ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Сув, сувдан фойдаланиш ва сув хўжалиги / Сувдан фойдаланиш ва муҳофаза қилишни бошқариш /

Ўзбекистон Республикаси акваторияларида пляжларни жиҳозлаш ва улардан фойдаланиш, шунингдек фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 20.05.2016 й. 164-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2016 йил 20 майдаги

164-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси акваторияларида

пляжларни жиҳозлаш ва улардан фойдаланиш,

шунингдек фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза

қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси акваторияларида пляжларни жиҳозлаш ва улардан фойдаланиш, шунингдек фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш, шу жумладан сувда оммавий дам олинадиган жойларда аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


акватория - сув жамланадиган (кўллар, дарёлар, денгизлар, сув омборлари, каналлар ва шу кабилар) табиий шаклланган ёки сунъий барпо этилган ландшафт объектлари;


пляж зонаси (пляж) - акватория қирғоғидаги аҳолининг дам олиши учун ажратилган ва ушбу Низом талабларига мувофиқ жиҳозланган жойнинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланган аниқ участкалари;


пляж акваторияси - акваториянинг одамларнинг чўмилиши учун мўлжалланган, ушбу Низом талабларига мувофиқ огоҳлантириш белгилари билан белгиланган ва жиҳозланган қисми;


сувда аҳолининг оммавий дам олиш жойи - аҳолининг акваторияларда оммавий дам олиши учун мўлжалланган ва махсус жиҳозланган пляж зоналари ва пляжларнинг акваторияси;


умумий сувдан фойдаланиш - сувдан ўз эҳтиёжларини ва сувнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир кўрсатувчи махсус иншоотлар ва қурилмалар қўлланилмасдан бошқа эҳтиёжларни қондириш мақсадида жисмоний шахслар томонидан сувдан фойдаланишни назарда тутадиган тури;


пляж материали - тупроқ, қум, шағал, чиғаноқ тош, тоғ жинслари емирилиши материаллари ва акватория суви ажралиши чизиғида ҳосил бўладиган табиий ёки сунъий тупроқ;


иқлим терапияси (иқлим билан даволаш) - муайян жойнинг иқлимининг дозаланган таъсиридан ва махсус иқлим тартиб-таомилларидан фойдаланувчи даволаш усуллари жами;


чўмилиш мавсуми - чўмилиш учун йилнинг 15 майи - 15 сентябри мобайнидаги энг қулай вақти;


акваторияларда одамларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш - сувда дам олиш вақтида акваторияларда одамларнинг соғлиғига зарар етказилиши ва ҳалок бўлиши билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга доир тадбирлар мажмуи;


қутқариш пости - ташкилотнинг унга бириктирилган акваторияларида (пляжларида) фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш вазифаларини ҳал этиш учун доимий, мавсумий ёки вақтинча фойдаланиладиган махсус жиҳозланган жой;


қутқариш постининг жавобгарлиги зонаси - сувда ҳалокатга учраётган одамларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда қутқарув постининг куч ва воситалари билан уларга ёрдам бериш таъминланадиган пляжнинг акватория участкаси;


тиббий ёрдам пости - пляждаги дастлабки тиббий ёрдам бериш учун барча зарур дори воситалари билан таъминланган, махсус жиҳозланган вақтинчалик хона ёки жой;


кичик ўлчамли кемалар - асосий двигателларининг қуввати 55 кВт дан кам бўлган ва 12 кишидан кам йўловчи сиғадиган ўзиюрар кемалар, двигателларнинг қуввати ва сонидан қатъи назар, кўтарма моторли кемалар, сув мотоцикллари (гидроцикллар), ўзи сузмайдиган кемалар ва 80 регистр тоннадан кам сиғимли бошқа сузувчи объектлар, ҳаво тўлдирилган моторсиз, эшкакли қайиқлар;


кичик ўлчамли кемалар турадиган база - кичик ўлчамли кемаларни жамлаш учун махсус жиҳозланган жой. Кичик ўлчамли кемалар (яхт-клублар, причаллар, қутқариш станциялари причаллари, қайиқлар, сув велосипедлари ва мотоцикллари, прокатга бериладиган станциялар ва шу кабилар) жамланадиган бинолар, иншоотлар мажмуи билан биргаликда туташиб кетган акватория билан биргаликдаги қирғоқ ҳудуди;


пляж сервиси хизматлари - пляж жиҳозлари (ёғоч караватлар, енгил креслолар, пляж соябонлари ва бошқалар), сувдаги ўйинлар учун спорт жиҳозлари ва ҳордиқ воситалари прокати (стол тенниси, волейбол, бадминтон учун спорт снарядлари ва мосламалар, сув велосипедлари, елканли, эшкакли, моторли сузиш воситалари ва бошқалар) пляжда бошқа фуқароларнинг дам олишига тўсқинлик қилмайдиган сув аттракционлари ва бошқа ҳордиқ қурилмаларидан фойдаланиш хизматлари;


қутқарувчи - муайян дастур бўйича қутқариш ишлари учун тайёрланган ва белгиланган тартибда аттестациядан ўтказилган Ўзбекистон Республикаси фуқароси;


причал - тўхташ жойи ва кемаларга хизмат кўрсатиш, йўловчиларни ўтирғизиш ва тушириш, юк операциялари учун иншоотлар ва қурилмалар жами ҳамда шу кабилар мавжуд бўлган жой;


пирслар (кемалар боғлаб қўйиладиган махсус жойлар) - портнинг акваторияси ичида перпендикуляр ёки қирғоққа нисбатан бурчак остида жойлашган икки томонлама причал. Пирслар кемаларни боғлаб қўйишга ва уларнинг тўхтаб туришига хизмат қилади.



II. ПЛЯЖЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


3. Пляжда дам олишни ташкил этиш учун яроқли бўлган соҳил ҳудудлари шаҳарсозлик ҳужжатларида белгиланади.

Пляжларнинг сони ва тоифаларини, уларнинг майдонларини ҳудудларни режалаштириш схемасига ва бошқа шаҳарсозлик ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритмасдан ўзгартиришга йўл қўйилмайди.


4. Жойни танлашда зарур майдоннинг ҳисоб-китобини, пляжнинг асбоб-ускуналари ва уни жиҳозлашда сув объектлари рекреацияси зоналарига қўйиладиган талабларни, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини ҳисобга олиш зарур.


5. Пляж ва аҳолининг сувда оммавий дам олиши учун ажратиладиган жойлар қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

соҳил бўйи ҳудуди режалаштирилган ва ободонлаштирилган бўлиши;

акваториянинг чуқурлиги 3 метргача, қирғоқдан 50 метргача майдон дам олувчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавф туғдириши мумкин бўлган предметлардан тозаланган бўлиши;

пляж акваториясида паст ҳароратли ер ости сувлари чиқмаслиги, гирдоблар бўлмаслиги, оқимнинг тезлиги 0,5 м/секунддан ошмаслиги;

порт иншоотлари, пирслар, причаллардан санитария-эпидемиология хизмати органлари билан келишилган масофада жойлашган бўлиши;

пляж саноат ва маиший оқава сувлар чиқариб ташланадиган жойлардан узоқда жойлаштирилиши зарур.


6. Сув ҳавзалари қирғоғида ёки уларнинг яқинидаги болаларни соғломлаштириш ва дам олиш муассасаларидаги чўмилиш жойлари причаллардан, саноат ва маиший оқава сувлар ва бошқа ифлослантирувчи манбалар чиқариб ташланадиган жойлардан камида 500 метр масофада бўлиши керак.


7. Сув омборлари, кўллар, дарёлар, каналлар ҳамда бошқа оқадиган ва оқмайдиган йирик сув ҳавзаларида пляж акваторияси сув юзасининг майдони бир нафар дам олувчи ҳисобига 5 кв.м ва оқмайдиган сув ҳавзаларида - 10 кв.м бўлиши керак.


8. Пляж зоналари фойдаланишга қонун ҳужжатларига мувофиқ берилади.



III. ПЛЯЖЛАРНИ ЖИҲОЗЛАШГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


9. Аҳолининг оммавий дам олиши учун фойдаланиладиган пляж зоналари функционал вазифаларига кўра қуйидаги турларга бўлинади:

даволаш-соғломлаштириш пляжлари - иқлим билан даволаш амалга оширилмайдиган даволаш-соғломлаштириш муассасалари пляжлари;

болалар пляжлари - мижозлари юқорида кўрсатиб ўтилган муассасаларда соғломлаштирилувчи ва дам олувчи болалар ҳисобланадиган болалар соғломлаштириш ва дам олиш муассасалари пляжлари;

умумий фойдаланиладиган пляжлар - барча хоҳловчилар бепул ва бемалол фойдаланадиган пляжлар.

Пляжлар ўз функционал вазифасига мувофиқ "Умумий фойдаланиладиган пляж. Кириш бепул, ижарага олувчи (мулкдор), алоқа қилинадиган телефонлар, иш режими", "Даволаш-соғломлаштириш пляжи (ташкилотнинг номи, телефон рақами, иш режими)", "Болалар пляжи (ташкилотнинг номи, телефон рақами, иш режими)" пешлавҳалари билан жиҳозланган бўлиши керак.


10. Пляжлар ва пляжларнинг акваторияси қуйидаги талабларга жавоб бериши:

пляж акваториясида сузиш масофаси қирғоқдан 50 метргача, бироқ чуқурлиги 3 метрдан ортиқ бўлмаган қизил ёки тўқ қизил рангдаги буйлар (сувда саёзлик, йўл ва шу кабиларни кўрсатадиган қалқувчи белгилар) билан белгиланган бўлиши;

пляж ҳудудида кийимни алмаштириш кабинаси, ҳожатхоналар (биоҳожатхоналар), қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш учун ахлатдонлар, соябонлар, ичимлик сув билан таъминланган бўлиши;

кўз билан назорат қилиш ва кузатишнинг зарур воситалари билан жиҳозланган бўлиши;

аҳолига зарур ахборотни етказиш ва сувда хавфсизликка риоя қилишга доир тушунтириш ишларини ташкил этиш мақсадида радиолаштирилган бўлиши керак;

болалар пляжлари акваторияларида сузиш марралари бутун периметр бўйича 0,7 метр чуқурликда ишора қозиқлари, буйлар, сувда қалқиб турувчи тўсиқлар билан белгиланади. Болаларнинг ҳар бир гуруҳи учун соҳил бўйлаб бир-биридан 5 метр масофада ва сув бўлинишидан 1 метр масофада соҳил байроқчалари қадаб қўйилади ёки рангли байроқчалардан иборат бўлган яхлит тўсиқ ўрнатилади.


11. Чўмилиш тақиқланган жойларда "Чўмилиш тақиқланади!" ёзувли шчитлар ўрнатилади, акваториядаги хавфли жойлар "Хавфли!" ёзувли огоҳлантириш буйлари билан белгиланади.


12. Ҳар бир пляжда тегишли ҳудуд бириктирилган ташкилотлар томонидан қутқариш пости ва тиббий ёрдам пости бўлади.

Қутқариш постлари ва тиббий ёрдам постлари фаолиятини ташкил этиш бўйича талаблар тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.

Қутқариш постини ва тиббий ёрдам постини сақлаш пляжлардан, шу жумладан ижара шартларида фойдаланадиган ташкилотлар ҳисобига амалга оширилади.


13. Пляжларда қуйидаги маълумотлар мавжуд бўлган стендлар ўрнатилади:

ушбу Низомдан кўчирмалар;

чўмилиш тартиби ва қуёш ванналарини қабул қилиш тўғрисида дам олувчи фуқаролар учун тавсиялар;

сув ва ҳаво ҳарорати, шамолнинг йўналиши ва тезлиги, оқимнинг тезлиги, сувнинг тўлқини кўрсатилган жадваллар;

пляжнинг ҳудуди ва акваторияси аниқ ажратиб кўрсатилган чегаралар, чўмилиш тақиқланган чуқурликлар ва жойлар кўрсатилган харитаси;

ўзини ўзи қутқариш усуллари;

жабрланганларга дастлабки тиббий ёрдам кўрсатиш усуллари;

ички ишлар ҳудудий органларининг жойлашган жойи ва телефон рақамлари тўғрисидаги маълумотлар.


14. Ҳар бир болалар пляжида сузишга ўргатиш учун ўқув пункти ташкил этилади, улар қўллаб-қувватловчи (қутқарув) пояслари бўлган сузиш тахтачалари, электромегафон, пляж акваториясини белгилаш учун сувда қалқиб турувчи тўсиқлар билан таъминланади.

Ўқув пункти пешлавҳа, машғулотлар жадвали, сузишга ўргатиш методикалари ва техникаси, сувда хавфсизлик чоралари бўйича ўқув плакатлари билан жиҳозланади. Сузишга ўргатиш сузиш бўйича йўриқчи томонидан ўтказилади.


15. Пляжда ногиронлиги бўлган шахсларнинг бемалол киришлари ва бўлишлари учун шарт-шароитлар яратилиши керак.

16. Умумий фойдаланиладиган пляжда ер участкаси умумий майдонининг 40 фоиздан ортиқ бўлмаган ҳудудда, шу жумладан пляж умумий майдонининг 35 фоизидан ортиқ бўлмаган ҳудудда енгил креслолар (ёғоч каравотчалар) бериш хизматлари кўрсатадиган ҳақ тўланадиган пляж сервиси хизматларини жойлаштиришга йўл қўйилади.


17. Аҳоли оммавий дам оладиган жойлар ҳисобланадиган ҳудудларда қуйидагилар тақиқланади:

пляж материалини шикастлантириш ва йўқ қилиш;

кабеллар ўтказиш, шу жумладан юқори кучланишли ер ости кабеллари ўтказиш;

қувурлар, бошқа коммуникациялар ўрнатиш;

дренаж, саноат ва маиший оқава сувларини чиқариб ташлаш;

фойдаланиш режими ва табиий даволаш омилларини қўриқлаш билан боғлиқ бўлмаган бинолар ва объектлар қуриш;

хавфли геологик жараёнлар ривожланишига, табиий даволаш омиллари ва экологик мувозанатга таъсир қиладиган ёки таъсир қилиши мумкин бўлган хўжалик фаолиятини амалга ошириш;

ушбу ҳудудга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ бўлмаган автотранспортнинг юриши;

автомобиллар тўхташ жойлари, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ва уларни ювиш пунктлари қуриш;

кимё, целлюлоза-қоғоз ва металлургия саноати корхоналари фаолияти;

дарахтларни кесиш (парвариш қилиш ва санитария билан боғлиқ кесишлар бундан мустасно);

заҳарли кимёвий моддаларни қўллаш;

ўлган чорва моллари кўмиладиган жойлар барпо этиш;

чиқиндиларни сақлаш ва кўмиш;

жойнинг гидрологик режимини ўзгартириш.



IV. ПЛЯЖЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


18. Қуйидаги ҳолатларда пляжлар ва сувда аҳолининг дам олиш жойлари фаолият кўрсатиши тақиқланади:

пляж акваториясининг сув ости қисми паспорти мавжуд бўлмаганда (1-илова);

пляж акваторияси чуқурлигининг ўлчов харитаси мавжуд бўлмаганда;

пляж акваторияси текширилмаганда ва тозаланмаганда (2-илова);

сув сифати бўйича лаборатория назорати натижалари бўлмаганда;

тиббий ёрдам пости бўлмаганда;

тайёрланган қутқарувчилар билан таъминланган ва зарур қутқариш анжомлари билан жиҳозланган қутқариш пости бўлмаганда;

пляжларнинг сув ости қисмида қувурлар ва сув олиш қувурлари мавжуд бўлганда, шунингдек пляжларга туташган текширилмаган причаллар яқинида, кичик ўлчамли кемалар яқинланашадиган жойларда.


19. Пляж ходимлари:

пляж ёпилгандан кейин ҳар куни чиқиндиларни пухталик билан тўплайдилар ва пляж кундуз куни ишлайдиган пайт мобайнида камида уч марта қумли зонани чиқиндилардан тозалайдилар;

санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ дезинфекцияловчи эритмаларни қўллаган ҳолда ҳар куни кийим алмаштириш кабиналарини ва душхоналарни ювадилар;

қумли пляжларда қумларга ёпишиб қолган чиқиндиларни олиб ташлаган ҳолда бир кунда камида бир марта пляж материалининг юза қатламини бороналайдилар.


20. Пляж материали фақат пляжни тиклаш мақсадларида чиқариб олиниши ва қайта жойлаштирилиши мумкин.


21. Бевосита пляжларнинг ҳудудида ва уларга туташ ҳудудларда жойлашган савдо объектларига эга бўлган юридик ва жисмоний шахслар савдо объектларига туташ ҳудуднинг санитария ҳолати учун жавоб берадилар.



V. ҚУТҚАРУВ ПОСТЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


22. Қутқариш пости жойлашган жойда "Қутқарув пости" ёзувли пешлавҳа ўрнатилиши керак.


23. Пляжлардан фойдаланувчи юридик ва жисмоний шахс "Қутқарув хизмати ва қутқарувчи мақоми тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонунида ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ қутқарувчиларнинг функционал вазифаларини тасдиқлайди.

Қутқарув постларининг қутқарувчиларини тайёрлаш (ҳар йилги қайта тайёрлаш), шунингдек уларни аттестациядан ўтказиш Вазирлар Маҳкамасининг "Қутқарув хизмати ва қутқарувчи мақоми тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2014 йил 9 июлдаги 184-сон қарорига мувофиқ, Қутқарув хизматларини, қутқарув тузилмалари ва қутқарувчиларини аттестациядан ўтказиш бўйича идоралараро комиссия томонидан тасдиқланадиган махсус дастур бўйича амалга оширилади.

Пляждан фойдаланувчи юридик ва жисмоний шахс қутқарувчиларнинг ўз вазифалари билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этилишига йўл қўймаслиги керак.

Қутқарувчилар ягона намунадаги расмий кийим билан таъминланишлари керак.


24. Соҳил бўйлаб 300 метргача ва қирғоқдан 50 метр узоқликдаги ҳудуд ҳар бир қутқарув пости масъул бўлган зона этиб белгиланади.


25. Сув айрилиши жойидан 3 метрдан узоқ бўлмаган масофада қутқарув анжомлари мавжуд бўлган тахтача ўрнатилиши керак.

Пляж ҳудудида ҳар 150 метр масофада қутқарув постининг кузатиш минораси ўрнатилиши керак.



VI. СУВДА ОММАВИЙ ДАМ ОЛИШ ЖОЙЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШДА ХАВФСИЗЛИК ЧОРАЛАРИ


26. Жиҳозланган пляжларга, шунингдек сувда аҳолининг оммавий дам олиш жойлари сифатида фойдаланиш учун рухсатномага эга бўлмаган каналлар, кўллар, ёнғинни ўчириш сув ҳавзалари, сув тўлдирилган конлар ва бошқа сув ҳавзаларида чўмилиш тақиқланади.


27. Сувда аҳолининг оммавий дам олиш жойларида дам олаётган фуқароларга қуйидагилар тақиқланади:

тақиқловчи белгилар ва "Хавфли"!", "Чўмилиш тақиқланади!", "Шўнғиш (сувга сакраш) тақиқланади!" сўзлари ёзилган буйлар билан белгиланган жойларда чўмилиш ва сувга сакраш;

тўсиш белгиларидан (буйлар, буй йўлчаларидан) ўтиб сузиш;

моторли, елканли кемаларга, эшкакли кемаларга ва бошқа кичик ўлчамли кемалар яқинига сузиб бориш;

техник ва огоҳлантириш белгиларидан ва буйтўсиқларидан бошқа мақсадларда фойдаланиш;

сакраш учун мосланмаган иншоотлардан ҳамда чуқурлиги ва тубининг ҳолати номаълум бўлган жойларда сувга сакраш;

алкоголли маҳсулотларни истеъмол қилиш ва маст ҳолатда чўмилиш;

сувда шўнғиш ва чўмилувчиларни ушлаб олиш билан боғлиқ ўйинларни ташкил этиш;

ёлғон тревога сигнали бериш;

вояга етмаганларни назоратсиз қолдириш;

сузиш учун автомобиль камералари, тахтачалар ва шу кабилардан фойдаланиш;

пляжлар акваторияларида моторли, елканли, эшкакли қайиқлардан, эшкакли ва моторли кичик ўлчамли кемалардан, сув велосипедларидан фойдаланиш;

кучуклар ва бошқа ҳайвонларни ўзи билан олиб келиш, чўмилтириш, сайр қилдириш;

сув ҳавзаларини ифлос қилиш, қирғоқда ахлатларни қолдириш;

12 ёшгача бўлган болаларнинг ота-оналар назоратисиз якка тартибда чўмилиши;

шиша буюмлар ёки бошқа хавфли буюмларни қолдириш ёки пляж материалига кўмиш;

овқат тайёрлаш ва иситиш учун оловдан фойдаланиш;

товуш баландлиги 90 дБдан ортиқ бўлган кучли овоз чиқариш қурилмаларидан фойдаланиш;

қонунга зид бошқа хатти-ҳаракатларни содир этиш.



VII. БОЛАЛАР ПЛЯЖЛАРИДА ХАВФСИЗЛИКНИ

ТАЪМИНЛАШ ЧОРАЛАРИ


28. Болаларнинг чўмилиши сувда хавфсизликни таъминлаш учун масъул бўлган шахснинг буйруғи билан тайинланадиган етакчилар (тарбиячилар), тиббиёт ходими, сузиш бўйича йўриқчилар, қутқарувчилар кузатувида ўтказилади.


29. Болаларнинг фақат 10 кишидан ортиқ бўлмаган таркибда гуруҳ-гуруҳ бўлиб чўмилишига рухсат берилади. Сувда бир вақтнинг ўзида биттадан ортиқ бўлмаган гуруҳнинг бўлишига рухсат берилади. Сузишни билмайдиган болалар алоҳида чўмиладилар. 10 кишидан иборат ҳар бир гуруҳ ҳисобига бир нафар қутқарувчи бўлиши керак.


30. Болаларнинг чўмилишидан олдин пляжни қуйидаги тарзда тайёрлаш зарур:

пляж акваторияси тубини текшириш;

гуруҳ чўмилиши учун ажратилган участка чегарасининг қирғоғи четларини рангли байроқчалардан иборат қирғоқ байроқчалари ёки яхлит тўсиқ (фаль) билан белгилаш;

чўмилиш учун ажратилган участка акваторияси чегарасининг бутун периметрини ишора қозиқлари, буйлар, сувда қалқиб турувчи тўсиқлар билан белгилаш;

тахтачаларга қутқарув воситаларини илиб қўйиш;

болаларнинг ҳар бир гуруҳига хавфсизлик чоралари бўйича йўл-йўриқлар бериш;

қутқарувчи пляж акваторияси ташқарасига қайиқда чиқиши ва ундан 2-3 метр масофада туриши керак.

Чўмилиш пайтида ҳар 10 киши ҳисобига бир нафар қутқарувчи сувда чўмилаётган болаларнинг ёнида туриши керак.


31. Болалар пляжлари қуруқликдан тўсилган бўлиши керак. Болалар чўмилаётганда чет шахсларнинг болалар пляжларига кириши тақиқланади.



VIII. КИЧИК ЎЛЧАМЛИ КЕМАЛАРДАН

ФОЙДАЛАНИШДА ХАВФСИЗЛИК ЧОРАЛАРИ


32. Сузиш зоналарининг сув чегаралари эшкакли кемалар ва сув велосипедлари учун қирғоқдан 200 метргача, двигателли катерлар ва кичик ўлчамли кемалар учун қирғоқдан 300 метргача ва ундан ортиқ этиб белгиланади. Сув чегараларида буйлар шаклида огоҳлантириш белгилари ўрнатиш зарур.


33. Прокат пунктлари пляж акваторияси четидан камида 100 метр масофада бўлиши, буйтўсиқлари, байроқчали ишора қозиқлари билан белгиланган бўлиши керак. Кичик ўлчамли кемаларнинг жиҳозланмаган жойларда қирғоққа яқинлашиши тақиқланади.


34. Кичик ўлчамли кемаларда болаларнинг сузишига фақат қутқарувчилар кузатувида ва қутқарув мол-мулки (қутқарув доираси, 200 метр узунликдаги капрон арқонли ғалтак, қутқарув жилетлари, камар, дастлабки ёрдам берувчи дорихона (шу жумладан роторасширитель, S-симон трубка ва шу кабилар) билан таъминланган навбатчи моторли ва (ёки) эшкакли қутқарув воситалари мавжуд бўлганда йўл қўйилади.


35. Кичик ўлчамли кемалардан фойдаланувчи фуқаролар сувда ҳалокатга учраётган одамларга ёрдам кўрсатиши шарт.


36. Кичик ўлчамли кемалардан фойдаланилганда қуйидагилар тақиқланади:

қайиққа (катерга) белгилангандан кўп йўловчилар чиқариш (юк сиғимидан ортиқ юк ортиш);

одамларнинг чўмилиши учун ажратилган ва буй тўсиқлари билан тўсилган пляж акваториясига кириш;

ишора қозиқлари, буйлар, буй йўлкалари билан белгиланган қирғоққа чиқиш жойлари чегарасини кесиб ўтиш;

ҳаракатдаги бошқа кемаларга яқинлашиш ва уларнинг йўлини 100 метрдан кам бўлган хавфли яқинликда кесиб ўтиш;

16 ёшгача бўлган болаларга катта ёшдагилар ҳамроҳлигисиз кемаларни прокатга бериш ва қайиқлар, катерлардан фойдаланиш;

12 ёшгача бўлган болаларни катта ёшдагилар ҳамроҳлигисиз кемага олиш;

кичик ўлчамли кемалар бортларидан сувга сакраш ва шўнғиш;

қутқарув воситаларидан бошқа мақсадларда фойдаланиш;

кеманинг тумшуғи, қуйруғидаги бортларда ўтириш ёки оёқларни бортдан ташқарига осилтириш, бир жойдан бошқа жойга ўтиш ёки бошқа кемага ўтиш;

алкоголли маҳсулотлар истеъмол қилиш ва маст ҳолатда кичик ўлчамли кемалардан фойдаланиш;

кичик ўлчамли кема двигателининг қувватига мос бўлган кема ҳайдовчиси гувоҳномасига эга бўлмаган шахслар томонидан кичик ўлчамли моторли кемаларни бошқариш;

кичик ўлчамли кемаларни базалари - тўхташ жойлари ва прокат пунктларидан ташқарида йўловчиларни чиқариш, тушириш, юкларни ортиш ва тушириш.



IX. АКВАТОРИЯЛАРДА ХАВФСИЗЛИК ТАЪМИНЛАНИШИ

ЮЗАСИДАН НАЗОРАТНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


37. Соғломлаштириш ёки спорт мақсадларидаги, шунингдек аҳолининг дам олиши учун мўлжалланган сув ҳавзаларидан фойдаланувчи ташкилотларнинг раҳбарлари акваторияларнинг сув юзаси ва соҳил бўйи участкаси белгиланган тартибда бириктирилган доираларда одамларнинг ҳаёти ва соғлиғи муҳофаза қилиниши учун шахсан жавоб берадилар, қутқарув постларини жиҳозлайдилар, сақлайдилар, уларни бинолар ва қутқарув анжомлари билан таъминлайдилар, шунингдек улар фаолиятини назорат қиладилар.

Белгиланган тартибда пляж зоналари ташкил этилиши учун жавобгарлик ташкилотнинг раҳбари зиммасига юкланади.

Сув сатҳидан қатъи назар, сув бўлинадиган жойгача сув акваториясига туташ ҳудуд, шунингдек сув бўлинишидан 100 метр доирасида сув юзаси участкаси соғломлаштириш ёки спорт мақсадлари, шунингдек фуқароларнинг дам олиши учун мўлжалланган сув ҳавзаларидан фойдаланиладиган ташкилотларнинг жавобгарлиги зонаси ҳисобланади.


38. Қутқарув пости ишларини назорат қилишни пляж бириктирилган ташкилотларнинг раҳбарияти амалга оширади.

Пляж акваторияси (чўмилиш жойлари буй тўсиқлари) доирасида сувда рўй берадиган ҳодисалар учун жавобгарлик пляж зоналаридан фойдаланувчи ташкилотларнинг раҳбарларига ва ушбу участканинг қутқарув пости навбатчи сменасига юкланади.


39. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари ўз ваколатлари доирасида ушбу Низом талабларига риоя этилишини назорат қиладилар.


40. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри санитария-эпидемиология бошқармалари ўз ваколатлари доирасида пляж ҳудудларида санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этилишини назорат қиладилар.

41. Ўзбекистон Республикасининг кичик ўлчамли кемалар бўйича давлат инспекцияси ўз ваколатлари доирасида кичик ўлчамли кемалардан фойдаланишда хавфсизлик талабларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга оширади.



X. УШБУ НИЗОМ БУЗИЛГАНЛИГИ УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


42. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Пляж акваториясининг сув ости қисми

ПАСПОРТИ



га тегишли

(пляжнинг номи)

Пляж жойлашган жой:


Акватория туби тупроғининг хусусияти:


Акватория туби рельефи:


Чўмилишда хавф туғдирувчи тўсиқларнинг мавжудлиги:


                  

Пляж ҳудудидаги оқимларнинг тавсифи:


                  

Болалар, ногиронлиги бўлган шахслар чўмилиши учун белгиланган жойларнинг мавжудлиги:

             

Пляж акваторияси чегараларини белгиловчи белгиларнинг мавжудлиги:

       

    

Қутқарув постининг мавжудлиги:


Қаввослик ишлари бажарилганлиги тўғрисидаги далолатномаларнинг мавжудлиги:

             

(ишларни ким амалга оширган)

1. Пляж акваторияси тубининг ғаввос томонидан текширилганлиги:



(далолатноманинг санаси ва N)

2. Хавфли тўсиқларнинг бартараф этилганлиги:



(далолатноманинг санаси ва N)

3. Чуқурлик ўлчамлари аниқланган ҳолда пляж акваторияси туби режасининг мавжудлиги:

               

Пляждан фойдаланувчи

ташкилотнинг раҳбари

     

Ғаввослик ишларини бажарган

ғаввослар гуруҳи раҳбари

      

М.Ў.




М.Ў.





(шахсий имзо)


(Ф.И.О.)


(шахсий имзо)


(Ф.И.О.)

          





Низомга

2-ИЛОВА


     

      


(пляжнинг номи)


пляжи акваторияси тубини ғаввослар томонидан текшириш

ДАЛОЛАТНОМАСИ

20___ йил "___" ____________

_____________________

Далолатнома бир томондан ______________________________ пляжининг раҳбари (ундан фойдаланувчи) номидан ___________________ томонидан ва, иккинчи томондан, пляж акваторияси тубини ғаввослар томонидан текширишни амалга оширган ____________________________ ғаввослар гуруҳи раҳбари томонидан 20__ йил "___" _________ даги ____-сон шартнома асосида


дан иборат

(ғаввослар гуруҳи аъзоларининг Ф.И.О.)


таркибдаги ғаввослар гуруҳи 20__ йил "___" _____________да қуйидаги ишларни бажарганлиги тўғрисида тузилди:

майдони ___________ кв.м, ўлчамлари ___________ x ____________ м _______________ пляжи акваторияси тубини ғаввослар кўздан кечириб чиқди;

илова қилинаётган схемада кўрсатилган кўндаланг профиль бўйича юқорида қайд этилган пляжнинг туби чуқурлигини ўлчаб чиқди;

чуқурликнинг ўлчамлари ва чўмилишда хавф туғдирувчи предметлар кўрсатилган ҳолда юқорида қайд этилган пляжнинг режа-схемасини тузди;

ишлар _______ баҳо билан пляжнинг раҳбари (ундан фойдаланувчи) томонидан қабул қилинди.

Текширишни ўтказишда қуйидагилар аниқланди:


      

.

Пляждан фойдаланувчи

ташкилотнинг раҳбари

     

Ғаввослик ишларини бажарган

ғаввослар гуруҳи раҳбари

      

М.Ў.




М.Ў.





(шахсий имзо)


(Ф.И.О.)


(шахсий имзо)


(Ф.И.О.)

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 30 май, 21-сон, 231-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2016 йил, 5-сон, 40-модда



























Время: 0.1673
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск