ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Ўрта таълим. Мактабдан ташқари таълим /

Умумий ўрта таълим муассасаси методик кенгаши тўғрисидаги Намунавий низом (АВ томонидан 03.05.2016 й. 2781-сон билан рўйхатга олинган халқ таълими вазирининг 31.03.2016 й. 3-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2016 йил 3 майда 2781-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

халқ таълими вазирининг

2016 йил 31 мартдаги

3-мҳ-сон буйруғига

ИЛОВА



Умумий ўрта таълим муассасаси

методик кенгаши тўғрисидаги

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ, умумий ўрта таълим муассасаси (бундан буён матнда умумтаълим муассасаси деб юритилади) методик кенгашининг мақсади, асосий вазифалари ва унинг фаолиятини ташкил қилиш тартибини белгилайди.


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Методик кенгаш умумтаълим муассасасининг таълим, методик ва инновацион фаолиятини таъминлаш юзасидан методик хизматни амалга оширадиган жамоавий орган ҳисобланади. Методик кенгашнинг фаолияти жамоатчилик асосида ташкил этилади.

Мазкур Низом талаблари барча умумтаълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилади.


2. Методик кенгаш педагогик жамоанинг инновация, тажриба-синов, таълим-тарбия жараёнларини ривожлантиришда услубий бирлашмаларнинг ишини мувофиқлаштиради.


3. Методик кенгаш ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига, ушбу Низомга, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек умумтаълим муассасасининг уставига амал қилади.



2-БОБ. МЕТОДИК КЕНГАШНИНГ

МАҚСАДИ ВА АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


4. Методик кенгашнинг мақсади умумтаълим муассасаси ўқитувчиларининг малакасини ошириш, уларнинг касбий компетенцияларини ривожлантириш, касбий маҳоратини ўстириш ҳамда методик ишларга тез мослашувчанлигини таъминлашдан иборат.


5. Методик кенгашнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

умумтаълим муассасасида таълим-тарбия сифатини ошириш учун зарур бўлган методик фаолиятни мувофиқлаштириш, педагог ходимларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш;

умумтаълим муассасасининг ўқув дастури, ўқув режаси ва унинг ривожлантириш дастурларини бирламчи экспертизадан ўтказиш ҳамда тасдиқлаш учун умумтаълим муассасасининг педагогик кенгашига тавсия этиш;

умумтаълим муассасаси ўқитувчиларига замонавий педагогик технологияларни, таълим методлари, шакли ва воситаларини излаб топишга кўмаклашиш, дарс жараёнида қўллашга шароит яратиш, илғор иш тажрибаларини оммалаштириш ва таълим жараёнида ютуқларга эришаётган педагогик ходимлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича тавсиялар бериш;

ўқувчилар билими, кўникма ва малакаларининг давлат таълим стандартига мослигини ўрганиш, таҳлил қилиш, мониторинг қилиш ва натижаларига кўра аниқланган бўшлиқларни тўлдириш бўйича методик тавсиялар ишлаб чиқиш;

ўқув йили якунида ўқувчиларни кейинги синфга кўчириш ёки синфда қолдириш масаласини кўриб чиқиш;

педагог ходимларнинг охирги уч йилдаги иш натижаларини таҳлил қилиб бориш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар бериш, педагог ходимлар ва услубий бирлашма раҳбарларига методик ишларни самарали ташкил этиш бўйича асосий вазифаларни белгилаб бериш;

педагог ходимнинг инновацион фаолиятини ташкил қилиш, уларнинг ижодий изланишлари учун семинарлар, тренинг машғулотлари, педагогик технологиялар бўйича тақдимотлар ҳамда очиқ дарслар ташкил этиш;

умумтаълим муассасаси педагог ходимларининг малака оширишларини ташкил этиш;

педагог ходимларнинг малака ошириш курсидан кейинги фаолиятларини таҳлил қилиш, уларнинг малака ошириш курси давомида олган билимлари асосида ўқув семинарлар ташкил этиш, уларнинг иш режаси асосида ижодий ҳисоботларини эшитиш;

фанлар бўйича синфдан ташқари (факультатив, тўгарак) ишларни мувофиқлаштириш;

фан олимпиадалари ва танловларнинг мактаб босқичларини ўтказиш ҳамда уларнинг самарали ташкил этилишини назорат қилиш;

педагогик жамоанинг таълим-тарбия жараёнини ривожлантиришга ва амалиётда қўллашга йўналтирилган тажриба-синов, илмий-тадқиқот, инновацион, ижодий фаолиятига оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва уларни рағбатлантириш чораларини кўриш;

педагогик ходимларни илмий, методик, дидактик материаллар, ўқув дастурлари билан таъминлаш;

илғор педагогик ва ахборот-коммуникацион технологиялар асосида дарс ўтишнинг янги методларини синовдан ўтказиш;

таълим соҳасида тажриба алмашиш мақсадида бошқа таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш;

услубий бирлашмалар ҳисоботини эшитиш, муҳокама қилиш ва улар фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар бериш;

таълим мазмунини ривожлантиришга оид масалаларни ҳал қилиш, инновацион дастурлар тузиш, диагностик таҳлил ўтказиш, янги педагогик технологияларни ишлаб чиқиш учун вақтинчалик ижодий гуруҳлар фаолиятини ташкил этиш;

педагог ходимлар томонидан ишлаб чиқилган ўқув-методик қўлланмалар ва дидактик материалларни муҳокамадан ўтказиш.



3-БОБ. МЕТОДИК КЕНГАШНИНГ ТАРКИБИ

ВА УНИНГ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ


6. Методик кенгаш таркиби умумтаълим муассасаси директорининг буйруғи билан шакллантирилади.


7. Методик кенгаш умумтаълим муассасасининг педагогик кенгашига бўйсунади ва ўз фаолиятини педагогик кенгаш қарорларини бажаришга йўналтиради.


8. Методик кенгаш аъзолигига умумтаълим муассасаси директорининг ўринбосарлари, услубий бирлашмалар раҳбарлари, олий, биринчи ва иккинчи тоифали ўқитувчилар киритилади. Методик кенгаш умумтаълим муассасаси педагог ходимлари сони ва ўқувчилар контингентидан келиб чиқиб 5 - 15 кишидан иборат таркибда шакллантирилади.


9. Методик кенгаш раиси умумтаълим муассасаси директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари ҳисобланади. Методик кенгаш котиби ўқитувчилар орасидан тайинланади.


10. Методик кенгашнинг фаолияти умумтаълим муассасаси директори томонидан назорат қилинади.


11. Методик кенгаш фаолияти йиллик иш режа асосида ташкил этилади. Иш режа методик кенгаш йиғилишида кўриб чиқилади ва умумтаълим муассасаси педагогик кенгашининг қарорига асосан умумтаълим муассасаси директори томонидан тасдиқланади.


12. Методик кенгаш йиғилиши ҳар чоракда камида икки марта ўтказилади. Методик кенгаш баённомаси кенгаш котиби томонидан юритилади. Баённома методик кенгаш раиси, кенгаш аъзолари ва котиби томонидан имзоланади.

Баённомаларнинг рақами, санаси ва йиғилишда кўрилган масалалар тўғрисидаги маълумотлар методик кенгаш баённомаларини қайд этиш дафтарига ёзиб борилади. Баённомаларни қайд этиш дафтари рақамланади, ип ўтказиб тикилади ҳамда умумтаълим муассасаси директори томонидан имзоланиб муҳрланади.

Методик кенгашда ўқув, маънавий-маърифий, хўжалик ва бошқа йўналишларга оид масалалар муҳокама қилинган тақдирда, мазкур йўналиш учун масъул бўлган шахс муҳокама жараёнига жалб этилади.



4-БОБ. МЕТОДИК КЕНГАШНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


13. Методик кенгаш қуйидаги ҳуқуқларга эга:

умумтаълим муассасасининг ўқув жараёнини такомиллаштиришда иштирок этиш;

педагог ходимларнинг илғор иш тажрибаларини оммалаштириш ва амалиётга жорий этишга оид масалаларни кўриб чиқиш;

ўқув йили якунида ўқувчиларни кейинги синфга кўчириш ёки синфда қолдириш масалалари бўйича мактаб педагогика кенгашига тавсиялар бериш;

умумтаълим муассасаси раҳбариятига ўқув, маънавий-маърифий, илмий-методик ва тажриба-синов ишларида фаол иштирок этган педагог ходимларни моддий рағбатлантириш тўғрисида таклиф киритиш;

педагог ходимнинг малака тоифасини ошириш бўйича таклиф бериш;

педагог ходимларга малака ошириш шакллари бўйича тавсиялар бериш;

фан олимпиадалари, танловлар ва турли мусобақаларда қатнашиш учун ўқитувчилар ва ўқувчилар номзодини тавсия этиш;

умумтаълим муассасаси фаолиятига оид ижтимоий сўровнома ўтказиш, унинг натижаларидан келиб чиқиб ўқув жараёнини такомиллаштириш бўйича чоралар кўриш.


14. Методик кенгаш қуйидагиларга мажбур:

ҳар чоракда фаолияти юзасидан умумтаълим муассасасининг педагогик кенгашига ҳисобот топшириш;

таълим-тарбия сифатини янада яхшилаш бўйича таклифлар тайёрлаш ва педагогик кенгашга тақдим этиш;

ўқув режасини ишлашда иштирок этиш;

янги ахборот-коммуникацион технологияларни жорий этиш бўйича педагогик изланишлар олиб бориш;

иқтидорли ўқувчилар билан алоҳида режа асосида ишлашни ташкил этиш;

педагог ходимларга умумий ўрта таълимга оид норматив-ҳуқуқий ва методик ҳужжатлар юзасидан тушунтириш ва кўрсатмалар бериш.



5-БОБ. МЕТОДИК КЕНГАШ ҲУЖЖАТЛАРИ


15. Методик кенгашда унинг фаолиятига оид қуйидаги ҳужжатлар бўлиши лозим:

умумтаълим муассасаси директорининг методик кенгаш тўғрисидаги низом ва унинг таркибини тасдиқлаш тўғрисидаги буйруғи;

методик кенгашнинг тасдиқланган иш режаси;

умумтаълим муассасасининг педагог ходимлари ва уларнинг методик ишлари ҳақида маълумотлар йиғмажилди;

педагог ходимлар томонидан ташкил этиладиган очиқ дарс машғулотлари ва тарбиявий соатлар жадваллари;

фан олимпиадалари, танловлар ва мусобақаларни ўтказиш режа-жадвали;

услубий бирлашмаларнинг ҳисоботлари;

йиғилиш баённомалари;

методик кенгашда муҳокама қилинган масалалар юзасидан таҳлилий материаллар.


16. Методик кенгаш ҳужжатларининг сақланишига методик кенгаш раиси ва котиби жавобгар ҳисобланади.

Методик кенгаш ҳужжатлари кенгашда уч йил мобайнида сақланади ҳамда тегишли архивга топширилади.



6-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


17. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 10 май, 18-сон, 205-модда


















































Время: 0.1559
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск