ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси (Парламент) / Олий Мажлис Қонунчилик палатаси. Депутатлар /

Ўзбекистон Республикасининг 29.08.2003 й. 522-II-сон "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

29.08.2003 й.

N 522-II



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ МАЖЛИСИ ҚОНУНЧИЛИК

ПАЛАТАСИНИНГ РЕГЛАМЕНТИ

ТЎҒРИСИДА


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик

палатаси фаолиятининг ҳуқуқий асослари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий Қонунига ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.



2-модда. Қонунчилик палатаси фаолиятининг

асосий принциплари

Қонунчилик палатаси фаолиятининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

сиёсий хилма-хиллик ва кўппартиявийлик;

масалаларни эркин муҳокама қилиш ва жамоа бўлиб ҳал этиш;

очиқлик ва ошкоралик;

жамоатчилик фикрини ҳисобга олиш.

Қонунчилик палатасининг иши палата барча депутатларининг профессионал, доимий фаолиятига асосланади.


3-модда. Қонунчилик палатаси

фаолиятининг ташкилий шакли

Қонунчилик палатаси фаолиятининг ташкилий шакли унинг Қонунчилик палатаси сессиялари даврида, қоида тариқасида, ҳафтасига уч марта ўтказиладиган мажлисларидир.

Қонунчилик палатасининг мажлислари, агар уларнинг ишида палата депутатлари умумий сонининг ярмидан кўпи иштирок этса, ваколатли ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини, конституциявий қонунларни қабул қилишда, уларга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритишда депутатлар умумий сонининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлиши шарт.

Қонунчилик палатасининг биринчи мажлиси Қонунчилик палатасига сайловдан кейин икки ойдан кечиктирмай ўтказилади. Мазкур мажлисни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Раиси очади ва Қонунчилик палатаси Спикери сайлангунга қадар унда раислик қилади.

Қонунчилик палатаси биринчи мажлиси ишини ташкил этиш учун мажлиснинг муваққат котибияти саноқ комиссияси ва овозларни ҳисоблашнинг электрон тизимидан фойдаланиш устидан муваққат назорат гуруҳи сайланади.

Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисида унинг фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилади, шу жумладан, қоида тариқасида:

Қонунчилик палатаси Спикери ва унинг ўринбосарлари сайланади;

сиёсий партиялар фракциялари (бундан буён матнда фракциялар деб юритилади) рўйхатга олинади;

Қонунчилик палатасининг қўмиталари тузилади.

Қонунчилик палатасининг навбатдан ташқари мажлислари унинг сессиялари оралиғида Ўзбекистон Республикасининг Президенти, Қонунчилик палатаси Спикери таклифига ёки Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида учдан бир қисмининг таклифига биноан чақирилиши мумкин.

Қонунчилик палатасининг мажлислари очиқ, ошкора ўтказилади ва оммавий ахборот воситалари томонидан ёритилади. Қонунчилик палатасининг қарорига биноан ёпиқ мажлислар ўтказилиши ҳам мумкин.

Қонунчилик палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати (бундан буён матнда Сенат деб юритилади), қоида тариқасида, алоҳида-алоҳида мажлис ўтказади.

Қонунда белгиланган ҳолларда палаталарнинг қўшма мажлислари ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлислари Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Қонунчилик палатаси Спикерининг, Сенат Раисининг таклифига ёки тегишинча Қонунчилик палатаси депутатлари ёхуд сенаторлар умумий сонининг камида учдан бир қисмининг таклифига биноан чақирилиши мумкин.


4-модда. Қонунчилик палатаси Спикерини

ва унинг ўринбосарларини сайлаш

Қонунчилик палатасининг биринчи мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерини сайлашдан бошланади.

Қонунчилик палатаси Спикерини ва унинг ўринбосарларини сайлаш учун депутатлар орасидан Қонунчилик палатасига сайловда иштирок этган ҳар бир сиёсий партиядан камида уч нафар депутатдан иборат Сиёсий партиялар вакиллари кенгаши тузилади. Сиёсий партиялар вакиллари кенгашининг таркиби тўғрисидаги қарор Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Сиёсий партиялар вакиллари кенгаши ўз мажлисида Қонунчилик палатаси Спикери ва унинг ўринбосарлари лавозимларига номзодларни депутатлар орасидан кўрсатиш масаласини кўриб чиқади. Сиёсий партиялар вакиллари кенгаши мажлисида Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партиянинг вакили раислик қилади.

Номзод, агар у яширин овоз бериш натижасида Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг ярмидан кўп овозини олган бўлса, Қонунчилик палатасининг Спикери этиб сайланган ҳисобланади.

Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосарларининг сони, қоида тариқасида, икки нафардан ошмаслиги керак.

Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари яширин овоз бериш орқали депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан Қонунчилик палатасининг ваколатлари муддатига сайланади.

Сиёсий партиялар вакиллари кенгаши тақдим этган номзод Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари лавозимига сайланмаган тақдирда, Сиёсий партиялар вакиллари кенгаши депутатлар орасидан бошқа номзодни тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Қонунчилик палатаси Спикери ва унинг ўринбосарлари сайланганлиги тўғрисида қарорлар қабул қилинади, қарорларни палата мажлисида раислик қилувчи имзолайди.


5-модда. Қонунчилик палатаси Спикерини ва

унинг ўринбосарларини муддатидан илгари

лавозимидан озод қилиш

Қонунчилик палатаси Спикери яширин овоз бериш орқали Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг учдан икки қисмидан кўпроғининг овози билан қабул қилинган Қонунчилик палатаси қарорига биноан муддатидан илгари лавозимидан озод қилиниши мумкин.

Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари яширин овоз бериш орқали Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг учдан икки қисмидан кўпроғининг овози билан қабул қилинган Қонунчилик палатасининг қарорига биноан муддатидан илгари лавозимидан озод қилиниши мумкин.

Қонунчилик палатаси Спикерини ёки унинг ўринбосарларини муддатидан илгари лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги масала Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида учдан бир қисмидан иборат Қонунчилик палатаси депутатлари гуруҳининг таклифига биноан палата томонидан кўриб чиқилади.

Қонунчилик палатаси Спикерини ёки унинг ўринбосарларини муддатидан илгари лавозимидан озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилинади, қарорни палата мажлисида раислик қилувчи имзолайди.


6-модда. Қонунчилик палатаси Кенгаши

Қонунчилик палатасининг фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида Қонунчилик палатаси Кенгаши тузилади.

Қонунчилик палатаси Кенгашининг таркибига Қонунчилик палатаси Спикери, унинг ўринбосарлари, фракциялар раҳбарлари, Қонунчилик палатаси қўмиталарининг раислари киради.

Қонунчилик палатасининг Кенгаши:

Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартиби лойиҳасини шакллантиради;

қўмиталарнинг ишини мувофиқлаштириб боради;

қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қабул қилиш ёки уни қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектига қайтариш тўғрисида қонун лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун масъул бўлган қўмитанинг (бундан буён матнда масъул қўмита деб юритилади) хулосасига кўра қарор қабул қилади;

қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган қонунчилик таклифини (бундан буён матнда қонунчилик таклифи деб юритилади) Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қабул қилиш тўғрисида масъул қўмитанинг хулосасига кўра қарор қабул қилади;

Қонунчилик палатаси депутатининг сайлов округидаги ишини ташкил этишга кўмаклашади;

Қонунчилик палатаси фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал этади.

Кенгаш ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича ўз аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қарорлар қабул қилади.

Қонунчилик палатаси Кенгашига Қонунчилик палатаси Спикери раҳбарлик қилади, у Кенгашнинг мажлисларини олиб боради ва унинг қарорларини имзолайди.


7-модда. Қонунчилик палатасининг қўмиталарини тузиш

Қонунчилик палатаси томонидан унинг депутатлари орасидан палатанинг ваколатлари муддатига раис, унинг ўринбосари ва аъзолардан иборат таркибда қўмиталар тузилади.

Қонунчилик палатаси Спикери ва унинг ўринбосарлари Қонунчилик палатаси қўмиталарининг таркибига сайланиши мумкин эмас.

Қонунчилик палатасида бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси, коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси, меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси, халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси, инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси тузилиши шарт. Қонунчилик палатасида бошқа қўмиталар ҳам тузилиши мумкин.

Қонунчилик палатаси қўмиталарининг умумий сони, қоида тариқасида, ўн биттадан ошмаслиги керак.

Қўмита раиси, унинг ўринбосари ва қўмита аъзолари лавозимлари депутатларнинг қайси партияга ёки гуруҳга мансублигини ҳамда сайлов якунлари бўйича олинган депутатлик ўринларини инобатга олган ҳолда яхлит (умумий) қарори билан белгиланади. Қўмита раиси, унинг ўринбосари ва қўмита аъзолари лавозимларига номзодлар кўрсатиш юзасидан таклифларни фракцияларнинг раҳбарлари ўзаро келишган ҳолда киритадилар.

Қонунчилик палатаси қўмитасининг раиси, унинг ўринбосари ва қўмита аъзолари палата мажлисида Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан сайланади.

Қонунчилик палатаси қўмитасининг раиси, унинг ўринбосари, шунингдек қўмита аъзолари сайлангани тўғрисида Қонунчилик палатаси қарорлар қабул қилади.


7-1-модда. Қонунчилик палатасининг қўмиталари

ҳузурида эксперт гуруҳларини тузиш

Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишга ва муҳокама қилишга, назорат-таҳлил тадбирларини тайёрлашга ва ўтказишга кўмаклашиш мақсадида Қонунчилик палатасининг қўмиталари ҳузурида эксперт гуруҳлари тузилади.

Эксперт гуруҳлари давлат органларининг, илмий ва таълим муассасаларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг тегишли соҳаларда илмий иш тажрибасига, қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва (ёки) амалий иш тажрибасига эга бўлган малакали мутахассислари орасидан тузилади.

Қонунчилик палатасининг қўмиталари ҳузурида эксперт гуруҳларини шакллантириш ва уларнинг фаолияти тартиби Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан тасдиқланадиган низом билан белгиланади


8-модда. Қонунчилик палатасининг

комиссияларини тузиш

Қонунчилик палатаси муайян вазифаларни бажариш учун комиссиялар тузиши мумкин.

Комиссия Қонунчилик палатаси мажлисида Қонунчилик палатасининг депутатлари орасидан комиссия раиси ва аъзолари, зарурат бўлганда эса комиссия раисининг ўринбосаридан иборат таркибда тузилади.

Комиссия тузилгани тўғрисида Қонунчилик палатаси қарор қабул қилади.

Комиссия ўз зиммасига юклатилган вазифалар бажарилганидан сўнг, қайси муддатга тузилган бўлса, шу муддат ўтганидан кейин ёки Қонунчилик палатасининг қарорига биноан муддатидан илгари ўз фаолиятини тугатади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма қарори билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг комиссиялари (парламент комиссиялари) ташкил этилиши мумкин.

Зарур бўлган ҳолларда комиссиялар ишига давлат органларининг ва бошқа органларнинг вакиллари, шунингдек фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари жалб этилиши мумкин.


9-модда. Фракциялар

Фракция сиёсий партиядан кўрсатиладиган депутатлар томонидан партия манфаатларини Қонунчилик палатасида ифодалаш мақсадида тузиладиган ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган депутатлар бирлашмасидир.

Қонунчилик палатасининг камида беш нафар депутати фракция тузиш ҳуқуқига эга.

Қонунчилик палатасининг депутати фақат бир фракциянинг аъзоси бўлиши мумкин.

Сиёсий партиядан кўрсатилган ва Қонунчилик палатасига сайланган депутат фақат шу партия фракциясининг аъзоси бўлиши керак.

Қонунчилик палатаси Спикери ва Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари ўз вазифаларини бажариш даврида сиёсий партияга аъзоликни тўхтатиб туради ва фракция таркибига кириши мумкин эмас.

Фракция тузиш учун:

фракция таъсис йиғилишини ўтказиш;

фракцияни тузиш тўғрисида таъсис баённомасини қабул қилиш;

фракция раҳбарини сайлаш зарур бўлади.

Фракция раҳбари фракцияни тузиш тўғрисидаги таъсис баённомасини Қонунчилик палатасига тақдим этади ва фракция тузилгани ҳақида Қонунчилик палатасига ахборот беради, бу Қонунчилик палатаси мажлисининг баённомасида қайд этилади.

Фракциялар ҳисобга олиш рўйхатидан ўтказилади.

Фракциялар фаолиятининг ташкилий шакли уларнинг мажлисларидир.

Фракциялар ишини мувофиқлаштириб бориш, Қонунчилик палатаси мажлисига киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқишни ташкил этиш, фракциялар нуқтаи назарини келишиб олиш мақсадида фракциялар раҳбарларининг қўшма мажлислари ўтказилиши мумкин.

Фракциялар ўзлари қабул қилган қарорлар, шунингдек фракциялар раҳбарларининг қўшма мажлисларида қабул қилинган қарорлар ҳақида Қонунчилик палатаси Спикерига ва унинг Кенгашига ахборот берадилар.

Фракция фаолияти қуйидаги ҳолларда тугатилади:

фракциянинг ўз ташаббусига биноан;

Қонунчилик палатасининг ваколатлари муддати тугаганда;

фракция таркибига кирувчи депутатлар сони уни тузиш учун зарур бўлган меъёрдан камайиб кетганда;

тегишли сиёсий партия фаолияти тугаганда (тугатилганда).

Қонунчилик палатасининг ваколатлари муддати тугашидан олдин фракциялар фаолиятининг тугатилиши Қонунчилик палатасининг қарори билан расмийлаштирилади.



9-1-модда. Парламентдаги кўпчилик ва парламентдаги мухолифат.

Фракцияларнинг блокка бирлашиши

Қонунчилик палатасида кўпчилик ўринни эгаллаган фракция парламентдаги кўпчиликни ташкил этади.

Ўз дастурий мақсадли вазифаларининг яқинлигидан ёки мослигидан келиб чиққан ҳолда блок тузадиган бир нечта фракциялар парламентдаги кўпчиликни ташкил этиши мумкин.

Янгитдан шакллантирилган ҳукуматнинг тутган йўли ва дастурига ёки унинг айрим йўналишларига қўшилмайдиган фракциялар ўзларини мухолифат деб эълон қилиши мумкин.

Фракцияларнинг блокка бирлашиши қонунда назарда тутилган ҳуқуқларни амалга оширишда уларнинг мустақиллигини чеклаб қўймайди.

Ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган фракция қонунда фракциялар учун назарда тутилган ваколатлар билан бир қаторда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилгунига қадар ўша масалага доир қонун лойиҳасининг, шунингдек Қонунчилик палатаси қарори лойиҳасининг муқобил таҳририни киритиш;

муҳокама этилаётган масалалар юзасидан ўзининг алоҳида фикрини Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси баённомасига киритиш;

Сенат томонидан рад этилган қонун бўйича келишув комиссиясида ўз вакилларининг кафолатли иштирок этиши.

Парламентдаги мухолифатнинг қонун билан кафолатланган ҳуқуқлари парламентдаги кўпчилик томонидан камситилиши мумкин эмас.


II. ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ МАЖЛИСИДА

МАСАЛАЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ

10-модда. Қонунчилик палатаси

мажлисининг кун тартиби

Қонунчилик палатаси мажлисида кўриб чиқилиши лозим бўлган масалалар уларни кўриб чиқиш навбати, палатанинг ҳар бир масалани кўриб чиқишга тайёрлаш учун масъул бўлган қўмиталари, маърузачилар (қўшимча маърузачилар), шунингдек бошқа маълумотлар кўрсатилган ҳолда мажлис кун тартиби лойиҳасига киритилади.

Қонунчилик палатаси мажлиси кун тартибининг лойиҳаси Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан тузилади.

Қонунчилик палатасининг депутатлари Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартиби лойиҳасига киритилган масалалар тўғрисида олдиндан хабардор қилинадилар.

Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартиби палата қарори билан тасдиқланади.


11-модда. Қонунчилик палатаси мажлисларида

овоз бериш шакллари ва усуллари

Қонунчилик палатасининг қарорлари унинг мажлисларида очиқ ёки яширин овоз бериш орқали қабул қилинади. Очиқ овоз бериш фракцияларнинг ташаббусига кўра номма-ном ўтказилиши мумкин, унинг натижалари Қонунчилик палатаси мажлисининг стенограммасига илова қилинади.

Қонунчилик палатаси мажлисларида овоз бериш овозларни ҳисоблашнинг электрон тизимидан фойдаланган ҳолда ёки яширин овоз бериш бюллетенларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

Қонунчилик палатаси мажлисида овозларни ҳисоблашнинг электрон тизимидан фойдаланилиши устидан назоратни Қонунчилик палатаси депутатлари жумласидан бўлган гуруҳ амалга оширади.

Овоз бериш шакли ва усули тўғрисидаги қарор Қонунчилик палатаси томонидан очиқ овоз бериш орқали қабул қилинади, у ёки бу масала юзасидан овоз бериш шакли ва усули Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳамда конституциявий қонунларда белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Қонунчилик палатасининг депутати ўзининг овоз бериш ҳуқуқини шахсан амалга оширади.


III. ҚОНУНЛАРНИ ҲАМДА ҚОНУНЧИЛИК

ПАЛАТАСИ ҚАРОРЛАРИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ

12-модда. Қонун лойиҳасини Қонунчилик

палатаси кўриб чиқиши учун киритиш

Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан киритилади.

Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритишда қуйидагилар тақдим этилиши керак:

1) қонун лойиҳасига унинг концепцияси баён қилинган тушунтириш хати, ушбу концепцияда ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг асосий ғояси, мақсади ва предмети; тегишли ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг мазкур соҳада амалда бўлган қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таҳлили илова қилинган ҳолдаги умумий тавсифи ва ҳолатига берилган баҳо; қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурияти асослари; қонун лойиҳасининг асосий қоидалари; бўлғуси қонуннинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа оқибатлари прогнози белгилаб берилган бўлиши керак;

2) ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги, шунингдек қонун лойиҳаси киритилиши билан боғлиқ қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси;

3) ўзгартирилиши, қўшимчалар киритилиши, ўз кучини йўқотган деб топилиши ёки қабул қилиниши лозим бўлган қонуности ҳужжатларининг рўйхати;

3-1) халқаро ҳужжатларнинг ва чет эл мамлакатлари қонунчилигининг, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг тегишли қоидалари, Ўзбекистон Республикаси шароитида тегишли халқаро тажриба қўлланилишининг мақбуллиги тўғрисидаги асосли таклифлар кетма-кет тартибда кўрсатилган таҳлилий қиёсий жадвал;

4) моддий харажатларни талаб қиладиган қонун лойиҳалари учун молиявий-иқтисодий асослар;

5) давлат даромадларини камайтириш ёки давлат харажатларини кўпайтириш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети моддалари бўйича ўзгартиришларни назарда тутувчи қонунларнинг лойиҳалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг хулосаси.

Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилингунига қадар қонун лойиҳасини киритган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти лойиҳа матнини ўзгартириш ёки ўзи киритган қонун лойиҳасини чақириб олиш ҳуқуқига эга. Қонунчилик палатасига илгари палата томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган тегишли қонун лойиҳасига доир масалага дахлдор бўлган қонун лойиҳаси келиб тушган ҳолларда, Қонунчилик палатаси янги киритилган қонун лойиҳасини қайтариш тўғрисидаги ёхуд уни илгари биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳаси билан бирлаштириш ҳақидаги масалани масъул қўмитанинг хулосаси асосида ҳал этишга ҳақли.


13-модда. Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси

томонидан кўриб чиқиш учун қабул қилиш

Қонунчилик палатаси Спикери масъул қўмитани белгилайди, қонун лойиҳаси ҳамда унга илова қилинган материалларни масъул қўмитага ва, бир вақтнинг ўзида, фракцияларга топширади, шунингдек фракциялар томонидан фикрлар ва таклифларни ҳамда масъул қўмита томонидан хулосани тақдим этиш муддатини белгилайди.

Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қабул қилиш мумкинлиги тўғрисида таклифлар ишлаб чиқиш учун қонун лойиҳаси устида ишлаш фракциялар ва масъул қўмита томонидан бир вақтнинг ўзида амалга оширилади. Бунда фракцияларнинг қонун лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифларисиз масъул қўмита ушбу қонун лойиҳаси юзасидан ўз хулосасини чиқариш ҳуқуқига эга эмас.

Масъул қўмита қонун лойиҳаси бўйича барча фракциялардан фикрлар ва таклифларни тўплаб, Қонунчилик палатаси Кенгашига қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қабул қилиш мумкинлиги тўғрисида белгиланган муддатда хулоса тақдим этади.

Қонунчилик палатаси Кенгаши масъул қўмитанинг хулосаси асосида, фракцияларнинг фикрлари ва таклифларини ҳисобга олган ҳолда қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қабул қилиш тўғрисида ёки қонун лойиҳаси ушбу Қонун 12-моддасининг иккинчи қисмида белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаган тақдирда ёхуд у қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти томонидан ўз ваколатлари жумласига киритилмаган масалалар бўйича киритилганда уни қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектига қайтариш ҳақида қарор қабул қилади.

Аниқланган камчиликлар бартараф этилганидан кейин қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун янгидан киритилиши мумкин.

Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қабул қилинаётганда унинг Кенгаши қонун лойиҳасини палата мажлисида кўриб чиқишга тайёрлаш муддатини белгилаши шарт.

Кўриб чиқиш учун қабул қилинган қонун лойиҳаси унга илова қилинган материаллар билан Қонунчилик палатасининг қўмиталарига юборилади.


14-модда. Қонун лойиҳасини дастлабки

тарзда муҳокама қилиш

Қонун лойиҳасини дастлабки тарзда муҳокама қилиш ва уни Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда кўриб чиқишга тайёрлаш масъул қўмита томонидан амалга оширилади.

Фракциялар қонун лойиҳасини дастлабки тарзда муҳокама қилиш якунларига кўра масъул қўмитага ўз фикрлари ва таклифларини тақдим этади.

Масъул қўмита фракциялар, манфаатдор ташкилотлар ҳамда экспертлар гуруҳларининг фикрлари ва таклифларини ҳисобга олган ҳолда қонун лойиҳасининг дастлабки тарздаги Муҳокамасини ўтказади ва қонун лойиҳаси олинган кундан эътиборан икки ой ичида унга:

Қонунчилик палатаси Кенгашининг қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқиш учун Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисидаги қарори лойиҳасини;

масъул қўмитанинг мазкур қонун лойиҳасини қабул қилиш ёки рад этиш зарурлиги асосланган хулосасини;

фракцияларнинг қонун лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифларини илова қилган ҳолда, Қонунчилик палатаси Кенгаши кўриб чиқиши учун тақдим этади.

Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси қўмиталарида муҳокама қилиш очиқ ўтказилади. Муҳокамаларга қонун лойиҳасини киритган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектининг вакиллари, фуқаролик жамияти институтларининг ва илмий-тадқиқот муассасаларининг вакиллари, шунингдек олимлар, мутахассислар ҳам таклиф этилиши мумкин.

Қонунчилик палатасининг қўмиталаридаги қонун лойиҳаси муҳокамаларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги ваколатли вакили иштирок этиши мумкин.

Қонунчилик палатаси Кенгаши масъул қўмита тақдим этган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқиш учун Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартиби лойиҳасига киритиш тўғрисида қарор қабул қилади.


15-модда. Қонун лойиҳасини Қонунчилик

палатаси мажлисларида кўриб чиқиш

Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасини, қоида тариқасида, уч ўқишда кўриб чиқади.

Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси мажлисларида биринчи ўқишда кўриб чиқиш чоғида уни қабул қилиш зарурати, қонун лойиҳасининг концепцияси, унинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига мувофиқлиги, шунингдек қонунни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар ҳамда молиялаштириш манбалари тўғрисидаги масала муҳокама қилинади. Биринчи ўқишдаги қонун лойиҳаси юзасидан маъруза билан, қоида тариқасида, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти ёки унинг вакили, кейинги ўқишларда эса масъул қўмита вакили сўзга чиқади.

Масъул қўмита биринчи ҳамда кейинги ўқишларда фракцияларнинг фикрлари ва таклифларини депутатларга етказиши шарт.

Фракцияларнинг қонун лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифлари мажбурий тарзда ҳамда ҳар томонлама муҳокама қилиниши лозим.

Қонунчилик палатаси муҳокама натижалари бўйича қонун лойиҳасини маромига етказиш ва кейинги ўқишда кўриб чиқиш учун палатага киритиш муддатини мажбурий тартибда белгилаган ҳолда уни биринчи ўқишда қабул қилиш ҳақида ёхуд қонун лойиҳасини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Қонунчилик палатаси муҳокамасига қонун лойиҳаларининг муқобил таҳрирлари киритилган тақдирда улар бир вақтда кўриб чиқилиши керак. Қонунчилик палатаси депутатларининг қарор қабул қилиш учун талаб қилинадиган энг кўп миқдордаги овозини тўплаган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинган ҳисобланади.

Биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳасининг матни, қоида тариқасида, Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади, зарур бўлган ҳолларда эса, Қонунчилик палатасининг қарорига кўра оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади. Бунда энг муҳим ижтимоий, ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган қонун лойиҳалари Қонунчилик палатасининг уни биринчи ўқишда қабул қилиш ҳақидаги қарорига мувофиқ қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида кенг муҳокамага, шу жумладан жойларда фуқаролар иштирокидаги кенг муҳокамага чиқарилиши мумкин.

Масъул қўмита қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш чоғида қонун лойиҳасининг моддама-модда муҳокамасини ўтказади, келиб тушган фикрлар ва таклифларни умумлаштиради. Қонун лойиҳасининг маромига етказилган матни фракцияларга, шунингдек қонун лойиҳасини киритган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектига уларнинг ушбу қонун лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифларини олиш учун юборилади.

Масъул қўмита маромига етказилган қонун лойиҳаси бўйича фикрлар ва таклифларни олганидан сўнг уларнинг муҳокамасини қонун лойиҳасини киритган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти вакиллари, фуқаролик жамияти институтларининг ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларининг вакиллари иштирокида ташкил этади. Муҳокамаларга олимлар, мутахассислар ҳам таклиф этилиши мумкин.

Фракциялар ўз дастурий мақсадли вазифаларидан келиб чиқиб, қонун лойиҳаларининг жойларда фуқаролар иштирокидаги муҳокамасини ҳамда улар бўйича келиб тушган таклифларни ўрганишни сиёсий партиялар тегишли ташкилотларининг ходимларини жалб этган ҳолда ташкил этади. Фракциялар ўрганишлар якунларига кўра келиб тушган фикрлар ва таклифларни ўз мажлисларида муҳокама қилади, ўз дастурий мақсадли вазифаларидан келиб чиққан ҳолда таклифлар ишлаб чиқади, улар масъул қўмитага юборилади.

Масъул қўмита томонидан асосли деб топилган таклифлар қонун лойиҳасининг матнига киритилади.

Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси томонидан иккинчи ўқишда кўриб чиқиш чоғида муҳокама унинг номи, муқаддимаси (агар мавжуд бўлса), ҳар бир моддаси бўйича алоҳида-алоҳида ўтказилади. Бунда масъул қўмита томонидан маъқулланган фикрлар ва таклифлар ҳам, маъқулланмаган фикрлар ва таклифлар ҳам муҳокама қилинади. Қонун лойиҳаси бўйича, қоида тариқасида, унинг номига, муқаддимасига (агар мавжуд бўлса), ҳар бир моддасига алоҳида-алоҳида овоз берилади. Қонунчилик палатасининг қарорига кўра қонун лойиҳаси бўйича овоз бериш боблар ёки бўлимлар бўйича, шунингдек бир неча моддалар бўйича бир вақтнинг ўзида ўтказилиши мумкин.

Муҳокама натижалари бўйича Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасини маромига етказиш ва кейинги ўқишда кўриб чиқиш учун палатага киритиш муддатини белгилаган ҳолда уни иккинчи ўқишда қабул қилиш ҳақида ёхуд қонун лойиҳасини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Учинчи ўқишда қонун лойиҳаси муҳокама қилинмасдан тўлалигича овозга қўйилади.

Қонун лойиҳаси биринчи ёки иккинчи ўқишда қабул қилинган тақдирда, масъул қўмитанинг таклифига биноан қонунни кейинги ўқишлар тартиб-таомилини истисно этган ҳолда қабул қилиш тўғрисидаги масала овозга қўйилиши мумкин.

Қонун Қонунчилик палатаси томонидан палата депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади, бундан ушбу Қонун 15-1, 17 ва 18-моддаларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонун ўн кун ичида Сенатга кўриб чиқиш учун юборилади. Сенатга қонун билан биргаликда қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритиш чоғида тақдим этилган материаллар юборилади.


15-1-модда. Сенат томонидан рад этилган қонунни Қонунчилик

палатаси томонидан қайта кўриб чиқиш тартиби

Сенат томонидан рад этилган қонун Қонунчилик палатаси томонидан бир ойлик муддатда қайта кўриб чиқилиши лозим.

Масъул қўмита Сенат томонидан рад этилган қонун юзасидан хулоса беради.

Масъул қўмитанинг хулосаси олинганидан кейин қонунни Қонунчилик палатаси томонидан қайта кўриб чиқиш масаласи белгиланган тартибда Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартибига киритилади.

Сенат томонидан рад этилган қонунни қайта кўриб чиқишда Қонунчилик палатаси қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун белгиланган тартибда келишув комиссиясини тузиш;

қонунни Қонунчилик палатаси томонидан аввалги қабул қилинган таҳририда қабул қилиш;

қонунни Қонунчилик палатасининг қайта кўриб чиқишидан олиб ташлаш.

Агар Қонунчилик палатаси Сенат томонидан рад этилган қонунни Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан яна маъқулласа, қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан қабул қилинган ҳисобланади ҳамда имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.


16-модда. Келишув комиссияси

Сенат томонидан рад этилган қонун юзасидан Қонунчилик палатаси ва Сенат юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари орасидан тенглик асосида келишув комиссиясини тузиши мумкин.

Қонунчилик палатасида келишув комиссиясини тузиш тўғрисидаги ташаббус Қонунчилик палатаси Спикеридан, шунингдек фракциялардан чиқиши мумкин.

Келишув комиссиясининг Қонунчилик палатасидан кўрсатилган таркиби унинг мажлисида тасдиқланади. Бунда келишув комиссиясининг Қонунчилик палатасидан кўрсатилган таркибига ўзини мухолифат деб эълон қилган фракцияларнинг вакиллари киритилиши шарт.

Келишув комиссиясининг ҳар бир палатадан сайланган аъзолари ўз таркибидан кўпчилик овоз билан комиссиянинг ҳамраисларини сайлайдилар.

Келишув комиссияси қонуннинг ягона матнини ишлаб чиқиш мақсадида Сенатнинг ҳар бир эътирозини алоҳида-алоҳида кўриб чиқади.

Келишув комиссиясининг қарорлари келишув комиссияси таркибига кирган Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторларнинг алоҳида-алоҳида овоз бериши орқали қабул қилинади. Қарор, агар комиссиянинг ҳар бир палатадан сайланган аъзоларининг кўпчилиги уни ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади.

Келишув комиссияси ўз ишининг натижалари юзасидан келишмовчиликларни бартараф этиш бўйича таклифларни ўз ичига олган хулоса қабул қилади. Хулосага қонунга доир ўзгартишлар ва қўшимчалар лойиҳасининг матни илова қилинади.

Хулоса Қонунчилик палатаси ва Сенатдан сайланган келишув комиссиясининг ҳамраислари томонидан имзоланиб, тегишинча Қонунчилик палатаси ва Сенатга топширилади.

Келишув комиссиясининг таклифлари қабул қилинган тақдирда қонун Қонунчилик палатаси томонидан қайта кўриб чиқилиши керак. Қонунни қайта кўриб чиқишда келишув комиссиясининг баённомасида мавжуд бўлган таклифларгина муҳокама қилинади.

Келишув комиссиясининг лоақал битта таклифи рад этилган тақдирда Қонунчилик палатаси келишув комиссиясига янги таклифларни тақдим этиш учун палата томонидан маъқулланган тузатишларни инобатга олган ҳолда ишни давом эттиришни таклиф қилиши мумкин.

Қонунчилик палатаси қонунни келишув комиссиясининг таҳририда қабул қилса, у маъқуллаш учун Сенатга юборилади.

Агар келишув комиссиясининг қонун бўйича ишлари якунларига кўра келишувга эришилмаса, қонун Сенат томонидан рад этилган қонун сифатида қайта кўриб чиқилиши керак.


16-1-модда. Сенат томонидан кўриб чиқилмаган қонунни

Ўзбекистон Республикасининг Президентига юбориш

Сенат қонунни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида у Сенатга келиб тушган кундан эътиборан олтмиш кун ичида қарор қабул қилмаса, Қонунчилик палатаси томонидан қонун имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.



17-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти

қайтарган қонунни Қонунчилик палатаси

томонидан қайта кўриб чиқиш тартиби

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан эътирозлар билан қайтарилган қонун Қонунчилик палатаси томонидан бир ойлик муддатда қайта кўриб чиқилиши керак.

Масъул қўмита Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қайтарилган қонун юзасидан хулоса беради.

Масъул қўмитанинг хулосаси олинганидан кейин қонунни Қонунчилик палатаси томонидан қайта кўриб чиқиш масаласи белгиланган тартибда Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартибига киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қайтарилган қонунни қайта кўриб чиқишда Қонунчилик палатаси томонидан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

қонунни Ўзбекистон Республикаси Президентининг мулоҳазалари ва таклифларини инобатга олган ҳолда қабул қилиш;

қонунни бундан буён кўриб чиқмаслик;

қонунни аввалги қабул қилинган таҳририда маъқуллаш.

Агар қонун аввалги қабул қилинган таҳририда Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан маъқулланса, Сенатга маъқуллаш учун юборилади.


18-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг,

конституциявий қонуннинг, уларга ўзгартиришлар ва қўшимчалар

киритиш тўғрисидаги қонунларнинг лойиҳаларини кўриб чиқишнинг

ўзига хос хусусиятлари

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг, конституциявий қонуннинг, уларга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунларнинг лойиҳаларини қабул қилиш учун Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози талаб қилинади.

Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тегишли таклиф киритилгандан кейин олти ой ичида унинг кенг муҳокамасини инобатга олган ҳолда кўриб чиқиши мумкин.

Агар Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилмаса, уни кўриб чиқиш камида бир йилдан кейин қайта бошланиши мумкин.


19-модда. Қонунчилик палатаси қарорларини

қабул қилиш тартиби

Қонунчилик палатаси қонунлар қабул қилиниши талаб этилмайдиган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади.

Қарор лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилаётганда унга қисқача тушунтириш хати ва бошқа зарур материаллар илова қилинади.

Қонунчилик палатаси Спикери масъул қўмитани белгилайди, унга ва, бир вақтнинг ўзида, фракцияларга қарор лойиҳасини ҳамда унга илова қилинган материалларни топширади.

Масъул қўмита қарор лойиҳаси бўйича барча фракциялар, манфаатдор ташкилотлар ҳамда экспертлар гуруҳларидан фикрлар ва таклифларни тўплаб, уни Қонунчилик папатаси мажлисида кўриб чиқиш мумкинлиги тўғрисида Қонунчилик палатаси Кенгашига хулоса тақдим этади.

Қонунчилик палатаси Кенгаши масъул қўмитанинг хулосаси асосида, фракцияларнинг фикрлари ва таклифларини ҳисобга олган ҳолда қарор лойиҳасини Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартибига киритиш ёки киритмаслик тўғрисида қарор қабул қилади.

Қонунчилик палатаси мажлисида масъул қўмита вакилининг ахбороти эшитилиб, унда фракцияларнинг қарор лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифлари депутатларга етказилиши шарт.

Фракцияларнинг қарор лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифлари мажбурий равишда ва ҳар томонлама муҳокама қилиниши лозим.

Муҳокама натижаларига кўра депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан Қонунчилик палатасининг қарори қабул қилинади.

Агар овоз бериш якунларига кўра қарор лойиҳасини қабул қилиш тўғрисидаги таклиф зарур миқдорда овоз тўпламаган бўлса, таклиф рад этилган ҳисобланади.

Қонунчилик палатасининг Сенат билан биргаликдаги ваколатларига киритилган масала юзасидан қабул қилинган қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан беш кун ичида, агар ушбу Қонунда бошқача қоида белгиланган бўлмаса, Сенатга юборилади.


III-1. ҚОНУНЧИЛИК ТАКЛИФЛАРИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


19-1-модда. Қонунчилик таклифини Қонунчилик палатаси

кўриб чиқиши учун киритиш


Ўзбекистон Республикасининг сайлов ҳуқуқига эга бўлган, юз минг нафардан кам бўлмаган фуқаролари, Сенат, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритишга ҳақли. Мазкур қонунчилик таклифида муайян соҳада қонунни қабул қилиш, амалдаги қонунларга ўзгартиришлар, қўшимчалар киритиш, қонунларни ёки уларнинг қисмларини ўз кучини йўқотган деб топиш зарурияти асослантирилган бўлиши, шунингдек қабул қилиш учун таклиф этилаётган қонуннинг концепцияси ва кутилаётган натижалар тўғрисидаги ахборот бўлиши керак.

Қуйидаги масалалар Қонунчилик палатасига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан киритиладиган қонунчилик таклифининг предмети бўлиши мумкин эмас:

Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини ўзгартириш тўғрисидаги;

амнистия ва афв этиш ҳақидаги;

мансабдор шахсларни тайинлаш ва лавозимидан озод этиш тўғрисидаги.

Қонунчилик таклифи Қонунчилик палатасига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан киритилаётганда қуйидагилар тақдим этилиши керак:

қонунчилик таклифининг матни;

сайлов ҳуқуқига эга бўлган, юз минг нафардан кам бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, яшаш жойи манзили, паспортининг ёки идентификацияловчи ID-картасининг серияси ва рақами, шунингдек Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан киритилган имзонинг санаси кўрсатилган имзо варақалари. Бунда имзолар камида саккизта ҳудудий субъектда (вилоятда), шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ўртасида мутаносиб тақсимланган бўлиши ҳамда имзолар сонида йўл қўйиладиган энг кўп четга чиқиш, қоида тариқасида, ўн фоиздан ошмаслиги керак;

қонунчилик таклифини кўриб чиқиш чоғида иштирок этадиган вакил ёки вакиллар гуруҳи ҳақидаги ахборот.

Қонунчилик таклифи Қонунчилик палатасига Сенат, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан киритилаётганда қуйидагилар тақдим этилиши керак:

қонунчилик таклифининг матни;

қонунчилик таклифини киритиш тўғрисидаги тегишли қарор;

қонунчилик таклифини кўриб чиқиш чоғида иштирок этадиган вакил ҳақидаги ахборот.

Қонунчилик таклифига ушбу модданинг учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилмаган бошқа ҳужжатлар ҳамда материаллар ҳам илова қилиниши мумкин.



19-2-модда. Қонунчилик палатаси томонидан

қонунчилик таклифини кўриб чиқиш


Қонунчилик палатаси Спикери масъул қўмитани белгилайди, қонунчилик таклифини ҳамда унга илова қилинган материалларни масъул қўмитага ва бир вақтнинг ўзида фракцияларга топширади, шунингдек фракциялар томонидан фикрлар ва таклифларни ҳамда масъул қўмита томонидан хулосани тақдим этиш муддатини белгилайди.

Қонунчилик таклифини Қонунчилик палатаси кўриб чиқишига қабул қилиш мумкинлиги тўғрисидаги таклифларни ишлаб чиқиш учун қонунчилик таклифи устида ишлаш фракциялар ва масъул қўмита томонидан бир вақтнинг ўзида амалга оширилади. Бунда фракцияларнинг қонунчилик таклифи бўйича фикрлари ва таклифларисиз масъул қўмита ушбу қонунчилик таклифи юзасидан ўз хулосасини чиқариш ҳуқуқига эга эмас.

Масъул қўмита имзоларнинг ушбу Қонун 19-1-моддасининг талабларига мувофиқлигини белгиланган тартибда текширади.

Масъул қўмита барча фракциялардан қонунчилик таклифи бўйича фикрлар ва таклифларни тўплаб, Қонунчилик палатаси Кенгашига қонунчилик таклифини Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қабул қилиш мумкинлиги тўғрисида белгиланган муддатда хулоса тақдим этади.

Қонунчилик палатаси Кенгаши масъул қўмитанинг хулосаси асосида, фракцияларнинг фикрлари ва таклифларини ҳисобга олган ҳолда қонунчилик таклифини Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қабул қилиш тўғрисида ёки қонунчилик таклифи ушбу Қонуннинг 19-1-моддасида белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаган тақдирда уни қонунчилик таклифи ташаббускорига қайтариш ҳақида қарор қабул қилади.

Аниқланган камчиликлар бартараф этилганидан кейин қонунчилик таклифи Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун янгидан киритилиши мумкин.

Қонунчилик таклифи Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қабул қилинаётганда қонунчилик таклифини палата мажлисида кўриб чиқишга тайёрлаш муддати унинг Кенгаши томонидан белгиланиши шарт.

Кўриб чиқиш учун қабул қилинган қонунчилик таклифи унга илова қилинган материаллар билан Қонунчилик палатасининг қўмиталарига юборилади.

Қонунчилик таклифини дастлабки тарзда муҳокама қилиш ва Қонунчилик палатасида кўриб чиқишга тайёрлаш масъул қўмита томонидан амалга оширилади.

Фракциялар қонунчилик таклифини дастлабки тарзда муҳокама қилиш якунларига кўра масъул қўмитага ўз фикрлари ва таклифларини тақдим этади.

Масъул қўмита фракцияларнинг, манфаатдор ташкилотларнинг ҳамда экспертлар гуруҳларининг фикрлари ва таклифларини ҳисобга олган ҳолда қонунчилик таклифининг дастлабки тарздаги муҳокамасини ўтказади ва уни қуйидагиларни илова қилган ҳолда Қонунчилик палатаси Кенгаши кўриб чиқиши учун тақдим этади:

қонунчилик таклифини кўриб чиқиш учун Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисидаги Қонунчилик палатаси Кенгашининг қарори лойиҳасини;

қонунчилик таклифи бўйича масъул қўмитанинг хулосасини;

фракцияларнинг қонунчилик таклифи бўйича фикрлари ва таклифларини.

Қонунчилик таклифини Қонунчилик палатаси қўмиталарида муҳокама қилиш очиқ ўтказилади. Муҳокамаларга қонунчилик таклифини киритган ташаббускорларнинг вакиллари, фуқаролик жамияти институтларининг ва илмий-тадқиқот муассасаларининг вакиллари, шунингдек олимлар, мутахассислар ҳам таклиф этилиши мумкин.

Қонунчилик палатаси Кенгаши қонунчилик таклифини кўриб чиқиш учун Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартиби лойиҳасига киритиш тўғрисида қарор қабул қилади.



19-3-модда. Қонунчилик таклифини Қонунчилик палатаси

мажлисида кўриб чиқиш


Қонунчилик таклифини Қонунчилик палатаси мажлисида кўриб чиқиш чоғида масъул қўмита вакилининг маърузаси эшитилади ва мазкур масала юзасидан муҳокамалар ўтказилади.

Қонунчилик палатаси муҳокама натижалари бўйича қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

қонунчилик таклифини маъқуллаш тўғрисида;

қонунчилик таклифини рад этиш тўғрисида.

Қонунчилик таклифини маъқуллаш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, маъқулланган қонунчилик таклифи тегишли қонун лойиҳасини тайёрлаш ва Қонунчилик палатасига белгиланган тартибда киритиш учун тегишли қўмитага юборилади. Қонунчилик палатасининг қарори билан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектига тегишли қонун лойиҳасини тайёрлаш, шунингдек Қонунчилик палатасига белгиланган тартибда киритиш тавсия этилиши мумкин.



IV. НАВБАТДАГИ ЙИЛ УЧУН ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ

ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУННИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ, УНГА

ЎЗГАРТИРИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ


20-модда. Навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг

Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқиш

Навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси (бундан буён матнда Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси деб юритилади) ва бюджетнома Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан, қоида тариқасида, жорий йилнинг 15 октябридан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг хулосаси билан бирга Қонунчилик палатасига киритилади.

Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан, қоида тариқасида, жорий йилнинг 15 ноябригача кўриб чиқилади.

Қонунчилик палатаси Спикери Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси ва бюджетномани дастлабки тарзда кўриб чиқиш ҳамда фикрлар ва таклифлар ишлаб чиқиш учун Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитасига, фракцияларга ҳамда Қонунчилик палатасининг қўмиталарига йўллайди.

Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини дастлабки тарзда муҳокама қилиш жараёнида фракциялар ва Қонунчилик палатасининг қўмиталари Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси билан боғлиқ қўшимча ахборотни тегишли органлардан талаб қилиб олиши мумкин.

Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси барча фракциялар ҳамда Қонунчилик палатаси қўмиталарининг фикрлари ва таклифларини ўрганиб чиқиб, Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасининг ва бюджетноманинг дастлабки тарзда кўриб чиқилишини ўтказади ҳамда Қонунчилик палатаси Кенгашига Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун киритиш мумкинлиги тўғрисида белгиланган муддатда хулоса тақдим этади.

Фракцияларнинг ҳамда Қонунчилик палатаси қўмиталарининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифлари Қонунчилик палатасининг мажлисида муҳокама қилиниши шарт.

Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқиш чоғида Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазирининг ёки унинг вазифасини бажарувчи шахснинг маърузасини, Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси вакилининг қўшимча маърузасини эшитади ҳамда уни биринчи ўқишда қабул қилиш тўғрисида ёхуд рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.

Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда рад этилган тақдирда Қонунчилик палатаси уни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига маромига етказиш учун қайтаради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси рад этилган Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси олинган кундан эътиборан ўн тўрт кун ичида Қонунчилик палатасининг мулоҳазалари ва таклифларини инобатга олган ҳолда қонун лойиҳасини маромига етказади ҳамда маромига етказилган қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига биринчи ўқишда қайта кўриб чиқиш учун киритади.

Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасининг давлат сирини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи қисми Қонунчилик палатасининг ёпиқ мажлисида қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган Давлат бюджети тўғрисидаги Қонун қабул қилинган кундан эътиборан беш кун ичида Сенатга кўриб чиқиш учун юборилади.



21-модда. Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунга

ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш

Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тақдимига биноан белгиланган тартибда ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масала, қоида тариқасида, Қонунчилик палатасининг мажлисида биринчи навбатда кўриб чиқилиши керак.

Давлат бюджети тўғрисидаги Қонунга ўзгартиришлар ва қўшимчалар белгиланган тартибда киритилади.


V. ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ ТОМОНИДАН

МАНСАБДОР ШАХСЛАРНИ ТАЙИНЛАШ (САЙЛАШ)

22-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири

номзодини кўриб чиқиш ва маъқуллаш

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мансабдор шахслари сайлангандан ва органлари шакллангандан сўнг бир ой ичида ёки Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимидан озод этилганидан кейин ёхуд Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг амалдаги таркиби истеъфога чиққанидан кейин бир ой ичида Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши ва маъқуллаши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан барча сиёсий партиялар фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг тақдим этилади.

Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини тақдимнома киритилган кундан эътиборан ўн кун ичида кўриб чиқади.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири лавозимига номзод Қонунчилик палатасида унинг номзоди кўриб чиқилаётганда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастурини тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастури Қонунчилик палатасининг мажлисида эшитилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастури, фракциялар вакилларининг ўз фикрлари ва нуқтаи назарлари баён этилган чиқишлари эшитилганидан сўнг Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири номзодини маъқуллаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди унинг учун Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг ярмидан кўпи томонидан овоз берилган тақдирда маъқулланган ҳисобланади.

Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини маъқуллаш масаласи юзасидан қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.

Агар овоз бериш чоғида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг ярмидан кўпининг овозини тўплай олмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Президенти барча фракциялар билан қўшимча маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг Бош вазир лавозимига номзодни яна икки марта тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига тақдим этилган номзод уч марта рад этилган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Бош вазирни тайинлайди ва Қонунчилик палатасини тарқатиб юборишга ҳақли.

Қонунчилик палатаси тарқатиб юборилган тақдирда янги сайлов тарқатиб юбориш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланганидан кейин Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва Қонунчилик палатаси ўртасида зиддиятлар доимий тус олган ҳолда Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида учдан бир қисми томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти номига расман киритилган таклиф бўйича Қонунчилик палатасининг муҳокамасига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш ҳақидаги масала киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига нисбатан ишончсизлик вотуми, агар унинг учун Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида учдан икки қисми овоз берса, қабул қилинган ҳисобланади. Бу ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси Бош вазирини лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Бунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг бутун таркиби Ўзбекистон Республикаси Бош вазири билан бирга истеъфога чиқади.



22-1-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

аъзолигига номзодларни кўриб чиқиш ва маъқуллаш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари уларнинг номзодлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланганидан кейин Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзод у масъул қўмита, фракциялар томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқилганидан кейин Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилади ва маъқулланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзосининг лавозимига номзод унинг номзоди Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётганда ва маъқулланаётганда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳаракатлар дастури билан ўзаро боғлиқ бўлган, истиқболга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар ва вазифаларга эришиш борасидаги ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, ташкилий-техник чораларни назарда тутувчи ҳаракатлар режасини тақдим этади.

Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодни рад этган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президенти кўриб чиқиш ва маъқуллаш учун янги номзодни киритади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг аъзоси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланганидан кейин ўз вазифаларини бажаришга киришади.



23-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини (омбудсманни)

ва унинг ўринбосарини сайлаш

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) номзоди Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосарининг номзоди Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан киритилади.

Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини (омбудсманни) ва унинг ўринбосарини сайлаш тўғрисидаги қарорлари Сенатга юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлисларида кўриб чиқилганидан кейин ушбу масала юзасидан қабул қилинган узил-кесил қарор қонунда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.


24-модда. Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясини тузиш

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар тўғрисидаги таклифлар Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан киритилади.

Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоларини сайлаш масаласи юзасидан қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Сенатга юборилади.


VI. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДАГИ

МАСАЛАЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ


26-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг

уруш ҳолати, умумий ёки қисман сафарбарлик

эълон қилиш тўғрисидаги, фавқулодда ҳолат жорий

этиш, унинг амал қилишини узайтириш ва тугатиш

тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш

Қонунчилик палатаси ўзининг кўриб чиқиши учун киритилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг уруш ҳолати эълон қилиш тўғрисидаги фармонини ушбу фармон келиб тушган пайтдан эътиборан 48 соатдан кечиктирмай, Ўзбекистон Республикаси Президентининг умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилиш тўғрисидаги, фавқулодда ҳолат жорий этиш, унинг амал қилишини узайтириш ва тугатиш тўғрисидаги фармонларини эса улар келиб тушган пайтдан эътиборан 72 соатдан кечиктирмай кўриб чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг уруш ҳолати, умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилиш тўғрисидаги, фавқулодда ҳолат жорий этиш, унинг амал қилишини узайтириш ва тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш ҳақидаги масала Қонунчилик палатаси қўмиталарида дастлабки тарзда муҳокама қилинмасдан Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилади.

Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг уруш ҳолати, умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилиш тўғрисидаги, фавқулодда ҳолат жорий этиш, унинг амал қилишини узайтириш ва тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш масаласи юзасидан қарорлари дарҳол Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.


VII. ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ ТОМОНИДАН

БОШҚА МАСАЛАЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ

26-1-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари

юзасидан ҳар йилги маърузасини эшитиш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ва навбатдаги йил учун назарда тутилган асосий устуворликлар тўғрисидаги ҳар йилги маърузаси Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан Қонунчилик палатасига тақдим этилади.

Фракциялар, Қонунчилик палатасининг қўмиталари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳар йилги маърузасини дастлабки тарзда кўриб чиқади ҳамда фикрлар ва таклифларни ишлаб чиқади, фикрлар ва таклифлар Қонунчилик палатасининг мажлисида мажбурий равишда ҳамда ҳар томонлама муҳокама қилиниши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳар йилги маърузасини эшитиш якунлари бўйича Қонунчилик палатаси қарор қабул қилади, унда ҳукуматнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим масалаларини ҳал этишга доир фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳар йилги маърузасини эшитиш якунлари бўйича қабул қилинган Қонунчилик палатасининг қарори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилади.


26-2-модда. Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши

курашиш тўғрисидаги ҳар йилги миллий маърузани эшитиш

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳар йили Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисида миллий маъруза (бундан буён матнда Миллий маъруза деб юритилади) тайёрлайди, Миллий маъруза Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори томонидан Қонунчилик палатасига тақдим этилади.

Фракциялар, Қонунчилик палатасининг қўмиталари Миллий маърузани дастлабки тарзда кўриб чиқади ҳамда фикрлар ва таклифларни ишлаб чиқади, фикрлар ва таклифлар Қонунчилик палатасининг мажлисида мажбурий равишда ҳамда ҳар томонлама муҳокама қилинади.

Миллий маърузани эшитиш якунлари бўйича Қонунчилик палатаси қарор қабул қилади, унда Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар бўлиши мумкин.

Миллий маърузани эшитиш якунлари бўйича қабул қилинган Қонунчилик палатасининг қарори Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигига юборилади.


27-модда. Ўзбекистон Республикасининг референдумини

ўтказиш ва уни ўтказиш санасини тайинлаш

ҳақидаги масалани кўриб чиқиш

Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш кераклиги тўғрисидаги материалларни ва масъул қўмитанинг хулосасини кўриб чиқиб, қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилиши мумкин:

референдум тайинлаш ва уни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида;

референдумни ўтказиш тўғрисидаги ташаббусни рад этиш ҳақида;

референдум ўтказмасдан туриб, референдум ўтказиш тўғрисидаги ташаббусда таклиф қилинган қонунни ёки бошқа қарорни қабул қилиш ҳақида.

Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикасининг референдуми масаласи юзасидан қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Сенатга, шунингдек референдум ўтказиш ташаббускорларига юборилади.

Агар Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш тўғрисидаги ташаббусни рад этиш ҳақида қарор қабул қилса, айни шу мазмун ёки маънодаги таъриф билан референдум ўтказиш тўғрисидаги масала камида бир йилдан кейин Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун такроран киритилиши мумкин.


28-модда. Ўзбекистон Республикасининг халқаро

шартномаларини ратификация қилиш, денонсация қилиш,

тугатиш ва уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини ратификация қилиш, денонсация қилиш, тугатиш ёки унинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан шу шартнома расмий матнининг тасдиқланган нусхаси ва уни ратификация қилиш, денонсация қилиш, тугатиш ёки унинг амал қилишини тўхтатиб туриш мақсадга мувофиқлигининг асосларини ўз ичига олган ҳужжатлар билан биргаликда киритилади.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини ратификация қилиш, денонсация қилиш, тугатиш ёки унинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонун Сенатга юборилади.

Агар Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини ратификация қилиш, денонсация қилиш, тугатиш ёки унинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қонунни белгиланган тартибда қабул қилмаса, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси ратификация қилиш, денонсация қилиш, тугатиш ёки унинг амал қилишини тўхтатиб туриш тартиб-таомилидан ўтмаган ҳисобланади.


29-модда. Туманлар, шаҳарлар, вилоятларни ташкил

этиш,

тугатиш, уларнинг номини ва чегараларини

ўзгартириш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиш


Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг белгиланган тартибда киритилган таклифига биноан туманлар, шаҳарлар, вилоятларни ташкил этиш, тугатиш, уларнинг номини ва чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқади.

Туманлар, шаҳарлар, вилоятларни ташкил этиш, тугатиш, уларнинг номини ва чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала рад этилган тақдирда, у Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун камида бир йилдан кейин қайта киритилиши мумкин.


30-модда. Қонунчилик палатаси депутатини дахлсизлик

ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиш

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Қонунчилик палатаси депутатини жиноий жавобгарликка тортиш, ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чораларини қўллашга розилик олиш тўғрисидаги тақдимномалари Қонунчилик палатаси томонидан, Қонунчилик палатасининг сессиялари оралиғидаги даврда эса унинг Кенгаши томонидан кўриб чиқилиб, кейинчалик Қонунчилик палатаси Кенгашининг ушбу масала юзасидан қарори Қонунчилик палатасининг сессиясида тасдиқланади.

Қонунчилик палатасининг ёки унинг Кенгашининг Қонунчилик палатаси депутатини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этишга розилик бериш тўғрисидаги қарори яширин овоз бериш орқали қабул қилинади.

Қонунчилик палатасининг ёки унинг Кенгашининг Қонунчилик палатаси депутатини жиноий жавобгарликка тортиш, ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чораларини қўллашга розилик бериш масаласи юзасидан қарори дарҳол Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига юборилади.


30-1-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини (омбудсманни) дахлсизлик

ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини (омбудсманни) жиноий жавобгарликка тортиш, ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чораларини қўллашга розилик олиш тўғрисидаги тақдимномаси ўн кун ичида Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилади, Қонунчилик палатасининг сессиялари оралиғидаги даврда эса унинг Кенгаши томонидан кўриб чиқилиб, кейинчалик Қонунчилик палатаси Кенгашининг ушбу масала бўйича қарори Қонунчилик палатасининг мажлисида тасдиқланади.

Қонунчилик палатасининг ёки унинг Кенгашининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини (омбудсманни) дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этишга розилик бериш тўғрисидаги қарори яширин овоз бериш орқали қабул қилинади.

Қонунчилик палатасининг ёки унинг Кенгашининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини (омбудсманни) жиноий жавобгарликка тортиш, ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чораларини қўллашга розилик бериш тўғрисидаги қарори дарҳол Сенатга юборилади.

Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини (омбудсманни) дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга розилик беришни рад этиши унга нисбатан жиноят ишини юритишни ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазони назарда тутадиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритишни истисно этадиган ва бундай ишларни тугатишга сабаб бўладиган ҳолат ҳисобланади.


VIII. ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ

ТОМОНИДАН НАЗОРАТ ҚИЛИШ СОҲАСИДАГИ

ВАКОЛАТЛАРНИНГ АМАЛГА ОШИРИЛИШИ


31-модда. Давлат бюджети ижросининг бориши

тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиш

Қонунчилик палатаси Давлат бюджетининг ижроси устидан назоратни амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги йилнинг ҳар чорагида Қонунчилик палатасига Давлат бюджети ижросининг бориши тўғрисидаги ахборотни ва зарур материалларни юборади.

Қонунчилик палатаси Давлат бюджетининг йилнинг ҳар чорагидаги ижросининг боришини кўриб чиқади. Уни кўриб чиқиш вақтида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи, фракцияларнинг фикрлари ва таклифлари, масъул қўмитанинг хулосаси эшитилади, муҳокама ўтказилади ва тегишли қарор қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 майидан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг хулосаси билан бирга Қонунчилик палатасига тақдим этади.

Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни фракциялар ва Қонунчилик палатаси қўмиталарида дастлабки тарзда муҳокама қилиш асосида кўриб чиқади.

Давлат бюджети ижросининг бориши тўғрисидаги масалани дастлабки тарзда муҳокама қилиш давомида фракциялар ва Қонунчилик палатасининг қўмиталари Давлат бюджетининг даромад қисми ижроси хусусида, ажратилган маблағларнинг ўзлаштирилиш ҳолати тўғрисида тегишли органлардан қўшимча ахборотни, шунингдек уларнинг мақсадли сарфланиши ва улардан самарали фойдаланилиши ҳақидаги маълумотларни талаб қилиб олиши мумкин. Бунда фракциялар жойларда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши ва улардан самарали фойдаланилиши масалаларини Қонунчилик палатасининг тегишли қўмиталари томонидан ўрганиш ташаббуси билан чиқиши мумкин.

Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот фракциялар ва Қонунчилик палатаси қўмиталарида муҳокама қилинганидан кейин Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилади ҳамда Қонунчилик палатасининг қарори билан тасдиқланади.


32-модда. Парламент сўрови

Қонунчилик палатаси давлат органларининг мансабдор шахсларига қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дастурларининг ижроси масалалари ҳамда уларнинг ваколатларига кирадиган бошқа муҳим масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан парламент сўрови юборишга ҳақли.

Парламент сўровини юбориш ҳақидаги таклиф палата қўмиталари, фракциялар, шунингдек Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида бешдан бир қисми томонидан Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун киритилади.

Қонунчилик палатасининг парламент сўрови тўғрисидаги қарори лойиҳаси сўров ташаббускорлари томонидан Қонунчилик палатасининг Спикерига масалани Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси кун тартибига киритиш учун юборилади.

Қонунчилик палатасининг қарори лойиҳасига парламент сўрови лойиҳаси, шунингдек бошқа зарур материаллар илова қилинади. Парламент сўрови лойиҳасида сўровга жавоб беришнинг шакли (оғзаки ёки ёзма) ҳақидаги таклифлар бўлиши керак.

Қонунчилик палатаси парламент сўровини юбориш тўғрисида депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қарор қабул қилади.

Давлат органларининг мансабдор шахслари парламент сўровига оғзаки жавобни Қонунчилик палатасининг мажлисида палата белгилаган муддатда беради.

Давлат органларининг мансабдор шахслари парламент сўровига ёзма жавобни, агар бошқа муддат белгиланган бўлмаса, сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай юбориши лозим. Парламент сўровига жавоб ўз номига сўров юборилган мансабдор шахс ёки унинг вазифаларини вақтинча бажараётган шахс томонидан имзоланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги ваколатли вакили Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг аъзоларига, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига юборилган парламент сўровига ўз вақтида жавоб юборилишини таъминлашга кўмаклашади.

Парламент сўровига ёзма жавоб, қоида тариқасида, Қонунчилик палатасининг мажлисида раислик қилувчи томонидан ўқиб эшиттирилади. Ёзма жавобнинг нусхалари палата мажлисида ўқиб эшиттирилгунига қадар олдиндан депутатларга юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори, суриштирув ва тергов органлари раҳбарлари номига йўлланган парламент сўрови уларнинг иш юритувидаги муайян ишлар ва материалларга тааллуқли бўлиши мумкин эмас.

Парламент сўровига жавоб Қонунчилик палатасининг мажлисида муҳокама қилиниши мумкин. Қонунчилик палатаси парламент сўрови муҳокамаси якунлари бўйича қарор қабул қилади.


32-1-модда. Депутат сўрови

Қонунчилик палатаси депутати давлат органларининг мансабдор шахсларига, қоида тариқасида, тегишли сайлов округи сайловчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан сўров юборишга ҳақли.

Давлат органларининг мансабдор шахслари Қонунчилик палатаси депутати сўровига, агар бошқа муддат белгиланган бўлмаса, сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай ёзма жавоб юборади. Қонунчилик палатаси депутатининг сўровига жавоб ўз номига сўров юборилган мансабдор шахс ёки унинг вазифаларини вақтинча бажараётган шахс томонидан имзоланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги ваколатли вакили Қонунчилик палатаси депутатининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоларига, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига юборилган сўровига ўз вақтида жавоб юборилишини таъминлашга кўмаклашади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори, суриштирув ва тергов органлари раҳбарлари номига йўлланган депутат сўрови уларнинг иш юритувидаги муайян ишлар ва материалларга тааллуқли бўлиши мумкин эмас.


32-2-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар

Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Ўзбекистон Республикаси халқига ҳамда Олий Мажлисига

Мурожаатномасидан келиб чиқадиган, тегишли йилга

мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг

бориши тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқиш

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ҳукумат аъзолари билан биргаликда ҳар ярим йилда Қонунчилик палатасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси халқига ҳамда Олий Мажлисига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисида ҳисобот тақдим этади.

Қонунчилик палатасининг фракциялари, қўмиталари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини дастлабки тарзда кўриб чиқади ҳамда Қонунчилик палатасининг мажлисида мажбурий равишда ва ҳар томонлама муҳокама қилиниши лозим бўлган фикрлар ва таклифларни ишлаб чиқади.

Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини кўриб чиқиш якунлари бўйича қарор қабул қилади, қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси халқига ҳамда Олий Мажлисига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастурини бажариш бўйича ҳукумат фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифларни ўз ичига олиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини кўриб чиқиш якунлари бўйича қабул қилинган Қонунчилик палатаси қарори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилади.



33-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг

мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришнинг

долзарб масалалари юзасидан ҳисоботини эшитиш

Қонунчилик палатаси зарур бўлган ҳолларда ўз мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришнинг долзарб масалалари юзасидан ҳисоботини эшитиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришнинг долзарб масалалари юзасидан ҳисоботи ушбу Қонуннинг 32-моддасига мувофиқ парламент сўрови тартибида эшитилади.

Фракциялар, Қонунчилик палатасининг қўмиталари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ҳисоботини дастлабки тарзда кўриб чиқади ҳамда фикрлар ва таклифларни ишлаб чиқади, улар Қонунчилик палатасининг мажлисида мажбурий равишда ҳамда ҳар томонлама муҳокама қилиниши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича Қонунчилик палатаси қарор қабул қилади, унда ҳукуматнинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришнинг долзарб масалаларига доир фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича қабул қилинган Қонунчилик палатасининг қарори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилади.



33-1-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

аъзоларининг ўз фаолияти масалалари юзасидан ҳисоботларини,

давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш

Қонунчилик палатаси зарур бўлган ҳолларда, ўзининг мажлисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг ўз фаолияти масалалари юзасидан ҳисоботларини, давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг ўз фаолияти масалалари юзасидан ҳисоботларини, давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш тўғрисидаги масала фракциялар, қўмиталар ташаббусига кўра Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг ўз фаолияти масалалари юзасидан ҳисоботларини, давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш тўғрисида Қонунчилик палатаси қарор қабул қилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг ҳисоботларини эшитиш тўғрисидаги Қонунчилик палатаси қарори олдиндан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш тўғрисидаги қарори эса тегишли давлат органига юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг ҳисоботларини, давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш якунлари бўйича Қонунчилик палатаси қарор қабул қилади, унда тегишинча Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг, давлат органлари раҳбарларининг фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар бўлиши, шунингдек уларнинг ишига баҳо берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг ҳисоботларини эшитиш якунлари бўйича қабул қилинган Қонунчилик палатаси қарори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилади, давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш якунлари бўйича қарори эса тегишли давлат органига юборилади.



33-2-модда. Ҳукумат аъзоларининг Қонунчилик палатаси

депутатлари саволларига жавобларини эшитиш

Қонунчилик палатаси, қоида тариқасида, бир ойда бир марта ўз мажлисида ҳукумат аъзоларининг Қонунчилик палатаси депутатлари саволларига жавобларини эшитади (бундан буён матнда "ҳукумат соати" деб юритилади).

"Ҳукумат соати"ни ўтказиш жадвали Ўзбекистон Республикаси Бош вазири билан келишилган ҳолда Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан белгиланади.

Қонунчилик палатаси депутатларининг ҳукумат аъзоларига саволлари Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан "ҳукумат соати"ни ўтказишдан камида ўн кун олдин Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси саволлар рўйхатидан келиб чиққан ҳолда "ҳукумат соати"да Қонунчилик палатаси депутатларининг саволларига жавоб берадиган ҳукумат аъзоларини белгилайди.

"Ҳукумат соати" якунлари бўйича Қонунчилик палатасининг қарори қабул қилиниши мумкин.



33-3-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг)

фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитиш

Қонунчилик палатаси ҳар йили, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай ўз мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) фаолияти тўғрисидаги ҳисобот дастлабки тарзда фракциялар томонидан кўриб чиқилади.

Қонунчилик палатаси мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни муҳокама қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) маърузаси билан бошланади, маърузадан сўнг фракцияларнинг вакиллари сўзга чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитиш якунлари бўйича Қонунчилик палатаси қарор қабул қилади, қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсманга) ва Сенатга юборилади.


33-4-модда. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб

палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш

Қонунчилик палатаси ҳар йили, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 майидан кечиктирмай ўз мажлисида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботи дастлабки тарзда фракциялар, шунингдек Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси томонидан кўриб чиқилади.

Фракциялар Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитасига ўз таклифлари ҳамда фикрларини юборади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш якунлари бўйича Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси фракциялар тақдим этган таклифлар ҳамда фикрларни инобатга олган ҳолда мазкур ҳисобот юзасидан хулосани, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг тегишли йилдаги ҳисоботи тўғрисида Қонунчилик палатасининг қарори лойиҳасини тайёрлайди ҳамда уларни палата кўриб чиқиши учун тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш чоғида Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг маърузасини, Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси вакилининг қўшимча маърузасини, шунингдек фракциялар вакилларининг чиқишларини эшитади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш якунлари бўйича Қонунчилик палатаси қарор қабул қилади, қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига юборилади.


33-5-модда. Қонунчилик палатаси қўмиталари томонидан

назорат ваколатларининг амалга оширилиши

Қонунчилик палатасининг қўмиталари, шунингдек Қонунчилик палатасининг депутатлари давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан, мансабдор шахслардан ҳужжатларни, эксперт хулосаларини, статистика маълумотларини ва бошқа маълумотларни сўраб олиши мумкин.

Қонунчилик палатасининг қўмиталари ёки Қонунчилик палатасининг депутатлари томонидан сўралаётган ахборотни тегишли давлат органи, бошқа ташкилот, мансабдор шахс мурожаат олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай тақдим этиши керак.

Қонунчилик палатаси қўмиталари қўмиталарнинг иш режаларига, Қонунчилик палатаси ва унинг Кенгаши қарорларига мувофиқ ўз мажлисларида давлат органлари раҳбарларининг улар томонидан қонунларга риоя этилиши, Қонунчилик палатаси ва унинг Кенгаши қарорларининг, палата қўмиталари қарорларининг бажарилиши тўғрисидаги ахборотини эшитиши мумкин.

Давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш якунлари бўйича Қонунчилик палатасининг қўмиталари қарорлар қабул қилади, қарорлар тегишли давлат органига юборилади.

Қонунчилик палатасининг қўмиталари ўз иш режаларига мувофиқ қонунларнинг, Қонунчилик палатаси қарорларининг давлат органлари томонидан ижро этилиши ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини вақти-вақти билан жойларга чиқиб ўрганади.

Қонунчиликнинг ижро этилиши ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш якунлари бўйича Қонунчилик палатасининг қўмиталари ўз мажлисларида давлат органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиши, шунингдек ўрганиш натижаларини Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун киритиш тўғрисида қарорлар қабул қилиши мумкин.

Қонунчилик палатасининг қўмиталари янги қабул қилинган қонунлар ижросини таъминлаш учун қонун ости ҳужжатларининг ўз вақтида қабул қилиниши юзасидан мониторингни амалга оширади. Мониторингни амалга ошириш якунлари Қонунчилик палатаси қўмиталарининг мажлисларида кўриб чиқилиши мумкин.


33-6-модда. Парламент текшируви

Мамлакатнинг хавфсизлиги, барқарор ривожланиши асосларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига, жамият ва давлат манфаатларига таҳдид соладиган фактлар ҳамда воқеаларни ўрганиш мақсадида Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг қўшма қарори билан парламент текшируви ўтказилиши мумкин.

Парламент текширувини ўтказиш учун Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари орасидан тенглик асосида махсус комиссия тузилади.

Махсус комиссия парламент текширувини ўтказишда қуйидагиларга ҳақли:

давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг вакилларини, мутахассисларни, экспертларни ва олимларни комиссия ишига жалб этишга;

давлат органларидан, хўжалик бошқаруви органларидан, бошқа ташкилотлардан, шунингдек фуқаролардан зарур маълумотларни сўраб олишга;

давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларини, шунингдек фуқароларни тушунтиришлар бериш учун таклиф этишга.

Махсус комиссия Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг қўшма қарорига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Махсус комиссия бажарилган ишлар тўғрисида Қонунчилик палатаси ва Сенат томонидан белгиланган муддатда уларни хабардор қилади.



VIII-1. ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ ДЕПУТАТИНИНГ

САЙЛОВЧИЛАР, СИЁСИЙ ПАРТИЯ БИЛАН

ИШЛАРИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


33-7-модда. Қонунчилик палатаси депутатининг

сайловчилар, сиёсий партия билан алоқаси

Қонунчилик палатаси депутати ўз округи сайловчилари, уни депутатликка номзод қилиб кўрсатган сиёсий партия билан алоқа боғлаб туради, Қонунчилик палатасида уларнинг манфаатларини ифода этади.

Сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган депутатликка номзодлар рўйхати асосида сайланган депутатларнинг сайловчилар билан алоқаси тегишинча сиёсий партия фракцияси томонидан белгиланади.

Фракциялар ҳар йили Қонунчилик палатасининг Кенгаши билан биргаликда депутатларнинг сайловчилар билан алоқаси учун мўлжалланган вақтни белгилайди.

Сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш чоғида Қонунчилик палатаси депутати:

мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши, Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолияти, фракциянинг фаолияти, унинг мамлакатни социал-иқтисодий ҳамда ижтимоий-сиёсий ривожлантиришнинг энг муҳим масалаларига доир нуқтаи назари тўғрисида сайловчиларга ахборот беради;

янги қабул қилинган қонунларнинг моҳияти ва аҳамиятини сайловчиларга етказади;

қабул қилинган қонунларнинг ижро этилиши ҳолатини ҳуқуқнинг қўлланилиш самарадорлигини ва қонунчиликни янада такомиллаштириш заруратини аниқлаш мақсадида ўрганади;

фракция томонидан белгиланадиган бошқа вазифаларни бажаради.


33-8-модда. Қонунчилик палатаси депутатининг

сайлов округидаги ишларини ташкил этиш

Қонунчилик палатасининг Кенгаши Қонунчилик палатаси депутатининг сайлов округидаги ишларини ташкил этиш юзасидан фракцияларнинг фикрлари ва таклифларини инобатга олган ҳолда чора-тадбирлар кўради.

Қонунчилик палатаси депутати сайлов округига чиқишидан олдин фракция ҳамда Қонунчилик палатаси томонидан ҳужжатлар, зарур ахборот ва маълумот материаллари билан таъминланади.

Қонунларнинг ижроси, давлат дастурларини ҳамда сиёсий партияларнинг дастурий мақсадларини амалга ошириш юзасидан аниқ масалаларни ишлаб чиқиш учун фракциялар зарур бўлган ҳолларда ўз депутатларининг сайловчилар билан сайлов округларидаги ишларини ташкил этади.

Фракциялар депутатларнинг сайлов округларидаги ишлари якунларини умумлаштиради, зарур бўлган ҳолларда долзарб масалаларни Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун киритади.


33-9-модда. Қонунчилик палатаси депутатининг сайлов

округидаги ишларини ташкил этишга маҳаллий давлат

ҳокимияти органлари томонидан кўмаклашиш

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Қонунчилик палатаси депутатини сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш учун зарур шарт-шароитлар билан таъминлайди. Ижро этувчи ҳокимият органлари бинолар ажратилишини ташкил этади, фуқароларни депутатнинг сайловчилар билан учрашувлари ўтказиладиган, депутат томонидан фуқаролар қабул қилинадиган вақт ва жой ҳақида хабардор қилади, қабулларда ва учрашувларда иштирок этиш учун ўз масъул вакилларини депутатнинг таклифига кўра юборади, шунингдек депутатнинг жойлардаги ишига кўмаклашиш юзасидан бошқа чора-тадбирлар кўради.



33-10-модда. Жисмоний ва юридик шахсларнинг

мурожаатларини кўриб чиқиш

Жисмоний ва юридик шахсларнинг Қонунчилик палатасига келиб тушган мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда Қонунчилик палатасида жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг шахсий қабулини ўтказиш Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қонунга ҳамда Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан тасдиқланадиган тартибга мувофиқ амалга оширилади.


IX. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

34-модда. Қонунчилик палатасининг

халқаро алоқалари

Қонунчилик палатаси бошқа давлатларнинг парламентлари ва халқаро парламент ташкилотлари билан парламентлараро ҳамкорлик тўғрисида битимлар тузиши, бошқа давлатларнинг парламентлари ва халқаро парламент ташкилотлари билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар, комиссиялар, қўмиталар, ишчи гуруҳлар ва бошқа тузилмалар ташкил этиши, расмий парламент делегациялари алмашиши, шунингдек халқаро алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган турли тадбирлар ўтказиши мумкин.

Бошқа давлатларнинг парламентлари раҳбарларига, давлатлар ва ҳукуматлар бошлиқларига, парламент делегацияларининг раҳбарларига уларнинг илтимосига биноан Қонунчилик палатаси мажлисида сўзга чиқиш имконияти берилиши мумкин.


34-1-модда. Ҳамкорлик бўйича парламентлараро

гуруҳлар, комиссиялар, қўмиталар, ишчи

гуруҳлар ва бошқа тузилмалар

Бошқа давлатларнинг парламентлари ва халқаро парламент ташкилотлари билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар, комиссиялар, қўмиталар, ишчи гуруҳлар ва бошқа тузилмалар Қонунчилик палатаси депутатлари орасидан ташкил этилади, унинг таркиби Қонунчилик палатаси Кенгашининг қарори билан тасдиқланади.

Қонунчилик палатаси ва Сенат биргаликда Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари орасидан бошқа давлатларнинг парламентлари ва халқаро парламент ташкилотлари билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар, комиссиялар, қўмиталар, ишчи гуруҳлар ва бошқа тузилмалар ташкил этиши мумкин, уларнинг таркиби Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенат Кенгашининг қўшма қарори билан тасдиқланади.

Ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар, комиссиялар, қўмиталар, ишчи гуруҳлар ва бошқа тузилмалар фаолиятининг тартиби Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенат Кенгашининг қўшма қарори билан белгиланади.



34-2-модда. Расмий парламент делегациялари

Бошқа давлатларнинг парламентлари ва халқаро парламент ташкилотлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантириш учун Қонунчилик палатаси депутатлари расмий парламент делегациялари таркибида хорижий мамлакатларга юборилиши мумкин.

Расмий парламент делегацияларини хорижий мамлакатларга юбориш масаласи белгиланган тартибга мувофиқ Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикасининг расмий парламент делегациялари хорижий сафар якунлари бўйича Қонунчилик палатаси Кенгашига ахборот тақдим этади.



35-модда. Қонунчилик палатасининг харажатлари сметаси

Қонунчилик палатасининг харажатлари, шу жумладан парламентлараро ва халқаро ҳамкорликка доир харажатлари сметаси Қонунчилик палатаси девони томонидан Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси билан биргаликда тузилади.

Қонунчилик палатасининг келгуси йил учун харажатлари сметаси ҳар йилги индексация ҳисобга олинган, жорий йилдаги ҳақиқий харажатлардан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади.

Қонунчилик палатасининг харажатлари сметаси Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан тасдиқланади.

Қонунчилик палатаси харажатларининг тасдиқланган сметаси уни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг шакллантириладиган лойиҳасига киритиш учун жорий йилнинг 1 июлидан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                И. Каримов



“Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”, 2003 й, 19-сон, 167-модда


“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси”, 2003 й, 9-10-сон 136-модда







































Время: 0.1668
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск