язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Божхона қонунчилиги/ Божхона расмийлаштируви. Декларациялаш/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 20.07.2015 й. 197-сон “Экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

20.07.2015 й.

N 197



ЭКСПОРТ-ИМПОРТ ОПЕРАЦИЯЛАРИНИ

АМАЛГА ОШИРИШДА ДАВЛАТ БОЖХОНА ХИЗМАТИ

ОРГАНЛАРИГА ТАҚДИМ ЭТИЛАДИГАН ҲУЖЖАТЛАР

РЎЙХАТИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2015 йил 15 майдаги ПФ-4725-сон Фармонини бажариш юзасидан, шунингдек ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишга доир тартиб-тамойилларни соддалаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда давлат божхона хизмати органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Тадбиркорлик субъектлари томонидан ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда давлат божхона хизмати органлари томонидан:

ушбу қарорда назарда тутилмаган;

давлат божхона хизмати органлари ёки давлатнинг бошқа органлари ва давлат хизматлари кўрсатувчи бошқа ташкилотлар тасарруфидаги қўшимча ҳужжатларни талаб этиш тақиқланади.


3. Вазирликлар ва идоралар бир ой ичида ўз идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                      Ш. Мирзиёев






Вазирлар Маҳкамасининг

2015 йил 20 июлдаги

197-сон қарорига

ИЛОВА



Экспорт-импорт операцияларини

амалга оширишда давлат божхона хизмати

органларига тақдим этиладиган ҳужжатлар

РЎЙХАТИ


I. "ЭКСПОРТ" БОЖХОНА РЕЖИМИДА ОЛИБ ЧИҚИЛАДИГАН

ТОВАРЛАРНИ БОЖХОНАДА РАСМИЙЛАШТИРИШДА


1. Контракт (шартнома, битим), тегишли ваколатли органларда рўйхатдан ўтказилган биржа контрактлари бундан мустасно.


2. Божхона юк декларацияси, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўловчи божхона декларациясини тўлдириш йўли билан товарларни декларациялаш ва электрон тижорат орқали уч минг АҚШ долларигача бўлган товарлар (ишлар, хизматлар) реализация қилиш ҳоллари бундан мустасно.

3. Товарга илова қилинадиган ҳужжатлар.


II. "ЭРКИН МУОМАЛАГА ЧИҚАРИШ (ИМПОРТ)" БОЖХОНА

РЕЖИМИДА ОЛИБ КИРИЛАДИГАН ТОВАРЛАРНИ

БОЖХОНАДА РАСМИЙЛАШТИРИШДА


1. Божхона юк декларацияси, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўловчи божхона декларациясини тўлдириш йўли билан товарларни декларациялаш ҳоллари бундан мустасно.

3. Товарга илова қилинадиган ҳужжатлар.

4. Товарларнинг келиб чиқиши сертификати (манфаатдор шахснинг хоҳиши бўйича ва унинг зарурлиги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳолларда).


Изоҳ:


1. Товарларнинг электрон шаклдаги божхона расмийлаштируви Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 31 декабрдаги 376-сон қарори билан тасдиқланган Товарларнинг электрон шаклдаги божхона декларацияланиши тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.

Ташқи иқтисодий фаолият қатнашчисининг хоҳиши бўйича божхона расмийлаштируви учун барча зарур ҳужжатлар, шу жумладан, ваколатли органларнинг ҳужжатлари қоғозда тақдим этилиши мумкин.


2. Экспорт қилувчи мамлакатнинг экспорт божхона юк декларацияси тақдим этилган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божидан ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик асбоб-ускуналар рўйхатига (2013 йил 20 март рўйхатдан ўтказиш рақами 2436) киритилган товарларнинг божхонада расмийлаштируви давлат божхона хизмати органлари томонидан бир иш куни мобайнида амалга оширилади. Божхона декларацияси тақдим этилмаган тақдирда божхона расмийлаштируви умумий белгиланган тартибда амалга оширилади.


3. Товарларнинг, шу жумладан, электрон шаклдаги божхона расмийлаштируви хизмат кўрсатувчи банклар (ғазначиликлар) томонидан тақдим этиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида тўловчининг шахсий ҳисоб рақами бўйича божхона тўловлари тўланганлиги тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади (божхона тўловларини тўлаш кечиктирилиши ёки бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилиши ҳоллари бундан мустасно).


4. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида рухсат берувчи тусдаги тегишли ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда, давлат божхона хизмати органлари божхона расмийлаштирувини рад этиш ҳуқуқига эгадир.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2015 йил 27 июль, 29-сон, 382-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2015 йил, 7-сон, 61-модда