язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Давлат дастурлари, концепциялари ва уларни амалга ошириш/ Ижтимоий соҳа/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12.12.2006 й. Ф-2632-сон "Ижтимоий ҳимоя йили" Давлат дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармойиши

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОЙИШИ

12.12.2006 й.

N Ф-2632



"ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ЙИЛИ"

ДАВЛАТ ДАСТУРИНИ ИШЛАБ ЧИҚИШ ВА

АМАЛГА ОШИРИШ БЎЙИЧА ТАШКИЛИЙ

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА



Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни янада кучайтириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш, жамиятда эзгулик, меҳр-мурувват ва ҳамжиҳатлик, тинчлик ва осойишталик муҳитини мустаҳкамлаш мақсадида, шунингдек Ўзбекистон Республикасида 2007 йил - "Ижтимоий ҳимоя йили" деб эълон қилингани муносабати билан:


1. "Ижтимоий ҳимоя йили" давлат Дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича Республика комиссияси иловага* мувофиқ таркибда тузилсин.


2. Республика комиссияси (Ш.Мирзиёев) икки ҳафта муддатда "Ижтимоий ҳимоя йили" давлат Дастури Концепциясини тайёрласин, унда Дастурнинг аниқ бўлимларини, аҳолининг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш борасидаги йўналишлар ва соҳаларни белгиласин.

Бунда қуйидаги масалалар билан боғлиқ вазифаларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилсин:

- ижтимоий ҳимоя тизимининг самарадорлигини ошириш, аҳолининг ижтимоий ночор қатламларига ёрдам кўрсатишда табақалашган ҳолда ёндошувни кучайтириш мақсадида ҳуқуқий норма ва қоидаларни белгилаб берувчи янги қонун ҳужжатлари рўйхатини ишлаб чиқиш;

- амалдаги қонун ҳужжатлари ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қуйидагиларни назарда тутган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш бўйича таклифлар тайёрлаш:

а) аҳоли ночор қатламларининг турли тоифаларига, биринчи галда ёлғиз кекса фуқаролар, ногиронлар, боқувчисини йўқотган балоғатга етмаган болаларга кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам нормалари ва ставкаларини мақбуллаштириш;

б) кексалар ва ногиронлар уйларини, болалар уйларини ҳамда касалликларга чалинган болалар учун интернатларни, уруш ва меҳнат фахрийлари учун даволаш муассасаларини таъминлашга сарфланадиган норматив моддий харажатлар миқдорини мақбуллаштириш;

в) 2 ёшгача болалари бўлган оналарга, кўп болали ва кам таъминланган оилаларга маҳалла қўмиталари томонидан кўрсатиладиган моддий ёрдам ва ижтимоий нафақалар миқдорларини қайта кўриб чиқиш;

- "Меҳрибонлик" уйлари ва махсус мактаб-интернатларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, боқувчисиз қолган болаларга эътиборни янада кучайтириш, "Сен ёлғиз эмассан" инсонпарварлик шиорини ҳаётга амалий жорий этилишини таъминлаш;

- аҳолининг ночор қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини кучайтириш, ночор оилалар, ногиронлар ва ёлғиз кексаларга аниқ ва самарали ижтимоий ёрдам кўрсатишни ошириш, уларнинг эҳтиёжларини янада тўлиқ қондирилишини таъминлаш, уларга моддий ёрдам ва маънавий мадад кўрсатиш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга оширишда маҳалланинг ролини кучайтириш;

- жисмоний соғлом, маънавий бой авлодни шакллантириш чора-тадбирларини янада кенгайтириш, оналик ва болалик тўғрисида ғамҳўрликни кучайтириш, "Соғлом она - соғлом бола" ҳаракатини ривожлантириш. Бунда нафақат моддий ёрдам билан боғлиқ, балки мактабларнинг юқори синф ўқувчилари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий ўқув юртлари ёшлари ўртасида тушинтириш ишлари, турли факультатив машғулотларни олиб бориш билан боғлиқ бўлган аниқ йўналишлар белгилаб олинсин;

- "Меҳрибонлик", "Саховат" ва "Мурувват" уйларининг ижтимоий хизмат кўрсаташ тизими ходимлари меҳнатини рағбатлантириш ва муносиб баҳолаш механизмини янада такомиллаштириш;

- ёшларнинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш, уларнинг қобилияти ва салоҳиятини юзага чиқариш учун шароит яратиш, ёш оилалар мустақил ҳаётга қадам қўйишида уларни маънавий ва моддий рағбатлантириш йўли билан қўллаб-қувватлаш, ёш оилаларга имтиёзли кредитлар бериш;

- ҳурматли фахрийлар ва пенсионерларнинг соғлом ва сермазмун ҳаёт кечиришлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ёрдамга муҳтож одамларга беғараз ёрдам кўрсатиш, жамоатчилик томонидан уларнинг кенг кўламда эътироф этилиши ва қўллаб-қувватланишини таъминлаш.


3. Республика комиссияси (Ш.Мирзиёев) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар, идоралар, нодавлат жамоат ташкилотлари билан биргаликда Концепция асосида 2007 йилнинг 20 январигача "Ижтимоий ҳимоя йили" давлат Дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонига киритсин.


4. Мазкур фармойишнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                            И. Каримов



*) Илова рус тилидаги матнда берилган.