язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ташқи иқтисодий фаолият/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 21.11. 2000 й. 456-сон "Тендер савдоларини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

21.11. 2000 й.

N 456


ТЕНДЕР САВДОЛАРИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Хорижий кредитлар ва грантлар маблағларидан янада самарали фойдаланиш, мамлакатимиздаги  ва чет эллик маҳсулот етказиб берувчилар ўртасидаги рақобатни ривожлантириш, маҳсулот етказиб беришга  кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш, хом ашё, материаллар, бутловчи буюмлар ва асбоб-ускуналарни харид қилиш юзасидан тендер савдолари ташкил этиш ва ўтказиш тизимини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетлари ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ҳукуматининг қарорларига мувофиқ ташкил этилган бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари ҳамда донор мамлакатлар, халқаро, хорижий ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлар билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ҳукумати томонидан тузилган шартномалар доирасида бериладиган хорижий грантлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси кафолати остида бериладиган хорижий кредитлар ҳисобига молиялаштириладиган ва битта контракт бўйича қиймати 100 минг АҚШ долларига тенг миқдордан ортиқ бўлган импорт қилинадиган ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган хом ашё, материаллар, бутловчи буюмлар ва асбоб-ускуналарни харид қилиш тендер асосида амалга оширилади.

Қуйидаги ҳолларда тендерлар ўтказилмайди, агар:

товарлар (ишлар, хизматлар) Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ харид қилинаётган бўлса;

донор мамлакатларнинг, тегишли халқаро, хорижий ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотларнинг тартиботларида ёки Ўзбекистон Республикаси давлат кафолати остида хорижий кредитлар ва хорижий грантлар бериш шартларида ўзгача ҳол белгиланган бўлса.

2. Хом ашё, материаллар, бутловчи буюмлар ва асбоб-ускуналарни харид қилиш бўйича тендер савдолари ўтказиш тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилаб қўйилсинки, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар товарлар, ишлар, хизмат ларнинг барча турларини харид қилишда ушбу Низомга амал қиладилар, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Вазирликлар ва идораларга, корхоналар ва ташкилотларга ўз маблағлари ҳисобига хом ашё, материаллар, бутловчи буюмлар ва асбоб-ускуналар харид қилишда тасдиқланган Низомга амал қилиш тавсия этилсин.


3. Белгилаб қўйилсинки, мазкур қарор талаблари бажарилиши таъминланиши учун  вазирликлар ва идоралар, концернлар, уюшмалар, корпорациялар, компаниялар, корхоналар, ташкилотлар ва ҳудудий бошқарув органлари раҳбарлари шахсан жавоб берадилар.


4. Вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда ўз норматив ҳужжатларини мазкур қарорга мувофиқлаштирсинлар.


5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў. Султонов зиммасига юклансин.



Вазирлар Махкамаси Раиси                                                           И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 2000 й., N 11, 72-модда.