ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикасининг 09.12.2015 й. ЎРҚ-395-сон "Электрон ҳукумат тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 18.11.2015 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 03.12.2015 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

09.12.2015 й.

N ЎРҚ-395



ЭЛЕКТРОН ҲУКУМАТ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2015 йил 18 ноябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2015 йил 3 декабрда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади электрон ҳукумат соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Электрон ҳукумат тўғрисидаги

қонунчилик

Электрон ҳукумат тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг электрон ҳукумат тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


электрон ҳукумат - давлат органларининг жисмоний ва юридик шахсларга ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш йўли билан давлат хизматлари кўрсатишга доир фаолиятини, шунингдек идоралараро электрон ҳамкорлик қилишни таъминлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар ва техник воситалар тизими;


давлат хизмати - ариза берувчиларнинг сўровларига кўра амалга ошириладиган, давлат органларининг вазифаларини бажариш бўйича улар томонидан кўрсатиладиган хизмат. Агар қонунчиликка мувофиқ давлат хизматлари кўрсатиш функциялари бошқа ташкилотлар зиммасига юклатилган бўлса, улар ҳам давлат хизматини кўрсатишлари мумкин;

сўров - ариза берувчининг давлат хизмати кўрсатилиши тўғрисида давлат органларига юбориладиган талаби;


ариза берувчи - давлат органига сўров билан мурожаат этган жисмоний ёки юридик шахс;


идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш - давлат органлари ўртасида ахборот-коммуникация технологиялари воситасида маълумотлар алмашиш;


электрон ҳукуматнинг ягона идентификаторлари - ҳар бир жисмоний ва юридик шахсга, кадастр ва кўчмас мулк объектларига, географик ва бошқа объектларга бериладиган, уларни электрон ҳукуматда идентификациялаш имконини берувчи ноёб кодлар;


электрон давлат хизматининг регламенти - электрон давлат хизмати кўрсатишга доир тартибни ва талабларни белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат;


электрон давлат хизмати - ахборот-коммуникация технологиялари қўлланилган ҳолда кўрсатиладиган давлат хизмати.



4-модда. Электрон ҳукуматнинг асосий вазифалари

Электрон ҳукуматнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини, тезкорлигини ва шаффофлигини таъминлаш, уларнинг масъулиятини ва ижро интизомини кучайтириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ахборот алмашишни таъминлашнинг қўшимча механизмларини яратиш;

ариза берувчилар учун мамлакатнинг бутун ҳудудида давлат органлари билан ўзаро муносабатларни электрон ҳукумат доирасида амалга ошириш бўйича имкониятлар яратиш;

ўз зиммасига юклатилган вазифалар доирасида давлат органларининг маълумотлар базаларини, Ягона интерактив давлат хизматлари порталини ва Электрон давлат хизматларининг ягона реестрини шакллантириш;

аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда электрон ҳужжат айланиши, давлат органларининг ўзаро ҳамкорлиги ва уларнинг маълумотлар базалари ўртасида ахборот алмашинуви механизмларини шакллантириш ҳисобига давлат бошқаруви тизимида "бир дарча" принципини жорий этиш;

тадбиркорлик субъектларини электрон ҳужжат айланишидан фойдаланишга, шу жумладан статистика ҳисоботини тақдим этиш, божхона расмийлаштируви, лицензиялар, рухсатномалар, сертификатлар бериш жараёнларида, шунингдек давлат органларидан ахборот олиш жараёнларида электрон ҳужжат айланишидан фойдаланишга ўтказиш;

тадбиркорлик субъектларининг электрон тижорат, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали маҳсулотни сотиш ва харидларни амалга ошириш тизимларидан фойдаланишини, шунингдек коммунал хизматларни ҳисобга олишнинг, назорат қилишнинг ва улар учун ҳақ тўлашнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий этишни кенгайтириш;

нақд бўлмаган электрон тўловлар, давлат харидларини амалга ошириш, масофадан фойдаланиш тизимларини ва банк-молия соҳасидаги фаолиятнинг бошқа электрон шаклларини ривожлантириш.



5-модда. Электрон ҳукуматнинг асосий принциплари

Электрон ҳукуматнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги;

электрон давлат хизматларидан ариза берувчиларнинг тенг равишда фойдаланиши;

"бир дарча" принципи бўйича электрон давлат хизматлари кўрсатиш;

давлат органларининг ҳужжатларини бирхиллаштириш;

электрон ҳукуматнинг ягона идентификаторларидан фойдаланиш;

электрон давлат хизматлари кўрсатиш тартибини мунтазам такомиллаштириб бориш;

ахборот хавфсизлигини таъминлаш.


6-модда. Давлат органлари фаолиятининг

очиқлиги ва шаффофлиги принципи

Давлат органларининг электрон ҳукумат соҳасидаги фаолияти қонунчиликка мувофиқ очиқ ва шаффоф тарзда амалга оширилади.

Ариза берувчиларга электрон давлат хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисидаги ахборот оммабоп ва очиқдир ҳамда у электрон давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органларининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.

Электрон давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари ариза берувчи сўровининг кўриб чиқилиши ҳолати ва хизматлар кўрсатилиши натижалари тўғрисидаги ахборотни тегишли хабарларни электрон шаклда юбориш йўли билан унинг талабига кўра тақдим этади.


7-модда. Электрон давлат хизматларидан

ариза берувчиларнинг тенг равишда

фойдаланиши принципи

Электрон давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари барча ариза берувчиларнинг электрон давлат хизматларидан тенг равишда фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратиши шарт.



8-модда. "Бир дарча" орқали электрон давлат

хизматлари кўрсатиш принципи

Электрон давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органи бундай хизмат кўрсатиш учун бошқа давлат органларида мавжуд бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни олиши талаб этиладиган ҳолларда электрон давлат хизмати кўрсатиш "бир дарча" принципи бўйича амалга оширилади, бунда электрон давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органи мазкур ҳужжатлар ва маълумотларни мустақил равишда, ариза берувчининг иштирокисиз идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш воситасида олади.


9-модда. Давлат органларининг ҳужжатларини

бирхиллаштириш принципи

Электрон давлат хизматлари кўрсатиш чоғида, шунингдек идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш жараёнида фойдаланиладиган давлат органлари ҳужжатлари электрон давлат хизмати кўрсатиш доирасида бошқа давлат органлари томонидан сўралаётган ахборотнинг ушбу ҳужжатлардан чиқариб ташланиши ҳисобга олинган ҳолда ўзаро бирхиллаштирилиши керак.

Ҳужжатларни бирхиллаштириш бевосита давлат органлари томонидан электрон ҳукумат соҳасидаги ваколатли орган билан биргаликда амалга оширилади.



10-модда. Электрон ҳукуматнинг

ягона идентификаторларидан

фойдаланиш принципи

Электрон давлат хизматлари кўрсатиш чоғида, шунингдек идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш жараёнида электрон ҳукуматнинг ягона идентификаторларидан фойдаланилади.

Ахборотни электрон ҳукуматнинг марказий маълумотлар базаларида, шунингдек электрон давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органларининг ахборот тизимларида ва ахборот ресурсларида сақлаш ҳамда унга ишлов бериш электрон ҳукуматнинг ягона идентификаторларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Электрон ҳукуматнинг ягона идентификаторлари рўйхати, уни шакллантириш, юритиш ва ундан фойдаланиш тартиби, шунингдек ариза берувчининг ўзи тақдим этган идентификаторга мувофиқлигини аниқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


11-модда. Электрон давлат хизматлари кўрсатиш тартибини

мунтазам такомиллаштириб бориш принципи

Электрон давлат хизматлари кўрсатиш, шунингдек электрон давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби такомиллаштириб борилиши, шу жумладан қуйидаги йўллар билан такомиллаштириб борилиши шарт:

давлат органларининг ортиқча маъмурий тартиб-таомилларини бартараф этиш ва (ёки) бирлаштириш ҳамда келишиб олинадиган вазифалари сонини камайтириш;

ариза берувчилар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар сонини қисқартириш;

идоралараро электрон ҳамкорлик қилишни мақбуллаштириш;

электрон давлат хизматлари кўрсатиш муддатларини қисқартириш.

Электрон давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари электрон давлат хизматлари кўрсатиш тартибини мунтазам такомиллаштириб боришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиши ва амалга ошириши шарт.



12-модда. Ахборот хавфсизлигини таъминлаш принципи

Электрон давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари электрон давлат хизматлари кўрсатишда фойдаланиладиган ахборот тизимлари ва ахборот ресурсларининг ахборот хавфсизлигини таъминлаши шарт.

Электрон давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари шахсга доир маълумотлар, шунингдек давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар муҳофаза қилинишини ва улардан рухсатсиз фойдаланишнинг олди олинишини таъминлаш юзасидан зарур ташкилий-техник чоралар кўради.

Электрон давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органларининг ахборот тизимларида ва ахборот ресурсларида сақланадиган шахсга доир маълумотлардан улар қайси ариза берувчига тааллуқли бўлса, ўша ариза берувчининг розилиги билан уларга ишлов бериш, уларни узатиш ва олиш учун фойдаланилади, бундан қонунчиликда белгиланган ҳоллар мустасно.


2-БОБ. ЭЛЕКТРОН ҲУКУМАТ СОҲАСИНИ

ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ТАРТИБГА СОЛИШ

13-модда. Электрон ҳукумат соҳасини давлат томонидан

тартибга солишни амалга оширувчи органлар

Электрон ҳукумат соҳасини давлат томонидан тартибга солишни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, электрон ҳукумат соҳасидаги ваколатли орган ва бошқа давлат органлари амалга оширади.


14-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

электрон ҳукумат соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

электрон ҳукумат соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

электрон ҳукумат соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни тасдиқлайди ҳамда уларнинг амалга оширилишини назорат қилади;

электрон ҳукуматнинг шакллантирилишини ва ишлашини унинг асосий принципларига мувофиқ таъминлайди;

Электрон давлат хизматларининг ягона реестрини юритиш тартибини белгилайди;

идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш тизимининг ишлаш тартибини белгилайди;

электрон давлат хизматларини кўрсатишда электрон давлат хизматлари кўрсатувчи бир нечта давлат органи иштирок этадиган бўлса, ўша электрон давлат хизматларининг регламентларини тасдиқлайди;

электрон давлат хизматлари кўрсатиш сифатини баҳолаш услубиётини, шунингдек электрон ҳукумат лойиҳаларини амалга ошириш самарадорлигининг мақсадли кўрсаткичларини тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


15-модда. Электрон ҳукумат соҳасидаги

ваколатли органнинг ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги электрон ҳукумат соҳасидаги ваколатли органдир.

Электрон ҳукумат соҳасидаги ваколатли орган ўз ваколатлари доирасида:

электрон ҳукумат соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

электрон ҳукуматни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш ва электрон ҳукумат тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилишини амалга оширади;

электрон ҳукумат соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқади;

давлат органларининг электрон ҳукумат соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

электрон ҳукумат соҳасидаги мониторингни амалга оширади, электрон давлат хизматлари кўрсатиш, шунингдек идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги ҳисобот материалларини шакллантиради ва уларга ишлов беради;

электрон ҳукумат инфратузилмасининг марказий маълумотлар базаларига, идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш тизимига, Ягона интерактив давлат хизматлари порталига, Маълумотларга ишлов бериш марказига ва идоралараро маълумотлар узатиш тармоғига тааллуқли қисмининг ишлаб туришини таъминлайди;

электрон давлат хизматлари кўрсатилиши сифатини, шунингдек электрон ҳукумат лойиҳаларини амалга ошириш самарадорлигининг мақсадли кўрсаткичларига эришилиши даражасини баҳолайди;

ахборотни тўплаш, сақлаш, унга ишлов бериш, уни узатиш ва алмашиш бўйича стандартлар ҳамда техник талаблар асосида электрон ҳукуматнинг техник асосини шакллантириш чора-тадбирларини кўради;

кўрсатилаётган электрон давлат хизматлари ва идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш тартиб-таомилларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

электрон давлат хизматларининг регламентлари келишиб олинишини амалга оширади;

Электрон давлат хизматларининг ягона реестрини шакллантиради ва юритади;

электрон ҳукумат ахборот тизимларининг ва ахборот ресурсларининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади;

электрон ҳукумат соҳасида давлат органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ташкил қилишда иштирок этади;

Ўзбекистон Республикасида электрон ҳукуматни ривожлантиришга инвестициялар жалб этилишини таъминлайди;

электрон ҳукумат соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади.

Электрон ҳукумат соҳасидаги ваколатли орган қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


16-модда. Давлат органларининг электрон

ҳукумат соҳасидаги ваколатлари

Давлат органлари ўз ваколатлари доирасида:

электрон ҳукумат соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этади;

электрон ҳукумат соҳасидаги давлат дастурларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқишда ҳамда амалга оширишда иштирок этади;

электрон ҳукумат соҳасида ахборот тизимлари ва ахборот ресурсларининг, шунингдек электрон давлат хизматларининг жорий этилишини, ривожлантирилишини ҳамда интеграциялашувини таъминлайди;

ўзларининг фаолият соҳасига мувофиқ электрон давлат хизматларининг регламентларини ишлаб чиқади ва электрон ҳукумат соҳасидаги ваколатли орган билан келишилган ҳолда уларни тасдиқлайди;

ўзи кўрсатадиган электрон давлат хизматлари Электрон давлат хизматларининг ягона реестрида рўйхатдан ўтказилишини таъминлайди;

ариза берувчиларнинг танловига кўра электрон давлат хизматларини олиш имкониятини таъминлайди;

электрон давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур шарт-шароитлар яратади, шу жумладан имконияти чекланган шахсларга зарур шарт-шароитлар яратади;

электрон давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур бўлган маълумотларни ўз ичига олган ахборот тизимлари ва ахборот ресурсларининг узлуксиз ишлашини таъминлайди;

ахборот тизимлари ва ахборот ресурсларининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўради;

электрон ҳукумат соҳасида ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш чораларини кўради;

электрон ҳукумат соҳасидаги давлат дастурларига ва бошқа дастурларга узвий боғлиқ ҳолда ахборот тизимларини, ахборот ресурслари ва тармоқларини ривожлантиришнинг идоравий режаларини (дастурларини) ишлаб чиқади;

ўз расмий веб-сайтларининг доимий ишлашини, шунингдек уларда электрон давлат хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисидаги ахборот эълон қилинишини таъминлайди;

ўз таркибий бўлинмаларида ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилишини таъминлайди;

электрон давлат хизматлари кўрсатилишининг бориши тўғрисидаги ахборотнинг ариза берувчилар томонидан ўзаро ҳамкорликнинг турли шакллари орқали олиниши имкониятини таъминлайди;

электрон ҳукумат тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда иштирок этади.

Давлат органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


17-модда. Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятларда

ва Тошкент шаҳрида электрон ҳукуматни ривожлантириш

Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятларда ва Тошкент шаҳрида ҳудудий ривожлантириш дастурлари электрон ҳукумат соҳасидаги давлат дастурлари ва бошқа дастурлар билан ўзаро боғлиқ бўлиши керак.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари электрон давлат хизматларини жорий этиш, идоралараро электрон ҳамкорликни ташкил қилиш лойиҳаларини электрон ҳукумат соҳасидаги ваколатли орган билан келишилган ҳолда амалга оширади.



3-БОБ. ЭЛЕКТРОН ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ КЎРСАТИШ

18-модда. Электрон давлат хизматларининг турлари

Электрон давлат хизматлари ахборот ва интерактив давлат хизматлари тарзида бўлиши мумкин.

Ахборот давлат хизмати ариза берувчиларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантиришга қаратилган, давлат органининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни эълон қилиш ва бошқача тарзда тарқатиш йўли билан кўрсатиладиган электрон давлат хизматидир.

Интерактив давлат хизмати ариза берувчига ариза берувчи ва электрон давлат хизмати кўрсатувчи давлат органи ўртасида икки томонлама электрон ҳамкорлик йўли билан кўрсатиладиган электрон давлат хизматидир.


19-модда. Электрон давлат хизматларининг ягона реестри

Электрон давлат хизматлари Электрон давлат хизматларининг ягона реестрида рўйхатдан ўтказилиши керак.

Электрон давлат хизматларининг ягона реестрида электрон давлат хизмати кўрсатиш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва маълумотларнинг рўйхати ҳамда ҳажми, шунингдек уларнинг тақдим этилиши учун масъул бўлган давлат органлари тўғрисидаги ахборот кўрсатилиши керак.

Электрон давлат хизматларининг ягона реестрини юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



20-модда. Электрон давлат хизматларига доир талаблар

Ахборот давлат хизматлари тўлиқ ва ишончли ахборотни ўз ичига олиши керак.

Интерактив давлат хизматлари:

қонунчилик асосида ва ахборотни тўплаш, сақлаш, унга ишлов бериш, уни узатиш ҳамда алмашиш бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар асосида ташкил этилиши;

электрон давлат хизматларининг тасдиқланган регламенти асосида кўрсатилиши;

шахсга доир маълумотларга ишлов беришни назарда тутувчи хизматлардан ариза берувчиларнинг хавфсиз фойдаланишини таъминлаши;

сўров юбориш ва электрон давлат хизматининг натижасини олиш имкониятини таъминлаши;

тўлиқ, ишончли бўлган ва рухсатсиз фойдаланишдан ҳимоя қилинган ахборотни ўз ичига олиши керак.



21-модда. Электрон давлат хизмати кўрсатиш

тўғрисидаги сўровга доир талаблар

Электрон давлат хизмати кўрсатиш тўғрисидаги сўровнинг таркибига, ҳажмига, идентификациясига, уни расмийлаштириш ва юбориш тартибига доир талаблар электрон давлат хизматининг регламенти билан тасдиқланади.

Ариза берувчининг идентификацияланишини талаб этувчи электрон давлат хизмати кўрсатиш тўғрисидаги сўров, қоида тариқасида, электрон ҳужжат тарзида бўлиши керак.

Электрон давлат хизмати кўрсатиш тўғрисида электрон ҳужжат тарзида юборилган сўров қоғоз шаклида юборилган сўровга тенглаштирилади.


22-модда. Сўралаётган электрон давлат хизмати

бўйича бериладиган жавобга доир талаблар

Сўралаётган электрон давлат хизмати бўйича бериладиган жавобнинг таркибига, ҳажмига, идентификациясига, уни расмийлаштириш ва юбориш тартибига доир талаблар электрон давлат хизматининг регламенти билан тасдиқланади.

Сўралаётган электрон давлат хизмати бўйича ариза берувчига юбориладиган жавоб, қоида тариқасида, электрон ҳужжат тарзида бўлиши ва электрон давлат хизматининг регламентида белгиланган муддатларда юборилиши керак.

Сўралаётган электрон давлат хизмати бўйича электрон ҳужжат тарзида юборилган жавоб қоғоз шаклида юборилган жавобга тенглаштирилади.


23-модда. Ариза берувчининг электрон давлат

хизматларини олиш чоғидаги ҳуқуқлари

Ариза берувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

электрон давлат хизматларини ўз вақтида ва электрон давлат хизматларининг тасдиқланган регламентларига мувофиқ олиш;

электрон давлат хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисида тўлиқ ва ишончли ахборот олиш;

электрон давлат хизмати кўрсатилишининг бориши тўғрисида ўзаро ҳамкорликнинг турли шакллари (расмий веб-сайт, телефон, электрон почта, тезкор алоқа ва бошқалар) орқали ахборот олиш;

электрон давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органларга ёки мансабдор шахсларга ёхуд судга белгиланган тартибда шикоят қилиш;

электрон давлат хизматлари кўрсатиш сифатини баҳолашда иштирок этиш;

электрон давлат хизматларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш.

Ариза берувчи қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


24-модда. Электрон давлат хизматлари кўрсатиш

сифатини баҳолашни амалга ошириш тартиби

Электрон давлат хизматлари кўрсатиш сифатини баҳолаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган услубиёт, шунингдек жамоатчилик фикрини ўрганиш асосида электрон ҳукумат соҳасидаги ваколатли орган томонидан амалга оширилади.

Электрон давлат хизматлари кўрсатиш сифатини баҳолаш натижалари мунтазам равишда оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши керак.

Электрон давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари баҳолаш натижаларини ҳисобга олган ҳолда ушбу хизматларнинг кўрсатилиш сифатини ошириш бўйича чоралар кўриши шарт.


4-БОБ. ЭЛЕКТРОН ҲУКУМАТНИНГ

ИШЛАШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

25-модда. Электрон ҳукумат инфратузилмаси

Электрон ҳукумат инфратузилмаси:

марказий маълумотлар базаларидан;

идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш тизимидан;

давлат органларининг ахборот тизимлари ва ахборот ресурслари ҳамда уларнинг мажмуаларидан;

давлат органларининг расмий веб-сайтлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан;

Маълумотларга ишлов бериш маркази ва идоралараро маълумотлар узатиш тармоғидан иборатдир.


26-модда. Электрон ҳукуматнинг марказий маълумотлар базалари

Электрон ҳукуматнинг марказий маълумотлар базалари ягона марказлаштирилган ахборот манбаларини тақдим этувчи давлат ахборот ресурслари бўлиб, уларда давлат хизматлари кўрсатиш ҳамда идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш учун давлат органларининг асосий маълумотлари умумлаштирилади ва сақланади.

Электрон давлат хизматлари кўрсатиш чоғида, шунингдек идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш жараёнида электрон ҳукуматнинг марказий маълумотлар базаларидаги ахборотдан фойдаланилади. Электрон давлат хизматлари кўрсатиш учун, шунингдек идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш учун зарур бўлган бошқа ахборот давлат органларининг ахборот тизимлари ва ахборот ресурсларида сақланиши мумкин.

Электрон ҳукуматнинг марказий маълумотлар базаларини яратиш, улардан фойдаланиш ва уларни сақлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


27-модда. Идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш тизими,

давлат органларининг ахборот тизимлари ва ахборот

ресурслари ҳамда уларнинг мажмуалари

Идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш тизими электрон давлат хизматлари кўрсатиш чоғида давлат органларининг функциялари ва вазифаларини амалга ошириш мақсадида уларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди.

Давлат органлари томонидан ахборот тизимларини ва ахборот ресурсларини яратиш чоғида идоралараро электрон ҳамкорлик қилишни таъминлаш учун электрон ҳукуматнинг марказий маълумотлар базалари билан уларнинг интеграциялашуви имконияти назарда тутилган бўлиши керак.

Идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш тизими ахборотни тўплашга, сақлашга, унга ишлов беришга, уни узатишга ва алмашишга доир талаблар асосида ишлайди.

Давлат органларида фойдаланиладиган ҳужжатлар электрон ҳужжат айланиши тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ, асосан электрон ҳужжатлар тарзида яратилиши, жўнатилиши ва сақланиши керак.

Идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш воситасида узатиладиган ҳужжатларнинг ва ахборотнинг рўйхати электрон давлат хизматларининг регламентлари билан белгиланади.

Идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш тизимининг ишлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Давлат органларининг электрон ҳукуматдаги ахборот тизимлари ва ахборот ресурслари ушбу органларнинг ваколатлари доирасида ахборотни тўплашни, сақлашни, излашни, унга ишлов беришни, шунингдек ундан фойдаланишни таъминлайди.

Давлат органларининг электрон ҳукуматдаги ахборот тизимлари ва ахборот ресурслари ахборотни тўплашни, сақлашни, излашни, унга ишлов беришни, шунингдек ушбу органларнинг ўзаро электрон ҳамкорлиги жараёнлари автоматлаштирилишини таъминлайдиган мажмуаларга бирлаштирилиши мумкин.



28-модда. Давлат органларининг расмий веб-сайтлари

ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали

Электрон давлат хизматлари ариза берувчиларга давлат органларининг расмий веб-сайтлари орқали ҳамда давлат органлари томонидан кўрсатиладиган интерактив давлат хизматларидан фойдаланишнинг ягона нуқтаси бўлган Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилади.

Электрон давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари электрон давлат хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисидаги ахборотни ўз расмий веб-сайтларига жойлаштиради.


29-модда. Электрон ҳукуматнинг маълумотларга ишлов

бериш маркази ва идоралараро маълумотлар

узатиш тармоғи

Электрон ҳукуматнинг маълумотларга ишлов бериш маркази электрон давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органларининг идоравий ва идоралараро ахборот тизимлари ҳамда ахборот ресурсларининг, электрон ҳукумат марказий маълумотлар базаларининг сақланишини ва интеграциялашувини таъминлайди.

Электрон давлат хизматлари кўрсатувчи давлат органлари идоравий ва идоралараро ахборот тизимларининг ҳамда ахборот ресурсларининг, электрон ҳукумат марказий маълумотлар базаларининг ўзаро ҳамкорлиги электрон ҳукуматнинг идоралараро маълумотлар узатиш тармоғи орқали амалга оширилади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

30-модда. Электрон ҳукуматни шакллантиришга

ва ривожлантиришга доир фаолиятни молиялаштириш

Электрон ҳукуматни шакллантиришга ва ривожлантиришга доир фаолиятни молиялаштириш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


31-модда. Низоларни ҳал этиш

Электрон ҳукумат соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


32-модда. Электрон ҳукумат тўғрисидаги

қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик

Электрон ҳукумат тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


33-модда.

Қонунчиликни

ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органларининг ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



34-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                             И. Каримов



"Халқ сўзи", 2015 йил 10 декабрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 14 декабрь, 49-сон, 611-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси",

2015 йил, 12-сон, 451-модда


































Время: 0.0189
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск