ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Бухгалтерия ҳисоби. Аудит. Баҳолаш фаолияти / Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги умумий қоидалар /

Ўзбекистон бухгалтерларини сертификатлаш тўғрисида Низом ("BUXGALTERLAR VA AUDITORLAR IMTIHON MARKAZI" МЧЖ иштирокчилари умумий йиғилиши мажлисининг 21.11.2015 й. 3-сон баённома қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

"BUXGALTERLAR VA AUDITORLAR IMTIHON MARKAZI" МЧЖ

иштирокчилари умумий йиғилиши мажлисининг

2015 йил 21 ноябрдаги 3-сон баённома

қарори билан тасдиқланган



Ўзбекистон бухгалтерларини сертификатлаш тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом республика бухгалтерлар ва аудиторларнинг профессионал жамоат бирлашмалари ташаббуси билан ва улар томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, бухгалтерлар сертификатини олишга даъвогар бўлган шахсларга (бундан кейин - даъвогар) қўйиладиган малака талаблари, бухгалтер сертификатини бериш, тугатиш, бекор қилиш, қайта расмийлаштириш ва унинг дубликатини бериш тартибини белгилайди.



I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Бухгалтер сертификати - бухгалтерия ҳисоби соҳасида фаолиятни амалга ошириш учун бухгалтернинг профессионал малакасини тасдиқлайдиган ҳужжат (бундан кейин - сертификат).

Бухгалтерларни сертификатлаш икки даражадан иборат:

1-даража - "Сертификатланган амалиётчи бухгалтер" - "Миллий қонун ҳужжатлари бўйича" бухгалтерия ҳисоби" ва "Солиқ солиш" фанлари бўйича имтиҳонлар муваффақиятли топширилганда мазкур Низомга 1-иловага* биноан шаклда берилади.

2-даража - "Сертификатланган профессионал бухгалтер" - 1-даражали сертификат мавжуд бўлганда ва "МҲХС бўйича молиявий ҳисоб", "Бошқарув ҳисоби" ва "Тадбиркорлик фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш" фанлари бўйича имтиҳонлар муваффақиятли топширилганда ёки барча имтиҳонлар муваффақиятли топширилганда 1-даражали сертификат мавжуд бўлмаганда мазкур Низомга 2-иловага* биноан шаклда берилади.


2. Сертификатлар муддатсиз ҳисобланади ҳамда республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат бирлашмалари томонидан мазкур Низомда белгиланган тартибда берилади.


3. Сертификат эгаси республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат бирлашмаларидан бирига аъзо бўлиши, республика бухгалтерлар ва аудиторлар жамоат бирлашмаларининг Бухгалтерлар одоб-ахлоқ кодексига риоя этиши ва сертификат олинган йилдан кейинги йилдан бошлаб ҳар йили мазкур Низом билан белгиланган дастур бўйича малака ошириш курсини ўтиши шарт.


4. Малака имтиҳонлари (бундан кейин - имтиҳонлар) ўзбек ва рус тилларида ўтказилади ҳамда даъвогарларнинг билимларини синаш воситаси ҳисобланади.


5. Имтиҳонларни ташкил этиш ва ўтказиш республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат ташкилотлари таъсис этадиган мустақил Имтиҳон маркази томонидан шартномавий шартларда амалга оширилади. Имтиҳонларни ўтказиш жадвали ва қийматини ҳар йили республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат бирлашмалари тасдиқлайди.


6. Мустақил Имтиҳон марказининг фаолияти амалдаги қонун ҳужжатлари, Имтиҳон маркази устави, мазкур Низомга мувофиқ амалга оширилади, шунингдек республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат ташкилотлари томонидан тасдиқланадиган алоҳида Имтиҳон маркази тўғрисидаги низом билан тартибга солинади.


7. Қуйидагилар Имтиҳон марказининг вазифалари ҳисобланади:

а) имтиҳон модулларини ишлаб чиқиш;

б) имтиҳонларни бошқариш;

в) имтиҳон ишларини баҳолаш;

г) даъвогарларга имтиҳонларнинг натижаларини бериш;

д) имтиҳон ишларининг тегишлича сақланишини таъминлаш;

е) Имтиҳон маркази ходимлари томонидан ахборотнинг махфийлигини таъминлаш.


8. Сертификат олиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш даъвогар ариза тақдим этган ва ўзи аъзоси ҳисобланган республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат бирлашмаси томонидан амалга оширилади.

Сертификатни қайта расмийлаштириш, шунингдек унинг дубликатини бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш, аризачининг ҳақиқатан аъзолиги тасдиқланган ҳолда, сертификат берган республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат бирлашмаси томонидан амалга оширилади.


9. Бухгалтерларни сертификатлаш дастури бўйича бухгалтерларни ўқитиш ва улар малакасини ошириш билан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли лицензияга эга бўлган юридик шахслар шуғулланадилар.


10. Республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат бирлашмалари:

а) ўз веб-сайтларида имтиҳон ўтказиш санаси, вақти ва жойи тўғрисида ахборот жойлаштирадилар;

б) даъвогарлардан мазкур Низомнинг IV бўлимига мувофиқ сертификатлар олиш учун иловалар билан бирга аризаларни қабул қиладилар ва ижобий қарор қабул қилинганда даъвогарга сертификат берадилар;

в) ўз уставларига мувофиқ ўзларининг аъзолари - сертификат эгалари томонидан бухгалтерлар Одоб-ахлоқ кодексига, бошқа ички низомларга риоя этилиши ва малака ошириш курсларини ўз вақтида ўтишларини назорат қиладилар;

г) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ҳар чоракда берилган сертификатлар ва улар эгаларининг малака ошириш курсларини ўтишлари тўғрисида ахборот тақдим этадилар.



II БОБ. ДАЪВОГАРГА ҚЎЙИЛАДИГАН МАЛАКА ТАЛАБЛАРИ


11. "Сертификатланган амалиётчи бухгалтер" сертификатини олишга даъвогар қуйидаги малака талабларига жавоб бериши керак:

1) ўрта ёки олий маълумот, шу жумладан хорижий давлатнинг олий таълим муассасасида олинган ва Ўзбекистон Республикасида қонун ҳужжатларига мувофиқ эътироф этилган маълумотнинг мавжудлиги;

2) таълим муассасасини битиргандан кейин бухгалтерия ҳисоби, аудит, солиқ маслаҳати, солиқ назорати соҳаларида ёки ушбу соҳаларда дарс бериш бобида уни битиргандан кейинги беш йилнинг камида бир йили мобайнида амалий иш (шу жумладан ўриндошлик бўйича) стажининг мавжудлиги;

3) "Миллий қонун ҳужжатлари бўйича бухгалтерия ҳисоби" ва "Солиқ солиш" фанларига доир имтиҳонларни муваффақиятли топшириш (башарти биринчи ва охирги имтиҳонларни топшириш саналари ўртасида кўпи билан беш йил ўтган бўлса);

4) республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат бирлашмаларидан бирига аъзо бўлиш.


12. "Сертификатланган профессионал бухгалтер" сертификатини олишга даъвогар қуйидаги малака талабларига жавоб бериши керак:

1) Олий иқтисодий маълумотнинг, шу жумладан хорижий давлатнинг олий таълим муассасасида олинган ва қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасидаги олий маълумотга эквивалент деб эътироф этилган худди шундай маълумотнинг мавжудлиги ҳамда бухгалтерия ҳисоби, аудит, солиқ маслаҳати, солиқ назорати соҳаларида ёхуд ушбу соҳаларда дарс бериш бобида олий таълим муассасасини битиргандан кейин охирги ўн йилнинг камида икки йили давомида амалий иш стажига (шу жумладан ўриндошлик бўйича) эга бўлиш;

ёки олий ноиқтисодий маълумотнинг, шу жумладан хорижий давлатнинг олий таълим муассасасида олинган ва қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасидаги олий маълумотга эквивалент деб эътироф этилган худди шундай маълумотнинг мавжудлиги ҳамда бухгалтерия ҳисоби, аудит, солиқ маслаҳати, солиқ назорати соҳаларида ёхуд ушбу соҳаларда дарс бериш бобида олий таълим муассасасини битиргандан кейин охирги ўн йилнинг камида уч йили давомида амалий иш стажига (шу жумладан ўриндошлик бўйича) эга бўлиш;

2) башарти биринчи ва охирги имтиҳонларни топшириш саналари ўртасида кўпи билан беш йил ўтган бўлса "Миллий қонун ҳужжатлари бўйича бухгалтерия ҳисоби", "Солиқ солиш", "МҲХС бўйича молиявий ҳисоб", "Бошқарув ҳисоби", "Тадбиркорлик фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш" фанлари бўйича имтиҳонларни муваффақиятли топшириш. "Сертификатланган амалиётчи бухгалтер" сертификати мавжуд бўлганда, башарти биринчи ва охирги имтиҳонларни топшириш саналари ўртасида кўпи билан беш йил ўтган бўлса, "МҲХС бўйича молиявий ҳисоб", "Бошқарув ҳисоби", "Тадбиркорлик фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш" фанлари бўйича имтиҳонларни муваффақиятли топшириш;

3) республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат ташкилотларидан бирига аъзо бўлиш.


13. "Сертификатланган амалиётчи бухгалтер" сертификатини олиш учун, башарти имтиҳон топширилган пайтдан бошлаб кўпи билан беш йил ўтган бўлса, "Солиқ солиш" фани бўйича CIPA дастурига оид имтиҳон муваффақиятли топширилганлиги (башарти имтиҳон 2014 йил мартга қадар, март ҳам киради, топширилган бўлса) тўғрисидаги ҳужжат эътироф этилади.

"Сертификатланган профессионал бухгалтер" сертификатини олиш учун, башарти имтиҳонларни топшириш пайтидан бошлаб кўпи билан беш йил ўтган бўлса, "МҲХС бўйича молиявий ҳисоб", "Солиқ солиш", "Бошқарув ҳисоби", "Тадбиркорлик фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш" фанлари бўйича CIPA дастури (башарти имтиҳонлар 2014 йил мартга қадар, март ҳам киради, топширилган бўлса) ёки "МҲХС бўйича молиявий ҳисоб" ва "Бошқарув ҳисоби" фанлари бўйича бошқа халқаро эътироф этилган сертификация дастурлари (АСА, АССА, CPA, СGA, CIMA ва бошқалар) бўйича имтиҳонлар муваффақиятли топширилганлиги тўғрисидаги ҳужжат, эътироф этилади.


14. Сертификатлаш иштирокчилари - республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат бирлашмалари вақти-вақти билан сертификатлар бериш жараёнларининг мазкур Низом талабларига мувофиқлиги ўзаро мониторингини ўтказиш ҳуқуқига эгалар. Мувофиқ келмаслик ҳоллари аниқланган тақдирда берилган сертификатларнинг амал қилиши тўхтатилиши ёки сертификатлар бекор қилиниши мумкин.


15. Қуйидаги сертификатларнинг бирига эга бўлган даъвогарлар "Сертификатланган профессионал бухгалтер" сертификатини имтиҳонларни топширмасдан оладилар:

аудиторнинг малака сертификати (унинг амал қилиш муддати ариза берилган санадан кейин камида икки ой ўтгандан кейин тугаганда);

2013 йил июлгача олинган CAP/CIPA малака сертификатлари.


16. Аудиторнинг малака сертификати ёки бухгалтернинг халқаро сертификати тегишли сертификат олинган ёки узайтирилган йилидан кейинги йилдан бошлаб ҳар йили малака оширилганлигини тасдиқлайдиган гувоҳнома мавжуд бўлганда ҳисобга олинади.



III БОБ. СЕРТИФИКАТЛАР ОЛИШ УЧУН ИМТИҲОНЛАР

ТОПШИРИЛИШИ ВА АПЕЛЛЯЦИЯЛАРНИ

КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


17. Фанлар бўйича имтиҳонлар мустақил Имтиҳон маркази томонидан ўтказилади. Мустақил Имтиҳон маркази имтиҳон ўтказиш пайтида:

а) даъвогарларни рўйхатдан ўтказади ва уларни имтиҳонларни ўтказиш қоидалари билан таништиради;

б) имтиҳонларни ўтказиш учун жиҳозланган хоналар бўлишини, улар зарур техник воситалар билан жиҳозланишини таъминлайди;

в) даъвогарларни имтиҳонларга киритишни амалга оширади;

г) имтиҳонларни ўтказиш ва топшириш билан боғлиқ ахборот, ҳужжатлар ва материалларнинг сақланишини таъминлайди.


