ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари / Шартномани тузиш, ижро этиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ масалалар /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 27.01.2016 й. 19-1407/24799-сон Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

27.01.2016 й.

N 19-1407/24799


(КЎЧИРМА)



Суд алоҳида ҳолларда қарздор ва кредиторнинг манфаатларини ҳисобга олиб, кредиторга тўланиши лозим бўлган неустойкани камайтириш ҳуқуқига эга


Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси (кейинги ўринларда - Палата) МЧЖ шаклидаги “Surhonteks” қўшма корхонаси (кейинги ўринларда  Қўшма корхона) манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, “O`zagrosug`urta” ДАСКнинг Термиз шаҳар бўлими (кейинги ўринларда - Бўлим) ҳамда “O`zagrosug`urta” ДАСКдан (кейинги ўринларда - Жамият) 780 855 896 сўм суғурта пулини ундиришни сўраган.

Кейинчалик, Палата судга қўшимча даъво аризаси билан мурожаат этиб, Бўлим ҳамда Жамиятдан 735 080 310 сўм суғурта пули ва 81 318 031 сўм пеня ундиришни сўраган.

Суднинг 2014 йил 25 декабрдаги ажрими билан ишга “O`zagrosug`urta” ДАСК жавобгар сифатида жалб қилинган.

Суднинг 2015 йил 25 майдаги ажрими билан эса ишга мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида ДАТ “Асакабанк” жалб қилинган.

Биринчи инстанция судининг 2015 йил 28 майдаги ҳал қилув қарори билан арз қилинган талаб қисман қаноатлантирилган. Жамиятдан Қўшма корхона фойдасига 703 080 310 сўм суғурта пули ва 50 000 000 сўм пеня ундирилган.

Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.

Кассация шикоятида иш бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорини бекор қилиб, арз қилинган талабни қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилиш сўралган.

Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, қуйидагиларга асосан кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этиб, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, Қўшма корхона, Бўлим ва ДАТ “Асакабанк” Термиз шаҳар филиали ўртасида 2013 йил 27 мартда  201875-сонли гаровга қўйилган мулкни суғурта қилиш шартномаси тузилган. Шартнома бўйича суғурта пули 27 163 499 207 сўм, кўрсатилган мулкнинг ҳақиқий қийматидан 54,73 фоиз ҳисобида, жавобгарлик даражаси мазкур шартнома бўйича зарарни қоплаш мажбуриятини юқори даражаси 14 868 521 604 сўм этиб белгиланган.

Қўшма корхона ҳудудида 2013 йил 31 декабрь куни ёнғин содир бўлиши натижасида йигирув ишлаб чиқариш цехидаги АВТОКОНЕР 338 РМ русумли 2 дона йигирув ускунаси ва ЕКОМАКЕКО 75 русумли бир дона компрессор ёниб, яроқсиз ҳолатга келган. Мазкур ҳолат юзасидан яъни, суғурта ҳодисаси рўй берганлиги тўғрисида Қўшма корхона, Бўлим ва Банк ўртасида 2014 йил 3 январда маълумотнома тузилган.

Кейинчалик, Бўлим томонидан 2014 йил 27 февралда содир бўлган ёнғин натижасида қўшма корхона мулкларига етказилган ҳақиқий зарарни аниқлаш учун эксперт хулосасини тақдим этиш сўралган.

Шунга асосан Қўшма корхона томонидан Бўлимга “ART ECTEMATE” МЧЖ баҳоловчи ташкилотининг хулосаси тақдим этилган. Ушбу хулосага кўра АВТОКОНЕР 338 РМ русумли 2 дона йигирув ускунасига етказилган ҳақиқий зарар 759 703 140 сўмни ташкил этган.

“O`zagrosug`urta” ДАСК Сурхондарё вилоят дирекцияси суғурта тўловлари бўйича комиссиясининг 2014 йил 29 сентябрдаги 91-сонли баённомасига асосан Бўлим томонидан суғурта ҳодисаси юзасидан 2014 йил 23 октябрда далолатнома тузилиб, унда суғурта пули 300 000 000 сўмни ташкил этиши белгиланган ва ушбу далолатнома имзолаш учун Қўшма корхонага юборилган. Далолатномада кўрсатилган суғурта пули асослантирилмаганлиги асос қилиниб, Қўшма корхона томонидан далолатнома имзоланмаган.

Сўнгра “O`zagrosug`urta” ДАСК Сурхондарё вилоят дирекциясининг 2014 йил 18 ноябрдаги 109-сонли баённомасига асосан суғурта товони 415 788 528 сўм этиб белгиланган ва 2014 йил 29 сентябрдаги 91-сонли баённома бекор қилинган.

Қўшма корхона Бўлим томонидан таклиф этилаётган суғурта суммаларига эътироз билдириб, хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат этган ва Бўлимдан 735 080 310 сўм суғурта пули ва 81 318 031 сўм пеня ундиришни сўраган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 915-моддасининг биринчи қисмига кўра мулкий суғурта шартномасига мувофиқ бир тараф (суғурталовчи) шартномада шартлашилган ҳақ (суғурта мукофоти) эвазига шартномада назарда тутилган воқеа (суғурта ҳодисаси) содир бўлганда бошқа тарафга (суғурта қилдирувчига) ёки шартнома қайси шахснинг фойдасига тузилган бўлса, ўша шахсга (наф олувчига) бу ҳодиса оқибатида суғурталанган мулкка етказилган зарарни ёхуд суғурталанувчининг бошқа мулкий манфаатлари билан боғлиқ зарарни шартномада белгиланган сумма (суғурта пули) доирасида тўлаш (суғурта товони тўлаш) мажбуриятини олади.

Биринчи инстанция суди Жамиятдан Қўшма корхона фойдасига 703 080 310 сўм суғурта пули ва 50 000 000 сўм пеня ундириш ҳақида қонуний хулосага келган.

Чунки, тарафлар ўртасида тузилган шартноманинг 6.1-бандида ёнғин суғурта ҳодисаси сифатида қайд этилган. Шартноманинг 4.1-бандида суғурта мукофоти бир йилга суғурта пулидан 0,1 фоиз яъни, 11 898 818 сўмни ташкил этиши белгиланган. Шартноманинг 3.1-бандига кўра мазкур шартнома бўйича суғурта пули 27 163 499 207 сўм, 1-иловада кўрсатилган мулкнинг ҳақиқий қийматидан 54,73 фоиз этиб белгиланган.

Суғурта ҳодисаси оқибатида яроқсиз бўлган мол-мулкларнинг, яъни АВТОКОНЕР 338 РМ русумли 2 дона йигирув ускунасининг ҳақиқий қиймати 1 426 742 000 сўмни, ЕКОМАКЕКО 75 русумли бир дона компрессорнинг қиймати эса 59 061 600 сўмни жами 1 485 803 600 сўмни, ушбу сумманинг 54,73 фоизи 813 180 310 сўмни ташкил этган. Бўлим томонидан ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар ихтиёрий равишда Қўшма корхонага 110 100 000 сўм тўлаб берилган. Тўланмай қолган қарздорлик 703 080 310 сўмни ташкил этган.

Бундан ташқари, Қўшма корхона шартноманинг 10.1-бандига асосан 81 318 031 сўм пеня ундиришни ҳам сўраган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 326-моддасига асосан агар тўланиши лозим бўлган неустойка кредиторнинг мажбуриятини бузиш оқибатларига номутаносиблиги кўриниб турса, суд неустойкани камайтиришга ҳақли. Бунда қарздор мажбуриятни қай даражада бажарганлиги, мажбуриятда иштирок этаётган тарафларнинг мулкий аҳволи, шунингдек кредиторнинг манфаатлари эътиборга олиниши керак. Суд алоҳида ҳолларда қарздор ва кредиторнинг манфаатларини ҳисобга олиб, кредиторга тўланиши лозим бўлган неустойкани камайтириш ҳуқуқига эга.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” 2007 йил 15 июндаги 163-сонли қарорининг 4-бандида ҳам тушунтириш берилган.

Суд юқоридаги ҳуқуқ нормаларидан келиб чиқиб, талаб қилинган пеняни 50 000 000 сўмгача камайтириб, асосли тўхтамга келган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, биринчи инстанция суди моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаб, иш учун аҳамиятли ҳолатларни тўлиқ аниқлаб, “O`zagrosug`urta” ДАСКдан Қўшма корхона фойдасига 703 080 310 сўм суғурта пули, 50 000 000 сўм пеня ундириш, даъвонинг қолган қисмини қаноатлантиришни рад этиш ва Бўлимга нисбатан иш юритишни тугатиш ҳақида асосли хулосага келган.

Бундай ҳолатда судлов ҳайъати, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни, ишни кассация инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ  7 000 сўм почта харажати ҳамда 4 081 991,50 сўм давлат божи олдиндан тўланганлигини инобатга олишни ҳамда суд мажлисини  видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ 30 000 сўм суд харажатларини “O`zagrosug`urta” ДАСКдан ундиришни лозим топди.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2016 й., 6-сон
















Время: 0.0178
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск