ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси (Парламент) / Олий Мажлис тўғрисида умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикасининг 11.04.2016 й. ЎРҚ-403-сон "Парламент назорати тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 10.03.2016 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 31.03.2016 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

11.04.2016 й.

N ЎРҚ-403



ПАРЛАМЕНТ НАЗОРАТИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 10 мартда қабул қилинган

Сенат томонидан 2016 йил 31 мартда маъқулланган


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади парламент назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Парламент назорати тўғрисидаги қонунчиликни

Парламент назорати тўғрисидаги қонунчилик Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.


3-модда. Парламент назорати субъектлари


Парламент назорати субъектлари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади);

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати (бундан буён матнда Сенат деб юритилади);

Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг қўмиталари, комиссиялари;

Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари (бундан буён матнда фракциялар деб юритилади);

Қонунчилик палатаси депутатлари;

Сенат аъзолари;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман).



4-модда. Парламент назорати объекти


Давлат органларининг ҳамда улар мансабдор шахсларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг (бундан буён матнда Олий Мажлис палаталари деб юритилади) ва улар органларининг қарорларини, давлат дастурларини ижро этиш, шунингдек ўз зиммаларига юклатилган вазифалар ҳамда функцияларни амалга ошириш бўйича фаолияти парламент назорати объектидир.

Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг, суриштирув ва тергов органларининг, судларнинг иш юритувидаги муайян ишлар ва материалларни, шунингдек ижро иши юритиш ҳамда нотариал иш юритишнинг муайян материалларини кўриб чиқиш билан боғлиқ фаолият парламент назоратининг объекти бўлиши мумкин эмас.



5-модда. Парламент назорати шакллари


Парламент назорати шакллари қуйидагилардан иборат:

Давлат бюджети ижросининг боришини кўриб чиқиш ва назорат қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг (бундан буён матнда Вазирлар Маҳкамаси деб юритилади) мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан ҳар йилги маърузасини эшитиш;

Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси халқига ҳамда Олий Мажлисига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги ҳар йилги миллий маърузасини эшитиш;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг (бундан буён матнда Бош вазир деб юритилади) мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришнинг долзарб масалалари юзасидан ҳисоботини эшитиш;

Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг ўз фаолияти масалалари юзасидан ҳисоботларини эшитиш;

Қонунчилик палатаси, Сенат мажлисларида давлат органлари раҳбарларининг ўз фаолияти масалалари юзасидан ахборотини эшитиш;

Қонунчилик палатаси мажлисларида ҳукумат аъзоларининг Қонунчилик палатаси депутатлари саволларига жавобларини эшитиш;

Сенат мажлисларида вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳокимларининг тегишли ҳудудни ривожлантириш масалалари юзасидан ҳисоботларини эшитиш;

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги дипломатик ҳамда бошқа ваколатхоналари раҳбарларининг ўз фаолияти масалалари бўйича ҳисоботларини эшитиш;

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг (бундан буён матнда Ҳисоб палатаси деб юритилади) ҳисоботини кўриб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ҳисоботини эшитиш;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг ҳисоботини эшитиш;

парламент сўрови;

Қонунчилик палатаси депутатининг, Сенат аъзосининг сўрови;

Қонунчилик палатаси, Сенат қўмиталари томонидан давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш;

қонун ҳужжатларининг ижроси ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг қўмиталари томонидан ўрганиш ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан улар томонидан мониторингни амалга ошириш;

парламент текшируви.

Парламент назорати қонунга мувофиқ бошқа шаклларда ҳам амалга оширилиши мумкин.


7-модда. Давлат бюджети ижросининг боришини

кўриб чиқиш ва назорат қилиш

Қонунчилик палатаси Давлат бюджетининг ижроси устидан назоратни амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Қонунчилик палатасига Давлат бюджети ижросининг бориши тўғрисидаги ахборотни ва зарур материалларни ҳар чоракда юборади.

Қонунчилик палатаси Давлат бюджетининг ҳар чоракдаги ижросининг боришини кўриб чиқади. Уни кўриб чиқиш чоғида Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи, фракцияларнинг фикрлари ва таклифлари, Қонунчилик палатаси масъул қўмитасининг тегишли хулосаси эшитилади, муҳокама ўтказилади ҳамда тегишли қарор қабул қилинади.

Вазирлар Маҳкамаси Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 майидан кечиктирмай Ҳисоб палатасининг хулосаси билан бирга Қонунчилик палатасига тақдим этади.

Қонунчилик палатаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни фракцияларда, Қонунчилик палатаси қўмиталарида дастлабки тарзда муҳокама қилиш асосида кўриб чиқади.

Давлат бюджети ижросининг бориши тўғрисидаги масалани дастлабки тарзда муҳокама қилиш давомида фракциялар, Қонунчилик палатаси қўмиталари Давлат бюджетининг даромад қисми ижроси хусусида, ажратилган маблағларнинг ўзлаштирилиши ҳолати тўғрисида тегишли органлардан қўшимча ахборотни, шунингдек уларнинг мақсадли сарфланиши ва улардан самарали фойдаланилиши ҳақидаги маълумотларни талаб қилиб олиши мумкин. Бунда фракциялар жойларда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши ва улардан самарали фойдаланилиши масалаларини Қонунчилик палатасининг қўмиталари томонидан ўрганиш ташаббуси билан чиқиши мумкин.

Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот фракцияларда, Қонунчилик палатаси қўмиталарида муҳокама қилинганидан кейин Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилади ҳамда Қонунчилик палатасининг қарори билан тасдиқланади.



8-модда. Вазирлар Маҳкамасининг мамлакат

ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари

юзасидан ҳар йилги маърузасини эшитиш

Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ва навбатдаги йил учун назарда тутилган асосий устуворликлар тўғрисидаги ҳар йилги маърузаси Бош вазир томонидан Қонунчилик палатасига тақдим этилади.

Фракциялар, Қонунчилик палатасининг қўмиталари Вазирлар Маҳкамасининг ҳар йилги маърузасини дастлабки тарзда кўриб чиқади ҳамда фикрлар ва таклифларни ишлаб чиқади, улар Қонунчилик палатасининг мажлисида мажбурий равишда ҳамда ҳар томонлама муҳокама қилиниши лозим.

Вазирлар Маҳкамасининг ҳар йилги маърузасини эшитиш якунлари бўйича Қонунчилик палатаси қарор қабул қилади, унда ҳукуматнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим масалаларини ҳал этишга доир фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар бўлиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг ҳар йилги маърузасини эшитиш якунлари бўйича қабул қилинган Қонунчилик палатасининг қарори Вазирлар Маҳкамасига юборилади.



8-1-модда. Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси

Президентининг Ўзбекистон Республикаси халқига ҳамда Олий

Мажлисига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган, тегишли

йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг

бориши тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқиш

Бош вазир ҳукумат аъзолари билан биргаликда ҳар ярим йилда Қонунчилик палатасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси халқига ҳамда Олий Мажлисига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисида ҳисобот тақдим этади.

Фракциялар, Қонунчилик палатасининг қўмиталари Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини дастлабки тарзда кўриб чиқади ҳамда Қонунчилик палатасининг мажлисида мажбурий равишда ва ҳар томонлама муҳокама қилиниши лозим бўлган фикрлар ва таклифларни ишлаб чиқади.

Қонунчилик палатаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини кўриб чиқиш якунлари бўйича қарор қабул қилади, қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси халқига ҳамда Олий Мажлисига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастурини бажариш бўйича ҳукумат фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифларни ўз ичига олиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини кўриб чиқиш якунлари бўйича қабул қилинган Қонунчилик палатаси қарори Вазирлар Маҳкамасига юборилади.



8-2-модда. Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши

курашиш агентлигининг Ўзбекистон Республикасида

коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги ҳар йилги

миллий маърузасини эшитиш

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан тайёрланадиган ҳар йилги Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза (бундан буён матнда Миллий маъруза деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори томонидан Олий Мажлис палаталарига тақдим этилади.

Фракциялар, Олий Мажлис палаталарининг қўмиталари Миллий маърузани дастлабки тарзда кўриб чиқади ҳамда фикрлар ва таклифларни ишлаб чиқади, фикрлар ва таклифлар Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг мажлисларида мажбурий равишда ҳамда ҳар томонлама муҳокама қилинади.

Миллий маърузани эшитиш якунлари бўйича Қонунчилик палатаси, Сенат қарорлар қабул қилади, уларда Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар бўлиши мумкин.

Миллий маърузани эшитиш якунлари бўйича қабул қилинган Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг қарорлари Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигига юборилади.


9-модда. Бош вазирнинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий

жиҳатдан ривожлантиришнинг долзарб масалалари

юзасидан ҳисоботини эшитиш

Қонунчилик палатаси зарур бўлган ҳолларда ўз мажлисида Бош вазирнинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришнинг долзарб масалалари юзасидан ҳисоботини эшитиши мумкин.

Бош вазирнинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришнинг долзарб масалалари юзасидан ҳисоботи қонунга мувофиқ парламент сўрови тартибида эшитилади.

Фракциялар, Қонунчилик палатасининг қўмиталари Бош вазирнинг ҳисоботини дастлабки тарзда кўриб чиқади ҳамда фикрлар ва таклифларни ишлаб чиқади, улар Қонунчилик палатаси мажлисида мажбурий равишда ҳамда ҳар томонлама муҳокама қилиниши керак.

Бош вазирнинг ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича Қонунчилик палатаси қарор қабул қилади, унда ҳукуматнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг айрим долзарб масалаларига доир фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар бўлиши мумкин.

Бош вазирнинг ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича қабул қилинган Қонунчилик палатасининг қарори Вазирлар Маҳкамасига юборилади.



9-1-модда. Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг ўз фаолияти

масалалари юзасидан ҳисоботларини эшитиш

Қонунчилик палатаси зарур бўлган ҳолларда ўз мажлисларида Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг ўз фаолияти масалалари юзасидан ҳисоботларини эшитиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг ўз фаолияти масалалари юзасидан ҳисоботларини эшитиш тўғрисидаги масала фракциялар, қўмиталарнинг ташаббусига кўра Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилади.

Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг ўз фаолияти масалалари юзасидан ҳисоботларини эшитиш тўғрисида Қонунчилик палатаси қарор қабул қилади. Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг ҳисоботларини эшитиш тўғрисидаги Қонунчилик палатаси қарори олдиндан Вазирлар Маҳкамасига юборилади.

Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг ўз фаолияти масалалари юзасидан ҳисоботларини эшитиш якунлари бўйича Қонунчилик палатаси қарор қабул қилади, унда тегишинча Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар бўлиши, шунингдек уларнинг ишига баҳо берилиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамаси аъзосининг ўз фаолияти масалалари юзасидан ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича Қонунчилик палатаси уни истеъфога чиқариш тўғрисидаги таклифни Ўзбекистон Республикаси Президентига кўриб чиқиш учун киритишга ҳақли.

Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг ўз фаолияти масалалари юзасидан ҳисоботларини эшитиш якунлари бўйича қабул қилинган Қонунчилик палатаси қарори Вазирлар Маҳкамасига юборилади.



10-модда. Қонунчилик палатаси, Сенат мажлисларида давлат

органлари раҳбарларининг ўз фаолияти масалалари

юзасидан ахборотини эшитиш

Қонунчилик палатаси, Сенат зарур бўлган ҳолларда, ўз мажлисларида давлат органлари раҳбарларининг ўз фаолияти масалалари юзасидан ахборотини эшитиши мумкин.

Давлат органлари раҳбарларининг ўз фаолияти масалалари юзасидан ахборотини эшитиш тўғрисидаги масала Қонунчилик палатаси томонидан фракциялар, қўмиталар ташаббусига кўра, Сенат томонидан эса қўмиталарнинг ташаббусига кўра кўриб чиқилади.

Давлат органлари раҳбарларининг ўз фаолияти масалалари юзасидан ахборотини эшитиш тўғрисида Қонунчилик палатаси, Сенат қарор қабул қилади. Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш тўғрисидаги қарори олдиндан тегишли давлат органига юборилади.

Давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш якунлари бўйича Қонунчилик палатаси, Сенат қарор қабул қилади, унда тегишинча давлат органлари раҳбарларининг фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар бўлиши, шунингдек уларнинг ишига баҳо берилиши мумкин.

Давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш якунлари бўйича қабул қилинган Қонунчилик палатаси, Сенат қарори тегишли давлат органига юборилади.



10-1-модда. Қонунчилик палатаси мажлисларида ҳукумат

аъзоларининг Қонунчилик палатаси депутатлари

саволларига жавобларини эшитиш

Қонунчилик палатаси, қоида тариқасида, бир ойда бир марта ўз мажлисида ҳукумат аъзоларининг Қонунчилик палатаси депутатлари саволларига жавобларини эшитади (бундан буён матнда "ҳукумат соати" деб юритилади).

"Ҳукумат соати"ни ўтказиш жадвали Бош вазир билан келишилган ҳолда Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан белгиланади.

Қонунчилик палатаси депутатларининг ҳукумат аъзоларига саволлари Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан "ҳукумат соати"ни ўтказишдан камида ўн кун олдин Вазирлар Маҳкамасига юборилади.

Вазирлар Маҳкамаси саволлар рўйхатидан келиб чиққан ҳолда "ҳукумат соати"да Қонунчилик палатаси депутатларининг саволларига жавоб берадиган ҳукумат аъзоларини белгилайди.

"Ҳукумат соати" якунлари бўйича Қонунчилик палатасининг қарори қабул қилиниши мумкин.



10-2-модда. Сенат мажлисларида вилоятлар, туманлар,

шаҳарлар ҳокимларининг тегишли ҳудудни

ривожлантириш масалалари юзасидан

ҳисоботларини эшитиш

Сенат ўз мажлисида вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳокимларининг тегишли ҳудудни ривожлантириш масалалари юзасидан ҳисоботларини эшитиши мумкин.

Вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳокимларининг тегишли ҳудудни ривожлантириш масалалари юзасидан ҳисоботларини эшитиш тўғрисидаги масала Сенат томонидан унинг қўмиталари ташаббусига кўра кўриб чиқилади.

Вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳокимларининг тегишли ҳудудни ривожлантириш масалалари юзасидан ҳисоботларини эшитиш тўғрисида Сенат қарор қабул қилади, қарор тегишли ҳокимларга олдиндан юборилади.

Вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳокимларининг тегишли ҳудудни ривожлантириш масалалари юзасидан ҳисоботларини эшитиш якунлари бўйича Сенат қарор қабул қилади.



10-3-модда. Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги

ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги дипломатик ҳамда бошқа

ваколатхоналари раҳбарларининг ўз фаолияти масалалари

бўйича ҳисоботларини эшитиш

Сенат зарур бўлган тақдирда ўз мажлисида Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги дипломатик ҳамда бошқа ваколатхоналари раҳбарларининг ўз фаолияти масалалари бўйича ҳисоботларини Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасида дастлабки тарзда кўриб чиққан ҳолда, ҳам бевосита, ҳам видеоконференцалоқа режимида эшитади.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги дипломатик ҳамда бошқа ваколатхоналари раҳбарларининг ўз фаолияти масалалари бўйича ҳисоботларини эшитиш тўғрисида Сенат Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан эшитувни ташкил этиш бўйича чоралар кўрилиши учун ушбу вазирликни олдиндан хабардор қилади.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги дипломатик ҳамда бошқа ваколатхоналари раҳбарларининг ўз фаолияти масалалари бўйича ҳисоботларини эшитиш якунлари бўйича Сенат қарор қабул қилади, унда ушбу раҳбарларнинг фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар бўлиши, шунингдек уларнинг ишига баҳо берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги дипломатик ҳамда бошқа ваколатхоналари раҳбарларининг ўз фаолияти масалалари бўйича ҳисоботларини эшитиш якунлари бўйича қабул қилинган Сенат қарори ўз ҳисоботи эшитилган шахсга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига юборилади.



11-модда. Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш

Қонунчилик палатаси ҳар йили ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 майидан кечиктирмай ўз мажлисида Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқади.

Ҳисоб палатасининг ҳисоботи дастлабки тарзда фракциялар, шунингдек Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси томонидан кўриб чиқилади.

Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш якунлари бўйича Қонунчилик палатаси қарор қабул қилади, қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида Ҳисоб палатасига юборилади.


12-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош

прокурорининг ҳисоботини эшитиш

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ҳар йили Сенатга ҳисобот тақдим этади, ҳисобот Сенатнинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ҳисоботи дастлабки тарзда Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича Сенат қарор қабул қилади, қарор Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юборилади.



13-модда. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки

бошқаруви раисининг ҳисоботини эшитиш


Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Сенатга қонунчиликда белгиланган тартибда тақдим этилган ҳар йилги ҳисоботи Сенатнинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг ҳисоботи дастлабки тарзда Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси томонидан кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича Сенат қарор қабул қилади, қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига юборилади.



14-модда. Парламент сўрови


Қонунчилик палатаси, Сенат давлат органларининг мансабдор шахсларига қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дастурларининг ижроси масалалари ҳамда уларнинг ваколатларига кирадиган бошқа муҳим масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан парламент сўрови юборишга ҳақли.

Парламент сўровини юбориш тўғрисидаги таклиф Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қўмиталар, фракциялар томонидан, шунингдек Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида бешдан бир қисми томонидан, Сенат кўриб чиқиши учун эса, қўмиталар томонидан, шунингдек Сенат аъзолари умумий сонининг камида бешдан бир қисми томонидан киритилади.

Давлат органларининг мансабдор шахслари парламент сўровига оғзаки жавобни тегишинча Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг мажлисида палаталар белгилаган муддатда беради.

Давлат органларининг мансабдор шахслари парламент сўровига ёзма жавобни, агар бошқа муддат белгиланган бўлмаса, сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай юбориши лозим. Парламент сўровига жавоб ўз номига сўров юборилган мансабдор шахс ёки унинг вазифаларини вақтинча бажараётган шахс томонидан имзоланади.

Парламент сўровига ёзма жавоб, қоида тариқасида, Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг мажлисида раислик қилувчи томонидан ўқиб эшиттирилади. Ёзма жавобнинг нусхалари тегишли палатанинг мажлисида ўқиб эшиттирилгунига қадар олдиндан Қонунчилик палатаси депутатларига, Сенат аъзоларига юборилади.

Парламент сўровига жавоб тегишинча Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг мажлисида муҳокама қилиниши мумкин. Қонунчилик палатаси, Сенат парламент сўрови муҳокамаси якунлари бўйича қарор қабул қилади.



15-модда. Қонунчилик палатаси депутатининг,

Сенат аъзосининг сўрови


Қонунчилик палатаси депутати давлат органларининг мансабдор шахсларига, қоида тариқасида, тегишли сайлов округи сайловчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан, Сенат аъзоси эса, тегишли ҳудудларнинг манфаатлари билан боғлиқ масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан сўров юборишга ҳақли.

Давлат органларининг мансабдор шахслари Қонунчилик палатаси депутатининг, Сенат аъзосининг сўровига, агар бошқа муддат белгиланган бўлмаса, сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай ёзма жавоб юборади. Қонунчилик палатаси депутатининг, Сенат аъзосининг сўровига жавоб ўз номига сўров юборилган мансабдор шахс ёки унинг вазифаларини вақтинча бажараётган шахс томонидан имзоланади.


16-модда. Қонунчилик палатаси, Сенат қўмиталари томонидан

давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш

Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг қўмиталари иш режаларига, Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг ҳамда улар кенгашларининг қарорларига мувофиқ ўз мажлисларида давлат органлари раҳбарларининг улар томонидан қонунларга риоя этилиши, Қонунчилик палатаси, Сенат, уларнинг кенгашлари ва қўмиталари қарорларининг бажарилиши тўғрисидаги ахборотини эшитиши мумкин.

Давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш якунлари бўйича Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг қўмиталари қарорлар қабул қилади, қарорлар тегишли давлат органларига юборилади.



17-модда. Қонун ҳужжатларининг ижроси ҳолатини,

ҳуқуқни қўллаш амалиётини Қонунчилик палатасининг,

Сенатнинг қўмиталари томонидан ўрганиш ва қонун ости

ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан улар томонидан

мониторингни амалга ошириш


Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг қўмиталари ўз иш режаларига мувофиқ вақти-вақти билан давлат органлари томонидан қонунларнинг, Қонунчилик палатаси ва Сенат қарорларининг ижроси ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини жойларга чиқиб ўрганади. Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг қўмиталари, шунингдек Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари ўрганиш давомида давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан, мансабдор шахслардан ҳужжатларни, эксперт хулосаларини, статистика маълумотларини ва бошқа маълумотларни сўраб олиши мумкин.

Қонун ҳужжатларининг ижроси ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш якунлари бўйича Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг қўмиталари ўз мажлисларида давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиши, шунингдек ўрганиш натижаларини Қонунчилик палатаси, Сенат кўриб чиқиши учун киритиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

Қонун ҳужжатларининг ижроси ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш Олий Мажлис палаталари кенгашларининг қарорига мувофиқ Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари томонидан амалга оширилиши мумкин.

Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг қўмиталари янги қабул қилинган қонунлар ижросини таъминлаш учун қонун ости ҳужжатларининг ўз вақтида қабул қилиниши юзасидан мониторингни амалга оширади. Мониторингни амалга ошириш якунлари Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг қўмиталари мажлисларида кўриб чиқилиши мумкин.



18-модда. Парламент текшируви

Мамлакатнинг хавфсизлиги, барқарор ривожланиши асосларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига, жамият ва давлат манфаатларига таҳдид соладиган фактлар ҳамда воқеаларни ўрганиш мақсадида Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг қўшма қарори билан парламент текшируви ўтказилиши мумкин.

Парламент текширувини ўтказиш учун Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари орасидан тенглик асосида махсус комиссия тузилади.

Махсус комиссия парламент текширувини ўтказишда қуйидагиларга ҳақли:

давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг вакилларини, мутахассисларни, экспертларни ва олимларни комиссия ишига жалб этишга;

давлат органларидан, хўжалик бошқаруви органларидан, бошқа ташкилотлардан, шунингдек фуқаролардан зарур маълумотларни сўраб олишга;

давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларини, шунингдек фуқароларни тушунтиришлар бериш учун таклиф қилишга.

Махсус комиссия Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг қўшма қарорига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Махсус комиссия бажарилган ишлар тўғрисида Қонунчилик палатаси ва Сенат томонидан белгиланган муддатда уларни хабардор қилади.


20-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан

парламент назоратини амалга ошириш


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) парламент назоратини "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга оширади.



21-модда. Парламент назорати натижалари


Парламент назорати субъектлари ўз ваколатлари доирасида парламент назорати натижалари бўйича:

ҳукумат аъзосини истеъфога чиқариш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти кўриб чиқиши учун таклиф киритиши;

тегишли давлат органларига қонун ҳужжатларининг, давлат дастурларининг ижроси, ўз зиммаларига юклатилган вазифалар ҳамда функцияларнинг амалга оширилиши самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар кўриш юзасидан таклифлар ва тавсиялар киритиши;

давлат ҳокимияти органлари, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва Олий Мажлис палаталарига ҳисобдор бўлган бошқа органлар томонидан киритилган маърузаларни, ҳисоботларни, ахборотни ҳамда бошқа материалларни улар юзасидан мулоҳазалар ва таклифларни кўрсатган ҳолда ушбу органларга маромига етказиш учун белгиланган тартибда қайтариб юбориши;

парламент назорати материалларини ваколатли давлат органларига ўз ваколатларига мувофиқ кўриб чиқиш учун юбориши;

фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузиш ҳоллари ёки қонунчиликни органларига ҳамда мансабдор шахсларга мурожаат қилиши;

мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш, уларни лавозимидан озод этиш тўғрисида тегишли давлат органларига таклифлар ва тавсиялар киритиши;

янги қонунчилик ҳужжати лойиҳасини ишлаб чиқиш ёки амалдаги қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ташаббуси билан чиқиши;

парламент назорати натижаларини эълон қилиши мумкин.



22-модда. Парламент назорати натижалари бўйича қабул

қилинган қарорларни кўриб чиқиш ва ижро этиш


Давлат органлари ўз ваколатлари доирасида:

парламент назорати субъектлари томонидан қабул қилинган қарорларнинг кўриб чиқилиши ва ижро этилишини таъминлайди;

парламент назорати натижалари бўйича ишлаб чиқилган таклифлар ва тавсияларни амалга оширишга қаратилган зарур тадбирларни ишлаб чиқади ва (ёки) қарорлар қабул қилади;

таклифлар ва тавсияларни кўриб чиқиш натижалари ҳамда улар бўйича кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида парламент назорати субъектларига хабар қилади;

қонунчиликнинг бузилишига йўл қўйган давлат органларининг мансабдор шахсларига нисбатан жавобгарлик чораларини кўради.


23-модда. Парламент назорати субъектларининг мажбуриятлари


Парламент назоратини амалга оширишда парламент назорати субъектлари:

давлат органларини ҳамда уларнинг мансабдор шахсларини парламент назоратини ўтказиш билан боғлиқ зарур ҳужжатлар билан таништириши;

давлат органларининг, бошқа ташкилотларнинг ва улар мансабдор шахсларининг ўз ваколатлари доирасида амалга ошираётган фаолиятига аралашмаслиги;

давлат органларининг, бошқа ташкилотларнинг фаолият кўрсатиши учун тўсиқларни юзага келтирмаслиги;

давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиши шарт.

Парламент назорати субъектларининг зиммасида қонунга мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



24-модда. Давлат органлари мансабдор

шахсларининг мажбуриятлари

Парламент назорати субъектлари парламент назоратини амалга ошираётганда давлат органларининг мансабдор шахслари:

парламент назорати амалга оширилиши учун зарур шарт-шароитлар яратиши;

парламент назорати субъектларининг қонуний талабларини бажариши, шунингдек уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилмаслиги;

парламент назорати субъектларига парламент назоратини амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этиши, шунингдек уларнинг ишончлилиги ва холислигини таъминлаши шарт.

Давлат органларининг мансабдор шахслари парламент назорати субъектларининг парламент назорати натижалари бўйича қабул қилинган қарорларини кўриб чиқиши ва кўриб чиқиш натижалари ҳамда кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида уларни белгиланган муддатда хабардор қилиши шарт.

Давлат органлари мансабдор шахсларининг зиммасида қонунга мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


24-1-модда. Парламент назорати субъектларига Вазирлар

Маҳкамасининг кўмаклашишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги ваколатли вакили парламент назорати субъектларига Вазирлар Маҳкамасининг кўмаклашишини таъминлайди, хусусан:

Давлат бюджети лойиҳасининг Олий Мажлис палаталари кўриб чиқиши учун тақдим этилишини таъминлайди;

Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботнинг Қонунчилик палатасига тақдим этилишини таъминлайди;

Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йилги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ва навбатдаги йил учун назарда тутилган асосий устуворликлар тўғрисидаги ҳар йилги маърузаси Қонунчилик палатасига тақдим этилишини таъминлайди;

зарур бўлганда Бош вазирнинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришнинг долзарб масалалари юзасидан ҳисоботларини Қонунчилик палатаси томонидан эшитишни ташкил этиш чораларини кўради;

Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг ўз фаолияти масалалари юзасидан ҳисоботларини эшитишни ташкил этиш чораларини кўради;

Вазирлар Маҳкамасининг аъзоларига, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига юборилган парламент сўровига, шунингдек Қонунчилик палатаси депутатининг ёки Сенат аъзосининг сўровига ўз вақтида жавоб юборилишини таъминлашга кўмаклашади;

Ўзбекистон Республикаси қонунларининг, Олий Мажлис палаталари қарорларининг ижро этилиши ҳолатини, ҳуқуқнинг қўлланилиш амалиётини Олий Мажлис палаталарининг қўмиталари томонидан ўрганиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича чоралар кўради, шунингдек республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг, мазкур йўналишдаги бошқа ташкилотларнинг ишини мувофиқлаштириб боради;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар раҳбарларининг улар томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунларига риоя этилиши, Олий Мажлис палаталарининг, улар кенгашларининг қарорлари, қўмиталари ва комиссияларининг қарорлари бажарилиши тўғрисидаги ахборотини эшитишда иштирок этади.



25-модда. Парламент назорати натижаларини

кўриб чиқишнинг очиқлиги ва ошкоралиги


Парламент назорати натижаларини кўриб чиқиш бўйича Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг ҳамда улар органларининг мажлислари очиқ ва ошкора ўтказилади. Мажлисларга давлат органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг, илмий муассасаларнинг вакиллари, мутахассислар ва олимлар, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари таклиф этилиши мумкин.

Зарурат бўлганда, Қонунчилик палатаси, Сенат ва уларнинг органлари ёпиқ мажлис ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

Парламент назорати натижалари оммавий ахборот воситаларида ва Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиниши мумкин.



26-модда. Парламент назорати тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Парламент назорати тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


27-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



28-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                      И. Каримов



"Халқ сўзи", 2016 йил 12 апрель


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 18 апрель, 15-сон, 141-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси",

2016 йил, 4-сон, 123-модда
































Время: 0.1628
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск