Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Фан /

Илмий даражалар бериш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 10.07.1996 й. 261-сон билан рўйхатга олинган ВМ ОАКР қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

РЎЙХАТГА ОЛИНГАН

10.07.1996 й.

N 261




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҲУЗУРИДАГИ

ОЛИЙ АТТЕСТАЦИЯ КОМИССИЯСИ

РАЁСАТИНИНГ ҚАРОРИ БИЛАН

ТАСДИҚЛАНГАН

25.01.1996 й.

N 34/2



Илмий даражалар бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом фан доктори ва номзоди илмий даражаларини бериш тартибини белгилайди. Илмий даражалар фаннинг муайян соҳасида чуқур касбий билимларга ва илмий ютуқларга, ҳамда магистр даражасига ёки олий маълумот даражаси бўйича академик даражалар жорий этилгунга қадар олинган олий маълумотга эга бўлган шахсларга берилади.

Тиббиёт фанлари бўйича диссертация ҳимоя қилиш - тиббиёт соҳаси бўйича магистр даражасига ёки олий маълумот даражаси бўйича академик даражалар жорий этилгунга қадар олинган олий маълумотга эга шахсларга, ветеринария фанлари бўйича диссертация ҳимоя қилиш - ветеринария соҳаси бўйича магистр даражасига ёки олий маълумот даражаси бўйича академик даражалар жорий этилгунга қадар олинган олий маълумотга эга шахсларга, юридик фанлар бўйича диссертация ҳимоя қилиш - ҳуқуқ (юриспруденция) соҳаси бўйича магистр даражасига ёки олий маълумот даражаси бўйича академик даражалар жорий этилгунга қадар олинган олий маълумотга эга шахсларга рухсат этилади.

2. Фан доктори ва номзоди илмий даражаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси (ОАК) ихтисослашган кенгашнинг, (бундан буён - кенгаш) олий маълумотга эга бўлган талабгор диссертацияни жамоат олдида ҳимоя қилгандан кейин қабул қилган илтимосномаси асосида ва ОАК тегишли эксперт кенгашининг хулосасини инобатга олган ҳолда беради.

Илмий даража олиш учун ёзилган диссертация илмий асар ҳисобланиб, у диссертантнинг эълон қилган илмий ишлари асосида махсус тайёрлаган қўлёзма шаклида бўлиши мумкин.

Диссертацияни тайёрлаш, уни ҳимоя қилиш, ОАКга тақдим этиш учун расмийлаштириш қайси тилда бўлиши лозимлиги Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда) мувофиқ белгиланади. Талабгор диссертацияни ўз хоҳишига қараб уч тилда: ўзбек, рус ёки инглиз тилларидан бирида ёзиши мумкин.

Қорақалпоқ адабиётшунослиги ва тилшунослиги бўйича диссертациялар талабгорнинг хоҳишига қараб, қорақалпоқ тилида ёзилиши мумкин.

3. ОАК Фан ва техникани ривожлантиришга улкан ҳисса қўшадиган кашфиёт ёки энг катта ихтиро муаллифига, истисно тариқасида. диссертация ҳимоясисиз фан доктори ёки номзоди илмий даражасини бериши мумкин. Бу ҳолда талабгорга илмий даража бериш тартибини ОАК белгилайди.


4. Ёпиқ мавзулар бўйича диссертация ҳимоя қилишни ташкил этиш ва илмий даражалар бериш тартиботи ОАКнинг махсус қўшимча Низомида белгиланади.

Фан доктори ва номзодига белгиланган намунадаги дипломлар берилади.


II. НОМЗОДЛИК ИМТИҲОНЛАРИ


5. Фан номзоди илмий даражасига талабгор тегишли номзодлик имтиҳонларини топшириши керак.

Имтиҳон қабул қиладиган ташкилот номзодлик имтиҳонлари олинишидан беш кун олдин имтиҳон топширувчилар рўйхатини, имтиҳон қабул қилиш вақти, жойи ва комиссиянинг таркибига доир маълумотлар билан бирга ОАКга юбориши зарур. ОАК номзодлик имтиҳонларида қатнашиш ва уни назорат қилиш учун ўз вакилларини юбориши мумкин. Номзодлик имтиҳонлари нохолис ўтказилган тақдирда ОАК имтиҳон натижаларини бекор қилади.

6. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун номзодлик имтиҳонлари фалсафа, миллий истиқлол ғояси ва фан методологияси, чет тили, информацион технологиялар асослари ҳамда диссертация мавзуига мувофиқ ихтисослик фанидан ўтказилади.

Чет эл фуқаролари учун номзодлик имтиҳонлари ўзбек, рус ёки инглиз тилида информацион технологиялар асослари ва диссертация мавзуига мувофиқ ихтисослик фанидан ўтказилади.

7. Номзодлик имтиҳонларининг мазмунини ва уларни топшириш тартибини ОАК Раёсати белгилайди.


III. ДИССЕРТАЦИЯЛАРГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


8. Фан доктори илмий даражасини олиш учун тақдим этилган диссертация муаллиф ўтказган тадқиқотлар ва у яратган ишланмалар асосида муҳим халқ хўжалик, ижтимоий-маданий, ижтимоий-сиёсий аҳамиятга молик илмий муаммо ҳал қилинган ёки тегишли фан соҳасининг истиқболли йўналишини ривожлантиришда улкан ютуқ деб баҳолаш мумкин бўлган назарий қоидалар мажмуи ишлаб чиқилган ёхуд жорий этилиши техникани ривожлантиришга катта ҳисса қўшадиган илмий асосланган техникавий, иқтисодий ёки технологик ечимлар ўз ифодасини топган илмий асар бўлиши керак.


9. Фан номзоди илмий даражасини олиш учун тақдим этилган диссертация фаннинг тегишли соҳаси учун катта аҳамиятга молик масала янгича ҳал қилинган ёки муаллифнинг муҳим амалий масалаларни ҳал этишни таъминловчи илмий жиҳатдан асосланган техникавий, иқтисодий ёки технологик тавсиялари ўз ифодасини топган илмий асар бўлиши керак.


10. Диссертация муаллиф ошкора ҳимоя учун жамоат муҳокамасига қўйган янги илмий натижалар ва қоидалар мажмуига эга мазмунан яхлит, муаллифнинг фанга қўшган ҳиссасини акс эттирувчн шахсан ёзилган юқори малакали илмий иш бўлиши керак.

Амалий аҳамиятга молик диссертацияда аниқ муаммонинг ечими ва муаллиф.эришган илмий натижалардан амалиётда фойдаланилганлиги тўғрисида маълумотлар, назарий аҳамиятга молик диссертацияда эса илмий хулосалардан фойдаланишга доир тавсиялар берилиши лозим.

Диссертация иши кириш қисми, камида учта бўлим, асосий хулосалар ва фойдаланилган адабиётлар рўйхатидан иборат бўлиб, ўрнатилган тартибда расмийлаштирилади.

Диссертация ишининг амалиётга тадбиқи юзасидан махсус ишлаб чиқилган тавсиялар ихтисослашган кенгашда тасдиқланиб, аттестация ишига илова қилинади.

Диссертация мавзуси бўйича фойдаланилган адабиётлар асосан охирги ўн-ўн беш йил ичида нашр этилган бўлиши тавсия этилади.

Илмий маъруза шаклида фақат докторлик диссертациясини ёқлашга рухсат берилади.

Илмий маъруза шаклидаги докторлик диссертацияси талабгор мунтазам бажарган ва унинг асарларида эълон қилинган фан ва техника учун катта аҳамиятга молик натижаларнинг умумий қисқача баёнидан иборат бўлади.

Талабгор илмий ишининг аҳамияти ҳамда илмий маъруза шаклида диссертация ҳимоя қилишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосани унинг асосий тадқиқотлари ўтказилган ва ишланмалар бажарилган ташкилот беради. Илмий маъруза шаклида докторлик диссертацияси ҳимоя қилиш учун ОАК Раёсатининг рухсати бўлиши зарур. Илмий маъруза шаклида докторлик диссертациясини тақдим этиш ва ҳимоя қилиш тартибини ОАК белгилайди.

11. Диссертация мавзуи долзарб ва республика илмий тадқиқот ишларининг асосий приоритет йўналишлари билан боғлиқ бўлиши ва шахсан ҳар бир талабгор учун ташкилот илмий (илмий-техникавий) кенгаши томонидан тасдиқланиши шарт.

Диссертация мавзуси илмий кенгаш томонидан тасдиқлангандан сўнг, "ОАК Бюллетени" журналида нашр этилиши учун ўрнатилган тартибдаги ҳужжатлар билан ОАКга юборилади.

12. Докторлик диссертациясининг асосий илмий натижалари республикада ва хорижда чоп этиладиган ОАК рўйхатидаги илмий журналларда, даврий илмий нашрларда эълон қилиниши лозим.

Докторлик диссертацияси бўйича диссертантнинг умумий илмий ишлари сони 20 тадан кам бўлмаслиги керак.

Кашфиёт ҳақидаги дипломлар, ихтиро ва саноат намуналари тўғрисидаги муаллифлик гувоҳномалари ва патентлар. белгиланган тартибда расмийлаштирилган ва қайд қилинган алгоритмлар давлат илмий-техникавий ахборот тизими муассасаларига сақлашга берилган ва илмий журналларда қисқача баён этилган ишларнинг қўлёзмалари. илмий анжуман, конференция, симпозиум ва семинарларда қилинган маърузаларнинг босилиб чиққан тезислари, корхоналар қуриш, уларни кенгайтириш, қайта қуриш ва техникавий қайта жиҳозлаш лойиҳаларининг технологик қисмлари, давлат маълумотлар банкига қўшилган янги материалларнинг ахборот карталари ҳам диссертациянинг Илмий натижаларини акс эттирувчи эълон қилинган ишлар жумласига киради.

Диссертантнинг чоп этилган илмий ишлари рўйхати докторлик диссертациясининг авторефератида уч бўлимдан иборат ҳолда келтирилади:

биринчи бўлимда монографиялар ҳамда, илмий журналлар ва тўпламларда чоп этилган мақолалар рўйхати берилади. Бу бўлимда келтирилган мақолаларнинг камида ўнтаси ОАК рўйхатидаги илмий журналларда номзодлик диссертацияси ҳимоясидан сўнг нашр қилинган бўлиши керак. Диссертантнинг газета ва илмий журналларда чоп этилган ўнта мақоласи бўлмаган ҳолларда, докторлик диссертациясининг ҳимояси масаласини истисно тариқасида ОАК Раёсати ҳал қилади. Ижтимоий-гуманитар ва иқтисодиёт соҳалари бўйича докторлик диссертацияси натижалари юзасидан монография нашр этилган бўлиши керак. Бошқа фанлар, шунингдек педагогика, психология, фалсафа, иқтисод фанлари ва хорижий филиология соҳалари бўйича ушбу фан соҳаси юқори даражада ривожланган хорижий мамлакатларнинг нуфузли илмий журналларида камида иккита мақола, тиббиёт фанлари бўйича эса камида тўртта мақола нашр этилган бўлиши шарт. Фан доктори илмий даражасига талабгорлар томонидан нуфузли хорижий илмий журналларда чоп этилиши шарт бўлган мақолаларнинг 50 фоизи Европа мамлакатлари ҳамда АҚШ, Канада, Япония, Хитой Халқ Республикаси ва Жанубий Корея мамлакатларининг инглиз тилида нашр этиладиган нуфузли ихтисослашган илмий журналларида чоп этилиши шарт;

иккинчи бўлимда ихтироларга патент ва муаллифлик гувоҳномаларининг рўйхати келтирилади;

учинчи бўлимда тезислар, депонент қилинган илмий ишлар (уларнинг реферати илмий журналларда нашр этилган бўлиши керак), илмий журналларда чоп қилинган реферат, ахборот ва аннотациялар рўйхати берилади.

Авторефератда келтирилган илмий ишлар рўйхати диссертация мавзуига қатъиян мувофиқ бўлиши шарт. Номзодлик диссертациясининг авторефератида илмий ишлар рўйхати хронологик тартибда келтирилади.

Автореферат ва диссертацияда кўрсатилган илмий ишлар нашрига оид маълумотлар мавжуд талабларга батамом мос равишда келтирилиши (муаллифлар ҳамда мақолалар чоп этилган журнал ёки тўплам бетлари аниқ кўрсатилиши) зарур.

Агар диссертантнинг мақолалари ҳаммуаллифликда ёзилган бўлса, у ҳар бир ҳаммуаллифнинг ҳиссасини холис акс эттириши лозим ва мақолаларидан ўз диссертациясида қисман ёки тўла фойдаланиш учун асосий ҳаммуаллифларнинг ёзма розилигини олиши зарур. Ана шу ёзма розилик ОАКга юбориладиган аттестация ҳужжатларига илова қилинади.

Ҳаммуаллифликдаги илмий иш натижалари фақат биргина муаллифнинг докторлик диссертациясига тўла-тўкис киритилиши мумкин.

Докторлик илмий даражасига талабгорнинг асосий илмий ишлари нусхалари ва номзодлик илмий даражасига талабгорнинг барча илмий ишлари нусхалари ОАКга юбориладиган аттестация ҳужжатларига илова қилинади.

Номзодлик илмий даражасига талабгорнинг ишлари қаторида ОАК рўйхатидаги даврий илмий журналларда нашр қилинган камида иккита мақоласи бўлиши керак. Тиббиёт фанлари ҳамда хорижий филиология соҳалари бўйича номзодлик диссертацияси натижалари юзасидан ушбу фан соҳалари юқори даражада ривожланган хорижий мамлакатларнинг нуфузли илмий журналларида битта мақола нашр этилган бўлиши керак.

Номзодлик диссертациясининг асосий илмий натижалари босма илмий нашрларда чоп этилиши лозим. Номзодлик диссертацияси бўйича талабгорларнинг нашр қилинган илмий ишлари умумий сони бештадан кам бўлмаслиги керак.

13. Талабгор ўз диссертациясида фойдаланган материаллар ёки айрим натижалар манбаини, уларнинг муаллифи ва номини тўла кўрсатиши зарур, Илмий иш ёзишда қатнашган ҳаммуаллифларнинг ғоя ёки ишланмаларидан диссертацияда фойдаланганда талабгор буни диссертация ва авторефератда қайд этиши шарт.

Ўзганинг материалидан унинг муаллифи ва манбаини кўрсатмасдан фойдаланилган тақдирда, диссертация, у қайси босқичда кўрилаётган бўлишидан қатъий назар, муҳокамадан олиб ташланади ва қайта ҳимоя қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилади.



IV. ДИССЕРТАЦИЯНИ ҲИМОЯГА

ТАҚДИМ ЭТИШ ВА ЁҚЛАШ


14. Диссертация бажарилган ёки талабгор бириктириб қўйилган ташкилот топширилган диссертацияни дастлабки экспертизадан ўтказади ва диссертация юзасидан хулоса (илмий семинар протоколидан кенгайтирилган, батафсил кўчирма шаклида) беради. Хулосада диссертацияда баён этилган натижаларни олишда муаллифнинг аниқ шахсий иштироки, ўтказилган тадқиқот натижаларининг нечоғлик тўғрилиги, уларнинг қай даражада янгилиги ва амалий аҳамияти; диссертация мавзуига мос ихтисос, диссертация материалларининг муаллиф эълон қилган илмий ишларда нечоғлик тўлиқ баён этилганлиги ўз ифодасини топиши лозим.

Хулосанинг сифати, холислиги ва тайёрлаш муддати учун ташкилот раҳбари масъулдир.

Диссертация дастлабки экспертиза учун топширилган кунидан эътиборан номзодлик диссертацияси учун икки ойдан ва докторлик диссертацияси учун уч ойдан кечиктирмасдан хулоса талабгор қўлига берилиши керак.

Диссертация дастлабки экспертизага диссертантнинг ташкилот раҳбарига ёзган аризасига қўшиб топширилади. Ташкилот раҳбари топширилган диссертацияни кўриш тартибини белгилайди ва кўриб чиқиш муддатини назорат қилади.

Илмий даража талабгорлари диссертациясини дастлабки экспертизадан ўз хоҳишлари билан, ихтисослашган кенгашдан мустақил равишда ўтказишлари мумкин. Ихтисослашган кенгаш дастлабки экспертизалар натижаларидан қониқмаган тақдирда, диссертацияни қўшимча равишда экспертизага юборадилар.

15. Кенгаш ОАК белгилаган рўйхатдаги ҳужжатлар, шунингдек, диссертация ихтисосига мос бошқа илмий муассасаларнинг муаммовий кенгашлари, семинар ва илмий кенгашларида диссертация муҳокама қилинганлигидан далолат берувчи ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда, диссертацияни дастлабки муҳокамадан ўтказиш учун қабул қилиб олади.

Кенгаш, диссертация ҳимоя учун қабул қилингандан сўнг, унинг автореферати чоп этилишидан аввал белгиланган тартибда ОАК веб-сайтида ва "ОАК Бюллетени" журналида ҳимоя тўғрисида эълон беради.

Кенгаш томонидан диссертация ҳимояга қабул қилинганидан сўнг, диссертацияга ва унинг авторефератига ўзгартиришлар киритиш мумкин эмас.

Кенгашда диссертацияни дастлабки кўриб чиқиш тартиби "Ихтисослашган кенгашлар тўғрисидаги Низом"да белгиланади.


16. Олий ўқув юртларининг ректор ва проректорлари, ташкилот раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари ўзлари ишлаётган жойдаги. бошқарув маҳкамаси раҳбар ходимлари ўз идораларига қарашли ташкилотлардаги кенгашларда диссертация ҳимоя қилишига рухсат берилмайди. ОАК ходимлари бошқа ташкилотга ишга ўтганларидан кейингина диссертация ҳимоя қилишлари мумкин.


17. Диссертация мавзуи турли ихтисосликларга туташ бўлиб, кенгашга уларнинг биридан диссертация ҳимоясини ўтказиш ҳуқуқи берилмаган ҳолларда кенгаш бир марталик ҳимоя ўтказади. Бир марталик ҳимоя ўтказувчи кенгаш таркибини тузиш тартибини ОАК белгилайди.


18. Кенгаш номзодлик диссертациясини талабгор барча зарур ҳужжатларни топширган кундан эътиборан икки ойдан кечиктирмай, докторлик диссертациясини эса уч ойдан кечиктирмай ҳимоя учун қабул қилиб олади.


19. Кенгаш раисининг рухсати билан докторлик диссертацияси учун икки босма табоқ ва номзодлик диссертацияси учун бир босма табоқ ҳажмда диссертациянинг қўлёзма ҳуқуқидаги автореферати чоп этилади. Автореферат ўзбек, рус, ёки инглиз тилларида ёзилиши мумкин.

Гуманитар ва ижтимоий фанлар соҳасидаги диссертация авторефератининг ҳажми, кўпи билан, 30 фоизга оширилиши мумкин. Авторефератда диссертациянинг асосий ғояси янги илмий йўналиш ёки йирик халқ хўжалиги муаммоси ечими ва хулосалари баён қилинган, ўтказилган тадқиқот, муаллиф қўшган ҳисса. Тадқиқот натижаларининг қай даражада янгилиги ва амалий аҳамияти кўрсатилиши керак.

Халқаро экспертизадан ўтказиш ва илмий ютуқларни тарғиб қилиш мақсадида авторрефератга рус, ўзбек ва инглиз тилларидаги қисқача мазмуни илова қилиниши тавсия этилади. Қисқача мазмуннинг ҳажми докторлик диссертацияси учун бир саҳифадан ва номзодлик диссертацияси учун ярим саҳифадан ошмаслиги лозим. Диссертация автореферати босмахонада ёки кўпайтиргич ускунада кенгаш белгилаган нусхада босилади.

Автореферат кенгаш аъзоларига ва манфаатдор ташкилотларга диссертация ҳимоясидан камида бир ой аввал юборилади. Автреферат юборилиши керак бўлган олувчиларнинг қўшимча рўйхатини диссертацияни ҳимояга қабул қилиб олган кенгаш белгилайди. Ушбу рўйхатга диссертация ихтисосига мос кенгашлар, манфаатдор ташкилотлар ҳамда етакчи олим-мутахассислар киритилади.

Автореферат тарқатилиши шарт бўлган ташкилотлар рўйхатини ОАК тузади.


20. Докторлик диссертациясининг матни 250 саҳифадан, номзодлик диссертацияси эса 120 саҳифадан ошмаслиги керак. Гуманитар ва ижтимоий фанлар соҳасидаги диссертация ҳажми кўпи билан 30 фоизга оширилиши мумкин.

Докторлик диссертациясининг титул варағи ва автореферат муқовасининг орқа томонида фақат битта илмий маслаҳатчи кўрсатилиши мумкин.

Номзодлик диссертациясининг титул варағи ва автореферат муқовасининг орқа томонида фақат битта илмий раҳбар кўрсатилиши мумкин.

Зарур ҳолларда, ОАК рухсати билан диссертациянинг титул варағи ва автореферат муқовасининг орқа томонида иккинчи илмий раҳбар ёки илмий маслаҳатчи кўрсатилиши мумкин. Ихтисосликлар туташлигида бажарилган диссертациялар бундан мустасно.

21. Диссертациянинг бир нусхаси ва авторефератнинг икки нусхаси диссертацияни ҳимоя учун қабул қилиб олган кенгашга қарашли ташкилотнинг кутубхонасига ҳимоядан камида бир ой аввал топширилади, бу ерда у қўлёзма ҳуқуқида сақланади.


22. Кенгаш диссертация бўйича фаннинг шу соҳасидан хабардор олимлардан расмий оппонентлар тайинлайди.

Докторлик диссертацияси бўйича Фан докторларидан учта расмий оппонент тайинланади, бунда улардан фақат биттаси ҳимоя ўтаётган кенгашнинг аъзоси бўлиши мумкин. Зарур ҳолларда, истисно тариқасида, кенгашнинг иккита аъзосн (турли ташкилотлардан) расмий оппонент бўлишига ОАК томонидан рухсат этилади.

Номзодлик диссертацияси бўйича иккита оппонент тайинланиб, улардан бири албатта фан доктори бўлиши керак, иккинчиси эса фан доктори ёки фан номзоди бўлиши мумкин.

Зарур ҳолларда расмий оппонентларни ОАК тайинлаши мумкин.


23. ОАК Раёсати аъзолари, ОАК аппарати ходимлари, ОАК эксперт кенгашларининг раҳбарлари, диссертация кўриб чиқилаётган кенгаш раиси, раис ўринбосари ва илмий котиби, ҳимоя қилувчининг илмий раҳбари, эълон қилинган ишлар бўйича ҳимоя қилувчининг ҳаммуаллифлари, диссертация иши бажарилган ёки ҳузурида ихтисослашган кенгаш фаолият кўрсатаётган ёхуд илмий-тадқиқот ишлари бўйича ҳимоя қилувчи буюртмачи ёки ижрочи (шерик ижрочи) бўлган олий ўқув юртларининг ректорлари ва проректорлари, илмий ташкилотларнинг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, шунингдек ҳимоя қилувчи ишлаётган кафедра, лаборатория, сектор, бўлим ходимлари расмий оппонент бўла олмайдилар. Расмий оппонентлар турли ташкилотларнинг ходимлари бўлиши лозим.

Зарур ҳолларда кенгаш раисининг ўринбосари ёки илмий котиби ОАКнинг ижозати билан расмий оппонент қилиб тайинланиши мумкин.


24. Расмий оппонент диссертацияни ва диссертация мавзуи бўйича эълон қилинган босма ишларни ўрганиб чиқиб, кенгашга ўз фикрини тақдим этади. Унда танланган мавзунинг долзарблиги, диссертацияда келтирилган илмий тафсилот, асосий натижалар, хулоса ва амалий ҳамда назарий тавсиялар нечоғлик асосланганлиги, тўғрилиги ва янгилиги аниқлаб берилади ҳамда диссертациянинг ушбу Низом талабларига қанчалик мувофиқлиги тўғрисида хулоса келтирилади.

Расмий оппонентлар ўз тақризлари нусхасини талабгорга диссертация ҳимоясидан камида ўн кун олдин топширишлари керак.

Кенгаш расмий оппонент тақризи талабга жавоб бермаган тақдирда қайта ишлаш учун қайтариб беришга ёки расмий оппонентни алмаштиришга ҳақли.

Расмий оппонент ўзи тайёрлаган тақризнинг холисона ва сифатли бўлишига ҳамда кенгаш белгилаган муддатда тақдим этилишига масъулдир.


25. Кенгаш диссертация юзасидан тегишли фан соҳалари ёки халқ хўжалигида ўз ютуқлари билан танилган ташкилотларни (корхоналарни) етакчи ташкилот сифатида тайинлайди.

Диссертация иши бажарилган ёки илмий тадқиқот ишлари бўйича диссертант буюртмачи, ижрочи (шерик ижрочи) бўлган ташкилотлар, талабгор ишлаётган муассаса, расмий оппонентларнинг, илмий раҳбарнинг, илмий маслаҳатчининг асосий иш жойи бўлган муассаса, етакчи ташкилот бўла олмайди.

Етакчи ташкилотнинг тақризида диссертация муаллифи эришган натижаларнинг фан ва ишлаб чиқариш учун аҳамияти акс эттирилиши, шунингдек, диссертация натижалари ва хулосаларидан фойдаланишга доир аниқ тавсиялар бўлиши керак.

Етакчи ташкилот тақризи илмий семинар баённомасидан кенгайтирилган батафсил кўчирма шаклида ёзилиб, семинар раиси ва илмий котиби томонидан имзоланади ҳамда уни ана шу ташкилот раҳбари ёки раҳбар ўринбосари тасдиқлайди. Улар тақризнинг сифати ва холислиги учун шахсан масъулдир.

Етакчи ташкилот тақризининг нусхаси талабгорга диссертация ҳимоясидан камида ўн кун аввал топширилади.

Тақриз талабга жавоб бермаган тақдирда кенгаш уни етакчи ташкилотга қайтариш ёки етакчи ташкилотни бошқаси билан алмаштиришга ҳақли.


26. Кенгаш, зарур ҳолларда, тегишли илмий ва илмий-ишлаб чиқариш муассасаси ҳамда ўқув юртларини, хорижий мамлакатларнинг таниқли олим-мутахассисларини етакчи ташкилот ва диссертация ҳимояси юзасидан оппонент этиб тайинлаши мумкин.


27. Кенгаш томонидан диссертация бўйича олинган салбий тақриз ва хулосалар асосли эмас деб топилганда, кенгаш талабгорнинг хоҳишига кўра диссертацияни ҳимояга қабул қилиш масаласини кўриб чиқиши мумкин.

28. Докторлик диссертацияси ҳимояси диссертантнинг илмий натижаларини акс эттирувчи ишлари эълон қилингандан икки ой ўтгач, номзодлик диссертацияси ҳимояси эса бир ойдан сўнг ўтказилиши мумкин. Нашрга топширилган бўлсада, лекин ҳали чоп этилмаган ишлар диссертацияда ва диссертация авторефератида келтирилиши мумкин эмас.


29. Кенгаш мажлиси, агар унинг ишида кенгаш аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этса, ҳимоя қилинаётган докторлик диссертациясининг ҳар бир ихтисоси бўйича камида уч фан доктори, ҳимоя қилинаётган номзодлик диссертациясининг ҳар бир ихтисоси бўйича эса, камида икки фан доктори қатнашсагина ҳақиқий ҳисобланади.

Кенгашнинг илмий даража бериш масаласи юзасидан қарори мажлисда қатнашган аъзоларнинг камида учдан икки қисми ёқлаб овоз берган тақдирдагина маъқул деб топилади.


30. Диссертацияни жамоа олдида ҳимоя қилиш илмий баҳс тусини олиши ва юксак талабчанлик, қатъийлик ҳамда илмий аҳлоқ-одобга риоя этиш вазиятида ўтиши, унда диссертациядаги барча илмий ва амалий хулоса ҳамда тавсияларнинг нечоғлик тўғрилиги ва асосланганлиги синчиклаб таҳлил қилиниши лозим.

Расмий оппонентлар диссертация ҳимоясида ҳозир бўлишлари шарт. Докторлик диссертациясига ижобий тақриз берган расмий оппонентлардан фақат биттаси узрли сабаб билан иштирок этолмаган тақдирда диссертация ҳимоясига рухсат берилади. Бундай ҳолларда келолмаган оппонентнинг тақризи кенгаш мажлисида тўлиқ ўқиб эшиттирилади.

Номзодлик диссертацияси ҳимоясида, қоида тариқасида, расмий оппонентларнинг ҳаммаси қатнашиши шартдир.

31. Диссертация ҳимояси тугаганидан сўнг кенгаш илмий даража бериш тўғрисидаги масалани яширин овоз бериш йўли билан ҳал этади.

Ҳисоб комиссиясининг баённомаси яширин овоз беришда қатнашаётган кенгаш аъзоларининг кўпчилик овози билан очиқ овоз бериш йўсинида тасдиқланади.

Диссертация ҳимояси бўйича кенгаш мажлисини ўтказиш, шу жумладан яширин овоз бериш тартиби ҳамда ҳисоб комиссиясининг иши "Ихтисослашган кенгаш ҳақидаги Низом"да белгилаб қўйилади.


32. Яширин овоз берилганидан кейин, диссертация ҳимояси натижалари бўйича ижобий қарорга келинган тақдирда, кенгаш очиқ овоз бериш йўли билан диссертация юзасидан хулоса қабул қилади.

Хулосада талабгор шахсан эришган энг муҳим илмий натижалар, уларнинг нечоғлик тўғрилиги ва янгилигига берилган баҳо, диссертациянинг назария ва амалиёт учун аҳамияти, диссертация тадқиқотларининг натижаларидан фойдаланишга оид тавсиялар акс эттирилади.


33. Кенгаш докторлик ёки номзодлик диссертациясининг биринчи ва иккинчи нусхаларини ҳамда талабгорнинг аттестациясига оид ҳужжатларни ҳимоядан кейин бир ой муддат ичида ОАКга юборади. Ҳимоя қилувчининг аттестациясига оид ҳужжатларнинг иккинчи нусхаси кенгашда ўн йил сақланади. Талабгорнинг аттестация ҳужжатларини расмийлаштириш ОАК белгилаган тартибда амалга оширилади.

Шунингдек, диссертация, автореферат ҳамда аттестация ҳужжатларининг электрон версиялари ўрнатилган тартибда талабгорнинг аттестация иши билан бирга ОАКга топширилади.

Диссертация ҳимояси натижалари бўйича кенгаш салбий қарорга келган тақдирда, олий маълумот ҳақидаги диплом нусхаси, номзодлик имтиҳонларини топширганлик ҳақидаги гувоҳнома, ходимларни ҳисобга олиш шахсий варақаси, диссертация ёзилган ёки талабгор бириктирилган ташкилотнинг хулосаси, илмий ишларнинг нусхалари ва диссертация ҳимоя қилувчига қайтариб берилади. Диссертациянинг кутубхона фондидан олиб қўйиладиган ва кенгашга юборилиб, у ерда ўн йил сақланадиган бир нусхаси эса ҳимоя қилувчига қайтарилмайди.

Диссертацияга берилган тақризлар, автореферат, мажлис стенограммаси ҳамда овоз бериш натижаси тўғрисидаги қарор кенгашда қолади ва такрорий ҳимоя ўтадиган жойга талабнома асосида юборилиши мумкин.

Кенгаш ўзининг салбий қарори ҳақида ҳимоя кунидан эътиборан бир ой муддат ичида ОАКга хабар қилади. Айни вақтда ОАКга автореферат ва кенгаш мажлисининг стенограммаси ҳам юборилади.


34. Ҳимоя натижалари юзасидан кенгаш салбий қарор чиқарган диссертация, қарор чиқарилганидан камида бир йил ўтгач, қайта ишланган ҳолда такрорий ҳимояга тақдим этилиши мумкин. Салбий қарорни ОАК чиқарган бўлса ҳам диссертацияни худди шу шартлар билан такрорий ҳимояга тақдим этилиши мумкин. Такрорий ҳимоя учун ОАК рухсати бўлиши шарт эмас. Такрорий ҳимояда илгариги оппонентлар бутунлай алмаштирилади.


35. Фан номзоди илмий даражасига эга бўлмаган талабгорга ҳам докторлик диссертациясини ҳимоя қилишга ижозат берилади. Бундай ҳолда талабгор, белгилаб қўйилган тартибга биноан, номзодлик имтиҳонларини топшириши лозим. Фан номзоди илмий даражасига эга бўлмаган талабгор фан доктори илмий даражасини олиш учун тақдим этган диссертация ушбу Низомнинг 8-банди талабларига жавоб бермай, балки 9-банди талабларига мос келса, кенгаш ҳимоя қилувчига фан номзоди илмий даражасини беради.

36. Илмий даража берилган талабгорнинг диссертацияси автореферат ва диссертация ҳисоб варақасининг бир нусхаси билан бирга белгиланган тартибда Республика кутубхона фондига топширилади ва у ерда доим сақланади.

Ташкилотлар кутубхоналаридаги диссертация нусхалари белгиланган тартибда минтақа депозитарияларига топширилиши мумкин.



V. ОАКДА ДИССЕРТАЦИЯНИ КЎРИБ ЧИҚИШ


37. Диссертациянинг илмий савиясини, унинг илмий ва амалий қимматини, кенгашлар ишини назорат қилиб боришни ОАК илмий-аттестация бўлинмалари эксперт кенгашлари билан биргаликда таъминлайди. Илмий-аттестация бўлинма ва эксперт кенгаши диссертация юзасидан ўз хулосаларининг сифати ва холислиги учун масъулдир.

ОАК Раҳбарияти аттестациядан ўтказиш ва ОАК Раёсатига тавсияларни тайёрлашда ягона талабларни амалга оширишни таминлайди.

Илмий-аттестация бўлинма кенгашда диссертация ҳимояси пайтида ва эксперт кенгашида, экспертиза сифатсиз ўтган деб топса, ОАК Раҳбарияти рухсати билан диссертация ушбу Низом талабларига қанчалик мувофиқлиги тўғрисида қўшимча хулоса (жамоавий тақриз) олиш учун аттестация ҳужжатлари билан бирга диссертацияни бошқа кенгашга юбориши мумкин. Қўшимча хулоса олиш учун юборилган диссертацияни кўриб чиқиш юзасидан кенгаш мажлисини ўтказиш тартиби "Ихтисослашган кенгаш ҳақидаги Низом"да белгиланган.

Мабодо кенгаш ушбу Низомнинг 32-бандига биноан қабул қилган хулоса етарли далиллар билан асосланмаган бўлса, илмий-аттестация бўлинма эксперт кенгаши билан биргаликда ОАК Раҳбарияти рухсати билан уни қайта ишлаш учун кенгашга қайтариши мумкин. Бунда ҳимоя қилувчи кенгаш мажлисида иштирок этиши шарт эмас.

Зарур ҳолларда илмий-аттестация бўлинма ОАК Раҳбарияти рухсати билан эксперт кенгаши мажлисига талабгорни, ҳимоя ўтган ёки унинг жамоавий тақризи амалга оширилган кенгаш раҳбарини, расмий оппонентларни, илмий раҳбар ва илмий маслаҳатчиларни, шунингдек, етакчи ташкилот вакилларини таклиф қилади ёки диссертацияни кўриб чиқадиган кенгаш мажлисига ўз вакилини юборади.

Талабгор узрли сабабларсиз келмай қолганда эксперт кенгаш усиз ҳам диссертацияни кўриб чиқаверади.

Мабодо кенгаш ҳимоя ўтказишда ОАК Низомлари талабларини ва ўрнатилган тартиб-қоидани бузган бўлса, ОАК Раҳбарияти ОАК Меъёрий (процедура) комиссиясининг қарорига асосан аттестация иши кўрилишини тўхтатиши мумкин.

Эксперт кенгаши билан диссертация ҳимояси ўтган ёки у жамоавий тақриз қилинган кенгашнинг фикрлари бир-бирига тўғри келмай қолса, ОАК Раёсати, фаннинг тегишли соҳаси мутахассисларига қарор қабул қилиш учун ОАК Раёсатига тавсиялар тайёрлашни топширади.

Эксперт кенгашининг иш тартиби ОАК тасдиқлаган "Эксперт кенгаши тўғрисидаги Низом" билан белгиланади.


38. Фан доктори илмий даражасини бериш юзасидан диссертацияни ва аттестация ҳужжатларини ОАКда кўриб чиқиш муддати олти ойдан ошмаслиги, фан номзоди илмий даражасини бериш юзасидан диссертацияни ва аттестация ҳужжатларини кўриб чиқиш муддати эса тўрт ойдан ошмаслиги керак. Диссертацияга ҳамда аттестация ҳужжатларига берилган баҳо хусусидаги фуқаролар таклифлари ва аризалари ҳам худди шу муддатларда кўриб чиқилади.

Диссертацияни экспертизадан ўтказиш узоқроқ муддат талаб этадиган алоҳида ҳолларда ана шу муддатни узайтириш масаласини ОАК ҳайъати ҳал қилади.


39. Диссертация ҳимоясидан кейин, диссертацияда аниқланган ноаниқликларни, хатоларни тузатиш мумкин эмас. Аттестация ишининг ОАКда кўрилиш жараёнида аттестация ишида аниқланган хатолар, камчиликлар тузатилишига рухсат берилмайди.

Талабгор ўз диссертациясини кўриб чиқиш жараёнининг ҳар қандай босқичида: кенгашда - яширин овоз беришдан аввал, ОАКда эса - фан номзоди ёки доктори илмий даражасини бериш ҳақидаги ечим ёхуд қарор қабул қилинишидан олдин уни муҳокамадан олишга ҳақли, ўзга материаллардан уларнинг муаллифи ва манбаини кўрсатмасдан фойдаланганлигини кенгаш ёки ОАК аниқлаган ҳоллар бундан мустасно. Бундай ҳолларда диссертация муҳокамадан олингандан кейин умумий асосларда такроран ҳимояга тақдим этилиши мумкин.


VII. ДИПЛОМЛАРНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА БЕРИШ


42. ОАК Раёсатининг илмий даража бериш ҳақидаги қарори қабул қилинган кундан бошлаб кучга киради.

Илмий даража дипломлари қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб бир ой муддат давомида ОАК Раёсати қарори асосида расмийлаштирилади ва берилади.

43. Фан доктори ёки номзоди дипломини йўқотган шахсга янги тартиб рақами қўйилган дубликат илгари топширилган дипломга батамом мувофиқ равишда берилади.

Талабгорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми ўзгарган тақдирда диплом янгиси билан алмаштирилмайди.


44. Дипломни, шунингдек, унинг дубликатини расмийлаштириш ва бериш тартибини ОАК белгилайди.



VIII. ИЛМИЙ ДАРАЖАДАН

МАҲРУМ ҚИЛИШ


45. Илмий даражага эга бўлган шахс кенгаш ва ОАК эксперт кенгашининг қарорига асосан ОАК томонидан илмий даражасидан маҳрум этилиши мумкин.

Илмий даражадан маҳрум қилиш ҳақидаги масалани кўриб чиқаётган Кенгаш мажлиси ишида кенгаш аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашган тақдирдагина мажлис ваколатли ҳисобланади. Кенгашнинг илмий даражадан маҳрум этиш ҳақидаги илтимоси яширин овоз бериш йўли билан мажлисда қатнашган кенгаш аъзоларининг камида учдан икки қисми ёқлаб овоз берганда, қабул қилинган деб ҳисобланади.

Илмий даража бериш тўғрисидаги қарор ўн йил аввал қабул қилинган бўлса, унинг нечоғлик асосланганлиги масаласини аттестация органлари кўриб чиқмайди.



IX. ШИКОЯТ ВА АРИЗАЛАРНИ

КЎРИБ ЧИҚИШ


46. Кенгашнинг илмий даража бериш (ундан маҳрум этиш) масаласи юзасидан қарори хусусида муассасалар, ташкилотлар, талабгорлар ва бошқа шахслар қарор чиққан кундан эътиборан икки ой муддат ичида диссертация ҳимоя қилинган кенгашга ва ОАКга шикоят аризаси бериши мумкин.

Кенгашнинг шикоят аризасини кўриб чиқишга доир хулосаси ва бошқа материаллар кенгаш мажлисидан кейин ўн кунлик муддат мобайнида ОАКга юборилади.


47. Кенгашнинг илмий даража бериш (ундан маҳрум этиш) масаласига доир қарори хусусида тушган шикоят аризаси юзасидан ОАК Раёсати қарор қабул қилади.

Кенгашнинг фан номзоди ва доктори илмий даражаларини бериш (улардан маҳрум этиш) масалаларига доир қарори юзасидан тушган шикоят аризасини ОАК Раёсати кўриб чиқади.

Эксперт кенгаши қарорлари юзасидан шикоят аризаси қабул қилинмайди.


48. Илмий даража бериш (ундан маҳрум этиш; масаласи юзасидан ОАК Раёсати хулосаси ва қарори бўйича шикоят аризаси ечим ёки қарор чиққан кундан эътиборан икки ойлик муддат мобайнида берилиши мумкин.

ОАК Раёсати хулосалари ва қарорлари юзасидан тушган шикоят аризаси бўйича ОАК Раёсати ОАК Илмий кенгаши секцияси гуруҳи аъзоларининг хулосаларини ҳисобга олиб, ОАК Раёсатига тасдиқлаш учун хулосалар ва қарорлар лойиҳасини тавсия этади. Шикоят аризаси юзасидан ОАК Раёсати қабул қилган қарор узил-кесил ҳисобланади.

49. Илмий ва илмий-педагог ходимларни аттестациядан ўтказишда ошкораликни кучайтириш мақсадида аттестация органлари фаолиятига оид масалалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг "Ахборот"ида ёритиб борилади.


50. Ушбу Низом бўйича барча тушунтиришлар ОАК Раёсати томонидан белгиланган тартибда берилади.






















































Время: 0.2089
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск