язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Фуқаролик ва оила қонунчилиги/ Тижоратчи бўлмаган ташкилотлар/ Нодавлат нотижорат ташкилотлари/ Нодавлат нотижорат ташкилотларининг чет давлатлардан, халқаро ва чет эл ташкилотларидан, чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олишни рўйхатдан ўтказувчи орган билан келишиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 15.06.2016 й. 2802-сон билан рўйхатга олинган адлия вазирининг 15.06.2016 й. 157-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2016 йил 15 июнда 2802-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

адлия вазирининг

2016 йил 15 июндаги

157-мҳ-сон буйруғига

ИЛОВА



Нодавлат нотижорат ташкилотларининг

чет давлатлардан, халқаро ва чет эл ташкилотларидан,

чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига

биноан бошқа шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олишни

рўйхатдан ўтказувчи орган билан келишиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси "Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида"ги Қонунининг 8-моддасига мувофиқ нодавлат нотижорат ташкилотларининг, шу жумладан, уларнинг ваколатхоналари ва филиалларининг, халқаро ва чет эл нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхона ва филиалларининг (бундан буён матнда - ННТ деб юритилади) чет давлатлардан, халқаро ва чет эл ташкилотларидан, чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан (бундан буён матнда - чет эллик шахслар деб юритилади) пул маблағлари ва мол-мулк олишни адлия органлари билан келишиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Пул маблағлари ва мол-мулк олишни келишиш учун ННТ тегишлилиги бўйича уни давлат рўйхатидан ўтказган адлия органига олдиндан ёзма равишда мурожаат қилади. Бунда мурожаат пул маблағлари ва мол-мулк олиниши мўлжалланган санадан камида йигирма кун олдин йўлланиши зарур.


2. Адлия органи ННТ томонидан чет эллик шахслардан жами суммаси бир календарь йилда энг кам ойлик иш ҳақининг 20 бараваригача миқдордаги пул маблағлари ва мол-мулк олиниши назарда тутилган ҳужжатларни маълумот учун, энг кам ойлик иш ҳақининг 20 бараваридан ортиқ миқдордаги пул маблағлари ва мол-мулкни эса - келишиш учун қабул қилади.

Мол-мулк суммасининг ишончлилиги ва тўғрилиги учун ННТ раҳбари ёки у ваколат берган шахс жавобгар ҳисобланади.


3. Қуйидаги ҳолларда ННТга чет эллик шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк ажратилиши:

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ажратиладиган пул маблағларининг миқдори ва мол-мулк аниқ кўрсатилганда;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг девони, Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатларида назарда тутилганда;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ташкил этилган республика комиссиялари ва кенгашларининг ҳужжатларида назарда тутилганда;

давлат ташкилотлари ва ННТнинг ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги битимларида назарда тутилганда;

халқаро ва чет эл нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхона ва филиалларига бош ташкилотлари томонидан пул маблағлари ва мол-мулк ажратилганда;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 15 ноябрдаги 251-сон қарори билан тасдиқланган Мурувват ёрдами юклари қабул қилиниши, ҳисобга олиниши, аниқ йўналтирилган тарзда тақсимланиши ва улардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш тартиби ҳамда мурувват лойиҳалари мониторинги тўғрисида низомга мувофиқ мурувват (инсонпарварлик) ёрдами олинганда уларнинг олиниши адлия органлари билан келишишни талаб этмайди.

Мазкур бандда кўрсатилган асосларга кўра олинган пул маблағлари ва мол-мулк ҳақида ННТ томонидан беш кунлик муддатда тегишли маълумотларни илова қилган ҳолда уни давлат рўйхатидан ўтказган адлия органига маълум қилинади.



2-БОБ. КЕЛИШИШ УЧУН ҲУЖЖАТЛАРНИ ТАҚДИМ ЭТИШ


4. Пул маблағлари ва мол-мулк олинишини келишиш бўйича мурожаат ННТ раҳбари ёки у ваколат берган шахс томонидан сана кўрсатилиб имзоланади, муҳр босилади ҳамда унга қуйидаги маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади:

пул маблағлари ва мол-мулк чет давлатлар ва уларнинг органларидан олинганда - давлат ёки тегишли давлат органининг тўлиқ номи, пул маблағлари ва мол-мулкни ННТга ажратишни тасдиқловчи ҳужжат (битим, дастур ва ҳоказо);

пул маблағлари ва мол-мулк жисмоний ёки юридик шахсдан (унинг филиал ва ваколатхонасидан) олинганда - жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, фуқаролиги, туғилган жойи ва санаси, яшаш ва иш жойи, шунингдек юридик шахснинг (унинг филиал ва ваколатхонасининг) таъсис ҳужжатлари нусхаси, асосий раҳбар органи жойлашган (почта) манзили, раҳбарининг фамилияси, исми, отасининг исми, фуқаролиги, туғилган жойи ва санаси, яшаш жойи;

пул маблағлари ва мол-мулк чет эллик шахсларнинг топшириғига биноан бошқа жисмоний ёки юридик шахслардан олинганда - жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, фуқаролиги, туғилган жойи ва санаси, яшаш ва иш жойи, шунингдек юридик шахснинг таъсис ҳужжатлари нусхаси, асосий раҳбар органи жойлашган (почта) манзили, раҳбарининг фамилияси, исми, отасининг исми, фуқаролиги, туғилган жойи ва санаси, яшаш жойи;

пул маблағларининг валютаси ва миқдори, мол-мулк ва унинг қиймати, улардан фойдаланиш мақсадлари ва усуллари;

олиниши режалаштирилаётган пул маблағлари ва мол-мулкнинг ишлатилиши юзасидан жалб қилиниши режалаштирилаётган шахслар, ташкилотлар ва ҳоказо.


5. Агар чет эллик шахслардан ННТга маълум бўлмаган ҳолда унинг банкдаги ҳисобварағига пул маблағи киритилса ёки ННТга мол-мулк келиб тушса, бу ҳақда ННТ хабар топган ёки хабар топиши лозим бўлган кундан эътиборан уч кун ичида мазкур Низомнинг 4-бандида кўрсатилган ҳужжатларни илова қилган ҳолда келишиш учун адлия органига мурожаат қилади.



3-БОБ. ТАҚДИМ ЭТИЛГАН ҲУЖЖАТЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ


6. ННТ томонидан чет эллик шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олинишини келишиш учун тақдим этилган ҳужжатлар адлия органи томонидан ўн беш кун ичида кўриб чиқилади.


7. Ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёнида пул маблағлари ва мол-мулк олиниши билан боғлиқ ўзгаришлар бўлган тақдирда, ННТ бу ҳақда адлия органига бир кун ичида ўзгаришлар билан боғлиқ маълумотларни илова қилган ҳолда ёзма равишда хабар беради.

Агар чет эллик шахс ННТга муқаддам адлия органи томонидан келишилган пул маблағи ёки мол-мулкка қўшимча пул маблағи (мол-мулк) ажратса, қўшимча пул маблағи ёки мол-мулк олинишини келишиш учун мазкур Низомнинг 4-бандида кўрсатилган ҳужжатларни илова қилган ҳолда адлия органига мурожаат қилади.


8. Чет эллик шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олиниши бўйича адлия органи томонидан муддат кўрсатилган ҳолда ННТдан асослантирилган тарзда қўшимча ҳужжатлар сўралиши мумкин.


9. Адлия органи ННТ томонидан келишиш учун тақдим этилган ҳужжатларнинг ишончлилигини, уларнинг қонун ҳужжатларига ва ННТ уставида (низомида) белгиланган мақсад ва вазифаларга мувофиқлигини ўрганади.


10. Адлия органи ҳужжатларни кўриб чиқиш натижалари юзасидан чет эллик шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олинишини келишиш ёки сабабларини кўрсатган ҳолда келишишни рад этиш тўғрисида ННТни ёзма равишда хабардор қилади.

Агар мазкур Низомда белгиланган муддатда адлия органи томонидан пул-маблағлари ва мол-мулк олинишини келишиш тўғрисида ННТга ёзма равишда хабар берилмаса, уларнинг олиниши адлия органи билан келишилган деб ҳисобланади.


11. Қуйидаги ҳолларда чет эллик шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олинишини келишиш рад этилади:

пул маблағлари ва мол-мулкни олиш Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини зўрлик билан ўзгартириш, суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига путур етказиш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини камситиш, уруш, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштириш, фуқароларнинг соғлиғи ва маънавиятига тажовуз қилишга қаратилган бўлса;

мазкур Низомга мувофиқ тақдим этилган ҳужжатларда ёлғон маълумотлар кўрсатилган бўлса;

тақдим этилган ҳужжатлар қонун ҳужжатлари ва ННТ уставида (низомида) белгиланган мақсад ва вазифаларга зид бўлса;

адлия органи томонидан ННТдан пул маблағлари ва мол-мулк олинишини келишиш юзасидан сўралган қўшимча ҳужжатлар белгиланган муддатда тақдим қилинмаса.


12. Пул маблағлари ва мол-мулк олинишини келишиш рад этилганда, ННТ рад этишга сабаб бўлган камчиликларни бартараф этиши ва адлия органига такроран мурожаат қилиши мумкин.


13. ННТ ўз мурожаатини у кўриб чиқилгунига қадар ва кўриб чиқилаётган вақтда мурожаат юзасидан қарор қабул қилингунига қадар қонун ҳужжатларига мувофиқ қайтариб олиш ҳуқуқига эга.


14. Пул маблағлари ва мол-мулк олинишини келишишнинг рад этилиши устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.



4-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


15. Чет эллик шахслардан олинган пул маблағлари ва мол-мулк ННТ томонидан адлия органига тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилган мақсад ва усулларга мувофиқ ишлатилиши шарт.


16. Чет эллик шахслардан олинган пул маблағлари ва мол-мулк қонун ҳужжатларига, ННТ уставида (низомида) ва тақдим этилган ҳужжатларда белгиланган мақсад ва усулларига мувофиқ ишлатилиши учун ННТ раҳбари ёки у томонидан ваколат берилган шахс жавобгардир.


17. ННТ рўйхатдан ўтказувчи органнинг сўровига биноан чет эллик шахслардан олинган пул маблағлари ва мол-мулкдан фойдаланилиши юзасидан маълумотлар ва тегишли ҳужжатларни тақдим этиши шарт.


18. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2016 йил 20 июнь, 24-сон, 303-модда