот даврини фойда билан якунлаганда.

35. Агар тижорат банки томонидан қилинган инвестицияни қайта баҳолаш натижасида салбий фарқ юзага келса, ушбу миқдорда эҳтимолий йўқотишларни қоплаш захираси яратилиши лозим.

Бундай инвестицияларнинг сифати энг паст тоифада таснифланиши керак.


6-БОБ. ТИЖОРАТ БАНКИ АКТИВЛАРИ БЎЙИЧА

ЭҲТИМОЛИЙ ЙЎҚОТИШЛАРГА ДОИР

ЗАХИРАНИ ШАКЛЛАНТИРИШ


36. Тижорат банки активининг жами қийматига нисбатан активлар:

"стандарт" деб таснифланганда бир фоиз;

"субстандарт" деб таснифланганда ўн фоиз;

"қониқарсиз" деб таснифланганда йигирма беш фоиз;

"шубҳали" деб таснифланганда эллик фоиз;

"умидсиз" деб таснифланганда юз фоиз миқдорда банк харажати ҳисобидан захира шакллантириши лозим.

Бунда, тижорат банки махсус захираларни активларни таснифлаш учун мазкур Низомда назарда тутилган асослар вужудга келган санадан бошлаб шакллантириши ва улар бўйича бухгалтерия ўтказмаларини дастурлашган ҳолда амалга ошириши лозим.

36-1. Актив қайси валютада вужудга келган бўлса махсус захира ҳам ушбу актив валютасида ҳар бир актив учун алоҳида шакллантирилиши лозим.

Стандарт активларга яратиладиган захиралар сифати стандарт деб таснифланган жами активлар қолдиғига нисбатан ҳар ойнинг якунига қадар миллий валютада шакллантирилиши лозим.

37. Белгиланган меъёрларга мувофиқ яратилган захирага нисбатан актив бўйича эҳтимолий йўқотишлар миқдорининг ошиб кетиши мумкинлигидан далолат берувчи омиллар ва шароитлар аниқланганда, захирага эҳтимолий йўқотишларга нисбатан йирик ажратмалар амалга оширилиши керак.


38. Актив сифати "умидсиз" деб таснифланиши билан 3 иш куни ичида унинг ҳисоби балансдан ташқари моддаларда акс эттирилиши ва тегишли махсус захиралар камайтирилиши лозим. Зарарлар улар тан олинган даврда ҳисобдан чиқарилиши керак.


39. Активнинг ҳисобдан чиқарилиши унинг қисман ёки тўлиқ қайтарилиши мумкинлигини инкор этмайди.


40. Агар актив сифати "стандарт" деб таснифланмаган бўлса, тижорат банки қарздорга эҳтимолий йўқотишлари билан боғлиқ бўлган таваккалчиликнинг батафсил таҳлилисиз қўшимча кредит маблағлари, жорий кредит бўйича қўшимча ресурслар ёки янги кредитлар шаклида маблағлар бериши мумкин эмас.


41. Қуйида келтирилган омиллардан ҳеч бўлмаганда биттаси мавжуд бўлиши, Марказий банк томонидан муайян активлар сифатини янада салбий таснифлаш учун асос бўлади:

тижорат банки кредит портфели умумий ҳолатининг ёмонлашуви;

тижорат банкида кредитлар беришга доир етарли таҳлил ва текширувларнинг ўзгариши ёки мавжуд эмаслиги;

тижорат банки шу тармоқ ва соҳага берилган кредитлар бўйича амалда зарарлар кўрганлиги;

йирик активларнинг тўпланиши;

номақбул иқтисодий йўналиш ва шароитлар, хусусан, қарздорларнинг бир ёки бир неча саноат тармоқлари ёки маъмурий-ҳудудий бирликда катта миқдорда тўпланиши;

тижорат банки томонидан тақдим этилган ҳисоботни таҳлил қилиш ёки Марказий банк томонидан ўтказилган инспекция текширишлари натижасида аниқланган қарздорнинг ёхуд тижорат банкининг молиявий аҳволига тааллуқли бошқа ҳолатлар.

Бунда Марказий банк мазкур Низом талабларида белгиланган миқдорда захираларни қайта кўриб чиқишни ва (ёки) қўшимча захиралар шакллантиришни талаб қилиши мумкин.


42. Активлар бўйича эҳтимолий йўқотишларга доир захирани шакллантириш ва ундан фойдаланишга оид бухгалтерия ўтказмалари Тижорат банкларида бухгалтерия ҳисобининг ҳисобварақлар режасига (рўйхат рақами 3336, 2021 йил 26 ноябрь) мувофиқ амалга оширилади.

43. Захиралар етарли бўлмаган ҳолларда, тижорат банки томонидан захираларга қўшимча ажратмалар захираларнинг етишмовчилиги аниқланган даврда амалга оширилиши зарур.


8-БОБ. ЗАХИРАЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ


49. Тижорат банки захираларнинг етарли даражада бўлишини таъминлаш учун тўлиқ жавобгарлик тижорат банки Кенгаши ва Бошқарувига юклатилади.

51. "Умидсиз" активлар ва улар бўйича ҳисоблаб ёзилган фоизларнинг баланс ҳисобварақларидан "Кўзда тутилмаган ҳолатлар" ҳисобварағига ўтказиш ушбу актив бўйича қарзлар ҳамда улар бўйича фоизларнинг бекор қилинишини билдирмайди. Шунинг учун ушбу қарз, шунингдек у бўйича фоизлар балансдан ташқари моддаларда улар бу ҳисобварақларга ўтказилган пайтдан бошлаб беш йилдан кам бўлмаган муддат мобайнида акс эттирилиши лозим.

Тижорат банки қонун ҳужжатларига мувофиқ мазкур актив бўйича асосий қарз суммаси ва фоизларни ундириш юзасидан барча чора-тадбирларни қўллаши зарур. Тижорат банки қарздор (эмитент) мажбуриятининг тўлиқ суммасини тўғри акс эттириш учун мазкур активга фоизлар ҳисоблаб ёзишни уни балансдан ташқари моддаларга ўтказгандан кейин ҳам давом эттиради, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қарздор ва кафилнинг мажбуриятлари бекор бўладиган ҳолатлар бундан мустасно.

Бунда тижорат банки мунтазам равишда, бир ойда камида бир марта қарздорга балансдан ташқари моддалардаги қолдиқларга мос келадиган асосий қарз ва ҳисобланган фоизлар бўйича муддати ўтган қарзнинг мавжудлигини маълум қилган ҳолда кредит бўйича қарзни қоплаш ва у бўйича ҳисобланган фоизларни тўлаш талаб қилинган даъво хатини, балансдан ташқари моддалардан кўчирма илова қилинган ҳолда, қарздор ёки унинг ҳуқуқий ворисига (тугатилиш жараёнида бўлса, тугатиш комиссиясига) юбориши лозим. Ушбу даъво хатларини олмаслик қарздорни қарзини қайтариш мажбуриятидан озод этмайди. Даъво хати ва ҳисобварақдан кўчирма тижорат банкининг муддати ўтган асосий қарзни ва ҳисобланган фоизларни ундириб олиш бўйича суд органларига мурожаат этиши учун асос бўлади.

Ички аудит хизмати ва тижорат банки Бошқаруви ҳар чоракда балансдан ташқари моддаларига ўтказилган "умидсиз" активларни ундириш бўйича қўлланаётган чора-тадбирлар ҳақида тижорат банки Кенгашига ёзма равишда маълумот беришлари шарт.

Тижорат банки Кенгаши молиявий йил якуни бўйича банк акциядорларининг йиллик умумий йиғилиши кун тартибига банкнинг "умидсиз" активларини ундириш бўйича қўлланган чора-тадбирлар ҳақидаги масалани киритади.


52. Тижорат банки Бошқаруви томонидан қабул қилинган Ҳукуматнинг қарорига кўра марказлаштирилган ресурслар ёхуд бошқа маблағлар ҳисобидан берилган кредитлар ҳисобидан шаклланган "умидсиз" активни баланс ҳисобварақларидан балансдан ташқари моддаларга ўтказиш ҳақидаги қарор Ҳукумат ёхуд Марказий банк олдидаги қарзларнинг бекор қилинишига олиб келмайди ва тижорат банки томонидан Ҳукумат ёхуд Марказий банк олдидаги қарзлар қайтарилиши шарт.


53. Агар қарздор томонидан балансдан ташқари моддаларда ҳисобга олинадиган актив бўйича қарз тижорат банки томонидан ушбу қарзни ундириш бўйича кўрилган барча чора-тадбирларга қарамасдан, у бу ҳисобварақларга ўтказилгандан кейин беш йил давомида тўланмаса, у ҳолда ушбу актив (асосий қарзлар ҳам, фоизлар ҳам) тижорат банки Кенгашининг акциядорлар умумий йиғилишида тасдиқланган қарорига кўра ҳисобдан чиқарилиши мумкин.


9-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


56. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 20 июль, 28-сон, 374-модда






































Время: 0.0063
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск