язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Божхона қонунчилиги/ Божхона расмийлаштируви. Декларациялаш/ Умумий қоидалар/ Товарлар Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига амалда олиб келиниши пайтигача божхона органларига дастлабки божхона декларациясини тақдим этиш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 30.01.2013 й. 2418-сон билан рўйхатга олинган Давлат божхона қўмитасининг 28.01.2013 й. 01-02/12-9-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2013 йил 30 январда 2418-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Давлат божхона қўмитасининг

2013 йил 28 январдаги

01-02/12-9-сон қарорига

ИЛОВА



Товарлар Ўзбекистон Республикаси

божхона ҳудудига амалда олиб келиниши

пайтигача божхона органларига дастлабки

божхона декларациясини тақдим

этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Божхона кодекси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 18 июлдаги ПФ-4455-сон "Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ва 2018 йил 12 апрелдаги ПФ-5414-сон "Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 30 декабрдаги 379-сон "Ташқи савдо операцияларини амалга ошириш билан боғлиқ тартиботларни либераллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ дастлабки божхона декларациясини тақдим этган ҳолда "эркин муомалага чиқариш" (кейинги ўринларда - импорт деб юритилади) божхона режимига жойлаштириладиган товарларни декларациялаш тартибини белгилайди.


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Дастлабки божхона декларацияси (кейинги ўринларда - ДБД деб юритилади) товарларни божхона ҳудудига етиб келгунига қадар декларациялаш бўлиб, у декларантнинг хоҳишига кўра қўлланилиши мумкин.

Агар хавфни аниқлашда фойдаланиладиган дастурий таъминот томонидан хавф аниқланмаганда, товарларни бевосита чегара ўтказиш пунктларида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига ушбу товарларни эркин муомалага чиқариш орқали дастлабки декларациялаш ҳуқуқи берилади.

2. Қуйидаги товарларнинг божхона расмийлаштируви жараёнида ДБДнинг қўлланилишига йўл қўйилмайди:

а) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилиниши тақиқланган;

б) лицензиялар бўйича импорт қилинадиган;

в) ваколатли органларнинг рухсатномаси талаб қилинадиган (мувофиқлик, гигиена, ветеринария сертификатлари ва карантин рухсатномаси бундан мустасно).

3. Товарларнинг дастлабки божхона расмийлаштируви божхона постида икки босқичда амалга оширилади:

биринчи босқичда ДБД божхона юк декларацияси (кейинги ўринларда - БЮД деб юритилади) бланкларида ёки электрон БЮД шаклида расмийлаштирилади ҳамда божхона постининг мансабдор шахси томонидан "BOJXONA NAZORATIDAGI YUK" тўртбурчак штампи қўйилиб, назоратга олинади. Бунда ДБДда кўрсатилган товарларнинг тўлиқ миқдори учун божхона тўловлари тўланади;

иккинчи босқичда товарлар импорт божхона режими асосида товарга нисбатан ваколатга эга бўлган шахснинг тўла ихтиёрига берилади. Бунда божхона постининг мансабдор шахси томонидан ДБДга "YUK CНIQARISНGA RUXSAT BERILDI" тўртбурчак штампи қўйилади.



II. ДБДни РАСМИЙЛАШТИРИШНИНГ

БИРИНЧИ БОСҚИЧИ


4. Товарларни дастлабки божхона декларациялашда божхона органларига товарларнинг расмийлаштируви давомида тақдим қилинадиган ҳужжатлар рўйхатига асосан (мувофиқлик, гигиена, ветеринария сертификати ва карантин рухсатномаси бундан мустасно) божхона постига ҳужжатларнинг декларант томонидан тасдиқланган нусхалари ҳамда ушбу ҳужжатлардаги маълумотларнинг электрон кўриниши тақдим этилади.

Ҳужжатлар божхона постига "Товарларни электрон декларациялаш" автоматлаштирилган ахборот тизими орқали ваколатли органлар ва божхона расмийлаштируви мутахассиси томонидан электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳолда электрон кўринишда ҳам тақдим этилиши мумкин.


5. ДБДда товарларни Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кирилишидан ва (ёки) божхона постига тақдим этилишидан олдин декларантга маълум бўлмаган маълумотлар акс эттирилмаслиги мумкин.

ДБД Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг (рўйхат рақами 2773, 2016 йил 6 апрель) 5-боби Товарларни эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштиришда БЮДни тўлдириш талабларига мувофиқ тўлдирилади. Бунда ДБДнинг 1-графаси 1-бўлмасида "ПР" ҳарфли белги кўрсатилади.

6. Агарда ДБДда кўрсатилган товарлар декларацияни қабул қилган божхона постига декларация қабул қилинган кундан эътиборан ўттиз календарь куни ичида тақдим этилмаса, у топширилмаган деб ҳисобланади. Бундай ҳолларда ДБД бекор қилинади.


III. ДБДни РАСМИЙЛАШТИРИШНИНГ

ИККИНЧИ БОСҚИЧИ


7. Товарлар импорт божхона режими асосида товарга нисбатан ваколатга эга бўлган шахснинг тўла ихтиёрига берилишидан аввал божхона постига қонун ҳужжатларига мувофиқ гигиена, мувофиқлик, ветеринария сертификатлари ва карантин рухсатномаси тақдим қилинади ва белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилади.

8. Товарлар божхона назоратидан ўтказилишидан олдин божхона пости мансабдор шахси ҳужжатлар нусхаларида кўрсатилган маълумотларни асл ҳамда электрон ҳужжатлардаги маълумотлар билан солиштиради.

9. Агарда тақдим қилинган ҳужжатлар (шу жумладан, электрон кўринишдаги) билан асл ҳужжатлардаги маълумотларда номувофиқликлар мавжуд бўлса ёки ДБДда керакли маълумотлар етишмаса, декларант томонидан ДБДга тегишли ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилади.

ДБДга тузатиш киритиш (қайта расмийлаштириш) товарлар божхона назоратидан ўтказилгунга қадар божхона пости томонидан бир иш куни мобайнида амалга оширилади.

10. ДБДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ва бекор қилиш Божхона юк декларациясини ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ва бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 2784, 2016 йил 10 май) талабларига мувофиқ амалга оширилади.

ДБД бекор қилинганидан сўнг, янги БЮД Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 261-моддасида белгиланган 15 календарь кундан кечиктирмай тақдим этилиши шарт.

11. Тақдим этилган ДБДда кўрсатилган товарлар етиб келгандан сўнг, тўлиқ БЮД тақдим этилади. Тўлиқ БЮДни тақдим этиш муддати ДБД тақдим этилган кундан эътиборан ўттиз календарь кундан ошиб кетмаслиги лозим.

11-1. Тўлиқ БЮД Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисида"ги йўриқнома (рўйхат рақами N 2773, 2016 йил 6 апрель) талабларига мувофиқ қуйидаги хусусиятларни инобатга олган ҳолда тўлдирилади:

а) 1-графаси биринчи бўлмасида "ИМ" белгиси кўрсатилади;

б) 1-графаси учинчи бўлмасида "ППР" ҳарфли белгиси кўрсатилади.

в) БЮДга айнан ДБДга берилган тартиб рақам қўйилади ва улар бир-биридан ажралмас қисмлар ҳисобланади.


IV. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


12. Божхона расмийлаштирувида тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун декларант жавобгардир.


13. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 4 февраль, 5-сон, 63-модда