ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари / Шартномани тузиш, ижро этиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ масалалар /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 25.01.2016 й. 10-1503/21154-сон Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

25.01.2016 й.

N 10-1503/21154


(КЎЧИРМА)



Лизинг берувчи лизинг олувчининг олдиндан розилигини олмай туриб, лизинг объектидан гаров сифатида фойдаланиш ҳуқуқига эга эмас. Лизинг олувчи лизинг объектини гаров сифатида ишлатишга ҳақли эмас


“127-Автокорхона корхонаси” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда - МЧЖ) жавобгарлар “ALFA LEASING” масъулияти чекланган жамияти (бундан буён матнда - Лизинг корхонаси), ОАТБ “Савдогар” (бундан буён матнда - Банк), Мирзо-Улуғбек туманидаги 9-сонли Давлат нотариал идораси катта нотариуси Р.Норовга нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Лизинг корхонаси ва Банк ўртасида 2012 йил 25 июнда тузилган ва нотариус Р.Норов томонидан расмийлаштирилган гаров шартномасини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Суднинг 2015 йил 19 октябрдаги ажрими билан Мирзо Улуғбек туманидаги 9-сонли Давлат нотариал идорасининг катта нотариуси Р.Норов ишга дахлдор учинчи шахс Тошкент шаҳар Адлия бошқармаси билан алмаштирилган.

Биринчи инстанция судининг 2015 йил 2 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаби қаноатлантирилиб, Лизинг корхонаси ва Банк ўртасида 2012 йил 25 июнда тузилган гаров шартномаси ҳақиқий эмас деб топилган.

Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.

Кассация шикоятида суднинг ҳал қилув қарори ноқонуний ва асоссиз эканлиги, МЧЖ гаровдаги мулкларнинг эгаси эмаслиги, мазкур мулклар МЧЖ эгалигига эмас, балки лизингга берилганлиги, Лизинг корхонаси билан МЧЖ ўртасида тузилган лизинг шартномаси нотариал тартибда расмийлаштирилмаганлигига суд баҳо бермаганлиги, МЧЖ лизинг объектлари гаровга қўйилаётганлигидан хабардорлиги, чунки, ушбу объектларнинг техник паспортларини нотариусга такдим қилганлиги ҳақидаги важлар келтирилиб, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони қаноатлантиришни рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилиш сўралган.

Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан биргаликда муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, Лизинг корхонаси ва МЧЖ ўртасида 2011 йил 6 июнда 27 ва 28-сонли лизинг шартномалари тузилган. Ушбу шартномаларда, Лизинг корхонаси МЧЖга 2011 йилда ишлаб чиқарилган “Foton Auman BJ DLPSB-S4” икки дона самосвални лизинга бериш назарда тутилган. 2011 йил 7 йилда тузилган топшириш-қабул қилиш далолатномаси асосида МЧЖга лизинг объектлари топширилган.

Тошкент шаҳар хўжалик судининг 10-1420/3683-сонли иши бўйича 2014 йил 25 мартда қабул қилинган ҳал қилув қарори билан Лизинг корхонасининг МЧЖ билан 2011 йил 6 июнда тузилган 27 ва 28-сонли лизинг шартномаларини бекор қилиб, лизинг объектларини қайтариш ҳамда 68 544 000 сўм фоиз тўловларини ундиришни сўраган даъво аризаси қисман қаноатлантирилиб, тарафлар ўртасида тузилган лизинг шартномалари бекор қилиниб, лизинг объектлари қайтарилган, даъвонинг қолган қисмини қаноатлантириш рад этилган.

Бироқ апелляция инстанцияси судининг 2014 йил 15 майдаги қарори билан мазкур ҳал қилув қарори ўзгартирилиб, ҳал қилув қарорининг тарафлар ўртасида тузилган лизинг шартномаларини бекор қилиш, лизинг объектларини қайтариш қисми бекор қилиниб, ушбу талабларни қаноатлантириш рад этилган.

Тузилган лизинг шартномалари шартларига кўра, лизинг тўловларини тўлаш муддати 2014 йил 20 апрель деб кўрсатилган.

Бироқ Лизинг корхонаси ва Банк ўртасида 2012 йил 25 июнь куни гаров шартномаси тузилиб, унга кўра, Лизинг корхонаси томонидан 2011 йил 18 майда тузилган 22/11-сонли кредит шартномаси бўйича олинган кредитнинг қайтарилиши таъминоти сифатида МЧЖга лизинга берилган иккита юк автотранспорт воситаси гаровга қўйилган.

Шу боис, МЧЖ лизинг объектлари гаровга қўйилишида МЧЖнинг рухсати олинмаганлиги важи билан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, Лизинг корхонаси ва Банк ўртасида тузилган гаров шартномасини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Биринчи инстанция суди даъвони қаноатлантириш ҳақида тўғри тўхтамга келган.

Чунки, “Лизинг тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 21-моддасига мувофиқ, Лизинг берувчи лизинг олувчининг олдиндан розилигини олмай туриб, лизинг объектидан гаров сифатида фойдаланиш ҳуқуқига эга эмас. Лизинг олувчи лизинг объектини гаров сифатида ишлатишга ҳақли эмас.

Гаров шартномасининг 6-бандида гаровга қўювчи гаровга олувчини ушбу шартнома тузилишида гаров предмети ҳеч кимга сотилмаганлиги, ҳадя қилинмаганлиги, ҳадяга бериш ваъда қилинмаганлиги, гаровда эмаслиги ва таъқиқда турмаслигини маълумот сифатида етказиб берган ва гаровга олувчи бу ҳақда маълумот учун қабул қилиб олган.

Бироқ, Лизинг корхонаси томонидан гаровга қўйилган мулклар МЧЖга лизингга берилганлигига қарамасдан, МЧЖнинг тегишли розилигини олмасдан мазкур мулклар гаровга қўйилган.

Ваҳоланки, лизинг шартномаларининг 2.10-бандида топшириш-қабул қилиш далолатномаси имзоланганидан кейин лизинг объекти Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига асосан лизинг олувчининг балансида ҳисобланиши назарда тутилган. Шарномаларнинг 8.2-бандида эса лизинг объектига мулк ҳуқуқи шартноманинг 7.3.2-бандида кўрсатилган шартлар бажарилганида, Лизинг олувчига ушбу шартноманинг амал қилиш муддати ўтмасдан ўтиши мумкинлиги кўрсатилган.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикси Фуқаролик кодексининг (бундан буён матнда - ФК) 599-моддасида лизинг бўйича топширилган мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи лизинг берувчидан бошқа шахсга ўтганида лизинг шартномаси янги мулкдор учун ўз кучини сақлаб қолиши назарда тутилган.

ФКнинг 116-моддасига кўра, қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ келмайдиган мазмундаги битим, шунингдек ҳуқуқ-тартибот ёки ахлоқ асосларига атайин қарши мақсадда тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир. Бундай битимга нисбатан ушбу Кодекс 114-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган қоидалар қўлланилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида”ги 2007 йил 15 июндаги 161-сонли қарорининг 1-бандига кўра суд томонидан қабул қилинган қарор моддий ва процессуал қонунчилик нормалари билан тўлиқ мос келиши, иш ҳужжатлари ва суд аниқлаган ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак.

Суд ҳужжати ушбу Пленум қарори талабларига риоя қилинган ҳолда расмийлаштирилган бўлиб, суд томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ аниқланган, суднинг хулосалари иш ҳолатларига мувофиқ келади.

Судлов ҳайъати Банкнинг кассация шикоятида Лизинг корхонаси билан МЧЖ ўртасида тузилган лизинг шартномаси нотариал тартибда расмийлаштирилмаганлиги ҳақида келтирган важи, даъвони қаноатлантришни рад этиш учун асос бўла олмайди деб ҳисоблайди. Чунки, Тошкент шаҳар хўжалик судининг 10-1404/24337-сонли иши бўйича 2015 йил 2 февралда қабул қилинган ҳал қилув қарори билан Лизинг корхонасининг тарафлар ўртасида 2011 йил 6 июнда тузилган 27-сонли лизинг шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъво аризасини қаноатлантириш рад этилган. Ҳал қилув қарори билан мазкур лизинг шартномасига баҳо берилган ва у қонуний эканлиги ўз тасдиғини топган. Кейинчалик, ҳал қилув қарори кассация инстанцияси судининг 2015 йил 10 июндаги қарори билан ўзгаришсиз қолдирилган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 60-моддасининг иккинчи қисмига кўра, хўжалик судининг илгари кўрилган иш бўйича қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори билан аниқланган ҳолатлар, худди шу шахслар иштирокчиси бўлган бошқа ишни суд кўраётганда янгидан исбот қилинмайди.

Шунингдек, судлов ҳайъати Банкнинг кассация шикоятидаги МЧЖ лизинг объектлари гаровга қўйилаётганлиги ҳақида хабардор эканлиги ҳақидаги важлари билан келиша олмади. Чунки, жавобгарлар томонидан лизинг объектларига гаровга қўйилишида лизинг олувчи, яъни МЧЖнинг олдиндан розилиги олинганлиги тўғрисида бирон-бир исботловчи ҳужжатлар судга такдим қилинмади. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 55-моддасига кўра ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак.

Мазкур ҳолатда, ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асослар мавжуд эмас.

Қайд қилинганларга кўра, судлов ҳайъати ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни, ишни кассация инстанцияси судида кўриш билан боғлиқ Банк томонидан тўланган 651 200 сўм давлат божи ва 7 000 сўм почта харажатларини унинг зиммасида қолдиришни лозим топади.
















Время: 0.0063
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск