язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Давлат дастурлари, концепциялари ва уларни амалга ошириш/ Ижтимоий соҳа/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 09.12.2009 й. Ф-3329-сон ""Баркамол авлод йили" Давлат дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармойиши

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОЙИШИ

09.12.2009 й.

N Ф-3329



"БАРКАМОЛ АВЛОД ЙИЛИ"

ДАВЛАТ ДАСТУРИНИ ИШЛАБ ЧИҚИШ ВА

АМАЛГА ОШИРИШ БЎЙИЧА ТАШКИЛИЙ

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА



Мамлакатимизда соғлом ва уйғун камол топган авлодни тарбиялаш учун зарур имкониятлар ҳамда шарт-шароитларни яратиш, XXI аср - интеллектуал қадриятлар устуворлик қиладиган аср эканлигини эътиборга олган ҳолда Ватанимиз йигит ва қизларини ҳар томонлама баркамол шахслар этиб шакллантириш борасидаги кенг кўламли чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш мақсадида ва 2010 йил Ўзбекистон Республикасида "Баркамол авлод йили" деб эълон қилиниши муносабати билан:


1. "Баркамол авлод йили" Давлат дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича Республика комиссияси иловага мувофиқ таркибда тузилсин.


2. Республика комиссияси (Ш.М.Мирзиёев) бир ой муддатда вазирликлар, идоралар ва жамоат ташкилотлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда "Баркамол авлод йили" Дастури лойиҳасини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун киритсин.


3. Дастурда ҳар томонлама баркамол ёш авлодни шакллантиришни таъминлаш бўйича қабул қилинган давлат дастурлари ҳамда бошқа тадбирларга мувофиқ амалга ошириладиган чора-тадбирларни давом эттириш билан бир қаторда қуйидаги устувор йўналишлар бўйича энг муҳим вазифаларни ҳал этиш назарда тутилсин:

болалар ҳамда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга, уларни уйғун камол топтиришнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, амалдаги қонунлар ва меъёрий ҳужжатларга замон талабларига мос ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;

энг аввало, соғлом наслни, "Соғлом она - соғлом бола" дастурини амалга ошириб боришни таъминлаш, оналарнинг репродуктив саломатлигини сақлаш, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, профилактик соғлиқни сақлашни устувор даражада ривожлантириш, тиббиёт хизматининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши ва уни тарбиялаш масалалари бўйича аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини авж олдириш орқали соғлом авлодни шакллантириш борасидаги чора-тадбирларни янада кучайтириш, ёшларда соғлом ва аҳил оила қуришга интилиш иштиёқини шакллантириш;

ўсиб келаётган авлодни ўқитиш ва тарбиялаш соҳасида яратилган замонавий моддий-техника базасидан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш, замон талабларидан келиб чиққан ҳолда, олий ва ўрта махсус таълим тизимида реал иқтисодиёт тармоқлари ҳамда соҳаларида талаб этилаётган таълим ва мутахассисликларнинг йўналишларини қайта кўриб чиқиш ҳамда такомиллаштириш, давлат таълим стандартларини, ўқув дастурлари ва ўқув-услубий адабиётларни такомиллаштириш;

ўқув жараёнига янги ахборот-коммуникация ва педагогика технологияларини, электрон дарсликлар ҳамда мультимедия воситаларини кенг жорий этиш ҳисобига мамлакат мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва лицейларида, олий таълим муассасаларида таълим бериш сифатини тубдан яхшилаш, таълим муассасаларининг ўқув-лаборатория базасини энг замонавий ўқув ва лаборатория ускуналари, компьютер техникаси билан мустаҳкамлаш, шунингдек, ўқитувчилар ва мураббийларнинг машаққатли меҳнатини моддий ҳамда маънавий рағбатлантиришнинг самарали тизимини шакллантириш;

нафақат мактабларда, лицейларда, коллеж ва олий таълим муассасаларида, балки ҳар бир оиланинг ҳаётида замонавий ахборот ва компьютер технологиялари, рақамли ҳамда кенг форматли телекоммуникация алоқа воситалари, Интернет тизимини татбиқ этиш, ўзлаштириш ва янада ривожлантириш;

ёш авлоднинг жисмоний тарбияси ва болалар спорти соҳасида, ёшларни, айниқса, қишлоқ жойларда қизларни мунтазам равишда спорт билан шуғулланишга жалб этиш бўйича олиб борилаётган ишларни босқичма-босқич кучайтириш, янги спорт комплекслари, стадионлар, иншоотлар қуриш, уларни замонавий спорт анжомлари ва ускуналари билан жиҳозлаш, юқори малакали тренер кадрлар ва мураббийлар билан мустаҳкамлаш;

таркибий (техник ҳамда технологик) ўзгартиришларнинг энг муҳим йўналиши, аҳоли даромадлари ва мулкдорларнинг ўрта синфини шакллантириш асоси сифатида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни янада рағбатлантириш ва бу соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал этишнинг комплекс чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, айниқса, қишлоқ жойларда ёшларни, авваламбор касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасалари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш учун шарт-шароит яратиш;

илм-фанни янада ривожлантириш, талантли, иқтидорли ёшларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш учун шароит яратиш, улар томонидан ўзларининг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини амалга ошириш, жумладан, илм-фан ва технологияларни ривожлантириш махсус жамғармасини ташкил этиш, Фанлар академияси ва мамлакатимиз олий таълим муассасалари тизимида илғор, истиқболли илмий тадқиқотлар ва илмий изланишлар олиб бориш учун янги лабораториялар яратиш, хорижий илмий марказлар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш ва кенгайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

ёш оилаларга ғамхўрлик қилишни кучайтириш, уларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, жисмонан соғлом ва уйғун камол топган ёш авлодни тарбиялаш ишида жамиятнинг муҳим, ҳал қилувчи бўғини бўлган, фарзандлар шахс сифатида шаклланиб, Ватанга муҳаббат, миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбияланиб, ўз халқининг муносиб вакиллари бўлиб етишадиган, соғлом ҳамда мустаҳкам оилани қуриш учун зарур шароитларни яратиш;

ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини қарор топтириш, уларни гиёҳвандлик, ахлоқсизлик, ташқаридан кириб келаётган тубан "оммавий маданият"нинг турли иллатлари хавфи ва зарарли таъсирларидан ҳимоя қилиш комплекс чора-тадбирларини амалга ошириш.


4. Мазкур фармойишнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                         И. Каримов