18. Мустақил Имтиҳон маркази томонидан ишлаб чиқилган имтиҳон топшириш модуллари даъвогарларга тегишли имтиҳонда тақдим этилади. Даъвогарлар имтиҳон топширишга паспорт ва рухсатнома тақдим этилганда киритилади. Имтиҳонга рухсатнома Имтиҳон маркази томонидан даъвогар имтиҳон учун тўлов тўланганлигини тасдиқлаганда берилади. Ёнларида паспорт (ёки шахсни тасдиқлайдиган ҳужжат) бўлмаган ёки имтиҳонга кечикиб келган даъвогарлар ҳозир бўлмаган деб ҳисобланадилар. Имтиҳонга келинмаган тақдирда имтиҳонда иштирок этиш учун тўланган ҳақ даъвогарларга қайтарилмайди ва у бўлғуси имтиҳон сессиялари учун тўлов ҳисобига инобатга олинмайди.


19. Имтиҳон топшириш модуллари республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат бирлашмалари томонидан тасдиқланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ўқув дастурларига мувофиқ ишлаб чиқилади.


20. Имтиҳоннинг ҳамма топшириқлари номзодларнинг ўқув дастури барча муҳим бўлимлари бўйича билимларини текшириш мақсадида ишлаб чиқилади ва бажариш учун мажбурийдир. Имтиҳон модулларида ўқув дастурининг ҳар қандай бўлимидан топшириқлар берилиши мумкин.


21. Имтиҳонлар тасдиқланган жадвалга кўра ўтказилади.


22. Имтиҳонлар бошланиши олдидан ҳар бир даъвогар рўйхат рақами, имтиҳон модули ва махсус тест бланкасини олади.


23. Ҳар бир имтиҳоннинг давомийлиги - 4 соат, бундан "МҲХС бўйича молиявий ҳисоб" фани бўйича имтиҳон мустасно, унинг давомийлиги - 5 соат. Бухгалтерларни сертификатлаш дастурининг барча имтиҳонлари "Ёпиқ китоб билан" форматида ўтказилади (ўқув адабиёти, конспектлар ва маълумот материалларидан фойдаланмасдан), бундан "МҲХС бўйича молиявий ҳисоб" фани бўйича имтиҳон мустасно, у "Очиқ китоб билан" форматида ўтказилади.


24. Имтиҳон топшириқларининг формати: "МҲХС бўйича молиявий ҳисоб" - вазият топшириғи ва жавобларнинг бир нечта варианти бўлган саволлар - тестлар; "Миллий қонун ҳужжатлари бўйича бухгалтерия ҳисоби", "Бошқарув ҳисоби", "Солиқ солиш", "Тадбиркорлик фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш" - топшириқлар ва жавобларнинг бир неча варианти бўлган саволлар - тестлар.


25. Аудиторияда имтиҳонни қабул қилаётганда мустақил Имтиҳон марказининг ваколатли шахсларидан ташқари шахсларнинг имтиҳонда ҳозир бўлишларига рухсат берилмайди. Республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат ташкилотлари кузатувчилар сифатида ўз ишончли вакилини юбориш ҳуқуқига эгалар.


26. Даъвогар Имтиҳон марказининг ваколатли ходимга белгиланган вақт туганидан кейин имтиҳон материалини топшириши керак. Имтиҳон материалида даъвогарнинг исми, фамилияси, отасининг исми, шунингдек даъвогарни идентификациялаш имконини берадиган бошқа ҳеч қандай маълумотлар ва белгилар (бундан даъвогарнинг рўйхат рақами мустасно) бўлмаслиги керак. Мазкур талабларни бузган даъвогар имтиҳон топширмаган ҳисобланади.


27. Имтиҳон вақтида даъвогарларнинг қуйидаги хатти-ҳаракатлари тақиқланади:

а) меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, маълумотнома, ўқув ва махсус адабиётдан фойдаланиш, бундан "МҲХС бўйича молиявий ҳисоб" бўйича имтиҳон мустасно;

б) мобил телефонлар ва бошқа техник воситалардан фойдаланиш;

в) жавобни айтиб бериш, бир-бирлари билан суҳбатлашиш, маслаҳат ва тушунтиришлар бериш;

г) аудиториядан имтиҳон материалларини олиб чиқиш;

д) мустақил имтиҳон олиш ташкилоти белгилаган имтиҳонлар ўтказиш қоидалари билан тақиқланган бошқа йўл қўйиб бўлмайдиган ҳаракатларни содир этиш.

Ушбу талабларни бузган даъвогарлар аудиториядан чиқариб юборилади ва имтиҳон топширмаган деб ҳисобланади.


28. Имтиҳон натижалари билдирувнома тарзида шахсан даъвогарларга мустақил Имтиҳон маркази томонидан у ўтказилгандан кейин саккиз ҳафтадан кечиктирмай тақдим этилади.

Имтиҳонни муваффақиятли топширган даъвогарларга мустақил Имтиҳон маркази томонидан имтиҳонлар натижалари эълон қилинган санадан бошлаб икки ҳафтадан кечиктирмай мазкур Низомга 3-иловага* биноан шаклда Гувоҳнома берилади.

Имтиҳон маркази натижалар эълон қилингандан кейин бир ҳафта мобайнида имтиҳонларни муваффақиятли топширган даъвогарларнинг тўлиқ рўйхатини республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат бирлашмаларига топширади.


29. Имтиҳонлар натижаларини ижобий деб эътироф этиш учун асос ҳисобланадиган тўғри жавобларнинг миқдори олиш мумкин бўлган баллар максимал миқдорининг камида 75%ини ташкил этиши керак.


30. Имтиҳон топширмаган даъвогарларга имтиҳонда иштирок этиш учун тўлов қайтарилмайди ва бўлғуси имтиҳон сессиялари ҳисобига тўлаш учун инобатга олинмайди.


31. Имтиҳон топширмаган даъвогар пуллик асосда қайтадан рўйхатдан ўтиши ва имтиҳонда чекланмаган миқдорда иштирок этиши мумкин.


32. Имтиҳон материали даъвогарларнинг жавоблари билан бирга Имтиҳон марказида сақланади.


33. Уларга нисбатан малака имтиҳонини баҳолаш натижалари бўйича салбий қарор чиқарилган даъвогарлар имтиҳон натижаларини эълон қилиш санасидан бошлаб ўттиз календарь кун мобайнида имтиҳонлар ўтказиш марказига апелляция бериш ҳуқуқига эгалар. Апелляция ёзма шаклда тақдим этилади.


34. Мустақил Имтиҳон маркази апелляция қабул қилиш тугалланган расмий санадан кейин икки ҳафта ичида берилган апелляцияни кўриб чиқади ва қабул қилинган қарор тўғрисида аризачи даъвогарга ёзма равишда хабар қилади.


35. Апелляцияни кўриб чиқиш ва баҳолаш такрорий ички таомилларини ўтказиш натижалари бўйича мустақил Имтиҳонларни ўтказиш маркази имтиҳон натижасини (тўпланган баллар)ни ўзгартиришларсиз қолдиради ёки имтиҳон натижасини (тўпланган баллар)ни қайта кўриб чиқади.


36. Такрорий апелляцияга йўл қўйилмайди.


37. Агар:

а) апелляция мазкур Низом талабларини бузган ҳолда берилган бўлса;

б) апелляцияда келтирилган важлар тасдиқланмаса, апелляцияни қондиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.


38. Тўғри жавоблар миқдори мазкур Низом 29-бандининг талабига мувофиқ келган тақдирда имтиҳон натижаларини ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилинади.


39. Апелляция шикоятини кўриб чиқиш натижалари бўйича апелляция комиссиясининг қабул қилган қарори устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш мумкин.



IV БОБ. СЕРТИФИКАТ ОЛИШ УЧУН ТАҚДИМ

ЭТИЛАДИГАН ҲУЖЖАТЛАР


40. Сертификат олиш учун даъвогар республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат бирлашмаларидан бирига мазкур Низомга 4-иловага* биноан шаклда ариза тақдим этади, унга қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

а) мазкур Низомга 5-иловага* биноан шаклда тўлдирилган анкета;

б) паспорт нусхаси;

в) нотариал ёки уни берган таълим муассасаси томонидан тасдиқланган маълумот тўғрисидаги диплом нусхаси;

г) нотариал ёки иш берувчи томонидан тасдиқланган меҳнат дафтарчасидан кўчирма ёки нусха (ўриндошлик бўйича иш стажи мавжуд бўлганда бу ҳақда меҳнат дафтарчасидаги ёзув билан);

д) икки фотосурат (3 х 4 ўлчамли);

е) тегишли имтиҳонлар муваффақиятли топширилганлиги тўғрисида гувоҳнома (3-илова) ёки (тегишли имтиҳонлар ҳисобга олинганда) аудиторнинг малака сертификатининг нотариал ёки сертификат берган ташкилот тасдиқлаган нусхаси, бухгалтер халқаро сертификати нусхаси;

ж) ҳужжатни берган республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат бирлашмаси тасдиқлаган аъзоликни тасдиқлайдиган ҳужжат нусхаси.

Аудитор малака сертификати ёки бухгалтер халқаро сертификати тегишли сертификат олинган ёки узайтирилган йилдан кейинги йилдан бошлаб малаканинг ҳар йили оширилиши тасдиқлайдиган гувоҳнома мавжуд бўлганда ҳисобга қабул қилинади.


41. Ҳужжатлар даъвогар томонидан шахсан ёки олинганлиги тўғрисидаги билдирувнома билан почта алоқаси воситаси орқали тақдим этилади.


42. Республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат бирлашмаларида аризаларни рўйхатдан ўтказиш реестрда белгиланган тартибда ип ўтказиб тикилган ва рақамланган, ваколатли шахснинг имзоси билан тасдиқланган китобда амалга оширилади, параллель равишда реестр мундарижаси электрон ифодаловчида акс эттирилади.



V БОБ. СЕРТИФИКАТ БЕРИШ ТЎҒРИСИДА

ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ


43. Республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат бирлашмаси даъвогарларнинг қабул қилинган аризаларини кўриб чиқади ва қарор қабул қилингандан кейин ўн кун мобайнида даъвогарга сертификат беради ёки уни бериш асосли рад этилган қарор тақдим этади.


44. Даъвогарга сертификат беришни рад этиш қарори қуйидаги асосларга кўра қабул қилиниши мумкин:

а) даъвогарнинг малака талабларига мувофиқ эмаслиги;

б) мазкур Низомнинг 40-бандида назарда тутилган ҳужжатларни лозим даражада расмийлаштирмасдан тақдим этиш;

в) қалбаки ҳужжатларнинг аниқланиши.


45. Республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат бирлашмаси комиссия томонидан сертификат беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинганда даъвогарга асосли жавобни даъвогар томонидан анкетада кўрсатилган почта манзилига ёзма равишда ёки электрон манзилга электрон хабар юборади.


46. Сертификат берилиши рад этилган даъвогар фақат рад этиш сабаби бўлиб хизмат қилган нуқсонлар бартараф этилганидан кейингина ариза билан такрор мурожаат қила олади.



VI БОБ. СЕРТИФИКАТНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА БЕРИШ


47. Имтиҳон натижалари мустақил Имтиҳон марказининг баённомаси билан расмийлаштирилади.


48. "Сертификатланган амалиётчи бухгалтер" ва "Сертификатланган профессионал бухгалтер" сертификатлари ариза ва талаб қилинадиган ҳужжатлар тақдим этилган республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат бирлашмаси томонидан берилади.


49. Тегишли сертификатлар махсус бланкаларда мазкур Низомга 1 ва 2-иловаларга биноан шаклларда расмийлаштирилади.

Берилаётган сертификатга рақам (ХХ ... Х-000000) берилади. Рақам қуйидагилардан ташкил топади:

республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат бирлашмасининг қисқартирилган расмий номи (номланиши) (ХХ...Х);

сертификатнинг олти белгили тартиб рақами (000000). Тартиб рақамлари сертификатларга 000001 рақамидан бошлаб қолдирмасдан изчиллик билан берилади.


50. Сертификатлар бланкалари қатъий ҳисобдор ҳужжатлар ҳисобланади, ҳисоб сериясига эга ва республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат бирлашмаларининг буюртмаси бўйича "Давлат белгиси" ДИЧБда қалбакилаштиришга қарши ҳимоя элементлари бўлган махсус қоғозда тайёрланади.


51. Республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат бирлашмалари берилган ва қайта расмийлаштирилган сертификатлар, шунингдек дубликатлари белгиланган тартибда берилган сертификатлар ҳисобини юритади.


52. Сертификат ўн иш куни мобайнида республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат бирлашмалари томонидан расмийлаштирилади ҳамда "Сертификатланган амалиётчи бухгалтер" ва "Сертификатланган профессионал бухгалтер" сертификатларини бериш реестрларида сертификат эгаси ёки нотариал тасдиқланган ишончнома асосида бошқа шахсга имзо қўйдирган ҳолда берилади.


53. Агар даъвогар сертификат расмийлаштирилган кундан бошлаб ўн икки ой мобайнида уни олиш учун келмаса ёки уни олишдан ихтиёрий равишда ёзма тарзда бош тортса, республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат бирлашмаси мазкур сертификатни бериш санасидан бошлаб бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Бекор қилинган сертификатлар бланкалари республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат бирлашмаси томонидан кам деганда йилига бир маротаба белгиланган тартибда йўқ қилиниши керак. Қабул қилинган қарор тўғрисидаги ахборот Имтиҳон марказига юборилади ва республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат бирлашмаларининг веб-сайтларида ўн иш куни мобайнида чоп этилади.



VII БОБ. МАЛАКА ОШИРИШ, СЕРТИФИКАТЛАРНИ ҚАЙТА

РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА УЛАР ДУБЛИКАТИНИ БЕРИШ


54. Сертификат эгасининг малака ошириш дастури бўйича ҳар йили ўқигани сертификат берган республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат бирлашмаси томонидан сертификат бланкаси орқа томонига "Ҳар йилги малака оширишдан ўтиш тўғрисидаги маълумотлар" бўлимида малака оширилганлиги тўғрисида белги қўйиш йўли билан белгиланган тартибда тасдиқланади (6-илова*).


55. Фамилия (исм, ота исми) ўзгарган тақдирда сертификат эгаси тегишли ўзгартиришларни тасдиқлайдиган ҳужжатлар олинган кундан бошлаб кўпи билан бир ой ичида сертификат берган республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат бирлашмасига сертификатни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза (7-илова*) бериши шарт, унга қайта расмийлаштириладиган сертификат асли ва тегишли ўзгартиришларни тасдиқлайдиган ҳужжатларнинг нусхалари илова қилинади.


56. Сертификатларни қайта расмийлаштириш сертификат эгаси тегишли ариза берган кундан бошлаб ўн иш куни мобайнида амалга оширилади, бунда илгари берилган рақамда сертификатнинг янги бланкаси берилади. Илгари берилган сертификатнинг аслини республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат бирлашмаси белгиланган тартибда йўқ қилади.


57. Йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган сертификат ўрнига сертификат эгасининг аризасига кўра дубликат берилиши мумкин.


58. Сертификат эгаси оммавий ахборот воситаларида сертификат йўқолганлиги тўғрисида эълон бериши ва ушбу эълон тасдиғини сертификатни берган республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат бирлашмасига тақдим этиши керак. Сертификат дубликати аввалги рақам ва аввалги санада берилиб, сертификатнинг янги бланкасида албатта "Дубликат" деб ёзиб қўйилади.


59. "Ҳар йилги малака оширишдан ўтиш тўғрисидаги маълумотлар" бўлимининг устунлари тўлиқ тўлдирилган сертификатга "Ҳар йилги малака оширишдан ўтиш тўғрисида маълумотлар" қўшимча варағи (6-илова) берилади.


60. Яроқсиз ҳолга келган сертификат йўқ қилиш учун сертификатни берган республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат бирлашмасига қайтарилади.


61. Яроқсиз ҳолга келган сертификатни йўқ қилиш ва унинг дубликатини бериш сертификатни берган республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат бирлашмаси томонидан амалга оширилади.



VIII БОБ. СЕРТИФИКАТЛАРНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТУГАТИШ ВА БЕКОР ҚИЛИШ ТАРТИБИ


62. "Сертификатланган амалиётчи бухгалтер" ёки "Сертификатланган профессионал бухгалтер" сертификатларининг амал қилишини тугатиш учун қуйидагилар асос ҳисобланади:

а) сертификат эгасининг аризаси;

б) республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат бирлашмасидаги аъзоликни тугатиш;

в) ҳар йилги бухгалтерлар малакасини ошириш курсларида уч йил мобайнида ўқимаслик;

г) Бухгалтерлар одоб-ахлоқ кодексини бузиш.


63. Сертификатнинг амал қилиши уни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш санасидан бошлаб тугатилади.


64. Республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат бирлашмасининг сертификатнинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарори устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.


65. Сертификатлар қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

а) республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат бирлашмасининг сертификат бериш тўғрисида қарори ноқонунийлиги;

б) қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда сертификат олиш далили;

в) даъвогар томонидан ўн икки ой мобайнида сертификат олинмаганлиги.


66. Сертификатни бекор қилиш тўғрисидаги қарор сертификат берилган санадан бошлаб амал қилади.


67. Республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат бирлашмасининг сертификатнинг амал қилишини тугатиш ёки бекор қилиш тўғрисидаги қарори асосланган бшлиши, Имтиҳон маркази ушбу қарор ҳақида хабардор қилиниши ва мазкур қарор республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат бирлашмасининг веб-сайтларида эълон қилиниши керак.


68. Сертификатнинг амал қилишини тугатиш ёки бекор қилиш тўғрисидаги қарор беш кун (иш куни) ичида сертификат эгасига юборилади.


69. Сертификат эгаси томонидан сертификатнинг амал қилишини тугатиш ёки бекор қилиш тўғрисидаги қарор олинган кундан бошлаб ўн иш куни мобайнида сертификатнинг асли уни берган республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат бирлашмасига йўқ қилиш учун қайтарилади.


70. Сертификатларининг амал қилиши йўл қўйилган қоидабузарликлар учун тугатилган ёки бекор қилинган жисмоний шахслар унинг амал қилиши тугатилган ёки бекор қилинган пайтдан бошлаб уч йил мобайнида сертификатларни такрор олиш учун имтиҳон топшириш ва ариза беришга қўйилмайди.



IX БОБ. СЕРТИФИКАТЛАНГАН АМАЛИЁТЧИ

БУХГАЛТЕРЛАР ВА СЕРТИФИКАТЛАНГАН

ПРОФЕССИОНАЛ БУХГАЛТЕРЛАР

РЕЕСТРЛАРИНИ ЮРИТИШ


71. Республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат бирлашмалари "Сертификатланган амалиётчи бухгалтер" ва "Сертификатланган профессионал бухгалтер" сертификатларига эга бўлган шахсларнинг алоҳида реестрларини юритади. Реестрларда қуйидаги ахборот кўрсатилади:

а) олинган сана, сертификат олган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ва имзоси;

б) сертификат рақами, берилган санаси;

в) паспорт маълумотлари ва яшаш жойи;

г) иш жойи (асосий жойи ёки ўриндошлик бўйича иши);

е) аудитор малака сертификати, профессионал бухгалтер халқаро сертификатининг санаси ва рақами ("Сертификатланган амалиётчи бухгалтер (СAP)", "Сертификатланган халқаро профессионал бухгалтер (CIPA)" ва бошқалар);

ё) ҳар йилги малака оширишдан ўтиш тўғрисида маълумотлар;

ж) сертификатни қайта расмийлаштириш ва дубликатни бериш тўғрисидаги маълумотлар;

з) сертификатнинг амал қилишини тугатиш ёки бекор қилиш тўғрисидаги маълумотлар.


72. Республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат бирлашмасининг веб-сайтида жойлаштириладиган реестрлардан маълумотлар танишиш учун очиқ бўлиб, ўз ичига қуйидагиларни олади:

а) сертификат олган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми;

б) сертификат рақами, берилган санаси;

в) малака ошириш дастури бўйича ҳар йилги ўқиши, сертификатни қайта расмийлаштириш ва дубликатни бериш, шунингдек сертификатнинг амал қилишини тугатиш ёки уни бекор қилиш тўғрисидаги маълумотлар.



X БОБ. ҚАРОРЛАР УСТИДАН ШИКОЯТ ҚИЛИШ


73. Республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат бирлашмаларининг сертификатни бериш, амал қилишини тугатиш ва бекор қилиш масалалари бўйича қарорлари устидан манфаатдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилишлари мумкин.



XI БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


74. Республика бухгалтерлар ва аудиторлар профессионал жамоат бирлашмаларининг раҳбарлари мазкур Низом билан белгиланган талабларга риоя этилиши учун жавобгарлар.



*) Мазкур Низомга 1-7-иловалар "СБХ"да чоп этилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан "Norma" АҚТ ва norma.uz сайтида танишиш мумкин.



















































Время: 0.0075
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск