ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Ўрта-махсус касбий таълим (академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари) /

Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 02.05.2016 й. 132-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2016 йил 2 майдаги

132-сон қарорига

1-ИЛОВА



Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими

муассасаларида соғлом овқатланишни

ташкил этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом ўқувчиларнинг тўлақонли соғлом овқатланишини ташкил этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, соғлиғини мустаҳкамлаш ва ўқув жараёнининг самарали ташкил этилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси "Таълим тўғрисида"ги, "Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида"ги қонунлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг "2015-2020 йиллар даврида Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлом овқатланишини таъминлаш Концепциясини ва чора-тадбирлар комплексини тасдиқлаш тўғрисида" 2015 йил 29 августдаги 251-сон қарорига мувофиқ умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида (кейинги ўринларда таълим муассасалари деб аталади) соғлом овқатланишни ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Таълим муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этиш уларнинг ошхона ва буфетларида (кейинги ўринларда ошхоналар деб аталади) санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ шарт-шароитлар яратилган ҳолда амалга оширилади.


3. Ушбу Низом давлат таълим муассасалари ҳудудида фаолият юритувчи ошхоналарга нисбатан татбиқ этилади.



II. ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИДА СОҒЛОМ

ОВҚАТЛАНИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШНИНГ

АСОСИЙ МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


4. Таълим муассасалари ўқувчиларининг соғлом камол топишини ва ўсишини таъминлаш, таълим муассасалари ошхоналарида таркибида зарарли моддалар бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилишни, истеъмол қилинганда ўқувчиларнинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатадиган таомларнинг тайёрланиши ва сотилишининг олдини олиш соғлом овқатланишни ташкил этишнинг асосий мақсади ҳисобланади.


5. Қуйидагилар таълим муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этишнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ўқувчиларнинг физиологик ёшига мувофиқ озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабларини инобатга олган ҳолда уларнинг рационал овқатланишини таъминлаш;

озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомларни ўқувчиларнинг соғлом ўсишида муҳим аҳамиятга эга бўлган зарур моддалар билан таъминлаш;

ўқувчиларда тана вазнининг меъёрдан ортишининг, организмда йод моддасининг танқислиги ва моддалар алмашинуви жараёни бузилишининг олдини олиш;

озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомларнинг хавфсизлиги ва сифатини кафолатлаш;

ўқувчиларда овқатланиш билан боғлиқ юқумли касалликларнинг кенг тарқалишига йўл қўймаслик;

ўқувчилар ўртасида соғлом овқатланиш кўникмаларини шакллантириш;

таълим муассасалари ошхоналарида сотилиши тақиқланган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар билан савдо қилишнинг олдини олиш;

ўқувчилар учун сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар тайёрлашга ҳамда уларнинг мақбул нархларда сотилишини таъминлаш;

озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомларни тайёрлашда ҳамда озиқ-овқат хом ашёсини сақлашда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига қатъий риоя этиш.



III. ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИДА СОҒЛОМ

ОВҚАТЛАНИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШГА

ҚЎЙИЛАДИГАН АСОСИЙ ТАЛАБЛАР


6. Таълим муассасаларида соғлом овқатланиш юридик шахс мақомига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари, якка тартибдаги тадбиркорлар (кейинги ўринларда талабгорлар деб аталади) ҳамда таълим муассасаси томонидан ташкил этилади.


7. Ўқувчилар учун соғлом овқатланиш таълим муассасаларининг ошхоналарида, белгиланган санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари ҳамда уларнинг хавфсиз овқатланишини ташкил этишга доир санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлари бажарилишига риоя қилган ҳолда амалга оширилади.


8. Таълим муассасалари ошхоналарида Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи томонидан тасдиқланадиган озиқ-овқат хом ашёлари турларидан озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар тайёрланади.


9. Таълим муассасаси ошхонаси ошпази:

сифатли озиқ-овқат маҳсулотларининг қабул қилиниши, уларнинг тўғри сақланиши ва меъёрлар асосида сарфланиши;

ошхонада санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига қатъий риоя этилиши;

Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи томонидан тасдиқланган озиқ-овқат маҳсулотларининг таркиби (рецептураси)ни белгиловчи намунавий рўйхатга асосан таомлар тайёрланиши учун масъул ҳисобланади.


10. Таълим муассасаларида ўқувчиларнинг соғлом овқатланишини ташкил этиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ҳамда Тошкент шаҳри халқ таълими бош бошқармаси, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармалари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари, таълим муассасалари раҳбарлари масъул ҳисобланади.


IV. ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИДА СОҒЛОМ

ОВҚАТЛАНИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


11. Соғлом овқатланишни ташкил этиш:

ўқувчилар сони 400 нафардан ортиқ бўлган таълим муассасаларида -юридик шахс мақомига эга бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан;

ўқувчилар сони 400 нафардан кам бўлган таълим муассасаларида - юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ёки таълим муассасалари томонидан амалга оширилади.


12. Таълим муассасалари ошхоналарида озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомларни тайёрлаш ўқувчиларнинг ёшларига мувофиқ равишда тузилган ҳафталик таомномалар асосида тайёрланади.


13. Таълим муассасалари ошхоналарида ҳафталик таомномалар Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи томонидан тасдиқланган озиқ-овқат маҳсулотларининг таркиби (рецептураси)ни белгиловчи намунавий рўйхатга асосан тузилади.


14. Таълим муассасалари ошхоналари фаолиятини ташкил этаётган талабгорлар ва таълим муассасаси ўз фаолиятини ўқувчиларнинг ота-оналари билан ҳамкорликда ташкил этади.

Улар томонидан ота-оналар йиғилишларида ўқувчиларнинг соғлом овқатланиши учун тайёрланаётган таомларнинг сифати ва овқатланишни ташкил этишда кўрсатиладиган хизматлар тўғрисида тақдимотлар ва кўргазмалар ўтказилади.


15. Таълим муассасалари ошхоналари ходимлари ошпазлик соҳаси бўйича тегишли билимга эга бўлиши ва ўз малакасини доимий равишда ошириб бориши зарур.


16. Таълим муассасалари ошхоналарининг фаолият кўрсатиш самарадорлиги ўқувчиларнинг овқатланишга жалб этилиши даражасига ҳамда таълим муассасаси маъмурияти томонидан ўқувчилар ва ота-оналар ўртасида ўтказиладиган сўровномалар натижаларига кўра аниқланади.



V. ТАНЛОВНИ ТАШКИЛ ЭТИШ, ЎТКАЗИШ ВА УНИНГ

НАТИЖАЛАРИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ


17. Таълим муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этиш ошхонани шартнома асосида ижарага бериш орқали амалга ошириладиган ҳолатларда ижарачи талабгорлар ўртасида ҳар бир ошхона бўйича алоҳида танлов ўтказиш йўли билан аниқланади.


18. Таълим муассасаларининг ошхоналарини ижарага бериш юзасидан буюртманомалари улар томонидан ҳар йили 1 июнга қадар тегишли туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаларига берилади.

19. Танловни ташкил этиш, ўтказиш ва ғолибларни аниқлаш тегишли туман (шаҳар) ҳокимларининг қарори билан ҳар йили 1 июнга қадар тасдиқланадиган умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ошхоналарини ижара бериш бўйича танлов комиссияси (кейинги ўринларда танлов комиссияси деб аталади) томонидан амалга оширилади.


20. Танлов комиссияси қуйидаги таркибда тузилади:

танлов комиссияси раиси - туман (шаҳар) ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари;

танлов комиссияси аъзолари - туман (шаҳар) ҳокимлигининг молия бўлими бошлиғи, туман (шаҳар) халқ таълими бўлими мудири ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаси вакили, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бўлими бошлиғи, "Давлат мулкини ижарага бериш маркази" давлат унитар корхонаси вакили;

танлов комиссияси котиби - туман (шаҳар) халқ таълими бўлимининг таълим муассасаларида овқатланишни ташкил этиш ишлари учун масъул ходими.

Заруриятга кўра танлов комиссияси таркибига қўшимча мутахассислар жалб этилиши мумкин.


21. Танлов комиссияси таркиби ҳар бир ўқув йили учун алоҳида тасдиқланади ва ўқув йили давомида фаолият кўрсатади.


22. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш қуйидаги босқичлардан иборат бўлади:

танлов ўтказилиши ҳақида оммавий ахборот воситаларида ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва таълим муассасаларининг расмий веб-сайтларида эълон қилиш;

ариза ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни қабул қилиш;

тушган танлов таклифларини баҳолаш, танлов ғолибини аниқлаш ва танлов натижаларини расмийлаштириш;

танлов ғолибларини эълон қилиш.


23. Танлов ўтказилиши ҳақида ҳар йили 10 июнга қадар оммавий ахборот воситаларида ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва таълим муассасаларининг расмий веб-сайтлари орқали эълон берилади.


24. Танлов ўтказилиши ҳақидаги эълонда қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

танлов комиссиясининг манзили, алоқа телефони ва электрон почта манзили;

ошхонаси танловга қўйилаётган таълим муассасаларининг рўйхати ва манзиллари;

танловни ўтказиш санаси, вақти, жойи ва шартлари;

аризаларни қабул қилишнинг охирги муддати (кун ва соат кўрсатилган ҳолда);

танлов ҳужжатларига доир маълумотларни олиш мумкин бўлган манзил.


25. Танловда давлат рўйхатидан ўтган, умумий овқатланиш бўйича камида олти ой давомида фаолият юритаётган, махсус моддий-техника базаси (замонавий технологик жиҳозлар), озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар тайёрлаш технологияси бўйича мутахассислари мавжуд бўлган талабгорлар иштирок этишлари мумкин.


26. Танловда иштирок этиш учун талабгорлар томонидан танлов комиссиясига ҳар йили 10 июль куни соат 18.00 га қадар ариза тақдим этилади.

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниб, талабгорлар томонидан муҳрланган (агар муҳр мавжуд бўлса) конвертда танлов комиссиясига тақдим этилади:

умумий овқатланишни ташкил этиш соҳасидаги фаолияти, иш тажрибаси тўғрисида маълумотнома;

махсус моддий-техника базаси ва озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш технологияси бўйича малакали мутахассислар мавжудлиги ҳақида маълумотнома;

бўш айланма маблағлари мавжудлиги тўғрисида банкнинг маълумотномаси;

талабгорнинг таълим муассасаси ошхонасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича истиқбол режаси ва таклифлари;

талабгор томонидан тасдиқланган мавсумий намунавий таомномалар.


27. Қуйидаги ҳолларда танлов комиссияси томонидан аризани қабул қилиш рад этилади:

ариза белгиланган муддатдан кечикиб топширилганда;

аризага илова қилинадиган ҳужжатлар муҳрланган (агар муҳр мавжуд бўлса) ва елимланган конвертда тақдим этилмаганда.

Аризаларни қабул қилишнинг бошқа асосларга кўра рад этилишига йўл қўйилмайди.


28. Танлов таълим муассасаларининг буюртманомалари асосида ҳар йили 1 августга қадар ўтказилади.

Буюртманома тақдим этмаган таълим муассасаларининг ошхоналарини ижарага бериш бўйича танлов ўтказилмайди.


29. Танлов комиссиясига танловда қатнашиш учун бирорта ҳам ариза тушмаган тақдирда, танлов комиссияси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳамда Молия вазирлигининг ҳудудий бошқармалари билан келишган ҳолда соғлом овқатланишни ташкил этишнинг ошхонаси ижарага бериладиган таълим муассасаси томонидан амалга оширилиши тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.


30. Танловда биринчи марта ғолиб деб эътироф этилган талабгорлар билан ижара шартномаси шу даврдаги ўқув йили учун тузилади.

Ижара шартномаси ва бошқа мажбуриятларни зарур даражада бажарган талабгорлар билан тузилган ижара шартномасининг муддати танлов ўтказмасдан танлов комиссияси қарорига асосан яна беш йилгача узайтирилиши мумкин.

Шартнома муддатини узайтириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилади.


31. Танлов комиссияси котиби томонидан қабул қилиниши белгиланган тартибда рад этилган ҳужжатлар тўплами рад қилиш сабаблари ёзма равишда кўрсатилган ҳолда талабгорга ёки унинг вакилига қайтарилади.


32. Талабгорларнинг аризалари саҳифалари рақамланган ҳамда ип ўтказилиб муҳрланган махсус журналда рўйхатдан ўтказилади.

Талабгорлар томонидан тақдим этилган конвертлар танлов кунигача очилмайди ва сейфда сақланади.


33. Танлов ҳужжатларининг танлов ўтгунга қадар сақланиши ва талабгорларга қайтарилиши учун танлов комиссияси раиси ва котиби масъул ҳисобланади.


34. Қуйидагилар танлов комиссиясининг вазифалари ҳисобланади:

таълим муассасаларининг буюртманомалари асосида ошхоналари ижарага бериладиган таълим муассасаларининг рўйхатини тузиш;

танловни ўтказиш санасини ва танлов шартларини белгилаш;

танлов ўтказилиши тўғрисидаги хабарни оммавий ахборот воситаларида ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва таълим муассасаларининг расмий веб-сайтларида эълон қилиш;

талабгорларга уларнинг сўровлари бўйича танлов ҳужжатлари рўйхатини тақдим этиш;

талабгорларнинг танловда қатнашиш учун берилган аризаларини рўйхатдан ўтказиш ҳамда улар ҳужжатларининг махфийлигини ва сақланишини таъминлаш;

талабгорларга таълим муассасаси ошхонаси билан танишиши учун шарт-шароитлар яратиш;

танлов таклифларини кўриб чиқиш ва ғолибларни аниқлаш.


35. Танлов комиссияси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз иш регламентини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

танлов ҳужжатларини тақдим этиш муддатларини ёки танлов ўтказиш санасини талабгорларни эълон орқали хабардор қилган ҳолда 10 кундан ортиқ бўлмаган муддатга узайтириш;

танлов санасини белгилаш ва танлов ғолибини аниқлаш;

танловга ариза фақат бир нафар талабгордан тушганда, ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, ижара шартномасини мазкур талабгор билан тузиш тўғрисида ижарага берувчига тавсия бериш;

Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари билан келишган ҳолда таълим муассасалари ошхоналарини ижарага беришда "ноль" ставкасини белгилаш.


36. Танлов комиссияси қуйидагиларга мажбур:

танлов ўтказиладиган санада комиссия аъзоларининг тўлиқ қатнашишини таъминлаш;

танлов ўтказиш жараёнини назорат қилиш;

талабларнинг ягоналигини ва танлов натижалари бўйича қарорлар қабул қилишнинг холисоналигини таъминлаш;

ушбу Низом, бошқа қонун ҳужжатлари талаблари бузилган, тил бириктириш ва танлов ўтказиш тартиб-қоидаларини бузадиган бошқа ҳолатлар аниқланган тақдирда танловни тўхтатиш;

талабгорларнинг ҳужжатлари ошкор этилмаслигини, шунингдек талабгорлар учун тенг шароитларни таъминлаш.


37. Қуйидагилар танлов комиссияси котибининг вазифалари ҳисобланади:

талабгорлар томонидан тақдим этилаётган аризани ва унга илова қилинаётган ҳужжатларни қабул қилиш;

ҳужжатларни қабул қилиш журналини юритиш ҳамда ҳужжатларни сақлаш;

ҳужжатлар белгиланган тартибда тақдим этилмаган ҳолларда уларни қабул қилишни рад этиш;

қабул қилинган ҳужжатларни танлов комиссиясига тақдим этиш;

танловни ташкил этиш, комиссия йиғилишлари тўғрисида комиссия аъзоларини хабардор қилиш;

танлов комиссияси мажлисининг баёнини расмийлаштириш ва унинг нусхасини белгиланган муддатларда талабгорларга, таълим муассасаси раҳбарларига ҳамда "Давлат мулкини ижарага бериш маркази" давлат унитар корхонасига тақдим этиш.


38. Танлов ҳужжатлари жойланган конвертлар танлов комиссияси томонидан танлов ўтказиладиган кунда, танлов аъзоларининг барчаси қатнашган тақдирда очилади ҳамда ўрганиш натижаларига кўра танлов ғолиби эълон қилинади.

Талабгорлар танлов ҳужжатлари жойланган конвертларни очишда иштирок этишлари мумкин.


39. Танлов комиссияси томонидан талабгорнинг ҳужжатлари қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:

иш тажрибаси (умумий овқатланиш соҳасидаги фаолияти);

мутахассисларининг малакаси (ошпазлик йўналишида ўрта махсус ва касб-ҳунар маълумоти, ошпазларнинг касб маҳорати бўйича белгиланган тартибда малака оширганлиги ва сертификатга эгалиги);

фаолиятини ташкил этишнинг талабгорнинг ўз маблағлари, шу жумладан кредит ресурслари ҳисобига молиялаштириш билан таъминланганлиги;

меҳнат ресурслари ва ташкил этиладиган иш ўринлари сони;

таълим муассасалари ошхонасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича киритилиши мўлжалланган технологик жиҳозлари рўйхати;

таомномаларнинг мавсумийлиги ва соғлом овқатланишни таъминлашга қаратилганлиги.


40. Танлов комиссияси томонидан энг яхши танлов ҳужжатини тақдим этган талабгор танлов ғолиби деб эътироф этилади.


41. Танлов ғолибини аниқлаш танлов комиссиясининг очиқ мажлисида қарор қабул қилиш йўли билан амалга оширилади.

Қарор танлов комиссияси аъзолари умумий сонининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда танлов комиссияси раиси ҳал қилувчи овозга эга бўлади.


42. Танлов натижалари конвертлар очилган санадан бошлаб уч календарь кундан ортиқ бўлмаган муддатда танлов комиссияси мажлисининг баёни билан расмийлаштирилади.

Комиссия мажлиси баёнида:

танлов комиссиясининг таркиби;

талабгорлар ва уларнинг таклифлари тўғрисидаги маълумотлар;

таълим муассасаси ошхонаси жойлашган жойнинг манзили;

танлов ғолиби;

овоз бериш натижалари ва танлов комиссияси аъзоларининг қарори;

ғолибни танлашга асос бўлган шартлар кўрсатилади.

Мажлис баёни танлов комиссиясининг барча аъзолари томонидан имзоланади ва танлов комиссияси раиси томонидан тасдиқланади.

Танлов комиссияси баёни танлов комиссияси котиби томонидан юритилади.


43. Танлов комиссияси котиби танлов якунлари бўйича қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида танлов ғолибини ва талабгорларни танлов натижалари тўғрисида хабардор қилади, уларга ўтказилган танлов натижалари тўғрисидаги тасдиқланган мажлис баёнини юборади.


44. Ўтказилган танлов натижалари тўғрисидаги мажлис баёни расмийлаштирилгандан сўнг бир иш куни мобайнида тегишли "Давлат мулкини ижарага бериш маркази" давлат унитар корхонасига ва тегишли таълим муассасасига ижара шартномаси тузиш учун тақдим этилади.


45. Танлов ғолиби ижара шартномасини тузишдан бош тортган ёки уни рад этган тақдирда, шунингдек ижарага олинмаган ёки ижара шартномаси бекор қилинган муассасалар учун танлов ушбу Низом талаблари асосида ўқув йили давомида ўтказилиши мумкин.


46. Таълим муассасалари ошхоналарининг ижара шартномаси "Давлат мулкини ижарага бериш маркази" давлат унитар корхонаси (ижарага берувчи), талабгор (ижарага олувчи) ва таълим муассасаси (балансда сақловчи) ўртасида қонун ҳужжатларига мувофиқ тузилади.

Ижара шартномасини бекор қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


47. Ижарага олувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

шартнома имзоланган вақтдан бошлаб ижарага берилган мулкни балансда сақловчидан талаб қилиш;

ижарага олинган бино ва иншоотнинг ички қисмида техник жиҳатдан жиҳозлаш ишларини амалга ошириш.


48. Ижарага олувчи қуйидагиларга мажбур:

таълим муассасасида ўқувчилар учун соғлом овқатланишни ташкил этиш;

соғлиқ учун зарарли бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар савдосига йўл қўймаслик;

таълим муассасасининг ижарага олинган ошхонасидан мақсадли ва тўғри фойдаланиш;

таълим муассасасининг ижарага олинган ошхонасини техник жиҳозлашдан олдин балансда сақловчининг ёзма розилигини олиш;

ижарага олинган мол-мулкни соз ҳолатда сақлаш, ўз ҳисобидан жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш ва мулкни сақлаш харажатларини қоплаш;

озиқ-овқат хом ашёси ва озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатли сақланишини таъминлаш;

таълим муассасасининг ижарага олинган ошхонасидан фойдаланишда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилиш;

ижара шартномаси бўйича олинган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш;

ижара шартномаси бўйича барча тўловларни ўз вақтида амалга ошириш (агар тўлов белгиланган бўлса);

ижара муддати тугагандан кейин давлат мулкини балансда сақловчига белгиланган тартибда топшириш.

Ижарага олувчи томонидан ушбу мажбуриятларнинг бузилиши қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ижара шартномасини бекор қилиш учун асос ҳисобланади.


49. Таълим муассасаси ошхонасида озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомларни тайёрлаш ҳамда сақлашда сарфланадиган газ, сув ва электр энергияси учун тўловлар алоҳида ўрнатиладиган ҳисоблагичларнинг кўрсаткичлари асосида, ижарага олувчи ҳисобидан қопланади.



VI. ТАЪЛИМ МУАССАСАСИ ТОМОНИДАН

СОҒЛОМ ОВҚАТЛАНИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


50. Таълим муассасалари ўзларининг бюджетдан ташқари маблағлари, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган ҳомийлик хайриялари, овқатланиш учун тўланадиган тўловлар (кейинги ўринларда ошхона маблағлари деб аталади) ҳисобидан ошхона фаолиятини ташкил этиши мумкин.


51. Таълим муассасаси ошхонасида озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомларни тайёрлашда ҳамда уларни сақлашда сарфланадиган газ, сув, электр энергияси учун тўловлар алоҳида ўрнатилган ҳисоблагичларнинг кўрсаткичларига мувофиқ ошхона маблағлари ҳисобидан қопланади.


52. Таълим муассасаси ошхонасида фаолият юритадиган ходимларга ҳақ тўлаш ошхона маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


53. Таълим муассасаси раҳбари томонидан ошхона ходимларига ҳақ тўлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомларни тайёрлаш учун сарфланадиган озиқ-овқат хом ашёлари қиймати, коммунал тўловлар ҳамда рентабелликни ҳисобга олган ҳолда таомлар калькуляцияси тасдиқланади.


54. Таълим муассасаси ошхонаси маблағларининг сарфланиши бўйича бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи таълим муассасасининг бухгалтерияси томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


55. Озиқ-овқат маҳсулотларини ошхона маблағлари ҳисобидан харид қилиш бўйича шартномалар таълим муассасаси раҳбари томонидан имзоланади.



VII. ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИДА

СОҒЛОМ ОВҚАТЛАНИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

МОНИТОРИНГИНИ АМАЛГА ОШИРИШ


56. Таълим муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этишда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари, Тошкент шаҳри халқ таълими бош бошқармаси, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармалари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ҳамда таълим муассасалари ваколатлари қуйидагилардан иборат:

таълим муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этиш юзасидан доимий мониторинг олиб бориш, жумладан ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ўртасида сўровномалар ўтказиш;

мониторинг натижаларини ҳар чоракда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармалари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари раҳбарлари ҳузуридаги йиғилишларда, таълим муассасаларининг педагогик кенгашларида муҳокама қилиб бориш;

тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органларига таълим муассасаларида сифатли ва хавфсиз овқатланишни ташкил этиш юзасидан таклифлар киритиш;

таълим муассасалари ошхоналарида санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари ҳамда санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар бажарилишига риоя қилишнинг бузилиши ҳолатларини бартараф этиш чораларини кўриш;

ўқувчиларнинг ҳаёти ва соғлиғига салбий таъсир кўрсатувчи озиқ-овқат маҳсулотлари ҳақида тушунтириш ишлари олиб бориш.


57. Таълим муассасаларида ошхоналарда тайёрланаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар сифатини ўрганиш бўйича комиссиялар (кейинги ўринларда комиссия деб аталади) ташкил этилади.

Комиссия таркиби таълим муассасасига бириктирилган ҳамшира, таълим муассасасининг соғлом овқатланишни ташкил этиш масалалари учун масъул ходими ва ўқувчилар ота-оналарининг вакилларидан иборат бўлади.

Комиссия таълим муассасаси ошхонасида тайёрланаётган таомлар сифатини доимий равишда ўрганиб боради. Ўрганиш натижалари алоҳида юритиладиган махсус журналда қайд этилади.


58. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар, таълим муассасаси ошхоналаридаги мавжуд технологик жиҳозларнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари ҳамда санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар бажарилишига риоя қилиш, озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар сифати юзасидан назорат ишлари олиб борилади.

Олиб борилган назорат ишлари ҳар чоракда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармалари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари, шунингдек таълим муассасалари билан биргаликда муҳокама қилинади ва тегишли тадбирлар белгиланади.


VIII. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


59. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 10 май, 18-сон, 193-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2016 йил, 4-сон, 32-модда




































Время: 0.0247
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск