Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Божхона қонунчилиги / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Божхона расмийлаштируви. Декларациялаш /

Божхона юк декларациясини ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ва бекор қилиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 10.05.2016 й. 2784-сон билан рўйхатга олинган Давлат божхона қўмитасининг 14.04.2016 й. 01-02/15-23-сон қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2016 йил 10 майда 2784-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Давлат божхона қўмитасининг

2016 йил 14 апрелдаги

01-02/15-23-сон қарорига

ИЛОВА



Божхона юк декларациясини ўзгартириш,

унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш,

қайтариб олиш ва бекор қилиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодекси ҳамда "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ божхона юк декларациясини (бундан буён матнда - БЮД деб юритилади) ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ва бекор қилиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


ариза - ваколатли шахснинг БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ёки бекор қилиш бўйича мурожаати;


БЮДдаги хато - божхона расмийлаштируви учун тақдим этилган ҳужжатлардаги ахборот ва (ёки) божхона органларида мавжуд ахборот билан БЮДдаги маълумотлар орасидаги тафовут, шунингдек БЮД графаларидаги нотўғри маълумотлар;


БЮДни бекор қилиш - БЮДни юридик ҳужжат сифатида амал қилишини тўхтатиш;


БЮДни ўзгартириш - БЮДдаги маълумотларга тузатишлар киритиш;


БЮДга қўшимча киритиш - БЮДга янги маълумотларни киритиш;


БЮДни қайта расмийлаштириш - расмийлаштирилган БЮДни бекор қилиш ва унинг ўрнига янги БЮДни расмийлаштириш билан боғлиқ жараён;


БЮДни қайта рўйхатга олиш - рўйхатга олиниб, расмийлаштирилмаган БЮДнинг ўрнига хато ва камчиликлари бартараф этилган янги БЮДни рўйхатга олиш билан боғлиқ жараён;


БЮДни қайтариб олиш - божхона постига тақдим этилиб, рўйхатга олинмаган ёки рўйхатга олиниб, расмийлаштирилмаган ёхуд олиб чиқишга рухсат берилиб, амалда олиб чиқиб кетилмаган товар юзасидан расмийлаштирилган БЮДни декларант ёки божхона брокерининг мурожаатига асосан божхона пости томонидан қайтариш билан боғлиқ жараён;


расмийлаштирилган БЮД - божхона пости мансабдор шахси томонидан рўйхатга олинган ва "D" графасига божхона постининг тегишли белгилари қўйилган БЮД;


рўйхатга олиниб, расмийлаштирилмаган БЮД - божхона пости мансабдор шахси томонидан БЮДнинг 7-графасига БЮД рақами ва қабул қилинган сана кўрсатилган, аммо "D" графасига божхона постининг тегишли белгилари қўйилмаган БЮД;


янги БЮД - божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис томонидан божхона постига тақдим этилиб рўйхатга олинмаган ёки аввал рўйхатга олиниб, ундаги хато ва камчиликлари бартараф этилиб, қайта тақдим этилган БЮД;


қайта расмийлаштирилган БЮД - ўрнига янги БЮД расмийлаштирилиб, юридик ҳужжат сифатида ўз кучини йўқотган аввалги БЮД;


қайта рўйхатга олинган БЮД - ўрнига янги БЮД рўйхатга олиниб, юридик ҳужжат сифатида ўз кучини йўқотган аввалги БЮД;


ҳудудий божхона органлари - Давлат божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари, "Тошкент-Аэро" ихтисослаштирилган божхона комплекси.


2. БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш ва бекор қилиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

божхона расмийлаштируви жараёнида йўл қўйилган хатоларни тузатиш зарурати туғилганида;

БЮД ёки унинг бир қисми бўйича расмийлаштирилган товарга эгалик қилиш ҳуқуқи ташқи иқтисодий фаолиятнинг бошқа субъектига берилганида (экспорт ва эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимларига расмийлаштирилиб, контракт (шартнома, келишув) шартлари тўлиқ бажарилган ва (ёки) шартли чиқарилмаган товарлар, шунингдек товардан фойдаланиш ҳуқуқи чекланган ҳолатлар бундан мустасно);

контракт (шартнома, келишув) шартлари ўзгарганда (экспорт ва эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимларига расмийлаштирилиб, контракт (шартнома, келишув) шартлари тўлиқ бажарилган ва (ёки) шартли чиқарилмаган товарлар, шунингдек товардан фойдаланиш ҳуқуқи чекланган ҳолатлар бундан мустасно);

товарларни ташишга мўлжалланган транспорт воситалари техник жиҳатдан носоз бўлганда;

божхона қиймати ва (ёки) божхона тўловлари суммасига таъсир этган БЮДга киритилаётган ўзгартиришларни божхона қийматини тўғрилаш (БҚТ-1 ва БҚТ-2) шаклларида акс эттириш имконияти бўлмаганда;

расмийлаштирилган муайян товарнинг фақатгина бир қисми бўйича ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритиш зарурати юзага келганда (масалан, божхона тўловларидан имтиёз қўлланган ҳолда импорт қилинган товарнинг бир қисмидан божхона тўловлари ундириб олинадиган ҳолатларда ва ҳ. к.);

БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш ёки бекор қилиш учун етарли асос бўладиган ҳамда тақдим этилган ҳужжатлар билан тасдиқланган, қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ҳолларда.



2-БОБ. РЎЙХАТГА ОЛИНМАГАН БЮДНИ

ЎЗГАРТИРИШ, УНГА ҚЎШИМЧА КИРИТИШ

ВА (ЁКИ) УНИ ҚАЙТАРИБ ОЛИШ


3. БЮД божхона постида рўйхатга олингунга қадар декларант ёки божхона брокери БЮДни ўзгартириши, унга қўшимча киритиши ва (ёки) уни қайтариб олиши мумкин.


4. Рўйхатга олинмаган БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш ва (ёки) уни қайтариб олиш зарурати юзага келганда декларант ёки божхона брокери божхона пости мансабдор шахсига мурожаат қилади.


5. Божхона пости мансабдор шахси декларант ёки божхона брокерининг мурожаати асосида рўйхатга олинмаган БЮДни қайтаради.


6. Қайтарилган БЮДнинг ўрнига янги БЮДни тақдим этиш муддати Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 261-моддасида белгиланган муддатлардан ошиб кетмаслиги лозим.



3-БОБ. РЎЙХАТГА ОЛИНИБ, РАСМИЙЛАШТИРИЛМАГАН

БЮДНИ ЎЗГАРТИРИШ, УНГА ҚЎШИМЧА КИРИТИШ,

УНИ ҚАЙТАРИБ ОЛИШ ЁКИ БЕКОР ҚИЛИШ


1-§. Декларант ёки божхона брокерининг мурожаатига

асосан БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш,

уни қайтариб олиш ёки бекор қилиш


7. БЮД божхона постида рўйхатга олингандан сўнг, БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, қайтариб олиш ёки бекор қилиш зарурати юзага келганда декларант ёки божхона брокери ушбу масала юзасидан БЮД рўйхатга олинган божхона постига мурожаат қилади.

Декларант ёки божхона брокери мурожаатда БЮДнинг божхона постида рўйхатга олинган рақами, мазкур БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, қайтариб олиш ёки бекор қилиш заруратининг аниқ сабабларини баён этади.


8. БЮД рўйхатга олингандан кейин қайтариб олинадиган ёки бекор қилинадиган бўлса, мурожаат ёзма ёки электрон шаклда бўлиши шарт.


9. БЮД рўйхатга олинган кундан эътиборан уч иш куни давомида қайтадан божхона постига бериладиган бўлса, декларант ёки божхона брокери қайта рўйхатга олинадиган БЮДни, унинг 7-графасида божхона постида рўйхатга олинган рақамини кўрсатган ҳолда тақдим этади.


10. Божхона пости мансабдор шахси мурожаатда баён этилган БЮДни:

БЮД рўйхатга олинган кундан эътиборан уч иш куни давомида қайтадан тақдим этиладиган бўлса - БЮДни қайта рўйхатга олади;

БЮД рўйхатга олинган кундан эътиборан уч иш куни давомида қайтадан тақдим этилмайдиган бўлса ёки мурожаат БЮДни қайтариб олиш ёки бекор қилиш ҳақида бўлса - БЮДни бекор қилади.



2-§. Божхона органи ташаббуси билан БЮДни ўзгартириш,

унга қўшимча киритиш ёки уни бекор қилиш


11. Божхона органи томонидан БЮДда хато ва камчиликлар аниқланганда бу ҳақда божхона пости мансабдор шахси декларант ёки божхона брокерини хабардор қилади. Бунда божхона пости мансабдор шахси БЮДдаги хато ва камчиликлар тўғрисида аниқ маълумот бериши шарт.


12. Декларант ёки божхона брокери БЮД рўйхатга олинган кундан эътиборан уч иш куни давомида қайта рўйхатга олинадиган БЮДни, унинг 7-графасида божхона постида рўйхатга олинган рақами ва санасини кўрсатган ҳолда божхона постига тақдим этади.

Божхона пости мансабдор шахси тақдим этилган БЮДни қайта рўйхатга олади.


13. Декларант ёки божхона брокери БЮДни ўрнига у рўйхатга олинган кундан эътиборан уч иш куни давомида янги БЮДни тақдим этмаса божхона пости мансабдор шахси БЮДни бекор қилади.


14. Рўйхатга олиниб, расмийлаштирилмаган БЮДни бекор қилишда божхона пости мансабдор шахси рўйхатга олиниб, расмийлаштирилмаган БЮДни бекор қилиш далолатномасини тузади.

Далолатномада БЮДнинг рўйхат рақами, мазкур БЮДни бекор қилишнинг аниқ сабаблари кўрсатилади. Далолатнома божхона пости бошлиғи ва божхона постининг мансабдор шахси томонидан имзоланади.



4-БОБ. РАСМИЙЛАШТИРИЛГАН БЮДНИ

ЎЗГАРТИРИШ, УНГА ҚЎШИМЧА КИРИТИШ,

УНИ ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ, ҚАЙТАРИБ

ОЛИШ ВА БЕКОР ҚИЛИШ БЎЙИЧА АРИЗА

БЕРИШ ВА УНИ КЎРИБ ЧИҚИШ


15. Божхона расмийлаштируви тугалланганидан ва товарлар муайян божхона режимига жойлаштирилганидан кейин, БЮД қабул қилинган кундан эътиборан уч йил ичида БЮДни божхона органининг талаби билан ёки ваколатли шахснинг аризасига кўра, мазкур Низом талаблари асосида ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш ёки бекор қилиш мумкин.


16. БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ёки бекор қилиш талаб этилганида ваколатли шахс БЮД расмийлаштирилган ҳудудий божхона органи бошлиғи ёки унинг ўринбосарига ариза билан ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилади. Аризада БЮДнинг рўйхат рақами, мазкур БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ёки бекор қилиш заруриятининг аниқ сабабларини кўрсатади.

Аризага БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ёки бекор қилиш заруриятини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади. Тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотларнинг ҳақиқийлиги учун жавобгарлик аризачи зиммасига юклатилади.


17. БЮД қоғоз шаклда расмийлаштирилган бўлса, аризага БЮДнинг декларант ва божхона брокери учун тайёрлаб берилган дастлабки расмийлаштирилган асл нусхалари илова қилинади.

БЮДнинг асл нусхаларидан бирини ҳудудий божхона органига тақдим этишнинг имкони бўлмаган тақдирда, аризачи томонидан ёзма равишда тақдим этмаслик сабаби кўрсатилади.


18. Ариза ҳудудий божхона органи бошлиғи ёки унинг ўринбосарининг резолюцияси билан тегишлилиги бўйича Божхона статистикаси ва таҳлил, Божхона назоратини ташкил этиш, Божхона қийматини аниқлаш ва тўловлар ҳисобини юритиш, Валюта назорати бўлимларига (бўлинма, гуруҳларига), зарур ҳолларда ҳудудий божхона органининг бошқа тузилмаларига (бундан буён матнда - масъул таркибий тузилмалар деб юритилади) юборилади.


19. Аризани кўриб чиқишда масъул таркибий тузилмалар томонидан барча зарур ҳужжатлар ҳамкорликда ўрганиб чиқилади. Бунда БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ва бекор қилиш сабабларига алоҳида эътибор қаратилиши керак.


20. Божхона органи мансабдор шахси аризани тўлиқ ва холисона кўриб чиқиш учун зарур бўлган қўшимча ҳужжатлар ва маълумотларни ҳамда ёзма тушунтиришларни сўраб олиши мумкин.

Аризачидан аризани кўриб чиқиш учун зарур бўлмаган, шунингдек божхона органларида ёки давлат хизматларини кўрсатувчи бошқа давлат органларида ва ташкилотларда мавжуд бўлган қўшимча маълумот ва ахборотларни талаб қилиш тақиқланади.


21. Ариза ҳудудий божхона органига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кунлик муддат ичида кўриб чиқилади. Аризани кўриб чиқиш учун қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда уни кўриб чиқиш муддати ҳудудий божхона органи бошлиғи ёки унинг ўринбосари томонидан кўпи билан бир ойгача муддатга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда аризачига хабар қилинади.

Аризани кўриб чиқиш натижаси бўйича аризачига ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб берилади. Жавоб хати ҳудудий божхона органи бошлиғи ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланади.


22. Ҳудудий божхона органи аризани кўриб чиқиш натижаси бўйича БЮДни ўзгартириш, унга қўшимчалар киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ёки бекор қилиш учун етарли асослар мавжуд эмас ёхуд тақдим этилган ҳужжатлар етарли эмас деб топса, БЮДни ўзгартириш, унга қўшимчалар киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ёки бекор қилишни рад этишга ҳақли. Бундай ҳолатларда БЮДни ўзгартириш, унга қўшимчалар киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ёки бекор қилишни рад этишнинг асосланган сабаблари жавоб хатида кўрсатилади.

Ҳудудий божхона органи томонидан аризани кўриб чиқиш натижаси бўйича БЮДни ўзгартириш, унга қўшимчалар киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ёки бекор қилиш учун етарли асослар мавжуд деб топилса, жавоб хатининг нусхаси божхона постига юборилади.



5-БОБ. РАСМИЙЛАШТИРИЛГАН БЮДНИ

ЎЗГАРТИРИШ, УНГА ҚЎШИМЧА КИРИТИШ,

УНИ ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ ЁКИ БЕКОР

ҚИЛИШ БЎЙИЧА БОЖХОНА ОРГАНЛАРИ

МАНСАБДОР ШАХСЛАРИ ТОМОНИДАН

АНИҚЛАНГАН ҲОЛАТЛАРНИ

КЎРИБ ЧИҚИШ


23. Расмийлаштирилган БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш ёки бекор қилиш зарурати юзага келганда божхона органи мансабдор шахси бу ҳақда ҳудудий божхона органи бошлиғи ёки унинг ўринбосарига билдирги билан ёзма мурожаат қилади.

Билдиргида БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш ёки бекор қилиш заруриятининг аниқ сабаблари, БЮДнинг рўйхат рақами, ўзгартириш, қўшимча киритилиши лозим бўлган графалари кўрсатилади. Билдиргига хатоси бўлган БЮДнинг нусхаси (агар БЮД қоғоз шаклда расмийлаштирилган бўлса) ва БЮДда хатолар борлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари илова қилинади.

Билдирги ҳудудий божхона органининг масъул таркибий тузилмалари билан келишилади.


24. БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш ёки бекор қилиш ҳудудий божхона органи бошлиғи ёки унинг ўринбосарининг билдиргига резолюцияси асосида амалга оширилади.


25. БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш ёки бекор қилиш масаласи бўйича билдиргини кўриб чиқишда мунозарали ҳолатлар юзага келганда масъул таркибий тузилма ходими масала юзасидан эътирозини билдиргида ёзма равишда баён этиб, билдиргини имзолайди. Бундай ҳолатларда ҳал қилувчи қарор ҳудудий божхона органи бошлиғи ёки унинг ўринбосари томонидан қабул қилинади.


26. БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш ёки бекор қилиш зарурати тасдиқланган тақдирда божхона органи мансабдор шахси бу ҳақда декларант ва божхона брокерини хабардор қилади, зарур ҳолларда ҳудудий божхона органи бошлиғи ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланган хат юборади.

Хатда кўриб чиқилган БЮДнинг рўйхат рақами, аниқ графалари кўрсатилган ҳолда БЮДда аниқланган хатолар, БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш бўйича кўрилиши лозим бўлган чоралар акс эттирилади.


27. Декларант ёки божхона брокери ҳудудий божхона органининг БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш бўйича хатни олгандан сўнг уч иш кунидан кечиктирмай:

БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш учун БЮД ва унга тегишли ҳужжатларни божхона постига тақдим этиши шарт;

БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш учун БЮД ва унга тегишли ҳужжатларни тақдим қила олмаса ёки БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш учун етарли асос мавжуд эмас деб ҳисобласа, бу ҳақида ёзма равишда ҳудудий божхона органига ўзининг асослантирилган хатини юбориши лозим.


28. Ўзгартирилаётган, қўшимча киритилаётган ёки қайта расмийлаштирилаётган БЮДни дастлаб тақдим этган декларант ёки божхона брокери томонидан асосли сабабларга кўра ушбу БЮДни ўзгартириш, қўшимча киритиш ёки қайта расмийлаштириш учун божхона постига тақдим этиш имконияти мавжуд бўлмаса, декларантнинг топшириғига кўра БЮД бошқа божхона брокери томонидан ўзгартириш, қўшимча киритиш ёки қайта расмийлаштириш учун божхона постига тақдим этилиши мумкин.


29. Божхона органи мансабдор шахси билдиргиси асосида расмийлаштирилган БЮДни бекор қилиш фақатгина хатоликлар туфайли битта товар юзасидан бир нечта БЮД қабул қилинган ҳолатларда амалга оширилиши мумкин.



6-БОБ. РАСМИЙЛАШТИРИЛГАН БЮДНИ

ЎЗГАРТИРИШ, УНГА ҚЎШИМЧА КИРИТИШ,

УНИ ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ, ҚАЙТАРИБ

ОЛИШ ЁКИ БЕКОР ҚИЛИШ


30. Божхона пости мансабдор шахси томонидан қоғоз шаклдаги расмийлаштирилган БЮДни ўзгартириш БЮДнинг барча нусхаларидаги (статистик нусхадан ташқари) тегишли графалари матнини "X" белгиси билан ўчириш ва янги матнни ёзиш, қўшимча киритиш эса тегишли графага қўшимча маълумотларни киритиш йўли билан амалга оширилади. БЮДнинг ўзгартириш ва қўшимча киритилиши лозим бўлган графаларида ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш учун етарли жой бўлмаган тақдирда, киритилган ўзгартириш ва (ёки) қўшимча ҳақидаги ёзув БЮДнинг орқа томонига қайд қилинади.

Бунда БЮД нусхаларининг орқа томонида ким томонидан, қачон, нимага асосланиб, қайси графада ва нима ўзгартирилганлиги ҳақида ёзув қайд қилинади. Ёзув ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритган божхона расмийлаштируви бўйича мутахассиснинг имзоси ва ахборот штампи ҳамда божхона пости мансабдор шахсининг имзоси ва шахсий муҳри билан тасдиқланади.


31. БЮДнинг фақат божхона пости мансабдор шахси томонидан тўлдириладиган графаларидаги ёзувларга ўзгартириш киритиш зарур бўлган тақдирда, ўзгартириш киритиш божхона пости мансабдор шахси томонидан амалга оширилади ҳамда унинг имзоси ва шахсий рақамли муҳри билан (электрон БЮДда унинг электрон рақамли имзоси билан) тасдиқланади.


32. Қоғоз шаклдаги БЮДга киритилган ўзгартиришларнинг умумий сони (тўлдириш вақтида божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис томонидан киритилган ўзгартиришлар билан бирга) тўрттадан ошган тақдирда, мазкур БЮД қайта расмийлаштирилади.


33. Қоғоз шаклдаги БЮД қайта расмийлаштирилганда қайта расмийлаштирилган БЮДнинг барча нусхаларида (статистика нусхасидан ташқари) пастки чап бурчакдан бошлаб диагонал бўйича "ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИЛДИ" ёзуви қайд қилинади. Нусхаларнинг орқа томонида мазкур БЮД ким томонидан ва нима асосида қайта расмийлаштирилганлиги кўрсатилади. Бунда янги БЮДга қайта расмийлаштирилган аввалги БЮДнинг рўйхат рақами ва юк чиқариш санаси берилади. Янги БЮДнинг 50-графасида БЮДни қайта расмийлаштиришга асос бўлган ҳудудий божхона органи хатининг рақами ва санаси кўрсатилади. Ушбу графада жой бўлмаган тақдирда бундай ёзув БЮДнинг орқа томонига қайд қилинади.


34. Расмийлаштирилган БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, ёки қайта расмийлаштириш декларант ёки божхона брокери томонидан БЮД ва унга тегишли зарур ҳужжатлар тақдим этилган кундан бошлаб уч иш куни ичида божхона органи мансабдор шахси томонидан амалга оширилади.


35. Қоғоз шаклдаги БЮД бекор қилинаётганда божхона пости мансабдор шахси томонидан мазкур БЮДнинг барча нусхаларида (статистика нусхасидан ташқари) пастки чап бурчакдан бошлаб диагонал бўйича "БЕКОР ҚИЛИНДИ" ёзуви қайд қилинади. Нусхаларнинг орқа томонида мазкур БЮД ким томонидан ва нима асосида бекор қилинганлиги кўрсатилади.


36. Олиб чиқишга рухсат берилиб, амалда олиб чиқиб кетилмаган товарга тааллуқли БЮДни қайтариб олиш уни бекор қилиш йўли билан амалга оширилади.


37. Қоғоз шаклдаги қайта расмийлаштирилган ёки бекор қилинган БЮДнинг биринчи нусхаси ҳудудий божхона органининг хати ёки божхона органи бошлиғи ёки унинг ўринбосарининг резолюцияси бўлган билдирги билан бирга божхона пости йиғма жилдига тикиб қўйилади, мазкур БЮДнинг қолган нусхалари ҳудудий божхона органи божхона статистикаси ва таҳлил бўлимининг (бўлинмасининг, гуруҳининг) алоҳида йиғма жилдида сақланади ("экспорт" режимида юк мўлжалланган мамлакатга юбориш учун тайёрлаб берилган нусха бундан мустасно).


38. Бекор қилинган ва қайтариб олинган БЮДнинг рўйхат рақамини бошқа БЮДга бериш тақиқланади.


39. Электрон БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш ёки қайта расмийлаштириш божхона органи мансабдор шахси томонидан Давлат божхона қўмитасининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида аввалги БЮДнинг ўрнига янги БЮДни расмийлаштириш орқали амалга оширилади.


40. Электрон БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш ёки қайта расмийлаштиришда декларант ёки божхона брокери қайта расмийлаштирилаётган янги БЮДнинг 7-графасида қайта расмийлаштирилган аввалги БЮДнинг рўйхат рақами ва санасини кўрсатган ҳолда божхона постига тақдим этади.


41. Электрон БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш ёки уни қайта расмийлаштиришда декларант ёки божхона брокери томонидан божхона постига ўзгартириш ва (ёки) қўшимча киритилган янги БЮД билан бирга мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш ёки қайта расмийлаштириш варағи тақдим этилади ҳамда ушбу варақ божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.


42. Электрон БЮД бекор қилинаётганда божхона органи мансабдор шахси ҳудудий божхона органининг БЮДни бекор қилиш тўғрисидаги хатини олгандан сўнг ёки билдиргига ҳудудий божхона органи бошлиғи ёки унинг ўринбосарининг резолюциясидан кейин уч иш куни давомида Давлат божхона қўмитасининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида электрон БЮДни бекор қилади.



7-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


43. Декларант ҳудудий божхона органининг БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ёки бекор қилиш бўйича хати юзасидан эътироз билдириб Давлат божхона қўмитасига шикоят қилишга ҳақли.


44. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.






Низомга

ИЛОВА



БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш

ёки қайта расмийлаштириш варағи


БЮДни ўзгартириш, унга қўшимча киритиш ёки қайта расмийлаштириш учун асос (ҳудудий божхона органига тегишли ҳужжат номи, рақами ва санаси) ___________ даги ________-сонли

БЮДнинг рўйхат рақами: 99999/99.99.99/999999

Товарнинг тартиб рақами (ўзгартириш ёки қўшимча киритилиши лозим бўлган маълумот товарга тегишли бўлса) _____


Мисол учун:

БЮД графаси рақами


Аввалги маълумот


Янги маълумот


15а-графа


398

643

33-графа


8415100009

8415100001


Божхона брокери ёки декларант номи


Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассис



(Ф.И.О.)

Телефон:


Электрон манзил:


Сана



(кун, ой, йил)

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 16 май, 19-сон, 215-модда





























Время: 0.1917
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск