Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Норматив-ҳуқуқий актларни тайёрлаш, қабул қилиш ва тизимлаштириш /

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсатининг 10.10.1991 й. 370-XII-сон "Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларини тайёрлаш, муҳокама қилиш ва уларнинг бажарилиши устидан назоратни ташкил этиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ КЕНГАШИ РАЁСАТИНИНГ

ҚАРОРИ

10.10.1991 й.

N 370-XII



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУН

ҲУЖЖАТЛАРИНИ ТАЙЁРЛАШ, МУҲОКАМА

ҚИЛИШ ВА УЛАРНИНГ БАЖАРИЛИШИ

УСТИДАН НАЗОРАТНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ҚОИДАЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсати ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларини тайёрлаш, муҳокама қилиш ва уларнинг бажарилиши устидан назоратни ташкил этиш Қоидалари тасдиқлансин (илова қилинади).


2. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг комиссиялари, қўмиталари, Котибияти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси, республика вазирликлари ва идоралари қонун ҳужжатларининг лойиҳаларини ишлаб чиқиш чоғида ушбу Қоидаларнинг талаблари қатъий бажарилишини таъминласинлар.



Ўзбекистон Республикаси

Олий Кенгашининг Раиси                                                         Ш. Йўлдошев



Ўзбекистон Республикаси

Олий Кенгаши Раёсатининг

1991 йил 10 октябрдаги

370-XII-сон Қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларини

тайёрлаш, муҳокама қилиш ва уларнинг

бажарилиши устидан назоратни ташкил этиш

ҚОИДАЛАРИ


I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Қоидаларнинг вазифалари


Ушбу Қоидалар қонун лойиҳаси таклиф этиш ҳуқуқига эга бўлган идоралар, ташкилотлар ва шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасининг қонун лойиҳаларини, шунингдек норматив характердаги Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсати қарорларининг лойиҳаларини тайёрлаш тартибини белгилаб беради.

Ушбу Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши, унинг Раёсати, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг топшириғига ёки тавсиясига биноан ёхуд ўз ташаббуси билан қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрловчи Ўзбекистон Республикасининг вазирликлари, давлат қўмиталари ҳамда идоралари, бошқа давлат ва жамоат идораларининг фаолиятига ҳам тааллуқлидир.



2-модда. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари

лойиҳаларини тайёрлашнинг демократик асослари


Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари лойиҳалари ошкоралик, жамоат фикрини ўрганиш ва ҳисобга олиш асосида, Ўзбекистон Республикаси халқ депутатларининг, Ўзбекистон Республикаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси давлат ва жамоат идораларининг, халқ депутатлари маҳаллий советларининг, меҳнат жамоалари ва жамоатчиликнинг фаол иштирокида тайёрланади. Лойиҳаларни тайёрлаш ишига илмий муассасалар, олимлар, мутахассислар ва халқ хўжалиги тегишли тармоқларининг юридик хизматлари жалб этилади.

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг лойиҳалари қонунда белгиланган тартибга мувофиқ, халқ муҳокамасига қўйилиши мумкин.



3-модда. Лойиҳалар республика қонунларининг

қоидаларига ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро

шартномаларига мувофиқ бўлишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг лойиҳаларини тайёрлаш чоғида Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикасининг ваколатларини алоҳида-алоҳида қилиб белгилаб қўйиш, Ўзбекистон Республикаси Кенгаши ва унинг Раёсатининг ваколатлари, Республика қонунчилигининг системаси ва қоидалари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ҳисобга олинади.



4-модда. Лойиҳаларнинг сифатли бўлишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг лойиҳалари устида ишлаётган давлат ва жамоат идоралари ушбу Қоидаларнинг талабларига мувофиқ лойиҳанинг сифатли ва ўз вақтида тайёрланишини таъминлашлари шарт.

Лойиҳа ҳар томонлама асосланган бўлиши, жамиятнинг талаб эҳтиёжларидан келиб чиқиши, шахс ва давлатнинг манфаатларини мумкин қадар тўлароқ акс эттириши керак. Лойиҳаларда давлат ва жамоат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг, мансабдор шахслар ва фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда вазифалари, норматив кўрсатмаларни бузганлик учун жавобгарлик чоралари аниқ назарда тутилган бўлиши керак.



5-модда. Қонунларнинг самарадорлигини ўрганиш


Ўзбекистон Республикасининг вазирликлари, давлат қўмиталари ва идоралари ўзларига топширилган тармоқ ёки бошқарув соҳасида, жамоат бирлашмаларининг республика идоралари ўзларининг устав вазифаларига мувофиқ қонунларни кўллаш тажрибасини ва уларнинг самарадорлигини ўрганишни ташкил этадилар, зарурат пайдо бўлганида эса қонун лойиҳаларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқадилар.



II БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУН

ҲУЖЖАТЛАРИ ЛОЙИҲАЛАРИНИ ТАЙЁРЛАШ

БОРАСИДАГИ ИШЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


6-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши

Раёсатининг лойиҳаларни тайёрлаш борасидаги

ишларни ташкил этиш билан боғлиқ фаолияти



Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раёсати Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш борасидаги ишларни ташкил этиш муносабати билан:

1) Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Иш тартибига мувофиқ лойиҳаларни тайёрлаш борасидаги ишларнинг режалаштирилишини ташкил этади, режалар бажарилиши устидан умумий назоратни амалга оширади;

2) Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши қўмиталари ва комиссияларига, давлат ва жамоат идораларига лойиҳаларни ишлаб чиқиш тўғрисида топшириқ ҳамда тавсиялар беради; қонун ҳужжатларининг лойиҳаларига доир концепцияларни қараб чиқади; қўмиталар ва комиссиялар, давлат ва жамоат идораларининг лойиҳаларни тайёрлашнинг боришига доир ахборотларини тинглайди;

3) Ўзбекистон Республикаси халқ депутатларига қонун лойиҳаларини тайёрлаш борасидаги ишда зарур ёрдам ва кўмак беради;

4) қонунга мувофиқ лойиҳаларни халқ муҳокамасига қўяди;

5) лойиҳаларни дастлабки тарзда ёхуд қўшимча тарзда қараб чиқиши учун Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг тегишли қўмиталари ва комиссияларига ва айни бир вақтда Қонунчилик, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартибот масалалари қўмитасига топширади, бунда хулоса тайёрлаш учун бош қўмита ёки комиссияни белгилайди;

6) давлат ва жамоат идораларининг амалдаги қонунларни кўллаш тажрибаси ва уларнинг самарадорлиги, уларни такомиллаштиришга доир ишлар тўғрисидаги ахборотларини тинглайди;

7) Ўзбекистон Республикаси халқ депутатларини Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг муҳокамасига киритиладиган қонун ҳужжатлари лойиҳалари билан, лойиҳаларга доир бошқа зарур материаллар билан ўз вақтида таъминланишини назорат қилади; депутатлардан олинган мулоҳазалар ва таклифларни тегишли қўмиталар ва комиссияларга ёхуд қонун ҳужжатининг лойиҳасини киритган идорага топширади;

8) ушбу Қоидаларнинг талаблари бузилган тақдирда қонун ҳужжати лойиҳасини муҳокамага киритган идорага қайтаради;

9) зарур ҳолларда қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш бўйича танлов эълон қилади;

10) лойиҳаларнинг тайёрланиши ташкил этилиши муносабати билан бошқа ваколатларини амалга оширади.



7-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши қўмиталари ва

комиссияларининг лойиҳаларни тайёрлаш борасидаги фаолияти


Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг қўмиталари ва комиссиялари лойиҳаларни тайёрлаш муносабати билан:

1) ўз ташаббусига кўра қонун ҳужжатларининг лойиҳаларини ишлаб чиқадилар ва уларни Республика Олий Кенгашининг муҳокамасига киритадилар;

2) Олий Кенгаш Раёсати ёки Олий Кенгаш раҳбарияти билан келишиб, лойиҳалар тайёрлаш ёки уларни дастлабки тарзда қараб чиқиш учун махсус комиссиялар ёхуд ишчи гуруҳлари тузадилар;

3) Қорақалпоғистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсати, халқ депутатлари маҳаллий Советлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси, Республиканинг давлат ва жамоат идоралари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳамда бошқа илмий муассасаларнинг лойиҳа бўйича фикрини сўрайдилар;

4) лойиҳалар бўйича тушган таклифларни умумлаштирадилар ва қараб чиқадилар.



8-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар

Маҳкамасининг лойиҳалар тайёрлаш билан боғлиқ фаолияти


Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси лойиҳаларни тайёрлаш муносабати билан:

1) ўз ташаббуси ёхуд Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши ёки унинг Раёсати топшириғига биноан қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлайди;

2) Республика вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларига лойиҳалар тайёрлаш тўғрисида топшириқлар беради, лойиҳаларни тайёрлашга доир ишларни бирлаштириб ва йўналтириб туради;

3) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идоралари, бошқа давлат ва жамоат идораларининг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг лойиҳалари бўйича фикрини сўрайди;

4) Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раёсатига лойиҳани халқ муҳокамасига қўйиш мақсадга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги тавсияларни киритади;

5) тақриз олиш учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари лойиҳаларини Республика Фанлар академияси ва бошқа илмий муассасаларга жўнатилади;

6) Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларини қўллаш тажрибаси ва бу қонунлар самарадорлигини ўрганиш натижалари тўғрисидаги ахборотларини тинглайди.



9-модда. Ўзбекистон Республикаси халқ депутатининг

лойиҳаларни тайёрлаш билан боғлиқ фаолияти


Ўзбекистон Республикасининг халқ депутати лойиҳаларни тайёрлаш муносабати билан:

1) Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашига, Ўзбекистон Республикаси Кенгашининг Раёсати ёки Олий Кенгашнинг қўмиталари ва комиссияларига лойиҳалар тайёрлаш тўғрисида таклифлар киритиши мумкин;

2) лойиҳани тайёрлаш чоғида тегишли давлат ва жамоат идораларига ёрдам сўраб мурожаат қилишга ҳақлидир (бу идоралар лойиҳани, бошқа зарур ҳужжатларни ишлаб чиқишда, ахборот ва маълумотнома материалларини олишда ёрдам кўрсатишлари шарт);

3) Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раёсати ёхуд Олий Кенгашнинг қўмиталари ва комиссиялари лойиҳалар тайёрлаш учун тузадиган комиссиялар ва ишчи гуруҳларининг ишида қатнашади;

4) қонунларни такомиллаштириш масалалари хусусида сайловчилардан ўзига тушган таклифларни умумлаштиради, бу таклифларни ўз ишида ҳисобга олади ёки Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раёсати ёхуд Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига маълум қилади;

5) сайловчиларни лойиҳалар устидаги ишларнинг боришидан хабардор қилади.



10-модда. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг

лойиҳалар тайёрлаш билан боғлиқ фаолияти


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги лойиҳаларни тайёрлаш муносабати билан:

1) юқори идораларнинг топшириғига биноан ва ўз ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг лойиҳаларини тайёрлайди, бошқа давлат ва жамоат идоралари билан биргаликда лойиҳаларни тайёрлашда иштирок этади;

2) Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсатининг ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг топшириғига, комиссиялар ва қўмиталарнинг сўровларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг лойиҳалари юзасидан юридик хулосалар беради;

3) топшириқларга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаётган Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг ишини мувофиқлаштиради; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари лойиҳаларини, жумладан ўз кучини йўқотган қонун ҳужжатларининг рўйхатини тайёрлаётган давлат ва жамоат идораларига методик ёрдам кўрсатади;

4) зарур ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсатини, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасини Ўзбекистон Республикасининг янги қонун ҳужжати қўлланилиши муносабати билан норматив ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш масалалари юзасидан хабардор қилади.



III БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУН

ҲУЖЖАТЛАРИ ЛОЙИҲАЛАРИНИ ТАЙЁРЛАШ


11-модда. Лойиҳаларни тайёрлаш бўйича

комиссиялар ёки ишчи гуруҳлари тузиш


Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжати лойиҳаси устида ишлаш учун тайёрлов комиссиялари, ишчи ва таҳрир гуруҳлари тузилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши, унинг Раёсати ёки Олий Кенгаш қўмиталари ва комиссиялари тузадиган тайёрлов комиссиялари таркибига Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари, давлат, жамоат ва бошқа идоралар ҳамда ташкилотларнинг, илмий муассасаларнинг вакиллари, бошқа мутахассислар, Олий Кенгаш Котибияти ва халқ депутатлари маҳаллий Советларининг ходимлари киритилади.

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжати лойиҳасини тайёрлаш ишларини ташкил этиш масъулияти юклатилган давлат ёки жамоат идораси лойиҳани тайёрлашда иштирок этаётган идораларнинг, бошқа манфаатдор давлат ва жамоат идораларининг, меҳнат жамоалари ва илмий муассасаларининг вакилларидан, мутахассислар ва олимлардан иборат комиссия тузиши мумкин.

Лойиҳани тайёрлаётган комиссия ёки идоралар (идора) лойиҳа устида иш бошлангунга қадар лойиҳанинг концепциясини ишлаб чиқади, мақсадини, татбиқ этиладиган соҳасини, тузилишини, тайёрланаётган ҳужжатнинг қонунчилик тизимида тутадиган ўрнини аниқлаб олади.

Лойиҳаларни тайёрлаётган идораларнинг илтимосига кўра вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар лойиҳадаги ўзларига дахлдор бўлган айрим масалалар бўйича хулосалар берадилар, маслаҳат бериш учун мутахассислар ажратадилар, лойиҳа ишлаб чиқилиши давомида юзага келадиган муаммолар юзасидан зарур материаллар тақдим этадилар.



12-модда. Лойиҳани тайёрлаш чоғида қонунларни

қўллаш тажрибаси ва жамоат фикрини ўрганиш


Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг қўмиталари ва комиссиялари давлат ва жамоат идоралари қонун ҳужжати лойиҳасини тайёрлаш чоғида:

1) лойиҳа мавзуси бўйича Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларини қўллаш тажрибасини ўрганадилар ва ҳисобга оладилар, жамиятнинг ҳуқуқий тартибга солишга бўлган эҳтиёжини, қонунларнинг самарадор бўлишига таъсир этувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлайдилар;

2) қонунларни такомиллаштиришга доир давлат идоралари ва жамоат ташкилотларининг, меҳнат жамоалари ва фуқароларнинг таклифларини, оммавий ахборот воситаларининг материалларини, илмий муассасалар, олимлар ва мутахассисларнинг тавсияларини, жамоат фикрини ўрганувчи бошқа воситаларнинг маълумотларини умумлаштирадилар ҳамда улардан фойдаланадилар;

3) бошқа давлатлардаги қонун билан тартибга солиш тажрибасини ҳисобга оладилар.



13-модда. Ўзбекистон Республикаси

қонун ҳужжатининг турини аниқлаш


Тартибга солинаётган муносабатларнинг савияси ва хусусиятига қараб қонун ҳужжатининг лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси қонунининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши қарорининг ёки Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаш Раёсати қарорининг лойиҳаси шаклида тайёрланади.



14-модда. Лойиҳани келишиб олиш


Лойиҳа уни тайёрлашни ташкил этиш учун масъул идора томонидан Ўзбекистон Республикасининг манфаатдор давлат ва жамоат идораларига, Қорақалпоғистон Республикаси Олий Кенгашининг Раёсатига, халқ депутатлари маҳаллий Советларига, илмий муассасаларга тақриз бериш учун юборилиши мумкин, улар лойиҳа юзасидан ўз таклиф ва мулоҳазаларини маълум қиладилар.

Лойиҳани дастлабки тарзда муҳокама этиш чоғида билдирилган таклиф мулоҳазалар ёки бу лойиҳа юзасидан тақризда баён этилган фикрлар кейинчалик лойиҳа устида иш олиб борилганда қараб чиқилади ва умумлаштирилади.



15-модда. Тайёрланган лойиҳани асослаш


Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатининг лойиҳасини киритиш билан бир вақтда уни қабул қилиш заруратини ҳамда кўллашдан мўлжалланаётган натижалар асослаб берилади, лойиҳа келишиб олинган давлат ва жамоат идоралари санаб ўтилади. Амалга ошириш учун қўшимча моддий ва бошқа хил сарф-харажатлар талаб қилинадиган лойиҳаларни тақдим этганда молия -иқтисодий асослар илова этилади.

Лойиҳани тайёрлашда қатнашган ва бу лойиҳага эътирози бўлган давлат ёки жамоат идорасининг раҳбари ўзи рози бўлмаган қоидаларнинг моҳияти юзасидан фикрини асосли равишда баён этади.



16-модда. Қонун ҳужжати қабул қилиш билан

боғлиқ бўлган Ўзбекистон Республикаси норматив

ҳужжатларининг лойиҳаларини ишлаб чиқиш


Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатининг лойиҳасини тайёрлаш ҳамда уни кўллаш учун зарур норматив ҳужжатларнинг лойиҳаларини (амалга киритиш тартиби тўғрисидаги ҳужжатлар, ҳукумат ва идораларнинг норматив ҳужжатлари ва ҳ.к.), илгари қабул қилинган қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки улар ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги таклифларни ишлаб чиқиш одатда айни бир вақтнинг ўзида амалга оширилади. Бу норматив ҳужжатлар янги қонун ҳужжати билан бир вақт, ёки уни амалга киритгунча ёхуд тасдиқланганидан кейин мумкин қадар қисқа муддат ичида қабул қилинади.

Янги ҳужжат қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш ва бу ҳужжатларни ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисидаги таклифлар ана шу ҳужжат лойиҳасининг матнига норма йўсинида киритилади, шунингдек янги ҳужжатга илова тариқасида расмийлаштирилиши ҳам мумкин. Қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифларни тайёрлаш анча вақт талаб этадиган ҳолларда ушбу масала юзасидан алоҳида қонун ҳужжати қабул қилинади. Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатига анча ўзгартиш ёки қўшимчалар киритиш зарур бўлган тақдирда бу ҳужжатнинг янги таҳрирдаги лойиҳаси тайёрланиши мумкин.



17-модда. Қонун ҳужжати лойиҳасини

холис экспертизадан ўтказиш


Қонун ҳужжатларининг лойиҳалари зарур ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсатининг қарори билан экспертлар ҳукмига ҳавола этилиши керак. Қўмитада комиссияда лойиҳа устидаги ишлар тугалланиб барча манфаатдор ташкилотлардан фикр олинганидан, қўмиталарда, комиссияларда лойиҳа келишилган ва муҳокама этилганидан, уни матбуотда эълон қилиб, бўлиб ўтган муҳокама якунлари чиқарилганидан кейингина экспертиза ўтказилади.

Қонун лойиҳаларини экспертизадан ўтказишга мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда қатнашмаган ва лойиҳа юзасидан фикр бермаган олимлар, амалиётчи ходимлар, бошқа шахслардан, шу жумладан мамлакатнинг бошқа минтақаларида яшаётган ва ишлаётган кишилардан иборат юқори малакали мутахассислар жалб этилади.

Лойиҳани экспертиза қилиш натижалари бўйича экспертлар гуруҳи ўзининг тегишли хулосасини беради.

Экспертиза хулосаларига рози бўлмаган тақдирда қонун лойиҳасини кўриб чиққан қўмита, комиссия Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раёсати мажлисида ва Олий Кенгашда ўз нуқтаи назарини ҳимоя этиши мумкин.

Тайёрланган қонун лойиҳаси ўз йўналиши, мазмуни, шакли, бошқа сифат кўрсаткичлари жиҳатидан уни ишлаб чиқувчилар олдига қўйилган вазифаларга жавоб беролмайди деб топилган тақдирда Олий Кенгаш Раёсати мазкур қонун лойиҳасини тайёрлаш юзасидан тузилган ишчи гуруҳини тарқатиб юбориш тўғрисида ва бундай гуруҳни янги таркибда тузиш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин.



18-модда. Қонунни тажриба тариқасида қўллаш


Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раёсати ўз ташаббуси билан ёки қонун лойиҳасини таклиф этиш ҳуқуқига эга бўлган идоралар, ташкилотлар ва шахсларнинг таклифига кўра қонуннинг самарадорлигини ўрганиш мақсадида янги қонунни айрим ҳудудда ёки халқ хўжалигининг бирон тармоғида тажриба тариқасида вақтинча жорий этиш тўғрисидаги масалани ҳал этиши мумкин. Шундай ҳолларда Олий Кенгаш Раёсати бу тажрибани ўтказиши тегишли давлат идораларига топширади.

Тажриба натижаларини ҳисобга олган ҳолда тегишли қонун ҳужжатининг лойиҳаси тайёрланади.



IV БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУН

ҲУЖЖАТЛАРИ ЛОЙИҲАЛАРИНИНГ МАЗМУНИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН АСОСИЙ ТАЛАБЛАР


19-модда. Лойиҳанинг мазмуни ва тузилиши


Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатининг лойиҳасида норматив кўрсатмалар модда шаклида баён этилади. Ўзбекистон Республикаси кодекслари ва бошқа қонунларининг моддаларига одатда сарлавҳа қўйилади. Бир моддага битта ёки бир-бирига ўзаро чамбарчас боғлиқ бир нечта кўрсатма жамланади.

Ўзбекистон Республикасининг йирик қонун ҳужжатлари лойиҳалари бўлим ва бобларга, моддалар эса қисм ва бандларга бўлинади. Лойиҳанинг бўлимлари, боблари, моддалари, моддаларнинг қисм ва бандлари лойиҳа мавзуи мантиқан ривожланиб боришини таъминлайдиган даражада изчил жойлаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатининг мақсади ва уни чиқариш сабабларини тушунтириш учун норматив кўрсатмаларни баён этишдан олдин кириш қисми (муқаддима) берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжати лойиҳасидаги қоидалар аниқ ва равшан бўлиши лозим. Лойиҳада ишлатилган тушунча ва атамаларни турлича шарҳлаш имкониятларини истисно этиш учун амалдаги қонунларда қабул этилган маънога мувофиқ ягона шаклда қўлланилади; зарур ҳолларда эса махсус атамалар ва тушунчаларнинг қисқача таърифи бериб ўтилади, умум томонидан қабул қилинган қисқартмалар қўлланилади ва бошқа қисқартмаларга тушунчалар бериб кетилади.

Лойиҳа матнида амалдаги қонун ҳужжатларига ҳавола этишга истисно тариқасидагина йўл қўйилади.

Давлат ва жамоат идоралари қонун лойиҳаси устидаги ишларни тугаллаш босқичида унинг матни умумий таҳрир этилишини ҳамда қонун матнини автоматлаштирилган ахборот системаларига киритиш учун белгиланган талабларга риоя этилишини таъминлайди.



20-модда. Лойиҳага илова қилинадиган маълумотлар


Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжати лойиҳасида қуйидаги маълумотлар бўлиши шарт: ҳужжатнинг тури - Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг қарори, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсатининг қарори эканлиги кўрсатилиши, унинг асосий мазмунини акс эттирувчи сарлавҳаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раисининг имзоси.

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатининг лойиҳасида зарур ҳолларда уни амалга киритишнинг муддати ва тартиби кўрсатилади.



V БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУН

ҲУЖЖАТЛАРИНИНГ ЛОЙИҲАЛАРИНИ КИРИТИШ


21-модда. Лойиҳаларни киритиш


Қонун лойиҳаларини таклиф этиш ташаббуси ҳуқуқига эга бўлган идоралар, ташкилотлар ва шахслар Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва бошқа қонун ҳужжатларининг лойиҳаларини Ўзбекистон Республикасининг Олий Кенгаши муҳокамасига киритади ёки Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Иш тартибига мувофиқ уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раёсатига тақдим этади.

Вазирликлар, давлат қўмиталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасига қарашли бошқа идоралар томонидан топшириққа мувофиқ, шунингдек ўз ташаббуси билан тайёрланган Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг лойиҳалари, агар лойиҳа тайёрлаш тўғрисидаги топшириқда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, Вазирлар Маҳкамаси муҳокамасига тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатининг лойиҳаси дастлабки суратда қараб чиқиш натижаларини ҳисобга олган ҳолда, шунингдек ушбу Қоидаларнинг талаблари бузилган тақдирда тегишли вазирликка, давлат қўмитасига ёки идорага қайта ишлаш учун қайтарилиши мумкин.



22-модда. Қонун лойиҳаларини дастлабки

тайёрлашнинг якунловчи босқичлари


Тайёрланиши поёнига етказилган қонун лойиҳаси ишчи гуруҳ томонидан уни ишлаб чиқишда иштирок этган бош қўмита ва бошқа қўмиталар ҳамда комиссияларнинг ялпи мажлиси муҳокамасига киритилади. Зарур ҳолларда бундай муҳокама Олий Кенгашнинг барча қўмиталари ва комиссиялари ёки улар вакилларининг қўшма мажлисида ўтказилиши мумкин.

Олий Кенгаш Раёсати бош қўмита ва холис эксперт гуруҳи маърузаси асосида қонун лойиҳаси муҳокамасини Олий Кенгаш сессиясининг кун тартибига киритишни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашига тавсия этиш ҳақида ёки лойиҳа устидаги ишларни давом эттириш ёхуд лойиҳани рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Ўзбекистон Республикасининг Олий Кенгашига қонун лойиҳаси муҳокамасини сессия кун тартибига киритишни тавсия этиш ҳақида қарор қабул қилиш билан бир вақтда Раёсат Олий Кенгаш сессиясида қонун лойиҳасини тақдим этадиган маърузачи масаласини ҳам ҳал этади.



VI БОБ. ЛОЙИҲАЛАРНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ТОМОНИДАН ОЛДИНДАН

МУҲОКАМА ҚИЛИНИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


23-модда. Ўзбекистон Республикаси халқ депутатларининг

қонун лойиҳасини муҳокама этиши


Қонун ҳужжати лойиҳасини маъқуллаш тўғрисида Раёсат қарор қабул қилганидан кейин Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг сессияси очилгунга қадар бўлган даврда қўмиталар ва комиссиялар Котибият билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга бориб Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари лойиҳаларни муҳокама қилишини куйидаги тартибда ташкил этадилар:

1) Қорақалпоғистон Республикаси ёки вилоятга боргандан кейин лойиҳа кўпайтирилади ва танишиб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси халқ депутатларига, халқ депутатлари маҳаллий Советларининг раҳбарларига, зарур ҳолларда эса бошқа муассасаларнинг раҳбарлари ва мутахассисларига топширилади;

2) Қорақалпоғистон Республикасидан ёки муайян вилоятдан сайланган Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари билан учрашув ўтказилади, учрашувга манфаатдор мансабдор шахслар ҳам таклиф этилади.

Қўмита, комиссия аъзоси йиғилганларни қонун ҳужжати лойиҳасининг асосий ғояси билан, ундан кўзланган мақсадлар, амалдаги қонунлардан фарқ қилувчи янги қоидалар билан, шунингдек қонун лойиҳасини тайёрлаш вақтида амалга оширилган ишлар ва лойиҳани тайёрлаган қатнашчилар билан таништиради. Депутатлар ҳузурида сўзланадиган маърузанинг қайдларини бош қўмита ва Котибиятнинг тегишли бўлими тайёрлайди.

Йиғилганлар лойиҳа билан чуқур танишишга, унга нисбатан ўз муносабатларини аниқлашга, қонун қабул этилганидан сўнг уни амалга ошириш учун қандай чоралар кўриш лозимлиги тўғрисида ўйлаб кўришга чақирилади;

3) 2-3 кунлик танаффус эълон қилинади. Ўзбекистон Республикаси халқ депутатлари шу вақт ичида сайловчилар билан учрашадилар, меҳнат жамоаларида бўлиб, аҳолига лойиҳа тўғрисида, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашида унинг муҳокама этилиши ҳақида ахборот бериб, билдирилган фикр ва мулоҳазаларни ҳисобга оладилар;

4) танаффусдан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Олий Кенгашининг, халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Советларининг раислари қонун ҳужжатининг лойиҳасини муҳокама қилишни ташкил этади. Муҳокама чоғида тушган барча таклиф ва мулоҳазалар синчиклаб ўрганилади ва ҳисобга олинади;

5) лойиҳа юзасидан тушган таклиф ва мулоҳазалар Котибият ходимлари томонидан умумлаштирилади ва жадвалга туширилади. Вилоятдан қайтилганидан сўнг жадвал бош қўмитага топширилади, бу қўмитада ҳар бир таклиф таҳлил этилиб, тегишли қарор қабул қилинади. Кейинчалик бу материал сессия қатнашчиларининг эътиборига етказилади.



VII БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ КЕНГАШИДА

ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИНИНГ ЛОЙИҲАЛАРИНИ МУҲОКАМА

ЭТИШ. ҚОНУНЛАРНИ, БОШҚА НОРМАТИВ ҲУЖЖАТЛАРНИ

ЭЪЛОН ҚИЛИШ ВА УЛАРНИ ИЖРОЧИЛАРГА ЕТКАЗИШ


24-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашида

қонун ҳужжатларининг лойиҳаларини муҳокама этиш


Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашига киритилган қонун ҳужжатларининг лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Иш тартиби қоидаларига мувофиқ муҳокама қилинади.



25-модда. Қонунларни эълон қилиш ва уларни ижрочиларга етказиш


Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг бошқа ҳужжатлари улар қабул этилганидан кейин ҳамманинг эътиборига етказиш учун ўзбек, рус тилларида, Қорақалпоғистон Республикаси учун эса қорақалпоқ тилида республика матбуотида эълон қилинади, телевидение ва радио орқали ўқиб эшиттирилади.

Қонун матни билан бир вақтда қонунни амалга киритиш тартиби тўғрисидаги қарор ҳам эълон қилинади.

Қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларнинг эълон қилиниши уларни қўллашнинг муқаррар шарти ҳисобланади.

Олий Кенгаш Котибиятининг тегишли бўлинмалари Олий Кенгаш қабул қилинган қонунларнинг ва бошқа ҳужжатларнинг матнларини оммавий ахборот воситаларида вақтида эълон қилиш ва ижрочиларга етказиш чораларини кўрадилар.

Қўмиталар, комиссиялар, Котибият бўлимлари зарур ҳолларда қонунларнинг асосий қоидалари ҳамда уларни бажаришнинг амалий чораларини вазирликлар, идоралар, концернлар, уюшмалар, халқ депутатлари маҳаллий Советларининг, бошқа ташкилотлар ходимларининг тегишли тоифалари ўртасида тушунтирилишини, шунингдек қабул қилинган қонунларни тушунтириш мақсадида халқ депутатлари, мутахассислар, олимларнинг матбуотда, телевидение ва радиода чиқишларини уюштирадилар.



VIII БОБ. ҚОНУНЛАРНИНГ ИЖРОСИ

УСТИДАН НАЗОРАТНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


26-модда. Назоратни амалга ошириш


Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг қўмиталари ва комиссиялари, Котибият бўлимлари қонун ҳужжати лойиҳасининг узил-кесил нусхаси билан бир вақтда Олий Кенгаш Раёсатига қонун ҳужжати қабул этилганидан сўнг унинг ижросини ташкил этиш тадбирлари режасини ҳам тақдим этадилар.

Қонун ижроси устидан назоратни қўмита, комиссия таркибига кирувчи халқ депутатлари, шу жумладан Олий Кенгашда доимий асосда ишламайдиган халқ депутатлари, шунингдек Котибиятнинг тегишли бўлимлари амалга оширадилар.

Қўмита, комиссия қонуннинг амалга оширилишини назорат қилиб боришни қўмита, комиссия аъзоларидан шу мақсадда махсус тузилган гуруҳга топшириши мумкин.



27-модда. Назоратни амалга оширишнинг шакл ва усуллари


Халқ депутатлари ва Котибият ходимлари назоратни амалга ошириш асносида халқ депутатлари маҳаллий Советларининг, бошқа давлат идоралари ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатини қўллашга доир, шунингдек унинг мазмунидан келиб чиқувчи топшириқлар ижросига оид фаолиятини ўрганадилар, бу ишда мавжуд бўлган камчиликларни аниқлайдилар ва ҳисобга оладилар, уларни бартараф этиш чораларини кўрадилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши қўмиталари, комиссиялари, Котибиятининг бўлимлари қонун ҳужжатларини амалиётда қўллаш ва унинг самарадорлиги тўғрисида давлат ва жамоат идораларидан ахборот талаб қилишлари мумкин.



28-модда. Қонун ҳужжатлари ижросини

ўрганиш якунларидан фойдаланиш


Қонунларнинг ижроси қандай бораётганлигига тааллуқли масалаларни ўрганиш якунлари, давлат идораларининг маълумотлари, шунингдек тегишли тавсияномалар қўмита, комиссиянинг амалий ишида фойдаланилади ва Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Раёсати, қўмитаси ёки комиссияси муҳокамасига киритилиши мумкин. Зарур ҳолларда республика қонунларини такомиллаштиришга доир таклифлар тайёрланади.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси”, 1991 й., 12-сон, 290-модда










































Время: 0.0047
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск