язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Давлат дастурлари, концепциялари ва уларни амалга ошириш/ Бозор муносабатлари/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 17.04.2013 й. ПҚ-1957-сон "2013-2016 йилларда қишлоқ жойларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини жадал ривожлантириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

17.04.2013 й.

N ПҚ-1957



2013-2016 ЙИЛЛАРДА ҚИШЛОҚ ЖОЙЛАРДА

ХИЗМАТ КЎРСАТИШ ВА СЕРВИС СОҲАСИНИ

ЖАДАЛ    РИВОЖЛАНТИРИШ    ЮЗАСИДАН

ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Қишлоқ жойларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини жадал ва мувозанатлашган тарзда ривожлантириш, қишлоқ аҳолисининг замонавий юқори технологик ва бозор хизмат турларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, бунинг асосида янги иш жойларини яратиш ва аҳоли даромадлари оширилишини таъминлаш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан манфаатдор вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда ишлаб чиқилган қуйидагиларни ўз ичига олган 2013-2016 йилларда Ўзбекистон Республикасининг қишлоқ жойларида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини янада жадал ривожлантириш Дастури маъқуллансин:

2013-2016 йилларда қишлоқ жойларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини жадал ривожлантиришнинг асосий хизмат турлари ва ҳудудлар бўйича мақсадли параметрлари 1 ва 2-иловаларга* мувофиқ;

2013-2016 йилларда қишлоқ жойларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини янада ривожлантириш ва ўсиш кўламини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар комплекси 3-иловага* мувофиқ.


2. 2013-2016 йилларда Ўзбекистон Республикасининг қишлоқ жойларида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини янада жадал ривожлантириш Дастурининг бажарилишини мониторинг қилиш бўйича Ишчи гуруҳ 4-иловага** мувофиқ таркибда тузилсин.

Ишчи гуруҳ (Г.К. Саидова) мазкур қарор билан тасдиқланган Дастурнинг амалга оширилиши устидан тизимли асосда назорат ўрнатилишини ва ҳар йили, ярим йиллик ва умуман йил якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамаси йиғилишларида кўриб чиқиш учун белгиланган вазифалар ва параметрларнинг сўзсиз бажарилиши бўйича аниқ таклифлар билан таҳлилий материаллар киритилишини таъминласин.


3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари бир ой муддатда, ҳудудларнинг салоҳияти ва имкониятларидан имкон қадар тўлиқ фойдаланган ҳолда хизмат кўрсатиш соҳасини комплекс равишда жадал ва мувозанатлашган ривожлантиришни таъминлаш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирларни ўз ичига олган 2013-2016 йилларда қишлоқ жойларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини жадал ривожлантириш ҳудудий дастурларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари доимий асосда:

хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси объектларини барпо этиш учун қишлоқ аҳоли пунктларидаги давлат мулки бўлган ва фойдаланилмаётган бинолар ва хоналарни тадбиркорлик субъектларига беришни;

"бир ойна" тартиби бўйича хизмат кўрсатиш соҳаси объектларини барпо этиш учун тадбиркорлик субъектларига ер участкалари ажратиб берилишини ва бунда ҳудудларни қуришнинг бош режаларига мувофиқ лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда, кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда кўмаклашишни тезлаштирилган ҳолда хизмат кўрсатиш соҳаси объектларини муҳандислик коммуникацияларига ҳамда ишлаб чиқариш инфратузилмасига улашни таъминласин.


4. Белгилансинки, қишлоқ жойлардаги давлат мулки бўлган фойдаланилмаётган бинолар ва хоналар хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасидаги корхоналар ҳамда объектларни ташкил этиш учун жисмоний ва юридик шахсларга қуйидаги шартларда берилади:

2013-2016 йиллар даврида қонун ҳужжатларида назарда тутилган тегишли коэффициентларни қўлламаган ҳолда давлатнинг кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг минимал ставкаси бўйича ижарага бериш;

давлат мулкини хорижий инвесторларга сотишда тендер савдоларини ўтказувчи Давлат комиссияси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича инвестиция мажбуриятларини қабул қилган ҳолда нулинчи харид қиймати бўйича сотиш.


5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ, 2013-2016 йиллар даврида ўз вақтида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлайдиган, солиқ ва статистика органларига ҳисоботларни топширадиган, шунингдек ўсиш ва рентабелликнинг барқарор суръатларини таъминлайдиган қишлоқ жойларда хизматлар кўрсатадиган кичик тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти текширувлардан холи этилади.


6. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Иқтисодиёт вазирлигининг 2013-2016 йилларда қишлоқ жойларда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитларнинг ҳудудлар ва тижорат банклари бўйича прогноз ҳажмлари тўғрисидаги таклифлари 5 ва 5а-иловаларга* мувофиқ маъқуллансин.


7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, "Ўзбектуризм" миллий компанияси икки ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси билан биргаликда қишлоқ туристик йўналишларида йўл бўйидаги инфратузилма ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектларини қуриш учун тайёр тортиб келтирилган муҳандислик коммуникациялари мавжуд бўлган ер участкаларининг манзилли рўйхатини тасдиқласин ва уларнинг тадбиркорлик субъектларига танлов асосида ажратиб берилишини таъминласин;

экологик, тиббий-соғломлаштириш, спорт туризми, шунингдек якка тартибдаги қишлоқ меҳмонхона уйлари негизида агротуризмни ўз ичига олган замонавий туристик хизматлар турларини устувор ривожлантириш зоналарини белгиласин.


8. Ўзбекистон Республикаси "Давархитектқурилиш" қўмитаси:

бир ой муддатда туристларга сервис хизмати кўрсатиш учун йўл бўйидаги инфратузилма мажмуаси қурилиши бўйича меъморий-режалаштириш талабларини ишлаб чиқсин, бунда қурилиш учун махсус ажратилган ҳудудда уларни ихчам жойлаштиришни, шунингдек ҳар бир мажмуанинг лойиҳаси ва ташқи архитектура кўринишининг ўзига хослиги ва хилма-хиллигини таъминласин;

туристларга сервис хизмати кўрсатиш учун йўл бўйидаги инфратузилма объектларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказишни, шунингдек қурилиш-монтаж ишларининг сифатини белгиланган тартибда тизимли назорат қилишни таъминласин.


9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2012-2016 йилларда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш Дастури тўғрисида" 2012 йил 10 майдаги ПҚ-1754-сонли қарорининг 5-иловасига қўшимчалар 6-иловага* мувофиқ киритилсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


11. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                          И. Каримов



*) 1 - 6-иловалар рус тилидаги матнда берилган.

**) 4-илова берилмайди.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 22 апрель, 16-сон, 216-модда