язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Божхона қонунчилиги/ Алоҳида турдаги товарлар ва транспорт воситаларини олиб кириш ва олиб чиқиш, жойини ўзгартириш/ Бошқа турдаги товарларни олиб чиқиш ва олиб кириш/ Дори воситалари ва тиббий буюмларни жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун олиб кириш ҳамда олиб чиқиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 08.06.2016 й. 191-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2016 йил 8 июндаги

191-сон қарорига

ИЛОВА



Дори воситалари ва тиббий буюмларни жисмоний

шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун олиб

кириш ҳамда олиб чиқиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида", "Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тартибини, шунингдек уларнинг муомалада бўлиши юзасидан назоратни такомиллаштириш тўғрисида" 2015 йил 12 ноябрдаги 330-сон қарорига мувофиқ дори воситалари, шу жумладан гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ва тиббий буюмлар шахсий фойдаланиш учун жисмоний шахслар томонидан олиб кирилиши ва олиб чиқилиши тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


дори воситалари - касалликлар профилактикаси, уларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш, шунингдек одам организмининг ҳолати ва функцияларини ўзгартириш учун тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори моддалари (субстанциялар) ва ёрдамчи моддалар асосида олинган воситалар, дори моддалари (субстанциялар), дори препаратлари;


шахсий фойдаланиш учун товарлар - божхона чегараси орқали ўтадиган жисмоний шахсларнинг эҳтиёжлари учун шахсий, оилавий, уй эҳтиёжлари ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган бошқа эҳтиёжлар учун мўлжалланган товарлар;


тиббий буюмлар - касалликлар профилактикаси, уларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш учун, шунингдек одам организмининг ҳолати ва функцияларини ўзгартириш учун тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган буюмлар;


дори препаратлари - дозаланган, идишга жойланган-ўралган, қўллашга тайёр дори воситалари;


шахсий фойдаланиш учун дори воситалари ва тиббий буюмларни олиб кириш, олиб чиқиш - дори воситалари ва тиббий буюмларни, шу жумладан гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни бошқа давлат ҳудудидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан бошқа давлат ҳудудига олиб ўтиш;


гомеопатик дори воситалари - бир - ёки кўп компонентли - ҳар хил дори шакллари тарзидаги махсус технология бўйича ишлаб чиқариладиган перорал, инъекцияли ёки маҳаллий қўллаш учун мўлжалланган, қоидага кўра, таркибида актив бирикмалар микродозаси мавжуд бўлган препаратлар;


эритма - ички ва ташқи қўллаш учун, шунингдек инъекциялар учун фойдаланиладиган суюқ, қаттиқ ёки газсимон моддаларни тегишли эритгичда эритиш йўли билан олинадиган суюқ дори шакли;


инфузион эритмалар - организмга қон томирлари орқали юбориш учун мўлжалланган суюқ эритмалар;


инъекциялар учун эритмалар - тегишли эритгичдаги дори воситаларининг стерилланган сувли ва (ёки) сувли бўлмаган эритмалари;


ташқи дорилар - малҳам дори, эмульсия, линиментлар, лосьонлар, желелар, геллар, кўпиклар, пасталар, эритмалар, аралашмалар, кукунлар, дамламалар, аэрозоллар ва ташқи қўллаш учун мўлжалланган дориларнинг бошқа шакллари.



II. ДОРИ ВОСИТАЛАРИ ВА ТИББИЙ БУЮМЛАРНИ

ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАР ТОМОНИДАН ШАХСИЙ

ФОЙДАЛАНИШ УЧУН ОЛИБ КИРИШ

ВА ОЛИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


3. Дори воситаларини ва тиббий буюмларни қуйидаги ҳолларда давлат рўйхатидан ўтказмасдан ҳамда божхона расмийлаштирувисиз олиб кириш ва олиб чиқишга рухсат берилади, агар улар:

мамлакатда бўлиш даврида жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун мўлжалланган бўлса;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ҳудудидан ташқарида яшаб турган беморни даволаш-профилактика муассасаси томонидан тасдиқланган тиббий кўрсатма асосида, даволаш курси доирасида даволаш учун мўлжалланган бўлса;

дипломатик ваколатхоналарнинг ва уларга тенглаштирилган ваколатхоналарнинг дипломатик ҳамда маъмурий-техник ходимлари, шу жумладан улар билан бирга яшаб турган оила аъзоларининг шахсий фойдаланиши учун мўлжалланган бўлса;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келаётган ёки унинг ҳудудидан чиқиб кетаётган транспорт воситасининг йўловчиларига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланган ва тиббий дорилар қутичаси таркибига киритилган бўлса;

Ўзбекистон Республикасида ва унинг ташқарисида ўтказиладиган халқаро илмий, маданий, спорт тадбирлари иштирокчиларини ҳамда халқаро экспедициялар иштирокчиларини даволаш учун мўлжалланган бўлса.


4. Ушбу Низомнинг 3-бандида назарда тутилган ҳолларда дори воситалари ва тиббий буюмлар жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун олиб кирилиши ва олиб чиқилишида фақат кўрсатиб ўтилган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун фойдаланилиши ва сотиш учун бошқа шахсларга берилмаслиги керак.


5. Яшаш ёки бўлиш мамлакати тиббиёт муассасаси томонидан берилган ҳужжат тақдим этилмасдан қуйидагилар жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун олиб кирилади ва олиб чиқилади:

турли номдаги 10 тагача дори препаратларидан иборат дори воситалари ва уларнинг ҳар бири учун 5 ўрамдан ортиқ бўлмаган дори воситалари;

5 бирликдан ортиқ бўлмаган тиббий буюмлар.

Бунда бир ўрамда:

қаттиқ (таблеткалар, дражелар, гранулалар, кукунлар, капсулалар) дори шакллари учун - 100 бирликдан ортиқ эмас;

эритма тайёрлаш учун қўлланиладиган кукунлар учун - 500 граммдан ортиқ эмас;

гранула шаклдаги гомеопатик дори воситалари учун - 50 граммдан ортиқ эмас;

инфузион эритмалар ва орал (оғиз орқали) қўлланиладиган эритмалар учун - 500 миллилитрдан ортиқ эмас;

инъекциялар учун эритмалар - 10 ампуладан ёки 10 флакондан ортиқ эмас;

ташқи дорилар учун - 200 миллилитрдан ёки 200 граммдан ортиқ эмас.

Дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарувчининг ўрамида бўлиши керак.


6. Дори воситаларини ушбу Низомнинг 5-бандида кўрсатилганидан ортиқ миқдорда олиб кириш ва олиб чиқишда жисмоний шахслар божхона органларига бўлиш ёки яшаш мамлакатининг тиббиёт муассасасидан унинг шахсий фойдаланиши учун мўлжалланган дори воситасининг номини, унинг доривор шаклини ва даволаш курсига тавсия қилинган миқдорини кўрсатган ҳолда муайян жисмоний шахсга берилган ҳужжатни тақдим этадилар.


7. Халқаро қатнайдиган денгиз (дарё) кемаларида, самолётларда тиббий дорилар қутичасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларининг чекланган миқдорини олиб кириш ва олиб чиқиш тегишли транспорт воситалари рўйхатдан ўтказилган давлатнинг қонун ҳужжатларида белгиланган назорат чораларига риоя этилган ҳолда лицензиясиз амалга оширилади.


8. Таркибида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар бўлган дори воситаларини жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун олиб кириш ва олиб чиқиш Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 12 ноябрдаги 330-сон қарори билан тасдиқланган рўйхатларга мувофиқ амалга оширилади.


9. Гиёҳвандлик воситаларини 7 суткалик эҳтиёждан ортиқ бўлмаган миқдорда олиб чиқишга тиббиёт муассасасининг даволаш-маслаҳат комиссиясининг муҳри билан тасдиқланган хулосаси мавжуд бўлганда рухсат берилади.


10. Гиёҳвандлик воситаларини 7 суткалик эҳтиёждан ортиқ бўлмаган миқдорда олиб киришга яшаш ёки бўлиш мамлакатининг тиббиёт муассасаси томонидан берилган, даволаш курсининг тавсия этиладиган сони кўрсатилган ҳужжатлар мавжуд бўлганда рухсат берилади.


11. Жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун психотроп моддаларни яшаш ёки бўлиш мамлакатининг тиббиёт муассасаси томонидан берилган ҳужжат тақдим этилмасдан турли номдаги 5 тагача даволаш препаратларини ва улардан ҳар бирининг иккитадан ортиқ бўлмаган ўрамини даволаш курси доирасида олиб кириш ва олиб чиқишда рухсат берилади.


12. Ўтказиш пунктларида божхона чегарасини кесиб ўтишда жисмоний шахслар уларда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар борлигини декларацияда қайд этишлари шарт, бунда гиёҳвандлик воситалари учун - божхона органига жисмоний шахснинг яшаш ёки бўлиш мамлакати тиббиёт муассасаси томонидан берилган, дори воситасининг номи, унинг дори шакли ва даволаш курсининг тавсия этиладиган сони кўрсатилган ҳужжат тақдим этилиши керак.


13. Ўзбекистон Республикаси божхона органлари тиббиёт муассасаси томонидан берилган ҳужжатлар мавжудлигини ва уларда кўрсатилган маълумотларнинг жисмоний шахсдаги гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг номларига ва сонига мувофиқлигини белгиланган тартибда назорат қиладилар.


14. Жисмоний шахслар томонидан тиббиёт муассасаси томонидан берилган ҳужжатда ва божхона органига билдирилган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар номлари ва сонидан ортиқ бўлган тақдирда ортиқчаси олиб қўйилиши ва белгиланган тартибда йўқ қилиниши керак.



III. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


15. Жисмоний шахс дори воситалари ва тиббий буюмларни, шу жумладан гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун олиб кириш ва олиб чиқишда тақдим этилган маълумотларнинг ишончлилиги учун жавоб берадилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 20 июнь, 24-сон, 283-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2016 йил, 6-сон, 50-модда