язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси (Парламент)/ Олий Мажлис Сенати. Сенат аъзолари/ Ўзбекистон Республикасининг 29.08.2003 й. 523-II-сон "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

29.08.2003 й.

N 523-II



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИНИНГ

РЕГЛАМЕНТИ ТЎҒРИСИДА


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Сенати фаолиятининг ҳуқуқий асослари


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати (бундан буён матнда Сенат деб юритилади) ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий Қонунига, ушбу Қонунга ва бошқа қонунларга мувофиқ амалга оширади.


2-модда. Сенат фаолиятининг асосий принциплари

Сенат фаолиятининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

умумдавлат ва минтақавий манфаатларни уйғунлаштириш;

масалаларни эркин муҳокама қилиш ва жамоа бўлиб ҳал этиш;

очиқлик ва ошкоралик;

жамоатчилик фикрини ҳисобга олиш.

Сенат иши вақти-вақти билан ялпи мажлисларга (бундан буён матнда мажлислар деб юритилади) ва Сенат қўмиталарининг (комиссияларининг) мажлисларига чақириладиган сенаторларнинг фаолиятига асосланади.



3-модда. Сенат фаолиятининг ташкилий шакли


Сенат фаолиятининг ташкилий шакли унинг заруратга қараб, лекин йилига камида уч марта ўтказиладиган мажлисларидир.

Сенат мажлислари, агар уларнинг ишида сенаторлар умумий сонининг камида ярми иштирок этса, ваколатли ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини, конституциявий қонунларни маъқуллаш, уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқишда сенаторлар умумий сонининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлиши шарт.

Сенатнинг мажлислари ишини ташкил этиш учун ушбу мажлисларда мажлиснинг котибияти, саноқ комиссияси ва овозларни ҳисоблашнинг электрон тизимидан фойдаланиш устидан назорат гуруҳи сайланади.

Сенатнинг биринчи мажлиси Сенат шакллантирилганидан кейин бир ойдан кечиктирмай ўтказилади. Мазкур мажлисни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг раиси очади ва Сенат Раиси сайлангунга қадар унда раислик қилади.

Сенатнинг биринчи мажлисида унинг фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилади, шу жумладан, қоида тариқасида:

Сенат Раиси ва унинг ўринбосарлари сайланади;

Сенатнинг қўмиталари тузилади.

Сенатнинг навбатдан ташқари мажлислари Ўзбекистон Республикасининг Президенти, Сенатнинг Раиси таклифига ёки сенаторлар умумий сонининг камида учдан бир қисмининг таклифига биноан чақирилиши мумкин.

Сенатнинг мажлислари очиқ, ошкора ўтказилади ва оммавий ахборот воситалари томонидан ёритилади. Сенатнинг қарорига биноан ёпиқ мажлислар ҳам ўтказилиши мумкин.

Сенат ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади), қоида тариқасида, алоҳида-алоҳида мажлис ўтказади.

Қонунда белгиланган ҳолларда палаталарнинг қўшма мажлислари ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлислари Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Сенат Раисининг, Қонунчилик палатаси Спикерининг таклифига ёки тегишинча сенаторлар ёхуд Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида учдан бир қисмининг таклифига биноан чақирилиши мумкин.


4-модда. Сенат Раисини ва унинг

ўринбосарларини сайлаш


Сенатнинг биринчи мажлиси Сенат Раисини сайлашдан бошланади.

Сенат Раислигига ва унинг ўринбосарлигига номзодлар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан сенаторлар орасидан тақдим этилади.

Номзод, агар у яширин овоз бериш натижасида сенаторлар умумий сонининг ярмидан кўп овозини олган бўлса, Сенат Раиси ёки унинг ўринбосари этиб сайланган ҳисобланади.

Сенаторлар орасидан сайланадиган Сенат Раисининг ўринбосарларидан бири Қорақалпоғистон Республикасининг вакили бўлади.

Сенат Раиси ва унинг ўринбосарлари сайланганлиги тўғрисида қарорлар қабул қилинади, қарорларни Сенат мажлисида раислик қилувчи имзолайди.



5-модда. Сенат Раисини ва унинг ўринбосарларини

муддатидан илгари лавозимидан озод қилиш


Сенат Раиси яширин овоз бериш орқали сенаторлар умумий сонининг учдан икки қисмидан кўпроғининг овози билан қабул қилинган Сенат қарорига биноан муддатидан илгари лавозимидан озод қилиниши мумкин.

Сенат Раисининг ўринбосарлари яширин овоз бериш орқали сенаторлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинган Сенат қарорига биноан муддатидан илгари лавозимидан озод қилиниши мумкин.

Сенат Раисини ёки унинг ўринбосарларини муддатидан илгари лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги масала Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига ёки сенаторлар умумий сонининг камида учдан бир қисмининг таклифига биноан Сенат томонидан кўриб чиқилади.

Сенат Раисини ёки унинг ўринбосарларини муддатидан илгари лавозимидан озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилинади, қарорни Сенат мажлисида раислик қилувчи имзолайди.



6-модда. Сенат Кенгаши


Сенатнинг фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида Сенат Кенгаши тузилади.

Сенат Кенгашининг таркибига Сенат Раиси, унинг ўринбосарлари ва Сенат қўмиталарининг раислари киради.

Сенат Кенгаши:

Сенат мажлисининг кун тартиби лойиҳасини шакллантиради;

қонунда назарда тутилган ҳолларда Сенатнинг ваколатларига тааллуқли қарорларни Сенатнинг мажлислари оралиғида қабул қилади, ушбу қарорлар кейинчалик Сенатнинг мажлисида тасдиқланади;

қўмиталарнинг ишини мувофиқлаштириб боради;

Сенатнинг фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал этади.

Кенгаш ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича ўз аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қарорлар қабул қилади.

Сенат Кенгашига Сенат Раиси раҳбарлик қилади, у Кенгашнинг мажлисларини олиб боради ва унинг қарорларини имзолайди.


7-модда. Сенатнинг қўмиталарини тузиш


Сенат томонидан сенаторлар орасидан палатанинг ваколатлари муддатига раис, унинг ўринбосари ва аъзолардан иборат таркибда қўмиталар тузилади.

Сенат Раиси ва унинг ўринбосарлари Сенатнинг қўмиталари таркибига сайланиши мумкин эмас.

Сенатда бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси, суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси, халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси, фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси, ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси, аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси тузилиши шарт. Сенатда бошқа қўмиталар ҳам тузилиши мумкин.

Сенат қўмиталарининг умумий сони, қоида тариқасида, саккизтадан ошмаслиги керак.

Сенат қўмитасининг раиси, унинг ўринбосари ва қўмита аъзолари палата мажлисида Сенат Раисининг тақдимига биноан сенаторлар умумий сонининг кўпчилик овози билан сайланади.

Сенат қўмитасининг раиси, унинг ўринбосари, шунингдек қўмита аъзолари сайлангани тўғрисида Сенат қарорлар қабул қилади.


7-1-модда. Сенатнинг қўмиталари ҳузурида

эксперт гуруҳларини тузиш

Қонунларни муҳокама қилишга, назорат-таҳлил тадбирларини тайёрлашга ва ўтказишга кўмаклашиш мақсадида Сенатнинг қўмиталари ҳузурида эксперт гуруҳлари тузилади.

Эксперт гуруҳлари давлат органларининг, илмий ва таълим муассасаларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг тегишли соҳаларда илмий иш тажрибасига, қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва (ёки) амалий иш тажрибасига эга бўлган малакали мутахассислари орасидан тузилади.

Сенатнинг қўмиталари ҳузурида эксперт гуруҳларини шакллантириш ва уларнинг фаолияти тартиби Сенат Кенгаши томонидан тасдиқланадиган низом билан белгиланади.



8-модда. Сенатнинг комиссияларини тузиш


Сенат муайян вазифаларни бажариш учун комиссиялар тузиши мумкин.

Комиссия Сенат мажлисида сенаторлар орасидан комиссия раиси ва аъзолари, зарурат бўлганда эса комиссия раисининг ўринбосаридан иборат таркибда тузилади.

Комиссия тузилгани тўғрисида Сенат қарор қабул қилади.

Комиссия ўз зиммасига юклатилган вазифалар бажарилганидан сўнг, қайси муддатга тузилган бўлса, шу муддат ўтганидан кейин ёки Сенатнинг қарорига биноан муддатидан илгари ўз фаолиятини тугатади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма қарори билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг комиссиялари (парламент комиссиялари) ташкил этилиши мумкин.

Зарур бўлган ҳолларда комиссиялар ишига давлат органларининг ва бошқа органларнинг вакиллари, шунингдек фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари жалб этилиши мумкин.


II. СЕНАТ МАЖЛИСИДА МАСАЛАЛАРНИ

КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


9-модда. Сенат мажлисининг кун тартиби


Сенат мажлисида кўриб чиқилиши лозим бўлган масалалар уларни кўриб чиқиш навбати, палатанинг ҳар бир масалани кўриб чиқишга тайёрлаш учун масъул бўлган қўмиталари, маърузачилар (қўшимча маърузачилар), шунингдек бошқа маълумотлар кўрсатилган ҳолда мажлис кун тартиби лойиҳасига киритилади.

Сенат мажлиси кун тартибининг лойиҳаси Сенат Кенгаши томонидан тузилади.

Сенаторлар Сенат мажлисининг кун тартиби лойиҳасига киритилган масалалар тўғрисида олдиндан хабардор қилинадилар.

Сенат мажлисининг кун тартиби палата қарори билан тасдиқланади.


10-модда. Сенат мажлисларида овоз

бериш шакллари ва усуллари


Сенатнинг қарорлари унинг мажлисларида очиқ ёки яширин овоз бериш орқали қабул қилинади. Очиқ овоз бериш номма-ном бўлиши мумкин.

Сенат мажлисларида овоз бериш овозларни ҳисоблашнинг электрон тизимидан фойдаланган ҳолда ёки яширин овоз бериш бюллетенларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

Сенат мажлисида овозларни ҳисоблашнинг электрон тизимидан фойдаланилиши устидан назоратни сенаторлар жумласидан бўлган гуруҳ амалга оширади.

Овоз бериш шакли ва усули тўғрисидаги қарор Сенат томонидан очиқ овоз бериш орқали қабул қилинади, у ёки бу масала юзасидан овоз бериш шакли ва усули Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳамда конституциявий қонунларда белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Сенатор ўзининг овоз бериш ҳуқуқини шахсан амалга оширади.


III. ҚОНУНЛАРНИ ҲАМДА СЕНАТ

ҚАРОРЛАРИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


11-модда. Қонуннинг Сенат томонидан кўриб чиқилиши


Сенатга келиб тушган қонун рўйхатга олинади ва Сенат Раиси томонидан қонунни кўриб чиқадиган ҳамда унинг юзасидан хулоса тайёрлайдиган қўмитага (бундан буён матнда масъул қўмита деб юритилади) топширилади.

Масъул қўмитанинг хулосасида қонунни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисидаги тавсия ифодаланган баҳо бўлиши керак. Қонунни рад этиш зарурлиги тўғрисидаги хулосада масъул қўмитанинг қонунни рад этиш зарур деб ҳисоблашининг важлари баён этилиши лозим. Масъул қўмитанинг хулосаси Сенат Кенгашига тақдим этилади, Кенгаш қонунни Сенат мажлисининг кун тартиби лойиҳасига киритиш-киритмаслик тўғрисида қарор қабул қилади.

Сенатнинг мажлисида қонунни кўриб чиқиш маърузачининг масъул қўмита хулосасини ўқиб эшиттиришидан бошланади. Кўриб чиқилаётган қонун юзасидан унинг муҳокамаси тартибида сенаторлар сўзга чиқишлари мумкин.

Қонун Сенат томонидан сенаторлар умумий сонининг кўпчилик овози билан маъқулланади, ушбу Қонуннинг 13 ва 14-моддаларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Сенат томонидан маъқулланган қонун имзоланиши ва эълон қилиниши учун Сенат қарори билан биргаликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.

Сенатнинг қонунни рад этиш тўғрисидаги қарорида рад этиш важлари кўрсатилиши керак. Унда бир вақтнинг ўзида қонунга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш зарурлиги тўғрисидаги, шунингдек келишув комиссияси тузиш ҳақидаги таклифлар баён этилиши мумкин.

Сенатнинг қонунни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисидаги қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида Қонунчилик палатасига юборилади.


12-модда. Келишув комиссияси


Сенат томонидан рад этилган қонун юзасидан Сенат ва Қонунчилик палатаси юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун Сенат аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари орасидан тенглик асосида келишув комиссиясини тузиши мумкин.

Сенатда келишув комиссиясини тузиш тўғрисидаги ташаббус Сенат Раисидан, шунингдек Сенат аъзолари умумий сонининг камида бешдан бир қисмини ташкил этувчи сенаторлардан чиқиши мумкин.

Келишув комиссиясининг Сенатдан кўрсатилган таркиби унинг мажлисида, Сенат мажлислари оралиғидаги даврда эса унинг Кенгаши томонидан тасдиқланади.

Келишув комиссиясининг ҳар бир палатадан сайланган аъзолари ўз таркибидан кўпчилик овоз билан комиссия ҳамраисларини сайлайдилар.

Келишув комиссияси қонуннинг ягона матнини ишлаб чиқиш мақсадида Сенатнинг ҳар бир эътирозини алоҳида-алоҳида кўриб чиқади.

Келишув комиссиясининг қарорлари келишув комиссияси таркибига кирган сенаторлар ва Қонунчилик палатаси депутатларининг алоҳида-алоҳида овоз бериши орқали қабул қилинади. Қарор, агар комиссиянинг ҳар бир палатадан сайланган аъзоларининг кўпчилиги уни ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади.

Келишув комиссияси ўз ишининг натижалари юзасидан келишмовчиликларни бартараф этиш бўйича таклифларни ўз ичига олган хулоса қабул қилади. Хулосага қонунга доир ўзгартишлар ва қўшимчалар лойиҳасининг матни илова қилинади.

Хулоса Сенат ва Қонунчилик палатасидан сайланган келишув комиссиясининг ҳамраислари томонидан имзоланиб, тегишинча Сенат ва Қонунчилик палатасига топширилади.

Сенат келишув комиссиясининг таклифларини қабул қилган тақдирда қонун Қонунчилик палатаси томонидан одатдаги тартибда қайта кўриб чиқилиши керак.

Келишув комиссиясининг лоақал битта таклифи рад этилган тақдирда Сенат келишув комиссиясига янги таклифларни тақдим этиш учун палата томонидан маъқулланган тузатишларни инобатга олган ҳолда ишни давом эттиришни таклиф қилиши мумкин.

Агар Сенат қонунни келишув комиссиясининг таҳририда маъқулламаса, у рад этилган қонун сифатида Қонунчилик палатасига қайтарилиши керак.


13-модда. Қонунни Сенат томонидан

қайта кўриб чиқиш тартиби


Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қайтарилган қонун қайта кўриб чиқиш учун бевосита Қонунчилик палатасига юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қайтарилган ва Қонунчилик палатаси қайта кўриб чиқишда илгари қабул қилинган таҳрирда маъқуллаган қонун белгиланган тартибда Сенатга юборилади.

Масъул қўмита Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қайтарилган ва Қонунчилик палатаси илгари қабул қилинган таҳрирда маъқуллаган қонун юзасидан хулоса беради.

Масъул қўмитанинг хулосаси олинганидан кейин қонунни Сенат томонидан қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги масала белгиланган тартибда Сенат мажлисининг кун тартиби лойиҳасига киритилади. Сенат қайта кўриб чиқиш натижалари бўйича қонунни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Сенат томонидан қайта кўриб чиқишда сенаторлар умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан маъқулланган қонун имзоланиши ва эълон қилиниши учун Сенат қарори билан биргаликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.

Сенатнинг қайта кўриб чиқиш натижалари бўйича қонунни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисидаги қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида Қонунчилик палатасига юборилади.

Агар Сенат рад этган ёки Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қайтарилган қонун Қонунчилик палатасида қайта кўриб чиқилганда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Сенатнинг эътирозларини ҳисобга олган ҳолда янги таҳрирда қабул қилинса, ушбу қонунни Сенат янгидан қабул қилинган қонун сифатида белгиланган тартибда кўриб чиқади.


14-модда. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини,

конституциявий қонунни, уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар

киритиш тўғрисидаги қонунларни кўриб чиқишнинг

ўзига хос хусусиятлари


Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини, конституциявий қонунни, уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунларни маъқуллаш учун сенаторлар умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози талаб қилинади.


15-модда. Сенат қарорларини қабул қилиш тартиби


Сенат қонунлар қабул қилиниши талаб этилмайдиган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади.

Қарор лойиҳаси Сенатга киритилаётганда унга қисқача тушунтириш хати ва бошқа зарур материаллар илова қилинади.

Сенат Раиси Сенат қарорининг лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун масъул қўмита ва муддат белгилайди.

Сенат Кенгаши масъул қўмита вакилининг ахборотини эшитиб, қарор лойиҳасини Сенат мажлисининг кун тартибига киритиш тўғрисида қарор қабул қилади ва маърузачини белгилайди.

Сенат мажлисида масъул қўмита вакилининг ахбороти эшитилади ва муҳокама натижалари юзасидан сенаторлар умумий сонининг кўпчилик овози билан Сенат қарори қабул қилинади.

Агар овоз бериш якунларига кўра қарор лойиҳасини қабул қилиш тўғрисидаги таклиф зарур миқдорда овоз тўпламаган бўлса, таклиф рад этилган ҳисобланади.

Сенатнинг Қонунчилик палатаси билан биргаликдаги ваколатларига киритилган масала юзасидан қабул қилинган қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан беш кун ичида, агар ушбу Қонунда бошқача қоида белгиланган бўлмаса, Қонунчилик палатасига юборилади.


IV. НАВБАТДАГИ ЙИЛ УЧУН ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ДАВЛАТ БЮДЖЕТИНИ, ДАВЛАТ МАҚСАДЛИ ЖАМҒАРМАЛАРИНИНГ

БЮДЖЕТЛАРИНИ ҲАМДА СОЛИҚ ВА БЮДЖЕТ СИЁСАТИНИНГ

АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ

16-модда. Навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг

Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари

ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари

лойиҳасини кўриб чиқиш

Навбатдаги йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари (бундан буён матнда Давлат бюджети деб юритилади) лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий йилнинг 15 октябридан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг хулосаси билан бирга Сенатга юборилади.

Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган Давлат бюджети Сенатнинг кўриб чиқиши учун топширилади ва Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқилади.

Давлат бюджетига доир материаллар сенаторларга олдиндан, Сенат мажлисида кўриб чиқилгунга қадар юборилади.

Давлат бюджетини Сенатнинг мажлисида муҳокама қилиш Ўзбекистон Республикаси молия вазири ёки унинг вазифасини бажарувчи шахснинг маърузаси билан бошланади.

Давлат бюджети бўйича қарор Сенат томонидан жорий йилнинг 15 декабридан кечиктирмай қабул қилиниши керак.


17-модда. Давлат бюджетига

ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш


Давлат бюджетига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тақдимига биноан белгиланган тартибда ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

Давлат бюджетига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масала Сенатнинг яқин орадаги мажлисида кўриб чиқилиши керак.

Давлат бюджетига ўзгартишлар ва қўшимчалар мазкур бюджетни қабул қилиш учун белгиланган тартибда киритилади.


V. СЕНАТ ТОМОНИДАН МАНСАБДОР

ШАХСЛАРНИ ТАЙИНЛАШ (САЙЛАШ)


18-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири

номзодини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини тасдиқлаш тўғрисидаги тақдимномаси Сенат томонидан унинг яқин орадаги мажлисида кўриб чиқилади.

Бош вазир лавозимига номзод Сенатда унинг номзоди кўриб чиқилаётганда ва тасдиқланаётганда Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастурини тақдим этади.

Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастури Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида эшитилади.

Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастури эшитилганидан сўнг Бош вазир номзодини тасдиқлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди унинг учун Сенат аъзолари умумий сонининг ярмидан кўпи овоз берган тақдирда Сенат томонидан тасдиқланган ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва Қонунчилик палатаси ўртасида зиддиятлар доимий тус олган ҳолда Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида учдан бир қисми томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти номига расман киритилган таклиф бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлиси муҳокамасига Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш ҳақидаги масала киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига нисбатан ишончсизлик вотуми тегишинча Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми овоз берган тақдирда қабул қилинган ҳисобланади. Бундай ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Президенти Бош вазирни лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Бунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг бутун таркиби Бош вазир билан бирга истеъфога чиқади.

Янги Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Қонунчилик палатасидаги барча сиёсий партиялар фракциялари билан тегишли маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига кўриб чиқиш ва тасдиқлашга тақдим қилиш учун таклиф этилади.

Сенатнинг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини тасдиқлаш масаласи юзасидан қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.

Сенат томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига номзод икки марта рад этилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Бош вазир вазифасини бажарувчини тайинлайди ва Сенатни тарқатиб юборади.

Сенат тарқатиб юборилган тақдирда янги сайлов тарқатиб юбориш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида ўтказилади.


19-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини (омбудсманни)

ва унинг ўринбосарини сайлаш

Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини (омбудсманни) ва унинг ўринбосарини сайлаш тўғрисидаги қарорлари Сенатга келиб тушганидан кейин Сенат ўз мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини (омбудсманни) ва унинг ўринбосарини сайлаш ҳақидаги масалаларни кўриб чиқади.

Сенатнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини (омбудсманни) ва унинг ўринбосарини сайлаш масалаларига оид қарорлари Қонунчилик палатасига юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлисларида кўриб чиқилганидан кейин ушбу масала юзасидан қабул қилинган узил-кесил қарор қонунда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.


20-модда. Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясини тузиш


Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоларини сайлаш тўғрисидаги қарори Сенатга келиб тушганидан кейин Сенат ўз мажлисида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоларини сайлаш ҳақидаги масалани кўриб чиқади.

Сенатнинг Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоларини сайлаш масаласи юзасидан қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Қонунчилик палатасига юборилади.


21-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий

суди ва Олий судини сайлаш

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьялари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, раис ўринбосарлари ва судьялари лавозимларига сайлаш учун номзодлар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Сенатга тақдим этилади.

Сенат Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьялари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, раис ўринбосарлари ва судьяларини сайлаш тўғрисидаги масалани ўзининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқади. Бу масалалар юзасидан қарорлар Сенат аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Сенатнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьялари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, раис ўринбосарлари ва судьяларини сайлаш масаласи юзасидан қарорлари мазкур қарорлар қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.

Агар Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьялари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, раис ўринбосарлари ва судьялари лавозимларига тақдим этилган номзодлар овоз бериш пайтида Сенат аъзолари овозларининг етарли сонини ололмасалар Ўзбекистон Республикаси Президенти Сенат кўриб чиқиши учун шу номзодларни қайтадан тақдим этиши мумкин. Агар улар қайта рад этилса Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Сенат кўриб чиқиши учун бошқа номзодлар тақдим этилади.


22-модда. Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки бошқарувининг раисини,

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги

дипломатик ва бошқа вакилларини тайинлаш ҳамда

уларни лавозимидан озод этиш

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг раиси, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа вакиллари лавозимларига тайинлаш учун номзодларни Ўзбекистон Республикасининг Президенти Сенатга тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг раисини, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа вакилларини тайинлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги масалани Сенат ўзининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқади. Бу масалалар юзасидан қарорлар Сенат аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Сенатнинг Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг раисини, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа вакилларини тайинлаш ёки уларни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги қарорлари мазкур қарорлар қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.

Агар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг раиси, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа вакиллари лавозимларига тайинлаш учун тақдим этилган номзодлар овоз бериш пайтида Сенат аъзолари овозларининг етарли сонини ололмасалар Ўзбекистон Республикаси Президенти Сенат кўриб чиқиши учун шу номзодларни қайтадан тақдим этиши мумкин. Агар улар қайта рад этилса Сенат кўриб чиқиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан бошқа номзодлар тақдим этилади.


VI. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДАГИ

МАСАЛАЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ


23-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг

вазирликлар, давлат қўмиталарини ва давлат бошқарувининг

бошқа органларини тузиш ҳамда тугатиш тўғрисидаги

фармонларини тасдиқлаш


Сенат Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазирликлар, давлат қўмиталарини ва давлат бошқарувининг бошқа органларини тузиш ҳамда тугатиш тўғрисидаги ўз тасдиғига киритилган фармонлари юзасидан қарорлар қабул қилади.

Сенатнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазирликлар, давлат қўмиталарини ва давлат бошқарувининг бошқа органларини тузиш ҳамда тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш масаласи юзасидан қарорлари мазкур қарорлар қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Қонунчилик палатасига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.


24-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг

уруш ҳолати, умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилиш

тўғрисидаги, фавқулодда ҳолат жорий этиш, унинг амал қилишини

узайтириш ва тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш


Сенат ўз тасдиғига киритилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг уруш ҳолати эълон қилиш тўғрисидаги фармонини ушбу фармон келиб тушган пайтдан эътиборан 48 соатдан кечиктирмай, Ўзбекистон Республикаси Президентининг умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилиш тўғрисидаги, фавқулодда ҳолат жорий этиш, унинг амал қилишини узайтириш ёки тугатиш тўғрисидаги фармонларини эса улар келиб тушган пайтдан эътиборан 72 соатдан кечиктирмай кўриб чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг уруш ҳолати, умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилиш тўғрисидаги, фавқулодда ҳолат жорий этиш, унинг амал қилишини узайтириш ва тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш ҳақидаги масала Сенат қўмиталарида дастлабки тарзда муҳокама қилинмасдан Сенат томонидан кўриб чиқилади.

Сенатнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг уруш ҳолати, умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилиш тўғрисидаги, фавқулодда ҳолат жорий этиш, унинг амал қилишини узайтириш ва тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш масаласи юзасидан қарорлари дарҳол Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.


25-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унинг ўринбосарларини,

Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати раисини

тайинлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги

фармонларини тасдиқлаш


Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раиси, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати раисини тайинлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш ҳақидаги масалалар Сенатнинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилади.

Сенатнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раиси, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати раисини тайинлаш ҳамда лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш масаласи юзасидан қарорлари мазкур қарорлар қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.


VII. СЕНАТ ТОМОНИДАН БОШҚА

МАСАЛАЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ


25-1-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари

юзасидан ҳар йилги маърузасини кўриб чиқиш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ва навбатдаги йил учун назарда тутилган асосий устуворликлар тўғрисидаги ҳар йилги маърузаси Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан Сенатга тақдим этилади.

Сенат қўмиталари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳар йилги маърузасини дастлабки тарзда кўриб чиқади ҳамда фикрлар ва таклифларни ишлаб чиқади, фикрлар ва таклифлар Сенатнинг мажлисида мажбурий равишда ҳамда ҳар томонлама муҳокама қилиниши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳар йилги маърузасини кўриб чиқиш якунлари бўйича Сенат қарор қабул қилади, унда ҳукуматнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим масалаларини ҳал этишга доир фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳар йилги маърузасини кўриб чиқиш якунлари бўйича қабул қилинган Сенатнинг қарори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилади.



26-модда. Ўзбекистон Республикасининг референдумини

ўтказиш ва уни ўтказиш санасини тайинлаш

ҳақидаги масалани кўриб чиқиш


Сенат Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш кераклиги тўғрисидаги материалларни, Қонунчилик палатасининг референдум ўтказиш ва уни ўтказиш санасини тайинлаш тўғрисидаги қарорини, шунингдек мазкур масала бўйича масъул қўмитанинг хулосасини кўриб чиқиб, қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилиши мумкин:

референдум тайинлаш ва уни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида;

референдум ўтказиш тўғрисидаги ташаббусни рад этиш ҳақида.

Сенатнинг Ўзбекистон Республикасининг референдуми масаласи юзасидан қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Қонунчилик палатасига, шунингдек референдум ўтказиш ташаббускорларига юборилади.

Сенат Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ва уни ўтказиш санасини тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилган тақдирда мазкур масала юзасидан Сенат ва Қонунчилик палатасининг қарорлари ушбу масала юзасидан Сенат қарор қабул қилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай матбуотда ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.


27-модда. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини

ратификация қилиш, денонсация қилиш, тугатиш ва уларнинг

амал қилишини тўхтатиб туриш

Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини ратификация қилиш, денонсация қилиш, тугатиш ёки унинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қонун Сенатга шу шартнома расмий матнининг тасдиқланган нусхаси ва уни ратификация қилиш, денонсация қилиш, тугатиш ёки унинг амал қилишини тўхтатиб туриш мақсадга мувофиқлигининг асосларини ўз ичига олган ҳужжатлар билан биргаликда киритилади.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасини ратификация қилиш, денонсация қилиш, тугатиш ёки унинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги Сенат томонидан маъқулланган қонун имзолаш учун Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.


28-модда. Туманлар, шаҳарлар, вилоятларни ташкил этиш,

тугатиш, уларнинг номини ва чегараларини ўзгартириш

тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиш

Сенат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг белгиланган тартибда киритилган таклифига биноан туманларни, шаҳарларни, вилоятларни ташкил этиш, тугатиш, уларни қайта номлаш ва уларнинг чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масалани Қонунчилик палатаси томонидан мазкур масала бўйича ижобий қарор қабул қилинганидан ва Сенатга тегишли материаллар келиб тушганидан кейин кўриб чиқади.

Туманларни, шаҳарларни, вилоятларни ташкил этиш, тугатиш, уларни қайта номлаш ва уларнинг чегараларини ўзгартириш тўғрисида Қонунчилик палатаси ва Сенат томонидан қабул қилинган қарорлар белгиланган тартибда эълон қилиниши лозим.



29-модда. Амнистия тўғрисидаги

ҳужжатни қабул қилиш


Сенат амнистия тўғрисидаги ҳужжатни қабул қилиш тўғрисидаги масалани Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан ўзининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқади.

Амнистия тўғрисидаги ҳужжат мазкур ҳужжат қабул қилинган кундан эътиборан беш кун ичида эълон қилиниши керак.


30-модда. Сенаторни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум

этиш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқиш


Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг сенаторни жиноий жавобгарликка тортиш, ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чораларини қўллашга розилик олиш тўғрисидаги тақдимномалари Сенат томонидан унинг мажлисида, Сенатнинг мажлислари оралиғидаги даврда эса Сенатнинг Кенгаши томонидан кўриб чиқилади.

Сенатнинг ёки Сенат Кенгашининг сенаторни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этишга розилик бериш тўғрисидаги қарори яширин овоз бериш орқали қабул қилинади.

Сенатнинг ёки Сенат Кенгашининг сенаторни жиноий жавобгарликка тортиш, ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чораларини қўллашга розилик бериш масаласи юзасидан қарори дарҳол Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига юборилади.


30-1-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини (омбудсманни) дахлсизлик

ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини (омбудсманни) жиноий жавобгарликка тортиш, ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чораларини қўллашга розилик олиш тўғрисидаги тақдимномаси ушбу масала бўйича Қонунчилик палатасининг қарори Сенатга келиб тушганидан кейин ўн кун ичида Сенат томонидан унинг мажлисида, Сенатнинг мажлислари оралиғидаги даврда эса Сенатнинг Кенгаши томонидан кўриб чиқилади.

Сенатнинг ёки унинг Кенгашининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини (омбудсманни) дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этишга розилик бериш тўғрисидаги қарори яширин овоз бериш орқали қабул қилинади.

Сенатнинг ёки унинг Кенгашининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини (омбудсманни) жиноий жавобгарликка тортиш, ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазо чораларини қўллашга розилик бериш масаласига оид қарори дарҳол Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига юборилади.

Сенатнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилини (омбудсманни) дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга розилик беришни рад этиши унга нисбатан жиноят ишини юритишни ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазони назарда тутадиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритишни истисно этадиган ва бундай ишларни тугатишга сабаб бўладиган ҳолат ҳисобланади.


VIII. СЕНАТ ТОМОНИДАН НАЗОРАТ ҚИЛИШ

СОҲАСИДАГИ ВАКОЛАТЛАРНИНГ

АМАЛГА ОШИРИЛИШИ


31-модда. Парламент сўрови

Сенат давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дастурларининг ижроси масалалари ҳамда уларнинг ваколатларига кирадиган бошқа муҳим масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан парламент сўрови юборишга ҳақли.

Парламент сўровини юбориш ҳақидаги таклиф Сенат қўмиталари ёки Сенат аъзолари умумий сонининг камида бешдан бир қисми томонидан Сенат кўриб чиқиши учун киритилади.

Сенатнинг парламент сўрови тўғрисидаги қарори лойиҳаси сўров ташаббускорлари томонидан Сенат Раисига масалани Сенатнинг навбатдаги мажлиси кун тартибига киритиш учун юборилади.

Сенатнинг қарори лойиҳасига парламент сўрови лойиҳаси, шунингдек бошқа зарур материаллар илова қилинади. Парламент сўрови лойиҳасида сўровга жавоб беришнинг шакли (оғзаки ёки ёзма) ҳақидаги таклифлар бўлиши керак.

Сенат парламент сўровини юбориш тўғрисида Сенат аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қарор қабул қилади.

Давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахслари парламент сўровига оғзаки жавобни Сенатнинг мажлисида Сенат белгилаган муддатда беради.

Давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахслари парламент сўровига ёзма жавобни, агар бошқа муддат белгиланган бўлмаса, сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай юбориши лозим. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги ваколатли вакили Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг аъзоларига, давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига юборилган парламент сўровига ўз вақтида жавоб юборилишини таъминлашга кўмаклашади.

Парламент сўровига ёзма жавоб Сенатнинг мажлисида раислик қилувчи томонидан ўқиб эшиттирилади. Ёзма жавобнинг нусхалари палата мажлисида ўқиб эшиттирилгунига қадар олдиндан сенаторларга юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори, суриштирув ва тергов органлари раҳбарлари номига йўлланган парламент сўрови уларнинг иш юритувидаги муайян ишлар ва материалларга тааллуқли бўлиши мумкин эмас.

Парламент сўровига жавоб Сенатнинг мажлисида муҳокама қилиниши мумкин. Сенат парламент сўрови муҳокамаси якунлари бўйича қарор қабул қилади.



31-1-модда. Сенатор сўрови

Сенатор давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига, қоида тариқасида, тегишли ҳудудларнинг манфаатлари билан боғлиқ масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан сўров юборишга ҳақли.

Давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахслари сенатор сўровига, агар бошқа муддат белгиланган бўлмаса, сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай ёзма жавоб юборади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги ваколатли вакили сенаторнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзоларига, давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига юборилган сўровига ўз вақтида жавоб юборилишини таъминлашга кўмаклашади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори, суриштирув ва тергов органлари раҳбарлари номига йўлланган сенатор сўрови уларнинг иш юритувидаги муайян ишлар ва материалларга тааллуқли бўлиши мумкин эмас.


31-2-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар

Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасидан

келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат

дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги

ҳисоботини кўриб чиқиш

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ҳукумат аъзолари билан биргаликда ҳар чоракда Сенатга Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисида ҳисобот тақдим этади.

Сенатнинг қўмиталари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини дастлабки тарзда кўриб чиқади ҳамда Сенатнинг мажлисида мажбурий равишда ва ҳар томонлама муҳокама қилиниши лозим бўлган фикрлар ва таклифларни ишлаб чиқади.

Сенат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини кўриб чиқиш якунлари бўйича қарор қабул қилади, қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастурини бажариш бўйича ҳукумат фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифларни ўз ичига олиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини кўриб чиқиш якунлари бўйича қабул қилинган Сенат қарори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилади.



32-модда. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг

мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг айрим

долзарб масалалари юзасидан ҳисоботини эшитиш

Сенат зарур бўлган ҳолларда ўз мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг айрим долзарб масалалари юзасидан ҳисоботини эшитиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг айрим долзарб масалалари юзасидан ҳисоботи ушбу Қонуннинг 31-моддасига мувофиқ парламент сўрови тартибида эшитилади.

Сенат қўмиталари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ҳисоботини дастлабки тарзда кўриб чиқади ҳамда фикрлар ва таклифларни ишлаб чиқади, фикрлар ва таклифлар Сенатнинг мажлисида мажбурий равишда ҳамда ҳар томонлама муҳокама қилиниши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича Сенат қарор қабул қилади, унда ҳукуматнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг айрим долзарб масалаларига доир фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича қабул қилинган Сенатнинг қарори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилади.


32-1-модда. Ҳукумат аъзоларининг ўз фаолиятига

доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиш


Сенат зарур бўлган ҳолларда ўз мажлисида ҳукумат аъзоларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиши мумкин.

Ҳукумат аъзоларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиш масаласи Сенат томонидан қўмиталарнинг ташаббусига кўра кўриб чиқилади.

Сенат Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ахборотини Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида дастлабки тарзда кўриб чиққан ҳолда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг ўз фаолияти ҳақидаги ахборотини Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасида дастлабки тарзда кўриб чиққан ҳолда йилига икки марта эшитади.

Сенат ҳар йили Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати тўғрисидаги ахборотини Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасида дастлабки тарзда кўриб чиққан ҳолда эшитади.

Ҳукумат аъзоларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиш тўғрисида Сенат қарор қабул қилади, қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига олдиндан юборилади.

Ҳукумат аъзоларининг ахборотини эшитиш якунлари бўйича Сенат қарор қабул қилади, унда ҳукумат аъзоларининг фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар бўлиши, шунингдек уларнинг ишига баҳо берилиши мумкин.

Ҳукумат аъзоларининг ахборотини эшитиш якунлари бўйича қабул қилинган Сенатнинг қарори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилади.


32-2-модда. Вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳокимларининг

тегишли ҳудудни ривожлантириш масалалари

юзасидан ҳисоботларини эшитиш

Сенат ўз мажлисида вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳокимларининг тегишли ҳудудни ривожлантириш масалалари юзасидан ҳисоботларини эшитиши мумкин.

Вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳокимларининг тегишли ҳудудни ривожлантириш масалалари юзасидан ҳисоботларини эшитиш тўғрисидаги масала Сенат томонидан унинг қўмиталари ташаббусига кўра кўриб чиқилади.

Вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳокимларининг тегишли ҳудудни ривожлантириш масалалари юзасидан ҳисоботларини эшитиш тўғрисида Сенат қарор қабул қилади, қарор тегишли ҳокимларга олдиндан юборилади.

Вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳокимларининг тегишли ҳудудни ривожлантириш масалалари юзасидан ҳисоботларини эшитиш якунлари бўйича Сенат қарор қабул қилади.



32-3-модда. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки

бошқаруви раисининг ҳисоботини эшитиш


Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг Сенатга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тақдим этилган ҳар йилги ҳисоботи Сенатнинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг ҳисоботи дастлабки тарзда Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича Сенат қарор қабул қилади, қарор Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига юборилади.



32-4-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг)

фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитиш

Сенат ҳар йили ўз мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) фаолияти тўғрисидаги ҳисобот дастлабки тарзда Сенат қўмиталари томонидан кўриб чиқилади.

Сенат мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни муҳокама қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) маърузаси билан бошланади, маърузадан сўнг Сенат қўмиталарининг вакиллари сўзга чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитиш якунлари бўйича Сенат қарор қабул қилади, қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсманга) ва Қонунчилик палатасига юборилади.



32-5-модда. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб

палатасининг ҳисоботини эшитиш

Сенат ҳар йили ўз мажлисида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини мазкур масала юзасидан Қонунчилик палатасининг қарори Сенатга келиб тушганидан кейин эшитади ва муҳокама қилади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботи дастлабки тарзда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш якунлари бўйича Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси сенаторлар тақдим этган таклифлар ва фикрларни инобатга олган ҳолда мазкур ҳисобот юзасидан хулосани, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг тегишли йилдаги ҳисоботи тўғрисида Сенатнинг қарори лойиҳасини тайёрлайди ҳамда уларни палата кўриб чиқиши учун тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш чоғида Сенат Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг маърузасини, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси вакилининг қўшимча маърузасини, шунингдек Сенатнинг бошқа қўмиталари вакилларининг чиқишларини эшитади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича Сенат қарор қабул қилади, қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига ва Қонунчилик палатасига юборилади.



32-6-модда. Сенат қўмиталари томонидан назорат

ваколатларининг амалга оширилиши

Сенатнинг қўмиталари, шунингдек сенаторлар давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан, мансабдор шахслардан ҳужжатларни, эксперт хулосаларини, статистика маълумотларини ва бошқа маълумотларни сўраб олиши мумкин.

Сенатнинг қўмиталари ёки сенаторлар томонидан сўралаётган ахборотни тегишли давлат органи, бошқа ташкилот, мансабдор шахс мурожаат олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай тақдим этиши керак.

Сенат қўмиталари қўмиталарнинг иш режаларига, Сенат ва унинг Кенгаши қарорларига мувофиқ ўз мажлисларида давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг улар томонидан қонунларга риоя этилиши, Сенат ва унинг Кенгаши қарорларининг, палата қўмиталари қарорларининг бажарилиши тўғрисидаги ахборотини эшитиши мумкин.

Давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиш якунлари бўйича Сенатнинг қўмиталари қарорлар қабул қилади, қарорлар тегишли давлат органига, хўжалик бошқаруви органига юборилади.

Сенатнинг қўмиталари ўз иш режаларига мувофиқ қонунларнинг, Сенат қарорларининг давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари томонидан ижро этилиши ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини вақти-вақти билан жойларга чиқиб ўрганади.

Қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш якунлари бўйича Сенатнинг қўмиталари ўз мажлисларида давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини эшитиши, шунингдек ўрганиш натижаларини Сенат кўриб чиқиши учун киритиш тўғрисида қарорлар қабул қилиши мумкин.

Сенатнинг қўмиталари янги қабул қилинган қонунлар ижросини таъминлаш учун қонун ости ҳужжатларининг ўз вақтида қабул қилиниши юзасидан мониторингни амалга оширади. Мониторингни амалга ошириш якунлари Сенат қўмиталарининг мажлисларида кўриб чиқилиши мумкин.



32-7-модда. Парламент текшируви

Жамият ва давлатнинг энг муҳим манфаатларига дахл қилувчи, мамлакат хавфсизлиги асосларига, унинг барқарор ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган муайян фактларни ёки воқеаларни ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма қарори билан парламент текшируви ўтказилиши мумкин.

Қонунчилик палатаси ва Сенат парламент текширувини ўтказиш учун Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари орасидан комиссия тузади.

Комиссия парламент текширувини ўтказишда қуйидагиларга ҳақли:

давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг вакилларини, мутахассислар, экспертлар ва олимларни комиссия ишига жалб этиш;

давлат органларидан, хўжалик бошқаруви органларидан, бошқа ташкилотлардан, шунингдек фуқаролардан зарур маълумотларни сўраб олиш;

давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларини, шунингдек фуқароларни тушунтиришлар бериш учун таклиф этиш.

Комиссия Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Комиссия бажарилган иш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан белгиланган муддатда уларни хабардор қилади.



32-8-модда. Прокуратура органлари фаолияти

устидан парламент назоратини амалга ошириш

Прокуратура органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш, мамлакатда қонун устуворлиги ва қонунийликни, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича улар ишининг самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан Сенатнинг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси тузилади.

Сенатнинг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссиясининг фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма қарори билан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ҳар йили Сенатга ҳисобот тақдим этади, ҳисобот Сенатнинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ҳисоботи дастлабки тарзда Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан Сенатнинг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси билан биргаликда кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича Сенат қарор қабул қилади, қарор Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юборилади



IX. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


33-модда. Сенатнинг халқаро алоқалари


Сенат бошқа давлатларнинг парламентлари ва халқаро парламент ташкилотлари билан парламентлараро ҳамкорлик тўғрисида битимлар тузиши, бошқа давлатларнинг парламентлари ва халқаро парламент ташкилотлари билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар, комиссиялар, қўмиталар, ишчи гуруҳлар ва бошқа тузилмалар ташкил этиши, расмий парламент делегациялари алмашиши, шунингдек халқаро алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган турли тадбирлар ўтказиши мумкин.

Бошқа давлатларнинг парламентлари раҳбарларига, давлатлар ва ҳукуматлар бошлиқларига, парламент делегациялари раҳбарларига уларнинг илтимосига биноан Сенат мажлисида сўзга чиқиш имконияти берилиши мумкин.


33-1-модда. Ҳамкорлик бўйича парламентлараро

гуруҳлар, комиссиялар, қўмиталар, ишчи

гуруҳлар ва бошқа тузилмалар

Бошқа давлатларнинг парламентлари ва халқаро парламент ташкилотлари билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар, комиссиялар, қўмиталар, ишчи гуруҳлар ва бошқа тузилмалар Сенат аъзолари орасидан ташкил этилади, унинг таркиби Сенат Кенгашининг қарори билан тасдиқланади.

Сенат ва Қонунчилик палатаси биргаликда Сенат аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари орасидан бошқа давлатларнинг парламентлари ва халқаро парламент ташкилотлари билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар, комиссиялар, қўмиталар, ишчи гуруҳлар ва бошқа тузилмалар ташкил этиши мумкин, уларнинг таркиби Сенат Кенгаши ва Қонунчилик палатаси Кенгашининг қўшма қарори билан тасдиқланади.

Ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар, комиссиялар, қўмиталар, ишчи гуруҳлар ва бошқа тузилмалар фаолиятининг тартиби Сенат Кенгаши ва Қонунчилик палатаси Кенгашининг қўшма қарори билан белгиланади.



33-2-модда. Расмий парламент делегациялари

Бошқа давлатларнинг парламентлари ва халқаро парламент ташкилотлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантириш учун Сенат аъзолари расмий парламент делегациялари таркибида хорижий мамлакатларга юборилиши мумкин.

Расмий парламент делегацияларини хорижий мамлакатларга юбориш масаласи белгиланган тартибга мувофиқ Сенат Кенгаши томонидан кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикасининг расмий парламент делегациялари хорижий сафар якунлари бўйича Сенат Кенгашига ахборот тақдим этади.



34-модда. Сенат харажатларининг сметасини тасдиқлаш


Сенат, унинг органлари ва сенаторларнинг фаолияти билан боғлиқ харажатлар сметаси Сенат Раиси томонидан тасдиқланади.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                             И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2003 й., 19-сон, 168-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси", 2003 й, 9-10-сон, 137-модда