ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Хўжалик судларининг айрим ишлар бўйича суд ҳужжатлари (ҳал қилув қарорлари, қарорлари) баёни / Кассация инстанцияси қарорлари / Солиққа оид масалалар /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 21.05.2013 й. 10-1309/2120-сон Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

21.05.2013 й.

N 10-1309/2120


(КЎЧИРМА)




Ташқи савдо операцияларини амалга оширишда белгиланган муддатлари ўтгандан кейин хорижий валюта тушуми тушишининг 30 банк кунидан кўпроқ кечикишига йўл қўйган юридик шахс - резидентлар республика бюджети фойдасига жарима тўлайдилар


Чилонзор туман давлат солиқ инспекцияси (бундан буён матнда ДСИ деб юритилади) хўжалик судига мурожаат қилиб, МЧЖ шаклидаги "Shahin logistiks" хорижий корхонасига (бундан буён матнда МЧЖ деб юритилади) нисбатан 196053,50 АҚШ доллари миқдорида молиявий жарима қўллашни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан арз қилинган талаб тўлиқ қаноатлантирилган.

Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Кассация шикоятида судлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Биржадан ташқари валюта бозорини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2000 йил 29 июндаги қарорига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар инобатга олинмаганлиги ҳамда ДСИ томонидан ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтирилаётган ҳолатлар исботлаб берилмаганлиги важ қилиб келтирилиб, суд қарорларини бекор қилиш ва ишни биринчи инстанция судига янгидан кўриш учун юбориш сўралган.

Судлов ҳайъати, кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан биргаликда муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра, суд қарорларини ўзгаришсиз, шикоятни қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, 17/12-16-сонли жиноят иши доирасида Тошкент шаҳар Чилонзор туман прокуратураси томонидан 2012 йил 2 августда чиқарилган молия хўжалик фаолияти юзасидан ҳужжатли тафтиш ўтказиш ҳақидаги қарор, ДСИнинг 2012 йил 28 августдаги 550-х/с-сонли, 2012 йил 27 сентябрдаги 608-х/с-сонли, 2012 йил 15 октябрдаги 635-х/с-сонли, 2012 йил 25 октябрдаги 659-х/с-сонли, 2012 йил 9 ноябрдаги 687-х/с-сонли, 2012 йил 7 декабрдаги 744-сонли буйруқларига асосан МЧЖда солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиниши, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларнинг давлат бюджетига ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларга тўғри ҳисобланиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари талабларига амал қилиниши юзасидан режадан ташқари текширув ўтказилган. Текшириш қоидалари ва тартиби бузилмаган.

Текширув натижасида МЧЖ томонидан бир қатор ҳуқуқбузарликлар содир этилганлиги ҳамда МЧЖда жами 196053,50 АҚШ доллари миқдоридаги муддати ўтган дебиторлик қарзи мавжудлиги, яъни:

- 2007 йил 8 октябрда МЧЖ ва Туркия давлатидаги "Deger Logistics" компанияси ўртасида тузилган юк ташувчи автотранспорт воситаларини ижарага бериш шартномаси бўйича ижара ҳақи 2009 йилнинг октябрь, ноябрь, декабрь ойларида 900 АҚШ доллари миқдорида кам тўланганлиги;

- юқорида қайд этилган шартнома бўйича 2007 - 2010 йиллар давомида Вазирлар Маҳкамасининг 245-сонли қарорида белгиланган 60 банк кунидан ортиқ муддатда кечикиб тушган валюта суммаси 149619 АҚШ долларини ташкил қилиши;

- юқорида қайд этилган шартнома бўйича 2011 йилда МЧЖ томонидан 2100 АҚШ доллари миқдорида кам ижара ҳақи олинганлиги;

- 2011 йил 1 январда МЧЖ ва Туркия давлатидаги "Deger Logistics" компанияси ўртасида тузилган юк ташувчи автотранспорт воситаларини ижарага бериш шартномаси бўйича 2011 йил январь ойи учун 34,5 АҚШ доллари ва 2012 йил март ойи учун 5050 АҚШ доллари миқдоридаги дебиторлик қарзи кечикиб тўланганлиги, 2012 йилнинг апрель ойидан август ойигача бўлган муддат учун тўланиши лозим бўлган 17 500 АҚШ доллари миқдоридаги ижара ҳақи тўланмаганлиги;

- 2012 йил 2 мартда МЧЖ ва Туркия давлатидаги "Dgr Logistics Uluslararasi Tasimacilik Petrol Urunleri Turizm Gida Sanayi Ve Ticaret Limited Sirketi" компанияси ўртасида тузилган халқаро юк ташиш хизматини кўрсатиш шартномаси бўйича 2012 йилнинг январь ойидан сентябрь ойигача кўрсатилган хизматлар учун тўланиши лозим бўлган 20850 АҚШ доллари миқдоридаги ҳақ тўланмаганлиги аниқланган.

ХПК 155-17-моддасининг иккинчи қисмида ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш кўриб чиқилаётганда хўжалик суди суд мажлисида: ҳуқуқбузарлик ҳодисаси бўлган-бўлмаганлигини ва унинг содир этилганлиги фактини; текшириш ва текшириш натижалари бўйича далолатнома ёки бошқа ҳужжат тузиш учун асослар ва назорат қилувчи органнинг ваколатлари бор-йўқлигини; мазкур ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун қонун ҳужжатларида жавобгарлик назарда тутилган-тутилмаганлигини ва ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш учун асослар бор-йўқлигини аниқлаши лозимлиги кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Биржадан ташқари валюта бозорини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2000 йил 29 июндаги қарорининг 4-бандига кўра, ташқи савдо операцияларини амалга оширишда белгиланган муддатлари ўтгандан кейин хорижий валюта тушуми тушишининг 30 банк кунидан кўпроқ кечикишига йўл қўйган юридик шахс - резидентлар республика бюджети фойдасига жарима тўлайдилар:

- валюта тушуми тушиши белгиланган муддатдан 180 кунгача кечикканда - тушмаган валюта маблағлари суммасига нисбатан 10 фоиз эквивалентда;

- валюта тушуми тушиши белгиланган муддатдан 180 кундан 365 кунгача кечикканда - тушмаган валюта маблағлари суммасига нисбатан 20 фоиз эквивалентда;

- валюта тушуми тушиши белгиланган муддатдан 365 кундан ортиқ муддатга кечикканда - тушмаган валюта маблағлари суммасига нисбатан қўшимча равишда 70 фоиз эквивалентда.

Қайд этилганларга асосан биринчи инстанция суди суд мажлисида МЧЖ томонидан юқорида қайд этилган ҳуқуқбузарликлар содир этилганлигини ҳамда МЧЖда жами 196053,50 АҚШ доллари миқдоридаги муддати ўтган дебиторлик қарзи мавжудлигини аниқлаган.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида" 2007 йил 15 июндаги 161-сонли қарорининг 1-бандига кўра, суд томонидан қабул қилинган қарор моддий ва процессуал қонунчилик нормалари билан тўлиқ мос келиши, иш ҳужжатлари ва суд аниқлаган ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак.

Биринчи инстанция суди томонидан ҳал қилув қарори ушбу Пленум қарори талабларига риоя қилинган ҳолда қабул қилинган бўлиб, ишдаги мавжуд ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо берилиб, арз қилинган талабни тўлиқ қаноатлантириш ҳақида қонуний тўхтамга келинган.

Ўз навбатида, апелляция инстанцияси суди Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Апелляция инстанцияси судида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексини қўллаш ҳақида" 2007 йил 28 декабрдаги 173-сонли қарорининг 15-банди талаблари асосида ҳал қилув қарорининг қонунийлиги ва асослантирилганлигини ишдаги мавжуд ҳужжатлар бўйича текшириб, ҳал қилув қарорининг қонунийлигига баҳо берган ҳолда уни асосли равишда ўзгаришсиз қолдирган.

Судлар томонидан низони ҳал қилишда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланилиб, арз қилинган талабни қаноатлантириш ҳақида асосли хулосага келинганлиги, кассация шикоятида келтирилган важларга кўра суд қарорларини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асослар мавжуд эмаслиги сабабли, судлов ҳайъати кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этишни, суд қарорларини эса ўзгаришсиз қолдиришни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2016 й., 1-сон








Время: 0.0048
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск