язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Фуқаролик ва оила қонунчилиги/ Тижоратчи бўлмаган ташкилотлар/ Нодавлат нотижорат ташкилотлари/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12.12.2013 й. ПҚ-2085-сон "Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

12.12.2013 й.

N ПҚ-2085



ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ

ИНСТИТУТЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШГА

КЎМАКЛАШИШ БОРАСИДАГИ ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ), фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллигини янада ошириб бориш, мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялаш бўйича ислоҳотларни амалга оширишдаги уларнинг роли ва аҳамиятини кучайтириш, "Кучли давлатдан - кучли фуқаролик жамияти сари" тамойилини изчиллик билан босқичма-босқич рўёбга чиқариш, шунингдек ННТ тизимини кенг ривожлантириш, уларни ташкил этиш ҳамда фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ ташкилий-ҳуқуқий механизмлар ҳамда тартиб-таомилларни такомиллаштириш ва соддалаштириш мақсадида:


1. 2014 йилнинг 1 январидан ННТни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи миқдори 5 баравар, уларнинг рамзларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган йиғимлар миқдори 2,5 баравар камайтирилиб, уларнинг миқдорлари иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган ННТнинг алоҳида бўлинмалари (ваколатхоналари ва филиаллари)ни, шу жумладан, юридик шахс ҳуқуқига эга бўлганларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга олиш учун давлат божи ундирилмайди;

ногиронлар, фахрийлар, хотин-қизлар ва болалар жамоат бирлашмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи мазкур қарор билан тасдиқланган давлат божи миқдорининг 50 фоизи миқдорида ундирилади.


2. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги мурожаатлари адлия органлари томонидан амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилганидек икки ой муддат ўрнига бир ой муддатда кўриб чиқилиши белгилансин.

Белгилансинки, юридик шахслар олти ой мобайнида банк ҳисобварақлари бўйича пул операцияларини ўтказиш билан боғлиқ молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаган тақдирда уларни тугатиш учун асос бўлишини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 53-моддаси қоидаси нодавлат нотижорат ташкилотларига жорий этилмайди.


3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда мазкур Қарорнинг қоидаларини амалга ошириш бўйича қарор қабул қилсин, унда, хусусан:

ННТни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатга олиш, тугатиш, уларнинг таъсис ҳужжатларига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш, улар томонидан солиқ, статистика ва рўйхатга олувчи органларга ҳисоботлар тақдим этилишининг тартибини унификация қилиш ва соддалаштиришни;

катта ижтимоий аҳамиятга молик долзарб муаммоларни ҳал этишда, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг тармоқ, минтақавий ва ҳудудий, авваламбор давлат ННТнинг фаол қўллаб-қувватлашига муҳтож бўлган соҳалардаги дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ННТ ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришга йўналтирилган чора-тадбирлар комплексининг амалга оширилишини;

соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия, бандликни таъминлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳаларидаги долзарб ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга оширишда ННТ иштирокининг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини, мазкур соҳаларнинг социал, ижтимоий, гуманитар ривожланишдаги ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, такомиллаштириш чоралари кўрилишини назарда тутсин.


4. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига, "ЎзА" Миллий ахборот агентлигига Ўзбекистон мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Журналистлар ижодий уюшмаси, оммавий коммуникациялар соҳасидаги бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, давлат ва жамият ишларини бошқаришда фуқаролик институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг роли ҳамда аҳамиятини оширишга йўналтирилган кенг кўламли ишлар мунтазам равишда кенг ёритилишини таъминлаш тавсия этилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

марказдаги ҳамда жойлардаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ҳамда халқаро шартномаларида мустаҳкамланган нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши устидан самарали назоратни таъминлаш чораларини кўрсин;

бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Н.М. Исмоилов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                    И. Каримов






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2013 йил 12 декабрдаги

ПҚ-2085-сонли қарорига

ИЛОВА



Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат

рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат

божи миқдорлари, шунингдек уларнинг рамзларини

давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган йиғимлар

МИҚДОРЛАРИ

Т/р

Нодавлат нотижорат

ташкилотининг тури


Давлат божи ставкалари


Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан

ўтказиш учун ундириладиган давлат божи ставкалари

1.

Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек халқаро ва хорижий нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиаллари


энг кам иш ҳақининг 12,5 баравари миқдорида

2.

Республика, вилоятлараро нодавлат нотижорат ташкилотлари


энг кам иш ҳақининг тўрт баравари


3.

Вилоят, туман, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ ва овул нодавлат нотижорат ташкилотлари


энг кам иш ҳақининг икки баравари


Нодавлат нотижорат ташкилотларининг рамзларини давлат

рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган йиғимлар миқдорлари

1.

Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек халқаро ва хорижий нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиаллари


энг кам иш ҳақининг уч баравари

2.

Республика, вилоятлараро нодавлат нотижорат ташкилотлари


энг кам иш ҳақининг икки баравари


3.

Вилоят, туман, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ ва овул нодавлат нотижорат ташкилотлари


энг кам иш ҳақининг бир баравари


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 23 декабрь, 51-сон, 660-модда