ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Фуқаролик ва оила қонунчилиги / Тижоратчи бўлмаган ташкилотлар / Нодавлат нотижорат ташкилотлари /

Нодавлат нотижорат ташкилотларнинг рамзларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 10.03.2014 й. 57-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2014 йил 10 мартдаги

57-сон қарорига

2-ИЛОВА



Нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзларини

давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом нодавлат нотижорат ташкилотларининг (кейинги ўринларда ННТ деб аталади), шу жумладан, халқаро ва хорижий нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиаллари рамзларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш тартибини белгилайди.

Ушбу Низом диний ташкилотларга татбиқ этилмайди.


2. Ушбу Низомнинг амал қилиши мазкур Низомнинг 1-бандида назарда тутилмаган нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш адлия органлари томонидан амалга оширилган ҳолларда бундай нотижорат ташкилотлари рамзларини давлат рўйхатидан ўтказишга ҳам татбиқ этилади.


3. ННТ байроқ, эмблема, вимпел ва бошқа рамзларга эга бўлиши мумкин.

ННТ рамзи таъсис ҳужжатларига мувофиқ унинг раҳбар органи томонидан тасдиқланади ва давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.


4. Байроқлар ва вимпелларни кўтариш, эмблемаларни ва бошқа рамзларни ўрнатиш, шунингдек улардан фойдаланиш тартиби тегишли ННТ томонидан ННТ рамзи тўғрисидаги низомларда белгиланади.

ННТнинг алоҳида бўлинмалари ўз фаолиятида бош ННТ рамзидан фойдаланадилар.


5. Қуйидагиларни:

халқаро, республика ва вилоятлараро ННТ, шунингдек халқаро ва хорижий ННТ ваколатхоналари ва филиалларининг рамзларини давлат рўйхатидан ўтказиш - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан;

вилоят, туман, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудида фаолият олиб борадиган ННТ рамзларини давлат рўйхатидан ўтказиш - Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.


6. Айнан бир хил ёки адаштириб юборадиган даражада ўхшаш рамзга эга бўлган икки ва ундан ортиқ ННТ рамзни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ариза билан мурожаат қилган тақдирда, ҳаммадан олдин ариза берган ННТ рўйхатдан ўтказиш учун устунлик ҳуқуқига эга бўлади.


7. ННТ рамзлари давлат рўйхатидан ўтказилганлиги учун қуйидаги миқдорларда йиғим ундирилади:

халқаро ННТ, халқаро ва хорижий ННТ ваколатхоналари ва филиаллари учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида;

республика, вилоятлараро ННТ учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида;

вилоят, туман, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ ва овул ННТ учун - базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида.

8. Ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, хотин-қизлар ва болаларнинг жамоат бирлашмалари рамзларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун йиғим ушбу Низомнинг 7-бандида назарда тутилган сумманинг 50 фоизи миқдорида ундирилади.

9. ННТ рамзларини қайта рўйхатдан ўтказиш учун йиғим ушбу Низомнинг 7 ва 8-бандларида назарда тутилган ставканинг 50 фоизи миқдорида ундирилади.


10. ННТ рамзлари давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг дубликатини берганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи миқдорида тўлов ундирилади.

11. Ушбу Низомга мувофиқ ундириладиган йиғим ва тўлов қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига, бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармасига ўтказилади.


II. ННТ РАМЗЛАРИНИ ДАВЛАТ РЎЙХАТИДАН

ЎТКАЗИШ УЧУН ТАҚДИМ ЭТИЛАДИГАН

ҲУЖЖАТЛАР ВА УЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ


12. ННТ рамзларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ шакл бўйича ариза рамз ННТ раҳбар органи томонидан тасдиқланган кундан бошлаб икки ой мобайнида рўйхатдан ўтказувчи органга берилади.

Ариза ННТнинг раҳбар органи томонидан бунга ваколат берилган шахс(лар) томонидан имзоланади.


13. ННТ рамзларини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

ННТ раҳбар органи томонидан тасдиқланган рамзнинг низоми;

ННТ давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

икки нусхада рамзнинг намунаси ва тавсифи;

ННТ раҳбар органининг ННТ рамзларини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори;

бош ННТнинг халқаро ва хорижий ННТ ваколатхонаси ва филиали рамзини ҳамда унинг тавсифини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори - халқаро ва хорижий ННТ ваколатхоналари ва филиаллари учун.

14. ННТ рамзини давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатлар улар тақдим этилган кундан бошлаб бир ой мобайнида кўриб чиқилади.

Рўйхатдан ўтказувчи орган ННТ рамзини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги ҳужжатларнинг ишончлилигини уларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқлиги юзасидан текширишга ҳақлидир.

Рўйхатдан ўтказувчи орган, зарурият бўлганда, ННТ рамзини давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларни тегишли ташкилотларга юборишга ҳақлидир.

Ҳужжатларни олган ташкилот ўз хулосасини йигирма кун мобайнида тақдим этиши шарт.

Агар хулосада ННТнинг рамзларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги фикр ифодаланса, у ҳолда ташкилот ўз хулосасини ушбу Низомнинг 18-бандида назарда тутилган ҳолатлар доирасида асослаши керак.


15. Кўриб чиқиш натижалари бўйича рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади, ушбу қарор тегишли рўйхатдан ўтказувчи орган раҳбарининг буйруғи шаклида расмийлаштирилади:

ННТ рамзларини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида;

ННТ рамзларини давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш тўғрисида.


16. ННТ рамзларини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинганда ариза берувчига:

ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича ННТ рамзининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;

"рўйхатдан ўтказилди" белгиси қайд этилган ва рўйхатдан ўтказувчи орган муҳри билан тасдиқланган бир нусхадан рамз намунаси ва унинг тавсифи берилади.


17. ННТ рамзи тўғрисидаги маълумотлар рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ ННТ рамзларининг давлат реестрига киритилади.


18. Қуйидаги ҳолларда:

ННТ рамзларини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризага ушбу Низомнинг 13-бандида назарда тутилган ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган ҳажмда илова қилинган бўлса;

тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри маълумотлар бўлса;

Ўзбекистон Республикасида айнан шундай ёки адаштириб юборадиган даражада ўхшаш тасвирланган рамз илгари давлат рўйхатидан ўтказилган бўлса;

рамз Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи ёки герби билан ўхшаш бўлса;

рамз хорижий давлатнинг рамзи билан бир хил бўлса, агар ННТнинг мақомидан ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан ўзга ҳол келиб чиқмаса;

рамз жамиятнинг ахлоқий негизларини, умуминсоний гуманистик қадриятларни емиришни, конституциявий тузумни қонунга зид равишда ўзгартиришни ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудининг яхлитлигини бузишни, уруш ҳолатини, зўравонлик ва ёвузликни, ижтимоий, синфий, ирқий, миллий ва диний душманликни авж олдиришни, қонун ҳужжатларида тақиқланган бошқа қилмишларни содир этишни тарғиб қилса;

рамз сифатида фаолияти Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тақиқланган ташкилотларнинг эмблемасидан ёки рамзларининг бошқа турларидан фойдаланилган бўлса;

рамз интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқни бузса;

рамз қонун ҳужжатларига зид бўлса;

рамз диний хусусиятга эга бўлса.


19. Рамзнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги сабабли уни давлат рўйхатидан ўтказишнинг рад этилишига йўл қўйилмайди.


20. Рўйхатдан ўтказувчи орган ННТ рамзини давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш тўғрисида, рад этишнинг аниқ сабабларини кўрсатган ҳолда асосланган қарор қабул қилади.

ННТ рамзини давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарор ариза берувчиларга қарор қабул қилингандан кейин уч кун мобайнида ёзма равишда маълум қилинади. Ариза берувчиларга уларнинг уч ой муддатда йиғимни қайтариш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилиш ёхуд рад этиш сабаблари бартараф этилгандан кейин ННТ рамзини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида такроран ариза бериш ҳуқуқи тушунтирилади.

Ариза ушбу банднинг иккинчи хатбошида кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган тақдирда, такрорий мурожаат қилинганда умумий асосларда давлат божи ундирилади.


21. Рўйхатдан ўтказувчи органнинг ННТ рамзини давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарори юзасидан белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.



III. ННТ РАМЗЛАРИНИ ҚАЙТА РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ

ВА РАМЗЛАР ДАВЛАТ РЎЙХАТИДАН ЎТКАЗИЛГАНЛИГИ

ТЎҒРИСИДАГИ ГУВОҲНОМАНИНГ ДУБЛИКАТИНИ БЕРИШ


22. ННТ рамзига ва (ёки) унинг тавсифига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганда, шунингдек ННТ номи ўзгариши билан боғлиқ ҳолда ННТ қайта рўйхатдан ўтказилган тақдирда ННТ рамзи қайта рўйхатдан ўтказилади.


23. ННТ раҳбар органи томонидан ННТ рамзига ва (ёки) унинг тавсифига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин, шунингдек ННТ номи ўзгариши билан боғлиқ ҳолда ННТ қайта рўйхатдан ўтказилганда ННТ рамзини қайта рўйхатдан ўтказиш учун бир ой мобайнида рўйхатдан ўтказувчи органга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

ННТ рамзини қайта рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ариза;

ННТ рамзига ва (ёки) унинг тавсифига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарор;

икки нусхада ННТ рамзининг янги намунаси ва унинг тавсифи;

ННТ рамзи давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг асл нусхаси;

ННТ номи ўзгариши билан боғлиқ ҳолда ННТ қайта рўйхатдан ўтказилган тақдирда ННТ рамзини қайта рўйхатдан ўтказишда ушбу банднинг учинчи хатбошида назарда тутилган ҳужжатларни тақдим этиш талаб қилинмайди.


24. ННТ рамзини қайта рўйхатдан ўтказиш ННТ рамзини давлат рўйхатидан ўтказишдаги каби тартибда ва муддатларда амалга оширилади.


25. ННТ рамзини қайта рўйхатдан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинганда рўйхатдан ўтказувчи орган бир иш куни мобайнида ННТ рамзларининг давлат реестрига тегишли ёзувни киритади ва ариза берувчига бир нусхадан "рўйхатдан ўтказилган" белгиси қўйилган ва рўйхатдан ўтказувчи органнинг муҳри билан тасдиқланган рамзнинг янги намунаси ва унинг тавсифи берилади.

Агар рамз тавсифига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар ННТ рамзининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномада назарда тутилган қисқача тавсифнинг ўзгаришига олиб келса, ариза берувчига ННТ рамзининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида янги гувоҳнома берилади. ННТ номи ўзгариши билан боғлиқ ҳолда ННТ қайта рўйхатдан ўтказилиши муносабати билан ННТ рамзи қайта рўйхатдан ўтказилганда ҳам ННТ рамзининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида янги гувоҳнома берилади. Бошқа ҳолларда ариза берувчига ННТ рамзининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг асл нусхаси қайтарилади.


26. ННТ рамзининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, ННТ рамзининг намунаси ва унинг тавсифи йўқолганда ёки яроқсиз ҳолга келганда ННТнинг аризаси бўйича рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан уларнинг дубликатлари берилади.

Дубликат олиш учун берилган аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

давлат хизматлари марказидан маълумотнома (ННТ рамзининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, ННТ рамзининг намунаси ва унинг тавсифи йўқолганда);

ННТ рамзининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг асл нусхаси, ННТ рамзининг намунаси ва унинг тавсифи (улар яроқсиз ҳолга келганда);

йўқолган ННТ рамзининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг ҳақиқий эмаслиги ҳақида даврий матбуот нашрида берилган эълон.

27. ННТ рамзининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, ННТ рамзларининг намунаси ва уларнинг тавсифи дубликатини бериш тўғрисидаги ариза ўн иш куни мобайнида кўриб чиқилади.



IV. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


28. Ушбу Низомда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган ННТ рамзларидан фойдаланиш тақиқланади.


29. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.






Низомга

1-ИЛОВА



АРИЗА

(нодавлат нотижорат ташкилотларининг, халқаро

ва хорижий нодавлат нотижорат ташкилотларининг

ваколатхоналари ва филиаллари рамзларини рўйхатдан

ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш) учун)

       

(ННТнинг раҳбар органи томонидан бунга ваколат берилган шахс(лар)нинг Ф.И.О.)

    

    

     

   


томонидан

(рамзни тасдиқлаган органнинг номи)



да тасдиқланган

(рамзни тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинган сана - йил, кун, ой)



нинг рамзини

(ННТ номи)


давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этади.

Рамзнинг қисқача тавсифи


    

    

    

  

Ушбу рамз учинчи шахсларнинг интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқини бузмаслигини тасдиқлайман(миз)

     

    

    

      


     



(Ф.И.О.)


(сана)


(имзо)

         





Низомга

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири

        

(рўйхатдан ўтказувчи органнинг номи)

Нодавлат нотижорат ташкилотининг рамзи

давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида

ГУВОҲНОМА


_______-сон 20___ йил "____" ___________________

Нодавлат нотижорат ташкилотининг номи


         


Рамзнинг қисқача тавсифи


      



Қўшимча маълумотлар:


        







(рўйхатдан ўтказувчи орган раҳбарининг лавозими)


М.Ў.


(имзо)


(Ф.И.О.)

       





Низомга

3-ИЛОВА



Нодавлат нотижорат ташкилотлари рамзларининг

ДАВЛАТ РЕЕСТРИ

Реестр

тартиб

рақами


Рамз давлат

рўйхатидан

ўтказилган

сана


ННТ номи


ННТ раҳбар

органи томонидан

рамзни тасдиқлаш

тўғрисида қарор

қабул қилинган

сана


Рамзнинг қисқача

тавсифи


Реестрга ёзувни

ёзган шахснинг

Ф.И.О.,

лавозими

ва имзоси


Қайта

рўйхатдан

ўтказилган

сана


Изоҳ


1

2


3

4

5

6

7

8







"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 17 март, 11-сон, 126-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2014 йил, 3-сон, 25-модда






































Время: 0.0045
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск