Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Фан /

Фан доктори илмий даражасини бериш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 08.06.2016 й. 2795-сон билан рўйхатга олинган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Раёсатининг 28.04.2016 й. 224/6-сон қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2016 йил 8 июнда 2795-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамаси

ҳузуридаги Олий аттестация

комиссияси Раёсатининг

2016 йил 28 апрелдаги

224/6-сон қарорига

ИЛОВА



Фан доктори илмий даражасини

бериш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги ҳамда "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида"ги қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 24 июлдаги ПФ-4456-сон "Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги Фармонига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 декабрдаги 365-сон "Олий ўқув юртидан кейинги таълим ҳамда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, фан доктори илмий даражасини бериш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


Илмий кенгаш - муайян фан тармоғининг (тармоқларининг) тегишли ихтисосликлари йўналишида илмий даража талабгорлари учун кўзда тутилган аттестация тадбирларини амалга оширишни ташкил этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси (бундан буён матнда ОАК деб юритилади) қарори билан етакчи олий таълим ёки илмий-тадқиқот муассасаси ҳузурида муайян муддат давомида жамоатчилик асосида фаолият кўрсатиш учун тузилган илмий-ташкилий тузилма;


изланувчи - олий ўқув юртидан кейинги таълим институтларида диссертация тадқиқотларини олиб бораётган шахс;


талабгор - диссертацияси ҳимоя учун Илмий кенгашда қабул қилинган ва аттестация йиғмажилди кўрилиш жараёнида бўлган шахс;


аттестация - олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш ва аттестацияси жараёнида, шу жумладан малакавий имтиҳонларни қабул қилиш, диссертация апробацияси (муҳокамаси) ва ҳимоясини ўтказиш ҳамда диссертацияни ОАКда экспертизадан ўтказиш асосида талабгорларнинг (изланувчиларнинг) назарий билим ва касбий тайёргарлик даражасини ҳамда диссертация сифати ва олинган натижаларининг янгилигини баҳолаш;


аттестация йиғмажилди - талабгорнинг илмий даражасини тасдиқлаш (нострификация қилиш) юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар тўплами;


диссертация - муаллиф томонидан шахсан олиб борилган, тадқиқот моҳияти тегишли талабларга жавоб берган, тугалланган ва мазмунан яхлит илмий иш сифатида илмий янгилиги ва амалий натижалари тизимли равишда асослаб берилган қўлёзма ҳуқуқига эга бўлган илмий асар;


диссертация автореферати - диссертация тадқиқоти юзасидан умумий маълумотлар келтирилиб, ишнинг илмий янгилиги ва амалий натижалари тизимли равишда умумлаштирилган ҳолда қисқача баён қилинган ҳамда нашр этилган ишлар юзасидан маълумотлар берилган ва тегишли тавсиялар асосида расмийлаштирилган қўлёзма ҳуқуқига эга бўлган илмий асар;


диссертация бажарилган муассаса - олий таълим ёки илмий-тадқиқот муассасаси кенгаши қарори билан диссертация мавзуси бўйича тадқиқот олиб бориш учун масъул муассаса (муассасалар) сифатида тасдиқланиб, "ОАK Бюллетени" журналида эълон қилинган ташкилот;


экспертиза - ҳужжатларнинг моҳияти ва амалга оширилган аттестация тадбирларининг тегишли қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини илмий ва меъёрий-техник жиҳатдан баҳолаш;


илмий маслаҳатчи - тегишли олий таълим ёки илмий-тадқиқот муассасаси кенгашининг қарори билан муайян изланувчига белгиланган тартибда илмий маслаҳатчи сифатида бириктирилган ва бу ҳақдаги маълумот "ОАK Бюллетени" журналида эълон қилинган мутахассис;


апелляция - фан доктори илмий даражасини бериш ёки уни беришни рад қилиш ёхуд илмий даражадан маҳрум этиш ёки уни тиклаш тўғрисидаги қарорлар юзасидан берилган мурожаат.


2. Фан доктори илмий даражаси қонун ҳужжатлари талабларига жавоб берган, муайян фан тармоғида чуқур касбий билимларга, илмий ютуқларга эга бўлган юксак маънавиятли шахсларга берилади.


3. Тиббиёт фанлари бўйича диссертация ҳимоя қилиш - тиббиёт соҳаси бўйича олий маълумотга, ветеринария фанлари бўйича диссертация ҳимоя қилиш - ветеринария соҳаси бўйича олий маълумотга, юридик фанлар бўйича диссертация ҳимоя қилиш - юриспруденция соҳаси бўйича олий маълумотга эга бўлган шахсларга рухсат этилади.

Диссертация изланувчи ўтказган тадқиқотлар ва эълон қилган илмий ишлар асосида тайёрланади.

Диссертацияни расмийлаштириш ва уни ҳимоя қилиш изланувчининг танлови бўйича ўзбек, рус, қорақалпоқ ва инглиз тилларида ёки ОАК билан келишилган ҳолда бошқа тилда амалга оширилади.

Талабгор, илмий маслаҳатчи, диссертация бажарилган муассаса ва Илмий кенгаш тадқиқотнинг мақсад ва вазифаларини аниқ белгилаш ҳамда диссертация ва диссертация авторефератининг мазмуни учун масъулдир.


4. Тегишли малакавий имтиҳонларини топширган изланувчилар диссертацияни ҳимоя қилишга қўйилади.


5. Фан ва технологияларни ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилиш ва ижтимоий соҳалар тараққиётига улкан ҳисса қўшган йирик ихтиро муаллифига Интеллектуал мулк агентлиги, тегишли вазирлик ва идоралар хулосаларига кўра Илмий кенгаш тақдимномаси асосида ОАK Раёсати қарори билан, истисно тариқасида, диссертация ҳимоясисиз фан доктори илмий даражаси берилиши мумкин.

Ёпиқ мавзулар бўйича диссертация ҳимоясини ташкил этиш ва фан доктори илмий даражасини бериш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


6. Талабгор ўз диссертациясини илмий жамоатчилик олдида ҳимоя қилганидан кейин Илмий кенгашнинг фан доктори илмий даражасини бериш тўғрисидаги қарори ОАКнинг тегишли эксперт кенгашининг (бундан буён матнда эксперт кенгаши деб юритилади) тавсияси инобатга олинган ҳолда ОАК Раёсати томонидан тасдиқланади.


7. Фан доктори илмий даражасига эга бўлган шахсларга давлат намунасидаги фан доктори дипломи берилади.



2-БОБ. ДИССЕРТАЦИЯГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


8. Фан доктори илмий даражасини олиш учун тақдим этилган диссертация юқори малакали илмий иш бўлиши, унда муаллиф томонидан ўтказилган тадқиқотлар ва яратилган ишланмалар асосида муҳим ижтимоий-иқтисодий ва долзарб илмий ёки амалий муаммолар ҳал этилиши ёки илм-фан тегишли тармоғининг истиқболли йўналишини ривожлантириш учун муайян ютуқ сифатида баҳоланадиган янги назарий қоидалар комплекси ишлаб чиқилган бўлиши ёки жорий этилиши илм-фан, техника, ижтимоий-сиёсий соҳа ёки иқтисодиёт тармоғининг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшадиган ечимлар ишлаб чиқилган бўлиши керак.


9. Диссертация талабгор томонидан шахсан тайёрланган, ошкора ҳимоя учун илмий жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилаётган янги илмий ҳолатлар ва амалий натижаларнинг мажмуини ўз ичига олган, моҳияти жиҳатидан ички бирликка эга, мазмунан яхлит ва тугалланган бўлиши ҳамда талабгорнинг шахсан фанга қўшган ҳиссасини акс эттириши лозим.


10. Назарий аҳамиятга молик диссертацияда олинган илмий хулосалардан фанда фойдаланилганлиги, амалий аҳамиятга молик диссертацияда эса, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг долзарб муаммолари ечимлари ҳамда илмий натижаларидан амалиётда фойдаланилганлиги, фойдаланиши мумкинлиги тўғрисида маълумотлар акс эттирилиши лозим.

Диссертация натижаларининг фанга, амалиётга татбиқ этилганлиги, ташкилотлар томонидан жорий этиш учун қабул қилинганлиги юзасидан асосли ҳужжатлар Илмий кенгашда муҳокама этилиб, аттестация йиғмажилдига илова қилинади. Ушбу ҳужжатлар ташкилотларнинг илмий-техникавий кенгашлари томонидан кўриб чиқилган, маъқулланган ва уларнинг раҳбарияти томонидан тасдиқланган бўлиши керак.


11. Илмий маъруза шаклидаги диссертация талабгор мунтазам бажарган илмий ишлар ва асарларда эълон қилинган, ушбу фан тармоғининг мутахассисларига маълум бўлган фан ва амалиёт учун катта аҳамиятга молик натижаларнинг қисқача умумлаштирилган баёнидан иборат бўлади.

Илмий ишнинг аҳамияти, илмий маъруза шаклида диссертацияни ҳимоя қилишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги хулоса талабгорнинг асосий тадқиқотлари ўтказилган муассаса томонидан берилади. Илмий маъруза шаклидаги диссертацияни ҳимоя қилиш учун ОАK Раёсатининг рухсати бўлиши зарур.


12. Диссертация мавзуси республика фан ва технологиялари ривожланишининг устувор йўналишлари билан боғлиқ ҳамда жаҳон илмий-технологик тараққиёти тенденцияларига мувофиқ долзарб бўлиши лозим.

Диссертация мавзуси олий таълим ёки илмий-тадқиқот муассасаси кенгаши томонидан тасдиқланади.

Диссертация мавзуси тасдиқланганидан сўнг, уни рўйхатга олиш ва "OAK Бюллетени" журналида эълон қилиш учун тегишли маълумот ОАКга юборилади.

Диссертация ҳимояга қабул қилингунга қадар унинг мавзусига ўзгартиришлар киритилиши мумкин.


13. Диссертация кириш қисми, камида тўртта боб, асосий хулосалар ва фойдаланилган адабиётлар рўйхатидан иборат бўлган шаклда расмийлаштирилади.

Диссертациянинг матни 200 саҳифадан ошмаслиги керак. Ижтимоий-гуманитар фанлар соҳасидаги диссертация ҳажми кўпи билан 30 фоизга оширилиши мумкин.

Диссертациянинг титул варағи ва диссертация автореферати муқовасининг орқа томонида битта илмий маслаҳатчи кўрсатилади. Зарур ҳолларда, ОАK рухсати билан иккинчи илмий маслаҳатчи ҳам кўрсатилиши мумкин, ихтисосликлар туташлигида бажарилган диссертациялар учун ОАК рухсати талаб этилмайди.

Илмий кенгаш томонидан диссертация ҳимояга қабул қилинганидан сўнг диссертацияга ўзгартиришлар киритилиши мумкин эмас.


14. Диссертация тадқиқотида замонавий талабларга жавоб берган адабиётлардан фойдаланиш тавсия этилади.

Диссертацияда фойдаланилган адабиётлар рўйхати, талабгорнинг хоҳишига кўра, алифбо, систематик ёки матнда ҳавола қилиниши кетма-кетлиги тарзида келтирилади. Фойдаланилмаган ва ҳавола қилинмаган адабиётларни рўйхатга киритиш тақиқланади.


15. Диссертацияда фойдаланилган материалларнинг манбаси, уларнинг муаллифи ва номи тўлиқ кўрсатилиши, шунингдек ҳаммуаллифларнинг ғоя ёки ишланмаларидан фойдаланилган тақдирда, диссертация ва диссертация авторефератида бу ҳақда қайд этилиши шарт.

Талабгор ҳаммуаллифликда яратилган (ёзилган) илмий ишидаги фақат ўзининг ҳиссасини диссертациясига киритиши мумкин.

Ўзганинг материалидан унинг муаллифи ва манбасини кўрсатмасдан фойдаланилган ҳолларда диссертация у қайси босқичда кўрилаётган бўлишидан қатъи назар, муҳокамадан олиб ташланади ва талабгор ушбу мавзу бўйича диссертацияни қайта ҳимоя қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилади.



3-БОБ. ДИССЕРТАЦИЯ МАВЗУСИ БЎЙИЧА

ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН ИЛМИЙ ИШЛАРГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


16. Эълон қилинган илмий ишлар диссертациянинг илмий янгилигини акс эттириши керак. Диссертация натижалари халқаро ва республика доирасида ўтказилган илмий конференцияларда, семинарларда, давра суҳбатларида апробациядан (муҳокамадан) ўтказилиши шарт.

Диссертациянинг асосий илмий натижалари даврий илмий нашрларда эълон қилиниши лозим. Диссертация бўйича эълон қилинган илмий ишларнинг умумий сони 15 тадан кам бўлмаслиги ва улардан камида 10 таси ОАKнинг докторлик диссертацияларининг асосий илмий натижаларини эълон қилиш учун тавсия этиладиган етакчи илмий журналлар ва нашрлар, шу жумладан электрон илмий-техник журналлар рўйхатига (бундан буён матнда Рўйхат деб юритилади) киритилган илмий нашрларда эълон қилинган бўлиши керак.

Ижтимоий-гуманитар ва иқтисодий фанлар бўйича диссертация натижалари бўйича монография эълон қилиниши керак.


17. Диссертация мавзуси бўйича камида 2 та мақола тегишли фан тармоғи ривожланган хорижий мамлакатларнинг Рўйхатга киритилган нуфузли ихтисослашган илмий журналларида, шунингдек 2 та материал (мақола, маъруза ёки маъруза тезиси) халқаро илмий-амалий конференция материалларида, шундан 1 таси хорижий мамлакатларда ўтказилган конференция материаллари тўпламида эълон қилинган бўлиши шарт.


18. Изланувчи томонидан эълон қилинган мақолалар сони мазкур Низомнинг 16 ва 17-бандларида назарда тутилган талабларга жавоб бермаган, лекин диссертация юксак илмий ёки амалий аҳамиятга эга бўлган ҳолларда унинг ҳимояси масаласи, истисно тариқасида, ОАK Раёсати томонидан ҳал қилинади.


19. Интеллектуал мулк объектларига бўлган муҳофаза (эгалик) ҳужжатлари (патент), препринтлар, илмий хариталар, илмий анжуман, конференция, симпозиум ва семинарларда қилинган маърузаларнинг эълон қилинган тезислари, корхоналар қуриш, уларни кенгайтириш, модернизация қилиш ҳамда техник ва технологик қайта жиҳозлаш лойиҳаларининг технологик қисмлари ҳам диссертациянинг илмий натижаларини акс эттирувчи эълон қилинган илмий ишлар жумласига киради.

Диссертация мавзуси бўйича интеллектуал мулк объектларига бўлган муҳофаза (эгалик) ҳужжатлари (патентлар) Рўйхатга киритилган ва шу фан тармоғи ривожланган хорижий мамлакатларнинг ихтисослашган илмий нашрларида эълон қилинган мақолалар сифатида ҳисобланади.

Олий таълим ёки илмий-тадқиқот муассасаси кенгаши қарори билан чоп этилган ва камида олти босма табоқ ҳажмдан иборат бўлган якка муаллифликдаги монография Рўйхатга киритилган миллий илмий нашрда эълон қилинган 3 та мақола сифатида ҳисобланади, ижтимоий-гуманитар ва иқтисодий фанлар бўйича диссертация натижалари юзасидан талаб бўйича эълон қилинган монография бундан мустасно.

Ўқув адабиётлари, шу жумладан дарсликлар диссертация натижаларини акс эттирадиган эълон қилинган илмий ишлар жумласига кирмайди.


20. Талабгор томонидан диссертация бўйича автореферат тайёрланади. Диссертация авторефератида илмий ишлар рўйхати қуйидаги тартибда келтирилади:

биринчи бўлимда - Рўйхатга киритилган илмий нашрларда чоп этилган илмий ишлар ҳамда интеллектуал мулк объектларига бўлган муҳофаза (эгалик) ҳужжатлари (патент);

иккинчи бўлимда - диссертация мавзуси бўйича нашр этилган бошқа илмий ишлар.


21. Диссертация авторефератида келтирилган барча илмий ишлар диссертация мавзусига мувофиқ бўлиши керак.

Диссертация ва диссертация авторефератида келтирилган илмий ишларнинг нашр қилинганлигига оид маълумотлар акс эттирилиши, шу жумладан барча муаллифлар тўлиқ ёзилиши ва мақолалар эълон қилинган журнал ёки тўпламларнинг саҳифалари аниқ кўрсатилиши лозим.

Нашрга топширилган, лекин эълон қилинмаган ишлар диссертация ва диссертация авторефератида келтирилиши мумкин эмас.


22. Агар изланувчининг мақолалари ҳаммуаллифликда ёзилган бўлса, у ҳар бир ҳаммуаллифнинг ҳиссасини холис акс эттириши лозим ва мақолалардаги илмий натижалар ҳаммуаллифга тегишли бўлса, уларни ўз диссертациясида қисман ёки тўла фойдаланиш учун ҳаммуаллифларнинг ёзма равишда билдирган розилигини олиши зарур.


23. ОАКга талабгорнинг асосий илмий ишлари нусхалари юборилади.



4-БОБ. ДИССЕРТАЦИЯ БАЖАРИЛГАН МУАССАСАДА

ДИССЕРТАЦИЯНИ ДАСТЛАБКИ ЭКСПЕРТИЗАДАН

ЎТКАЗИШ


24. Изланувчи тайёрлаган диссертациясини дастлабки экспертизадан ўтказиш учун диссертация бажарилган муассаса раҳбари номига ариза билан мурожаат қилади. Муассаса раҳбари диссертацияни ушбу муассасанинг ёки диссертация ихтисослиги бўйича илмий ишлар бажарилаётган бошқа муассаса(лар)нинг тегишли кафедра, бўлим, лаборатория ёки кафедралараро, лабораториялараро бирлашган илмий (илмий-техник) семинарига дастлабки экспертизага юборади.


25. Диссертация бажарилган муассаса томонидан диссертациянинг дастлабки экспертизаси юзасидан хулоса берилади. Хулоса илмий семинар баённомасидан кенгайтирилган батафсил кўчирма шаклида расмийлаштирилади, илмий семинар раиси ва илмий котиби томонидан имзоланади ҳамда муассаса раҳбари томонидан тасдиқланиб, муассасанинг гербли муҳри қўйилади. Хулосада диссертация натижаларини олишда изланувчининг шахсий иштироки, ўтказилган тадқиқот натижаларининг қай даражада тўғрилиги, янгилиги ва амалий аҳамияти, диссертация мавзусининг ихтисосликка мослиги, диссертация материалларининг изланувчи эълон қилган илмий ишларда нечоғлиқ тўлиқ баён этилганлиги ўз ифодасини топиши лозим.


26. Хулоса диссертация дастлабки экспертиза учун топширилган кундан эътиборан 2 ой ичида изланувчига берилади. Диссертация бажарилган муассаса раҳбари хулосанинг сифати, холислиги ва ўз вақтида тайёрланиши учун масъулдир.


27. Изланувчи диссертациясини ўз хоҳиши билан илмий семинарларга мустақил равишда мурожаат қилган ҳолда дастлабки экспертизадан ўтказиши мумкин.


28. Диссертация бажарилган муассаса раҳбари дастлабки экспертиза натижаларидан қониқмаган тақдирда, диссертацияни қўшимча равишда экспертизага юбориши мумкин.


29. Изланувчи Ўзбекистон Республикасида бажарилган илмий-тадқиқот ишлари асосида тайёрланган диссертацияни хорижий давлатда ҳимоя қилмоқчи бўлган тақдирда, ОАКдан белгиланган тартибда рухсат олиши лозим.



5-БОБ. ДИССЕРТАЦИЯНИ ҲИМОЯГА ТАҚДИМ ЭТИШ


30. Диссертация бажарилган муассасада диссертация дастлабки экспертизадан муваффақиятли ўтганидан сўнг уни кўриб чиқиш учун муассаса раҳбарининг кузатув хати билан тегишли Илмий кенгашга юборилади.

Диссертация ихтисослиги ёки тегишли фан тармоғи бўйича Илмий кенгаш бўлмаган тақдирда, диссертация бажарилган муассаса диссертацияни дастлабки экспертизадан ўтказиб, диссертация ихтисослигига яқин келувчи Илмий кенгашга, бундай Илмий кенгаш бўлмаганда эса, тўғридан-тўғри ОАКга Бир марталик илмий кенгаш тузишни сўраб мурожаат қилади.


31. Олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарларига ўзлари ишлаётган жойда тузилган Илмий кенгашларда, вазирлик ва идораларнинг раҳбарларига ўз ташкилотларига қарашли муассасаларда тузилган Илмий кенгашларда диссертация ҳимоя қилишига рухсат берилмайди. Бунда уларнинг диссертация ҳимоя қилиши билан боғлиқ масалалар ОАК томонидан ҳал этилади.

ОАK аппарати ходимлари ОАК раҳбарияти рухсати билан диссертацияларини ҳимоя қилади.



6-БОБ. ДИССЕРТАЦИЯНИ ҚАЙТА ҲИМОЯ ҚИЛИШ


32. Талабгор диссертацияни кўриб чиқиш жараёнининг ҳар қандай босқичида Илмий кенгашда яширин овоз беришдан олдин, ОАКда эса, Илмий кенгашнинг фан доктори илмий даражасини бериш тўғрисидаги қарори тасдиқланишидан олдин диссертациясини муҳокамадан олишга ҳақлидир.

Илмий кенгаш ёки ОАКнинг диссертацияни муҳокамадан олиш тўғрисидаги қарори талабгорнинг ёзма аризаси асосида қабул қилинади.


33. Диссертация талабгорнинг ёзма аризасига асосан муҳокамадан олинганда, у қайта ишланган ҳолда такроран ҳимояга тақдим этилиши мумкин.


34. Талабгор ўз диссертациясини муҳокама қилмасликни сўраб, Илмий кенгашга ёзма ариза берган тақдирда, Илмий кенгаш раиси илмий котибга талабгор томонидан топширилган ҳужжатларни қайтаришга кўрсатма беради. Бунда талабгорнинг аризаси ҳамда диссертация билан диссертация авторефератининг 1 нусхаси Илмий кенгашда қолади. Диссертацияни ҳимоя қилиш пайтида тайёрланган ҳужжатлар ҳам Илмий кенгашда қолади ва улар сўровнома асосида ҳимоя қайта ўтадиган жойга юборилиши мумкин.


35. Диссертация ҳимояси натижалари бўйича Илмий кенгаш салбий қарор қабул қилган тақдирда, талабгорнинг олий маълумот ҳақидаги дипломи нусхаси, малакавий имтиҳонларни топширганлиги ҳақидаги гувоҳномалар, илмий ишларнинг нусхалари ва диссертация талабгорга қайтариб берилади. Бунда диссертация муассасанинг Ахборот-ресурс маркази фондидан олиб қўйилади ва диссертация бажарилган муассаса архивида сақланади.

Диссертация бўйича берилган тақризлар, диссертация автореферати, мажлис стенограммаси, объектив-маълумотнома, диссертация бажарилган муассасанинг хулосаси ҳамда овоз бериш натижалари Илмий кенгашда қолади ва сўровнома асосида ҳимоя қайта ўтадиган жойга юборилиши мумкин.

Илмий кенгаш қабул қилган салбий қарори ҳақида диссертация ҳимоя қилинган кундан эътиборан 10 кун ичида ОАКни ёзма равишда хабардор қилади. Бунда ОАКга диссертация автореферати ва Илмий кенгаш мажлисининг стенограммаси юборилади.


36. Диссертация ҳимояси натижалари юзасидан Илмий кенгашнинг қарори салбий бўлганда ёки ОАK Раёсати томонидан салбий қарор қабул қилинганда, қарор қабул қилингандан кейин камида 6 ой ўтгач, диссертация қайта ишланган ҳолда такроран ҳимояга тақдим этилиши мумкин.

Диссертация қайта ҳимоя қилиш учун тақдим этилганида, аввалги етакчи ташкилот ва расмий оппонентлар алмаштирилиши мумкин.



7-БОБ. ОАКДА АТТЕСТАЦИЯ

ЙИҒМАЖИЛДИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ


37. Аттестация йиғмажилди, шу жумладан диссертация ОАКнинг тегишли бўлимлари томонидан қабул қилиб олинади ва экспертизадан ўтказиш учун эксперт кенгашига тақдим этилади.


38. Илмий кенгаш диссертация ҳимоясини ўтказишда мазкур Низом талабларини бузган бўлса, ОАK раҳбарияти Тартиб-қоида комиссиясининг қарорига асосан аттестация йиғмажилдини кўриб чиқишни тўхтатади ва мазкур диссертация ҳимояси Илмий кенгаш томонидан қайта ўтказилади.


39. Эксперт кенгаши аттестация йиғмажилди, шу жумладан диссертацияни илмий экспертизадан ўтказиб тегишли қарор қабул қилади ва ушбу қарор ОАК Раёсатининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилади.


40. ОАK Раёсати аттестация йиғмажилди бўйича эксперт кенгаши қарорини асосли деб топмаса, масалани қайта кўриб чиқиш учун эксперт кенгашига қайтаради.


41. Аттестация йиғмажилдини ОАКда кўриб чиқиш муддати, қоида тариқасида, 3 ойдан ошмаслиги керак. Илмий экспертизадан ўтказиш батафсил ўрганиб чиқишни талаб қиладиган ҳолларда, ОАК Раёсатининг қарори билан аттестация йиғмажилдини кўриб чиқиш муддати 2 ойгача узайтирилиши мумкин.


42. Аттестация йиғмажилдини ОАКда кўриб чиқиш жараёнида унда аниқланган хато ва камчиликларни тузатишга йўл қўйилмайди.


43. ОАК Раёсати эксперт кенгашининг хулосасига асосан Илмий кенгашнинг фан доктори илмий даражасини бериш тўғрисидаги қарорини тасдиқлайди ёки рад қилади.


44. Фан доктори илмий даражаси берилган шахснинг диссертацияси, диссертация автореферати ва уларнинг электрон шакли ОАК томонидан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига топширилади.



8-БОБ. ДИПЛОМЛАРНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА БЕРИШ


45. ОАK Раёсатининг фан доктори илмий даражасини бериш тўғрисидаги Илмий кенгаш қарорини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради ва талабгорга 20 кун ичида фан доктори дипломи расмийлаштириб берилади.


46. Илмий даражани тасдиқловчи диплом йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда, ОАК томонидан манфаатдор шахс аризасига мувофиқ унинг дубликати берилади. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

фуқаролик паспортининг нусхаси;

ҳужжат йўқолганлиги тўғрисида республика марказий газетасида берилган эълон нусхаси (агар йўқолган бўлса);

топилмалар бюросининг тегишли маълумотномаси (агар йўқолган бўлса).


47. Илмий даража берилган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми ўзгарган тақдирда, дипломнинг дубликати берилади.



9-БОБ. ИЛМИЙ ДАРАЖАДАН МАҲРУМ

ЭТИШ ЁКИ УНИ ТИКЛАШ


48. Кўчирмачилик, сохта ҳужжатлар тақдим этилганлик, диссертациянинг экспертизаси нохолис ўтказилганлиги каби ҳолатлар аниқланган тақдирда, Илмий кенгаш хулосаси ва эксперт кенгаши қарорига асосан, илмий даражага эга бўлган шахслар ОАК Раёсати томонидан илмий даражадан маҳрум этилиши мумкин.

ОАK Раёсатининг фан доктори илмий даражасини бериш тўғрисидаги Илмий кенгаш қарорини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори қабул қилингандан кейин 10 йил ўтган бўлса, илмий даражадан маҳрум этиш масаласи кўриб чиқилмайди.


49. Илмий кенгашнинг фан доктори илмий даражасидан маҳрум этиш, маҳрум этмаслик ёки уни тиклаш бўйича хулосаси эксперт кенгаши томонидан кўриб чиқилади.


50. Эксперт кенгашининг тегишли қарори ОАК Раёсати томонидан кўриб чиқилади ва шахсни фан доктори илмий даражасидан маҳрум этиш ёки маҳрум этмаслик ёхуд уни тиклаш тўғрисида қарор қабул қилади.



10-БОБ. АПЕЛЛЯЦИЯНИ КЎРИБ ЧИҚИШ


51. Манфаатдор шахслар Илмий кенгашнинг фан доктори илмий даражасини бериш ёки беришни рад этиш тўғрисидаги қарори юзасидан Илмий кенгашга ёки ОАКга апелляция бериши мумкин.

Манфаатдор шахслар фан доктори илмий даражасини бериш ёки беришни рад қилиш, хорижий давлатлар олий аттестация органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб ва ишлаб турган хорижий фуқароларга берилган илмий даражалар ҳақидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш (эквивалентлигини қайд этиш) масалаларининг ОАКда кўриб чиқилиши бўйича ОАК Раёсати қарори юзасидан ОАКга апелляция бериши мумкин.

Апелляция тегишли қарор қабул қилинган кундан эътиборан 2 ой ичида берилади.


52. Апелляция Ўзбекистон Республикасининг "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонунида белгиланган тартиб ва муддатларда кўриб чиқилади.


53. Апелляция Илмий кенгаш томонидан Илмий кенгаш фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларига асосан белгиланган тартибда кўриб чиқилади.


54. ОАК Раёсати ва Илмий кенгаш қарорлари юзасидан берилган апелляция бўйича Илмий кенгаш хулосаси ОАК Тартиб-қоида комиссияси томонидан кўриб чиқилади. ОАК Тартиб-қоида комиссияси апелляцияни кўриб чиқишни эксперт кенгашига топшириши мумкин. Зарур ҳолларда, ОАКда мазкур масалани кўриб чиқишнинг аввалги босқичларида иштирок этмаган мутахассис-олимлардан иборат Апелляция комиссияси тузилади. Апелляция комиссияси ОАК Раёсати қарори билан камида 5 нафар аъзодан иборат таркибда тузилади.


55. ОАК Раёсати томонидан Тартиб-қоида комиссияси, эксперт кенгаши ёки Апелляция комиссияси хулосаси кўриб чиқилади ва апелляция бўйича якуний қарор қабул қилинади.


56. ОАК Раёсатининг апелляция бўйича қабул қилган якуний қарори дарҳол апелляция берган шахсларга, шунингдек, Илмий кенгашга юборилади.



11-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


57. Хорижий давлатларнинг олий аттестация органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб ва ишлаб турган чет эл фуқароларига берилган фан доктори илмий даражаси ҳақидаги ҳужжатлар ОАК томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 25 июлдаги 283-сон қарори билан тасдиқланган Хорижий давлатларда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ нострификация (қайта аттестациядан ўтказиш асосида тенглаштирилади) қилинади.


58. Хорижий давлатларда олинган фалсафа доктори (Ph.D) илмий даражасига эга бўлган ёки унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларга эга бўлган шахслар тўғрисидаги маълумотлар Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 25 августдаги 246-сон қарори билан тасдиқланган Хорижий давлатларда олинган фалсафа доктори (Ph.D) илмий даражасига эга бўлган ёки унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларга эга бўлган шахслар тўғрисидаги маълумотларни ҳисобга олиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатига асосан ОАКда ҳисобга олинади.


59. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Фанлар академияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ҳамда Интеллектуал мулк агентлиги билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 13 июнь, 23-сон, 276-модда













































Время: 0.1559
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск