ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ҳудуд / Давлат чегараси /

Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктлари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 28.03.2016 й. 89-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2016 йил 28 мартдаги

89-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси

орқали ўтказиш пунктлари тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларини (кейинги ўринларда ўтказиш пунктлари деб аталади) ташкил этиш, уларнинг фаолияти, уларни тугатиш, қуриш ва реконструкция қилишнинг халқаро-ҳуқуқий, ташкилий, молиявий-иқтисодий асосларини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилган:


Ўзбекистон Республикасининг давлат чегараси - Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг (қуруқлик, сув, ер ости, самовий ҳудуд) чегараларини белгиловчи линия ва ушбу линия бўйлаб ўтувчи вертикал юза;


ўтказиш пункти - халқаро алоқалар учун очиқ бўлган чегарадош темир йўл станциялари ва автомобиль йўллари, дарё портлари, аэропортлар (аэродромлар)нинг ҳудуди (ҳудудининг бир қисми), шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали шахслар, транспорт воситалари, товарлар, бошқа мол-мулк, чорва моллари, уруғлик, экиш материали, ҳайвонот ва ўсимликларнинг бошқа маҳсулотларининг чегара, божхона ва назоратнинг бошқа турлари амалга ошириладиган ва ўтказиладиган махсус жиҳозланган бошқа жой;


ўтказиш пунктини ташкил этиш ташаббускорлари - ўтказиш пункти фаолият кўрсатишидан манфаатдор бўлган "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпанияси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек вазирликлар ва идоралар;


ўтказиш пункти маъмурияти - ўтказишнинг ушбу пункти бириктирилган аэропорт (аэродром), дарё порти, темир йўл станцияси, автомобиль ўтказиш пункти раҳбарияти;


давлат назорати органлари - шахслар, транспорт воситалари, товарлар, бошқа мол-мулк, чорва моллари, уруғлик, экиш материали, ҳайвонот ва ўсимликларнинг бошқа маҳсулотларини Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтказишда қатнашувчи чегара, божхона, санитария-карантин, ветеринария, фитосанитария назорати ва назоратнинг бошқа турлари органлари.


3. Ўтказиш пунктлари қуйидаги мақсадларда ташкил этилади:

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари бажарилишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси билан хорижий давлатлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

ноқонуний миграция, қурол-яроғ, гиёҳванд моддалар, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар, прекурсорлар контрабандасини аниқлаш ва уларга барҳам бериш ҳамда эпидемия ва эпизоотияларнинг олдини олиш чора-тадбирларини кўриш;

шахслар, транспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтишини ҳамда товарлар, бошқа мол-мулк, чорва моллари, уруғлик, экиш материали ҳамда ҳайвонлар ва ўсимликларнинг бошқа маҳсулотлари ҳаракатланишини назорат қилиш ва ҳисобга олишни таъминлаш;

давлат назорати органларининг, шунингдек транспорт ташкилотларининг ва ваколатли банклар қабул қилиш пунктларининг ишлаши учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

Ўзбекистон Республикасининг хавфсизлигини, иқтисодий ва сиёсий манфаатларини таъминлаш, шунингдек Ўзбекистон Республикасини иқтисодий ривожлантиришнинг жорий ва истиқболли эҳтиёжларига мувофиқ транзит салоҳиятини, ўтказиш пунктларининг ўтказиш қувватини ошириш учун шарт-шароитлар яратиш.


4. Ўтказиш пункти уларда давлат назорати органлари белгиланган тартибда фаолиятни амалга оширадиган бинолар, хоналар, иншоотлар мажмуини ва бошқа жойларни, шунингдек ўтказиш пунктининг зарур тарзда фаолият кўрсатишини таъминлайдиган транспорт ташкилотларини ва бошқа ташкилотларни ўз ичига олади.


5. Шахслар, транспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтишининг ва товарлар, бошқа мол-мулк ҳайвонларнинг ҳаракатланишининг белгиланган қоидаларига риоя этишнинг назорат қилинишини таъминлаш учун тегишли вазирликлар ва идоралар томонидан ўтказиш пунктларида чегара, божхона, санитария-карантин, ветеринария, фитосанитария назорати ва назоратнинг бошқа турлари бўлинмалари фаолияти ташкил этилади.


6. Жисмоний ва юридик шахслар томонидан ўтказиш пунктларида ўтказиш пунктининг нормал фаолият кўрсатишини таъминлаш билан боғлиқ бўлмаган хўжалик фаолияти ва бошқа фаолият амалга оширилиши ҳамда шахслар, транспорт воситалари, товарлар, бошқа мол-мулк, чорва моллари, уруғлик, экиш материаллари, ҳайвонлар ва ўсимликларнинг бошқа маҳсулотлари ўтказилишига йўл қўйилмайди, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар ҳамда мазкур Низомга иловада белгиланган автомобиль ўтказиш пунктларида кўрсатиладиган пулли хизматлар (кейинги ўринларда - пулли хизматлар) бундан мустасно.

6-1. Пулли хизматлар автомобиль ўтказиш пунктининг нормал фаолиятига таъсир этмаган ҳолда, қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат мулкини ижарага бериш орқали белгиланган тартибда фақат тадбикорлик субъектлари томонидан кўрсатилишига йўл қўйилади.

Пулли хизматлар кўрсатилиши учун автомобиль ўтказиш пунктининг географик жойлашуви, кўрсатилиши мумкин бўлган пулли хизматлар тури ҳамда уларни кўрсатиш учун ажратилиши мумкин бўлган майдон, ўтказиш пунктининг ўтказувчанлик қобилияти инобатга олинади.


II. ЎТКАЗИШ ПУНКТЛАРИНИ ТАСНИФЛАШ


7. Ўтказиш пунктлари тоифалари, мақоми ва иш режими бўйича таснифланади:

а) тоифалари бўйича - автомобиль йўли (пиёдалар йўли), темир йўл, дарё ва авиация ўтказиш пунктлари;

б) мақоми бўйича:

халқаро ўтказиш пунктлари - шахслар, транспорт воситалари, товарлар, бошқа мол-мулк, чорва моллари, уруғлик, экиш материаллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва бошқа хорижий давлатлардан келиб чиққан ҳайвонлар ва ўсимликларнинг бошқа маҳсулотларини ўтказади;

икки томонлама ўтказиш пунктлари - шахслар, транспорт воситалари, товарлар, бошқа мол-мулк, чорва моллари, уруғлик, экиш материаллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва қўшни давлатлардан келиб чиққан ҳайвонлар ва ўсимликларнинг бошқа маҳсулотларини ўтказади;

соддалаштирилган ўтказиш пунктлари - Ўзбекистон Республикаси ва қўшни давлатнинг фуқароларини пиёда тарзда ўтказади. Соддалаштирилган ўтказиш пунктларининг иш тартиби Ўзбекистон Республикаси ва қўшни давлатнинг чегара ва божхона идоралари ўртасидаги келишув бўйича белгиланади;

в) иш режими бўйича - кеча-кундуз ва куннинг ёруғ вақтида ўтказади.

"Куннинг ёруғ вақтида" иш режимли ўтказиш пунктларида ишнинг бошланиши ва тамом бўлиши вақти Ўзбекистон Республикаси ва қўшни давлатнинг чегара идоралари таркибий бўлинмалари томонидан белгиланади.


8. Шахслар, транспорт воситалари, товарлар, бошқа мол-мулк, чорва моллари, уруғлик, экиш материаллари, ҳайвонлар ва ўсимликларнинг бошқа маҳсулотларини ўтказиш тартиби, шунингдек иш режимини, халқаро алоқалар автомобиль, темир йўл ва дарё йўлларида жойлашган Ўзбекистон Республикасининг ўтказиш пункти мақомини ўзгартириш Ўзбекистон Республикаси билан тегишли давлатлар ўртасидаги икки томонлама халқаро шартномалар билан тартибга солинади.



III. ЎТКАЗИШ ПУНКТЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


9. Ўтказиш пунктлари Ўзбекистон Республикаси томонидан қўшни давлатлар билан тузилган халқаро шартномаларга мувофиқ, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ташкил этилади.


10. Ўтказиш пунктини ташкил этиш ташаббускори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ўз таклифларини қуйидаги материаллар билан биргаликда тақдим этади:

ўтказиш пунктини ташкил этишнинг мақсадга мувофиқлиги ва амалий аҳамиятини асослаш;

бўлиши мумкин бўлган молиявий-иқтисодий ва бошқа оқибатларни баҳолаш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси кўриб чиқиш якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига эксперт ишлаб чиқиш учун таклиф юборади.


11. Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ва Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда ўтказиш пунктини ташкил этишнинг мақсадга мувофиқлиги масаласини манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан пухта ишлаб чиқади.

Ўрганиш материалларига қуйидагилар илова қилинади:

ўтказиш пунктини ташкил этишнинг мақсадга мувофиқлиги, режалаштирилаётган ўтказиш қуввати ва ташкил этиш муддати;

ўтказиш пунктини лойиҳалаштиришга, қуришга (шу жумладан реконструкция қилишга, кенгайтиришга), асбоб-ускунага, техник жиҳозлашга, бинолар, хоналар, иншоотларни сақлашга, транспорт, муҳандислик ва ижтимоий-маиший инфратузилмани ташкил этиш ва ривожлантиришга тахминий молиявий харажатлар, шунингдек молиялаштириш манбалари;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг унинг ҳудудида ўтказиш пунктини белгилашга розилиги кўрсатилган тушунтириш хати.

Ўрганиш якунлари бўйича Ташқи ишлар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда эксперт мажлиси ўтказади, унинг протокол қарорини барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Ўтказиш пунктини ташкил этишнинг мақсадга мувофиқлиги аниқланган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тегишли протокол киритилади.


12. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ўтказиш пунктини ташкил этиш тўғрисидаги масала бўйича ижобий қарори қабул қилинган тақдирда ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ва Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда тегишли халқаро шартнома лойиҳасини хорижий томон билан кейинчалик пухта ишлаш учун унинг лойиҳасини ишлаб чиқади ҳамда манфаатдор вазирликлар ва идоралар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши девони билан келишади.

13. Ўтказиш пунктлари бўйича экспертлар даражасидаги музокаралар Ташқи ишлар вазирлигининг ваколатли вакили раҳбарлигида ўтказилади. Истисно ҳолатларда, шунингдек томонларнинг устуворлиги принципидан келиб чиқиб, музокараларда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ва Давлат божхона қўмитасининг тегишли ваколатли вакиллари иштирок этадилар.

Музокаралар якунлари бўйича эришилган аҳдлашувлар протокол билан расмийлаштирилади, у белгиланган тартибда кейинчалик халқаро шартнома лойиҳаси матнининг мақбуллиги, шунингдек имзолаш жойи ва муддатлари тўғрисида дипломатик йўллар билан хорижий томонни хабардор қилиш учун давлат ички келишиши тартиб-таомилидан ўтади.


14. Ўтказиш пунктини ташкил этиш тўғрисида халқаро шартнома ёки ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги шартнома (протокол) тузилгандан кейин ташаббус кўрсатувчи ўтказиш пунктини ташкил этиш (режими ёки мақомини ўзгартириш) тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорининг вазирликлар ва идоралар билан келишилган лойиҳасини белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади.


15. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ўтказиш пунктини ташкил этиш (режими ёки мақомини ўзгартириш) тўғрисидаги кучга кирган қарори ўтказиш пунктини лойиҳалаштириш, қуриш (шу жумладан реконструкция қилиш, кенгайтириш), объектларини ишга тушириш ва техник жиҳозлашни, транспорт, муҳандислик ва ижтимоий-маиший инфратузилмани ташкил этиш ва ривожлантиришни молиялаштириш, вазирликлар ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг кўрсатиб ўтилган қарорига мувофиқлаштириш, шунингдек ушбу ўтказиш пунктида ишларни ташкил этиш учун зарур штат бирликларини ажратиш учун асос ҳисобланади.


16. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ўтказиш пунктини ташкил этиш тўғрисидаги қарори унинг таснифи кўрсатилган ҳолда оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги барча манфаатдор давлатларни, дипломатик ваколатхоналарни ва хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган консуллик муассасаларини, манфаатдор халқаро ташкилотларни, Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларини ўтказиш пунктлари ташкил этилганлиги, уларнинг таснифи, шахслар, транспорт воситаларининг ўтиши ҳамда товарлар, бошқа мол-мулк, чорва моллари, уруғлик, экиш материаллари ҳамда ҳайвонлар ва ўсимликларнинг бошқа маҳсулотлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали ўтиши тартиби ва қоидаларидан хабардор қилади.



IV. ЎТКАЗИШ ПУНКТЛАРИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ТЎҒРИСИДАГИ ҚАРОРНИ АМАЛГА

ОШИРИШ ТАРТИБИ


17. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори кучга киргандан кейин ўтказиш пунктини ташкил этиш ташаббускори ўз ваколатлари доирасида ўтказиш пунктини лойиҳалаштириш, қуриш (шу жумладан реконструкция қилиш, кенгайтириш), жиҳозлаш ва техника билан жиҳозлаш бўйича буюртмачи функцияларини бажаради.

Буюртмачи белгиланган тартибда пудратчини белгилайди ва ўтказиш пунктини лойиҳалаштириш ва қуриш (шу жумладан реконструкция қилиш, кенгайтириш) бўйича ишларни амалга ошириш доирасида давлат органлари ва бошқа манфаатдор юридик шахслар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни умумий мувофиқлаштиради.


18. Буюртмачи манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг таклифлари асосида, Ўзбекистон Республикасида амал қилувчи нормалар ва қоидаларга мувофиқ ўтказиш пунктини қуриш (шу жумладан реконструкция қилиш, кенгайтириш), жиҳозлаш ва техника билан жиҳозлаш юзасидан лойиҳалаштиришга топшириқни ва лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқади.


19. Ўтказиш пунктини қуришга (шу жумладан реконструкция қилиш, кенгайтиришга), жиҳозлаш ва техника билан жиҳозлашга лойиҳа-смета ҳужжатлари манфаатдор вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишилади.


20. Ўтказиш пункти уни қуриш (шу жумладан реконструкция қилиш, кенгайтириш), жиҳозлаш, техника билан жиҳозлаш комплекс тугаллангандан, транспорт, муҳандислик ва ижтимоий-маиший инфратузилма ташкил этилгандан кейин фаолият кўрсатишни бошлайди.

Ўтказиш пункти қурилиши тугаллангандан кейин уни бириктириш масаласи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тартибга солинади.


21. Ўтказиш пунктини қуриш (шу жумладан реконструкция қилиш, кенгайтириш), жиҳозлаш ва техника билан жиҳозлаш тамом бўлгандан кейин буюртмачи қурилиши тугалланган объектни қабул қилиш учун идоралараро комиссияни тайинлайди.

Идоралараро комиссия таркибига ўтказиш пунктини ташкил этиш ташаббускорининг, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ишга тушириладиган ўтказиш пунктида фойдаланишни амалга оширадиган транспорт алоқаси ва назорат турларига боғлиқ равишда манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг, шунингдек ҳудудида ўтказиш пункти очиладиган маҳаллий давлат ҳокимияти органининг вакиллари киради.



V. ЎТКАЗИШ ПУНКТЛАРИ ИШЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


22. Ўтказиш пункти фаолиятининг умумий тартиби (ишнинг бошланиши тамом бўлиши вақти, технологик танаффуслар, Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ўтадиган жисмоний шахслар, транспорт воситалари, товарлар, бошқа мол-мулк, чорва моллари, экиш материаллари ҳамда ҳайвонлар ва ўсимликларнинг бошқа маҳсулотларини расмийлаштириш графиклари (жадваллари), қўшни давлатлар билан халқаро шартномалар ҳисобга олинган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат назорати органлари ва ўтказиш пункти маъмурияти раҳбарларининг қўшма қарори билан тасдиқланади.


23. Ўтказиш пунктларида назоратнинг барча турларини амалга оширишнинг изчиллиги халқаро алоқалар тури ҳисобга олинган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали шахслар, транспорт воситалари, товарлар, бошқа мол-мулк, чорва моллари, уруғлик, экиш материаллари ҳамда ҳайвонлар ва ўсимликларнинг бошқа маҳсулотларини ўтказишни ташкил этишнинг намунавий схемалари билан белгиланади. Намунавий схемалар назоратнинг ҳар хил турларини амалга оширувчи вазирликлар ва идоралар билан келишилади ҳамда халқаро алоқанинг тегишли турларини амалга оширувчи вазирликлар ва идораларнинг идоравий ҳужжатлари билан тасдиқланади.


24. Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали шахслар, транспорт воситалари, товарлар, бошқа мол-мулк, чорва моллари, уруғлик, экиш материаллари, ҳамда ҳайвонлар ва ўсимликларнинг бошқа маҳсулотлари ўтишини ташкил этишнинг намунавий схемаларига мувофиқ, маҳаллий шарт-шароитлар ҳисобга олинган ҳолда, давлат назорати органлари ва ўтказиш пункти маъмурияти раҳбарларининг қўшма қарори билан ҳар бир аниқ ўтказиш пунктида Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали шахслар, транспорт воситалари, товарлар, бошқа мол-мулк, чорва моллари, уруғлик, экиш материаллари ҳамда ҳайвонлар ва ўсимликларнинг бошқа маҳсулотларини ўтказишнинг технологик схемаси амалга киритилади, у чегара минтақалари, Давлат хавфсизлик хизмати ва Давлат божхона қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари томонидан тасдиқланади.


VI. ДАВЛАТ НАЗОРАТИ ОРГАНЛАРИ ВА ЎТКАЗИШ

ПУНКТЛАРИ МАЪМУРИЯТИ ФАОЛИЯТИНИ

МУВОФИҚЛАШТИРИШ


25. Давлат назорати органлари ва ўтказиш пунктлари маъмурияти ўз фаолиятини қуйидаги асосий йўналишлар бўйича мувофиқлаштирадилар:

ўтказиш пунктида юзага келаётган вазиятни биргаликда таҳлил қилиш;

Давлат чегараси орқали ўтказиш ҳажмини ўзгартириш бўйича тенденцияларни прогнозлаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидан шахслар, транспорт воситалари ўтиши ва товарлар, бошқа мол-мулк, чорва моллари, уруғлик, экиш материаллари ҳамда ҳайвонлар ва ўсимликларнинг бошқа маҳсулотлари ҳаракатланиши қоидалари бузилиши мумкинлигига олиб келадиган шарт-шароитларни ўз вақтида аниқлаш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси режимини ва ўтказиш пунктларидаги режимни сақлаш;

ўтказиш пунктининг ишларини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ўтказишнинг технологик схемаларини ва ўзаро ҳамкорлик режаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


26. Ушбу Низомнинг 25-бандида кўрсатилган масалалар бўйича давлат назорати органлари ва ўтказиш пункти маъмурияти фаолиятини мувофиқлаштириш - Давлат божхона қўмитасининг таркибий бўлинмалари билан биргаликда Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларининг таркибий бўлинмалари, хўжалик фаолияти масалалари бўйича эса - ўтказиш пункти маъмуриятининг раҳбари томонидан амалга оширилади.

27. Ушбу Низомнинг 25-бандида кўрсатилган масалалар бўйича органлар ва ташкилотлар фаолияти мувофиқлаштирилишини таъминлаш мақсадида мувофиқлаштирувчи кенгашлар чақирилади, уларнинг иштирокчилари таркибига давлат назорати органлари бўлинмаларининг ва ўтказиш пункти маъмуриятининг раҳбарлари киради.

Мувофиқлаштирувчи кенгашга, зарурият бўлганда, бошқа шахслар таклиф этилиши мумкин. Уларнинг қатнашиши тўғрисидаги қарор мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзолари томонидан қабул қилинади.


28. Мувофиқлаштирувчи кенгашлар заруриятга кўра, шунингдек мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзоларидан бирининг ташаббуси билан ўтказилади.


29. Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг қарорлари қўшма фармойиш берувчи ҳужжатлар чиқариш йўли билан амалга оширилади.



VII. ЎТКАЗИШ ПУНКТЛАРИНИ МОЛИЯВИЙ

ВА МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНЛАШ


30. Давлат органларининг ташаббуси билан ташкил этиладиган ўтказиш пунктларини қуриш (шу жумладан реконструкция қилиш, кенгайтириш), уларни жиҳозлаш ва техника билан жиҳозлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, ушбу объектларнинг буюртмачилари томонидан ажратиладиган маблағлар, шунингдек молиялаштиришнинг қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалари ҳисобига амалга оширилади.


31. Ўтказиш пункти фойдаланишга қабул қилиб олингандан кейин давлат назорати органларининг таркибий бўлинмаларига хизмат хоналари ва маиший хизмат хоналари, махсус жойлар ва назоратнинг тегишли турларини амалга ошириш учун зарур бўлган технологик ускуналар белгиланган тартибда берилади.


32. Ўтказиш пунктини назоратнинг махсус аппаратлари ва техник воситалари билан жиҳозлаш, улардан фойдаланиш, шунингдек давлат назорати органларининг таркибий бўлинмалари шахсий таркибини таъминлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг тегишли вазирликлар ва идоралар учун назарда тутиладиган маблағлари ва молиялаштиришнинг қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалари ҳисобига амалга оширилади.


33. Давлат назорати органларининг таркибий бўлинмалари ўзларига берилган хизмат хоналари ва маиший хизмат хоналаридан, махсус жойлар ва технологик ускуналардан белгиланган нормалар ва қоидаларга мувофиқ фойдаланадилар.


34. Ўтказиш пунктларида давлат назорати органларининг сифатли ишлашини таъминлаш учун ўтказиш пункти маъмурияти ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари электр энергияси, сувнинг узлуксиз етказиб берилишини, ўтказиш пунктлари ҳаёт фаолиятини таъминлашнинг бошқа турлари ва ўтказиш пунктларига туташ ҳудудларни инфратузилма билан жиҳозлашни таъминлайдилар.


35. Ўтказиш пунктини сақлаш ва ундан фойдаланиш харажатлари ўтказиш пунктларининг балансда сақловчиси маблағлари ҳисобига амалга оширилади. Давлат назорати органлари бинолардан, назоратнинг техник воситаларидан бепул фойдаланадилар.



VIII. ЎТКАЗИШ ПУНКТЛАРИНИ ТУГАТИШ ТАРТИБИ


36. Ўтказиш пункти:

Ўзбекистон Республикасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали транспорт алоқасини тўхтатиш тўғрисидаги халқаро шартномалари кучга кириши;

ўтказишнинг авиация пункти фаолият кўрсатиши тўхтатилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг бир томонлама қарори асосида, хорижий давлатни олдиндан хабардор қилган ҳолда, белгиланган тартибда тугатилиши мумкин.


37. Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали шахслар, транспорт воситалари, товарлар, бошқа мол-мулк, чорва моллари, уруғлик, экиш материаллари ҳамда ҳайвонлар ва ўсимликларнинг бошқа маҳсулотларини ўтказишнинг вақтинча тўхтатиб турилиши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан, хорижий давлат олдиндан хабардор қилган ҳолда, белгиланган тартибда:

Ўзбекистон Республикасининг миллий хавфсизлигини таъминлаш мақсадларида;

транспорт алоқаси амалга оширилиши ёки давлат назорати органлари фаолият кўрсатиши имкониятини истисно этувчи фавқулодда вазиятлар, табиий офатлар, техноген тусдаги вазиятлар ва бошқа ҳолларда;

санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария тусидаги сабаблар бўйича;

ўтказиш пункти ҳудудида қурилиш-техник ишлар олиб борилиши вақтида амалга оширилиши мумкин.


38. Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидаги олдиндан билиб бўлмайдиган вазият туфайли келиб чиққан кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали шахслар, транспорт воситалари, товарлар, бошқа мол-мулк, чорва моллари, уруғлик, экиш материаллари ҳамда ҳайвонлар ва ўсимликларнинг бошқа маҳсулотлари ўтишини вақтинча тўхтатиб туриш Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Раисининг қарорига биноан амалга оширилиши мумкин. Қабул қилинган қарор тўғрисида Ташқи ишлар вазирлиги ва Давлат божхона қўмитаси, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг бошқа вазирликлари ва идоралари мажбурий тартибда хабардор қилинади.

39. Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали шахслар, транспорт воситалари, товарлар, бошқа мол-мулк, чорва моллари, уруғлик, экиш материаллари ҳамда ҳайвонлар ва ўсимликларнинг бошқа маҳсулотлари ўтишини вақтинча тўхтатиб туриш тўғрисида қўшни давлатни олдиндан хабардор қилиш, ҳаракатни чеклаш, ўтказиш пунктини ёпиш, очиш тартиби ва муддатлари Ўзбекистон Республикасининг икки томонлама халқаро шартномалари билан тартибга солинади.






Низомга

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси

орқали автомобиль ўтказиш пунктларида

кўрсатиладиган пулли хизматлар

РЎЙХАТИ


1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият олиб бораётган мобил алоқа операторлари хизматлари.


2. Овқатланиш ҳамда санитар-гигиеник хизматларни ташкил этиш бўйича фаолият.


3. Бож олинмайдиган савдо дўконларида товарларнинг чакана савдоси.


4. Йўловчилар учун қўл аравачаларини ижарага бериш.


5. Йўловчилар ва уларнинг юкларини ўтказиш пункти ичида ташиш хизмати.


6. Ўтказиш пункти орқали ҳаракатланаётган транспорт воситаларини майда таъмирлаш ишлари ҳамда уларни эвакуация қилиш.


7. Ҳажми катта бўлмаган қўл юкларини сақлаб бериш.


8. Транспорт воситаларида ташилаётган юклар билан операциялар амалга ошириш (юк ортиш, тушириш, қайта юклаш).


9. Таржимонлик хизмати.


10. Хизмат кўрсатиш (йўловчи божхона декларацияси ва миграция бланкаларини тўлдириб бериш, турли компьютер хизматлари, факс, Интернет) хоналари.


11. Такси чақириш хизмати.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 4 апрель, 13-сон, 118-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2016 йил, 3-сон, 21-модда







































Время: 0.1581
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск