язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Давлат дастурлари, концепциялари ва уларни амалга ошириш/ Бозор муносабатлари/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21.05.2007 й. ПҚ-640-сон "Ўзбекистон Республикасида 2010 йилгача бўлган даврда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришни жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

21.05.2007 й.

N ПҚ-640



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

2010 ЙИЛГАЧА БЎЛГАН ДАВРДА ХИЗМАТ

КЎРСАТИШ      ВА      СЕРВИС      СОҲАСИНИ

РИВОЖЛАНТИРИШНИ ЖАДАЛЛАШТИРИШГА

ОИД ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Таъкидлансинки, "Хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳасини 2006-2010 йилларда ривожлантириш дастури"ни амалга ошириш натижасида 2006 йилда аҳолига кўрсатилган пулли хизматлар ҳажми 19,3 фоиз ўсди, республикада ишлаб чиқарилган ялпи ички маҳсулотнинг 39,5 фоизи хизмат кўрсатиш соҳасига тўғри келди, бу эса дастурда белгиланган прогноз кўрсаткичларидан анча кўп. Хизматларнинг замонавий, илғор турлари - телекоммуникация хизматлари, уяли телефон алоқаси, молия-банк хизматлари ва суғурта, сайёҳлик-экскурсия ва бошқалар жадал суръатда ривожланмоқда. 2006 йилда хизматлар кўрсатиш соҳасида 137 мингга яқин янги иш ўрни ташкил этилди.

Айни пайтда мавжуд салоҳият ҳамда хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳасини жадал суръатда ривожлантириш имкониятлари ҳали тўлиқ ишга солингани йўқ. Мамлакат ҳудудлари бўйича олганда аҳолига хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатида сезиларли фарқ бор. Қишлоқ аҳолисига хизматлар кўрсатиш тизими ҳам ўсиб бораётган талабларга жавоб бермаяпти.

Хизматлар кўрсатиш соҳасини ривожлантириш даражасини янада ошириш, аҳолига янги замонавий ва сифатли хизмат турлари кўрсатиш, иқтисодий ўсишни таъминлаш ва аҳоли, биринчи навбатда, қишлоқ жойларида бандлик масаласини ҳал этишда хизматлар кўрсатиш соҳасининг ролини кучайтириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмаларининг 2006 йилда хизматлар кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга доир амалда эришилган кўрсаткичларни ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 17 апрелдаги ПҚ-325-сонли қарори билан тасдиқланган "Хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳасини 2006-2010 йилларда ривожлантириш дастури"нинг асосий параметрлари ва тадбирларига ўзгартиш ва тузатишлар киритиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикасида 2007-2010 йилларда хизматлар кўрсатиш соҳасини ривожлантиришнинг янгиланган асосий параметрлари, 1-иловага* мувофиқ;

2007-2010 йилларда республика ҳудудларида хизматларнинг асосий турларини ривожлантиришнинг мақсадли параметрлари, 2-11-иловаларга* мувофиқ;

"Хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳасини 2007-2010 йилларда ривожлантириш дастури"нинг мавжуд эҳтиёжни ҳисобга олиб аниқлаштирилган ва тўлдирилган асосий йўналишлари ва тадбирлари, 12-иловага* мувофиқ маъқуллансин.


2. Вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари:

бир ҳафта муддатда 2007-2010 йиллар учун тузатилган асосий йўналишлар ва тадбирларни ҳисобга олиб, хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш тармоқ ва ҳудудий дастурларига тегишли ўзгартишлар киритсин;

хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш ҳудудий ва тармоқ дастурлари бажарилиши устидан доимий мониторинг ўрнатсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Марказий банкининг 2007-2010 йилларда хизматлар кўрсатиш соҳасини ривожлантириш учун ажратилаётган имтиёзли кредитларнинг ҳажмини Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузуридаги Иш билан таъминлашга кўмаклашиш жамғармаси ва "Микрокредитбанк" тижорат банки маблағлари ҳисобидан ошириш тўғрисидаги таклифи 13-иловага* мувофиқ маъқуллансин.

Белгилаб қўйилсинки:

ажратилаётган кредит ресурслари хизмат кўрсатиш бўйича янги ташкил этилаётган корхоналарни фақат технологик жиҳозлаш мақсадларига йўналтирилади;

кредит ресурсларини олишда қишлоқ жойларида хизматлар кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларига устувор ҳуқуқ берилади.


4. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг қишлоқ жойларида телекоммуникация операторлари ускуналарига асосланган ва кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан хизмат кўрсатиладиган ахборот-сервис инфратузилмасини яратиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Қишлоқ жойларида кичик тадбиркорлик субъектлари томонидан алоқа ва ахборотлаштириш тизимининг телекоммуникация соҳасида фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиялар учун олинадиган давлат божлари ҳажми қисқартирилсин ва 14-иловага* мувофиқ белгилансин.


5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

"Хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳасини 2007-2010 йилларда ривожлантириш дастури"нинг ижроси устидан тизимли мониторинг олиб борсин ва унинг ижроси натижаларини чорак, ярим йиллик ва йиллик якуний мажлисларда кўриб чиқсин;

дастурнинг амалга оширилиши натижаларини чуқур ва танқидий таҳлил қилиш асосида ҳар йили унинг асосий параметрлари ва тадбирларига кейинги йил учун хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳасини жадал ривожлантириш, мамлакат иқтисодиётида унинг улушини оширишга қаратилган тузатишлар киритиб борсин.


6. Қонунчиликка мувофиқ, кичик бизнес субъектларига хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳасида кенг солиқ имтиёзлари ва преференциялар берилгани маълумот учун қабул қилинсин.

Микрофирмалар ва кичик корхоналар учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 17 апрелдаги ПҚ-325-сон "Ўзбекистон Республикасида 2006-2010 йилларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланган солиқ имтиёзларига амал қилиш муддати 2014 йил 1 январгача узайтирилсин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 17 апрелдаги ПҚ-325-сон қарорининг 7-бандида кўзда тутилган солиқ имтиёзлари санаторийлар, ахборот-ресурс марказлари, болалар соғломлаштириш муассасалари, ахборот-кутубхона марказлари, шунингдек, суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари хизматларига ҳам татбиқ этилсин.


7. 2007 йилнинг 1 январидан статистика ишлари амалиётига халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқилган фаолият турлари бўйича Янги Умумдавлат хизматлар таснифлагичи жорий этилгани эътиборга олинсин.

Ўзбекистон Республикаси Статистика давлат қўмитаси, вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари ҳудудий иқтисодиёт ҳамда статистика органлари билан биргаликда ҳисобга олиш ва ҳисобдорликни ташкил этишни такомиллаштириш, статистика ҳисоботларида кичик бизнес субъектлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар ҳажмини акс эттирган ҳолда, тасдиқланган таснифловчига мувофиқ хизматларни ҳисобга олишнинг статистика стандартларига қатъий амал қилишга доир чора-тадбирларни амалга оширсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 17 апрелдаги ПҚ-325-сон "Ўзбекистон Республикасида 2006-2010 йилларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорининг 1-3-иловалари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги, Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар билан ҳамкорликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига қонунчиликка ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклиф киритсин.


10. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 21-сон, 213-модда.