язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Хорижий кредитлар ва қарзлар/ Уй-жой коммунал хўжалиги/ Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши доирасида Ислом тараққиёт банкининг жалб этилган молиявий маблағларидан фойдаланиш, уларга хизмат кўрсатиш ва уларни қайтариш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 10.07.2015 й. 189-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2015 йил 10 июлдаги

189-сон қарорига

1-ИЛОВА



Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар

бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши доирасида

Ислом  тараққиёт банкининг жалб этилган  молиявий

маблағларидан фойдаланиш, уларга хизмат кўрсатиш

ва уларни қайтариш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом инжиниринг компаниясига ажратилган ер майдонларида қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши доирасида Ислом тараққиёт банкининг жалб этилган молиявий маблағларидан фойдаланиш, уларга хизмат кўрсатиш ва уларни қайтариш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


Истисна`а битими - 2014 йил 22 октябрда Ислом тараққиёт банки билан Ўзбекистон Республикаси ўртасида имзоланган "Қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини ривожлантириш" лойиҳасини молиялаштириш учун 100,0 млн АҚШ доллари миқдорида молиявий маблағлар бериш тўғрисидаги молиявий битим;


Ислом тараққиёт банки иштирокидаги лойиҳа - Вазирлар Маҳкамасининг "2015 йил учун қишлоқ жойларда намунали лойиҳалар бўйича якка тартибдаги турар жой қурилиши дастурини самарали амалга оширишни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда 2016 йил учун қурилишнинг асосий параметрлари тўғрисида" 2015 йил 13 мартдаги 60-сон қарорига мувофиқ амалга ошириладиган Ислом тараққиёт банки томонидан молиялаштириладиган қисми юзасидан "Қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини ривожлантириш" лойиҳаси;


якка тартибдаги қурувчи (қарз олувчи) - қишлоқ жойларда яшовчи ва тасдиқланган намунавий лойиҳаларга мувофиқ қишлоқ жойларда намунавий лойиҳа бўйича инжиниринг компанияси иштирокида қурилган якка тартибдаги уй-жойни белгиланган тартибда сотиб олувчи Ўзбекистон Республикаси фуқароси;


инжиниринг компанияси - Ислом тараққиёт банки иштирокидаги лойиҳа умумий амалга оширилишининг ижро этувчи агенти, масъули бўлган ҳамда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича фойдаланишга тайёр ҳолда якка тартибдаги уй-жой қурилишида Ислом тараққиёт банки номидан буюртмачи функциясини бажарувчи масъулияти чекланган жамият шаклидаги "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компанияси;


банк - Ислом тараққиёт банкининг молиявий маблағларидан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш учун масъул бўлган молиявий агент ҳисобланган "Қишлоққурилишбанк" акциядорлик тижорат банки;


пудратчи - қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича фойдаланишга тайёр ҳолда якка тартибдаги уй-жой қурилишига буюртмаларни жойлаштиришга танлов савдолари натижалари бўйича инжиниринг компанияси билан тузилган пудрат шартномаси асосида қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилишини амалга оширувчи пудрат ташкилоти;


Ислом тараққиёт банкининг молиявий маблағлари - Истисна`а битимига мувофиқ Ислом тараққиёт банки томонидан Ўзбекистон Республикасига ажратилган хорижий валютадаги молиявий маблағлар;


дастлабки бадал - банкда қарз олувчининг номига очилган жамғарма омонат ҳисобварағига қарз олувчи (биргаликда қарз олувчилар) ёки юридик шахс - қарз олувчи иш берувчисининг пул маблағлари ёхуд бошқа шахсларнинг пул маблағлари шаклида киритилган қарз олувчининг икки, уч қаватли кўп квартирали (2, 3 хонали) уйлар ва майдони 0,02 гектар бўлган ер участкаларида жойлаштириладиган бир қаватли 2, 3 хонали уйлар смета қийматининг камида 15 фоизи ёки майдони 0,04 гектар бўлган ер участкаларида жойлаштириладиган икки қаватли 4 хонали бирлаштирилган уйлар ва майдони 0,06 гектар бўлган ер участкаларида жойлаштириладиган бир қаватли 3, 4, 5 хонали уйлар смета қийматининг камида 25 фоизи миқдоридаги ўз маблағлари;

якуний тўлов - қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қийматининг дастлабки бадал ва ипотека кредити билан қопланмаган қийматининг қолган қисмига тенг бўлган миқдордаги тўлов;


якка тартибдаги қурувчининг умумий бадали - дастлабки бадал ва якуний тўлов суммаси;


Ислом тараққиёт банки иштирокидаги лойиҳа бўйича уй-жой қурилиши жамғарма омонати - Ислом тараққиёт банки иштирокидаги лойиҳа бўйича қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши доирасида ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун очиладиган мақсадли жамғариб бориладиган жамғарма омонати ва якка тартибдаги қурувчининг умумий бадали маблағларини тўлаш;


асосий шартнома - инжиниринг компанияси билан якка тартибдаги қурувчи ўртасида тузилган қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун буюртмачининг функциялари амалга оширилишига шартнома.



II. МОЛИЯВИЙ ҲУЖЖАТЛАРНИ ИМЗОЛАШ

ҲУҚУҚИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


3. Инжиниринг компанияси Ислом тараққиёт банки иштирокидаги лойиҳа доирасида Ўзбекистон Республикаси номидан молиявий ҳужжатларни имзолаш ҳуқуқи берилган ваколатли мансабдор шахсларнинг имзолари намуналарини илова қилган ҳолда тегишли хатни тайёрлайди ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этади.


4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ислом тараққиёт банки иштирокидаги лойиҳа доирасида Ўзбекистон Республикаси номидан молиявий ҳужжатларни имзолаш ҳуқуқи берилган инжиниринг компаниясининг ваколатли мансабдор шахслари рўйхати тасдиқлангандан кейин кўрсатиб ўтилган рўйхатни Ислом тараққиёт банкининг бош идорасига юборади.


5. Ислом тараққиёт банкининг молиявий маблағларини жалб этишга буюртманомалар инжиниринг компанияси томонидан Ислом тараққиёт банки томонидан белгиланган шакл бўйича расмийлаштирилади. Тайёрланган буюртманомалар Ислом тараққиёт банки иштирокидаги лойиҳа доирасида Ўзбекистон Республикаси номидан молиявий ҳужжатларни имзолаш ҳуқуқи берилган ваколатли мансабдор шахслар томонидан имзоланади. Сўраладиган маблағларнинг асосланганлиги учун инжиниринг компанияси жавоб беради.



III. ИСЛОМ ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


6. Ислом тараққиёт банки маблағлари Ислом тараққиёт банки томонидан белгиланган шакл бўйича инжиниринг компаниясининг буюртманомалари асосида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида очилган махсус валюта ҳисоб рақамига тушади.


7. Ислом тараққиёт банкидан тушган маблағларнинг сўмдаги эквиваленти (ўтказилган кунда) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан уч банк куни мобайнида инжиниринг компанияси бош идорасининг банкда очилган 22626-сон "Корхоналар ва ташкилотларнинг мақсадли маблағлари" қурилишни молиялаштириш махсус депозит ҳисоб рақамига ўтказилади.


8. Инжиниринг компаниясининг ушбу ҳисоб рақамига тушган маблағлар уч банк куни мобайнида инжиниринг компанияси минтақавий филиалларининг қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича фойдаланишга тайёр ҳолда якка тартибдаги уй-жой қурилишини молиялаштириш учун банкнинг тегишли минтақавий филиалларида очилган 22626-сон "Корхоналар ва ташкилотларнинг мақсадли маблағлари" қурилишни молиялаштириш махсус депозит ҳисоб рақамига ўтказилади.


9. Инжиниринг компанияси ва пудратчилар ушбу молиявий маблағларни ушбу Низом талаблари ҳисобга олинган ҳолда Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 26 октябрдаги 280-сон қарори билан тасдиқланган "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компанияси иштирокида якка тартибда уй-жой қурилишини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ сарфлайдилар.



IV. ИСЛОМ ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ ИШТИРОКИДАГИ

ЛОЙИҲАНИ АМАЛГА ОШИРИШ БЎЙИЧА БЎЛИМ

УЧУН АЖРАТИЛГАН МАБЛАҒЛАРДАН

ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


10. Инжиниринг компанияси Ислом тараққиёт банки иштирокидаги лойиҳани амалга ошириш бўйича бўлим (кейинги ўринларда лойиҳани амалга ошириш бўлими деб аталади) ташкил этади, унинг таъминоти бўйича сарф-харажатлар тўлиқ Ислом тараққиёт банкининг молиявий маблағлари ҳисобига қопланади. Ушбу мақсадлар учун инжиниринг компанияси Ислом тараққиёт банки учун мақбул бўлган тижорат банкида махсус валюта ва сўм депозит ҳисоб рақамлари очади.


11. Лойиҳани амалга ошириш бўлими ҳар йили инжиниринг компанияси томонидан тасдиқланадиган ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишиладиган харажатлар сметасини тузади. Лойиҳани амалга ошириш бўлими харажатлари лойиҳани амалга ошириш бўлимининг тасдиқланган харажатлар сметасидан ортиқ бўлмаслиги керак.


12. Инжиниринг компанияси Истисна`а битими талабларидан келиб чиқиб харажатлар сметасига мувофиқ лойиҳани амалга ошириш бўлими таъминотига харажатларни молиялаштиради.



V. МОЛИЯВИЙ АУДИТНИ ЎТКАЗИШ ВА ЯККА ТАРТИБДАГИ

МАСЛАҲАТЧИЛАРНИ ЁЛЛАШ УЧУН АЖРАТИЛГАН ПУЛ

МАБЛАҒЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


13. Инжиниринг компанияси консалтинг ва аудиторлик компаниялари билан Ислом тараққиёт банки иштирокидаги лойиҳа доирасида консалтинг ва аудиторлик хизматлари кўрсатишга контрактлар тузади. Консалтинг ва аудиторлик компанияларини танлаш Ислом тараққиёт банкининг харидлар тартиб-таомилларига мувофиқ амалга оширилади. Консалтинг ва аудиторлик компаниялари билан контрактлар Ислом тараққиёт банки билан маслаҳатлашувлар асосида тузилади.


14. Молиявий аудитни ўтказиш учун аудиторлик компанияси халқаро молия институтлари билан ишлаш тажрибасига эга бўлган маҳаллий аудиторлик компаниялари орасидан танлаб олиниши керак. Ислом тараққиёт банки иштирокидаги лойиҳа доирасида ишлар устидан назорат қилиш ва текшириш учун консалтинг компанияси Ислом тараққиёт банкининг аъзолари бўлган мамлакатларда рўйхатдан ўтказилган консалтинг компаниялари орасидан танлаб олиниши керак.


15. Махсус ҳисоб рақамларининг аудиторлик текшируви ҳар йили ўтказилади, унинг натижалари бўйича Ислом тараққиёт банкига Ислом тараққиёт банки иштирокидаги лойиҳа доирасида ёлланган молиявий аудитор томонидан тайёрланган йиллик аудиторлик ҳисоботи тақдим этилади. Аудиторлик ҳисоботи Ислом тараққиёт банкининг молиявий маблағларидан фойдаланиш бўйича бутун имтиёзли давр мобайнида, шунингдек асосий қарзни қайтариш муддатларида тақдим этилади.


16. Инжиниринг компанияси Истисна`а битими талабларидан келиб чиқиб тузилган контрактларга мувофиқ молиявий аудит ва якка тартибдаги маслаҳатчиларнинг хизматчиларига ҳақ тўлайди.



VI. ҚИШЛОҚ ЖОЙЛАРДА НАМУНАВИЙ ЛОЙИҲАЛАР

БЎЙИЧА ЯККА ТАРТИБДАГИ УЙ-ЖОЙ ҚУРИЛИШИ УЧУН

ЯККА ТАРТИБДАГИ ҚУРУВЧИЛАРГА ЕР УЧАСТКАСИ

БЕРИШ ВА ШАРТНОМАЛАРНИ ТУЗИШ ТАРТИБИ


17. Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун якка тартибдаги қурувчиларга ер участкаси бериш ва якка тартибдаги қурувчилар билан шартномалар тузиш Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 26 октябрдаги 280-сон қарори билан тасдиқланган Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компанияси иштирокида якка тартибда уй-жой қурилишини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомнинг II ва III бўлимларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.


18. Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича фойдаланишга тайёр ҳолда шартлари билан якка тартибда уй-жой қуриш тўғрисидаги дастлабки шартнома якка тартибдаги қурувчи билан инжиниринг компанияси ўртасида тузилгандан кейин якка тартибдаги қурувчи 5 кун мобайнида банкда ўз номига очилган жамғарма омонат ҳисоб рақамига дастлабки бадал маблағларини тўлиқ шакллантириши керак. Ушбу ҳисоб рақамида қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши тугаллангунига қадар якка тартибдаги қурувчининг умумий бадали тўлиқ шакллантирилади.



VII. ҚИШЛОҚ ЖОЙЛАРДА НАМУНАВИЙ ЛОЙИҲАЛАР

БЎЙИЧА ИНЖИНИРИНГ КОМПАНИЯСИ ИШТИРОКИДА

ҚУРИЛГАН ЯККА ТАРТИБДАГИ УЙ-ЖОЙГА ИПОТЕКА

КРЕДИТИ БЕРИШ


19. Банк томонидан қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича инжиниринг компанияси иштирокида қурилган якка тартибдаги уй-жойни харид қилиш учун якка тартибдаги қурувчига имтиёзли ипотека кредитини бериш Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 25 майдаги 148-сон қарори билан тасдиқланган Тасдиқланган намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун "Қишлоқ қурилиш банк" акциядорлик тижорат банки томонидан имтиёзли ипотека кредити бериш тартиби тўғрисидаги низомда назарда тутилган тартибда ва ушбу Низом талаблари ҳисобга олинган ҳолда Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 26 октябрдаги 280-сон қарори билан тасдиқланган "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компанияси иштирокида якка тартибда уй-жой қурилишини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.


20. Имтиёзли ипотека кредити банк томондан якка тартибдаги қурувчига қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойни қуриш тугаллангандан, Давлат қабул қилиш комиссияси томонидан фойдаланишга қабул қилиб олингандан ва қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой пудратчи томонидан инжиниринг компаниясига берилгандан кейин берилади.

Банк томонидан якка тартибдаги қурувчига имтиёзли ипотека кредити берилишига қадар инжиниринг компанияси мустақил равишда банкка қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой фойдаланишга топширилганлиги тўғрисидаги ҳужжатнинг нусхасини тақдим этиши шарт.



VIII. ҚИШЛОҚ ЖОЙЛАРДА НАМУНАВИЙ ЛОЙИҲАЛАР

БЎЙИЧА ЯККА ТАРТИБДАГИ УЙ-ЖОЙ ҚУРИШНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ВА ҚУРИЛИШИ ТУГАЛЛАНГАН ЯККА ТАРТИБДАГИ

УЙ-ЖОЙНИ ФОЙДАЛАНИШ УЧУН ҚАБУЛ ҚИЛИБ

ОЛИШ ТАРТИБИ


21. Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойни қуришни ташкил этиш ва пудратчини аниқлаш бўйича танлов савдолари ўтказиш, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича қурилиши тугалланган якка тартибдаги уй-жойни фойдаланишга қабул қилиш Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 26 октябрдаги 280-сон қарори билан тасдиқланган "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компанияси иштирокида якка тартибда уй-жой қурилишини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 13 февралдаги 37-сон қарорига мувофиқ тасдиқланган Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича "тайёр ҳолда топшириш" шартлари асосида якка тартибда уй-жой қуриш учун пудрат ташкилотларини аниқлаш юзасидан танлов савдолари ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.


22. Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши тугаллангандан кейин инжиниринг компаниясининг минтақавий филиали, банк филиали ва якка тартибдаги қурувчи ўртасида қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича қурилиши тугалланган якка тартибдаги уй-жойни якка тартибдаги қурувчига мулк қилиб бериш тўғрисида уч томонлама шартнома тузилади.

Ушбу шартномада қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қийматини якка тартибдаги қурувчининг умумий бадали ҳисобига ва банк томонидан тақдим этиладиган имтиёзли ипотека кредити ҳисобига тўлаш шартлари назарда тутилади.


23. Якка тартибдаги уй-жойни якка тартибдаги қурувчига беришда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қиймати Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 26 октябрдаги 280-сон қарори билан тасдиқланган "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компанияси иштирокида якка тартибда уй-жой қурилишини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомнинг 18-1-банди ҳисобга олинган ҳолда Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 13 февралдаги 37-сон қарорига мувофиқ тасдиқланган Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича "тайёр ҳолда топшириш" шартлари асосида якка тартибда уй-жой қуриш учун пудрат ташкилотларини аниқлаш юзасидан танлов савдолари ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ ўтказилган танлов савдолари натижаларидан келиб чиқиб белгиланади.



IX. ЎЗАРО ҲИСОБ-КИТОБЛАР ТАРТИБИ


24. Якка тартибдаги қурувчиларнинг умумий бадаллари маблағларини инжиниринг компанияси ҳисоб рақамига юбориш ва улардан фойдаланиш асосий шартномаларда назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Инжиниринг компанияси томонидан якка тартибдаги қурувчиларнинг умумий бадаллари маблағларини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига қайтариш тартиб-таомили Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, банк ва инжиниринг компанияси ўртасида тузиладиган "Қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини ривожлантириш" лойиҳаси бўйича Ислом тараққиёт банкининг молиявий маблағларини қайтариш ва уларга хизмат кўрсатиш тўғрисидаги битимда назарда тутилган тартибда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойни қуриш тугаллангандан кейин амалга оширилади.

Бунда "Қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини ривожлантириш" лойиҳаси бўйича Ислом тараққиёт банкининг молиявий маблағларини қайтариш ва уларга хизмат кўрсатиш тўғрисидаги битимда якка тартибдаги қурувчиларнинг умумий бадаллари маблағларини қайтариш қишлоқ жойлардаги намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой Давлат қабул комиссияси томонидан фойдаланишга қабул қилиб олинган ва у пудратчи томонидан инжиниринг компаниясига берилган кундан бошлаб бир ойдан ортиқ бўлмаган муддат мобайнида амалга оширилиши назарда тутилиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ўз ҳисоб рақамига тушган якка тартибдаги қурувчилар умумий бадалларининг маблағларидан банк ва Ислом тараққиёт банки билан кейинчалик ўзаро ҳисоб-китоб қилиш учун фойдаланади.


25. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги якка тартибдаги қурувчиларнинг умумий бадаллари маблағларини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, банк ва инжиниринг компанияси ўртасидаги "Қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини ривожлантириш" лойиҳаси бўйича Ислом тараққиёт банкининг молиявий маблағларини қайтариш ва уларга хизмат кўрсатиш тўғрисидаги битимга мувофиқ банкка берилган кредит линияси сифатида банкнинг 22010-сон "Ҳукуматга тўлаш учун узоқ муддатли кредитлар" ҳисоб рақамига юборади.

Якка тартибдаги қурувчининг буюртманомаси (топшириғи) асосида 2015 йил 1 январдаги ҳолатига кўра амал қилувчи энг кам ойлик иш ҳақининг 1000 баравари миқдоридан ортиқ бўлмаган унга ажратиладиган кредит суммаси банкнинг тегишли филиаллари томонидан инжиниринг компаниясининг тегишли минтақа филиаллари 22626-сон "Корхоналар ва ташкилотларнинг мақсадли маблағлари" қурилишни молиялаштириш махсус депозит ҳисоб рақамига ўтказилади. Ушбу ҳисоб рақамларида шакллантирилган маблағлар икки банк куни мобайнида инжиниринг компанияси бош идорасининг 22626-сон "Корхоналар ва ташкилотларнинг мақсадли маблағлари" қурилишни молиялаштириш махсус депозит ҳисоб рақамида жамланади.

Бир банк куни мобайнида инжиниринг компаниясининг бош офиси 22626-сон "Корхоналар ва ташкилотларнинг мақсадли маблағлари" қурилишни молиялаштириш махсус депозит ҳисоб рақамида жамланган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг банкда очилган 20202-сон "Бюджетдан ташқари маблағлар бўйича Ҳукуматнинг талаб қилиб олинадиган депозитлари" депозит ҳисоб рақамига ўтказилади.

Кредит линиясининг жами суммаси банкка тақдим этилгандан сўнг якка тартибдаги уй қурувчиларнинг 20202-сон "Бюджетдан ташқари маблағлар бўйича Ҳукуматнинг талаб қилиб олинадиган депозитлари" депозит ҳисобрақамидаги умумий бадал маблағлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети даромадлари ҳисобрақамига белгиланган тартибда ўтказилади.

26. Банк Ислом тараққиёт банкининг маблағларини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига 15 йил мобайнида қайтаради, йиллик 4 фоизли ставка бўйича 3 йиллик имтиёзли давр ҳам шу жумлага киради.


27. Ислом тараққиёт банкининг:

қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қуриш учун жалб этилган молиявий маблағлари, шу жумладан устама ҳақ банк ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан;

сув таъминоти объектлари қуриш учун жалб этилган молиявий маблағлари, шу жумладан устама ҳақ Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қайтарилади.

28. Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши доирасида Ислом тараққиёт банкининг молиявий маблағларини ўзлаштириш ва қайтариш ушбу Низомга иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.



X. ИЖТИМОИЙ, БОЗОР, МУҲАНДИСЛИК-КОММУНИКАЦИЯ

ВА ТРАНСПОРТ ИНФРАТУЗИЛМАСИ ОБЪЕКТЛАРИ

ҚУРИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА МОЛИЯЛАШТИРИШ


29. Ислом тараққиёт банкининг маблағлари жалб этилган ҳолда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича қурилаётган якка тартибдаги уй-жой массивлари учун ижтимоий, бозор, муҳандислик-коммуникация ва транспорт инфратузилмаси объектлари қуришни ташкил этиш ва молиялаштириш Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 26 октябрдаги 280-сон қарори билан тасдиқланган "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компанияси иштирокида якка тартибда уй-жой қурилишини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом асосида амалга оширилади.

Бунда қишлоқ турар жой массивларида сув таъминоти объектлари ва кириш автомобиль йўллари қурилиши Ислом тараққиёт банкининг маблағлари ҳисобига молиялаштирилади. Инжиниринг компанияси шартнома асосида Ислом тараққиёт банки номидан қишлоқ жойларда сув таъминоти объектлари ва кириш йўллари қурилишининг буюртмачиси бўлади.


30. Ислом тараққиёт банкининг кириш автомобиль йўллари қурилиши учун сарфланган маблағлари объектлар (қурилиш тугаллангандан кейин) буюртмачига топширилган пайтдан бошлаб бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг махсус ҳисобрақамига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси ҳисобидан ягона тўлов йўли билан қопланади.





Низомга

ИЛОВА



Қишлоқ жойларда намунали лойиҳалар

бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши

доирасида Ислом тараққиёт банкининг молиявий

маблағларини ўзлаштириш ва қайтариш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш муддатлари

1-босқич

Ислом тараққиёт банки,

Молия вазирлиги,

"Қишлоқ қурилиш инвест" ИК МЧЖ, пудрат ташкилотлари


         

1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида очилган Молия вазирлигининг махсус валюта ҳисоб рақамига Ислом тараққиёт банки валюта маблағларини ўтказиш.



            

1. Ўзбекистон Республикаси ва Ислом тараққиёт банки ўртасида 2014 йил 27 октябрда тузилган Истисна`а битими ва агентлик битимига мувофиқ.





2. Молия вазирлиги томонидан банкда очилган инжиниринг компанияси бош идорасининг 22626-сон "Корхоналар ва ташкилотларнинг мақсадли маблағлари" қурилишни молиялаштириш махсус депозит ҳисоб рақамига маблағларнинг сўм эквивалентини ўтказиш.



2. Молия вазирлигига маблағлар тушган кундан бошлаб уч банк куни мобайнида.



3. Инжиниринг компанияси томонидан қишлоқ жойларда намунали лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилишини молиялаштириш ҳамда ушбу мақсадларда олинган маблағларни пудрат ташкилотларининг махсус ҳисоб рақамига ўтказиш.

           


3. Тендер ҳужжатлари ва пудрат шартномалари шартларига мувофиқ.

       







2-босқич

Якка тартибдаги қурувчилар,

"Қишлоқ қурилиш инвест" ИК МЧЖ,

Молия вазирлиги,

"Қишлоқ қурилиш банк" АТБ


         

1. Банкда йиғилган якка тартибдаги қурувчиларнинг умумий бадаллар маблағларини (якка тартибдаги уй-жойлар қийматининг қисман тўлови) инжиниринг компаниясининг махсус ҳисоб рақамига ўтказиш.



          

1.Тендер савдолари тугаллангандан кейин бир ой мобайнида.





2. Қишлоқ жойларда намунали лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши тугаллангандан кейин инжиниринг компанияси томонидан банкда очилган Молия вазирлигининг "Бюджетдан ташқари маблағлар учун Ҳукуматнинг талаб қилиб олинадиган депозитлари" 20202-сон махсус ҳисоб рақамига умумий бадаллар маблағларини ўтказиш.



2. Қурилиш тугаллангандан кейин бир ой мобайнида.


3. Молия вазирлиги томонидан Ислом тараққиёт банки молиявий маблағларини қайтариш ва унга хизмат кўрсатиш тўғрисидаги битимга мувофиқ банк кредит линияси сифатида берилган 22010-сон "Ҳукуматга тўланадиган узоқ муддатли кредитлар" депозит ҳисоб рақамига якка тартибдаги қурувчиларга ипотека кредити бериш учун молиявий маблағларни ўтказиш.

         


3. Қурилиш тугаллангандан кейин икки ой мобайнида.

         







3-босқич

"Қишлоқ қурилиш банк" АТБ,

якка тартибдаги қурувчилар,

"Қишлоқ қурилиш инвест" ИК МЧЖ,

Молия вазирлиги


          

1. Банк томонидан якка тартибдаги уй-жой сотиб олиш учун якка тартибдаги қурувчиларга имтиёзли ипотека кредитлари бериш.



         

1. Қурилиш тугаллангандан кейин икки ой мобайнида.





2. Якка тартибдаги қурувчиларнинг ссуда ҳисоб рақамларидан маблағларни инжиниринг компаниясининг бўйича 22626-сон "Корхоналар ва ташкилотларнинг мақсадли маблағлари" қурилишни молиялаштириш махсус депозит ҳисоб рақамига ўтказиш (якка тартибдаги турар жой қийматининг якуний тўлови).



2. Қурилиш тугаллангандан кейин икки ой мобайнида.


3. Инжиниринг компанияси томонидан Ислом тараққиёт банкининг молиявий маблағларига хизмат кўрсатиш мақсадида очилган Молия вазирлигининг 20202-сон "Бюджетдан ташқари маблағлар бўйича Ҳукуматнинг талаб қилиб олинадиган депозитлари" депозит ҳисоб рақамига ўтказиш.

         


3. Инжиниринг компанияси маблағлари тушгандан кейин уч банк куни мобайнида.

         







4-босқич

Якка тартибдаги қурувчилар,

"Қишлоқ қурилиш банк" АТБ,

Молия вазирлиги

АКБ "Қишлоқ қурилиш банк", Ислом тараққиёт банки


           

1. Якка тартибдаги қурувчилар томонидан банк олдидаги имтиёзли ипотека кредитларини қайтариш.



         

1. Банк ва якка тартибдаги қурувчилар ўртасида тузилган кредит шартномаларига мувофиқ (кредит берилган санадан бошлаб 15 йил мобайнида).





2. Банк томонидан имтиёзли ипотека кредитларини қайтариш ҳисобига келиб тушган маблағларни Молия вазирлигига ўтказиш.



2. Молия вазирлиги ва банк ўртасидаги Ислом тараққиёт банкининг молиявий маблағларини қайтариш ва унга хизмат кўрсатиш тўғрисидаги битимга мувофиқ.



3. Молия вазирлиги томонидан унинг депозит ҳисоб рақамига инжиниринг компанияси ва банкдан тушган маблағларни йиғиш, жалб этилган молиявий маблағларни валютага конвертация қилиш ҳамда молиявий маблағларни қайтариш учун Ислом тараққиёт банкига ўтказиш.

             


3. Ўзбекистон Республикаси ва Ислом тараққиёт банки ўртасида 2014 йил 27 октябрда тузилган Истисна`а битими ва агентлик битимига мувофиқ.

         

            

            

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 20 июль, 28-сон, 369-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2015 йил, 7-сон, 59-модда